НОМА № 6
Вақти нонушта ҳамсоямиз Мўминжон ҳавлисидан боримиз баланинг дилхун бўлиб йиғламоғини эшитдук ва андак тинчимиз кетди. Эр-хотун ҳарчанд зўр бериб авутсалар ҳам, бала бирён бўлуб йиғламоқдан тин олмас эрди. Тамоғимдан бир нимарса ўтмади, андеша бирла аларнинг дарвозасини қоқдум. Науфалнинг дийдалари шашқатор эрди, дадаси бирла бийисининг зорланмоқларига қулоқ бермас эрди. “Чўжалари ўлуб қолди ва шу боис дилхунлик қилур”, деди Мўминжон. “Эй Науфалжон, дедим, садқайи кўз ёшинг кетсун бу чўжалар, юр, ман санга юзтасини инъом этадурман.” Балани бағримга босиб, ўйга келтурдум ва чўжахонага келтуруб, дедимки, булар бари санга тегиш. Ол, отажонгинам. Локинда йиғлаб, даданг бирла бийингни хун қилма. Мана бу дондан олиб, аларга сеп.” Бала тин олди ва дон сепди. Биз ҳам мамнун ўлдук. Машойихлар демишларким, “Бала кулса, олам кулур”. Дарҳақиқат, ростдур. Бадазон Мўминжоннинг хотунига дедимки: “Келин, балани бу жойга бот-бот келтуринг, дон сепмоқ, сув бермоқни ўргансун. Жаниворларни яхши кўрган бандадан зинҳон ва зинҳор бадгумонлик чиқмас.” Занак сарафроз ўлди.
Мўминжон ҳам мамнунлиқ топди ва бадаз якчанд танаффус дедики: “Акои Калвак, бугун зарур юмушингиз ўлмаса, ман бирла боҳамро юрунг. Садриддин Айний бобонинг туғулган кунлари. Ул кишининг 133 йиллик тўйларини нишонлайдурмиз. Камина бугун ул жойда ош пиширурман. Шоир-у, олимлар жам бўлурлар.” Андак фикр қилғон эрдим, ул далда бермоқдан тин олмади,” Андешага борманг, мамнун бўлуб қайтарсиз. Юрунг, манга шерик бўлурсиз!”
Рози бўлмоқдан дигар иложим йўқ эрди.
Ҳавли қадима меморий услубда бўлуб, даруна ва беруна эрди. Бу жойга мудирлик қиладурғон киши бағоят серилтифот, сертавозе бўлуб, каминага адиб ижод қилғон хоналар, аларнинг китоблари ва ашёларини намойиш қилди. Шунча сана ҳамсоя рўзгурзонлик қилиб, ба азиз жойни зиёрат этмагонимдан надоматлар тортдим. Якчанд дақиқа Мўминжонга мадад кўрсатмоқ тараддудида эрдим ва муддат кечмай анчайин сипо ва башанг бандалар ташриф буюрмоқни бошладилар. Каминани ҳам алар сафига таклиф қилдилар. Боз: шивир-шивир бўлдики, “одам” бор ва зинҳор-зинҳор зиёти гап бўлмасун. Билдимки, Наимбек тилга олғон чекистлар пайдо ўлғанлар ва гап пойлайдурлар. Бадаз якчанд расмиятчиликлар машварат бошланди.
Садриддин Айний Бухорода таваллуд топиб, Самарқандда умргурзонлик қилғони, бу шаҳрда якчанд китоблар битиб, Душанбе шаҳринда вафот этғонлигини билмас эрдим. “У ўз ҳаёти бирла экки миллатни якқалам қилди”деди бир нотиқ. Бу жойда жам бўлғон олим-у фозил, шоир-у, мунаққидлар ҳам гоҳ ўзбеки гоҳ тожики забонда сухан юритур эрдиларки, ҳавас қилур эрдинг. Сухандонларнинг аксари, хусусан, бул кунларда экки миллатга ягоналик ато этадурғон бундоқ зотлар бисёр ва бисёр зарурлиғини таъкид этдилар.
Маърифатни тарғиб қилгани боис Бухоронинг золим амири Олимхон Айнийни 75 дарра урмоқ ва банди зиндон қилмоққа фармон берғонини гапурдилар. Ўлумдан қочиб, ул зот Самарқанд келғон, Беҳбудий ва дигар жадидлар пешвоз чиқиб, илтифотлар намоён қилғон эрканлар. Шўролар замони уни “халқ душмани” деб қамамоқ, еми турма қилмоқ ташвишига тушубдурлар. Локинда Максим Горкий номлиғ зот ара кириб, Айний ҳазратлари жониға оро кирғон дедилар.
Бир вазхон мустақиллик замони ҳам бу зотга енгил бўлмағонига шаъма қилди. “Авволлари Айний таваллуд топган кун Тожикистондан хешу ақраболари ташриф этур эрдилар, эмдиликда сарҳадлар занжирбанддур. Боз соли гузашта (2010) Самарқанд шаҳр ва вилоятнинг казо-казолари бу ҳавлини бузмоққа фармойиш бердилар. Якчанд фидойи одамларнинг сай- ҳаракатлари, жонбозликлари боисгина бу жойлар амон қолди.”
Шу нуқтага келганда, машваратга раислик қиладурғон киши нотиқни хавотирона тўхтатди. “Майли, ўтган ишга салавот. Эмдиликда бу гапларга ҳожат йўқ.”
Бу сира минбар минган ваъзхон ёдда қоладурғон гап айтди. Садриддин Айний биринчи бўлуб, “ Тожикистон Қаҳрамони” унвониға соҳиб бўлғон экан. Шу унвон таъсис этулган анжуманда, бир лаганбардор сухан олиб, “Унвон якўмин бўлуб Жаноби олийга берилмоғи жойиз” дебдур. Аммо давлат сарвари дебдики: “Унвонни аввол Садриддин Айнийга берурмиз. Ул зоти олийнинг халқ учун хизматлари беқиёсдур”.
Бир шоир сухан олиб, аввол ўзбеки, бад тожики сўз юрутди. “Бизнинг китоблар 2000-3000 нусхада чоп этиладур. Бу зотнинг “Эсдаликлар”и урус тилида 100 минг дона чиқди ва Сталин мукофотига сазовор ўлди. У замонлар Сталин мукофотининг мавқеи Нобел мукофотига нисбат чандон устун эрди. “Қуллар”, “Судхурнинг ўлими” “Бухоро жаллодлари” янглиғ китоблар урус, ўзбек, тожик тилларида якчанд бор чиқди ва аларнинг умумий ҳисоби миллиондан ошур. Надоматлар бўлғайким, ҳозир амалдорлар китоб ўқумайдурлар ва билмайдурларким Садриддин Айний ким. Шул боис анинг ўйини бузмоқ ташвишида бўлурлар. Бугунги амалдор аҳли театруга ҳам бормайдур, Интернетга кирмайдур, шу боис жоҳилдур”
Раислик қиладурғон бу нотиққа ҳам танбеҳ берди. Дедики, бугун байрамдур ва вақди ийд фақат хуш суханлар ярашур.
Боз бир олими зукко минбар минди ва қироат ила сухан бошлади. “ Адабиётнинг бурчи фош қилмоқ ва курашмоқдан иборат. Айний жаноблари фақат амир замонини фош қилмай, бағоят устолик бирла болшавойларни ҳам қаролайдур. Қори Ишкамба умр бўйи мумсиклик ила емай-ичмай тўплаган ва ҳукумат бонкига қўйган ақчаларини болшавойлар тортиб оладурлар. Бу бирла адиб болшавойларнинг зўравонлигини, шул хасис бандадан ҳам паст турмоқларини намоён қиладур. Ёинки “Қуллар” асарини кўрунг. Бу китобдаги воқеот ғуломлик замонидан бошланиб, то калхоз пайти давом этадур. Китобнинг “Қуллар” деб аталмоғи мардумнинг боз қўл бўлиб қолғонига ишорадур ва ҳакозо. Мана бу жойда Айний ҳазратларининг мармардан ҳайкаллари мавжуд. Ҳар нечук қор, ёмғур ёғсун, мармарга кор қилмас. Ҳар хел замонларда ул зотга нописандлик қилмоқлари мумкин. Локинда Айний бузург бўлуб қолур. Ҳар нимарса вақтдан қўрқадур, дейдилар. Аммо-локин вақт ҳам бузурглардан андеша қилур.”
Бадазон мактаббаччалар шеърхонлик қилдилар, қўшуқ айтдилар. Вақти ошхўрлик ҳам ҳазил-мутойиба ва қироатлар давом берди.
Маҳаллага сархуш кайфият ила қайтдим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий