"БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ
КУНДАЛИГИ" ТУРКУМИДАН
Бувим иккимиз йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Не-не бедапоялар, боғлар ортда қолди. Ниҳоят, қадимий ўймакор дарвоза қаршисида тин олдик. Бувим маҳси-калишлари сиртидаги чангни артдилар, кейин хавотирона овоз бердилар. Жилла ҳаялликдан сўнг ичкаридан бувимдан ёшроқ аёл чиқди. Улар қуюқ сўрашишди.
Ҳовли кенг, шинам эди – тўрт томондан баланд деворлар билан ўралганди. Мезбон қат-қат кўрпачалар тўшади. Моможоним бу даргоҳга қут-барака тиладилар. Дастурхонга нишолда, новвот тортишди. Алламаҳалдан кейин бувим муддаога ўтдилар.
– Айланай, мен у ҳафта ҳам келгандим – энди ўзларингдан қолар гап йуқ. Суриштириб кўрган бўлсаларинг ҳам керак. Бола армияга бориб келган, ичмайдиган, чекмайдиган хилидан. Акаси редакцияда ишлайди, ўзи шофёрларга катта.
Ғалати. Аслида амаким армиядан келгандан бери тузукроқ иш тополмай саргардон бўлиб юрганди. Буниси ҳам камлик килганидек, бувим бобо-ю бобокалонларимни ҳам роса мақтадилар.
– Билмасам, ойтимулло, – деди жимгина ўтирган ҳалиги аёл,–қизимнинг инъом ихтиёри бобосида. -У киши ҳали бирор нарса деганлари йўқ.
Улар жимиб қолишди. Сўнг мезбон аёл чиқиб кетди ва мункайиб қолган, панжалари бетиним қалтираб турадиган чолни етаклаб кирди. Мўйсафид биз томон ўгирилиб қарамади ҳам. Бурчакка ўтириб олиб, кўзини ерга тикканича сўради.
– Сизни танимай турибман: кимнинг қизисиз?
– Асли қўшмачитликман,–бувим ҳам бошларини кўтармай жавобга ўтдилар,–бадаллик Раҳматжон деганнинг аёли бўламан. Хўжайиним Сталиноборон, Қизиласкар колхозларида ҳосилот шўро, шофер бўлиб ишлаган. Раҳматлини мошин уриб кетди. Мозори Қадимга қўйганмиз. Отам – Истамбек, бобом–Искандарбек. Икковлари ҳам катта заминдор бўлишган. Улар Шоҳи Зиндага қўйилган.
Бувим боболари билан дадаларининг ажойиб ҳислатларини ҳам хотирга олиб ўтдилар. Сукут сақлаб ўтирган мўйсафид вазмингина гап бошлади.
– Бобонгиз бек эди. Яхши отлари кўп эди, аммо сургун бўлмайин деб отларини ҳукуматга топширди, қизини қаролига бериб, уни ишбоши қилиб қўйди. Ҳай-ҳай!
Йиллар ўта елкага тушган бу дашном бувимга қаттиқ ботган бўлса ҳамки, меҳмондорчилик таомилларига озор етказмай, аввалги оҳангда давом этдилар.
– Ҳа, энди бир ҳовуч тупроғим мусофир юртларда қолиб кетмасин, деганларда. Не-не азаматлар ватангадо-ю, кафангадо бўлиб кетди...
Чол индамади. Унинг ланж қиёфасидан бирор маънони ўқиб олиш ҳам амри маҳол эди. Сукунатни у қайтараётган тасбеҳ доналарининг бир маромда чиқиллаши бузарди. Кейин уни олиб чиқишди. Бир неча дақиқадан кейин кирган уй бекаси оиланинг сўнгги қарорини аён қилди.
– Ойтимулло, дилингизга қаттиқ олманг – бобоси рози бўлмадилар. Насибаси ўзга ерга сочилган эканми...
– Ҳа, майли, совчига бир эшик ёпиқ бўлса, минг эшик очиқ, айланай, – ўкинганларини заррача билдирмай давом этдилар бувим, – сиз билан қуда бўлиш насиб этмаган экан, бошқаси билан бўлар. Энди кўнгилда!
Ташқари чиқиб, йўлга тушгач, бувим ҳалиги чолни лаънатладилар.
– Дийдоринг қурисин, сан босмачини!
Биз йўлда давом этдик. Кейин Мазори Қадимга кирдик. Оқ, қора мармарлардан менга мунг билан боқиб турган болакайлар, ўсмирлар, аёллар, чолларни кўриб алланечук бўлиб кетдим. Нохуш ва маҳзун эди.
Бир қабр қаршисида тин олдик. Бувим эзилиб-эзилиб йиғлашга тушдилар. Фаҳмлашимча, бу бобомнинг сағаналари эди. Аммо бувим бу нохушликларнинг бирорта асоратини уйга олиб келмадилар. Баръакс тантанавор ва нописанд ҳолатда эълон қилдилар.
– Ҳе, падарига лаънат! Ўшанинг авлоди эканлигини билсам, даргоҳига оёқ босмасдим. Ўғлим кўчада қолгани йўқ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий