"БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ КУНДАЛИГИ" ТУРКУМИДАН
Амакимни армияга жўнатадиган бўлдик. Шу сабаб бўлиб, уйимизга бир талай меҳмонлар келишди. Гулдиёр деган қизалоқ ҳам ойиси билан келди. Қошлари қоп-қора, юзи ҳам ширмондай. Унга конфет узатдим.
– Қучоқлаб ол, ўп, – дедилар амаким шивирлаб. Энди ўпаман деганда, бетимга чанг солди. Йиғлаб юбордим. Ойим мени овутар экан, Гулдиёрнинг онасига, яъни холамга ҳазил шаъмалар қилди:
– Вой, битта ўпса нима қилибди, осмон узилиб, ерга тушибдими?! Намунча шаддодлигу бедодлик...
У киши ҳам жим ўтирмадилар:
– Бу тирмизак иккига кирмай қизларни ўпса, келгусида нима бўлади? Бепул муччи йўқ!
Мен тағин бир оз йиғламоқчи эдим-у аммо дадам бақириб қолдилар.
– Жим бўл!
«Жим бўл! Ўтир! Тегма! Бас қил! Ташла!» Булар бари менинг кун бўйи эшитадиган танбеҳу дашномларим, кўп хоҳиш-иродамни-иштиёқимни чеклаб турадиган пўписалар. Уйдагилар ўқимасдан, ишламасдан туролмаганларидек, мен ҳам бақирмай, шўхлик қилмай, ўйнамай туролмаслигимнн билишмайди ёки билгилари келмайди бу калондимоғларнинг! Синглим–Моҳинбонудан ташқари ҳаммага бўйсунишимни талаб қилишади. Ваҳоланки, катталарнинг ўзлари гоҳида бир-бировларига қулоқ солишмайди. Мана сизга ҳаёт–катталар ва болалар ҳаёти!
Ҳадемай уйимизга бувимнинг ойилари – момокалоним келиб қолдилар. Ёшларини ҳам сал кам юзда дейишди. Дадам у кишини суяб машинадан туширдилар-у уйга олиб кирдилар. Ажабо, ёшлари шунча улуғ бўлса ҳам ўзлари юролмасканлар. У киши картга жойлашиб олгач, қўлларини дуога очдилар.
– Аскарбаччалар ой бориб, омон келсин, бизга қасд қилганлар паст бўлсин!
Каминадан ташқари ҳамма юзини силади. Уйимиздаги катта-кичикни, ҳатто оиламиз сардори бувимни ҳам аллақандай салобат босганди. Барилари оёқ учида юришар, шивирлаб гаплашишарди. Дадам мени даст кўтариб, у кишининг олдиларига қўйди.
– Мана – чеварангиз – Улуғбек.
У киши пайпаслаб (кўзларн ҳам яхши кўрмаскан) мени қучоққа олдилар. Оғизларига қарасам, ҳалигача тишлари ҳам чиқмаган экан.
– Бу бола нега бунча ориқ, – сўрадилар у киши.
– Жуда шўх, тинмайди, – жавоб қайтардилар ўзимнинг бувим.
– Шўх бўлгани яхши, – дедилар момокалоним ва сўрадилар, – келининг ишлайдими? Бувимнинг жавобларини эшитгач, тағин норози оҳангда давом эттирдилар: – Санга ҳам қийин экан–иккита бўлса булар, эмизикли бўлса...
У киши тағин алланималар дегач, амакимни йўқлаб, у кишига насиҳат қилабошладилар.
– Командирингни гапини икки қилма! Бошинг айланиб, ўша ёқлардан уйланиб қўйма.
Зум ўтмай у киши каравотнинг чеккасида муштдайгина бўлиб ухлаб қолдилар. Меҳмонлар ўзларини анча эмин тутиб, гапга киришиб кетишди.
– Дадам ҳам бу кишидан ҳайиқиб турардилар, – дедилар бувим, – ҳеч кимга бўйсунмаганлар.
– Ваҳоланки, у замонлар аёл зоти эридан ўлгудай қўрққан, – дедилар катта аммам.
– Ўшанда ҳам санга ўхшаган–гапи оғзидан тўкиладигани қўрққан, зарбини ўтказгани ўтказган.
Бувимнинг бу гапларидан сўнг негадир ойимга жон кирди.
– Тўғри, энди мен ҳам хўжайиннинг гапини гап деб лаллайиб ўтирмайман.
Бувим у кишини андак жеркиб, дадамга ҳамду сано ўқиб кетдилар. Улар шу алпозда узоқ саннашгач, дастурхон бошидан жой олишди.
– Лайлолар нега келишмади-а, – сўради кимдир ойимдан.
Лайло – камина илк бор танишган қизалоқ. Шунинг учун қулоғимни динг қилдим. Ҳийла танаффусдан кейин ойим чўчиброқ жавоб қайтардилар:
– Улар ажралишди.
– Ўзи сақласин,–дедилар бувим дарҳол, – чумчуқнинг ҳам ини хонавайрон бўлмасин!
Ойим ҳам бир нималар дедилар, назаримда бор айбни Лайлонинг отасига юкладилар.
– Эҳтимол ундаймасдир, аёлдан ҳам ўтгандир, – қўшилмадилар дадам. Ойим тағин ўзлариникини маъқулладилар.
– Айб эрда ҳам, хотинда ҳам эмас, – якун ясадилар бувим, – гап ўша рўзғорда бирорта мўйсафиднинг йўқлигида. Чол-кампир бўлган даргоҳда файзу садоқат, аҳиллигу фароғат бўлади. Бўлмаса ҳозирги ёшлар оилани сақлаб қололмайдилар.
– Оила учун аса курашмоқ керак, – фалсафа суқдилар дадам.
Улар тағин эзмалик билан гапга киришиб кетишди. Аммаларим рўзғори бузилган қўшниларни бирма-бир тилга олиб, роса ғийбат қилишди.
Вокзалга чиқишдан олдин момокалоним дастурхонга фотиҳа ўқидилар: «...ширин обод, манзил озод, пайгамбар-у худога салавот. Эккан, теккан, олиб келган, еганга ҳасанот. Илоҳим олганларинг олтин бўлсин, аскарбаччаларнинг бурни ҳам қонамай, қайтиб келсин».
Вокзал. Қувончлар-у кўз ёшлар, ҳаяжон-у ғуссалар... Амаким поездга чиқадиган бўлдилар. Бувим у кишини қучоқлаб йиғлаб юбордилар.
– Нега йиғлайсиз, – ранжиганнамо сўрадилар амаким.
– Ёдимга укам тушди – Давронжон. Санинг ёшинг¬да эди...
Поезд жилди. Дадам ғайритабиий ҳолда овозларини кўтардилар:
– Хат ёзиб тур! Эҳтиёт бўл!
Поезд кўздан ғойиб бўлгач, бувимга шафиқ оҳангда мурожаат қилдилар: «Юринг, ойижон, кетамиз! Хавотир тортманг, замон тинч!»
Комментариев нет:
Отправить комментарий