вторник, 1 ноября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ



                                 УЧИНЧИ ҚИСМ

                                   Тўртинчи боб





“Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,” деб ёзган эди бир шоира. Гарчанд, Жамила нимтабассум қилиб турган бўлса ҳамки, дилининг маҳзунлигини,  руҳиятини аллақандай дард тимдалаётганлигини сезиб олиш қийин эмасди.
– Биқининг тағин оғриябдими,- сўрадим меҳрибон оҳангда.
 – Йўқ, ҳаммаси жойида,- жавоб берди у.
 Кейин эса карт устидаги конвертга кўзим тушиб қолди. Демак, Душанбедаги опасидан мактуб олган, эҳтимол, у нохушроқ гапдан воқиф этгандир, ўйладим ўзимча.
Жамиланинг опаси шўролар даврида Душанбега тўй бўлиб кетган, аниқроғи, уни бир қариндошлари келин қилган экан.  Ўзим аниқ эслайман: у замонлар Самарқанддан Душанбега ҳар соатда самолёт учиб турар, билети ҳам арзон эди. Опа гоҳида эрталаб меҳмон бўлиб келиб, кечки рейсда жўнаб кетарди. Мустақиллик эълон қилингандан кейин...
Бир айланиб келиб,  хатни қўлга олдим. Опа мактубига одатдагидек, “Соғинчилик салом” деб сарлавҳа қўйган ва каминага, синглисига, қизим, ўғилларимга номма-ном салом йўллаганди. Ҳар галгидек, мустақилликни лаънатлаган, Горбачевни қарғашни унутмаган эди.  Мактуб охирида эса кексайиб, “бир оёғи гўрда”лигини, қон босими ошиб кетаётганлиги бир кунмас-бир кун ўлиб қолишини изҳори дил этганди. Шу билан бирга, хат сўнгида: “Ўлсам, Самарқандга элтиб,  дадам билан бийимнинг ёнларига кўминглар” деб ўзича васият ҳам қилганди.
Жамила бундай пайтда опасини жуда қумсар, уни бориб кўриш,  ҳол- аҳвол сўрашга жуда  хоҳишманд бўларди, албатта. Аммо Тожикистонга бориш, Америкага боришдан ҳам қийинлигини  ҳисобга олиб, истагини ошкор этмасди.
Бундан олти йил аввал опасининг эри, яъни божамиз бандачиликни бажо келтириб қўйди. У киши саксондан ошган бўлиб, бир умр босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишлаган, қобил-мўмин инсон эди. Хуллас, бормасак бўлмасди. Аммо телеграмма билан чегарадан  ўтказишмаслигини билардим. Сабил қолгур визани қўлга киритиш учун эса камида беш-олти кун кераклигини айтшди.   Шунда,  Тожикистондаги акасиникига бот-бот бориб  турадиган маҳалламиз оқсоқоли Илҳом милиса маслаҳат бериб қолди. “Сариосиёда Чўнқаймиш деган қишлоқ бор. Шу ердан от билан ўтказиб қўйишади. Самарқанддан ўша қишлоққача такси олиб боради. Бу  киракашлар Чўпонота туришади.”
Энди, ўшанда Тожикистонга бориб-келишимнинг тафсилотини эшитинг.
 Эрталаб шошилинч Чўпонотага  йўл олдим. “Мен Термезга бораяпман, деди,  илк рўпара бўлган шоферим, сиз ҳув анови рижий билан гаплашинг”.  Бу одам билан тез тил топишдик ва савдолашдик. “Ўзим чўнқаймишликман, деди у,  радной амакимга олиб бораман, ўтказиб қўяди.” Уйга келиб, Жамилани олдик ва қайдасан Сариосиё деб йўлга тушдик.
Йўл олис эди. Тахти Қароча довонидан ошганимиздан кейин шофер билан гапимиз авж олабошлади.
- Чегарадан ўтадиган жойда солдатлар йўқми, мина қўйилмаганми,- хавотирланиб сўрадим.
- Аскар ҳам бор, мина ҳам қўйилган,- деди у ва батафсил ҳикоя қилишга тушди.
Унинг айтишича, чегара бир  сойликдан   ўтган бўлиб,  Чўнқаймиш бу томонда, тожикларнинг Ворошилов деган қишлоғи нари томонда қолиб кетибди. Лекин азал-азалдан, иккала қишлоқда қиз олиб, қиз бериш одат бўлган экан, борди-келди қилиб туришаркан. Чегарага мина қўйилгандан кейин аҳвол таранглашибди. Ўтишнинг иложи бўлмаса ҳамки, у ёки бу қишлоқнинг жарчилари тоққа чиқиб, бор овозлари билан тўй ё жанозадан хабар беришни канда қилишмабди.  Аммо бу ҳол икки томонни ҳам жонига тегиб, иложини излашибди. Излаган – топади, деганларидек, тожиклар тоққа чиқиб, сойликка тош  юмалатишибди. Анча-мунча миналар портлабди.  Кейин чўнқаймишликлар ҳам шундай йўл тутишибди. Шу  тариқа уч-тўрт жойдан йўл очиб, пинҳона борди-келди йўлга қўйилибди. Аммо чегарачиларнинг сардори  қаҳрга миниб, бу ерга бир қатиққўл майорни бошлиқ қилиб тайинлабди.   Бу галварс ишга келган куниёқ: “Чегарани ким бузса, аёвсиз отинглар!” деб фармойиш берибди, деган гап тарқалди..  Бахтга қарши денг,  Саид полвон деганимизнинг ўғли тожикистонлик бир студентни олиб ўтаётганда, аскарлар уларни ўққа тутишибди. Студент қочибди, аммо полвоннинг ўғли ўша ерда нобуд бўлди.
 “Сухсурдан йигитча эди,- давом этарди шофер. Таъзияга кўп жойдан одам келди. Болани тупроққа топширдик. Биз нима ҳам қилаолардик, бу ёғи давлатнинг сиёсати бўлса.  Орадан десангиз бир ой ўтмай, жуда ёмон гап бўлди: ҳалиги майорни отиб кетишди. Чўчқа ўқ калласидан теккан экан, ўша заҳоти ўлибди.  Ҳаммаёқ тус-тўполон бўлиб кетди. Тошкентдан, Термездан казо-казолар келишди. Энг аввал,  Саид полвонни уйини босиб, тинтув қилишди. Йўқ, милтиқ-милтиқ чиқмади.. Буни қаранг-ки, полвоннинг  ўзи Яккабоққа курашга кетган экан. Ўша ёқдан ушлашибди-ю,  кэгэбэнинг ертўласига ташлаб роса қийноққа солишибди. Аммо полвон,  худони ўртага қўйиб,  қасам ичаркан.  Нуқул: “Бу гапдан хабарим йўқ”, деб зорланаркан
Икки кундан кейин милисалар унинг уйига тағин тинтувга келишибди. Полвоннинг хотини – татаркалардан. Локинда ўзбеклашиб кетган. Ота-онаси шўролар даврида муаллим бўлиб келиб, Чўнқаймишда қолиб кетганлардан. Аёл хавфсираб, текшириб кўрса, милисалар кўрпанинг қатига наша қўйиб кетан экан. Оласолиб, тандирга ташлабди. Ҳалигилар қайта келиб кўришса, ҳеч вақо йўқ. “Янга, дебди, тинтувчиларнинг сардори, сиз биздан ҳам зўрроқ чекист экансиз”.  Шундан кейин, Саид полвонни чиқариб юборишди. Исботлашолмади. Майорни нари томондаги тоғдан туриб, тожиклар снайпер билан  отган, деган хулосага келишган экан. Бу ишни полвоннинг ўша ердаги жўраларидан бирортаси қилган бўлиши мумкин. Аммо уларни чақириб, тергов қилиб бўлмас экан-ку”.
 Ноҳақ отилган йигитчага ҳам, майорга ҳам раҳмим келди. Уларнинг ҳам бу дунёдан умидлари кўп бўлган, яшашга дахлдор одамлар бўлган-ку! Шўрлилар...
- Кейин янги командир келди,- давом этарди ҳайдовчимиз.   – Буниси: “Ўтаверинглар, фақат бегоналарга йўл берманглар”, дебди. Қайда, дейсиз, Энди Чўнқаймишда ҳамма йўловчиларни  ўтказиш ҳисобига кун кўраябди. Кўплар от, эшак сотиб олди. Қишлоқда иш йўқ. Ёшларнинг кўпи Россияга кетиб қолган.
 – Чегарада аскарлар ҳозир ҳам турадими,- қизиқаман ички бир хавотирлик билан.
- Туради, аммо бировга иши йўқ. Гоҳи-гоҳида паспортларни кўздан кечиради, холос.
- У томода ҳаёт оғир, дейишади-ку,- сўрайман.
– Ҳа, яхшимас: қишда светлари эрталаб бир соат, кечқурун бир соат бўлади.
 – Сизларда тузукми?
 – Бизда ҳам худди шундай.  У томонда эркаклар Россияга кетиб қолган.  Ворошиловда божам яшайди. Мен унга Сариосиёдан газ балон элтиб бераман. Уларда бунақа газ йўқ. “Роғун ишга тушса, бизда свет пастаянни бўлади, дейди божам. Сизга битта линия тортиб бераман.”
- Роғун хавфли эмиш-ку?
– Ҳа, хавфли...Телевизорда ҳам айтишди.
Ёз охирлаб қолган бўлса ҳам ҳаво жуда иссиқ эди ва Сурхандарёга  кирганимиздан кейин ҳароратнинг тағин ҳам ошганлигини ҳис этдик. Гармсел нафасни  қисар,  ёнбағирдаги гиёҳлар аллақачон қовжираб бўлган,   тошлар  олов пуркаётгандек бўлиб туюларди.
 Мен жимгина  ўтирган Жамиладан ҳолпурслик қилдим ва бакалашкадаги сувни унга узатдим.
- Акамнинг ўғли минага дуч келиб, ўлди,- давом этарди ҳайдовчи. Ўнинчини битирган куни жўралари билан тоққа чиққан. Аслида мина борлигини ёзиб ҳам қўйишган, аммо уларни ўт босиб кетган, кўринмайди. Бир жўраси билан лола тераётганда портлаган. Ўликни олиш апасни экан, эртаси Тошкентдан одам келиб, олиб берди. Ҳамсоя қишлоқнинг подачиси ухлаб қолиб, моллар  чегарадан ўтиб кетган. Бирнечта қўй, сигир минага дуч келган, қолгани нарига ўтган. Аммо тожиклар молларни қайтариб беришмади. Тақсимлаб олишган, ноинсофлар. Шу йил баҳорда бир чегарачи аскаримиз у томондаги қўйни оламан деб, минага портлаб кетди.
- Энди начора,- дедим шундай қилмаса ҳам бўлмас. Наша, қурол олиб ўтишлари мумкин-ку.
 – Ҳа, мумкин,- қўшилди фикримга. Аммо ҳали бирорта шунақа шумқадам портлаб кетганини эшитмадим. У даюслар қаердан ўтишни яхши билишади, чамаси.
Сариосиёдан ўтиб ҳам анча йўл босдик ва унг томондаги шўролар замонида асфалт ётқизилган, аммо ўйдим чуқур бўлиб қолган йўлда давом этдик. Машинамиз зўр бериб, баландлик томон ўрлайбошлади.
Чўнқаймиш деганлари  одатдаги тоғ қишлоғи бўлиб, уйлар пастак, бундан қирқ-эллик йил аввал ўтқазилган симёғочлар қуёш ва ёмғир таъсирида қорайиб, қийшайиб,  қолганди,  ҳар ер-ҳар ерда гиёҳ излаб юрган қорамолларнинг ориқлиги сезилиб турарди.
 Шофер бизни ўз ҳовлисига олиб борди. Аммо ҳовли кенг ва сарамжон-саришта бўлиб, зичлаб олма  ўтқазилганди.
- Икки йилдан бери сув танқис. Сой майнинг охиридаёқ   қуриб қолган эди. Чашмадан сув ташиймиз. Боғларни суғоролмадик - ҳосил оз.
Ҳайдовчининг аёли биз билан саломлашгач, дастурхон ёйди; чой, нон келтирди.
- Сизлар ўтириб туринглар, мен  ҳал қилиб келаман,- деди унинг ўзи.
- Укажон, дедим ўтинч оҳангида, тезроқ бўлинг, жанозага етиб боришим керак.
Кўп ўтмай, бир мўйловли отлиқ пайдо бўлди, унинг  ортидан  ўсмир  йигитча ҳам отда  келди. Саломлашдик. Ҳол-аҳвол сўрагач, ҳайдовчи бизни таништирган бўлди.
Янги танишим мендан жилла ёшроқ бўлиб, бу жойларда Эшим тоғбеги дейишаркан.
- Меҳмон, аввал от минганмисиз,-  савол берди  у.
- Ҳа, ёшлигимда...
- Мана бу саманга келин икковларинг минасизлар. Бу жуда ювош. Мен буниси билан олдинда юраман,- деди у.
Мен-ку осонгина эгарга чиқиб олдим, аммо Жамила қийналди. Уй бекаси  келиб,  кўтариб қўйгандан кейингина, миниб олди ва хавотирона белимдан маҳкам қучди. Биз йўлга тушдик.
Эшим тоғбеги деганлари жуда камгап  экан. Биздан ўн тўрт- ўн беш қадам олдинга ўтиб, отини ҳайдаб кетаверди. Бизнинг саман итоаткорона унинг ортидан эргашди. Аввал анча баландликка кўтарилдик. Қурғоқчилик бўлишига қарамай тоғнинг юқори қисмида яшил буталар  сероб эди, анча баландликда арчалар кўринар ва қовжираган олам ичра яшиллик кўзни қувонтирарди.
- Бу ерда ёввойи ҳайвонлар кўпдир,- савол бердим шеригимга, овозимни  андак кўтариб.
-  Меҳмон, ярамни янгиламанг,- деди у жавобан анча сукут сақлагач.
Мен ноўрин савол берганимни ҳис этиб,  ҳижолат тортдим. Кейин пастликка тушабошладик. Эҳтиёткорликни оширииб, эгарнинг бошини маҳкам  тутдим. Жамиланинг хавотири ошиб, мени қаттиқроқ қучоқлади.
Хотинимнинг белимдан маҳкам қучиб олиши дилимга аллақадай қониқиш ато этарди. Бу дунёда, уйим-жойим, рўзғорим деган, ана шу жонсўз аёлнинг мендан ўзга  яқин кишиси йўқлигини ҳис этишнинг ўзи дилга қувват берарди. Зеро, бу дунёда менинг ҳам ундан  кўра яқин ва ғамхўр кишим йўқ эди. У менга фарзандлар ато этди, оғир дамларимда мени овутди, мададкор бўлди. Аслида: эр-хотин қўш ҳўкиз, деганлари бежиз эмас. Ҳар бир кишининг рўзғор қуриши - очилмаган қўриқ. Бу  қўриқни ўзлаштириш учун омочни баббаравар тортадиган қувват керак. Яхши аёлга уйланган эркаккина бу борада бахтли бўлиши мумкин, деган хулосага келганман.
Бир маҳал аскарлар кўринди. Дилимда хавотир пайдо бўлди. Улар Эшим тоғбегига хайрихоқ бош тепратиб қўйгандан кейингина анча тинчландим.
Сойга бир арава ўтадиган йўлак қилинганди. “Огоҳ бўлинг, мина” деган ёзувга қараганда, аввал ажал уруғи шу ерга кўмилган.  Ўзбек билан тожикнинг дўстлиги  бу ярамас қуролдан, аниқроғи, нобоп рафтордан устун келиб, унинг устига  тош юмалатишган.
 Негадир, тоғ сайрига чиқиб, минага учган ўсмирни, қўйнинг ортидан қувиб, ажалга  юзма-юз бўлган аскарни эсладим, тўрт ракаат  намозни уларнинг руҳи-арвоҳига бағишлашни кўнглимга тугдим.
Бизнинг жами тоат-ибодатларимиз, яъниким ўринли-ўринсиз жонсўзликларимиз, ислоҳотларимиз инсоннинг бир томчи қонига арзимаслигига имон келтирдим.
Кейин баландликка кўтарилдик ва текис йўлга тушдик. Буёғи энди Тожикистон эди. Эшим тоғбеги бизни киракаш машиналар турган  бекатга олиб келди.
- Булар сизни Душанбега элтишади, деди.
- Хизматингизга қанча берай ,- сўрадим отдан тушгач.
- Ўзингиз биласиз,- деди совуққина  қилиб.
Унинг ҳижолат чекканини сездим.  Хизмат  ҳақини узатгач, қўшиб қўйдим.
- Кечирасиз, боя ноўрин савол бериб қўйдим, чамаси...
- Меҳмон, нотўғри гапирганингиз йўқ,- деди негадир  ўксибгина.  Бу ер аввал лесхозга қарарди. Тоғларда айиқ, архарлар кўп эди. Ёввойи чўчқалар тўда-тўда бўлиб юрарди. Бари  минага йўлиқиб, ўлиб кетди..
У шундай деди-ю,  жуда яқин кишисидан жудо бўлгандек, руҳи тушиб кетди. Мўйлови шалвираб, лаби-лунжини пастга осилтиргандан бўлиб қолди. Бечорага жуда ачиндим.
Хайрлашарканмиз, огоҳлантирган бўлди.
- Меҳмон, тожикчани биласизми?
– Биламан, биламан...
– Ҳа, ундай бўлса яхши. Буларнинг таксичилари билан милисалари жилла миллатчи  келади...
Шукурки, жанозага етиб бордик ва божамнинг тобутига елка тутолганим учун Аллоҳга беҳад шукурлар қилдим.
Биз эртасиёқ қайтдик. Божамнинг бир ўғли ҳарбийда ишларкан. У ҳужжатларни расмийлаштирди (эҳтимол, қалбакилаштиргандир) ва постдан ўтказиб қўйди.
Биз Тожикистоннинг чегара постидан осонгина ўтдик. Аммо шеригимиз Ўзбекистон чегара постида узоқ қолиб кетди.
 Мен бу ерда жуда кўнгилсиз бир  ҳолнинг гувоҳи  бўлдимки, эсласам, ҳамон вужудим зирқираб кетади.
 Биздан атиги тўрт-беш қадам нарида бир тожик жувон дод деб бақирар, нола-ю фарёди  тош дилни ҳам ўртантирарди. Аён бўлишича, у онаси билан Самарқанддан Душанбега меҳмон бўлиб келган экан. Улар аввал Тожикистонда яшашган ва нотинч  йилларда ўз она шаҳарларига кўчишга тўғри келибди. Аммо йиллар ўтса ҳам бояқишларга Ўзбекистон  фуқаролигини беришмабди. Дилсияликни кўрингки, булар бари етмагандек, бечора  онаси Душанбеда - меҳмондорчиликда бандачиликни бажо келтириб қўйибди. Чегара посбонлари эса Тожикистон фуқароси бўлгани боис марҳумни ўтказишга ижозат беришмаётган экан.  Худонинг зорини қилса, истаганча пул тўлашга розилигини айтса ҳам якровлик, тошбағирлик қилишибди!
Эҳтимол, уларни айблаш гуноҳи азимдир. Командирнинг гапини ўз қулоғим билан эшитдим. “Биродарлар, илтимос қилманглар! Тушунинглар, ахир! Қоидада шундай деб ёзилган бўлса нима қилай?! Менинг ҳам бола-чақам бор!”
  Бу шавқатсизлик юракларни эзиб юборди.  Боиси,  жувонннинг кўз ёшлари, фарёдлари тош дилни ҳам эритадиган даражада эди.
Ёввойи ҳайвонлар минага дуч келиб, қирилиб кетганидан дарди дилида тўпланиб юрган Эшим тоғбегига жуда раҳмим келганди , Аммо буниси ундан чандон ошиб тушди. Кўплар кўзига ёш олди. Энг ёмони, бу гапдан Жамила ҳам хабардор бўлди  ва “Опам ўлиб қолса, васиятини уддалолмас эканман-да” деган дард дилида тугун бўлди.
Эй, фалак!  Қисматларинг бунча мўл ва ранго-ранг бўлмаса!
  Биз Ўзбекистон ҳудудига  ўтиб, дафъатан енгил тортдик.
 Такрор айтаман, булар бари  олти йилча аввалги гап.
Бу йил энди  виза олиб, қонуний  йўл билан боришга бел боғлаган эдим. Бунинг учун биладиганлардан йўл-йўриқни обдон сўраб олдим.  Русларнинг ибораси билан айтганда, Жамилага “сюрприз” қилиш учун  билдирмай паспортини олдим ва шаҳарга бориб, чэт элга чиқиш учун  ОВР деган ташкилотдан иккала  паспортга ҳам муҳр босдирдим.
Аслида бу ҳам унчалик осон кечгани йўқ. Ҳужжатларни топшириш учун тушгача навбатда туришга тўғри келди. Тўртинчи куни борган эдим, арзимас пул эвазига муҳр босиб беришди. Энди Тошкентга бориб Тожикистон элчихонасидан рухсат олишим керак экан. Бу юмуш сал мураккаброқ ва қимматроқ бўлди. Тошкентда меҳмонхоналар ҳаддан ташқари қимматлиги учун икки-уч бор  Самарқандга қатнашга тўғри келди. Виза деган сабил қолгурни қўлга киритгач,  ҳаяжонимни жиловлаб, муҳр босилган паспортларни  хотинимга узатдим.
“Тайёрлигингни кўр, индин Душанбега жўнаймиз, дедим, босиқлик билан. Қўрқма, бу гал тоғдан ошмаймиз”. Бечора гапимга ишонмайди, денг. Унинг хурсандчилигини кўриб ўзим ҳам дилхуш бўлиб кетдим.
Ба гал йўловчи машина бизни тўғридан-тўғри Сариосиё постига олиб борди. Шу ерга келганда дилимда нохуш ваҳм ўйғонди. Ҳужжатларимдан бирор қусур топиб, кўнглимни хуфтон қилишмасин, деб хавотир тортдим. Боиси: бу ерда навбатда турган аксар одамларнинг юзи, кўзида гўёки ватанини ёв босган ёки табиий офат юз бериб, дуч келган томонга қочаётган жабрдийда қочоқларга ўхшарди. Зеро улар, инсон боласига қулоқ тутмайдиган, қулоқ тутишни истамайдиган  чегара кодексининг даққоқ ва сангдил нозирларига юзма-юз бўлишга маҳкум этилган мусофирлар эдилар. Бу шавқатсиз дарбонларнинг ихтиёрида “мумкин эмас” деган машъум чўқмор бор эди ва истаган пайтда ўша билан бошингизга тушириши ҳеч гап эмасди!   Одамлар бир-бири билан ҳазиллашмас, кўлишмас, фақат жимгина навбат кутишарди. Хотинимнинг ҳам ранги-қуви учиб кетди.
Навбатимиз келганда, Ўзбекистон томондан аввал бир  йигит билан аёл ҳужжатларимиз, юкларимизни обдон  кўздан кечирди. Ундан кейин тағин икки жойда худди шу тариқа эзмалик билан саволлар беришди,  кийимларимиз орасини эринмай титкилашди.
Оралиқда 500-600 метр келадиган дахлсиз зона бўлиб, бу жойдан фақатгина пиёда ўтиш талаб қилинарди. Бир рус жувони чап қўлида боласи, ўнг қўлида оғиргина жомадонини кўтариб кетарди. Жамиланинг раҳми келди ва югуриб бориб: “ Қизчани менга беринг, юкингиз оғир экан,” деди, русчалаб.  Аммо аёл кўнмади. Зеро,  инсон инсонга бўрига айланган бундай муҳитда бировга ишониш мумкинми?! Лекин аёлимнинг кўзига қараб олгач, унда некбинлик, меҳр кўрди, шекилли, боласини берди. Жувон олдинда юрар ва бот-бот хавотирона ўгирилиб, боласига қараб қўярди. У ҳар  гал ўгирилганда, Жамила боланинг юзидан ўпар ва ширинсуханлик қилиб  қўярди. “Бу қизчанинг қобиллигини қаранг”,  “Чиройли, одобли қизалоқ экан-да”. Тожикистон постига етиб келганимиздан кейин,  аёл боласини қўлига олди ва хотинимга қараб, нимтабассум билан бола тилидан  шакаргуфторлик қилди:  “ Тётенка  милая,  я не девочка, я - мальчик”.
Мен овозимни баралла қўйиб, қаҳ-қаҳа отдим. Атрофдагилар менга ажабланиб қарадилар.
  Бу постда  ҳам аввалги ҳол такрорланди. Уч жойда обдон текшириб, ўтказиб юборишди.
Мен иккала постда ҳам пул таъма қилишганига гувоҳ бўлдим. Аммо, эҳтиёткорлик билан синашта бўлган, яъни аввал ўтиб юрганлардан олишаркан. Демак, пора бериб, истаган нарсани, хоҳлаган миқдорда ўтказиш мумкин, деган хулосага келдим. Боя бизни олиб келган шофернинг, наркотик ёки қурол олиб  ўтувчилар ҳақида:  “У даюслар қаердан ўтишни яхши билишади, чамаси,” деган гапи ёдимга тушди.
Мурод муаллимнинг қоровулхонасида бўлган бир суҳбат ёдимга тушди. Ўшанда  Жамил домла: “Диалектика қонунларига биноан бошланган ҳар қандай нарса охирига етади. Демак, келажакда  давлатлар барҳам топади, чегаралар бекор қилинади”, деган эди.
Келажак авлод  чегара постларида бобо ва момоларининг ҳуқуқлари  хору-хасдай паймол бўлганлигини ўқиб, ажабланишса не ажаб.
Қисқаси, баридан эсон-омон ўтганимиздан кейин  чеҳрамиз очилди, Жамила ҳазил-мутойибалар ҳам  қилди. Биз Душанбегача машина ёлладик.
Бу ердаги қавмлар бизни кўриб,  беҳад ва беҳад қувонишдики, бу ҳолни тасвирлашга қалам ожиз. Жамиланинг опаси  қувонганидан нуқул йиғлади денг. Ўғиллари койиб беришига  қарамай, аёл мустақиллик билан Горбачевни лаънатлади.
Шаҳарга олиб чиқишди.  Душанбе худди  ўзимизнинг Тошкент, Самарқанддай Европа шаҳарларидан қолишмайдиган бўлибди. Кўп ошиёнли бинолар, тураржойлар қад кўтарибди, стадионлар қурилибди.
 Каминанинг тасавуримда, негадир,  бу ердагилар анча қашшоқ яшашади деган фикр ўрнашиб қолган эди. Аммо қайси хонадонга меҳмон бўлсак, ҳовлида  бир ёки иккита  чет эл машинаси турганлигини кўрдик. Бозор-у-дўконлар ҳам фаровон., арзончилик. Маош ва нафақалари билан қизиқдим - бизникидан кам эмас.
 Сиёсат ҳақида ҳам баҳс-мунозаралар бўлди. Аммо мен жим ўтирдим. Илҳом милисанинг: “Улар бизнинг фуқароларни шпион деб ўйлашади. Шунинг учун тилингизни тишлаб ўтиринг”, деган гапи ёдимда эди. Аммо айрим мезбонларнинг фикрлари дилимга ўтиришганини тан олишим керак.
“Кичик балиқлар нуқул катта балиқларга ем бўлганидек, кучли давлатлар қудратсизларини босиб олишган. Эндиликда ундай қилиб бўлмайди. Шунинг учун кичик мамлакатларга ёрдам бериш керак. Ўзбекистон бизга ёрдам берди. Очарчилик пайтлари нон билан таъминлади! Қанчадан-қанча қарзларини кечиб юборди. Аммо улар сарҳадларга мина қўйишганидан кейин, муносабатларга дарз кетди. Ҳар иккала томондан минглаб бегуноҳ одамлар минага ем бўлди! Ҳай-ҳай-ҳай! Йигирма биринчи асрда-я!”
“Тожикистонга Африкадан бирор негр келса, кафтларига кўтариб меҳмон қилишади, аммо Ўзбекистондан келса, айғоқчи деб ўйлашади.”
“Уларнинг милисалари ҳам бизнинг одамларни истаганча хўрлашади-ку!”
Икки кун юрамиз, деб чамалаган эдик, аммо бир ҳафтага қолиб кетдик. Зўрға жавоб беришди ва охирги кун чегарагача кузатиб қўйишди. Тожикистон  чегара постидан қийналмай ўтдик, аммо ўзимизнинг  посбонлар ўн долларликдан ортиқча нарса ўтказиш мумкин эмаслигини айтишди. Чамалаб кўришса,  бизга берилган совға- саломларнинг ўзи ҳам юз долларликдан ошиб қолган экан.  Нозирларнинг оч эчкидай  нигоҳларидан: “Ярмини бизга қолдирсангиз, биз ҳам инсоф қиламиз,” деган таъмани  уқиб олиш қийин эмасди. Аммо бундай қилгим келмади: барини бизни кузатишга чиққан қавмларга қайтариб бердим.
Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, Самарқандгача машина ёлладик.







Комментариев нет:

Отправить комментарий