Миллат бир умр даҳога интиқ ва интизор бўлиб яшайди. Боиси: унинг сиймосида асрий орзу умидларини рўёбга чиқарадиган нажоткорни, афсонавий Рустами достонни ёки Бахт қушини кўради. Аммо яратганнинг инояти билан шундай ашраф сиймо ташриф буюрганда, раият ҳам, ҳукумат ҳам уни тушунмай, зиддият ва зуғумлар юзага келади. Оқибатда даҳонинг ҳаёти ҳам дўзахга айланади. Бундай пайтда Антон Чеховнинг: “ Даҳолар билан жиннилар бир-бирларига яқин туришади”, деган гапи ёдга тушади. Сабаби: уларнинг иккаласи ҳам ўзга олам одамларидир.
2005 йили Туркия ҳукумати асримизнинг буюк ёзувчиси Нобел мукофоти лауреати Ўрхан Памук ( туркчасига Орhaп Рамук)ни миллат сотқини деб айблагани ва халқаро судга берганлиги, турк жамоатчилигининг бир қисми ҳам бу ҳолни қўллаб-қувватлагани фикримизнинг далили бўлаолади. Бунга сабаб бўлган ҳол эса ёзувчининг Швейцария газетасига берган интервюси бўлиб, унда: “Туркияда 30 минг курд ва миллион арманининг қони тўкилган” дегани эди. Орага Евросоюз раҳбарлари, Габриель Гарсиа Маркес, Умберти Эко сингари номдор ёзувчиларнинг аралашлари туфайлигина Ўрхан Памук қамоққа тушмади, аммо бир неча йил АҚШга бориб яшашга мажбур бўлди.
Ўрхан Памук сайтига кириб ( ёзувчининг сайти жуда бой, унда аксар асарларидан ташқари таржимаи ҳол, кўплаб тақризлар, мулоҳазалар ўрин олган). Мен дастлаб рус тилига таржима қилинган “Қора китоб” романини танладим.
Аввало шуни таъкидлаш кераки, Ўрхан Памук асарлари Европа ва Ғарбдаги қирқдан ортиқ мамлакат тилларига таржима қилинган ва миллионлаб нусхаларда қайта-қайта чоп этилмоқда. Мазкур мамлакатларда ТВ ва Интернет жуда тараққий этган, бунинг устига улар сайр-саёҳатни, кўнгилочар тадбирларни хуш куришади. Вақт – пул ҳисобланадиган ва рақобат кучайган бундай юртларда Памук романларини талашиб-тортишиб ўқишаётган экан, демак у ўлкан истеъдод соҳиби, назаркарда инсон! Адабиётшунослар бу ёзувчи адабиёт ўзанини янги йўналишга буриб юборганлиги, кўплаб ёш ижодкорларни эргаштираолганини ёзишмоқда.
Шуниси ғалатики,“Қора китоб” романини принтердан чиқариб, ҳийла қўлласангиз, яъни ман-ман деган танқидчига янги роман ёзганингизни айтиб, фикрини сўрасангиз ва бунга эришсангиз, натижа ғалати бўлишига ишонаман. Назаримда танқидчи дўстингиз, асар бадиийликдан узоқлигини, ибратли ғоя, салбий ижобий персонажлар, сюжет чизиғи, табиат манзаралари, авторнинг позицияси, мақсади, ечим ва яна алланима балолар йўқлигини қаторлаштиради. Дарҳақиқат, “Қора китоб”да бу нарсалар ўта нисбий. Бундай пайтда ўйлаб қоласан - биз шўролар даврида тарбия топган авлоднинг бадиийлик ва адабиёт ҳақидаги тасаввурларимиз эскирмадимикин, кўникма ҳосил қилган қолиплар синиб кетмадимикин? Кўпчилигимиз Габриел Гарсиа Маркес, Пауло Коэлью ва жаҳон тан олган қатор адибларнинг ўзбекчана таржима қилинган асарларини ҳам иштиёқ билан ўқимадик. Адабиёт ҳақидаги догма қарашларимиз бунга халақит берган бўлса ажаб эмас.
Ёзувчининг бир неча асарлари Миразиз Аъзам таржимасида “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинди. Аммо кўпчилик, шу жумладан бизнинг тенгдошлар ҳам ундан бехабар қолишди., аниқроғи, чайнашга эринишди. Журнал Бош муҳарирри Мирпўлат Мирзо бу ҳақда куйиниб гапиргани ёдимда. “Китобхонларимиз лоқайд, беҳафсала. Меҳнат қилишни исташмайди.”
Аслида китоб ўқиш – меҳнат. Бизнинг авлод бугунги дунё адабиёти нари турсин, тенгдошлар, ёш ижодкорлардан ҳам ажралиб қолаётганга ўхшайди. Ёшларнинг, айниқса нодавлат газеталарда босилаётган асарларига нописандлик билан қараймиз. Савияси баланд бўлмаса ҳамки уларнинг ўзига яраша ўқувчиси борлигини ва бу энг муҳим омил эканлигини тан олмаймиз. Энг зарури, улар ёш, асардан-асарга ўсиш, шу билан бирга ўз ўқувчисини ҳам билими, дунёқарашини ошириб бориш имконига эга.
Шуниси ғалатики, улар ҳам бизга қандайдир киноя билан қарайдиган, асарларимизни деярли ўқимайдиган бўлиб боришаябди.
Бу ажралиш эмасми ахир? Назаримда адабиётимизга ташриф буюрадиган истеъдод ёки даҳо айнан ана шу қатламдан чиқиши мумкин. Улар ёзаётган ва биз нописанд бўлган асарлар ўзининг детектив характери, аллақандай илоҳий арвоҳлар, тушлар, криминал ҳолатлар билан бугунги дунё адабиётига яқин туради. Бугун Европа ва Америка қитъасида айнан ана шу руҳдаги асарларни ўқишаябди. Бу ёшларнинг бошини силаб туришимиз шарт. Олам ўзгарди. Ўзгача олам эса ҳамиша ўзгача оламни вужудга келтирган. Тўғри, улар ҳам бизга ўхшаб китоб ўқишмаябди. Аммо мен билган ёш ижодкорлар Интернетни дўст тутишади. Зеро бугун китоблар ҳам сайтларга кўчаябди ва уларни компютердан топиб ўқиш анча ўнғай ҳам. Истасангиз, ҳатто қўл телефонингиз воситасида жаҳон адабиёти билан танишиб боришингиз мумкин бўлиб қолди.
Тағин: шўролар даврининг ҳатто сўнгги йилларида ҳам адабиётга кириб келганларнинг ўртача ёши бугун олтмишнинг нари берисига бориб қолди. Биз Абдулла Қодирий, Чингиз Айтматов, Абдулла Қаҳҳорларнинг шавқовар китобларини ўқиб, қўлга қалам олганмиз. Асар завқ-у шавқ билан ўқилса, бош устига, аммо ҳамма китоб ҳам осон ҳазм бўлавермайди. Ҳатто Достоевский, Лев Толстой асарларини ўқиш, уларнинг мағзига сингиш учун андак сабру бардош, меҳнат талаб қилинади.
Олтмиш ёшнинг нари-берисида киши руҳиятида эса талай ўзгаришлар содир бўлиши табиий. Киши бой берилган имкониятлар, йўл қўйилган хатоларидан надомат чекади, ҳаёт ва адабиётга бўлган аввалги ташналик, иштиёқ сусаяди. Ногаҳоний нохушликлар, муаммолар, бетобликлар сабаб бўлиб инсон бот-бот ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлади.
Зеро “Қора китоб”да ҳам инсоннинг ана ёшдаги ҳолатлари чуқур тадқиқ қилинади. Талай танқидчилар уни “ Минг бир кеча”га ўхшатишди. Мен эса Шарқ ва Ғарб адабиётининг мукаммал пайванди, уйғунлигини кўрдим ва муалифнинг энг катта ютуғи ана шу омил деган фикрга келдим. Асарда психологик таҳлил, образлилик билан бирга детектив жанрнинг усталик билан қориштирилганлиги, бир чимдимдан экзотика, жилла криминал, фантастиканинг мавжудлиги, ўрни келганда ҳужжатли фактлардан устакорлик билан фойдаланганлиги бугунги серташвиш китобхонни ушлаб туриш вазифасини ўтайди.
Китобдан ҳам ким ўз излаганини топади. Шахсан менга бош қаҳрамонлардан бири публицист ёзувчи Желалнинг ҳаёти, изланишлари, изтироблари жуда таниш, қадрдон ва ашрафона бўлиб туюлди. Шунингдек, Истамбул шаҳрининг ранго ранг манзаралари худди кино лентасидан жонли қилиб яратилганлиги эътиборга молик. Асосан “Миллият” газетасига публицистик мақолалар ёзадиган Желалнинг кекса ота-онаси ўз вақтида жамиятда баланд мавқега эга бўлишган. Ёзувчи уларни шундай тасвирлайдики, беихтиёр русларнинг: “ Старост не радость ( Кексалик бахтиёрлик эмас), деган мақоли ёдга тушади. Уларнинг иккаласи ҳам тамаки чекади ва йўтал тутиб қолганда, чекишни ташламагани учун бир-бирини койишга тушади. Ота ҳар тонг газетани интиқлик билан кутади ва Желал ҳукуматни танқид қилиб қўймадимикин деб хавотир тортади, бунинг оқибати нохуш бўлишидан чўчийди. Ўғли эса ўз билганидан қолмайди. У диктатни ҳазм қилолмайди.
Бу ҳол каминага жуда таниш. Бундан ўттиз йиллар чамаси муқаддам вилоят газетасида ишлаганимда, раҳматли онам бот-бот хавотир аралаш огоҳлантирардилар. “ Мабодо катталарни танқид қилма. Уларнинг қўли узун. Сенинг ортингда одаминг йўқ.” Мен эса нопок амалдорларнинг жиғига тегиш, иштаҳасини бўғишни хуш кўрардим.
Худди шу ўринда ўйлаб қоласан. Нега ижод аҳли ҳамма қатори шукур қилиб яшайвермайди, андак ноҳақлик, адолатсизликка қарши исён кўтаради. Нечун Машраб арбобларни мазах қилди, Беҳбудий чўчимай : “Болшевиклар партияси мусулмон учун зарарли” деб ёзди, Абдулла Қаҳҳор: “Мен партиянинг солдати эмасман”деди. Ҳа, ҳақиқий адабиёт асрлар давомида мухолиф сифатида зулм ва истибдодга қарши курашиб келди, инсон эркинлиги, идеал ҳаёт учун жонини аямади.
Памук қаҳрамонларидан бири Ғолиб бир замонлар анча ном чиқарган, эндиликда кексайиб қолган журналистлар даврасига тушиб қолади. Ёшликда экстремист, кексаликда компромис бўлмаган киши нормал инсон эмас, деб ўқиган эдим қаердадир. Кекса қаламкашлар эса кексаликда ҳам компромис эмас, улар ҳамма нарса инсон учун, унинг устиворлиги, саодати учун деб билишади ва бу борадаги норозиликларини яширишмайди. Ғолиб уларнинг ибратли фикрларини қоғозга туширишга шошилади.
“Ёзаётганингни самимийлигига аввал ўзинг ишон”
“Ўз шахсий мақол, матал, афоризмларингни ярат”
“Ҳақиқий эътиқодинг бўлмаса ҳам ўқувчига буни сезиб қолмаслиги керак”
“Устунликка эришишга ишонганингдагина баҳсга кириш.”
“ Ҳар бир чиқишинг Шаҳризода эртакларидай бетакрор бўлсин.”
“Ўқувчининг хатини жавобсиз қолдирма, агар у ёзмаса ўзинг мактуб йўлла ва кейин жавоб қайтар.”
“Аллақандай муҳим сирдан воқиф одамдай тут ўзингни.”
“ Шундай кишилар билан танишгинки, оламдан ўтганларидан кейин ҳам улар ҳақида қалам тебратиш мумкин бўлсин.”
“Озроқ, аммо қониқиш билан ўқи”
Бу кекса журналистлар Жалолиддин Румий номини такрор такрор тилга олишади ва ундан сабоқ олишни тайинлашади. Уларнинг суҳбатига қулоқ тутиб шундай хулосага келади киши: ошкоралик жумракларини катта кичик раҳбарлар ҳам, халқ ҳам очолмайди. Уни зиёлилар, айниқса журналист ва ёзувчилар резбама-резба очишлари шарт. Акс ҳолда қурғоқчилик бўлиши, эркин фикр, демократия куртаклари қовжираши табиий.
Ўтган галдаги мақоламизда: цензура тагатилиб, айрим жойларда мауассис, бош муҳарир ва муҳарирдан иборат уч темир эшик пайдо бўлганини, уларнинг бири маблағидан, иккинчиси курсисидан ва учинчиси арзимас маошидан ажралишдан чўчиб, эркин фикр ва ошкоралик куртакларини аёвсиз чилпишини айтган эдик. Энг ёмони шуки, ана шу тоифадагилар ўз ожизликлари ва қўрқоқликларини юқори раҳбар ташкилотлар зиммасига тўнкаш ҳаракатида бўладилар. “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўпламимни бир неча журнал ва нашриётларга тавсия этдим. Уларнинг айримлари кўрсатгич бармоғини юқори кўтариб сирлигини шивирлашдан нарига ўтишмади. Ҳарқалай китобни озроқ нусхада бўлсада нашр қиладиган жўмардлар топилди ва ўқувчилар веб сайтим ( www. nusratrahmat.ru ) орқали улар билан танишишларини жуда ҳам истар эдим.
“Энг муҳими, ўзлигингни топ ва ўзлигинг билан бўл! Ҳаммага ўхшаб яшайдигапн бўлсанг, яшашнинг нима кераги бор”, дейди қаҳрамонлардан бири ва бу ақида ғанидир,эскирмасдир.
Бот-бот қулоғимизга экологик хавфли ҳудуд, деган ибора чалиниб туради. Унинг мазмун, моҳиятини эса ҳамиша ҳам чақиб кўравермаймиз. “Қора китоб” романида Желалнинг “Босфор қуриб қолса” деган мақола ёзгани тасвирланади. Муллифга эса сув сатҳи пасаяётганлигини бир оддий балиқчи айтади. Мақола катта шов-шувга сабаб бўлади. Одамлар ҳушёр тортадилар. Агар сув қуриса, балчиқ ҳидига тоқат қилиб бўлмаслиги, чивин, пашшалар кўпайиб шаҳар экологик хавфли ҳудудга айланиши ва бу ерда яшаб бўлмаслиги бағоят ишонарли ёзилганлиги сабабли кўпчиликда хавотир пайдо бўлади. Уч минг йиллик тарихга эга бўлган собиқ Константинополда ( Маҳмуд11 1453 йили уни забт этиб шаҳарни Ислам бул, деб атайди. Кейинчалик Истанбул бўлиб кетган) ҳаёт тўхтаб қолиши ваҳимали бўлиб туюлади. Кейин текшириб кўришса, Босфор суви ҳақиқатан ҳам камаяётганлиги аён бўлади.
Хуш, бу- ку Истанбул, агар халқ эҳтиёт бўлмаса ва бутун мамлакат экологик хавфли ҳудудга айланиб қолса, бошқа борадиган жойимиз йўқ-ку деган савол юзага келади.
Талаффузимизда экологик хавфли ҳудуд деган ибора йўқ эди. Эндиликда эса халқаро ташкилотлар томонидан Чернобил, Семипалатинск, Орол буйи ҳудудлари экологик хавфли ҳудуд деб эълон қилинди.
Оролнинг қуриши ва бу ердаги экологик ҳолат ҳақида кўп гапирилди. Бу нохуш ҳолга кўпроқ Москванинг пахтага бўлган очофат иштаҳаси сабаб бўлганлиги сир эмас. Лекин бу фожиага республикамизнинг ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида ишлаган катта кичик раҳбарлари ва ижодкорлари яъни биз ҳам айбдормиз. Тўғри, ошкоралик жумраклари берк эди, ҳамду санодан башқасини гапириб бўлмасди. Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, инсонга, инсон боласига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган замон эди. Тан олиш керак, жўмард одамлар топилди ва бошини кундага қўйиб бўлса ҳам гапиришди, аммо афсуски, улар жуда озчилик эдилар.
Ўйлаб кўрсам, табиатга ҳеч қайси авлод биздай кўп зуғум ўтказмаган, катта зарар етказмаган экан.
Мен келажак авлоднинг оёғига бош қўйиб тавба тазарру қилишга тайёрман!
Аслида, бандасининг энг катта гуноҳи – ўз хатосини такрорлаб туришдир. Виждонимиз билан яккама-якка қолганда ўйлаб кўрайлик: биз ўша хатоларни такрорлаб қўймаябмизми? Талай туманларда тупроқларимизнинг шўрланиш даражаси ошаябди, ерости сувларимиз яроқсиз ҳолга келаябди. Лекин табиатни муҳофаза қилиш қумитасининг хавотирли ва кескин овози эшитилмайди, Экосан жамғармаси собиқ раҳбарлари ҳақида нохуш гаплар кезиб юрибди, Экология харакати ҳаракатга келгани йўқ, биз журналист, ёзувчилар эса ҳамду сано билан бандмиз. Дилимизда: Ўзбекистон экологик хавфли ҳудудга айланиб қолса, бошқа борадиган жойимиз борми, деган ваҳимали савол йўқ ва йўқ.
Ҳар қандай дин ва мафкура фуқарони шукроналикка даъват этади. Инсон эса бир лаҳзалик шукур қилади, аммо Нитше айтганидек “мамнунвой банда”га айланиб қолмайди. Ўзига анчайин тинч, фаровон оила аъзолари билан гаплашиб кўринг, улар алланималардан қониқишмаганини яширишмайди, иқтисоди бой, демократик мамлакатларда ҳам одамлар ўз норозиликларини намоён қилиб кўчага чиқадилар. Бу – табиий ҳол. Чунки, нсоннинг талаб, эҳтиёжи ҳар қандай тараққиётдан олдинлаб кетади. Аслида жамиятни ҳаракатга келтирадиган локомотив ҳам ана шу кучдир.
“Қора китоб”ни ўқиганингизда, бунга тағин бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Асардаги қаҳрамонлар, айниқса жамиятдаги бюрократлик, тўрачилик, сансоларлик, қоғозбозликдан безганликлари сезилиб туради. Бу нохуш ҳолатлар, охир-оқибат одамларнинг тузумдан, ҳукуматдан норозиликларига сабаб бўлишига урғу берилади.
Тан олиш керак, бу борада бизда ҳам қилинадиган ишлар оз эмас. Кўпгина амалдорлар халқдан четлашиб қолган. Сўнгги пайтларда талай раҳбарларнинг эшиклари олдида уч қаватли тўсиқ пайдо бўлди. Оддий ўқитувчи, врач ёки инженернинг шаҳар, вилоят ҳокими, уларнинг ўринбосарларига киришини эндиликда тасаввур қилиб бўлмайди. Эшикка яқинлашмасингизданоқ биринчи милиционер йўлингизни тўсади, кейин тағин бир милиционер. Бошлиқнинг ёрдамчиси эса сизни ичкарига киритмаслик учун ҳамма чораларни кўради. Анча-мунча раҳбарларнинг қабул кунлари хўжа кўрсин учун ёзиб қўйилади.
Беҳбудий билан Памукнинг муштарак томонлари анчагина. Улар ўз замонасининг йўлчи юлдузи бўлишди ва ижод аҳлини ўз ортларидан эргаштиришди, адабиётда турғунлик рўй берганда, уни янги ўзанга буриб юборишди..
“ Қора китоб”дан ташқари, “Қор” романи, публицистик мақолалари, турли тақризлар, муктубларни ўқиб, Ўрхан Памук дарҳақиқат истеъдод соҳиби эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
Ёзувчи яқинда Москвада бўлди, мухлислар уни катта тантаналар билан пешвоз олишди. Мен эса уни Ўзбекистонга ҳам таклиф этилишидан умидвор бўлиб қолдим.
Лекин…
Бўғзимга тиқилиб келаётган бир ҳайқириққа қулоқ тутинг! Чингиз Айтматов…Чингиз оғамнинг овози (жойи жаннатда бўлсин) ундан кўра жилла бўлса ҳам ёқимлироқ, жаранглироқ, кучлироқ эди!!!
Қолган гаплар Нобел мукофотини тақдим этадиган ҳайъат виждонига ҳавола!
Комментариев нет:
Отправить комментарий