"БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ КУНДАЛИГИ" ТУРКУМИДАН
Шўхлик қилаверганим учун бўлса керак, айни туш маҳали бувим мени ухлатмоқчи бўлдилар. Пўписа қилиб ётқиздилар-у алла бошлаб юбордилар. Шунда ҳам кўзимни лўқ қилиб ўтираверганим учун бўлса керак эртак ҳам айтдилар.
– Жуда қадим замонда, қайсиям бир томонда бўғзидан ўт пуркаб турадиган аждарҳо пайдо бўлибди. У одамлар сув ичадиган булоқ бошида тураркан ва ҳар куни биттадан болакай инъом этишмаса, сувга заҳар солишга чоғланаркан. Шунда бир баҳодир майдонга чиқиб: «Бегуноҳ гўдакларни бу ёвузга берманглар, у билан ўзим жанг қиламан!» – дебди. Беаёв жанг бошланибди. Қирқ кеча-ю қирқ кун давом этибди кураш. Шунда қайданам ҳумо қуши учиб келибди-ю илоннинг оёғи остига тариқ сепиб юборибди. Аждар сирғаниб-йиқилибди. Ботир йигит уни тилка-пора қилибди.
Табиийки, бу ваҳимали ривоятдан кейин уйқум батамом учди. Умуман, кундузи ухлайдиган боқибеғамлардан эмасман! Ўрнимдан ирғиб туриб, ўзимни шавқли уйинлар бағрига отдим.
Шомга яқин уйимизга жуда башанг кийинган бир хола келиб қолди. Уни танимасам ҳамки қувондим ва истиқболига югурдим.
– Ас... ас..., – салом бердим, бувим ўргатганларидек қўлимни кўксимга қўйиб. Ҳалиги хола бўлса саломимга алик олмас, менга умуман эътибор бермасди. Ё кўрмай қолдими? Ундай бўлса Моҳинбонуни ҳам кўрмаганликка олди-ку. Уйимизга келган киши, одатда унинг жингалак сочларини силаб қўйишни канда қилмасди. Демак, болаларни хуш кўрмайдиганлар ҳам бўларканда бу ҳаётда?! Наҳотки?!
У ойим билан алланималарни келишиб олди-ю, ўша нописандлик билан чиқиб кетди.
– Ким бу ойимча, – ёқинқирамай сўрадилар бувим.
– А-эй, – дудмал қилдилар ойим.
– Бола-чақаси борми бу турқи совуқнинг?
– Йўқ.
– Тирноққа зор денг, – жон кирди момомга.
– Ўзи истамайди.
Бувим тағин давом эттираётган эдилар, бу ойимга ўтиришмади.
– Нима ишингиз бор?! Менинг одамларим сизга ҳеч ҳам ёқмайди.
Зиддият жиддиятга айланиб кетмаслиги учун дадам гап ўзанини бошқа томонга бурдилар ва гап охирида эртага ҳайвонот боғига боришимизни маълум қилдилар.
Кечаси нохуш тушдан уйғониб кетдим. Ҳовлимизга бир аждарҳо келганмиш. Унинг ярми бувим айтган илон эмиш-у қолгани кундузи келган аёлга ўхшармиш. Бувижоним фарёд солиб, одамларни ёрдамга чорлабдилар. Шунда ҳарбийча кийинган амаким пайдо бўлибдилар-у ҳалиги ёвуз билан жангга киришибдилар. Мен Хумо қушини излаётганда ўйғониб кетибман. Чинқириб йиғлаганим учун ҳаммалари ўйғониб, мени овутишга киришишди. Менинг эса ўксиб-ўксиб йиғлагим келарди.
Биринчи эртак ва биринчи туш ана шундай нохуш бўлди.
Эрталаб дадам билан ойим башанг кийиниб олишди, сўнг эринибгина менинг ҳам бежирим шимимни, янги туфлимни кийгизишди. Виз гавжум шаҳар сари йўл олдик.
О она Самарқанд! Серзавқ, сербўёқ маскан. Сен бизнинг ватанимизсан! Бобо ва бобокалонлар заминисан!
Кўчма ҳайвонот боғи шаҳар чеккасида экан. Кираверишда тўқайда юрган баҳайбат йўлбарс, шохдан-шохга сакраётган чаққон маймунлар акс эттирилган. Ичкарига кириб эса анчайин маҳзун манзаранинг гувоҳи бўлдим. Бу ерда жониворларнинг аксарияти жуда хомушдай эди. Айиқ полвон надомат чеккандай мунгли бош тебратар, оҳу одамларга илтижо билан мўлтираб тикиларди.
– Мана бу ҳумо қуши, – дедилар дадам қафасда елка қисиб ўтирган паррандани кўрсатиб.
Мен бахт қушини батамом ўзгача тасаввур этгандим. Назаримда у бағоят сармаст ва шиддаткор бўлиши керакдай эди.
Тушимга тағин шу қуш кирди. У ҳамон қафасда шалвираб ўтирган экан. Қафас эшигини очиб юборибман. Кимдир «чиқ-чиқ-чиқ», дебди. Халоскор парранда инкор маъносида хомушгина бош тебратибди. «Чиқ-чиқ-чиқ» дебди ҳалиги овоз. Уни учириб юбораман деб ўйғониб кетдим.
Ҳамма ширин уйқуда эди. Девор соат бир маромда «чиқ-чиқ-чиқ» этарди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий