четверг, 1 декабря 2011 г.

ЛЎЛИ МОМО



   "Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан


Хонадонимизга кириб-чиқадиган кишиларнинг аксариятини тилга олиб ўтган эдим. Хоҳишингиз бўлса, бугун шулардан бири – Лўли момо ҳақида бақамтироқ ҳикоя қилмоқчиман. Бу кампир ойда бир ёки икки бор келади. Қишда эса камнамо бўлиб кетади.
Мен ҳар гал бир нарсадан жуда ажабланаман: уйимиздагиларнинг бу аёлга бўлган муносабатларида киборларча нописандлик яққол сезилиб туради. Масалан, уйимизга балонли газ тарқатадиган киши келиб қолса ўзларини қўйишга жой топишолмайди. Тўрдан ўрин кўрсатиб, қуюқ илтифотлар қилишади. Бувим унга пул берадилар, дуо қиладилар. Дадам ҳам у билан ҳисоблашадилар. Солиқ йиғадиган Конторчи амаки ҳам бизнинг ҳовлида ўзини ҳокимдай тутади. Ҳар гал томорқамизни ўлчаш зарурлигини шаъма қилиб қўяди. Шунда бувим нолиб қоладилар, ўғилларига иморат қуриш учун ер зарурлигини айтиб зорлангандай бўладилар, қимматчилик йиллари колхозда ишлаганликларини ҳам гап орасида қисдириб ўтадилар.
Лўли момо масаласида эса... айтмай қўяқолай. Ўринларидан ҳам туришмайди, калондимоғлар. Худди шундай бўлиши керакдай, Лўли момо ҳам пойгакроқда  ўтириб олади. Бувим каравот устидан туриб саломлашиб қўяқоладилар. Лўли момо кексаликдан шикоят қилади. Гуёки биз гиналаётганимиздай бедарак бўлиб кетгани учун узр сўраган бўлади. Сўнг ёшларни ғийбат қилади.
– Лўлини худо тиланчилик учун яратган. Локинда ёшларимиз урф-одатларимизни писанд қилмай қўйишди. Қизларимиз тожикларга, ўзбекларга тегиб кетишяпти. Худонинг қаҳри келади, қаҳри келади...
Ҳа, замонида, – дейдилар бувим юмшоқроқ қилиб. Унга жон киради. Ўғиллари топармон-тутармонлиги билан мақтаниб олгач, айрим қишлоқдошлари тўйига ароқ қўйганини, бир енгилтак аёл эркаклар даврасига тушиб рақс қилганини айтиб беради.
Ҳа, замонида, – такрорлайдилар бувим. Бир гал моможоним у кишига ўша Маликаи Хубон деган китобларидан бир неча вароқ ўқиб бердилар. Лўли  момо зор-зор йиғлади. Бувимнинг раҳмлари келиб, кетишда анчагина мева-чева бериб юбордилар.  
Бир воқеа бўлди-ю  уйимиздагиларнинг Лўли  момога муносабати ўзгариб қолди. Бир куни у киши анча башанг кийиниб келдилар.
– Кенжа ўғлимни уйлантиряпман, – дедилар тантанавор оҳангда, – сизларни тўйга айтгани келдим. Ахир, қирқ йилдан бери даргоҳларингга кириб-чиқаман! Хабар қилмасаларинг ҳамки, бирорта тўй-маъракаларингдан қолганим йўқ.
Оҳирги жумладан дадам ҳижолат бўлиб кетдилар. Шунинг учун бўлса керак Лўли момонинг сўзини бўлдилар.
– Бўлди, бўлди! Ҳаммамиз борамиз!   
Аммо тўй куни биринчи бўлиб бувим бош тортиб қолдилар.
– Келиб-келиб Лўлининг туйига борарканманми?! Кимсан Искандарбекнинг авлодиман. Ана шу колхозингни ярми дадамнинг замини бўлган. Ҳар ким ўзига муносиб жойга борсин! Хеш ба хеш, дарвеш ба дарвеш. Борсанг, боравер, лекин бошимизни қотирма, – дедилар дадамга.
Ўзга гапга ҳожат қолмаганди. Аммо шунга қарамай дадам ўзларича ташвиқот қилакетдилар.
– Эски замонларда Лўлиларни камситишган. Ҳозир улар ҳам ишлашяпти, ҳуқуқи тенг. Ўзбеклар, тожиклар қиз олиб, қиз беришаётган экан.
Ҳой, манга қара, – сўзларини бўлдилар бувим,– Лўли  момонг намоқул қилибди – ҳеч қайси ўзбек билан тожикнинг мияси айниган эмаски, қизини чиқариб лўлига берса! Майли ўғлинг катта бўлса, лўлидан уйлантир, лекин бизни тинч қўй!
– Сиз эски замоннинг одамисиз.–жеркидилар дадам.
Ҳа, тезроқ Лўлининг тўйига бор! Янги замон одами кечикмаслиги керак, – кесатдилар бувим. Дадам чиқиб кетгандан кейин ҳам у кишини роса айбладилар.
Дадам тўйдан жуда кеч, аммо аллақандай сархуш кайфиятда қайтдилар. Таассуротларини ойимга эҳтирос билан гапириб бердилар.                                 
– Мен у ерда Лўлилардан чиққан бир олим билан танишиб қолдим. Унинг айтишича, лўлилар аслида Покистоннинг Мўлтон шаҳридан келиб қолишган экан. Тажовузкор душман босиб олиб, мўлтонликларни ер юзига сочиб юборибди. Бир донишманд айтган экан: ватанидан айрилган – ҳамма нарсасидан ажрайди. Бу шўрликлар ҳам ҳамма нарсасидан ажралиб, тиланчига, фолбинга айланиб қолибди. Ҳозир бир-ярим кексаларигина тиланчилик қилишаркан.
Дадам лўлилардан чиққан анча-мунча машҳур кишиларнинг номини тилга олдилар. Тўй зўр ўтганини роса мақтадилар. Эртаси бувимга ҳам бу тафсилотларни эҳтирос билан гапириб, у кишининг шафқат томирчаларини уйғотишга ҳаракат қилдилар. Бувим ҳам бу гал дадамни жеркимадилар – жимгина ўтирдилар. У кишининг ана шу сукутларида ички бир баҳсу-мунозара зоҳир эди.
Орадан бирор ой ўтгач, Лўли  момо тағин келди. Бу гал ҳаммалари ўзгача илтифот кўрсатишди. Бувим ҳам ўринларидан туриб, кўришиш учун қўл чўздилар. Лўли  момо ҳаяжонланиб қолди.
– Янги келин тузукми, хизмат қиляптими, – сўрадилар бувим.
– Хизмат қаёқда дейсиз, – одатдагидек шикоятомуз гап бошлади Лўли  момо, – фабрикада ишлайди. Би-и-ир маҳал кириб келади. Буниси ҳам майли: ўғлимга айтибдики, онанг у ёқ-бу ёққа чиқадиган бўлса, бу даргоҳни елкамнинг чуқури кўрсин!
Бу гал узоқ гаплашишди. Аммачам ҳам дастурхонни ўзгача қилиб безадилар. Хайрлашиш олдидан эса бувим анча меҳрибон оҳангда илтифот қилдилар.
– Энди, тўйга боролмадик, айланай, қирқ йиллик қадрдонмиз. Мана бу – келинга совғамиз. Арзимас...
У киши шундай деб Лўли  момони қўлтигига қоғозга ўралган атлас қисдирдилар. Лўли  момо негадир йиғлаб юборди. Бувим буни гуё кўрмагандай, тез-тез келиб туришни, келинни ҳам олиб келишни тайинладилар.


Комментариев нет:

Отправить комментарий