четверг, 10 ноября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ


                                                   
                                              УЧИНЧИ ҚИСМ

                                                   Бешинчи боб

 Телевизоримиз бузилиб қолди ва уни устага элтиб бердим. “Зангори қути”га жуда ҳам  ўрганиб қолган эканмиз, кечқурунлари не  юмуш билан банд бўлишни билмай, гарангсиб қолдик. Шунда, беихтиёр китоб ўқишга киришдик.
Гагарин кўчасидаги вет дорихона ҳақида гапиргандим. Бир неча йилдан бери улардан омихта ем ва дори-дармон оламан. Дорихона бошлиғи  (Улуғбек деган йигит) “Жўжаларни парвариш қилиш” деган китобча берган эди. Жамила шу китобни топиб, ўқишга киришди. Мен эса  ўғилларим совға этган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” деган китобни қўлга олдим.
Энди  иштиёқ билан ўқига киришган заҳотим, Жамила диққатимни бўлди.
- Хўжайин, бу бройлер жўжаларнинг  еми бошқача  бўларкан-ку! Мана бу ерга  ёзиб қўйибди. Тағин, бу жўжаларнинг светини кечаси  ўчирмаслик  керак, деб ёзишибди. Сиз бўлсангиз...
- Майли, кейин ҳал қиламиз...
- Йўқ, ҳозир Улуғбекка телефон қилиб, аниқлик киритинг, деди якравлик ила. Кейин эсдан чиқиб кетади.
Дастлаб ўзимнинг  ҳам қайсарлик қилгим келди-ю, аммо бу гапларни билиб қўйишим зарурлигини ҳис этиб, телефон қилдим.
- Калвак ака, китобни берганимга олти ой бўлди,- деди. Энди ўқиябсизми?
- Ҳа, вақт бўлмади...
- Ўша ерда ёзилганларни тўла бажаринг,- деди буйруқ оҳангида.
Унга миннатдорчилик билдириб, тағин ўқишга киришдим ва Жамиладан мени қайта чалғитмаслигини сўрадим.
Китобнинг бир неча вароғини ўқиб,  ҳозиргача  Беҳбудий ва жадидлар тўғрисида  жуда юзаки маълумотга эга эканлигимни ҳис этдим.
Шаҳримизда шундай буюк зотлар яшаб ўтганлиги ва улардан бехабарлигимдан надоматлар чекдим.
“Улуғ октябр революциясидан кейин Туркистонда шахсан доҳий Лениннинг  раҳнамолигида   мактаблар, университетлар қурилди, муаллимлар юборилди,” деб ўргатишганди бизга. Ваҳоланки жадид боболар унгача ўз ҳисобларидан мактаблар қуриб, дарсликлар ёзиб, дунёвий фанларни ўргатишга киришган эканлар.
 Инқилобдан кейин ҳукумат Беҳбудийга юксак ҳурмат кўрсатиб, ул зотни Туркистон маориф вазири қилиб тайинлаган экан. Аммо  болшевикларнинг  рафтори дилига ўтиришмагани боис, муфти  ҳазратлари вазирликдан воз кечган эканлар.
 Вазирликдан-а...Умрим  бино бўлиб, вазир нари турсин, бирорта ҳокимча ёки кичик амалдор ҳам ўз вазифасидан воз кечганлигини эшитмаганман.
Зеро, бунинг учун фақат буюк Навоий ёки Беҳбудийдек ашраф бўлмоқ  талаб этилади. “Бот-бот мукофотдан воз кечиб тур”, деб ёзадилар даҳолардан бири - ибн Сино.  Эҳтимол,  сарбаланд бўлиб қолмоқ учун шундай йўл тутиш керакдир. Бунинг учун эса, энг аввало журъат, жасорат ва ғурур керак бўлади!
Энг ёмон  иллат – жаҳолат! Беҳбудий ва у киши сафдошларининг афкор оммага қарата “ўқи” дегани учун ўлдиришганини тарих кечирмаслиги керак. Шундай хулосага келдимки, у кишини  1919 йили Қаршида қатл этмаганларида ҳам 1937 йилга келиб, “халқ душмани”га  чиқаришларир муқаррар  экан. Дарҳақиқат, айнан шу йилга келиб, у кишини “буржуа миллатчиси” деб аташибди. Уч тилда газета ва журнал чиқарган, “Тўрт тилни билмоқ зарур” деб ёзган марҳум байналминал-маърифатпарварга шундай туҳматлар ёғдириш мумкинми ахир?!
Беҳбудий ҳазратлари уч бор ҳаж сафарида бўлган эканлар. Ва сафар хотираларини кунма-кун ёзиб қолдирганлар.  Мазкур кундаликлар,  худди “Бобурнома”дек,  ўша давр муҳити, одамлари, урф-одатлари ва табиати ҳақида ўзига хос ҳужжатдир. У кишининг  Туркманистоннинг Марв шаҳридан олган таассуротларини ўқишнинг ўзи кифоя.
“Марвда аҳоли аксарият ила рус, арман ва эрон таъбаларидур. Атроф  халқи туркман бўлуб, шаҳарий бўлганлари йўқ. Ҳануз қаро уй-чодирлариға тирикчилик қиладурлар. Марвда узоқдан рус калисосининг қуббаси кўринур. Атрофдаги юз минглар ила “мусулмон”ни масжиди кўринмайдур.
Йўл устундаги туркманларнинг бошиндаги узунлиги уч ярим қарич, эни ярим қаричдан зиёда телпагидан  башқа кўргу ери йўқ. Фақат  ҳануз белида аксарият ила ханжари бордур. Аммо алар ханжар ўрниға қалам тутиш замони келганини билмайдурлар...”
Беҳбудий ҳазратларининг худога этган илтижоларини ёзиб, ёдлаб олдим:
“Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират эт! Эшитар қулоқ англар ақл бер...Эй  Оллоҳи азим уш-шон! Бу магар сенинг ғазабингмидур. Авф эт, биз инсонларни! Ҳидоят эт. Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларга инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин...”
Болшевиклар бу зоти бобаракнинг мавқеидан андиша қилишганми ёки ҳурматлари баландми, ҳайтовур Қарши шаҳрининг  ўн йиллар давомида Беҳбудий номи билан аталишининг боиси менга қоронғу.
Маҳмудхўжа Беҳбудий васиятларини ўқиб, дийдамга ёш тўлди. Одатда киши  ўлими олдидан ўз бола-чақаси, зурёдларини ўйлайди. У киши: “ Маориф йўлинда ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силанглар. Туркистон болаларини илмсиз қолдирманглар!” деб зорланадилар.
 Бизнинг вилоятда колхозларнинг собиқ раислари, парткомлари ва турфа амалдорларга ўрнатилган ҳайкаллар бор. Аммо Беҳбудий ҳазратларининг ҳайкаллари йўқ экан. Бир савобталаб ижодкор Гагарин кўчасида ўз маблағи ҳисобига бу буюк зотга ҳайкал ўрнатганини эшитдим. Шунингдек, Қўшҳовуз маҳалласида у кишининг невара, эваралари рўзгурзонлик қилишини айтишди.
Ҳайкаллари пойига гул қўйиш, у зоти олийнинг қавмлари билан танишиб олишни кўнглимга тугдим. 


Комментариев нет:

Отправить комментарий