четверг, 20 октября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

УЧИНЧИ ҚИСМ
Учинчи боб


Жамила биқин оғриғидан бот-бот шикоят қилгани боис, уни машинага миндириб, докторга олиб бордим. “Ўтхалта шамоллаганга ўхшайди”, деди хотинимни обдон текшириб кўрган врач. Уч-тўрт кун ётсин, отдай қилиб юборамиз.”
Бу шифохонани “вниик” дейишади. Гап шундаки, шўролар замонида Бутуниттифоқ қоракўлчилик илмий-тадқиқот институти шу тўрт қаватли бинода жойлашганди. ( ВНИИК – Всесоюзный научно-исследовательский институт каракулеводство). Мустақиллик эълон қилингандан кейин олимлар бир муддат маошсиз қолиб, бу ерга келмай қўйдилар ва шаҳардаги эски биноларига қатнайбошладилар. У пайт туманимиз ҳокимаси Раҳима Ҳакимова деган, тутганини қўймайдиган, уддабурро аёл эди. Депутатлик мавқеидан фойдаланиб, Тошкентдаги казо-казолар рухсати билан бинони туман тасарруфига ўтказди ва марказий шифохонага айлантирди.

Бу – ҳокиманинг энг катта ва эзгу хизмати эди! Опанинг бўшалиб кетганига кўп йил бўлди. Аммо одамлар унинг айнан шу хизматини бот-бот эътироф этиб турадилар.
Хуллас, тушдан кейин Жамилани шу ерга ётқизиб уйга қайтдим. Аммо бирор соат ўтар-ўтмас алланимамни йўқотиб қўйгандан, паришон ҳолга тушабошладим. Кечқурун тағин бордим. У каминани койиган бўлди. “Келаверасизми энди. Бундан кўра жўжаларга қарасангиз бўларди. Мен соғ-саломатман , бу ердагилар билан ҳам қандай муомала қилишни биламан, ҳақимни егизмайман,” деди. Бундай дейишининг боиси бор. Жамила шўролар замонида медицина техникумини битириб, бир муддат ҳамшира бўлиб ишлаган эди. Аммо фарзанд кўргандан кейин рўзғор юмушларига ўралашиб қолди. Зеро унинг ўша пайтларда оладиган маоши йўл кираси билан тушлигига ҳам етмай қолганди. “Зерикдим, шунчаки гаплашгани келдим” дедим ва алламаҳалгача ширин хотираларни титкилаб ўтирдик.
Эрталаб доктор айтган дори-дармонлар билан иссиқ нон, қаймоқ олиб бордим. Кечқурун тағин...
Ҳар гал борганимда Жамила, албатта янги гап топиб қўяр, гоҳида қизиқ латифалар айтар ёки ёшлигимиздаги хотираларни эслаб мени қувонтирарди.
Бу гал манти олиб борган эдим, таклиф киритиб қолди.
- Қўшни палатада бир аёл касал ўғли билан ётибди. Ўзи Тожикистондан нотинчлик йиллари келиб қолган. Бу ерда одами йўққа ўхшайди. Йўқ демасангиз, шу мантининг ярмини уларга олиб кирардик.
- Ихтиёринг,- дедим, олиб кир.
- Сиз ҳам юринг, энди. Жуда яхши аёл. Гоҳида олдимга келади – гаплашиб ўтирамиз. Душанбедаги опамни ҳам таниркан...
Аёлнинг ёши ўтиб қолган бўлса ҳамки, хушбичим, хуштавозелиги ўзига ярашарди. Кароватда мажолсизгина бўлиб ётган йигитчанинг ранги синиққан, ориқлаган эди. Унинг ягона фарзанд эканлигини ва жигари оғриганлиги айтишди.
– Аста-аста тузалаябди, овқат еябди,- деди аёл ширин умидлар билан.
Биз кўп гаплашмадик, Бемор йигитчанинг бу тариқа беҳол ва мададга муҳтож бўлиб ётиши дилимни сиқабошлади. Аниқроғи аёлга ачиниб кетдим. Бу дунёдаги ягона умиди бўлган риштаи жонининг маҳзун ҳолига қараб ўтириш она учун жуда оғирлигини фаҳмлаш қийин эмасди.
Хотиним руҳиятимдаги нохуш ҳолатни сезди ва биз хайрлашдик.
- Мен сизга битта шеър бераман,- деди Жамила ташқари чиққач, Шу аёлга бағишлаб ёзилган. Бу ерда бир қиздан кўчириб олдим. Ўқинг, жуда таъсирли.. У ҳам бировдан кўчириб олган. Кимнинг шеъри эканлигини билолмадик.
Палатасига кирганимиздан кейин ўқувчилар дафтаридан йиртиб олиб, ўз қўли билан кўчилган шеърни узатди. Уни ўша ердаёқ ўқишга киришдим.

Майли уйга тўлсин тамаки иси,
Майли, май ичсанг ҳам, бўза ичсанг ҳам,
Майли, мен кампирга раҳминг келмасин,
Фақат тезроқ соғай, соғайгин, болам!

Майли олис юртга чиқиб кет уйдан,
Менга у томондан хатлар ёзмагин.
Майли, қайси қизни хоҳласанг уйлан
Ва бевалар билан билганингни қил!

Ардоқлаб ўсдирдим сени ғунчадек,
Кўксим ҳароратин бердим бир олам.
Майли ич, лаънати тамакини чек,
Фақат тезроқ соғай, соғайгин, болам.

Шеър менга ҳам дафъатан таъсир қилди. Кўзимга ёш келди. Сўнгги йиллар давоми, айнан шеъриятдан бунчалик таъсирланмаган эдим. Умумун, шеър ўқимай қўйганман. Гапнинг рости, ҳар куни газеталарда чоп этилаётган, ТВда ўқилаётган ва Мурод муаллимнинг таъбири билан айтганда: “Ватан ҳақидаги шалдироқ шеърлар” бадимга текканди.
“Бундай варсақи тизмаларни ватан билан давлат тушунчасининг фарқига бормайдиган довдирлар ёзишади”, деган эди муаллим киноя аралаш. Назаримда у ҳақ. Қайси куни биринчи каналдан халқ шоири чиқиш қилди. Унинг қўлларини серпаб, жазавага тушиб ўқиган шеърида ватанпарварликдн кўра ҳукуматпарварлик сероброқ эди.
Начора, сарой шоирлари ҳамма замонларда ҳам подшоликка ялтоқланиб кун кўришган.
Мен мазкур шеърнинг муаллифини аниқлаш, унинг китобларини топиб ўқишни дилимга тугиб қўйдим.
Аёлим азбарои мени қувонтириш учун шу шеърни ёзиб олганлигини туйишнинг ўзи хушбахтлик эди. “Ҳар кун келаверманг, жўжаларга қаранг, болаларни назорат қилинг, уларга иш буюринг”, деб тайинлади. Аммо эрталабгача тоқатим тоқ бўлди. Майда-чуйда харид қилиб, машина рулини тағин вниик томон бурдим.
Кеча палатада бир ўзи эди. Бугун ён каравотда ўрта ёшлардаги кўзлари қув бир аёл ётарди. Остона ҳатлаганимдан кейин, ўрнидан туриб салом берди. Фаросатли экан: ўзимни эркин тутишим, хотиним билан гаплашиб олишим учун, бизни холи қолдириб, чиқиб кетди.
- Биқинимдаги оғриқ тўхтади,- деди аёлим, ҳафта охирида жавоб беришса керак.
- Ҳар қалай сенга шерик беришибди, энди зерикмайсан,- дедим.
У маъқуллади ва негадир сирли кулди.
- Нима бўлган, бу аёлга?
- Сўраманг,- деди кулгиси баттар қистаб.
Менинг эса ҳангоматалаблигим ошиб, якравлик билан унинг оғзини пойлаб туравердим.
- Қочиб келган, эридан.
- Золим эканми?
- Йўқ, деди ва шарақлаб кулиб давом этди, жони-ҳолига қўймас экан. Кечаси уч мартагача ўйғотиб, ҳалиги ишни қиларкан. Кундузи ҳам уч-тўрт бор... Молга қараябдими, кир юваябдими, қатътй назар, уйга судраб кираркан. Бу аёл келинидан жуда ҳижолат бўларкан.
Иккаламиз ҳам беғубор кулди.
- Бориб турган ҳанги экан-да,- дедим.
- Эрим келиб қолса, чиқиб кетманг,- деб илтимос қилди. У ярамас шу ерда ҳам менга ёпишиб қолиши ҳеч гап эмас.
Биз тағин кулдик.
- Шукурки, сиз бунақа эмассиз..,- деди хотиним, хайрлашарканмиз, мийиғида кулиб..
Жамила бўлмаса, рўзғоримда тартиб-қоидалар, таомиллар хуллас, ҳамма-ҳаммаси бунчалик тез издан чиқади, деб ўйламагандим. Ўтган шу тўрта кун давомида ҳаммомда кирлар уюлиб кетди, супурилмаган ҳовлида файз қолмади. Бунинг устига Сухайло ҳам пахтада эди. Биз тўрт эркак ҳатто қозон-товоқ ювишни ҳам эплолмас эканмиз. Паришонхотирликдан бўлса керак, бу орада мачитга ҳам чала-чулпа қатнадим. Кайфи учган одамнинг оти ҳам яхши чопмайди, деганларидек, ҳатто қафасдаги жўжаларим ҳам ўз-ўзидан йўқоладиган бўлиб қолди.
Гап шундаки, ветеринария аптекасида учрашган ҳалиги биродаримдан бройлер тухумлар олиб, инкубаторга қўйган эдим. Ундан чиққан жўжалар одатдагидан анча йирик бўлганлиги боис харидорлар талашиб олиб кетишди. Келажакда насл олиш умидида нақ йигирматасини боқишга қўйгандим. Эрталаб қарасам, аллақачон иккитаси гумдон бўлибди. Эртаси тағин... Уларни биров ўғирлаши ёки мушук илиб кетиши мумкин эмасди. Чунки катакнинг тўрт томони симтўр билан ўралганди.
Бу гал шифохонага борганимда, аёлимга, энг аввало шуларни арз-дод қилдим.
- Жўжанинг душмани жуда кўп,- деди хотиним. Масалан, илон.
- Йўқ, бу жўжалар илоннинг оғзига сиғмайди, катта.
- Илоннинг оғзи, қорни жуда чўзилиб кетади. Бундан ташқари, тагдан каламуш, юқоридан бойқуш кириши мумкин Улар ҳам ўзидан икки ҳисса йирик ўлжаларни овлашади. Юқори очиқ эди, бугуноқ бориб беркитинг, пастда тешик-пешиклар қолган бўлса, лойланг!
- Йўқ, сани бу ердан олмасдан кетмайман,-дедим қатъий қилиб, биз ҳисоб-китобимизни, аниқроғи суробимизни йўқотиб қўйдик.
- Ундай бўлса, врачга кириб айтинг,- деди у.
Врач кўп тархашлик қилмади. Тағин ҳафта давомида дориларни ичириб туришни, оғир ишдан озод этишни тайинлади. Мен жуфти ҳалолимни ёнимга ўтқазиб, ўзгача бир сурур билан уйга олиб келдим.
Кечқурун уни кўргани қўшнилар, қавмлар кирдилар. Жамила эртаси каллаи саҳарлаб ишга шунғиб кетди. Бизни ҳам жону-ҳолимизга қўймай, сафарбар қилди.
Ўша куниёқ катакларнинг устига симтўр ёпдим, пастини беркитдим. Шу-шу жўжалар камаймайдиган бўлди.
Рўзғорим ҳаёти азалий изига тушди.
Худога шукур!

Комментариев нет:

Отправить комментарий