Олтинчи боб
Шанба куни, кечқурун дастурхонга фотиҳа тортилгач, Жамила одатдагидек, ҳаммамизнинг диққатимизни тортди.
- Эртага якшанба – дам олиш куни. Лекин, дам олиш йўқ. Юмушлар тўпланиб қолган. Ҳадемай, қиш келади. Шунинг учун, эрталабдан жомакорни кийиб чиқасизлар. Жўжаларнинг катагини бу ердан дачага кўчирмасак, бўлмайди. Чунки бадбўй ҳиди чиқиб қолди, пашша ҳам кўпайди. Иккинчидан, ерни тозалаш, ағдариш керак. Кечки кўкат экадиган пайт келди. Бултур қишда кўкат сотдик. Бир томонимизни кўтарди...
- Мен иккита мардикор олиб келаман,- деди Найимбек ҳозиржавоблик билан.
- Йўқ, мардикор керак эмас.- деди хотиним. Шукур, тўрт эркаксизлар. Иккита мардикор ўттиз мингдан кам олмайди, бунинг устига соат бешгача ишлайди, холос. Нима қиласизлар, синашта бўлмаган, бегона одамни даргоҳга киритиб?!
- Энди сен ҳам нуқул ҳукмингни ўтказишга зўр берма,- оила сардори сифатида орага киргим келди. Майли, иккита эмас-у, битта мардикор олиб келамиз. Ўзимиз ҳам ишлаймиз, албатта. Чунки иш кўлами каттага ўхшаябди. Жонидан...
Жамила сукут сақлади ва мен “Matiz” рулини мардикор бозор томон бурдим.
Мардикорлар турадиган жойни “Бетонка” дейишади. У Самарқанд ва Тайлоқ туманларини ажратиб турадиган кўча бўйида жойлашган. Бизнинг туман милисалари хархаша қилишса нари томонда ўтишади, Тайлоқ ментлари аралайдиган бўлса, кўча кесиб, жон сақлашади.
Машинамни аввал аёл мардикорлар ўраб олди. Уларнинг орасидан яккакифт бўлиб, эркаклар томон ўтдим ва ногоҳ Ҳикмат пиённи кўриб қолдим.
- Иш борми,- сўради у.
- Кетдик.
Бу одамни олиб келганимни кўриб, Жамиланинг авзойи андак бузилди, аниқроғи унга бу рафторим ўтиришмади. Аммо индамай қўяқолди.
Эндиликда Ҳикмат деганлари тўғрисида батафсилроқ гапирмасам, ўқувчи ҳам дилтанг бўлиши мумкинга ўхшаб қолди.
Ҳикмат деганимиз ўзимизнинг Маҳалладан. У билан ўрта мактабда бирга ўқиганмиз. Раҳматли ота-онаси қишлоқнинг анчайин бадавлат, пешқадам кишилари эдилар. Дадаси қуруқ мева тайёрлаш билан шуғулланарди. У замонлар фақат шу кишида “ГАЗ-21” деган машина бўларди.
Ҳикмат асранди ўғил эди. Ўша давр ибораси билан айтганда, уни “детдом”дан олишганди. У билан илк бор мактабда танишгандим. Тўртинчи ёки бешинчи синфда ўқирдик ўшанда. Директорнинг ўзи сочлари сап-сариқ, кўзлари кўк болани синфга олиб кирганда, уни рус деб ўйлаганмиз. Кейин дўстлашиб кетдик. Ҳикматнинг велосипеди бор эди ва бахиллик ёки тархашлик қилмай, бизга ҳам бериб турарди. Аммо ўқиши ҳаминқадар эди. Шунга қарамай, муаллимлар унга нуқул “тўрт”-“беш” қўйишарди. Ҳикмат университетга ўқишга кирди. Аниқроғи, киритиб қўйишди. Бу болада пул ҳамиша сероб бўларди ва ўзи ҳам улфатчилик, маишатнинг гадоси эди. Ўша йили уни уйлантиришди. Дўстимиз ўзларига муносиб бой-бадавлат бир оилага куёв бўлди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, халққа бир неча кун давомида тўй беришди. Мен мушакбозликни илк бор унинг тўйида кўриб, ҳайратга тушгандим.
Ҳикмат тўртинчи курсда ўқиётганда, ресторанда бир улфати билан гапга бориб қолади. Унинг беандиша жўраси Ҳикматнг иззат-нафсига тегадиган гап қилади. “Сенинг ота-онанг аслида ўрис. Ўрис бўлганда ҳам ичиб юрадиган алкашлардан! Сенинг генинг ўшаларга кетган!”дейди. Ҳикмат бу ҳақоратга чидолмай, сихкабоб тиғини унинг қорнига суқиб олади. Гарчанд ҳалиги жабрдийда тирик қолган ва Хикматнинг дадаси зарур жойларга керагича пул тўккан бўлса ҳамки, уни университетдан ҳайдашди ва қамоққа олишди.
Ҳикмат бир неча йил ётиб чиқди. Аммо у яхши томонга ўзгармаганди. Отаси яхши жойларга ишга қўяр, у эса кўп ўтмай, жуфтакни ростлаб қоларди. Бундан кўра отасининг мол-мулкини совуриб яшашни афзал биларди у. Тағин улфатчиликлар, базмлар, ресторанлар унинг севган масканига айланди.
Шунда бир муъжиза рўй бердики, бу ибратлидир ва мушоҳада қилиб кўрадиган ҳолдир.
Дадасининг бир художўй биродари: “Бу болани фақат мачит даволайди, уни менинг ихтиёримда беринг” дебди. Ота, жон деб рози бўлибди, албатта. Шундай қилиб. Ҳикмат кўз ўнгимизда мачитга қатнайдигн бўлди. Дарҳақиқат, ичишни ташлади, орадан кўп ўтмай соқол қўйди, яктак кийди, салла ўради.
Энг муҳими, бизлардек ўртача намозхон бўлиб қолмади. “Қуръони Карим” унинг қўлидан тушмас, китобнинг якчанд сураларини ёдлаб олганди. Учрашиб қолганингизда, ҳадислардан энг ибратлиларини айтиб берар ва унинг бу рафтори кўпчилика маъқул эди. Ҳикмат, шунингдек диний фарзлар ва мақомотларни яхши ўзлаштирди. Уни билиб-билмай, бузиб қўйганларга одоб ва тавозе билан эринмай тушунтирарди. Ҳикматнинг бир куни муаззинга билдирган эътирозини ўзим ҳам эшитиб қолган эдим. “Азон ва иқомат қоидаларини ўрганинг. Бомдод намози азонида “Ҳаййа алал фалаҳ”дан сўнгра икки маротаба “Ассалоту хойрум минаннавм” дейишни унутманг”, деган эди. Таҳорат ёки ғусл таомиллари ҳақида соатлаб гапирарди. Ҳикмат тасбеҳ қайтариб: “Субҳоналлоҳ, алҳамдуллилоҳ, Аллоҳу акбар”ни бот-бот такрорлаганда, вужудинг ва руҳиятингда мавҳум ва фараҳбахш бир ҳаловат пайдо бўлур эрди.
Биз у билан жума намози кунлари гоҳ Исмоил ал Бухорий, гоҳ Хўжа Аҳрори вали ёки Шоҳи Зинда масчитларида учрашиб қолардик. Бу мачитлардаги имом-хатиблар унга “тақсир” деб эҳтиром кўрсатишар, ҳисоблашишар, ҳурмат қилишарди. Назаримда Ҳикмат уларнинг жузъий ва нозик қусурларини илғаб олган; пешволар буни ошкор этилишидан хавотир тортишарди.
Бора-бора Ҳикмат пиён мулло Ҳикмат бўлди ва бошқалардан фарқли ўлароқ, саждага девоналарча қаттиқ берилди. Масалан рўза кунлари ўқиладиган Тарових намозида йигирма-ўттиз ракаат ўқирди. Рўза муддати тугагандан кейин ҳам ойлаб, кундуз кунлари оғзига таом олмай юрарди..
Кейин Ҳикмат ногаҳонда бирдан кўринмай қолди. Унинг чиллага ўтиргани, яъни қирқ кун давомида қазо, яъни умри давомида қолиб кетган раккатларни ўқиётгани аён бўлди.
Орадан кўп ўтмай, “Мулло Ҳикматнинг дами ўтир экан, у дуо билан жинниларни даволаётган эмиш”, деган гап тарқалди. Бу гапда жон бор эди, албатта. Эшиги олдидан ўтаётганимда, анчайин енгил машиналар турганлигини, улар орасида бошқа вилоятлардан келганларини ҳам илғаш қийин эмасди.
Ҳикматнинг хотини қўшни чол-кампирга квартира олиб бериб, уларнинг ҳовлисини қўшиб олди, чэт эл машинаси хариб қилди. Аммо шу орада фалокат рўй берди.
Ўша куни Ҳикмат бир жиннини дуо қилаётганда, бемор ногаҳонда унга ташланиб қолади. Ҳикмат жиннининг чангалидан чиқиб қочади. Жинни унинг орқасидан қувади. Жон ваҳимасида қочаётган Ҳикматнинг қўлига чўян офтоба илинади ва уни рақибига қараб улоқтиради. Офтоба унинг бошига тегади ва йиқилади. Жабрдийданинг отаси ёрдамга келади ва уни шифохонага олиб борадилар. Бош суяк дарз кетган экан денг, у уч кунгача ҳушига келмайди ва тўртинчи куни оламдан ўтади.
Ҳикматни тағин қамоққа олишди ва бу гал узоқ муддатга кесиб юборишди.
Ҳикмат қамоқдан келганда, ота-онаси бандаликни бажо келтирган, хотини ундан расман ажралган эди. Энг ёмони, у мулло Ҳикмат бўлиб эмас, тағин Ҳикмат пиён бўлиб қайтганди. Аёли уни уйига киритмади ўшанда. Шунда маҳалла фаоллари орага кириб, бир вақтлар чол-кампирдан сотиб олинган қўшни ҳовлига киритишди.
Ҳикмат ичмаган пайтлари хушфеъл, хушгап бўлар, одамлардай рўзгурзонлик қилиш, тағин мачитга қатнашни орзу қилар, бу ҳақда гапирар, аммо ҳар гал ичкилик бунга монелик қилар, аниқроғи иродаси бўшлик қиларди.
У ичиб олганда, батамом жоҳил, бадфеъл кишига айланар, одамлар билан даҳанаки жанг қилишни хуш кўрарди. Художўй намозхонларни кўрганда, таҳорат, ғусл таомилларини, сўрар ва уларнинг жавобларидан қониқмай, бечораларни изза қиларди. “Энг катта имом-хатибингни олиб кел, бир чўқишда қочираман”, дерди гариллаб. Бошқаларнинг ҳам бир вақтлар йўл қўйган хатоларини юзига солишдан қайтмасди.
Аниқроғи, ўзининг амалга ошмаган орзу-армонлари, истиқболлари алами, ўчини дуч келган кишидан олиш пайида бўларди. У забун ҳолатидан ор қилар ва бунинг айбини арақдан эмас, атрофдагилардан кўрарди.
Бу хунук қилиқлари учун бир-икки бор тутиб, дўппослашди ҳам. Аммо фойдаси бўлмади.
Ҳикмат пиён эндиликда мардикор бозорга чиқади. Бир кун ишлаб топгани унга бир ҳафтага етади. Кейин ароққа бўлган тоқат қилиб бўлмас ташналик уни тағин мардикор бозорга етаклайди.
Бундан уч йиллар муқаддам Ҳикмат мардикор бозорда бир аёл билан танишиб, унга уйланди ҳам. Хотини - тоғдан келган, гўл ва бефаҳмгина аёл. У аввалги эридан фарзанд кўрмаган экан. Ҳикматдан эса ўғил кўрди. Шунинг учун бўлса керак, эрини ўлгудай яхши кўради. Уни жуда донишманд одам деб ҳисоблайди. Аёл одамларнинг хизматини қилади: кимнингдир кирини ювади, бошқа бировнинг томорқасини ўтоқ қилади. Топган пулига эрига ароқ олиб келади. Бу галварс бўлса, маст бўлиб, бечора аёлни дўппослайди.
Хуллас, шунақа гаплар.
Ҳикмат иш бошлашдан олдин бизга маслаҳатлар берган бўлди.”Дачада жўжаларни мушук илиб кетмаслиги учун сеткани баланд қилиш керак. Бу сеткаларинг пастлик қилади.”
Ўйлаб қарасак, у ҳақ. Биз симтўрнинг иккитасини бирлаштирадиган бўлдик. Дачага борганимиздан кейин эшик қулфига имлаб, тағин маслаҳат берди. “Бу қулф ярмайди. Араблар уни бузиб, жўжаларни кўтариб кетиши ҳеч гап эмас!”
Унинг бу маслаҳати ҳам маъқул тушди. Тушлик олдидан андак сирли, дўстона оҳангда давом этди.
- Менга қара, сен билан бирга ўқиганмиз. Неча йиллик дўстмиз. Тўғрими?
– Тўғри.
Ундай бўлса, томоғимни тақиллатма...
- Уйда арақ йўқ, дедим. Бизда ҳеч ким ичмайди.
- Майли ўз ҳисобимдан юз граммга пул бериб тур, мен буфетга бориб келаман.
Мен Жамила сезиб қолишидан хавотир тортиб, истамайгина унга пул узатдим.
- Хотинингдан қўрқаябсан-а. Яхшимас...
У кўп ҳаялламади. Аммо энди рафтори ўзгача, гаплари катта ва нописанд эди. Арақ уни шерга айлантирабошлаганди. Ишининг ҳам баракаси учабошлади. Ишлашдан кўра кўпроқ ақл ўргатишга ўтабошлади.
- Эр дегани бузоқ бўлмаслиги керак! Яънеким, хотин қаерга қоқиб қўйса, ўша ердан кетмайдиган. Мен хотинимни қулочкашлаб соламан. Жойидан туриб: ”Майли, уринг, уринг” деяверади. Кейин урмайман. Хотиним барлос уруғидан. “Мен ўзбек эмас, туркман,” дейди. “Санга ким қўйибди, гариллашни”, дейман.
Бу гапларни менга шаъма қилиб айтаётганини фаҳмласам ҳам индамадим. Аммо унинг бу беандиша валдирашини ўғилларим, хотиним эшитишидан хавотир тортабошладим.
- Зонада ҳам намозхонлар кўп эди. Бари орқамда туриб, итоаткорлик билан саждага бош қўярди. Аммо мени шайтон йўлдан урди: ичиб қўйдим. У ерда Емель дегани бор эди. Шоҳона яшарди. Истаган пайтида шаҳар айланиб келарди. Мени жуда ҳурмат қиларди. Хуллас, у билан яқинлашиб қолдим. Бир бор мени ҳам зонадан олиб чиқди. Тоза либослар кийдим, кейин ресторанга кирдик. Нимлуч бўлиб, рақс тушаётган қизга: “Кел, бунинг тиззасига ўтир”деди. Кейин ҳалиги қиз келиб, тиззамга ўтирди.
Унинг баҳаёларча валдирашидан хотиним, ўғилларим олдида ноўнғайлик сезабошладим.
Бу галгиси эса ундан ҳам ошиб тушди:
- Менга қара, нега сен светни ўғирлайсан. Виждонинг борми? Мен давлатнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмаганман! Ҳар ойнинг охирида ўзим элтиб бераман.
У аслида ҳақ эди. Шунинг учун бирор нимарса деёлмадим. Лекин мана бу давоси суяк-суягимдан ўтиб кетди.
- Прокурор ўлганда, гўрига кирган эдинг, жуда куюнгандинг. Шунинг эвазига хотини дачасини санга қолдириб кетди.
Унинг бу бадбўй гапидан: ”Сен айнан, унинг дачасини қўлга киритиш учун ўзингни садоқатли қилиб кўрсатгандинг,” деган ҳақоратомуз туҳматни уқиб олиш қийин эмасди. Ғазабимни зўрға жиловлаб турганимда, Жамила руҳиятимдаги ўзгаришни сезиб қолди.
- Ҳа, тағин сариқлигингиз тутаябдими, - деди менга рўпара бўлиб. Энди бу алкашга силиққина жавоб беринг, токи, дилсиёҳлик қилмасин!
- Ҳикмат,- дедим шундан кейин, қаҳримни босиб, мана буни ол-у, уйинга жўна! Қолганини ўзимиз қиламиз.
- Мен пулни санамайман – сенга ишонаман. Сен дўстимсан,- деди ва кетиш олдидан хотинимга мурожаат қилди.
- Янга, яна хизматлар бўлса, пулни бегона қилманглар! Биз хизматга тайёр!
- Хўп, хўп,- деди хотиним ундан тезроқ халос бўлиш илинжида.
- Биз Калвак билан бирга ўқиганмиз. Дўстмиз.
- Яхши, яхши.
- Менинг хотинимни танийсиз-а?
- Ҳа, ҳа...
- Тоғлик барлослардан. “Мен ўзбек эмас, туркман”, дейди каллаварам.
У чиқиб кетгач, Жамила мени жиддий койиди.
- Шу дардисарни олиб келасизми? Нимага керак эди?! Нимага?!
Мен анча сукут сақлагач, ўзимни оқлаша киришдим.
- Қадимги рим оқсуяклари бир нечта қулга роса май ичириб, саҳнага чиқаришаркан. Кейин бу бадмастларнинг хурмача қилиқларини мириқиб томоша қилишган. Нега бундай йўл тутишганини биласанми? Одамлар, ичкилиб нимага олиб келишини кўрсин, фикрласин, сабоқ чиқарсин, деб шундай қилишган, албатта. Мен ҳам ўғилларим мушоҳада этсин, бирни кўриб шукр, бирни кўриб фикр қилсин, деб уни олиб келган эдим, дедим.
Жамила бу гапимга ишонди. Сўнг Найимбек томон ўгирилиб, унга ҳам кўрсатма бердим.
- Эртага монтёрни топиб кел, симни счетчикдан ўтказсин. Дуч келган ҳардамхаёл айбимизни юзимизга солиши яхши эмас!
У маъқул ишорасида бош тебратиб қўйди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий