№ 11
Вақти нонушта эрди, жуфти ҳалолимиз Жамила каминага зоҳирий истеҳзо ва ёширин сарафрозлик ила нигоҳ ташлаб, тагмаънолик ила сўроқ айлади: “Дадаси, эрта - ўнинчи август, қаноқа кун?” Завжамизнинг одати шуноқа, ногаҳоний сўроқ бирла каминани гангитмоқ, ҳижолат этмоқни хуш кўрадур. Балалардан бирортасининг туғилган куни бўлса лозим, деб фикр қилдим, аммо бир сухан деёлмай, лаллайиб турдим. “Махсумзодасиз, давом берди аёлимиз, андак зарда бирла. Доим фаромуш қиладурсиз. Эрта тўйимиз бўлган кунга йигирма беш йил тўладур.” “Эй жонидан...”дедим, меҳр ва пушмонлик ила жилла саросима бўлуб, сан тилло заифасан, фариштасан!” Ачош қилиб олмоқ истадим-у, ўғуллардан андешага бориб, ўзумни тутдим.
Зарур саналарни ёдда тутмоқ, аларни нишон этмоқни, аввол-азалдан Жамила ўз гарданига олгани боис, камина анинг умедида бепарво бўлганман. “Эмди бундоқ қиладурмиз, давом берди завжамиз, сиз мана бу рўйхатни олиб, бозор боринг, ушбу неъматларни муҳайё қилинг. Бегоҳи ҳам ифтор қиладурмиз, ҳам юбилей. Рўзғор даврасида. Ман бориб келинни келтирурман,” деди ишонч бирла.
Камина мамнулик ила сар хам қилиб, бозор тамон йўл олдим, Жамила шахдам юруб, келинникига кетди.
Гап бундоқки, Найимбекнинг ҳолиги бетамизлиги, яънеким ўйнош зиёд қилгани ошкор бўлган санада, келинимиз рашк-у аламга тоб бермай, қаҳр бирла балани кўтариб, дадасиникига кетган эрди. Арқасидан Найимбек экки бор борди, аммо келинимиз солом-алек қилмоқни ҳам раво кўрмаганлиги аён бўлди. Ўзум ҳам бисёр дилтанг бўлдум, боз Сухайлони соғиндим. Шу боис майда-чуйда харид қилиб, қудоникига йўл олдим.
Қудомиз борасида аввол гапурган эрдим. Касби-кори, бозорда қуруқ мева сотмоқдур. Локинда мачитда танишиб қолганмиз. Бисёр хокисор ва кўнгли бўш одам. Хотирангизда бўлса, имом-хатибнинг амру-маъруфи жилла таъсирли чиқса ҳам кўз ёш қиладур, деган эрдим.
Ўйларида келин баласи бирла қолган экан. Бу эмин-эркин гаплашмоқ учун айни муддао эрди. Бир маҳал Сухайло мани кўриб, “Бобожон” деб истиқболимга чопди. Кўзумга ёш келди, ани бағримга олдим.
Сухайломиз бисёр гапдон ва доно қизча. Ҳали тўрт ёшга тўлгани йўқ, локинда “Р” ҳарфини бурро талаффуз қиладур, шеърлар айтадур, қўшуқ хиргойи қиладур.
Қисса кўтоҳ, келин бирла бақамти меҳрибон оҳангда, насиҳатомуз гаплашдим, рўзғорни барбод этмаслик, ани асраб қолмоқ учун экки тамон ҳам курашмоғи, бунинг учун кечирмоқни билмоғи зарурлигини, бу дунёда барвақт бева бўлиб қолмоқ бебахтлик эканлигини анча эзмалик ила гапурдим. “Бала катта бўлса, дадам қани, деган савол тош дилни ҳам ларзага солиб юборадур”, дедим охирида. Локинда худонинг зорини қилсам ҳам тузук жавоб ололмадим. Фақат бир нарсадан мамнунлик ва юпанч топганимни тан олмоғим жойиз. Келинимиз аразлаб келганининг асл боиси, яъни эрининг хиёнатини ўйидагиларга ошкор қилмаган экан. Буни қудомиз келгандан кейин анинг гапидан фаҳмладим. “ Айб қизимда, такрор этарди у, билмадим, ани қайбир шайтон йўлдан урди,” деди дийдаларини артиб, бирорта сабаб йўқ, локинда бормайман” дейди. Рўзғори бузилмоғидан бисёр ташвиш тортаман. Ҳоли укаларини ҳам ўй-жойли қилмоғим керак.”
Шу тариқа, ноумед қайтдим. Аммо бугун фариштам - Жамила дангал гапурди. У бўлса, айтганини қиладурғон, уддалайдурғон заифа.
Бадаз намози пешин аёлим тутқазган рўйхатга қараб бозор қилдим. Боз устига балиқ, нишалло ҳам харид қилиб, андак хавотир, умедворлик ва ҳаяжон ила арқага қайтдим. Дарвозадан кирмоғим бирла, келинга кўзум тушди ва дилим ҳаприқди. Ул ҳам бамисли ҳеч нимарса бўлмаган янглиғ, ҳавли супурар эрди. Салом бермоғи бирла камина ҳам ўзумни сокин тутуб, бамайлихотир фармойиш бердим. “Келин, ман балиқ келтурдим. Луқмаи ҳалол. Ифторликка қавуриб қўярсиз.” Учоқ бошида Жамилани кўриб, ани алқаб қўйдум. “Қойилман! Ман бирла Найимбек уддалолмаган проблемани сан ҳал қилдинг.” “О, томиримда сизнинг хунингиз оқадурда” ул ҳам каминани сифатлаб қўйди.
Бир китобда шундоқ гап ўқуган эрдим: “Одамнинг ўпкасида бир пуфакча бор, мақтав ўша пуфакчани шундоқ ҳузурбахш қитиқлайдики, ҳаловатдан энтикиб кетурсан. Жамиланинг таърифидан сарафрозлигим чандон ошди. Аммо бу ўрунда: ”Томиримда сизнинг хунингиз оқадур” деган иборага андак шарҳ бермоғим зарурга ўхшайдур.
Бу - ўн етти йил аввол содир бўлган ҳодисот. Жуфти ҳалолимиз оғираёқ эрди ўша маҳал ва нақ янги йил кечаси шўрликни дард тутди. Зудлик бирла роддомга элтдук. Бу жойда ҳамширалар, санитарлар қолган бўлуб, алар ҳам байрамни нишонламоқда эдилар. Навбатчи духтурнинг кайфи баланд эрди. Ман жон ҳавучлаб ўтурдум. Бир маҳал ҳамшира чиқиб дедики: “Бала чаппа келди. Буни биз удда қилолмаймиз.” “Қандоқ қилай?” умед бирла анга боқдим. “Кан деган карейс духтур занак бор, Олга апа деймиз. Ўшани топиб келтирмоқ керак.” Дарҳол манзилни ёзиб олдим ва такси тутуб, ўша тамон равона бўлдум. Микрорайонда, тўртинчи қаватда турар экан. Ваҳима бирла ҳансираб, баландга чиқдим. Аҳли рўзғори бирла янги йилга пешвоз бўлуб ўтурган эканлар. Камина, авозим ларзон бўлуб, уруси гап бошлаган эрдим, у ўзбекилаб сўроқ берди: “Бала аёғи бирла келганми ёки арқаси бирлан?” “Билмадим, алар чаппа дедилар, жавоб бердим ва сизни рози қиладурман”, дедим... Садағанг кетай аёл, гапимни эшитиб, инжилмади, эккиланмади ва бозуд либосини кийиб чиқди. Йўл-йўлакай хотуним кеча, бугун нима юмуш бирла банд бўлганини сўради. “Байрамга тайёрлик кўрди, хоналарни тозалади, кир ювди.” “Ҳомиладор заифа бундоқ вақтда фақат дам олмоғи зарурлигини билмас эрдими?” деди бошини сарак-сарак қилиб.” Ман елка қисдим.
Етиб келмоғимиз бирла у саросима бўлуб ичкари кирди. Камина зина ёнида қолиб, бот-бот худога нола этардим, шафқат ва махфират кўрсатмоғини илтижо қилур эрдим. Бир маҳал мани ичкарига таклиф қилдилар. Апа дедики: “Аёлингизни қорнини кесмоқдан дигар илож йўқ. Хавотир қилманг, бу қийин кечмайдур.” Бу гапдан оғир хаёлга ботдим ва: “Завжамни сизга, сизни худога топшурдим,” дедим йиғламсираб. Соатлар ўтуб, балани, яъне қизимиз Маржонани соғ амон олганлари маълум бўлди. “Хуш, завжамизнинг ўзи қандоқ, аҳволи тузукми,” бетоқат сўроққа тутдум ҳамширани. Қизгина андак дудмал жавоб қилди ва бундан хавотирим чандон зиёд бўлди. Билсам, дигар кўргулук юз кўрсатибдур, яъне Жамилани қони қотмасдан, оқишда давом этиб, духтурларни ваҳмга солибдур.
Юқори чиқдим. Олга апанинг ҳам кайфи учиб кетган эрди. У дилтанг бўлуб, мутасаддиларга сим қоқар, аммо байрам кечаси бўлгани боисми ёки дигар сабабми, хун топмоқ мушкул кечар эрди. Бир маҳал, қўлинг дард кўрмагур апамиз каминадан сўроқ айлади: “Қонингниз сифатликму? Дедим: “Илло, шундоқ!” “Келинг.” Бир маҳал каминани жарроҳ хонасига олиб кирдилар. Жамила чўзилиб ётур ва бечора беҳуш эрди. Буни кўруб, йиғламоқдин бери бўлдум. Халоскоримизнинг фармойиши бирла мани завжамнинг ёнига чўзултуруб ётқуздилар. Бадазон духтур қон томиримни Жамиланикига улади. “Эй Худо зорланардим яратганга, майли мани жонимни ол, Жамила балаларим бошига амон қолсун!” Юрагим ҳар бора тепганда, риштайи жонимдаги қон анинг вужудига оқиб кирмоғини ҳис қилар ва умедворлигим устивор бўлур эрди. Бечора Олга апанинг хавотир ва ҳаяжони маникидан чандон баланд эрди. Анинг пешонасидан маржон-маржон тер оқар, ўзи бисёр тажанглик, асабийлик бирла мандан аҳвол сўрар, аёлимнинг қон босими бирла қизиқар эрди.
Алламаҳал ўтуб, халоскоримиз билинар-билинмас табассум қилди. Бадазон “Харашо!” деди, пешона тери ва кўз ёшларини артиб. Билдимки, Жамиланинг қони андак қотди ва оқмоқдан тин олди. Сўғун каминанинг томиримдан ҳам игнани суғуриб олдилар.
Ҳафта ўтуб, хотуним тузолди. Карейс заифанинг маржондай оққан пешона тери ҳурмати анинг номини Маржона қўйдум. Гўдакни роддомдан чиқармоқдан аввол, бир даста гул бирла юз долларча пул олиб, андешалар бирла апанинг ўйига бориб, эшигини қоқдим. “Гулни олурман, деди, локинда пулнинг ҳожати йўқ. Бу ҳолдан бисёр дилтанг бўлуб, анга худонинг зорини қилдим. Локинда, барибир рози бўлмади. Бу ҳолдан қониқмадим. Олганида тузук бўлур эрди...
Жамила бирла Маржонани роддомдан олиб чиқмоқ маҳали, қўлумга оч эчкидак термулиб турган санитар, навбатчи духтур, фаррошларни, аз ин жумла мошиним теграсида ҳазорўспанд дудлаб юрган якчанд мўлтони заифаларни рози қилдим. Магарам, ғайридин бўлса ҳамки, карейс апа бу тўдадан маънан чандон устун турмоғини фикрладим.
Қаранг эмди, немис аёли - Мария апа энг ками қирқ минг доллар турадурғон дачани тегинга инъом қилиб кетди. Олга апанинг яхшилигини эса баҳоси осмон қадардур! Худо ул халоскоримни пайдо қилмаганда, ё қизим, ё хотунимдан муқарар жудо бўлур эрдим.
Борингки, Фидел укамизнинг мазорига қаро тош қўйуб, боз халққа ош бериб, Мария апанинг қарзидан пича озод бўлмоғим мумкин. Карейс апамданчи? Андан қарзни қандоқ қилиб узадурман?
Роҳ-бароҳ фикрлаб, ўзумга таскинлар пайдо этдим. Ҳар байрам гул ва шакалод элтмоқ, мошин бирла хизматларини бажармоқ, ўйига мева-чева олиб бормоқни ният этдим. Инчунин, таниш карейсларни бир-бир кўз ўнгумда намоён қилиб, аларнинг боридан яхшиликлар кўрганимни хотирга олдим. Бу миллатнинг бисёр меҳнатдўстлиги, ҳалоллиги, одамшавандалиги, ростгўйлигига тан бердим. Саъдий ҳазратларининг “Инсон зоти бир-бирининг жигаридур”, деган ҳикматлари нақадар ростлигига имон келтурдим.
Бу эмди, ўн етти йиллик гап. Аммо Жамила ҳамон, жон ришталарида каминанинг хуни оқмоқлигини тан олиб ва таъкид этиб, мани сарафроз этадур.
Қисса кўтоҳ, вақти намозшом дастархон теграсидан жой олдук ва ноз-неъматга боқиб, оғиз очар маҳалига интизор бўлдук. Биримиз қўйуб, дағе биримиз бот-бот соатга боқсак ва ботинан бисёр хотиржам кўрунсак ҳамки, зоҳиран дилимизда туғёнлар, гиналар, дардлар жамулжам ва жобажо эрди. Тахминимча, келинимиз, эрининг қилмишидан бисёр ранж топган бўлса ҳамки, ота даргоҳида унча тинчини топмагани, ўзи ҳам Сухайло ҳам бизни қумсаганини фикр қилар, Найимбегимиз қилмишидан надоматлар тортар, Жамила келинни олиб келмоқни уддалаганидан мамнунлгини ёширолмас эрди. Камина эса зоҳиран худога нола қилар эрдим. “Эй, Аллоҳу Аълам! Авф эт, биз гуноҳкор бандаларингни! Махфират эт, токи чумчуқнинг ҳам рўзғори бузилмасин. Келинсиз, набирасиз ўтган кунлар хонадонимизда кулгу нималигини фаромуш қилдик, дилимиза ботиний ғусса ҳукмрон эрди. Эй, ўн саккиз минг олам Парвардигори! Бизни сандан бўлак сиғинадурғон такягоҳимиз йўқдур! Гуноҳларимизни кечир”! Кечир!
“Дада, деди мактабхон ўғлимиз Сардор, бийим бирла сизни табрик қиладурмиз! Йигирма беш йиллик бирла. Сизлар китоб ўқумоқни хуш кўрадурсизлар. Укам Сарвар бирла якчанд китоб келтурдук.” “Иби, тузук. Янгилик,” алқаб қўйди аларни. Муқоваларига кўз югуртирдим. “Ўзбек халқ эртаклари”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий” “Чорак аср ҳамнафас” ва дигар. Бисёр сарафроз ўлдум. Кейинги якчанд йил бирор мўмин каминага китоб инъом этмагани ва бу анъана қарийб фаромуш бўлганини хотирлаб, надомат тортдим. Бундоқ фикр юрутсам, ўзум ҳам тириклик ташвишлари сабаб, китоб ўқумоқдан андак йироқ тушган эканман. Бир замонлар чароқ ёруғида Саъдий, Хайём, Муқимий, Абдулло Қодирий, Садриддин Айний ва дигар бузургларнинг китобларини ўқуганим, гоҳида аларнинг таъсирида дийдамга ёш келгани ёки уйқум учиб кетганини хотирга олдим. Кичик ўғулларимнинг фаросати ва заковати ривож топганлиги, аларнинг мутолааси ва тарбиясини назорат қилмоғим зарурлигини фикрдан ўтказдим.
Ётар маҳали, эркакча умед яънеким, эҳтиросларни қондирмоқ нияти бирла обдон ювуниб, Жамила ётган хона тиризасига бош суқдум. “ Ётибсанму, жонидан?” “Йўқ”. “Найимбек бирла келин кириб ётдилар. Бир тўшакка...” “Тузук”. “Дунёда аксар эр-хотунлар бир тўшакда ётурлар, фақат биз айро-айро.” У сукут тутди. Ман давом этдим: “Ярим соатдан сўғун дарвозани тамбалаб келадурман”. Жавобан заифамиз қаҳ-қаҳ отиб кулди. Беҳад сарафрозлигидан анинг ҳам интиқлигини фаҳмладим ва жавобини бетоқат кутдим. “Махсумзодасизда, деди бадазон, о ҳавлининг бир тамони очиқ – девол йўқ-ку...Тамба қўймоққа бало борми?” ”Барибир, тамба босадурман”, дедим.
Жуфти ҳалолимиз боз сукут сақлади.
Машойихлар демишларки: “Сукут – аломати ризо.”
Аларнинг садағаси кетсанг арзир!
Комментариев нет:
Отправить комментарий