"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан
Мен ойимнинг хоҳишларига кўра биринчи партада дўстим Ёқуб билан ўтираман. Ёқуб бағоят камсуҳан, қобил-мўмин бола. Гоҳида иккита жумлани ҳам жуфтлаб айтишда қийналади. Муаллим савол берса, лом-мим демай кўзини лўқ қилиб ўтиради. Бунинг устига бурни ҳам... Бир куни муаллим ундан уйдан мактабгача нималар борлигини сўради. Мен пичирлаб помидор пайкали, ариқ, дарахтни тилга олдим. Лекин у эшитмади шекилли, лаллайиб ўтираверди. Аммо математика масаласига келганда калласи ишлайди, хумпарнинг! Мен дастлабки кунлар андак ўнғайсизланиб турдим-у, кейин ҳеч иккиланмай, хижолат тортмай кўчириб олавердим. Ундан кўчириб олишимга қарамай, ҳисоб-китобдан камина «беш» Ёқуббой бўлса «уч», нари борса «тўрт» оларди.
Баҳорга чиқиб мен мактабда бирдан танилиб қолдим. Йўқ, бунга шеърни яхши ёд олганим ёки математикани уддабуронлик билан кўчиришим туфайли эмас, шахматни билишим сабабли эришдим.
Бир куни физкультура ўқитувчиси йўлимни тўсди.
– Сан Улуғбекмисан?
Мен маъқуллаб бош тебратгач, катта синфга эргаштириб борди. Бу ерда юқори синф-ўқувчиларидан бир нечтаси шахмат ўйнашарди.
– Қани, мана бу билан ўйначи, – деди муаллим ўсмирлардан бирига. Биз зудлик билан тошларни тердик. Нақ тўрт юришда рақибимни мот қилгандим, ҳаммалари хушёр тортиб қолишди. Қаршимда ўнинчи синфда ўқийдиган ўсмир ўтирди. Унинг тош теришиданоқ сустлигини билиб олдим. Ўзи ҳам иккиланиб, ҳавотирга тушиб тош сура бошлади. Ҳадемай вазирини бериб қўйди ва қўл кўтарди. Кейин муаллимнинг ўзи билан тош сурадиган бўлдик. Ҳалиги ўсмирлар қизиқиш билан бизни ўраб олишди. Ўйин жиддий тус олиб кетди. Муаллим ҳакикатан ҳам анча тадбир билан ўйнаркан. Лекин пиёдаларни кўпроқ қурбон қилиб қўйгани учун қийналиб қола бошлади. Ҳалиги ўсмирларнинг диққат билан кузатиб ўтиришини унчалик ёқтирмай, аллақандай надоматлар чека бошлади. Мен отимни унинг шоҳи билан вазири орасига «вилка» қилдим. ғалабага яқин қолганда, муаллим кўзимга жуда умидвор тикилиб, дуранг таклиф қилди. Мен кўниб қўяқолдим. Ўсмирлар бир-бирларига қараб маъноли жилмайиб қўйишди.
Бу гап мактабга яшин тезлигида таркалди. Танаффус пайтлари болалар зимдан мени кўрсатиб, алланималар дейишар, ўзимизнинг муаллим ҳам қуюқроқ илтифот кўрсатадиган бўлди. Танаффус пайтлари аллақандай ғурур билан юрадиган бўлдим.
Аммо бу беҳудуд шодлик узоқ давом этмади. Ўша куни мактабдан қайтишда шундай дилсиёҳлик бўлдики, асти қўяверасиз. Ёқуб, Қобил уччаламиз катта кўчани кесиб ўтган эдик ҳамки, кимдир тош отиб қолди. Сал нарида ўн чоғли бола бизга таҳқирона назар солиб турарди.
– Ур, кўтармаликларни! – деди улардан бири биз томон имлаб.
«Кўтармаликлар» биз эдик. Мен бу болаларнинг кўзида батамом бегона, совуқ нигоҳ кўрдим ва сесканиб кетдим.
Рақибларимиз (ҳа, уларнинг бегуноҳлардан интиқом олиш нияти рақиб қилиб қўйганди) лой, кесак итқита бошлашди. Биз ҳам ерга энкайдик. Ёввойи тўда бизга яқинлашди, Қобил қочиб қолди, Ёқуб иккаламиз саросимада қолдик.
– Ҳе, онангни сани...
– Ҳамширангни...
Шунақа беҳаё, бешарм сўзлар билан сўкишардики, ғазабланмай иложинг йўқ эди. Ҳе, йўқ, бе йўқ ўзимдан сал катттароқ бола мен билан муштлашиб кетди. «Қорнига теп!», «Башарасига сол!» далда беришарди шериклари. У мени йиқитмоқчи бўлганда, билагини боплаб тишлаб олдим, рақибим чинқириб йиғлади. Шунда унинг тарафкашлари менга ташланиб қолишди. Аллақаерданам бир халоскор овоз чиқмаганда, бу кўнгилсизлик нима билан тугашини айтиб беришим қийин. Болалар тумтарақай бўлишди. Сўнг ўша одам келиб, мени ердан кўтариб олди. Бу – биринчи синфда менга чегарачилар ҳақида китоб тақдим этган Нуриддин ака эди. Хўрлигим келиб йиғлаб юбордим. У мени қучоғига олди, Ёқубнинг ҳам кийимларини тозалади. Ҳалиги безориларга тағин бир бор мушт ўқталиб, бизни эргаштириб кетди.
Бувим мени кўриб қўрқиб кетдилар.
– Ҳа?!
– Болалар урди!
Тағин ўпкам тўлиб, йиғлаб юбордим. Бувим ҳам қалтираганларича аллакимларни лаънатладилар. Кейин зудлик билан кийиниб чиқдилар
– Юр, мактабингга борайлик! Муаллимларингни падарига... Олган ойлиги тешиб чиқсин!
Бунга муаллимларнинг зиғирча алоқаси йўқлигини тушунтиришнинг мавруди эмасди ҳозир. Чунки у киши ғазабланганда қулоқларига гап кирмасди.
Биз орқага қайтдик. Бувим ҳамон муаллимларни лаънатлардилар. Бир маҳал рўпарада ойим кўриндилар. У киши лойга ботиб, зўрға қадам ташлар, чарчаган, асабийлашган ҳолатда эди. Мен негадир чўчиб кетдим.
– Ассалом, ҳа, йўл бўлсин сизларга, – бувимнинг важоҳатларидан чўчиб, мулойим оҳангда сўрадилар ойим.
– Директорингиз борми, – саволга савол қайтардилар бувим.
– РайОНОга кетганлар.
– Ўринбосаричи?
Ойим бир лаҳза каловланиб қолдилар.
– Вой, ойижон, ўринбосар ўзимман. Бирор ой бўлди...
– Бошқа одам қуриб кетган эканми, – овозларини андак кўтариб, ойимнинг сўзларини кесдилар бувим.
Ойим ҳам жаҳлга миндилар, аммо пайкал орасида жанжаллашиб қолишдан чўчиб, вазминлик қилдилар. – Буни бетайин болалар урибди-ку, – давом эттирдилар бувим, – майиб қилибди! Кўзларинг қаерда?!
– Сани ким урди, – сўрадилар ойим мен томон энкайиб.
– Қўшмачитликлар!
– Ҳа, энди қўшмачитликлар шунақа, – дедилар ойим бувимнинг ҳам ўша ердан эканликларини кесатиб, – улар беклар авлодида: бировларни камситишмаса, хўрлашмаса уйқулари келмайди.
Ойим авваллари умуман заҳарҳанда, пичинг қилишни билмасдилар. Бунақа сўз ўйинларини бувимдан ўргана бошлагандилар.
– Кимнинг тулпори урганини билсам бўлди–бориб ота-онасини шарманда қиламан, – дедилар бувим.
Лекин у безориларнинг кимлигини мен ҳам, ойим ҳам билмасдик. Ноилож орқага қайтдик. Бувим тағин муаллимларни айбладилар. Ойим эса индамай қўяқолдилар.
Эртаси мактаб йиғилишида ойим сўзга чиқиб, анча-мунча пўписалар қилдилар. Минбад кимдан-ким муштумзўрлик қилса, мактабдан ҳайдалишини айтдилар. Биз бир-биримизга меҳрибон бўлишимиз зарурлигини уқтирдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий