понедельник, 10 октября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

№ 2

Бугун – 2011 йилнинг 25 сентябри. Якшанба.
Эрталабданоқ Пастдарғомга - Сухайлони кўргани боришга тараддуд кўрабошладик. Унинг пахта теримига кетганига ўн беш кундан ошди. Найимбек машинага бензин тўлдириб келди. Жўнаш олдидан каттароқ қозонда ош дамлаб, лаганга солиб олдик. Бир оз пул ҳам олдим. Чунки, Сухайлони олиб келадиган бўлсак, “пахта пули”ни бериш кераклигини айтишганди.
Коллежни сафарбарликка эълон қилишганда ҳам, атиги 200 доллар билан теримдан қолдириш мумкинлиги аён бўлганди. Гарчанд бунча маблағ уйда бўлмаса ҳамки, топишим қийин кечмасди. Аммо Сухайло, дугоналаридан четда қолмасликни зорланиб сўрагач, ойиси иккаламиз кўниб қўяқолдик. Юкларини машинага ортиб, чиқариб кузатиб ҳам қўйдик ва қизимиз ўша куниёқ, кечки маҳал телефон қилиб, Пастдарғомдаги бир мактабга жойлаштиришганини, кайфияти яхшилигини билдирди. Биз хотиржам бўлдик.
Ундан кейин у деярли ҳар куни телефон қилиб турди. Норма – 70 килограмм эканлигини, аммо у 50 килодан оширолмаётганидан нолиганини ҳисобга олмасак, бошқаси жойида эди.
Бугун у билан боғланиб, кўргани бораётганимизни маълум қилганимизда, кеч соат еттигача далада бўлишларини билдирди ва шу сабаб кўп ҳам барвақт келмаслигимизни тайинлади.
Самарқанддан чиқишимиз билан фақат шаҳар эмас, унинг атрофлари ҳам жуда обод бўлганлигига гувоҳ бўларди киши. Пастдарғомга кета-кетгунча икки томонлама кўча бунёд этишибди, унинг атрофида шундай муҳташам бинолар қад кўтарганки, қойил қолмай иложингиз йўқ.
Бу кўчалардан аваллари ҳам ўтганман. Йўллар уйдим-чуқур, атрофда, аксар ҳолда пахсадан тикланган пастак уйлар бўларди. Эндиликда текис, кенг асфалт кўчада машиналар бир-бири билан пойга ўйнаётгандек, шиддат билан ўтиб кетарди. Уларнинг деярли бари ўз юртимизда ишлаб чиқарилганини туйиш дилингга ғурур ато этарди. Шу пайт рулда гўзал келинчак ўтирган “Спарк” ҳам бизни ортда қолдирди.
- Ўзбечкалардан ҳам шоферлар кўпайиб қолди а,- қўзғаб қўйдим хотиним билан ўғлимни.
- Ҳа, айниқса, сўнгги уч йилда кўпайди, гапимни тасдиқлади Найимбек.
- Лекин ярашади,- дедим.
- Мана шу қурилишлар ҳам кейинги уч йилда қад кўтарди,- давом этди Найимбек. Ҳазил эмас!
Ҳадемай пахтазорлар ҳам бошланди. Ғўзалар пастак бўлса ҳамки, оппоқ бўлиб очилганди. Узоқда ҳашарчи болалар кўзга ташланарди. Жамиланинг баҳри-дили очилиб кетди.
- Вой, бу пахталарни қаранг: оппоқ бўлиб очилибди. Тезроқ териб олиш керак. Ёмғир-помғир ёғмасдан...
- Энди, болаларга тердирмаслик керак-да, - норозилигимни яширмадим. - Ўзлари теришсин, аввалгидай машиналарни ишга солишсин.
- Ҳеч бало урмайди,- фикримга қўшилмади хотиним. - Бу курорт-ку. Мусофирликни кўради, чиниқади...Ўзимизни ҳам икки ойлаб олиб кетишарди. Совуқларда қолиб кетардик. Бир жойимиз кам бўлмади.
- У шўролар замони эди,- мен ҳам уни инкор этдим. Эндиликда болалар ўқиши керак, Мен бундан норозиман, юқорига ёзаман,- дедим, уни тергаб қўйиш илинжида, ҳазил-чин аралаш.
- Фақат шу ишингиз қолувди,- киноя қилди Жамила. Кошки ўзингиз беайб бўлсангиз?! Хатоларингизни топишади-ю, қамаб юборишади.
– Хўш, менинг нима гуноҳим бор, жуда қамаб юборадиган иш қилмагандирман,- чинакамига қизиқиб сўрадим.
- Бор...
- Масалан?
- Масалан, бир йилдан бери светни ўғирлайсиз. Инкубаторга. Бу – бир. Иккинчидан, ота-бола мошин билан кира ишлайсизлар, аммо налог беришдан қочиб юрасизлар.
Бу гапдан кейин Найимбек, негадир қаҳ-қаҳ отиб кулди. Мен андак ҳижолат чекиб, сукут сақладим.
Туман марказидан ўтиб ҳам анча йўл босдик ва ниҳоят чап томонга бурилдик. Шўролар даврида ётқизилган асфалт йўл ўйдим-чуқур бўлиб қолганлиги сабабли ўғлимиз тезликни сусайтириб, уларни эҳтиёткорона четлаб ўтиш пайида бўларди. Кейин илма-тешик асфалт тугаб, тош тўшалган йўл пайдо бўлди. Тағин икки-уч километрдан сўнг у ҳам охирига етиб, тупроқ кўча бошланди. Айрим жойларда тупроқ қалинлиги бир қаричдан паст эмасди. Ҳар қанча суст ҳайдасак ҳам ортимизда қуюқ чанг қолабошлади. Шу пайт қаршимизда трактор пайдо бўлди. Унинг тележкасига пахта ортилганди. Трактор ўтиб кетгач. алламаҳалгача ҳавода муаллақ бўлиб осилиб қолган чангнинг тарқалиб кетишини кутишга тўғри келди.
Ниҳоят манзилга ҳам етиб келдик. Пештоқига қизил ҳарфлар билан “Пахта штаби” деб ёзилган мактабнинг йўлига тош тўшалган, сув сепилган эди. Ёрдамчилар шу мактаб синфларига жойлаштирилган экан. Кейинроқ менга аён бўлишича, бу ерда айни пайтда фақат тўртинчи синфгача бўлган болалар ўқишаркан. Қолганлар теримга сафарбар этилган экан.
Биринчи учрашган кишимиз ошпаз аёл бўлди
- Сизлар биринчи курсдаги Сухайлонинг одамларими,- қувониб сўрашди биз билан. – Қизларингиз жуда одобли, яхши тарбиялагансизлар. Менга ёрдамчи бўл, дедим - кўнмади. Теримга чиқиб кетди.
Опа кечки овқат учун макарон шўрва пишираётган экан. Бизни такаллуф билан столга таклиф этиб, олдимизга чой қўйди. Дилимизда унга нисбатан илиқ меҳр ўйғонди. У киши шўролар даврида ҳам шу даргоҳга ошпаз бўлиб ишлаганини айтди. Бу ерда шогирдлари билан ўқувчиларга овқат тайёрларкан. Шунингдек, директорини сифатлаб қўйишни ҳам унутмади.
- Қизларимизнинг оёғига тикан ҳам кирмасин, дейди. Қўшни коллежларнинг директорлари пахта сотиб олиб, мукофотларга эга бўлишади. Ҳокимиятдан тазйиқ қилишади-да. Бу киши унақамас. Майли, гап эшитсак ҳам, бизга кейинги ўрин бўлаверади, дейди.
- Пахта сотиб олиш ҳали ҳам бор экан-да,- қизиқиб, тергаб қўяман.
- Ҳа, ўғлим институтда ўқийди. Уларда норма саксон кило. Бажармасанг, сотиб ол, дейишаркан. Ҳар ўн кунда юз минг кетаябди. Учинчи курсдан бир студент домласини пичоқлаб ташлабди. Зулм қилган бўлса керак.
Соат еттидан ошиб, қоронғу тушди, аммо болалардан ҳамон дарак йўқ эди.
- Бугун узоққа олиб кетишган,- деди опа. - Йўлда бир соат вақтлари кетади. Аввал солдатлар келади, кейин улар. Шўрлик аскарларга қийин – нормалари юз кило. Уддаламаганини золим командирлар ҳар балога гирифтор қилишади.
Аён бўлишича, қўшни далада аскарлар ҳам пахта теришаётган экан.
Ҳадемай, қоронғуликдан қадам товушлари эшитилди ва чанг, тупроқ орасидан елкаларига фартук тақиб олган, ҳорғин аскарлар сафи кўринди. Улар ёруғликка, тош тўшалган йўлга чиққач, сергак тортиб, биргаликда қўшиқ бошлашди.
“ Олға бос, олға бос, эй ўртоқ, Биз учун муқаддас бу тупроқ...”
Аскарлар ўтиб кетгач, чанг орасидан қизлар сафи кўринди. Уларнинг олдида аскар либосидаги сарбон ҳам бор эди. Куни билан пахта териб, шунча йўлдан пиёда келаётган ёшгина-ёшгина қизларга дафъатан ачиниб кетдим, беихтиёр қаҳрим келди. Бир тарихий фильм кўрган эдим: олдинда ва орқада милтиқ кўтарган соқчилар назоратида саф тортган маҳбусалар маҳзунгина қадам босишарди. Уларнинг орасида ёш қизлар ҳам бор эди ва тақдирга тан бериб, тиззагача лой кечган ҳолда орқага қолмасликка ҳаракат қилишарди. Шуни эслаб, муштимни туйган маҳалим, хотиним авзойимдаги ўзгаришни сезди.
– Тағин сариқлигингиз тутаябди-а? Ҳеч бало урмайди, қайтамга чиниқади. Кўпга келган тўй...
Аён бўлишича, булар - иккинчи курс қизлари экан. Улар ўтиб кетгач, ёдимга ургутлик бир таниш шоирнинг шеъри тушди.
Ўзбекистон!
Асра болаларингни.
Улар улғайишар
Ва даволашар
Сенинг кўп йиллик
Яраларингни!
Ўзбекистон!
Дардингни олай!
Асрагин,
Асрагин,
Болаларингни...
Сухайлони кўриб, нохуш хаёлларим ўз-ўзидан тарқалиб кетди. У “Дадажон” деб бағримга отилди. Қизимиз қуёшда андак қорайган, кайфияти яхши эди. Ётоқларини кўрдик. Эшик, деразалар ичкаридан илгаклади. Озода...
- Кечки овқатга бориб юрма,- деди ойиси, ош дамлаб келганмиз. Дугоналарингни ҳам чақир.
Ҳадемай радиокарнай хириллади ва гапга кирди. “Муҳтарам ўқувчилар! Мустақиллигимизнинг йигирма йиллигига йигирма тонна пахта териш мажбуриятини олган иккинчи “Б” бугун маррага етиб келди. Уларни муборакбод этамиз! Бу азаматлар ватан хирмонига йигирма тонна “оқ олтин” бўшатдилар. Ана шу ватанпарвар қизлар мавсум охиригача тағин йигирма тонна пахта теришга сўз бердилар. Иккинчи “Б”дан ибрат олинглар!. Шунингдек...”
Сухайлонинг дугоналари билан бирга ўтириб, ош едик. Уларнинг аксари шаҳарлик ўзбек, тожик қизлар эди. Қизларнинг ўзини тутиши, одоби дилимизга ўтиришди ва бу ҳолдан ҳам таскин топдик..
- Биз сени олиб кетмоқчимиз,- дедим, қизимизга, дастурхонни йиғиштиргач.
- Мен бормайман,- деди Сухайло, андак сукунатдан кейин, аллақандай хавотирлик билан – Охиригача тераман!
- Нега?
- Кетсам, дугоналаримга қийин бўлади,- деди ва негадир кўзида ёш айланди. - Терганимиз ҳали ўн беш тоннага ҳам етгани йўқ.
Биз уни ортиқча қистовга олмадик.
Пахтазордан кеч қайтдик.

Комментариев нет:

Отправить комментарий