"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан
Бугун – 1977 йилнинг 1 сентябри! Мен мактабга бораман! Ҳаёт йўлимда янги, нотаниш сўқмоқ бошланади. Катталарнинг куйинишларига қараганда бу йўл анча серташвиш, олис. Валекин у – зарурат.
Тўйдан кейиноқ дадам янги портфел олиб келган эдилар. Ойим алифбо, қалам-дафтарларни муҳайё қилдилар. Бугун ҳам ойим анча эрта уйғониб, янги либосларимга дазмол босдилар. Мактабга боришимни эшитиб, Моҳинбону пиқиллаб йиғлашга тушди.
Катталар шунча уқтиришса ҳамки, ёши етмаганини тан олгиси келмасди нодоннинг! Ниҳоят дадам бақириб бердилар-у овози тинди унинг.
Алифбо ҳақида, мактаб хусусида анча-мунча тасаввур ва таассуротларим бор эди. Жумладан, алифбодаги ҳарфларни аллақачон ўрганиб олгандим. Тамара опа (бизникида яшайдиган студент қариндошимиз) Моҳинбону иккаламизга кўп ҳарфларни ўргатишга улгурганди. Бунга осонлик билан эришмаганди опамиз. Бўйсунмай қочаверганимиз учун бизни алдаб-сулдашнинг турли йўлларини ишга солганди. Бир куни иккаламизга ҳам эски газета-журналларни берди-ю «О» ҳарфининг ичини қизил рангга бўяб чиқишни тайинлади. Биз зум ўтмай бу ҳарфни топадиган бўлдик. Кейин «Н» ҳарфини яшил, «А» ҳарфини кўк рангга бўядик. «ОНА» сўзини шу тариқа ўргандик. Кейин «ДАДА», «ВАТАН», «ОЛАМ» сўзларини ҳам ўқийдиган бўлдик.
Фақат алифбо эмас, мактаб ҳам таниш эди менга. Бирор ҳафта муқаддам ойим мени у ерга олиб бориб, йўлни, синфимизни, буфет ва ҳожатхонани кўрсатган эдилар.
Йўлга тушар эканмиз, бувим узоқдан-узоқ дуо ўқидилар. Китобимни уч марта ўпиб олиб, уни эъзозлашимни тайинладилар. Мактабдан қочмаслигимни, муаллимларни ҳурмат қилишимни, катта кўчадан эҳтиёт бўлиб ўтишимни қайта-қайта уқтирдилар.
Йўлда бизга Ёқуб, Жамшид, Санжар, Қобил ва бошқа жўраларим ҳам ҳамроҳ бўлишди. Уларни ҳам ойиси, бувиси, опаси эргаштириб олганди. ғарқ пишиб ётган помидор пайкали орасидаги таниш йўлдан мактаб томон равона бўлдик. Жамшиднинг бувиси бу йўл қишда ботқоққа айланишини, болакайлар азоб чекишини гапириб надоматлар чекди. Ойимга ҳам жон кирди. Шаҳардаги ишларини ташлаб келганликларига афсус чекдилар. Мактаб йўлига тош тўкдирмаган, водопровод ўтказмаган раҳбарларни лаънатладилар. Бир аёл эса эри нуқул ичиб келаётганидан зорланиб гапирди, қизига портфель ҳам ололмаганини айтиб кўз ёш қилди. Биз – болалар бўлсак ўз дардимиз билан овора-ю андармон эдик. Жамшид янги портфелини мақтар, Ёқуб бўлса ланкасини кўкларга кўтарарди. Мен бўлсам ойимнинг мактабимизда ишлашларидан фахрланиб қўярдим.
Қаршимиздан машиналар қатнаб турадиган катта кўча чиқди. Бувимнинг огоҳлантиришлари ёдимга тушиб, аввал чапга, сўнг унгга қарадиму, катталарга эргашиб ўтиб олдим.
Мактабимиз бир қаватли, эскигина. Айтишларича, у колхозлаштириш йиллари қурилган экан. Бир вақтлар Сталиноборон колхозининг идораси бўлган эмиш. Колхозлар бирлашиб кетиб, бу ер мактаб бўлиб қолибди.
Мактаб ҳовлисида оломон одам эди. Биз – болакайларни бир сафга тизишди. Ота-оналар орқароққа бориб турдилар. Рўпарамизда учинчи синфнинг ўсмир болалари саф тортгач, мактабнинг казо-казолари нутқ ирод қилишди. Кўп гаплар ёдимда қолмади. Фақатгина бугундан эътиборан биз Самарқанд районидаги 37-ўрта мактабнинг биринчн синфига қабул қилинганимиз, мактабнинг тартиб-қоидаларига риоя қилишга мажбур эканлигимизни эслайман, холос. Кейин унинчи синф болалари бизга совға-саломлар улашди. Нури деган бир ўсмир менга чегарачилар ҳақида рангли китоб берди. Сўнг ёнимда турган қизалоқни ўртага олиб чиқиб, катта қўнғирок беришди. (Мен худди шунда қўнгироқни бир фильмда туя бўйнида кўргандим). Ҳалиги қизалоқ бир амаллаб қўнгироқни чалиши билан биз синфга кирдик. Дадам тенги киши тўрга ўтиб, бизга мурожаат килди.
– Мен сизларнинг биринчи муаллимларинг, бўламан. Менинг фамилиям Жалолов, – деди. Сўнг портфелларимизни, китобларимизни кўздан кечирди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий