понедельник, 10 октября 2011 г.

МАҲАЛЛА

БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ КУНДАЛИГИ ТУРКУМИДАН


Энди кўчамиз, боғимиз, қишлоғимизнинг паст-баландликларини ҳам биламан. Дарвоқе, қишлоғимиз ҳақида ҳам андак сўз юритиш пайти келганга ўхшайди. Уни Кўтарма дейишади. Бир вақтлар бу ер пастқам жой бўлган дейишади. Тупроқ ташлаб, сатҳини кўтаришган экан. Бу ерни унчалик обод деб бўлмайди. Дўкон, сартарошхона, новвойхона, темирчилик устахонаси, чойхонадан бўлак ҳеч вақо йўқ. Қишлоғимиз икки колхоз («Ленин байроғи» ҳамда Максим Горький номидаги) оралиғида ва бунинг устига шаҳар билан қишлоқ ўрталиғида бўлгани сабаб анча аросатда қолган. Ободончилик хусусида гап кетганда, раислар сансалорликдан нари ўтмагани устига юқори ташкилотларнинг мутасаддилари ҳам бу ерлар шаҳарга ўтиб кетиши эҳтимоли борлигини важ қилишаркан. Одамлар эса раҳбарларни болохонадор қилиб сўкишдан нарига ўтишмайди.
Ҳа, майли, булар катталарнинг ташвиши. Мен ҳам бошқа болалардек темирчилик устахонасини хуш кўраман. Галалашиб унинг олдидаги курсида тизилишиб ўтирамиз. Уста бобо бизларни уришмайдилар – у киши вазмин, хушфеъл. Ўртада гуриллаб олов ёнади. Уста бобо унга темирни тутиб, чўғдай қиздирадилар. Кейин ҳалигини сангдон устига қўйиб бирин-кетин савалашади. Темир парчаси кўз ўнгимизда кетмон, теша, ўроққа айланади. Сувга солинган темирнинг вижиллаши, чарх устидан учган учқунларнинг сочилишини кузатиш мароқли.
Чойхонадаги карт устига Тоҳир амаки деган бақалоқ киши, Ортиқ бобо, Полвон бобо деган отахонлар ўтиришади. Ортиқ бобонинг қаршисидаги кирланиб кетган халтада кунгабоқар пистаси бўлади. Саша деган шатрама бола у киши намоз ўқийдиган пайтни пойлаб, писта ўғирлайди. Отахон ўша топда намозни тарк этолмайдилар.
Полвон бобонинг асл отлари бошқача дейишади. Катта Фарғона канали қурилишида Охунбобоев деган отахон:
«Сиз ҳақиқий полвон экансиз» деганларидан кейин шунақа бўлиб қолганлар.
Тоҳир амаки билан Ортиқ бобо кўп гапиришади-ю, Полвон бобонинг овозларини эшитиш амримаҳол. Мен бир мартагина эшитганман. Қаттиқ шамол туриб, электр симларини узиб кетган кунлар эди. Монтер фақатгина пул чўзган кишиларнинг ҳожатини чиқара бошлади.
– Мантўр ука, – дедилар Полвон бобо, – бизди симни ҳам улаб беринг, ишингиз тушса...
– Ота, ўзлари нима иш қиладилар, – таъма билан сўради у.
– Гўрковман.
Ҳа, Полвон бобо гўрков. Одамлар у кишини ҳурмат қилади.
Сартарошхонада эса юзлари чуваккина, ўзи ҳам мўмин-қобил Мордухай амаки (Тоҳир амаки у кишини Мардивой дейдилар) шаҳардан қатнаб ишлайди. У одам бағоят сертакаллуф. Яқинда дадам билан кирганимизда бунга яна бир бор ишонч ҳосил килдим.
Мордухай амаки ишдан тин олиб, дадам иккаламиз билан қуюқ кўришди.
– Қани, Мулложон, марҳамат, – деди курси қўйиб. Сўнг таъзим ила чой узатди. Мен қизиқиш билан унинг ишини кузата бошладим. Уста курсидаги кишининг сочини ўткир устара билан тарашлаб олар, орада бот-бот дадамдан аҳвол сўрашни канда қилмасди. Охирида ҳалиги кишининг бошига фишиллатиб атир сепди, бошини икки қўли орасига олиб қисди. Ҳалиги амаки ўрнидан туриб, тағин бир бор кўзгуга қараб олди-ю, пул узатди. Мордухай амаки кўзини сузиб: «Раҳмат, ака!» деди.
– Қани, қани Мулложон, марҳамат.–дадамга ўгирилди у.
– Йўқ, мана бунинг сочини оламиз,–дедилар папаша камина томон имлаб.
– Ие, шундайми? Улуғбекнинг сочлари ўсибдиларми? Ҳе, балли, балли.
Сартарош шу куйи жавраганича креслонинг устига тахтача куйди, сўнг мени даст кўтариб, унинг устига ўтқазди. Кейин баббаравар ҳам ишга, ҳам гапга киришиб кетди. Идораси планни кўпайтирганидан ҳийла шикоят қилгач, овозини ҳавотирона пасайтириб, давом этди.
– Шу, Мулложон, анча вақтдан бери сизни би-ир кўраман, деб юргандим: нозиккина илтимос бор эди. Сиз ўзимизнинг одамсиз, мулложон.
– Эшитайлик, қўлдан келса...
– Келади, келади, сизнинг қўлингиздан келмайдиган иш бор эканми, – дадамнинг гапларини бўлиб, у кишига ҳамду сано ўқиди уста.
Сўнг нари берига аланглаб олгач, давом этди:–Жиянимиз ёмон иш қилиб қўйди, мулложон. Нодонлик қилди, бадбахт.
– Нима қилди, – хулосани эшитишга шошилдилар дадам.
– Шу десангиз, бир ҳамгузаримиз Исроилга кетган экан. «Борган заҳоти суратимни юбораман, деган экан у, тикка турган бўлсам, билки жаннат экан, ўтириб тушган бўлсам, балки адашибман». Кўп ўтмай ҳалиги сурат келибди. Жиян қараса, жўраси узала тушиб ётган эмиш. Иби, иби дебди жиянимиз, бу ер ётиб: нон ейдиган жой экан-ку! Аслида ундай эмас эканда.
– Жиян кетдими?
– Кетди-да.
– Энди қайтариш керакми?
– Ё уни қайтариш керак, ё мани ҳам унинг ёнига жўнатиш керак. Бўлмаса хор бўлиб бўлади, мулложон.
Сартарошнинг асл мақсадини тушунган дадам дудуқланиб, аллақандай идораларга мурожаат қилишни маслаҳат бердилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий