УЧИНЧИ ҚИСМ
Саккизинчи боб
Мурод муаллимнинг қоровулхонасига ўтмаганимга бир ойдан ошиб қолди ва уларнинг суҳбатларини анчайин қумсагандим. Кечки маҳал унинг эшигини қоқдим. Бу ерда муаллимдан ташқари Жамил домла билан Самандар ҳам келишган экан. Бу гал арақ ичишмади, карта, нарда ёки шахмат ҳам ўйнашмади. Бақамти гаплашиб ўтирдик.
Самандар, меъмор бўлганлиги боис, Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаш комиссиясида аъзо бўлган экан. Шу ҳақда ҳикоя қилди ва бу – мен учун янгилик эди. У етти муъжиза рўйхатини намойиш қилди ва мен уни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.
1, Самарқанддаги Регистон мажмуаси
2,Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси
3,Самарқанддаги Шоҳи Зинда ёдгорлиги
4, Бухородаги Минори Калон
5. Самарқанддаги Бибихоним мадрасаси
6.Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси
7 Тошкентдаги Алишер Навоий номли опера ва балет театри биноси
Ундан кейинги ўринларда Бухоро арки, Амир Темур мақбараси, Тошкент телеминораси ва ҳакозо.
х х х
Лекин бундан ҳам қизиғи, Жамил домланинг ҳикояси бўлди. Унинг илк муҳаббати сардафтарини сукут сақлаб тингладик. Бу мароқли саргузаштни унинг ўз номидан ҳикоя қилмоқчиман.
“У вақтлар дадам бизни ташлаб кетган ва шаҳардаги кўп қаватли уйда ойим, синглим уччаламиз яшардик. Мен университетга ўқишга кирдим ва уни битирганимдан кейин Фориш туманига ишга йўлланма беришди. У замонлар таомил ва талаб шунақа эди – юборилган жойга бориб, икки йил ишлаш талаб этиларди. Форишдаги мактабда тарихдан дарс берганман.ва бу ҳаётимдаги бағоят муҳим саҳифадир.
Район марказидагилар: “Баллосон қишлоғига борасиз, ўша ердаги мактабга муаллим керак,” дейишди. Кейин қишлоққа бориб, дўмга учрашишимни маслаҳат беришди. Бу отахонни сифатлашди, аввал дўм бўлганлигини, Тоғай турк, капиталист, чавандоз деб аталишини ҳам қисдириб ўтишди.
Отахон саксонларни қоралаган бўлиб, мошгуруч соқоли ўзига ярашган, сипо ва художўй одам экан. У киши қишлоқ оқсоқоли бўлиб, ҳурмат қилишар, ҳисоблашишар экан. Тоғай бобо ўша куниёқ менга ўз уйидан хона ажратиб берди.
Бу рўзғор ҳақида сўз юритадиган бўлсам, улар оила бекаси, икки ўғил, уларнинг хотинлари, бир қиз ва бола-чақалар, яъни набиралардан иборат эди. Шўролар даври бўлса ҳамки, хизматкорлар, чўпонлар ёллашганди. Отахоннинг ўзи астма касалига учраган бўлиб, кўп йўталар, ўзини эҳтиёт қилар, дори ютиб юрарди.
Дастлаб менга аён бўлган тағин бир ҳақиқат ҳақида ҳам сўз юритмоқчиман. Баллосонларнинг шевалари ўзгача - тожикчага яқинроқ эди. Улар ўзларини турк, деб ҳисоблашишарди.
Кейинроқ менга аён бўлишича, отахоннинг ўғиллари аввалги хотинидан бўлиб, фақат қизи - Қорасоч бу аёлидан экан.
Дўм бобо бу музофотдаги обрўли инсон бўлиши билан бирга бой ҳам эди. У тоғ ёнбағрида катта токзор, боғ барпо қилганди, қорамол, қўйлари ҳам бир пода бўлар, эрталаб уларни ҳайдаб кетиб, қоронғу тушганда олиб келишарди.
Отахоннинг ўғиллари – ишининг унчалик тайини бўлмаган, анчайин лоқайд, беғам кишилар бўлса ҳамки, қизи маъсулиятни ҳис қиладиган, ҳушёр, фойда-зарарнинг фарқига борадиган эди. Шунинг учун бўлса керак, у отахоннинг ўнг қўлига айланиб қолганди. Қорасоч хизматкорларга иш тақсимлаш, унинг сифатини назорат қилиш сингари талай юмушларни бажарар, куни билан тиним билмасди.
Мен борган пайтлар узум узиш мавсуми бошланган эди. Шунинг учун Қорасоч асосий вақтини токзорда ўтказарди. Бир куни мактаб директори мендан болаларни ўша ерга узум узишга олиб боришни сўради.
Тоғ ёнбағридаги лалми жойда шундай токзор ва боғ барпо қилиш мумкинлигини, ҳатто, бирор жойда ўқимаган ҳам эдим. Тасаввур қилинг, теварак атрофда қақраб ётган яланғоч қирлар, бу ерда эса шовуллаб ётган боғ. Таъкидлаб ўтаман, батамом сувсиз қияликда. Агар Ўзбекистонда яланғоч ёнбағирларнинг юздан, ҳатто мингдан бири шунақа боғ ёки токзорга айлатирилганда борми...Майли, бу бошқа мавзу.
Ўқувчилар билан сап-сариқ кишмиш бошлари чош қилиб қўйилган майизжой бошида тин олдик. Болалар беихтиёр, узум бошларини олиб еябошлашди. Мен андишага бориб турдим. “Муаллим, сиз нечун узум емаябсиз,” сўраб қолди, қаердандир пайдо бўлган Қорасоч. Мен бир бош узумни олиб, чайқадим. У жуда ширин эди.
Сим билан ўралган токзорда ўнлаб аёл-у, эркак узум узиш билан банд эдилар. Улар чумолидан бетиним ишлашар, узумга тўлдирилган қутиларни келтириб чош устига тўкишар ва зудлик билан орқага қайтишар, бу ерда эса эркаклар ҳосилни хивичдан тўқилган идишларга солиб, қайнаб турган содали сувга ботириб олишарди. Тағин бир неча эркак уларни майизжойга элтиб ёярди. Меҳнат давомли, оғир эди. Бирор нуқтада узилиш рўй бўлса, бутун жараён тўхтаб қоларди. Шунинг учун бўлса керак, Қорасоч гоҳ токзорда, гоҳ майизжойда пайдо бўлиб, ишнинг бир маромда давом этиши учун жонбозлик кўрсатарди.
Шунда мен ҳис қилган ҳақиқат шу бўлдики, қақроқ ёнбағирларни жаннатдай файзли қилган, узум доналарини шакарга айлантирган нарса, энг аввало, ана шу одамларнинг тинимсиз меҳнати экан. Албатта, уларни ҳаракатга солган куч Тоғай бобонинг чўнтагидаги пул эди. Ўттиз икки мажбур қилгани боис, бу одамлар ана шу оғир қутиларни кўтариб, худди чумолидай ишлашга кўниккан эдилар.
Биз Қорасоч билан беихтиёр гаплашиб қолдик. “ Биласизми, гап бошлади у, дадам сизни сифатлаб қўядиган бўлган. Аслида, у киши ҳеч кимни мақтамайди. Мени-ку танқид қилиб, кўзимни очирмай қўйган.” Бу гапдан мамнун бўлдим ва оқоқолга қайси хислатим маъқул тушгани билан қизиқдим. “Фаҳмли, фаросотли бола экан”, дедилар, қисқа қилди қиз.
Қорасоч шундай деди-ю, шошилинч ўрнидан турди. “Қарийб унутиб қўйган эканман: Бугун ветврач келиши керак эди, сигирларни эмлаш учун.. Калит эса чўнтагимда.“ У чўнтагидан бир даста калитни шарақлатганича чиқариб кўрсатди ва жўнаб кетди.
Дилимда ғалати туйғулар уйғониб қолди.
Мен оила аъзолари билан бирга овқатланардим. Аммо бу ерда тартиб-таомил ғалати эди. Эрталаб Қорасоч янгалари билан хонтахта устидаги дастурхонни безатиб қўйишар ва ҳар ким вақтига қараб нонушта қилиб кетарди.
Дўм бобонинг ўзи саҳарлаб бомдодни ўқигач, чой ичиб ишига кетари, мен келганимда асосан ўғиллар нонушта қилаётган бўлишарди. Аёллар ҳаммадан кейин ўтиришарди.
Дастлабки пайтлар бу ерда текин овқатланаётганимдан ҳижолат ҳам тортганман. Кейин қарасам, қишлоққа келиб, бир неча кун яшайдиган ветврач, геолог, монтёр ва турли идоралар ходимларининг насибалари ҳам дастурхонда экан. Шунга қарамай, ҳижолатдан чиқиш учун Қорасочга кўмаклашадиган, гоҳида ўқувчиларни олиб келиб ишлатадиган бўлдим.
Тоғай бобо узоқни кўрадиган, тадбиркор киши эканлигини айтган эдим. Аммо шу билан бирга анча баджаҳл, бақироқ ҳам эди. У интизомни яхши кўрар, измидан чиққанларни аяб ўтирмасди.
Бир куни дарсдан келсам, Қорасоч йиғлаб ўтирибди, Биринчи бор бу қизни шундай нохуш ҳолда учратдиган эдим. Унга ачиниб кетдим. Аллақандай хато учун отаси уришиб берганлиги аён эди. Нима деб овутиш, қандай далда беришни билмай довдираб қолдим. У эса ўпкаси тўлиб, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Маълум бўлишича, эчкилар оғилдан чиқиб кетиб, боғнинг панжарасидан ошибди ва бир нечта олма дарахларининг пўстини кемириб қўйибди. Отахон жаҳл ва зарда билан бор эчкиларни сўйишни буюриб, айбни Қорасочга тўнкабди.
Бироздан кейин Қорасоч юзларини ювиб олгач, унга далда бердим. “Қўйинг, уят бўлади, бу хафа бўлишга арзимайдиган гап. Дадангиз ёмон ниятда уришмаганлар, албатта. У кишини ҳам тушуниш керакдир.”
У алламаҳалгача сукут сақлаб, тинглаб турди. Сўнг хайрихоҳлик ила сўз бошлади. “Жамил ака, одамга алам қилади. Тушунинг: менинг зарра гуноҳим йўқ.” “Гуноҳингиз шуки, сиз кўп ишлайсиз. Кўп ишлаган одам, ҳамиша кўп гап ҳам эшитади” дедим кулиб. Гапим маъқул бўлди, шекилли, у табассум қилди. Биз эмин-эркин суҳбатлашиб кетдик.
Шунда биринчи бор унга ҳавасим келди, меҳрим чандон ошди. “Шунга уйлансам, нима бўлар экан” деган фикр келди бошимга. Аслида бу хусусда аввал ҳам чала-чулпа фикрлаганман. Аммо ҳар гал аниқ бир тўхтамга келолмаганман. Чунки тарозига солиб кўрсам, тўғри келмайдиган томонлар анчагинадай. Биринчиси, миллий масала. Мен тожикман ва ойим ўзбек қизга уйланига монелик қилиши мумкин. Иккинчидан, мен шаҳарда, тўртинчи қаватдаги торгина уйда яшайман. Булар эса жуда бой, Отахон қизини менга бермаслиги ҳам аниқ. Қорасочнинг ўзи-чи? Дала-даштда оҳудай кун кўрган қиз домга кўникармикин? Умуман, кўнгли бормикин менда?
Одатда, биз томонларда ҳосилни йиғиштириб олгач, деҳқон-у, боғбонлар хотиржам бўлишади, дам олишади. Баллосонда эса бундай эмас экан. Новда чилпиш, ток кўмиш бошланди..Кейин ҳар бир дарахтнинг остини чуқур юмшатиб чиқишди.
Қишли-қировли кунлар бошланди. Ёдимда: биринчи қор ёққан куннинг эртаси, боғбонлар билан “қор тўплаш”га чиққанман. Бундан тадбир ҳақида ҳатто эшитмаган ҳам эдим. Ўша қор ёққан кун отахон Қорасочга тайинлади. “Аёл-у эркакни хабар қил. Кечқурун пулларини нақ санаб бер!.”
Эрталаб белкурак кўтарган кишилар тўда-тўда бўлиб ёнбағирга отландилар. Қорасоч менга ҳам бел топиб берди. Ҳар бир кишига дарахтлар санаб, тақсимланди ва ишга киришиб кетдик. Одамлар атрофдаги қорларни кураб, дарахт тагига тўплайбошлашди. Мен ҳам улардан ўрганиб, ғайрат билан ишладим.
Ҳашарчилар тушликка пастга тушдилар. Бу юмуш тўрт кунча давом этди. Қорасоч ҳар кун одамларга иш тақсимлаб берар, куни билан ишларини назорат қилар ва кечқурун ҳақларини тўларди. “Муаллим, мурожаат қиларди гоҳида менга у, ҳазил-чин аралаш, келинг ҳақингизни олинг, Сизга двайной тўлайман.” “Менга шу гапингизнинг ўзи етарли”, жавоб берардим.,
Дарахтларни тугатиб, токларнинг остига қор тўплаш ишлари бошланган кунлар эди.. Кечга яқин отахоннинг ўзи ишдан хабар олгани чиқди. Қорасоч у кишини койиган бўлди. “Бекор чиқибсиз, ҳаво салқин”. “Қўрқма, томоғимни ўраб олганман”, деди у киши бўйнини кўрсатиб. Лекин салқин ҳаво отахонга таъсир қилган экан, шекилли, эртаси ётиб қолди.
Икки кундан кейин у кишини кўргани кирганимда, уйнинг ўртасида кўрпаларга ўралиб ётарди. Қаршисида турли дори-дармонлар уйилиб кетган эди. Ҳол-аҳвол сўрадим,уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик.
“Муаллим, деди, кетар маҳалим, ўтиринг, гапим бор. Мен андак хавотир тортиб, қайтадан ўтирдим. Иккаламиз ҳам алламаҳалгача сукут сақладик. “Қариб қолдим, деди ғамзада овозда, бу астма деган бедаво дард қайбир кун мени олиб кетиши аниқ. Худодан умидим катта. Аммо рости гапки, мендан кейин нима бўлади, деб ўйлаб қоламан. Ўғилларим уқувсизроқ чиқишди. Мен болаларимнинг тақдирини,.боғни уйлайман, токни ўйлайман. Худо меҳрибон-у, аммо мендан сўнг бари хароб бўлишидан қўрқаман. Бир одобли, ўқимишли киши бўлса, тириклигимда Қорасочни ўшанга узатсам дейман. Фақат қизим барини сақлаб қолиши мумкин”.
Баҳорда туйимиз бўлди. Ойим дастлаб бунга андак монелик қилган бўлса ҳамки, охир-оқибат кўндирдим.
Орадан олти ойлар ўтиб, отахон бандаликни бажо келтирди. Ўша куни бир пиёла совуқ сув ичибди-ю, нафас йўли қисилиб қолибди.
Қишлоқда йиғламаган одам қолмади, десам ишонаверинг.Ўзим гувоҳ бўлдим – гўрковнинг ишидан хабар олгани борсам, ўша ҳам йиғлаб кетмон урарди. Қорасочнинг фарёдларини эса айтмай қўяқолай. Жанозада одам жуда кўп бўлди. Ҳатто қирқигача қўшни қишлоқлардан одамлар келиб турдилар.Бечора Қорасоч жуда ҳам куйунди.
Бу ердаги ҳаёт дастлаб аввалгидек осуда давом этаверди. Хўжалик юмушлари батамом Қорасоч зиммасида бўлиб, ҳар бир масалада акалари билан маслаҳатлашиб турарди. Аммо икки-уч ойдан кейин вазият ўзгарабошлади. Янгалар, яъни акаларининг хотинлари Қорасочга нописандлик, хархаша қилишни бошладилар. Кечқурунлари бунинг сабабларини ўйлаб, бир тўхтамга келолмасдик. Кейин акаларнинг ҳам муносабатлари ўзгарди. Буларнинг бари нохуш бир ҳолат, яъни мерос талашиш бошланганидан далолат берарди.
Бу гал Қорасоч акаларини чақириб, обдон гаплашди. Мен биринчи бор уларнинг нигоҳларида бегонисирашдек нохуш бир ҳолатни кўрдим. Хуллас, боғ, токзор ва моллар учга тенг тақсимланадиган бўлди.
Аммо эртаси, айнан тақсимот маҳали тағин дилсиёҳликлар бошланди. Янгалар овозларини кўтариб, кўпроқ ҳақ талаб қилабошладилар. Қўйлар тенг тақсимланди, аммо ўн уч қорамолдан бизга атиги учтаси тегди. “Майли, тортишма, дедим Қорасочга биз тағин топамиз.” Аммо боғ билан ток масаласидаги ноҳақликдан Қорасочнинг фиғони чиқиб кетди. Бизга уч қатор ток билан уч қатор боғ тегадиган бўлди. Бу бор мероснинг ўндан бири ҳам эмасди. Улар бирлашган эдилар ва Қорасочнинг ўгайлигига шаъма қилишдан ҳам тортишмасди.
“Нега куйинасан, ёлғиз қолганда овутдим Қорасочни. Яхши қарасак, шу ёғи ҳам бизни боқади. Молни кўпайтириш, боғ-токзорларни кенгайтириш қўлимиздан келади. Энг муҳими, муносабатларни бузиб қўймаслик керак.”
Айнан шу мақсадда, қавмларни йиғиб, зиёфат ҳам бердик. Қорасочнинг катта акаси отанинг руҳини қақшатмаслик учун аҳил бўлишимиз зарурлигини гапирди ва бундан биз мамнун бўлдик. Аммо амалда, муносабатларга дарз кетиб бўлган экан. Кўп ўтмай янгалар тағин нописандлик ва хархашаларини бошладилар. Бир куни катта янга: “Қизилча қани, қизилча”, деб дағдаға қилгандан кейингина, муддаоларини тушундик. Улар, оталаридан анча-мунча олтин қолган, уни Қорасоч яшираябди, деган нохуш ва ноўрин фикрга келишганди. Олтин васвасаси эса жаҳолат ва очкўзликка эш бўлади. Бу ҳолдан ўзим ҳам чўчиб кетдим. Хотиним эндиликда худони ўртага қўйиб қасам ичса ҳамки, ишонмасликларига имон келтирдим.
Бир куни жанжал авжига чиқди ва улар Қорасочдан рўйи-рост пул ва тилло талаб қилабошладилар. Шу пайт қаердан ҳам катта ака пайдо бўлди. Унинг кайфи бор эди. “Ҳой, тирмизак, ўдағайлади у Қорасочга қараб, нима отамнинг тиллоси энди тожикка қоладими?”
Бу гап гарчанд менга қарата айтилган бўлса ҳамки, Қорасочни ўртантириб юборди. У ногаҳон акасини қучоқлаб, зорланишга тушди. “Акажон, бу гапни бекорга айтдим, билмай айтдим денг. Худо урсин, тилло йўқ, акажон! Рўзғоримни бузманг, акажон!” У ҳунграб йиғлашга тушди.
Кечқурун мен ҳам ўзимнинг сўнгги қароримни айтдим. “Қорасоч, энди мен бу ерда қололмайман! Эртагаёқ қорам ўчади!
Ҳомиладор хотинимнинг шашқатор кўз ёшларига қарамай, юкларимни йиғиштирдим ва Самарқандга келдим.
Аммо, кутганимдек, ўн кунлардан кейин Қорасоч ҳам онасини эргаштириб келди. У жуда кўп йиғлаган, ориқлаган эди. Биз ойимнинг қишлоғидан эскироқ ҳовли харид қилдик. Кейин қурилишлар қилиб, ўша ерга кўчдик.
. Қорасоч бир йилдан кейин қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кирди. Кейин ўша ерда аспирантурани битирди. Ҳозир менга ўхшаб - доцент.
Мен Баллосонга қайтиб бормадим. Миллий туйғумга тегадиган кишиларни кечиргим йўқ! Аммо Қорасоч бот-бот бориб - келади. Бир-икки жиянларини Самарқандда ўқишларига ҳам кўмаклашди. Айтишларича, ўша боғ ва токзорлардан нишон ҳам қолмаган, ҳатто кундаларигача қазиб, ўтин қилишган экан.
Акаларининг ўғиллари Россияда мардикорлик қилишаркан. Оилалари шу ҳисобдан кун кўришаркан.”
Комментариев нет:
Отправить комментарий