ЕР ВА ОДАМЛАР
-Ким юзинг қуёшга бурди, она-Ер,
Ким сенга мангулик берди, она-Ер
Ва илк бор кўз ёшинг артганлар кимлар?
-Одамлар!
-Ким у сени боқиб, бахтини топган,
Ким у табаррук, деб тупроғинг ўпган.
Содиқ тақдирдошинг-қуёшинг кимлар?
-Одамлар!
-Айтгин, ким аҳволинг аянч этмоқчи,
Нуроний онани топтаб кетмоқчи
Ва дўзах этмоқчи бағрингни кимлар?
-Одамлар!
-Она-Ер, наҳотки йўқ халоскоринг,
Наҳот кул бўлади гулдек рухсоринг,
Айт, ажал олдини тўсолур кимлар?
-Одамлар!
ЁҒОЧ ОЁҚ
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин-
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
“Мен садақайрағоч эдим бир замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун, одамни-одам!?”
ОНА-ЕР
Агар гуноҳ қилса одамлар,
Ларзага кирармиш она-Ер.
Тупроққа қон тўкилган дамлар.
Сесканиб кетармиш она-Ер.
Тириклар тинчланинг, бағримда ётган
Марҳумларнинг бузманг ҳаловатин, деб
Безовта бўлармиш она-Ер,
Илтижо қилармиш она-Ер…
АФСОНА
Ривоят қилурлар: ўтган бир замон,
Ўлимга буюрмиш ўз навкарин хон;
Навкарнинг ҳамқишлоқ дўсти ўша он,
Хонга таъзим қилиб, дебди: “Эй, султон,
Уни озод эту мени эт қурбон;
Унинг онаси бор, қон ютмасин, қон!”
Шоҳ мардлик олдида бошин эгибди,
Икки навкарни ҳам озод этибди.
ХИЁНАТ
Ногоҳ болта ботди чинор жисмига,
У дардли ингради, тўкди аччиқ ёш.
Ажаб, саботининг йўқ эди чеки,
Худди метин эди ундаги бардош?!
Болта сопин таниб, чекканди қайғу,
Ахир, ўз шохидан бўлган эди у.
x x x
Деҳқон ток очибди тупроқ бағридан,
Гуркираб ўссин деб, зиё бағридан.
Аммо таажжубки, токлар шод эмас,
Гўё этишмаган зиёни ҳавас.
Қаранг, йиғлаябди эзилиб бари
Қон бўлган сингари ғуссадан бағри.
“Муножот” тинглаган қалбдек баногоҳ,
Шашқатор ёш тўкиб йиғлайди, эвоҳ.
Ажаб,
Кўз ёшига боис не экан?
Ё ҳаё босдиму яланғочликдан.
Ёки майфурушлик қилгани учун,
Табиат жазолаб, олдиму ўчин;
Деҳқон манглайида яна бир ажин
Кўриб ваҳм босдиму,
Ўйлаб қисматин?!
Токлар йиғлаяпти,
Бағрин тиғлаяпти...
* * *
УСТОЗ АСҚАД МУХТОРГА ЎХШАТМА
Май тўла пиёлага қўйган эдим лаб,
Чинни сўроғидан огоҳ бўлди қалб:
-Деҳқонларнинг бутми хирмони,
-Одамларнинг инсофи қалай,
-Серобми май?
-Айт, тўкинми эл дастурхони
-Одоблими, кўҳлими қизлар,
-Шодми кексалар...
Ўтмиш аждодларнинг товушидир бу,
Ўшалар руҳининг ташвишидир бу,
Балки катта бобомдир,
Балки Умар Ҳайёмдир...
МАРМАР
...га
Мармар ярқирайди ошуфта, нафис,
Мармар жилосига ҳавасим келар.
Кўзгудек бежирим, нур каби шаффоф-
Жисмига рашким ва ҳасадим келар...
Дўстлар, беҳудага мақтабман, йўқ, йўқ,
Нафис бўлса ҳамки, у муздек совуқ.
* * *
Ўхшашлик кўраман, юрак ва муштнинг
Ҳажмида, шаклида, мазмунида ҳам:
Юрак ноҳақликдан титраркан, шаксиз,
Мушт кулиб, бармоқлар-
Бармоқ қучоқлар.
Ўхшашлик излайман улардан тағин,
Лекин зидлик кўриб хунобман бу гал:
Доғланса, кирланса муштум ҳар маҳал,
Уни тоза этмоқ қийинмас,
Аммо,
Юрак қора бўлса, кирланган бўлса,
Уни тоза этмоқ – муаммо!
***
-Дадажон, нега йўқ оёқларингиз,
Наҳот бувим сизни туққан ногирон?
Эҳ, ёғоч оёқли бўлмасайдингиз,
Қирлар қучиғида чопардик чунон
Нега оёғингиз йўқ-а, дадажон...
Уруш йўлларида не-не қўл-оёқ
Госпиталда қолиб кетганин.
Ва улар ўрнини олганин таёқ
Бу қизчага уқдириш қийин.
***
Ўлимни енгмоқчи бўлар одамлар,
Улар бахш этмоқчи мурдага ҳам жон.
Ажаб, нега яна зид йўлни тутиб,
Инсон ўққа тутар-инсонни ҳамое?!
СОҲИЛДА
Сарҳадсиз денгизда лапанглар қайиқ
Қайиқ-ки, кўримсиз, кичик, бежамол.
Денгиз хуруж этар, денгиз чайқалар-
Уни итқитмоқчи бир пўчоқ мисол.
Бахайбат тўлқинлар урилар унга-
Қайиқ босиб ўтар барин беомон.
Ҳатто тўртанага дучор бўлса ҳам:
Қайиқенгиб ўтиб, сузар уфқ томон.
Шеър бағишламасдим қайиққа ҳеч ҳам
Уни бошқармаса жўмард ва ўктам.
Денгиздан қудратли-
Ҳазрати Одам!
ЎЛИМНИ ЕНГГАН ШЕЪР
Ўлим тўшагида тўлғанар бемор,
Гирдида ажалнинг машъум сояси,
Бемор-бемадор.
Кимдир аччиқ йиғлаб қилар илтижо,
Кимдир далда берар, ким ўқир дуо,
Бемор жим аммо;
Биров гул узатар, бошқаси гиёҳ.
Беморчи тийранроқ боқмасдан ҳатто,
Дейди: алвидо!
Во ажаб, кимдиров, худди ўша пайт
Шеър айтиб юборса, сокин, мафтункор:
Жилмайди бемор...
Ҳа, жилмайди
Демак, энди у ўлмайди!
***
Гуллаган даврида бир кунгабоқар
Жуда ҳам кеккайди, бошга кийиб зар.
Энди-чи, уялиб эгиб турар бош,
Деҳқонга дегандек –
Кечир, эдим ёш.
***,
Ҳаётда рўй берар ғаройиб ишлар,
Таажжуб этаман: нечун кишилар
Доно тўтиқушни, ҳассос булбулни,
Қафасга солишар, аммо ҳеч қачон
Машъум бойқуш ёки шум зағизғон
Қафасга солинмай озод юради,
Даврон суради.
ТОМОҚҚА ЯМОҚ
Масал
Порахўр чумчуқни тутиб зағизғон,
Деди: “Бу одамдан кеч, текинтомоқ,
Сенга айтавериб, йиртилди томоқ!”
Чумчуқ ҳам порани узатиб шу он,
Деди: “Бу – йиртилган томоққа ямоқ!
НОН ВА ЖУВОН
Деворда осиғлиқ баркаш, ширмой нон,
Нон-ки, мазмунида маъно бир жаҳон.
Чеҳрасида нафис ёзув ярқирар:
“Йигит, сафарингиз бўлсин бехатар”
Хатарли сафарга йўл олиб йигит,
Ризқ рамзи – шу нонга боғламиш умид.
Мана йиллар оша мутазирдир нон,
Аммо у ботирдан дарак йўқ ҳамон.
Бу маскан соҳиби бир кўҳли жувон,
Жувон-ки – нозанин, масъум, покдомон;
Гарчанд нонга боқиб тўкса-да кўзёш,
Тоғдек ситамларга беролган бардош.
Туйғуси дилида ширин жон каби,
Лекин қалби кемтик худди нон каби.
Ҳар оқшом мунтазир, мунтазир жувони,
Аммо бедаракдир ботир-навқирон.
Садоқат соҳиби – шу нон, шу жувон,
Урушдан домангир эмишлар ҳамон.
ЕР ВА ДЕҲҚОН
-Сен менинг онамсан, заҳматкаш замин,
Сен тақдиримсан,
Биз фарзандларни,
Елкангга опичиб ишлайсан бетин.
-Йўқ, тингла мени, камтарин деҳқон!
Сенсиз мен ботқоқман, саҳроман, тақир,
Сен – менинг қувончим, қувватим, ахир...
-Сенинг ҳароратинг – риштаи жоним!
-Сенинг рухсоринг-чи - жони жаҳоним!
-Сенинг саховатинг рисқу рўзимиз,
-Сенинг билакларинг толмасин ҳаргиз.
-Сен бошга кўтардинг, мени онажон!
-Сен мени қуёшга қаратдинг, деҳқон!
-Йўқ, йўқ, мени асли яратган ўзинг,
-Йўқ, йўқ сен...
ҚАТРАЛАР
Соч агар илиниб кетса тамоққа,
Тақдир раво кўрар уни тупроққа!
* * *
Олқишлайман, нурга интилса ҳар ким,
Нур яратганга-чи,
Этаман таъзим!
ИЖОД ҲАҚИДА
Булбул ғазалини тинглай, деб инсон,
Интилар боққа.
Яхшилар, бўлмасин боғда ҳукмрон:
Қурбақа!
* * *
Шеър сув каби азиз,
Сув каби лазиз.
Бўлсин-у,
Аммо...
У сув каби совут,
Сув каби суюқ
Бўлмасин асло!
ШУ ТИЙРАН КЎЗЛАР
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар...
“Кўзи ожиз” бўлиб туғилгандим ман,
“Бечора, дейдилар, қисматинг экан”.
Сезмасдим:
Тун нима, ё кундуз нима,
Баҳор латофати ё юлдуз нима?!
Эртадан-кечгача ўтирардим жим,
Ахир, юмуқ эди менинг кўзларим.
Илк баҳорда бир кун Тошкентдан дадам,
Доктор олиб келди, қувондим бирам!
Профессор экан,
Кўрди кўзимни.
Тинглади ҳасратли, мунгли сўзимни.
-Даволайман,- деди, аммо жуда қийин,
/Дилим туғён этар дақиқа сайин/
Бунинг бир йўли бор: бирорта одам,
Агар рози бўлса,
Даҳшат бўлса ҳам,
Кўз соққасин берса, ўйин оламан,
Кўзларинг ўрнига уни жойлайман!
Тезда дўсларимни тўплабди дадам,
Сўрабди ёрдам...
Аммо ким кўз берсин,
Шу экан тақдир,
Дептилар: кўз бериш- даҳшат-ку, амир!
Қариндошларни ҳам топибди дадам,
Кўз инъом этмабди қариндошлар ҳам.
Сукут ичра бир кун мизғирдим, ҳайҳот,
Ногоҳ эшитилди аччиқ бир фарёд...
Вой, онам-ку, ахир!
Ирғиб турай десам, қўймайди кимдир.
Кейин...
Кейин билсам, бечора онам,
Мен учун берибди икки кўзин ҳам.
Доктор нигоҳбонин ўйиб олибди,
Дарддан мунисгинам фарёд солибди!
Жарроҳ столига сўнгра мен ётдим,
Билмам у ёғини – ҳушим йўқотдим.
Орадан тақрибан қирқ кунча ўтгач,
Ва профессор ижозат этгач,
Докани кўзимдан ечдим – у шартта,
Мен борлиққа боқдим биринчи марта!
О , ошуфта дунё, осмон, юлдуз, ой!
Одамларни кўрдим илк бор, ҳойнаҳой,
Онажон, деб уйга қўйиб кирсам от,
Эҳ, мен ношудга ҳаром бу ҳаёт!
Онамнинг иккала кўзи кўр эди,
Инграрди бечора... дарди зўр эди!
У секин пайпаслаб, бошимни тутди,
Очиқ кўзларимни меҳр билан ўпди.
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар,
Онажонимники!
ОНА ЮРАГИ
Она юраги ҳақидаги афсонани эшитган чиқарсиз. Уни талай шоирлар шеърга солишган. Мен ҳам бир вақтлар қаламимни синаб кўргандим.
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Сен она эмассан.
Жаллодсан – ҳаёт!
Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?
Уларга тутқазиб, гоҳ ханжар, гоҳ гул,
Қисматнинг қаърига отасан буткул!
Қаламга олганим жўн бир афсона,
Афсонада зоҳир – сабоқ, фасона
Ўғлон севиб қолди, дарди беҳудуд,
Кўзидан, сўзидан ўт чақнар бедуд.
Одамлар! Чекининг, ана маст келди!
Ишқ шаробин ичган
Ғўр сармаст келди!
Ишқи тушган санам, о дилдор эди,
Чечан-у, шоҳиста ва кибор эди.
Моҳтобни эслатар хушрўй юзлари,
Руҳингни эркалар сузук кўзлари
Пойларига қўйиб бошини такрор?
Йигит зорланарди – ашки шашқатор:
«Дилингни менга бер,
Берақол, жоним,
Зулматга отмагил жону жаҳоним.
Не шартинг бор, сўйла, борлиғим нисор,
Жоним-у, жаҳоним, имоним нисор…» «Чиранма, қоплоним, кўз сузди дилдор,
Агар жўмард бўлсанг, қалтис шартим бор…
Майли, юраккинам сенга бахшида…
(Ошиққа умидбахш ваъда яхши-да)
Унинг эвазига келтиргил лочин,
Онанг юрагини!
Сўзинг бўлса чин!»
Нима бу?
Макрми, сир-у синоат,
Даҳшатли ҳазилми ёки хиёнат?
Ёлғиз ўғил эди, ёлғиз онага.
Саросар қайтди у уйга – хонага
Онанинг кўзлари йўлга зор эди.
Ўғил қўйнида-чи ханжар бор эди…
Девонавор эди унинг кўзлари,
Сарбасар, мастона айтган сўзлари.
Она ёйган эди муъжаз дастурхон,
Ҳадемай нон ўзра сачраб кетди қон!
Кафтда серхун юрак урарди ҳамон.
Ўғил манзил сари отилди чпққон.
Ва остона ўзра қоқиниб тушди,
Онанинг юраги нарига учди…
Водариғ,
Водариғ, тилга кирди у,
Дарду изтиробли бир ҳол эди бу
Дедики: «Тойчоғим, бу не фалокат?
Етмадими сенга зарбу зарофат?
Турақол, чироғим, дардингни олай,
Йўл қалтис, огоҳ бўл қурбонинг бўлай…
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Сен она эмассан,
Жаллодсан ҳаёт!
Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?
Кечир, мунгли бўлди Нусратнинг сўзи,
Хулоса яcасин ҳар кимнинг ўзи…
!
ТУЮҚЛАР
Севги йигит- қизлар дўст этди қалин,
Лекин ёш қалбларга ғам қўнди қалин
Чунки йигит тўйни бошлайин, деса,
Бўлажак қайнота, деди: “Чўз қалин!”
* * *
Сочи узра тушган бўлса ҳамки оқ,
Тоқати тоқ бўлар ичмай турса”оқ”.
Яна маст ҳолича дарёга дер-ки:
“Сув бўлиб оқмагин, арақ бўлиб, оқ!”
САМАРКАНД
Қўш мувашшах
Суғдлар Сенга Сайқал берди бир замон,
Аммо ажнабийлар айлади вайрон.
Мажруҳ, маъюс, мунгли она каби сен,
Асрдан-асрга айладинг гирён.
Руҳинг ранждийда-ю, рухсоринг сомон,
Қуёшга қарагин, қара уфққа!
Ашкингни абадга артай, онажон!
Нусрат нурсиз назмин бахш этиб сенга,
Дер:”Дилга дармонсан, она-Суғдиён!”
* * *
Қўй овутма мени, онажон,
Ғашлигимдан бўлмагин хуноб,
Хасталикдан қийналганмас жон,
Эзилганмас анордек виждон.
Фақатгина, фақтгина ман...
Қўшиғимдан қониқмаяпман!
ҚАЙДНОМА
Одамларни тушуниш қийин. Уларнинг аксари оғма ва беқарор. Қишлоқ ёшлари шаҳарга интилишади-ю, бир азобда ўрнашиб олгач,қолган умрларини шаҳар ва шаҳарликларни ёмонлаш, ғийбат қилиш билан ўтказишади. Ёки кексаликни олинг. Ҳамма ҳам мўйсафид ёшларга етишни орзу қилади. Унга етиб олгандан сўнг, кексаликни лаънатлашади. Ўзлари танлаган касбу корни, сайлаган депутат ҳамда ҳукуматни ҳам ёмонлашгани ёмонлашган улар.
* * *
Статистика –ҳақгўй ва даққоқ қария.Фоизма- фоиз айтиб беради: одамлар қанчага кўпайгани, жиноят қанча ошгани, нон истеъмол қилишнинг кўтарилиш динамикаси , гўштнинг қимматлашуви... хуллас ҳаммасини. Аммо, энг муҳим кўрсатгич – инсоннинг нечоғлик бахтли ёхуд бахтиқаро экaнлигини айтишдан ожиз у!
* * *
Ташвиш сени ташвишга солмагунча сен ташвишни ташвишга солма!
* * *
Халойиқ гавжум бўлиб ўтадиган йўл бўйида икки гадонинг ғижиллашиб қолганига гувоҳ бўлганман.
-Сен, ипирисқи иккинчи бор участкамга келсанг, уриб оёғингни синдираман. Бу ер учун ойида эллик сўм тўлаганман!
-Вой, паст-ей! Эллик сўм дейди-я!
Мен юз сўм бериб чиқдим бу жой учун.
Йўлда давом этар эканман ўйладим: ким экан ана шу гадолардан ҳам бож ўндирган? Албатта, амалдор!
Тиланчидан ҳам паст турган ярамас!
* * *
Йўқ, миллатни ер ости бойликлари фаровон қилолмайди. Халқ заковатли, уддабурро, тежамкор бўлгандагина бири икки бўлиши мумкин. Бир кўза олтини бор довдирган, қўлида яхши ҳунари бўлган хушфеъл ва ишчан одам бой ва бахтлидир.
* * *
Биз кўп сохаларда қадимги юнонларнинг ихтироларини қайта кашф этиб юрибмиз. Айниқса, биология ва тиббиёт соҳаларида фаннинг юза қатламидамиз. Ваҳоланки, инсониятнинг келажаги кўп жиҳатдан ана шу икки фан тараққиётига вобастадир.
* * *
Ақл, ақл, ақл! Бирламчи шу! Жамият ва миллатга кўплаб ақлли ёш олимлар, шоирлар, файласуфлар керак! Уларни бало қазодан асрайлик!
* * *
Сиз ногаҳонда севиб қолдингиз. Лекин у эртанги ёки кечки. Бу иш кимнингдир ҳаловатига зомин, кўз ёшларига боис. Ана шунда бу бевақт муҳаббат балосидан дўқ-пўписалар, панд-насиҳатлар эмас, фақат анатомия фани совутиши мумкин. Бунинг учун севгилингизни эслаганда, кўрганда унинг сочлари ва қошлари инсоннинг ҳамма жойидан (кафт ва товон бундан мустасно) чиқадиган ва жамики сут эмизувчиларникидан фарқ қилмайдиган жун эканлигини, унинг юзи ҳеч қанақа ойга, ширмойга ўхшамаслиги, балки остида мой безлари, артериялар бўлган тери эканлигини, ингичка бели умуртқа поғона ва ҳазм бўлган овқатлар ўтадиган ичакдан иборат эканлигини назарда тутсангиз бас!
* * *
Бир корчалонни билардим.Иши тушган кишини жуда устакорлик билан сифатлаб, ийдириб юборар ва ишончини қозониб, истаган куйга соларди. У билан жиддийроқ қизиқдим. Билдимки, у ўз қурбонининг иллатини илғаб олиб ўша ернинг ҳужайраларини ҳузурбахш қитиқлаб қўяркан. Бир саводсиз профессорни ўз соҳасининг катта донишманди, мижғов шоирни-истеъдод соҳиби, порахўрни-ҳалол, қурумсоқни Ҳотами той деб таърифлаганига гувоҳ бўлдим.Ниҳоят у меи ҳам “улфат одам”, деб таърифлади.Тўғри, кейинги пайтларда ташвишларим кўпайиб, вақтини қизғанганим, танҳоликни ҳушлаб, одамёқмас бўлиб қолганим рост.
* * *
Сен, болам, табиий фанларнинг иқтидорли олими бўлишинг мумкин. Модомики шундай экан, сиёсатга меҳр қўйишинг, зоҳиран амалга интилишинг ғалат. Сенинг ўрнинг парламент ва ҳайъатлар эмас, лаборатория ҳамда тажриба далаларидир.
* * *
Бу соҳага мардикорлар эмас, чинакам хўжайинлар керак. Сен яхшиси кооперативга бориб қўяқол. Шунда рўзғорингга ҳам, эҳтимол оилангга ҳам кўпроқ наф келтирарсан.
* * *
Даҳоларни даҳо қилган меҳнат ва истеъдоддир.Улар ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам иштиёқ билан ишлаган, ишлаган, ишлаган.
* * *
Ҳозир Архимед тирилиб келиб: “менга таянч нуқтани беринглар, ер шарини силжитаман” деса мутасаддилар қандай жавоб қайтаришларини тасаввур қиламан.
РЕКТОРАТ. Афсуски, бу масала билан биз шуғулланмаймиз. Ариза ёзиб, юқори ташкилотларга мурожаат қилинг. Аризангизда ана шу ишнинг халқ хўжалиги қанча наф келтиришни кўрсатинг.
ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ. Ҳурматли ўртоқ Архимед! Сизнинг бундан олти ой муқаддам ёзган фалон рақамли хатингиз яқинда бўлиб ўтган кенгашда кўриб чиқилди. Бир неча кекса академикларимиз сўз олиб, нуқтани сизга бериб юборишга қарши чиқдилар.Таянч нуқта ўзимизга керак, дейишди. Шунингдек, кўп олимлар Архимед, деган олимни танимасликларини айтдилар. Шунинг учун бизга ёки бошқа идораларга мурожаат қилганингизда туғилган жойингиздан маълумотнома (миллатингиз кўрсатилган бўлиши керак), ўқув юртини битирганингиз ҳақида ҳужжатнинг асл нусхаси, сўнги иш жойингиз ва доктордан ҳужжат илова қилиш керак.
ВАЗИРЛИК.(Биринчи мактаб) Ер қатламининг силжиши оқибатида вайрон бўлган мактаблар ва илмий-тадқиқот институтлари қурилиши шу йилнинг иккинчи кварталида ўтказиладиган қўшма коллегияда кўриб чиқилади.
(Иккинчи мактуб). Ҳурматли ўртоқ Архимед! Бизга хат ёзишни бас қилинг! Сиздан олдин мактубига Аристотель, Гиппократ, Пифагор деб имзо чекка кишиларни руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишга мажбур бўлганмиз!
УНДАН ЮҚОРИ ТАШКИЛОТ.Ерни қимирлатиб нима қиласиз? Экстремистларнинг қимирлатгани етиб ортади ўзи! Биз ташаббусни буғмоқчи эмасмиз, албатта! Майли депутатлар кўришсин.
БИРИНЧИ ДЕПУТАТ.Вақтида газимизни олиб кетишди, олтинимизни олиб кетишди, энди таянч нуқтамизни ҳам олиб кетишмоқчими?
ИККИНЧИ ДЕПУТАТ.Агар валюта билан ҳақ тўласа бериб юбориш керак!
РАИСЛИК ҚИЛУВЧИ.Демак, масала аввал институтда, академияда ва бошқа тегишли ташкилотларда ўрганилиши керак. Ундан кейин муҳокамага қўйилсин, деганлар қўл кўтаришсин. (Ҳамма қўл кўтаради).
* * *
Фараз ва фантазияни хомхаёлдан фарқ қилмоқ керак. Энг улуғ кашфиётлар шулардан бошланган. Фараз-ўлжанинг изига тушган овчини эслатади. Уёғи эса унинг жасурлиги, сабр-тоқатига боғлиқ!
* * *
Ижодкор учун ёш мутлақ нисбий кўрсатгич. Қирқ ёшда қариб қолган ёки худди шу санада иш бошлаб, донг таратган ижодкорларни биламиз.
Сўнгги нафасигача ўзини навқирон ҳисоблаган кишига ҳавас қилса арзийди.
* * *
Ҳар ернинг тулкисини ўша ернинг тозиси билан овлаш керак, дейишади. Мабодо, ўша тозилар ҳам тулкига айланган бўлишса-чи?
* * *
Мухбирлар билан мулоқотда бўлишга ошиқаверма. Улар сен туфайли ўзларини тарғиб қилишга мойил бўлишлари мумкин.
* * *
Оиланг, авлодинг ва миллатингни ўзинг эмас, ўзгалар таърифласин!
* * *
Бир латифанамо ҳангома.
Ҳусан деди: мен Ҳасан акамдан нақ бир соат кичикман. У кишидан катта бўлишим мумкин эди-ю, аммо оламга келишда: аввал сиз чиқинг, деб мулозимат билан ўтказиб юборганман.
* * *
Буниси топишмоқнамо гап.
Қора сигир-оқ сут, қора товуқ-оқ тухум беради. Хўш, ўзи қора бўлмай-қора ишлар қиладиган сут эмизувчини топинг.
* * *
Йиғлама азизим! Кел сенинг кўз ёшларингни артиб қўяй. Нималарга қодир эканлигимни ҳали кўрсатаман у номардларга!
* * *
Ошириб юборма чароғим, ошириб юборма! Ошириб юборилган сифат-хушомадга, танқид-ҳақоратга, дори-заҳарга, меҳр-қаҳрга, ҳазил-зилга айланишига ишончим комил.
* * *
Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” ни шу кеча кндузда ёзса, унинг муҳокамаси тахминан қуйидагича бўларди.
ЁЗУВЧИ. Инимиз Абдулла Қодирий яхши ният билан роман ёзибдилар. Аммо, роман қоралаш учун ниятнинг ўзи кифоя эмас, албатта. Ўзим ҳам роман ёзганча қанча ҳикоя, қиссалар эълон қилганман. Чехов бир умр роман ёзишни орз қилган, лекин ёзолмаган. Ман гапни чўзиб ўтирмайман. Тан оламан: қўлёзмани тўла ўқиб чиққаним йўқ, аммо бодрингнинг тахирлигини билиш учун уни ҳаммасини еб кўриш шарт ҳам эмас. (Залда кулгилар). Аввало, муаллифнинг ўзига Жулқунбой, деб тахаллус танлагани манга ўтиришмай туриди. Жулқунбой (Залда кулгилар). Бизда костюм-шими йиртилиб юрган кишини жулқунбой дейишади. Лекин бу киши... Майли, гап тахаллусда эмас. “Мавзуни мозийдан, яъни ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган кейинги “хон замонлари” дан белгиладим” дейди. Ўртоқлар, ўтмишни шунча йил қоралаб келганимиз етар. Қоралайвериб, шу кунга етиб келдик. Бундан беш-олти йил илгари бўлганда ҳам бу гап долзарб ҳисобланарди. Биз ўтмишни ҳурмат қилмасак... Яна тишга тош бўлиб тегадиган жой-қўлёзманинг иккинчи саҳифасида Отабек кекса Ҳасаналига: “Бизга чой қайнатиб беринг” дейди. Бизнинг ўзбекда кексаларни жуда ҳурмат қилишган, ўртоқлар!
Хуллас, Абдуллажон асари устида жиддий ишлаши керак. У киши Ҳамза мукофотига сазовор бўлган романларимизнинг барини ўқиб чиқмоғи шарт. Майли, мен ҳам бир китобимни тақдим этаман, бундан характер яратишни ўргансин.
ТАНҚИДЧИ. Бу асар онгимиз ва ақлимизга маънавий озуқа бера оладими? Бу саволга “ҳа” деб жавоб қайтариш қийин. Қандай ёзиш керак, деб савол берилса, ҳеч иккиланмай шу қўлёзмани кўрсатиш мумкин бўлур эди. Бу бир сентиментал қисса бўлиб, ёзувчининг “мен”и индивидуаллик касб этмаган ва концепция жиҳатдан оқсоқ. Аср ўртасидан ўтган “қизил ип”нинг гоҳида синтетикага айланиши муаллиф позициясининг беқарорлигини белгилайди. Муаллифўзича феодал давр инқирозларини интригалар билан чизади. Хроникал фактлар, ўзгача қилиб айтсак, рационал мағз реалистик картинага айланмайди. Абдулла Қодирий Орол муаммосини ҳам, миллатлараро муносабатларни ҳам атайлаб четлаб ўтади. Бундай асар китобхон дидини ўтмаслаштириб қўяди.
НАШРИЁТ ХОДИМИ. Автор қўлёзмани бултур олиб келган эди. Спонсор, яъни ҳомий топинг, десак ҳам қолдириб кетди.
Уюшма “Фойда бермайдиган китобни чиқарма, деяпти. Шунинг учун илтимос: расмиятчилик бўлса ҳам қўл кўтариб, қарорни тасдиқлаб берсаларинг. (Ҳамма қўл кўтаради).
* * *
-Ғам ема, азизим, ғам ема!
-Йўқ, ғам мени еяпти.
* * *
Йўқ! Уч тўрт ёки ўн йилда ҳаммаси яхши бўлиб кетмайди. Чунки, ҳар қандай шароитда ҳам бизнинг талаб-эҳтиёжларимиз давр тараққиётидан олдинда туради.
* * *
“Бахтиёр кексалик” эмиш. Мен бунисига ишонмайман!
* * *
Тежамкор билан хасиснинг фарқи бор. Уларнинг бири бойийди, иккинчиси қашшоқлашади.
* * *
Барча кўргиликларга дин сабаб десанг, сени калтабинликда айблардим. Агар хуррам келажакка олиб борадиган йўл-дин десанг ҳам нодонликда айблардим.
* * *
Минбарларга бот-бот кўтарилиб, мажлис аҳлини ўз қарашларига давъат этадиган кишини тез юрадиган соатга ўхшатардим. Одамларга эса тўғри юрадиган соат керак!
* * *
Сен менинг асаримда нималар йўқлигини гапирма. Унда сен айтганлардан ташқари Гиппократ қасамёди, Гагарин парвози каби масалалар ҳам йўқ. Чунки, булар менинг асаримга керак эмас! Сен асарда нималар борлигини гапир!
* * *
Халқ адашмайди, у ҳамиша ҳақ, дема. Ахир халқ ҳам сен билан мендай кишилар гуруҳи – дан иборат бўлса, у кўп адашади, ноҳақликлар қилади.
* * *
Агар суҳбатдошинг далил ва асосларга ҳам кўнмай ўжарлик қилиб тураверса, баҳслашни бас қил!
* * *
Бир замонлар, денгиз сигири, деган жонивор бўлган. Сут эмизувчилар оиласига мансуб бу ҳайвон бироз сигирга, бтроз тьюленга ўхшаган. У сув остидаги кўкатлар билан озиқланган. Ҳозир бу жониворнинг расми сақланиб қолган, холос. Гўшти хушхўр бўлгани учун одамлар қириб юборишган уни.
“Қизил китоб”га ўхшаш “Қора китоб” ҳам ташкил этиб, диназаврлар, мамонтлар, денгиз сигирларини ёзиб қўйиш зарурга ўхшайди.
* * *
Бу одам кўзгуга боққанда, аввало, ундаги доғни кўради.
* * *
Ғалати: Ўрта Осиё халқларининг барида “дўст” ва “душман” сўзи ён ма-ён келади.
* * *
Одамларнинг сен билан ҳисоблашишларини ҳис қилиб туриш –мароқли.
* * *
Йўқ, бу тўплаганлар халқ ғамида эмас. Уларнинг ҳар бири ўзнинг устун томонини намойиш қилиш иштиёқидадир.
* * *
Қарол билан қиролнинг фарқи-битта ҳарф.
* * *
Сени номдор ёзувчи қилган истеъдодинг эмас, балки атрофингдаги кишиларнинг лақмалигидир.
* * *
Шаҳар кўрган эчки.
* * *
Ҳозир нотиқлар ва журналистлар ўтмишини, марҳумларни ва мавҳумликни танқид қилишни авж олдириб юбордилар. Биз токи ўз-ўзини танқид қилишга ўтмас эканмиз, бурилишга эришишимиз қийин бўлади.
* * *
Бозордан айрилманг, бозордан! Пештахтанинг нарёғида турасиз-ми, бериёғидами-барибир, у сизни бурро, тежамкор, хушфеъл қилади.
* * *
Театрга одамлар бормай қўйишди. Эҳтимол тўғри қилишар. Оила даврасида ўтиши керак бўлган шомнинг энг шавқли дақиқаларини ёт муҳитда ўтказиш, эҳтимол, унчалик зарур эмасдир.
* * *
Униг теледастурдан ўзга нарса ўқиганини эслолмайман.
* * *
Қамиш ва қиёқлар айқашиб ётган ёққа қулоқ сол. Инграганга ўхшаган нолалар чалинади қулоғингга. Бу ботқоқликка айланаётган тупроқ фарёдидир.
* * *
Диогеннинг бочка ичида яшаганини пеш қилаверма. Ҳарқалай ўша бочка ичидаги шароит бетон уйдагидан ёмон бўлмаса керак?!
* * *
-Шамол бўзлаяпти.
-Товба!
-Ой теракка илиниб олди.
-Овсар.
-Чўққи новвотга ўхшайди.
-Ғалати-ку...
-Томоғимга тиқилар туйғу!
-Сув ич, гўсала!
-Сен сўқирсан, тўнка замондош!
-Бу бола айниганга ўхшайди!
* * *
Сен бузилдинг! Кечир, биз катталарни, ўсмир!
* * *
Совуқ қабр. Очкўз юҳо! У сен билан мени кутгани кутган!
* * *
Оила учун яшаш худбинлик эмиш! Безуррёдлар, бағритошлар фалсафасига ўхшаб кетади. Шундай эмасми?!
* * *
-Барига минбар сабаб! Ўша бошсиз, ҳиссиз ёғоч лақиллатди бизни! Келинглар, ёқиб ташлаймиз, лаънатини!
-Одамлари иккиюзламачи қилаётган микрофонни ҳам.
* * *
Виждоннинг ўтмаслашиб қолишига тириклик тарзи ва нопок дўстлар сабаб бўлади.
* * *
Улуғ бўлсанг, улуғларни улуғла!
* * *
Икки киши жанжаллашса, айб-ақллисида, икки миллат жанжаллашса айб-зиёлисида!
Комментариев нет:
Отправить комментарий