воскресенье, 10 июля 2011 г.

МЕНИНГ БУВИЖОНИМ

"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан



Уйимизда бугун аллақандай маросим борга ўхшайди. Мўйлови эндигина сабза урган амаким, аммалар-у холаларим ҳам шу ерда.
Ниҳоят янги бешикни эринмай, хафсала билан жиҳозлагач, бувим пичирлаб узоқ дуо ўқидилар, сўнг каминани унинг оппоқ чойшаби устига ағанатдилар. Индамай ётаверардим-у аммо оёқларимни зичлаб боғлагандан кейин овозим борича чинқириб йиғлай бошладим. Ҳадемай қўлларимни ҳам боғлашди. Нақадар золимлик! Ахир, мен қўл-оёқларимни типирчилатиб ётишни хуш кўрардим-ку! Озодлик деб аталадиган ҳузурбахш туйғуга, эркка кишан солиш жаҳолат эмасми, ахир?! Ситамкорлар бешикнинг ёпинчиғини ҳам беркитишди ва мен зулмат қўйнида қолдим. Шу пайт кимдир бешик устига бир ҳовуч танга сочиб юборди: болакайлар қиқирлаб кулишганича пул теришга киришишди. Алам қиладида: сен зулматда кишанбанд бўлиб, қақшаб ётсанг-у бу хумпарлар пул тўплаш пайи¬да бўлишса. Йиғлайверайчи, эҳтимол шафқат томирчалари ҳам тепиб қолар бу, бераҳмларнинг?! Анча-мунча тўполон қилардим-у аммо бувим шундай ёқимли алла бошлаб юбордиларки, қулоқ солмай иложим йўқ эди.
Алла айтай, шўхлик қилмай қулоқ солгин, чароғим,
Кўзмунчоқдай кўзларингни юмақолгин, чароғим.
Қўзичоқдай ширингина ухлаб олгин, чароғим –
Момонгни сен қувончи бўл,
Қароғи бўл, чароғим!
Чароғим-о
Чароғим-о
Чароғим...
Алла элитиб, ухлаб қолибман,

Эртаси ҳам, индини ҳам бу ҳол такрорланишини ҳали билмасдим. Ҳа, айнан такрор эди: эрталаб апил-тапил ишга жўнашади-ю, кечқурун остона ҳатлаш билан мен томон интилиб, дағал, гоҳида бадбўй қўллари билан нозик юзларим, қўлларимни силаб-сийпамоқчи бўлишади, дуч келган жойимдан ўпиб, озор беришади. Ҳарқалай бувим уларни койиб ҳайдайдилар-у жоним ором топади.
Менинг бувижоним! Уйимизда у киши билан ҳисоблашишади, гапларини икки қилишмайди. Бунинг устига у киши жуда зийрак: қорним андак очқаса ойимдан ҳам аввалроқ сезадилар. Кейин буйруқ оҳангида қорнимни тўйғазишни тайинлайдилар. Ойижоним ҳам итоаткорона кўкракларини тутадилар: қорним тўйгач, олам мунаввар бўлиб кетади. Кўзларимга уйқу тиқилганини ҳам баён этолмайман, аммо бувим юзимга енгилгина нигоҳ ташлашлари билан барини илғаб оладилар, бунга ҳам қаноат қилмай, енгилгина алла бошлаб юборадилар. Бу хиргойилар шу қадар дилкаш-ки, таърифга сўз ожиз. Сатрлар қатида илтижо-ю сеҳр, ҳазинлигу, юпанч, киноя-ю сархушликлар жамулжаму жобажо бўлади. Олис-олислардан милтиқ овози эшитилса, йиғи товуши қулоққа чалинса, бойқуш узиб-узиб нола қилса, мана бу аллани айтадилар:
Балолардан, қазолардан алҳазар,
Нохуш-нохуш сазолардан алҳазар!
Остонамни омон сақла, ўзгинанг
Ногоҳ туҳмат,
Жазолардан алҳазар!
Алҳазар-о
Алҳазар-о
Алҳазар...
Гоҳи-гоҳида эса юракни ўртантирадиган, ҳатто катталарни ҳам хомуш қилиб қўядиган маҳзун алла янграб қолади. «Қайларда қолдинг кечқурун», деган сўроқ такрорланиб турадиган бу қўшиқда қўшнининг чўлоқ ўғли сандал атрофида ўтиргани, подачи ошҳалол айтиб кетгани, саман тикка турганича мизғиётгани, аммо ҳамон чавандоз йигитдан дарак бўлмаётгани оғир дард билан куйланар, савол бот-бот такрорланарди:
Қайларда қолдинг кечқурун,
Қайларда қолдинг кечқурун?
* * *
Амаким мени кўчага олиб чиқдилар. Турфа товушлар ва буёқлардан кўзим қамашиб кетди. Ранго-ранг машиналар ғизиллаб ўтар ва мен улар ортидан ҳайрат билан тикилиб қолардим.
Диққатимни дарвозамиз олдидаги ариқ ва унинг соҳилига боғлаб қўйилган қўзичоқ тортди. Ариқчада зилол сув шилдираб оқар, унинг қўшиғи роҳатбахш эди. Соҳилда айқашиб ётган гиёҳлар ҳам бир-бирига ухшамасди. Қўзичоқ билан нигоҳларимиз тўқнашди: менга ўхшаб унинг ҳам дунёга келганига кўп вақт бўлмагани билиниб турарди. Меҳрим жўш уриб унга қўл чўздим–амаким муддаомни тушунди, шекилли, унга яқинроқ олиб борди. Лекин нодон қўзи биздан чўчиб қочмоқчи бўлганда, бўйнидаги арқон уни зарб билан тортди. ўалати. Нечун унинг нозик буйнига чилвир боғлашдийкнн?! Бу ўта баттоллик, золимлик эмасми?! Халоскор бувисими, амакисими йўқмикин бояқишнинг?! Азбаройи ачинганимдан унинг жингалак пўстинини силаб қўймоқчи бўлдим-у буни уддалолмадим.
Шу пайт эътиборимни бир новча амаки тортди: у дағал овоз билан менга мурожаат қилди:
Ўа, рижий! Кўчага чиқдингми? Ия, тишинг ҳам йўқ-ку, сан кемшикнинг?!
У шундай деди-ю қаҳ-қаҳ отиб кулди. Менга алам қилди: баралла йиғлаб юбордим. Нега камситади бу новча, найнов?! Сариқ бўлсам нима қилибди? Дадам билан аммамнинг ҳам сочлари сариқ-ку! Қолаверса, ариқ бўйидаги гуллар ҳам... Тишинг йўқ эмиш. Бувимнинг тишлари бўлмаса ҳамки, ҳаммадан яхшилар-ку! Мен суяк ғажирмидимки, куракдай-куракдай тиш керак бўлса?! Каллаварам! Вайсақи!
Овозимни эшитиб, бувим югуриб чиқдилар. Мени хавотирона ичкарига олиб кирдилар-у, амакимни роса уришдилар.
– Чилласи чиқмаган гўдакни кўчага олиб чиқасанми, нодон?! Ўалол бор, харом бор, нас бор...
Сўнг амакимни қўйиб, ўша қалтираган куйи ойимга ўгирилдилар:
– Қанақа лакалов, ландавур аёлсиз?! Болани бозорга олиб борса ҳам лаллайиб ўтираверасизми?! Аёл ҳам шунақа латтачайнар бўладими?! Агар шунга кўз-пўз тегса...
У киши узоқ жаврадилар. Амаким билан ойим ўзларини оқлаш учун бир нималар деб дудуқланишди. Бувим зудлик билан исириқ тутатдилар: ачимсиқ тутун томоғимга тиқилди, кўзимни ачиштирди, аммо йиғламадим.
Шу бўлди-ю кўча менинг орзу армоним, мақсад-муддаомга айланиб қолди. Дарвозадан чиқиб, сершиддат машиналарни, ариқдаги зилол сувни, кўзлари осмонранг қўзичоқни қумсайдиган бўлиб қолдим. Бувим бўлса муддаомни фаҳмлаб, енгилгина койиб қўярдилар.
– Бекорларни айтибсиз! Ҳа, намоқул килибсиз! Сизга ҳали эрта!
* * *
Ойим ишга чиққанларидан бери ҳувиллаган ҳовлида бувим иккаламиз қоляпмиз. Энди қорним очқагудай бўлса, у киши сўргич кийдирилган шишани илитадилар-у аввал ўзлари татиб кўрадилар, сўнг оғзимга суқадилар. Бу таом гоҳида андак иссиқроқ ёки совуқроқ бўлиши устига чучмал ҳам. Шунга қарамай саркашлик қилмайман – шоша-пиша ошқозонимни дўппайтириб оламан. Чунки бусиз ҳам моможонимнинг ташвишлари оз эмас: молларга ем солиш, овқат пишириш, кир ювиш... Эҳ-ҳе! У кишининг олдиларига гоҳи-гоҳида Жамила момо деган, букчайиб қолган дугоналари келади. Салом-аликдан кейин келинидан ҳасрат қилади. Бувижоним ҳам маъқуллагандай бўлиб турадилар.
– Ҳозир сиз айтган у келинлар йўқ.
– Ҳаммаси нотавон, инжиқ, – жон киради Жамила момога, – ўғлимга айтаман: бундай зарбингни ўтказ, дейман.
– Э, ҳозиргилар хотинидан қўрқади. Бузоқнинг ўзи...
Ниҳоят ғийбат поёнига етади. Кейин Жамила момо бувимга ялинганнамо қилиб, китоб ўқиб беришни сўрайдилар. Бувижоним кўзлари яхши ўтмаслигини важ қилиб турсалар ҳамки, эринмай кўзойнакларини топадилар, сўнг устига уриниб кетган духоба ўралган китобни олиб, дуч келган саҳифадан ўнгдан чапга қараб, ҳижжалаб ўқий бошлайдилар.
«...алқисса, Ибройим Аҳтам сарбондан сўради: «Эй сарбон, Балхда не кечмишдур?» Ул жавоб айлади: «Балх¬да қиёмат қойимдур – шаҳаншоҳи олампаноҳнинг яккаю ягона ожизалари Маликаи Хўбон оламдан кўз юммишдур». Ибройим Аҳтам зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, айтгони бутурур...».
Бу ёғини алла айтгандай хиргойи қилиб кетадилар. Жамила момо пиқ-пиқ йиғлай бошлайди. У кишининг кўз ёшларидан таъсирланган бувим яна ҳам чўзиброқ нола қиладилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий