УЧИНЧИ ҚИСМ
Еттинчи боб
Мусофир бўлмаган, мусулмон бўлмас, дейишади. Жамила иккаламиз бир йилча мусофирлик жабридан ҳам бенасиб қолмаганмиз. У кунларни эсласам: “Вой, бечора жоним,” дегим келади. Дарҳақиқат, машаққатли йиллар эди.
Бизда янги рўзғор соҳибларини “наврўзғор” дейишади. Бу ёшлар, катталар мададига, айниқса, камбағалроқ бўлса, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга жуда муҳтож бўлишади. Ҳарҳолда, Жамила иккаламиз жуда ҳам зориққанмиз ўшанда.
Саховатпеша кишилар, энг аввало ана шундай наврўзғорларга мадад қўлини чўзишса, жуда эзгу иш бўларди ва улар бу яхшиликни бир умр ёдларидан чиқаришмайди. Бу борада ўзим Кенгисбай деган қозоқ чолдан бир умр миннатдорман ва ундан ибрат олиб, кейинчалик бир неча наврўзғорларга бепул жўжа берганман.
Мен Жамилага шўролар даврида уйланган эдим. Ишдан кетиб, камхарж, ҳаттоки анча-мунча қарздор бўлиб юрган пайтларим эди ўшанда. Отам оламдан ўтган, ойим ҳам касалванд эди. Акам туман газетасида ишларди. У ўқимишли, ҳалол, инсофли, лекин арзимас маош ҳисобига кун кечирарди. Аммо унинг мақсади бор эди, яъни партияга (коммунистик, албатта) ўтиш орзусида яшарди. Локинда мен унинг хотини, яъни янгам билан саломлашмай қўйгандим. У бир бор ойимга ҳурматсизлик қилгани боис кўнглим қолиб кетган эди.
Ўша йили акам орзусига эришди – партияга қабул қилишди ва редактор ўринбосари вазифасига кўтарилди. Бу ҳолдан у беҳад қувонганига гувоҳ бўлганман.. Раҳбарларга анчайин яқинлашди, шекилли, томарқа ери ҳам беришди. Янгам мени ўша ёққа иморат қилиб чиқишим тарафдори бўлса ҳамки, акам бунга кўнмади. “Таомил бўйича, катта ўғил кўчиб чиқиши керак”, деб ўзи қурилишни бошлаб юборди. Мен ҳам қараб ўтирмадим: эрта баҳордандоқ, ўша ерга бориб, лой қоридим, бетон қуйдим. Иморатнинг деворини тиклагач, акам камхаржлиги сабаб, том ёпишни келаси йилга қолдирди. Шу билан бирга менга ҳам ғамхўрлик қилди – мутахассислигим ( веттехник) бўйича иш топди.
- Қизилқумга борасан,- деди, у ерда “Партия ХХП съезди” совхози бор. Қоракўлчилик билан шуғулланади. Район марказигача автобус билан борилади, Совхозга тағин бошқа автобус бораркан. Бош ветврач Мухторов деган киши. Биз у билан бирга ўқиганмиз. Мен гаплашдим: сени ишга оладиган бўлди. Шароит оғир шекилли, аммо ишлаб тур, тағин бир гап бўлар. У ерда партияга тез қабул қилишаркан. Ўтиб олсанг, уёғи рўшнолик.
Ҳарҳолда қўйчилик мен учун янгилик эмасди: эсимни таниганимдан бери ҳовлимизда тўрт-бешта, гоҳида ўнтагача қўй боққанмиз. Аваллари эрталаб, кечқурун уларни ўтлатиб келардим, Кейин атрофда иморатлар қад кўтарди, ўтлоқлар тугади ва қўйлар ҳам камайди.
Техникумда ўқиганимда, бир бор Нуротадаги қоракўлчилик совхозига амалиётга ҳам олиб боришганди. Саҳрода ишлаш ҳар кимнинг қўлидан келмаслигини ўшанда обдон ҳис қилганман.Аммо, айни маҳал оиламни тиклаш учун ҳар қандай синовга шай эдим. “Партияга ўтиш” масаласи эса мен учун мавҳум истак эди, холос. Аммо бир оз пул топиб, эскироқ бўлса ҳамки, инкубатор сотиб олишни кўнглимга туккан эдим.
. Бир вақтлар паррандачилик фабрикасининг инкубатор бўлимида ишлаганимни айтган эдим, Ўшанда инкубаторни обдон ўрганган ва кичикроғини харид қилиб, пул топишни орзу қилгандим.
Мухторов деганлири акам тенги бўлиб, ўзи паканароқ булса ҳамки, бу ердагилардан кийиниши, ўзини тутиши билан фарқланарди. Аммо ўзгаларга нисбатан нописандлиги ҳам манаман деб турарди. Бу ерда у билан ҳисоблашиб ишлашларини фаҳмлаш қийин эмасди.
Мен анчайин хавотир аралаш акамнинг саломини етказдим, муддаомни тушунтирдим. У оилавий шароитим, қаерда ишлаганимни сўради.
- Аммо, айтиб қўяй бу ерда ишлаш осон эмас. Бир ҳафта ишлаб, қочиб қолганлар анчагина бўлган.
У амалдорларга хос оҳангда анча гап уқтирди. Мен енгил тавозе билан маъқуллаб турдим.
- Сен шошмай тур, мен қоғозларга қўл қўяй, ўзим олиб бораман,- деди охирида.
Тағин бирор соатлардан кейин унинг машинаси билан йўлга тушдик.
–Мен сени бир қозоқ бобойнинг отарига биркитиб қўяман, ўша билан ишлайсан,-деди.
Биз йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Саксовул ва исириқлар ўсиб ётган, кета-кетгунча қум барханлари ястанган яйловдан ўтиб, бир ўтовга етиб бордик. Ўтовнинг олд қисмида лойдан уй ҳам қурилганди. Бир нечта чўпон итлари бир томон вовуллаб югуриб келишди. Аммо Мухторовни кўриб, думларини ликиллатишди. Энг аввало диққатимни тортган нарса – қудуқдан сув тортаётган туя бўлди. Қарийб эллик метрча келадиган арқоннинг бир учи қудуқдаги катта челакка биркитилган бўлиб, нари учи жониворнинг бўйнига боғланганди. Туя сўқмоқ бўйлаб оҳиста юрар ва челак ташқари чиқиб, суви бетон охурга тўкилиши билан орқага қайтарди. Пақир тағин қудуққа тушарди.
Ўтовдан кўзлари қисиқ пакана, чўққи соқоли сийрак муйсафид чиқди. Шеригим билан қозоқчалаб алланималарни гаплашди. Мухторов мени томон имлаб, нималарнидир уқдирди. Улар бир-бирини “сен-сен”лаб гаплашиши менга ғалати туюлди, аниқроғи, дилимга ўтиришмади. Кейин шеригим мен томон ўгирилди.
- Шу одам билан ишлайсан. Нима иш қилишни ўзи буюради. Отделениедан бу ерга қатнашинг керак. Юр, энди мен ётоғингни кўрсатаман.
Биз орқага қайтдик. Бўлим деганлари ўнга яқин идора ва хонадонлардан иборат жўнгина қишлоқ эди. Тан олмоқ керак, бу ер жуда файзсиз бўлиб, лоақал бирорта дарахт ёки кўкат кўзга ташланмасди, Идора олдида қобирғаси бўртиб турган қорамоллар, қўйлар ўтлаб юрарди.
Биз пештоқига “Ветпункт” деб ёзилган бино қаршисида тўхтадик. Мухторов чўнтагидан калит чиқариб, эшикни очди. Ичкаридан креолин деб аталадиган бадбўй дори ҳиди димоғимга урди. Чап томондаги хоначага кирдик. Бу ерда кроват, стол стулдан ташқари ветеринария дори дармонлари ҳам қалашиб ётарди.
- Мана шу хонада яшайсан. Умуман пунктнинг хўжайини ўзинг. Мен раисга айтиб қўяман: шароитингни созлаб беради. Сендан илгари бир бола келиб, олти ой ишлади-ю, қочиб қолди. Яхши бола эди. Аммо хотинини олиб келгандан кейин аёли уни йўлдан урди. Шунинг учун хотинингни олиб келишни маслаҳат бермайман Бу шароитга фақат эркаклар билан қозоқнинг аёли тоб бераолади.
Мухторов чиқиб кетгач, ёлғиз қолиб, дилим ўксиди. Мендан олдин келиб, олти ойдан сўнг қочиб қолган бола кўз ўнгимга келди. Беихтиёр, Жамилани ўйладим. Бу шароитни кўрса, менга ачиниб кетар, шўрлик...
Хонамдаги дори дармонларни бошқа ёққа кўчирдим. Идора олдидаги цистернадан сув келтирдим, ҳул латта билан дераза, полларни артиб чиқдим. Кейин дўкондан егуликар олиб келдим. Кечга яқин мени раис, яъни бўлим бошлиғи йўқлаётганини айтишди.
Бу одам эллик ёшлар атрофидаги, тўладан келган ўзбек бўлиб, мени илиқ кутиб олди. Танишиб олганимиздан кейин, меҳрибон оҳангда:
“Мухторов сен ҳақингда гапирди, деди. Нима керак бўлса, тортинма. Шароитингни яхшилаб берамиз. Шу Кенгисбайнинг қўйларига қарасанг бўлди. Мотоцикл ҳам топиб берамиз.
Шу тариқа фаолиятимни ҳам бошлаб юбордим. Эрталаб ўтовга бораман, Ишнинг эса ҳисоби йўқ. Дастлабки бир ҳафта давомида қўтир қўйларни ажратиб, дори суртиб чиқдм, кейин юқумли касалликларга қарши вакциналаш бошланди. Шу орада раисниннг топшириғи билан туман марказига бориб, “Зооветснаб” деган идорадан қўйларнинг қўлоғига тақадиган номерли ҳалқалар билан гелминтларга қарши препаратлар олиб келдим.
Кенгисбай ота ҳақида гипирадиган бўлсам, у кампири ва ёлланма чўлиқ бола билан тирикчилик қиларди. Икки ўғли Қозоғистонга ишга кетганлиги, улардан бири жуда бойлигини айтишди. Ҳафта-ўн кунда қозоқчани тушунадигн, оз-моз гапирадиган ҳам бўлдим.
Тушлик ва кечки овқатни бирга қилардик. Дастурхонда қўй гўшти ва нондан бўлак нарса қўйилмасди. Кенгисбай ота деганимиз етмишдан ошган бўлишига қарамай, арақ ҳам ичар ва бундай пайтда кўп гапирар, жоҳиллиги ҳам, меҳрибонлиги ҳам чандон ошиб кетарди. Қозон ва дастурхон атрофида итлар давра бўлиб олишар ва муруввват кутишарди. Уларнинг олғирроқлари тап тортмай дастурхон устидаги нон ёки гўштни илиб кетишдан ҳам тойишмасди.
Мухторовнинг ўзи ҳам, шу жумладан, раис, партком ҳам Кенгисбай отанинг жаҳлидан андиша қилишар, у билан эҳтиёкорона муомалада бўлишарди.
Икки ойлардан кейин Мухторов билан раисдан рухсат сўраб, уйга бориб келадиган бўлдим. Эҳ, Самарканд замини! Жаннатмакон ўлка. Тоза сув, муътадил ҳаво, истаган мева-чеванг муҳайё! Бунинг устига, қадрдон одамларинг орасидасан. Аммо бу ердагиларга шароитимдан нолимадим, Зеро бунинг фойдаси йўқ эди. Аммо Жамила: “Эр қаерда бўлса, аёли ҳам ўша жойда бўлиши зарур – сиз билан бораман” дегандан кейин, бор гапни бўямай-бежамай гапирдим. Ичадиган сувнинг шўртамлиги, мева-чевадан нишон йўқлиги, иссиқ гармсел ва тинимсиз кўчиб юрадиган қумларга урғу бердим. Шунда ҳам у фикридан қайтмади. Ноилож қолиб, бу гал келганимда олиб кетишга сўз бердим.
Бу гал келганимда Жамила шай бўлиб турган экан. Ўзим ҳам севимли жуфти ҳалолимсиз ҳаётим кемтик бўлишига ишонч ҳосил қилган эдим, Табиийки, у ҳали келинчак эди ва бундай пайтда кўнгли, шаҳарнинг серҳашам дўконларни кезиш, томоша ва концертларга боришни кумсарди. Бу ҳол мени ўкситарди
Мен эрталаб кетиб, бир маҳал қайтганимда, аввал меҳр билан бағрига босар, сўнг дастурхон ёярди. Шоирнинг: “Инсонга жуда кўп нарса керакмас, Уни уйда кимдир кутиб турса бас” деган мисраларини эслардим бундай пайтда.
Шу орада қўйларда нохуш касаллик пайдо бўлди. Туппа-тузук ўтлаб юрган қўй турган жойида уч-тўрт бор айланиб йиқиларди-ю, ўлиб қоларди. “Буни духтурлар “вертушка”, дейди тушунтирди Кенгисбай ота, миясида қурт пайдо бўлган. Қолганларини ҳам укол қилиш керак!
Мен енг шимариб, профилактикани бошладим. Эртаси отарга Мухторов келиб қолди. Касаллик ҳақида гапирганимда, энг аввало, нечта қўй нобуд бўлганлигини сўради. “Кечадан бери учтаси ўлди” жавоб бердим. “Акт туздингми” сўради у. “Йўқ” “Бугуноқ ўн бешта қўйга акт туз”, буюрди у.
Шу орада Жамила оғироёқ бўлиб қолди. Биз иккаламиз бундан беҳад қувондик ва шу билан бирга хавотир ва масъулиятимиз ҳам чандон ошди. Уни Самарқандга элтиб қўймоқчи бўлганимда, тағин рози бўлмади.
Менинг юмушларим кўпайгандан кўпаяр, кечқуран ҳолдан тойиб қайтардим. Бир куни Жамила помидорга кўнгли кетганини изҳор этиб қолди. Мен Абдулла Қаҳҳорнинг “ Анор” деган ҳикоясини ўқигандим ва аёл бошқоронғу бўлса, уни топиб бериш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини тушунардим. Шунинг учун ишга бормай, қарийб юз километр узоқликдаги марказга йўл олдим. Бозордан помидордан ташқари, мева-чева харид қилиб, хонамга қайтдим. Жамила бу меҳрибончилигимдан ийиб кетди.
Эртаси ишга борганимда, Мухторов дағдағасини бошлади.
- Менга қара, ҳой жипириқ, деди. Нега жойингда йўқсан? Хотинингни олиб келма, деб тайинлаган эдим-ку! Мана ман ўн йилдан бери бир ўзим яшайман! Бало ургани йўқ! Хотин, бола-чақам шаҳарда.
Мен индамай қўяқолдим.
Тағин ишга кўмилиб кетдим. Суъний қочириш мавсуми бошланди ва бу машаққатли юмуш мадоримни оларди. У пайтларда совлиқларга СЖК препарати укол қилинарди. Натижада совлиқ бир ўрнига, икки-учтадан қўзи берарди. Уларнинг бари териси учун сўйиларди ҳам. Ана шу препаратни қўллаш ҳам менинг зиммамга юклатилганди.
Бир куни Кенгисбай ота савол бериб қолди. “Мухторов сенга пул бердими?” “Йўқ!” “Падарига лаънат бу амалдорларни”, деди қаҳр билан, барининг нафси ўпқон. Ўша сен акт қилган қўйларнинг ярми саники. Тўхтаб тур, ўзим олиб бераман.” “Қўяқолинг”, дедим бош ветврач билан муносабатимиз баттар чигалланмаслигидан чўчиб.
Совуқ кунлар бошланди. Бу ернинг ёзи ҳам қиши ҳам қаттол. Уйчамизга печ ўрнатдим, идорадан саксовул беришди.
Бир куни ишдан келсам, Жамиланинг ранги учган, кайфияти нохуш. “Ҳа, тинчликми” сўрадим хавотир аралаш. “Мени духтурга элтинг, қон келаябди”деди у. Зудлик билан мотоциклнинг орқа ўриндиғига миндириб, совхоз марказидаги мед пунктга олиб бордим. Аммо бу ерда аёл доктор ёки ҳамшира йўқлиги учун Жамила орқага қайтишимизни сўради. Ўша тунда маъшум ҳол рўй берди: унинг боласи тушди. Иккаламиз ҳам ухламадик. Бечора жуда азоб чекди. Унга раҳмим келиб, ўзим ҳам дийдаларимни тиёлмадим.
- Азизим, бу дўзахдан кетамиз! Менга партия билети ҳам, пул ҳам керак эмас! Ўша ерда ҳам кунимиз ўтади, дедим.
Эртаси Кенгисбой ота билан ҳайрлашгани борганимда, у надомат чекди.
- Тўхта, деди охирида, мен Мухторовдан пулингни ундириб қўйган эдим, Шуни ол!
Йўл-йўлакай у берган пулни чамалаб кўрсам, инкубатор олишга етадиган. Бу ҳолдан жуда қувондим.
Биз ўша куниёқ кўч-кўлонни кўтардик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий