суббота, 12 декабря 2009 г.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ( Махмудходжа Бехбуди) таваллудининг 135 йиллиги олдидан

САРВАРИМИЗ

Самарқандлик ҳамкоримиз Нусрат Раҳмат ва жадидлар сардорининг эвараси Шоҳруҳхон, эътиборингизни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолияти қирраларига қаратиш билан бирга қатор актуал муаммоларни ҳам ўртага ташлайдилар.

- Шоҳруҳхон ака, сиз узоқ йиллар давомида Тожикистон, Афғонистонда масъул вазифаларда ишлагансиз. Нафақага чиққандан кейин ватанга қайтдингиз ва маълум даражада бобокалонингиз меросларини ўрганиш билан шуғулланаябсиз.

– Ростини айтсам, Нусрат ака, мен бобомни айнан нафақага чиққандан кейин Соли Қосимов, Бегали Қосимов, Ҳалим Сайид, Зебо Аҳророва ва бошқа олимларнинг асарларини ўқиб таниганман. Бизнинг уйда бобом ҳақида сўз кетганда дадам, амакиларим, аммам ва бошқа қавмларнинг кўзларида зоҳирий хавотирлик пайдо бўлар ва шундан бўлса керак, бу хусусда гаплашишмасди. Фамилиялари Беҳбудий бўлганлиги сабаб дадам кўп азиятлар чекканлигидан ўзим ҳам хабардорман.

– Ҳа, у киши 1937 йили иккинчи бор ўлимга маҳкум этилди. Болшевиклар ҳақида, 1906 йили «Хуршид» газетасида ёзган мана гапларини улар кечиролмасди. «Ҳар ҳолда бу партияни муроди мумкин лойиқи ёйинки хаёлийдек кўрунуб, бу тоифаға қўшулмоқ биз мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур. Прўғраммаларини(нг) молия моддаларина бир оз тағйир бермағунча, шариатга мувофиқ ўлмағони киби жоний (ҳаётий) ва оила бобидағи фикрлари ҳам асло-асло тўғри келмайдур.»

- Жадид боболаримизни бугунги мустақиллигимизнинг яловбардорлари дейишлари бежиз эмас. Аммо улар фақат маърифат орқали озодликка эришмоқчи бўлдилар, деган фикр, назаримда, тўлақонли эмасдай. Жадидлар курашга ҳам кирдилар. Қўқон мухториятининг эълон қилиниши бунга мисол бўлаолади. Бобомнинг 1918 йили «Ҳуррият» газетасига қозоқ қариндошларга ёзган хатларидан парча келтирмоқчиман: «Боурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлиға саъй қилмасак, албатта, ҳозирги…мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар!» Шунинг ўзи ҳам жадид боболаримиз тарихимизда чинакамига йўлчи юлдузимиз, сарваримиз бўлганликларидан далолатдир. Ваҳоланки, тарихимизда улардан илгари ҳам, кейин ҳам шундай ҳаракат содир бўлмади. Бундай ҳаракатга эса ижтимоий замин ҳам, зарурат ҳам бир неча бор юзага келганди.

– Келинг, энди бобокалонингизнинг чинакамига дарға эканликларини эътироф этган ҳолда, бошқа соҳалардаги хизматлари ҳақида тўхталайлик. Раҳматли Бегали Қосимов билан бўлган бир суҳбатимизда: «Беҳбудий фақат драматургиямиз эмас, публицистикамизга ҳам пойдевор қўйган, умуман, янги адабиётни бошлаб берган аллома», деган эди.

- Зеро у ўз китобида шундай деб ёзади: « Беҳбудийнинг публицист сифатидаги фоаолияти адиб истеъдодининг жуда ёрқин бир қиррасини ташкил этади. У ўз умри давомида юзлаб мақоллар ёзди. Ўзининг миллат ва ватан, жамият ва ахлоқ ҳақидаги фикрларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этди. Баъзилар унинг мақолалари ададини 200, бошқалар 500 деб белгилайдилар. Унинг барча ёзганлари ҳисоблаб чиқилмаган…»

- Бадиий публицистика газетадаги жанрдан фантазисининг серқамровлиги, тили, услуби билан фарқланади. Аммо публицистик асарнинг ютуғи ва қисмати шундаки, ўша муаммо ҳал бўлгач, асар ҳам қийматини йўқотади. Бу жанрнинг ҳам ютуғи, ҳам қисматидир. Лекин орадан юз йил ўтган бўлишига қарамай, бобонгизнинг аксар мақолалари ўз қийматини заррача йўқотмаганлиги мени ҳайратга солади. Ваҳоланки, шўролар даврида ўзим ёзган публицистик асарлар бугун яроқсиз ҳолга келиб турибди. Келинг, шу ҳақда гаплашайлик.

- «Ойна» журналида ёзган «Аъмолимиз ёинки муродимиз», «Зўраки бой », « Бизни кемирувчи иллатлар» сингари қатор мақолаларида тўй-маъракаларимизнинг серчиқимлиги, исрофгарчилигини жуда куйиниш, ички изтироб, гоҳида қаҳрга миниб танқид қиладилар. « Ҳой, ҳой халойиқ! Бизлар девонами соғ? …тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила балаларни мусулмон ва руси яхши ўқитилсун. Тўю маъракага сарф қилинадурғон оқчани эски мадраса ва мазор-у масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтларига сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан балаларни ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка. Мадина, Миср, Истанбулга ва Русия дорулфунун ва дорулсаноатларига юборилиб, диний ва дунёвий ва замонавий одамлар етиштирмоқға саъй қилинсун…»

- Шоҳруҳхон ака, сўзингизни бўлганим учун узр. Мен яқинда шаҳарга туташ бир туманда тўйда бўлдим. Тўй соҳиби бир вақтлар амалдор бўлган, ҳозир ўғиллари Россияда ишларкан. Базмда тўпланганлар минг кишидан кам эмас эди. Чаққон йигитчалар пақирларда арақ ташишар, меҳмонлар уни сувдан ҳам кўпроқ ичишарди. Казо-казо санъаткорлари навбат билан келиб-кетишар, сўзга чиққан шоир-у ҳофизлар миллатимизнинг қўли очиқлигини мақташар, дунёнинг ҳеч ерида бундай халқ йўқлигини таъкидлашарди. Кундузи кураш ҳам бўлган экан. Охирида солимга туя қўйишибди. Кавказдан келган чечен йигит бу ердаги чемпионни йиқитган экан, номус қилиб жанжал бошлашибди. Кейин туяни ўша ерда сотиб, пулини ғолиб билан мағлубга тақсимлаб беришибди. Тўйхонада бир муаллим билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Унинг айтишича, қишлоқдаги бирор хонадонда компютер йўқ экан. Мактабга ҳам уч йилдан бери ваъда беришармиш-у…Мен бу ҳолни шарҳлаб ўтирмайман. Фақат бобонгизнинг дард ва куйиниш билан танқид қилган иллатлари юз йил давомида ҳам тузалмагани, худо ҳаққи, мени изтиробга солади.

– Мадомики шундай экан, қонун ва фармойишларни ишга солиш лозим, деб биламан. Дабдабали марака ўтказган амалдорлар ишдан олиниши, бошқаларга жарима солиниши заруратга ўхшайди.

– Майли, мавзудан чиқиб кетмайлик, бобонгиз ўз мақолаларида миллат тақдирига, миллий масалаларга алоҳида урғу берганлар. «Тил масаласи», «Сарт» сўзи мажҳулдир», «Икки эмас, тўрт тил лозим» сингари мақолалар бунга мисол бўлаолади.

- Аввало, у кишининг ўзлари зукко байналмилал бўлганликларини таъкидлаб ўтиш керак. «Биз туркистонийларга туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур», деб ёзадилар у киши. «Самарқанд» газетаси, «Ойна» журнали ўзбек, тожик ва қисман рус тилларида чиққан. Бобомнинг ўзлари Яссавий авлодидан бўлсаларда, биз оилада азал-азал тожикча гаплашганмиз. Немис олимаси Ингеборг Балдауф 2001 йили «Маънавият» нашриётида чоп этилган китобида ёзади: «Агар Маҳмудхўжа тожик ҳам, ўзбек ҳам бўлмаса, ёхуд иккаласига ҳам тенг даражада мансуб бўлса, у ўзини ким деб ҳисоблаган бўларди? …Агар 1924 йилга қадар «тожик» ёки «ўзбек миллати» деган тушунчалар бўлмаганинин назарда тутсак…Маҳмудхўжа ўзини ва ўз ватандошларини «Мардуми Туркистон» ёхуд «Туркистониён» деб… ё соддагина қилиб, «мусулмон» деб атаган бўларди.»

- Шоҳруҳхон ака, суҳбатимизда цитаталар кўпайиб кетди.

- Газетхонлардан кечирим сўраймиз. Ноиложлик…Бобомиз таваллудларининг 135 йиллиги ( 2010 йил, январ) яқинлашаябди. У кишининг 125 йилликлари нишонланганда одамлар даста-даста гул кўтариб келишди. Биз – Беҳбудий авлодлари бу гулларни қаерга қўйишни билмай ўксигандик – қабр ҳам ҳайкал ҳам йўқ эди. Самарқандда жамоатчилик кучи билан ҳайкал тикланди. Бунинг учун, энг аввало вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори Абдуазиз Аминовдан ва сиздан миннатдормиз…

- Майли, вазифаларга ўтайлик…Назаримда юбилейгача Қарши шаҳрида ҳам у кишининг номини абадийлаштириш чоралари кўрилар. Лекин бунга ҳозирданоқ кириши керак. Масалан, ҳайкал ўрнатиш таклифи шаҳар, вилоят ва Республика Вазирлар маҳкамаси қошидаги топономик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштириш комиссия тасдиғидан ўтиши зарур ва бунинг учун вақт талаб қилинади. Гоҳида ортиқча расмиятчиликларга ҳам дуч келасиз. Масалан, биз тақдим этган ҳужжатлар Самарқанд шаҳар ҳокимлигида йўқолиб қолди, иккинчи бор эса ҳазратнинг уйларига мармар лавҳа ўрнатиш ҳақидаги илтимосимизни рад этишди ва ҳакозо. Ҳарҳолда, қашқадарёлик ижодий жамоалар ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан чиқсалар, биз ҳам қараб турмаймиз…Бундан ташқари, Беҳбудий ҳазратларининг ҳали эълон қилинмаган асарларини чоп этиш, уй-музейларини очиш сингари юмушларга ҳам ҳозирдан киришган маъқул.








БЕҲБУДИЙГА БАХШИДА” ҲИКОЯЛАР ТУРКУМИДАН

Биринчи ўқитувчи ёки эртакдан сўнг

“Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер...
Эй Оллоҳи азим-у шон! Бу магар сенинг ғазабингмидур? Афу эт, биз-инсонларни; ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умуми ато айла, инсонларға инсонгият бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин...”

Маҳмудхўжа Беҳбудий

Ҳозирги ўқувчи анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат барҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид бўлиб бўлиб қолаверади.
Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади. Зеро, ҳаётни кураш майдони, дейишади. Уни рақобатлар ринги, десак ҳам эътироз билдирмассиз.
Ижозатингиз билан илк ҳикоямни афсонадан бошламоқчиман. Афсона ва ривоятларга эса нописанд бўлмаслигингизни сўрардим. Энг қадимги юнон ва форс эртакларини оласизми, ўзимизнинг “Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми бари-бари дастлаб жунгина бўлиб туюладиган ривоятлардир.
Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, дейишади. Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга қасдма-қасд яшайверади. Яшайверади.
Хуллас, эзмалик чикора ...
Бир бор экан, бир йўқ экан, жуда ... (дарвоқе, қайси замонда бўлганининг аҳамияти йўқ ҳам) қадимий Самарқанд томонда болакайларга ўқиш, ёзишни ўргатадиган хокисоргина Муаллим рўзгурзонлик қиларкан. Ҳайтовур, муаллимлик – ота касби бўлганиданми ёки бошқа сабабми – мактабни, болакайларни жуда яхши кўраркан. “Афсуски, биз алдам-қалдам замонда вояга етдик, деркан у ёшларга бот-бот; тугал ва комил бўлолмадик. Энди ҳамма умид сизлардан!”. Фақат сўздамас, амалда ҳам интилувчан, равшанфикр экан; мактабда кўпинча биринчиликни оларкан; маъмурият буни эътироф этиб, байрамларда мукофотлар бераркан унга.
Муаллимларнинг маошига кун кечириш мушкул бўлиб қолганда, унинг аксар шериклари бошқа соҳалардан насиба излаб кетиб қолишибди. Лекин у шунда ҳам қаноат қилиб, болаларга меҳр билан сабоқ беришни канда қилмабди. Кун бўйи ўқитиш билан кифояланмай, уқувсизроқ болаларни олиб қолиб, тағин такрор этаркан. Ота-онлар билан юзма-юз бўлганда, уйда бола билан ишлашни илтимос қиларкан, жамоа жойларида эса дунё янгиликлари, маънавий курашлар, эзгу урфлар тўғрисида гапираркан. Шу билан бирга, уйга келиб, бола-чақаси билан томорқа тирнаркан.
Замонлар ўтибди – подшолар, тузумлар ўзгарибди, аммо бечора Муаллимнинг косаси оқармай қолаверибди. Унинг бояқиш хотини гоҳида энтикиб, иморат қуриш, халққа тўй бериш, хуллас, қўни-қўшнилардек, яшаш сингари эмин, устивор орзулар хусусида сўз очиб қоларкан. Лекин начора осмон – узоқ, ер – қаттиқ. Қандай қилиш керакки, осмон – яқин, ер – юмшоқ бўлсин?! Хўш, шундай бўлганда ҳам бундан Муаллимга не фойда?
Отаси қишлоқнинг биринчи ўқитувчиси бўлагн экан унинг. Аммо жадидлар билан борди-келди қилгани сабаб “халқ душмани” бўлиб кетган экан. Унга эҳтиром кўрсатиб юрган талай одамлар ҳам ўшанда бечорани айблашга ўтиб олишибди: ўзгача рафтор қилганини айтиб, кулишибди ҳам. “Одамнинг елкасида жаҳолат, ўнг елкасида маърифат юки бор, деркан, отаси бот-бот. Жаҳолат жами иллатларнинг бошидир. Ва, магарам у ошиб кетса, бахтиқароликлар бошланади. Шунинг учун маърифат юкини ошириб туришимиз шарт!”
Муаллимнинг қўшнилар ...
... улардан бири полвон экан. Тиши билан фалон ботмон тошни кўтариб, ирғитиб юбораркан. Тўй-ю тантаналарда кураш тушиб, буёғи Кавказ, буёғи Руссиядан келган полвонларни мағлуб этаркан. Чайир мускуллари туфайли данғиллама иморатлар қуриб, етти иқлимга тўйлар, зиёфатлар берган экан. Хуллас, ўқимаган бўлса ҳамки, фаровон яшаркан.
Тағин бир қўшниси ...
... унинг номи Шамшариддин бўлса ҳамки, Қашамшам дейишаркан. Бу занғар ҳам жуда бой экан, кайфи ошганда: “Полвондан кучим ҳам, пулим ҳам кўп”, деб кариллашни хўш кўраркан. Бир бор мастликда полвонга қўл ҳам кўтарганмиш. Лекин полвон (табиатан бефаҳмроқ бўлса-да) оғирлик қилибди.
Қашамшам ақлу заковати ёки полвонга ўхшаб ёввойи кучи туфайли эмас, хотинининг шарофати билан кўкрак кериб юраркан. Чунки бу тантиқ жувон катта амалдорнинг қизи экан: пул дегани баргхазондай беписанд экан у ярамасда.
Полвон билан Қашамшам муаллимга анчайин нописандлик билан қарашаркан: гоҳида ноўрин кесатишлар, хунук ҳазиллар қилишаркан. Муаллим бундан жаҳлга минмай, кечириб қўяқоларкан.
Якшанба куни у томорқасида роса меҳнат қилиб, увотдаги кекса тут соясига дам олишга чиқибди. Қараса, йириккина қанотли бир чумоли мажруҳ бўлиб, бир жойда айланиб ётган экан. Жониворни авайлабгина қўлга олибди; чангини пуфлаб юборгач, синчиклаб назар солса, бир оёғи синиб, шалвираб ётган эмиш шўрликнинг. “Сени қайси золим босиб кетди”, кўнгил сўраган бўлибди Муаллим ва жомакоридан бир қат ип суғуриб, игнадайгина хасни иккига бўлибди-ю, ҳафсала билан уни чумолининг мажруҳ оёғига ўлчаб, суянчиқ қилиб боғлабди. Жониворни денг, дарахт танасига қўйган экан, ғизиллаб ўрмалаб кетибди. Қилган ишидан ўзи ҳам зоҳиран мамнун бўлиб турганда, чумоли тилга кирибди.
- Эй шафиқ инсон, сен бағоят сершафқат, сермурувват экансан: менга яхшилик қилдинг. Тила – тилагингни!
Муаллим бир муддат каловланиб қолибди.
- Сен, сен ...
- Мен чумолилар подшосиман: истагингни бажо келтираман!
- Эй, қумурсқалар сардори, - дебди Муаллим ниҳоят, - мен нима ҳам сўрардим?! Бола-чақаларинг, фақиру фуқароларинг бошида омон бўлсанг бас!
Чумолилар подшоси унга қуллуқ қилиб, барглар орасига ғойиб бўлибди. Деҳқон тарқоқ хаёллари билан овора бўлиб қолибди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгач, фикри бошқа томонга чалғий бошлабди: “Худо, ол қулим, деганда бирор нимарса сўрасам бўлармиди? Шу ордона қолгур томорқага жўяк олишга кўмаклашиб юбор, десам, асакам кетармиди?!”
Хаёллар ғалаёнида қўли ишга бормай қолибди шўрликнинг. Уйига келиб, воқеани хотинига гапириб берган экан, у аввал ажабланибди, сўнг зардаси қайнабди.
- Бошингизга Хумо қуши қўнганда, анқаймай, айтиб юбормайсизми – оғизга сиққанини?
- Нима сўрашни билмай, довдираб қолдимда, - дебди у гуноҳкорона. Томорқа юмушини айтсам бўлармиди? Бир-икки ношуд ўқувчиларим бор эди шуларни қўлла, десам ҳам ...
Аёл баттар жаҳлга минибди.
- Кир ювадиган машина ҳаммада бор ... Иморатимиз томига тунуками, шфермими қоқилмаган.
- Балиқчи чолнинг кампирига ўхшама, - зарда қилибди муаллим.
- Сиз бўлсангиз, Хўжаи Хизирни таниб қолган кулолнинг ўзисиз.
Гап шундаки, ҳар бандаи мўмин умри давомида атиги бир бор Хўжаи Хизирга дуч келармиш. Шунда каловланмай, нима талаб қилса, ўша муҳайё бўларкан. Бир кулол, иттифоқо, у кишини таниб қолибди. “Тила-тилагингни” деса, “Уйда мунди йўқ эди”, дермиш.
Лекин тассуфки, шунча бурролик билан хотини ҳам зарурлигини айтиб беролмабди. Муаллим ўйга чўмибди: “Олтин сўрасам, нима бўлади? Йўқ, йўқ, хаёлан жавоб қайтарибди ўзига ўзи. Қашамшам билан полвон ҳидини сезиб қолса, хиқилдоғимга тутиб беришлари турган гап”. У ҳарчанд бош қотирса ҳам хаёлларининг поёнига етолмасмиш. Кейин барини ёддан чиқариш илинжидафикрини зўр бериб, бошқа томонга чалғитаверибди. Аммо ҳирсми, ҳавасми ички бир дард бўлиб, юрагини таталайверибди, таталайверибди.
Муаллим фақат болакайларни эмас, жониворларни ҳам дўст тутадиган, раҳмдил одам экан. Шунинг учунми ёки бошқа сабабми, хайтовур, уларнинг тилини билишга аҳд қилибди. Эрталаб кекса тутга юзма-юз бўлиб, чумолилар шоҳини чақирибди.
- Эй, қудратли подшоҳ, - дебди, - овора қилганим учун кечир! Мен жониворлар тилини билиш истагидаман: бемалол бўлса, мурувватингни дариғ тутма.
- Эй шафиқ инсон, - дебди чумоли маслаҳатомуз, - ўйлаб кўр: улар бағоят сержағ – тинчингни ўғирлаб қўйишади. Баринимас, дастлаб бирорта жониворни танласанг кифоя.
- Ундай бўлса, чумолилар тилини ато эт!
- Айтганинг келсин ...
У каломини тугатар-тугатмас, атрофда шовқин-сурон бошланиб кетибди. Муаллим ногаҳоний ғала-ғовурдан ҳушёр тортиб, атрофга алангласа, бу – чумолилар шовқини экан. Худди бозордаги оломондай ғувиллашаркан улар. Муаллим диққатини тўплаб: “Кўтар”, “Тез бўл”, “Лаллайма” деган ибораларнигина илғаб олибди, холос. У чумолилар инидан хавотирона нарироқ тисарилибди. Шовқин тингач, ўзини босиб олиб, тағин чумолиларнинг танишў сўқмоғига яқинлашибди. Аммо бу гавжум йўлакдаги заҳматкашлар озиқ ташиш билан шу қадар банд эканларки, бир-бирларига сўз ҳам қотишмаскан. Бир маҳал уч чумоли ўзларидан ўн чоғли йирик чигирткани бир азобда судраб келиб, унинг рўпарасида тин олибди. Нафасни анча ростлагач, жуссалироғи кичигига иш буюриб қолибди.
- Югуриб бориб, учта чаққонни эргаштириб кел!
Ҳалиги ғизиллаб жўнаши билан қолган иккови йўлни бўшатиш учун азимжусса ўлжани чеккароққа судраб чиқишибди.
- Бу одам нега бошимизга келиб, қоқоқан қозиқдай қаққайиб қолди, - сўрабди бояги йирик чумоли муаллим томон ишора қилиб.
У алланечук бўлиб кетибди-ю, аммо сир бой бермай тураверибди. Ҳарқалай гап ўзанини бошқа томонга буришибди улар.
- Нега бу шўрлик чигиртка ҳаётдан кўз юмди экан-а?
- Ўз ажали билан ўлмаган кўринади, - дебди униси, - заҳарланган чоғи.
- Кимёвий қуролни одамлар кўсак қурти, ўргимчаккана, ширинчага қарши қўллаганини биламан, лекин чигиртка ...
- Ажал уруғи танлаб таъсир этмайди-ку, қоқвош, - дебди иккинчиси, - тирик вужудки бор – жонини суғуради. Чигиртка нари турсин, одамлар бир-бирини ҳам кимёвий қурол билан қираябди-ку!
Униси надомат билан сарак-сарак бош тебратибди.
- Бирорта чумоли бундай қабоҳатга қўл урмасди.
Улар бир лаҳза тин олишибди. Шўрлик муаллим ҳижолат чекиб турганда, чумоли давом этибди: - Бунинг гўштини еб, болакайларимиз заҳарланиб қолишмасмикан?
- Начора, ҳозир заҳар инмаган неъмат йўқ; шунинг учн чумоли оиласида гўдаклар ўлими кўпайиб кетди, зурриёт нимжонлашди.
Шу орада халлослаганча бир неча чумоли етиб келибди ва улар ўлжани шахдам судраб кетишибди.
Муаллим девонавор бир ҳолатга тушибди, албатта. Чунки назарногир бу митти жониворларнинг фавқулодда зукколигини тасаввур қилиб ҳам кўрмаган эканда. Хаёллари алғов далғов бўлиб, уларнинг гуфти-гўйига қулоқ тутишдан юраги зириллаб қолибди. Негаки, чумолилар жуда қалтис гапни айтиб юборадигандай ва бундан у маломатга қоладигандай бўлибди. Ишга қўли бормай, уйга паришонҳол қайтибди. Хотини, болаларига бирорта чумолига озор бермасликни тайиноаётганда, деворда ўрмалаб юрган қумурсқа шеригига сўз қотибди.
- Эшитаяпсанми, муаллимнинг гапини? Чумолига озор бериш – гуноҳи азим, деяпти.
- Ҳалол одамда, муаллим; шафқат томирчалари ҳавор тепади. Чунки сўқир эмас. Қани-ку, ҳамманингн ҳам ҳам нигоҳи шунақа нурафшонроқ бўлса ...
- Ҳа, бунақалар жуда оз; аксар одамлар авлодимизнинг ашаддий душманига айланиб қолишди. Виждони қилт этмай, эзғилаб кетаверади-я, нобакорлар!
- Заҳар пуркагани, инимизни сувга бостирганини гапирмай қўяқолай.
- Худо одамнинг қорнини катта, бошини кичик қилиб яратган. Биз эса аксинча: бошимиз катта, белимиз ингичка. Негаки, Инсон – баднафс, нуқул қорнини ўйлайди. Биз бўлсак, каллани кўпроқ ишлатишимиз, белни зич боғлаб, меҳнат қилишимиз зарур.
- Одамлар хотираларининг пастлиги, пулларининг камлигидан нолишади-ю, лекин бирор бор омиликлари, ақлларининг пастлигини тилга олишмайди. Бир-бирларини нуқсонлари учун эмас, фазилатлари туфайли балоларга гирифтор қилишади.
- Бир эртак эшитгандим: шунда айтилишича, одамни маймундан яратишган экан. Маймун дегани бефаҳм, жоҳил маҳлуқ. Агар Одамни яратишда, жумладан Хумо қушининг, Асаларининг, Мусичанинг қонидан ҳам қиттак-қиттак қўшилганда мурод ҳосил бўларди. Инсонда Хумо қушининг ашрафлиги, Асаларининг меҳнаткашлиги ва интизоми, Мусичанинг хокисорлиги намоён бўларди.
- Яхши эртак экан – бошидан эшитсак бўладими, - илтимос оҳангида сўрабди шериги.
У ҳам ўзини тарозига солмай, эртак бошлаб юборибди.
- Муаззам кунлардан бирида Парвардигори оламнинг амри ҳоҳиши билан, албатта, ер юзидаги тирик мавжудотлдарнинг катта мажлиси бўлибди.
“Сизларни йиғишдан муддао, сўз бошлабди анжуманга раислик қилувчи Жаброил алайҳиссалом, айрим муаммоларни ҳал қилиб олишгдан иборатдир. Мана, ерда ҳаёт пайдо бўлганидан бери неча асрлар-у замонлар ўтди. Кимнинг пешонасига нима деб битган бўлсак, ўша бўлаяпти; кимнинг насибасини қаерга сочган бўлсак, ўша ердан топиб еяпти. Ҳозиргача Арши Аълога бирота ҳам шикоят тушмагани жаҳолат ва адолатсизлик, очкўзлик ва ҳасад, разолат ва мунофиқликка йўл қўймаганимиздан; нурафшон ҳаётдан далолатдир. Ҳеч ким бошпана ёки егуликдан танқислик кўргани йўқ. Тўғрими?”. “Тўғри, тўғри” дейишибди пастдагилар. “Тўғри бўлса, гап шундаки, давом этибди раис, энди ораларингдан кимгадир, албатта Оллоҳнинг розилиги билан андак онг ато этмоқчимиз. Бу ишнинг жилла қалтислигини биламиз, лекин турғунликда яшаш ҳам яхши эмас.” Тасарруфимиздаги ана шу зиғирча ақлни кимга беришни маслаҳатлашиб олсак, ёмон бўлмасди. Ҳозир ошкоралик пайти – сизларнинг мулоҳазаларингизни ҳисобга олган ҳолда иш тутамиз. Хўш, кимда қанақа таклифлар бор? Ҳатто ўз номзодини кўрсатадиганлар бўлса ҳам марҳамат!” ҳеч кимдан садо чиқмабди. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом давом этибди: “Биз торроқ даврада маслаҳатлашиб олдик; сизлар ҳам қўшиларсизлар: шу Чумолини ақлли қилиб қўйсак, нима дейсизлар? Чунки бу азамат жуда меҳнаткаш, ҳеч ким билан иши йўқ”, - дебди. Шунда бизнинг вакилимиз сўз олиб, ётиғи билан рад этишга киришибди. “Ишончларинг учун раҳмат! Аммо, лекин менга онг ато этсаларинг, турмуш тарзим ишдан чиқиб кетиши турган гап. Илтимос, тирикчиликдан қолиб кетмайин. Кейин: жуссам ҳам русчасига айтганда,унчалик салидний эмас.мен, масалан, ўрнимга Асаларини таклиф этардим: интизомли, озода, тадбиркор”. “Бўлмайди, - қўполлик билан унинг гапини кесибди Айиқ полвон, унга ақл ато этилса, мен болдан бенасиб бўлиб қоламан. Шунинг учун ўз номзодимни тавсия қилмоқчиман – савлатим ҳам бор, давлатим ҳам. Тағин нима керак?!” “Бўлмайди, бўлмайди – у ўлгудай қўпол”, - деюди Тулки. Мен, масалан, ақл Арслон акамизга берилиши тарафдориман. У кишининг обрўлари баланд. “Розимасман”, - дебди Арслон ўтирган жойида ва ўрнига Бургутни тавсия этибди. Паррандалар шоҳи эса Илоннинг номзодини кўрсатибди. “Менимча, дебди жимгина минбарга кўтарилиб олган Илон, биз қиттай саросималанаётганга ўхшаймиз. Бу – бағоят жиддий масала. Шунинг учун ҳам уни жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиб олиш керак. Тасаввуримча, онг ато этилган жонивор батамом ғайритабиий бўлади; мадомики шундай экан, у бизга нисбатан нописандбўлмаслигига ким кафолат бера олади? Ҳеч ким! Энг ёмони, бора-бора уни бошқариш ҳам мушкуллашиб қолиши мумкин.Хуллас ... ” “Таклифингизни айтинг,” унинг сўзини бўлишибди ҳайъатдагилар. “Мен барини айтдим”, - дебди енгил зарда билан. “Энди таклифни мен айтаман, дебди Жаброил жилла жаҳлга миниб, ўша ақлни Илонга бериб кўрамиз. “Тўғри, тўғри”, - маъқуллашибди ҳайъатдагилар. “Мен рози бўлардим-у, дебди Илон, аммо биласизлар: тилим – заҳар! Жаҳл келганда, ҳар қандай ақл қочади. Сизлар ато этган тафаккур заррасидан тўғри фойдалана олмасам, келажак авлод мозоримга ўт қўйиб, мени бадном қилиши мумкин”. Шунда Маймун минбар миниб, масаланинг анча ўнғай вариантини ўртага ташлабди. “Мадомики, бирор жонзодга ақл-заковат ато этиш зарурат экан, бунинг учун янги тур яратиб, ўшани тажрибадан ўтказиш керак. У асосан гиёҳлар, уларнинг мевалари билан озиқланадиган, ожизроқ бўлгани тузук – ўтхўр бўлса, жониворлар оламига озор етказолмайди. Жуда ҳаддидан ошса, қатағон қилиб юбориш мумкин!” Ногаҳоний бу таклиф кўпчиликка ўтиришибди. “Хўш, дебди раислик қилувчи, ўша турнинг қайси оилага мансублигини ҳам белгилаб олишимиз керак-ку!” “Маймунлар оиласидан”, бақирибди биров. “Йўқ, йўқ, бизда бирорта вакант жой қолмаган”, - дарҳол эътироз билдирибди Маймун. “Кўнгилни кенг қилинг: штатни биз топиб берамиз” – дебди раис. Шошилинч овозга қўйишган экан: кўпчилик маъқуллабди. Мамонт, Шохдор она буғу, Денгиз сигири, Архар, Илон қарши овоз беришибди; От, Ит, Сигир, Қўй бетараф қолишибди. Қисса кўтоҳ Яратувчининг “Инвентарлар” деган дафтарида Homo saniens деган ёзув қайд этилибди. Кейинчалик уни неондартал ёки ғор одами, деб қўя қолишибди. Чунки шўрлик,асосан ғорларда яшаб, ўсимлик мевалари, илдизлари билан рўзгурзонлик қиларкан-да.
Алҳол, кунлардан бирида мавжудот оламининг эволюцияси давомида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган дилозорлик содир бўлибди: ғор одамлар галалашиб, Мамонтга ташланишибди – шўрликни тошбўрон қилишибди. Албатта, Мамонт ҳам зудлик билан Арши Аълога шахсан ...нинг номига хат ёзиб, “заказной”қилиб юборибди. Бу ташвишли нома Такягоҳнинг қўлига шахсан текканми, йўқми – бунга ҳеч ким кафолат беролмайди. Лекин бирор ойдан сўнг текшириб, чора кўриш учун мактуб ҳайвонлар сардорига юборилганлиги – ҳақиқат. Шикоятнинг бир бурчагига негадир русчалаб: “Арсланову! Проверить, принимать меры”, деб ёзилган экан. Арслон аввал айбдорни чақирибди. У билан нималр хусусида. Қай оҳангда гаплашгани, ҳозирча кўпчиликка қоронғу. Аммо Одамдан кейин Арслоннинг кабинетига кирган Мамонт сардорни юмшоқ диванда оёғини чалкаштирганича, коняк ичиб ўтирган ҳолда кўрибди. Бадазон, дуч келганга: ана шу конякни Одам олиб келган, деб овоза тарқатибди. Бу лақмаликдан Арслоннинг тепа сочи тикка бўлганини айтиб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак. Орадан маълум муддат ўтгач, юқорига шундай жавоб йўлланибди: “Шикоят текширилди. Фактлар қисман тасдиқланди. Айб икки томондан ҳам ўтганлигини таъкидлаб ўтиш керак. Акс ҳолда, жабрдийда фуқаро М.М. Мамонтов бир йўла юқори инстанцияга эмас, ўзимизнинг маҳаллий қўмитага мурожаат этган бўлур эди. Шуларнинг барига қарамай, сут эмизувчилар йиғилишида Одамга нисбатан хайфсан эълон қилинди”.
Шу орада ёз бошланиб, еттинчи осмондаги фаришталар ва малаклар денгиз бўйига денгиз бўйига дам олишга кетишибди. Вазиятдан фойдаланган Одам зудлик билан ўн саккиз минг олам сардорига сажда қилиб, тавба-тазаррусини бошлаб юборибди. “Эй мурувватли Парвардигор! – дебди бағоят ҳокисорлик ва илтижо билан кўз ёшларини артиб, ҳазорон ва ҳазорон шукур: ризқим – бут, таним – соғ! Заррача нолишим йўқ! Аммо арзимайдиган муаммолар бор. Ғорларда яшаш жонга тегди: уйлар шаҳарлар қуришга ижозат берилармикин? Кейин: ўзимизни ҳимоя қилиш учун қурол зарур ... Бизга ҳеч қанақа маблағ, фонд керак эмас – хўжалик ҳисобига ўтганмиз: барини ўшзимиз топамиз!”
Худо эса раҳмдил, сермурувватдир!
Шу билан бирга Одам гуноҳлардан чўчимай, анча хурмача қилиқлар ҳам чиқарибди: жумладан, биргина Мамонтни эмас, Шохдор она буғу, Денгиз сигири, Архар, Илонни ҳам ўзининг ашаддий душмани, дею баёнот эълон қилиб юборибди. Ратсионада кўзда тутилмаган бўлишига қарамай, жониворларнинг гўшти билан озиқланишга ўтиб олибди. Нафақат сут эмизувчилар: паррандалар, сувда яшовчилар орасида ҳам норозиликлар бошланибди.
Азроил дам олишдан қайтиб, иш бошлаган куни фаришта қиз номига келиб, тўпланиб қолган телеграмма, хатларни олиб кирибди. Биринчи кун эмасми, эринибгина бир телеграммани олибди: хаккадан экан. Қани, бу ўпка нималарни валдирабди, деб ўқишга киришибди. “Арши Аълога ... шахсан ўзларига .. ерда аҳвол .. шошилинч чора кўриш керак. .. Одам хунрезлик ва хунхурлик қилмоқда!” Бошқа ммакмубни олса, тағин шунақа хасрат: “Шошилинч комиссия юборинг! Сўнгги ва ягона умидимиз ўзингиздан! Тустовуқ, Каклик, Қора бовур”. Азроил сергакланиб, конвертларни қайчилашга киришди. Улардан бири маймундан экан.
Ўн саккиз минг олам такягоҳига ёзиб, маълум ва равшан қиламанки, бизнинг Одам билан муносабатларимиздаги зиддиятлар жиддиятга айланиб кетди. Мен у нобокорга: “Иккаламиз бир оиладанмиз, тенгдошмиз; баски шундай экан, сенга отилган таъналар менга ҳам тегади. Ҳамма жойда инсон деганни катта ҳарф билан ёзиб, Худони, жами жонзотларни кичик ҳарф билан ёзишинг калондимоғликдир. Ваҳоланки, ҳозирча аксинча бўлиши керак, дегандим, тутиб, темир қафасга солди, бадкирдикор! Бу ҳам етмаганидек, энди панжара атрофида тўпланиб устимдан кулишмоқда”.
Айниқса, балиқнинг оҳу зори Азроилнинг дийдасини чун абри навбаҳор шашқатор қилиб юборибди. “Бу банда тухумни нонга суйкаб, ейдиган хунук одат чиқарди; ўзимни ҳам роса дудлаб, пивога газак қилмоқда. Денгиз сигирининг батамом қирилиб кетиши сувда яшовчиларнинг нохуш қисматидан далолатдир”.
Азроилнинг тоқати тоқ бўлиб, бош фаришта Жаброил алайҳиссалом ҳузурига кирибди; Исрофил ва Маккоил ҳазратларини ҳам таклиф этишибди. Улар маслаҳатлашиб олгач, зудлик билан ҳайвонлар сардори Арслонни чорлабдилар.
“Бу гаплар ҳақ, - дебди Арслон, Одам деганингиз сизлар ўйлагандек бандаи мўминмас, шайтони лайин чиқиб қолди.” Унинг дастидан қон қақшамаган тур йўқ! Беназир табиатимизни оёқ ости қилиб юбораяпти у. Бу қонли жангда бизнинг Мамонтлар батамом қирилиб бўлишди.” “Нега қирилади? Нима учун сизни ҳайвонлар сардори қилиб қўйибмиз?!” “У тулпорингиз менга ҳам буйсунмай қўйди. Милтиқ ясашга рухсат берилган экан каминанаи ҳам ўққа тутаяпти!” “Лакалов раҳбар экансиз, жаҳлга минибди Жаброил, сизга хуқуқ берилган!” “Бўпти, -дебди Азроил, ерга бориб, бадбахт одамларнинг жонини олиб келганим бўлсин! Ўзимиз хато қилган эканмиз – ўзимиз тузатамиз!” Ўша куниёқ унинг командировка қоғозига имзо чекилиб, муҳр босилибди. Одамлар қилмишларига яраша жазо ола бошлабдилар. Аммо орадан бирор ҳафта ўтгач, Азроил Арши Аълога сим қоқибди: “Одам деганимиз шунақа кўпайиб кетибдики, - дебди у, бориб, болтани чархлаб келмасам бўлмаяпти. Кейин еттинчи осмондагилар ўзгача йўл тутишибди: одамларни камайтириш мақсадида ерга вабо тарқатишибди, улар яшайдиган манзилларни сувга бостириб, зилзилалар қилишибди. Шўрлик Одам қирғин барот бўлаверибди.
Эндиги гапни ҳайвонлар подшоси – Арслон, паррандалар шоҳи-Бургут, сувда яшовчиларнинг қаттол императори – Акуладан эшитинг. Улар қарашса, фожеа нохуш тус олаяпти. Ўзаро маслаҳатлашиб, Худога илтижо қилибдилар: “Эй раҳмдил Оллоҳ! Шафқат қил. Одам деганнинг ёстиғи қуриб кетаяпти. У ҳам ўзимизнинг укамиз. Шунча яхшилар орасида ... Барининг кўзи мошдай очилганга ўхшайди: ерда ибодатхона, мачит, черковлар очиб, тавба-тазарру қилишаяпти.
Ўзингизга аёнки, Парвардигор кечирувчи ва мағфират этгувчидир ...
Жиришни бузиб қўйган, лаббайгуй Одам ўўзининг тушунтириш хатида гуноҳларини бўйнига олиб, минбаъд бундай қабоҳатга қўл урмаслигини ёзиб берибди. “Шу билан бирга, қайд этибди у, Ит, От, Тўти, Сигир, Қўй сингари мададга муҳтож жониворларни кулбамга олиб келиб, топганимни улар билан баҳам кўраман!”
Лекин орадан кўп ўтмай аҳвол аввалгидан ҳам баттарлашибди. “Менга ғамхўрлик қиламан, деб уйига олиб кетган эди, - деб дийдаларини шашқатор қилибдис Ит, аммо занжирбанд қилиб, ювиндиси билан боқмоқда.” Отнинг хасратидан дуд чиқармиш: “Устимга миниб олиб, роса қамчилайди, кейин ваҳшийларча сўйиб ейди. Мана сизга ака-укачилик!”
Тағин катта мажлис чақирилибди. Ҳамма ҳозир бўлса ҳамки, бош айбдор – Одам келмабди. Кейин билишса, алдам-қалдам қилиб, бюллетенга чиқиб олган экан. Бу йиғилишда асосан Илон гапирибди: Айримлар ўйлагандек, ҳамма иллат ақлда эмас, ундан бир томонлама, нотўғри фойдаланишда. Одам деганнинг кўнглида ҳеч қайси жониворда учрамайдиган ҳасад бор. Гарчанд Одам мени ўзининг ашаддий душмани, деб эълон қилган бўлса ҳамки, унга нисбатан тариқча хусуматим йўқ. Индамаса, ғинг деган номард! Лекин қўл кўтарса, заҳар солишим аниқ. Фақат бир ҳолатга ачинаман: Одам фақат жониворларни эмас, ўз-ўзини ҳам ўлдиришга ўтди. Бунақа бедодлик, мунофиқлик эволюция тарихида ҳам бўлмаган. Жаҳолат! Ёпирай, - деб ёқа ушлайман гоҳида: улар Тангри таолога сажда қилиб, гуноҳларини афу этишини сўрашади-ю, турасолиб, қон тўкишади. Аслида аҳвол сизлар тасаввур қилгандан ҳам ташвишлироқ. Одамларда энг муҳим нарса: маърифат, эзгулик, зиё етишмаётир. Шунинг учун улар ақли қосирларини қирғин қуроллар яратишга сафарбар этишмоқда. Ёвуздан рўшнолик умид қилиш, бориб турган лакаловлик, овсарликдир. Аҳвол шу тариқа давом этса, улар Арши Аълога ҳам кўз олайтириши ҳеч гап эмас. Мени ваҳима қилаяпти, деб ўйламанглар: уларнинг кирдикорларидан хабардорман. Яқинда бир намойиш ўтказишди. Талаблари, кўтариб олган шиорлари ақлга сиққулик эмас: “Биз юқоридан туриб, раҳбарлик қилишга чек қўямиз; ўз-ўзини бошқаришга ўтамиз!”, “Бизга Ер шари кифоя эмас, коинотдаги ҳаққимиз ажратиб берилсин!”, “Биз буюк зотмиз, олам гултожимиз!” ва ҳакозо. Булар бари Халлоқи оламга шак келтириш эмасми?!
Одам деганимиз бир бор лойдан ҳам бунёд этилганди; номаъқулчиликлари учун жаннатдан ҳайдалганди. Хўш, бу хато нечун такрорланди? Тағин: у энг ибратомуз жониворлар ирсиятидан эмас, бадбахт Маймун генидан вужудга келтирилди. Энди нима қилиш керак? Билмадим, билмадим, билмадим ... Лекин такрорлайман: аҳвол шу тариқа давом этса, бир-бири билан зиддияти кучайиб, ўзаро қирғинларни бошлаб юбориши турган гап. “Биз уларни миллатларга бўлиб ташлаймиз – ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади” – луқма ташлабди Жаброил. “Унда одамлар миллатчилик қилишади” ҳозиржавоблик қилибди Илон. “Ер юзига сочиб юборамиз!” “Унда маҳаллийчилик қилишади!”
Шундан сўнг сўз олганлар Илонни (гарчанд у жониворлар орасида доно деб эътироф этилган бўлсада) андишасизликка, бетгачопарликка айблашибди. Вафикр-мулоҳазаларини ҳам баён этишибди. Биров одамни жазолашни таклиф этса, бошқаси кечириш, тарбиялаш масаласини кўтарибди. Ниҳоят, Бош фаришта хулоса учун сўз сўрабди.
“Очиқ ҳақиқатан ҳам олам гултожи бўлиши учун яратилган. Бу фақат каминанинг фикри эмас, Оллоҳнинг ҳоҳиши ҳам. У маънавий комил ва ашраф бўлиши шарт! Биз Инсонга инсоният берамиз! Келинглар, уларни ҳозирча афу этайлик, ҳидоятга чорлайлик. Бундан кейин одамларга кўпроқ маърифат, зий улашмоқ лозим; бу нури мунаввар уларни эзгуликка етаклаши тайин ...”
“Кечирасиз, тағин маҳмадоналик қилибди Илон, одамлар ўша маърифат, зиё тарқатувчилар: муалллим, жадид, демократларни ҳам тинч қўйишмайди, ўзгага фикрлайдиганлар, уларнинг табиатига зид. Бундайларни жиннихона, қамоқхонага ташлашади; бошларини кесишади, сургун қилишади!”
“Бунга йўл қўймаймиз: маърифатпарварларга душманлик қиладиганларни дўзахи, деб фатво берамиз!”
Шу билан мажлисни тугатишибди.
Фақат мажлисмас, чумолининг шавқовар эртаги ҳам поёнига етибди шу ерга келганда.
Бу ибратли афсона таассуротида Муаллимнинг хаёллари анчагина алғов-далғов бўлибди. Кейин чумоли, умуман тирик мавжудотга нописанд бўлган дақиқаларини эслаб, ҳижолат чекибди. Шундай доно қумурсқага озор етказиш бориб турган омилик эканлигига имон келтирибди. Отаси айтган ҳикматни эслаб, руҳида ширин бир ҳаловат сезибди: “Одамнинг чап елкасида жаҳолат, ўнг елкасида маърифат юки бор. Жаҳолат жами иллатларнинг бошидир. Ва, магарам, у ошиб кетса, бахтиқароликлар бошланади. Шунинг учун маърифат юкини ошириб туришимиз керак”.
“Хўш, муаллимларни қийнаётган дўзахилар кимлар”, ўзига ўзи савол берибди ва кўз ўнгига негадир, аввало бундан эллик йил муқаддам қурилган, автодаҳол мактаби келибди. Юқоридан келган жайдари комиссия “авария ҳолатида” деб акт тузганларига қарамай, жонҳовучлаб кириб-чиқиб юрганини, садақа тенги маошини кўз ўнгига келтирибди.
Эртаси анча-мунча режалар тузиб, Қашамшамникига йўл олибди. Бир пиёла чойдан сўнг маърифатчилар ҳақида сўз бошлабди. Аммо таассуфки, қўшниси бу каломни биринчи бор эшитиши экан. Муаллим таажубини яшириб, улар аначайин камбағал бўлишса ҳамки, мактаблар, кутубхоналар қуришганини ҳикоя қилибди. Шу билан бирга, агар имкон бўлса, мактабга саховат қўлини чўзишини сўрабди. Ахир, Қашамшамнингт ҳам икки боласи ўқирканда шу мактабда.
- Муаллим, -дебди у жавобан енгил жаҳлга миниб, -ақлингиз жойидами? Нега энди топган пулимни мактабга берайин?! Ахир ...
Муаллим эртаси, негадир юраги зириллаб полвонга учрашибди. Аммо инсоннинг фазилатини фақт жисмоний қувватда деб биладиган бу бадавий муаллимни жеркиб берибди.
Бу гал Муаллим томорқада ишлаётган пайтда икки чумоли уни бағоят хавотирли гапдан воқиф қилибди.
- Қашамшамнинг хотини пулларини қутига солиб, жийданинг остига кўмди.
- Бу бевафолик оқибати. Эр бошқа билан дон олишади, хотин ...
- Чумоли ҳеч қачон бундай тубанлик қилмасди.
- Назаримда, аёл ўйнашининг гапи билан пулларни яширган. Улар бугун кечқурун Қашамшамга заҳар беришмоқчи.
Бу гапдан кейин Муаллимнинг халовати батамом йўқолибди. Анчайин мулоҳазалардан сўнг қўшнисининг жимжимадор дарвозасини тағин қўрқа-писа тақиллатибди. Кўп ўтмай, ичкаридан пижамага ўралган Қашамшам чиқиб келибди-ю, муаллимни ичкарига ҳам таклиф этмай, эшитаман, дебди совуққина. Муаллим дудуқланиб қолибди, чунки ҳалиги гапни бу алпозда айтиш довдирликдан ўзга нарса эмасда! Ҳар қалай, Қашамшам уни истар-истамас уйга олиб кирибди. Бир пиёла чой ичиб, гапни нимадан бошлашни билмай турганда, икки коса мошхўрда олиб келишибди.
- Қўшнижон, - дебди муаллим қўрқа-писа, - сизга бир гапни айтгани келган эдим.
- Кейин гапирасиз, - унинг сўзини бўлибди қўшни, - ошни ичиб олайлик.
Муаллим пул ёки кечагидайёрдам сўраб келган-у, гапни айтолмаяпти, деб ўйлабди-да у.
- Йўқ, - дебди Муаллим, - буни ичгандан кейин иккимиздан биримиз забондан қолишимиз мумкин.
- Нега, ҳушёр тортибди Қашамшам.
- Ақли кўтоҳимча, таомга заҳар солинган.
- Ким солади?
Қашамшам саросимага тушиб, атрофга аланглабди. Ўзининг ҳам кўнглидан нохуш гумонлар ўтиб юрган бўлса керак, дарҳол итини чақириб, овқатни унинг олдига тўкибди. Ит мошхўрдани ичибди-ю, кўп ўтмай ғингший бошлабди; кейин икковларининг кўз ўнгида зир югуриб, ҳовли бурчагида жон берибди. Муаллим ноўнғай бўлиб, ўзини ташқарига олибди.
Биринчи машмаша поёнига етмай, иккинчиси рўй берганини ҳам айтиб ўтиш керак. Полвоннинг олти яшар ўғлини ток урибди. Болакай жуда келбатли, одобли экан; Муаллим ўз фарзандидай яхши кўраркан уни. Шунинг учун қаттиқ куюнибди. Аҳли маҳалла жамиики расмрусумлар, таомилларин ўрнига қўйиб, болани тупроққа ...
... йўқ, йўқ, қабрга қўйиб, энди тупроқ тортамиз, деганда лаҳатдан ўрмалаб чиққан бир чумоли жиғибийрон бўлиб:
- Жуда калтабинда, бу довдирлар, - боланинг юраги ҳали уриб турибди-ку!
Қолган гап Муаллимнинг қулоғига умуман кирмабди. – ўзини тўхтатолмай, бақириб юборибди: “Тўхтанглар! Бола тирик экан!”
Зудлик билан кафанни йиртиб, нафас олдиришган экан, Полвоннинг ўғли кўзини кўзини очибди; ҳамма ҳайратга тушибди. Болани кўмишга борган тобуткашлар уни эргаштириб келганини бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Шундан кейин Муаллимнинг мавқеи ошиб, атрофдагилар унга ўзгача илтифот кўрсатадиган бўлибдилар.
Аммо бу оламда ҳамма нарса нисбий ва яна нисбий. Шу орада унга суддан чақирув қоғози келибди. У умр бўйи суд ёки терговчига юзма-юз бўлмаганидан мамнун бўлиб юраркан. Шунинг учун ҳам бу сарғиш қоғоз кўзига аллақандқй бадбахтлик ёрлиғи бўлиб туюлибди.
- Қашамшамнинг хотини устингиздан арз ёзган, -дебди жиноят кодексининг тарқоқ нозири, - эрининг косасига заҳар солгансиз эканмиз. Қашамшам ҳам сизни, кўнгли кир, нотавон, деб ёзиб берди, оиламизни бузмоқчи бўлди, -деди.
Қайтишда бу мунофиқликни Полвонга гапириб берар экан, у саҳрои бефаҳм кўнгил кўтариш ўрнига, Муаллимни қоралашга киришибди.
- Уни билмайман-у, лекин менга ёмонлик қилдингиз: ўғлимнинг тириклигини билиб, қабрга киргунча тил тишлаб турдингиз!
“Тўхта, дебди Муаллим ўзича, сен даюсларни ...”
У тунда туриб жийда остидаги пулни топиб-ю, сайисхонасига яширибди. Эрталаб бир дастасини Қашамашамга тутқазган экан, у дарҳол: “Даъвомиздан кечдик” – деб ёзиб берибди. Мактаб қурилиши ҳам бошлаб юборилибди; ғишт, цемент келибди; пул бўлгач, уста топиш ҳам осонлашибди.
Лекин қўшниларнинг дилидаги разолат тобора йириклашиб, йиринглашиб бораётган экан. “Муаллимнинг кароматлари нега тўғри чиқаяпти?”, “У даста-даста пулни қаердан олаяпти?”. Бунақа ғаразли, ҳасадли саволлар уларнинг дилини мушук бўлиб таталар, сичқон бўлиб кемираркан. Ниҳоят, қўшнилар муаллимни касал (руҳий) деб эълон қилишибди. Албатта, дабдурустдан шундай деб бўлмай-ю, маккорлик билан иш кўришибди-да. Жумладан, Қашамшам билан хотини Муаллимнинг ўзи биланми, аллақандай чумолилар биланми гаплашиб юришини уч-тўрт даварда айтиб, сарак-сарак бош тебратиб қўйишибди. Полвон эса Муаллимнинг жониворлар билан гаплашганини гапириб, уни рўйи-рост жиннига чиқарибди.
Турфа найранглар кор қилавермагач, ҳалигилар юқори ташкилотларга хат ёзиб, руҳий касалликка дучор бўлган бир меҳнашкашга ёрдам кўрсатиш масаласида айрим идоралар масъулиятсизлик қилаётганини билдиришибди.
Хатга тушдинг – ўтга тушдинг. Шикоят ёзилгач, текширилиши, чора кўрилишии шарт. Кунлардан бирида участка милиционери Муаллимни авраб, докторга олиб борибди. Врач узундан-узоқ маълумотларни эзмаланиб сўраб олгач, тилини кўрсатишни, шапалоғини капкирдай тебратиб, уни кузатишни сўрабди. Муаллим барини бекаму-кўст бажаргач, икковлашиб, пайдар-пай савол бера бошлабдилар.
- Хўш, қаерингиз оғрийди?
- Бир оз бел оғриғи бор.
- Эшитишимча, сиз чумолиларни яхши кўраркансиз?
- Энди, қумурсқа дегани ҳам одамдай гап, - тошиб кетибди Муаллим, -у ҳам сиз-у бизга ўхшаб дунёга келади, яшайди, зурриёт қолдиради. Лекин одамларимиз бефаҳмроқ, жониворларни ажалидан бурун эзғилаб кетишади. Чунки дунёбинлигимиз, қобиғимиз тор; тафаккуримиз қосир. Нури мунаввар етишмайди бизда ...
- Сиз чумоли билан гаплашасиз-а, сўзини кесибди доктор шеригига кинояли нигоҳ ташлаб олгач.
- Ҳа, гоҳи-гоҳида, - негадир ҳижолат чекибди у.
- Нималар ҳақида гаплашасизлар?
- Кўп гапларни айтишади – мен қулоқ солиб ўтираман.
- Қўнғизлар, итлар, дарахтлар билан ҳам гаплашиб кетаверсангиз керак-а?
- Йўғ-ей, - рад этибди Муаллим, - биттасининг тилини тушуниш бошимга шунча маломатлар келтиряпти-ю ...
- Айтинг-чи, -қизиқибди бу гал милиционер, - чумолилар қўшниларингиз ҳақида ҳам у-бу гапларни етказишадими? Масалан, Палвон ҳақида нималар дейишади?
- Худо мускулдан бериб, фаросатдан қисган, дейишади.
Бу таҳликали ва саросар гуфтигўй бир муддат давом этгач, доктор негадир числони, ойни суриштирибди. Муаллим, гарчанд андак жаҳлга минаётган бўлсада, барча саволларга босиқлик билан, муфассал жавоб қайтарибди. Суҳбатдошларининг нигоҳларидан эса ғайритабиий, совуқ носамимийлик манаман, деб турган экан. Улар ташқари чиқиб, маслаҳатлашиб келгач, доктор насиҳатомус сўз бошлабди.
- Энди сизни бир жойга олиб борамиз – бел оғриғи бор, дегандай бўлувдингиз...
Палатада тўртта каравот қўйилган бўлиб, уларнинг бирида хомсемиз киши юз тубан бўлиб ётган экан. Муаллим учун эшик олдидагисини жиҳозлашибди. Докторлар чиқиб кетгач, дилига ногаҳоний, мавҳум ғусса чўкибди, бечоранинг. Кимлар биландир, нималар ҳақидадир ҳамдардлик қилгиси келибди, лекин атрофга аланглаб, бирорта суҳбатдош учратаолмабди. Сукут сақлаб ўтирганда, кўзлари дарвишона боқадиган, қоқсуяккина киши кириб келибди ва салом ҳам йўқ, алик ҳам, тикка турганича шеър ўқий бошлабди. Бу бемантиқ, бетутуруқ шеърни тинглаб туриб, Муаллимнинг дили ҳудудсиз ғуссага тўла бошлабди, қоп-қора балчиққа ўхшаш ана шу дилсиёҳлик вужудини ўз қаърига тортиб, ҳиқилдоғига келгандай бўлаверибди. Катта гирдобга тушиб қолган ёки кемаси ҳалокатга учраган кишидай атрофга умидвор аланглабди. Кейин эса нима бўлганини обдон ҳис этиб, одамларнинг басирлигидан титраб кетибди ва ўзини каравотга ташлаб йиғлай бошлабди.
- Эй тангрим, - зорланибди ўзича, - одамларга эшитар қулоқ, англар ақл бер! Инсонларга инсоният ато эт!
Туни билан ғусса чекиб, кўзига уйқу келмабди. Тонг маҳали андак мизғиган экан, тушига парвозга шайланаётган оққушлар кирибди. Уларнинг ўзларидан кўра болалари шоҳистароқ экан. Беихтиёр паррандалар интилиб, қўлини узатган экан, бир оққушча тумшуғини чўзибди; кейин кафтини, билагини, елкасини беозор чўқишга киришибди.
Бундан ҳаловат топаётганда, уйғониб кетса, кимдир дарҳақиқат, елкасига секин туртаётган экан. Қараса: оқ халат кийган ёшгина ҳамшира.
- Ташқарида бир аёл сизни йўқлаяпти, - дебди у негадир гуноҳкордай.
Муаллим эшик олдида дилдираб турган хотинини кўриб, хўрлиги келиб кетибди.
- Менга қара, - дебди саросимали салом-аликдан кейин, - мен разолат чангалига тушиб қолдим. Сен уйга бор: сайисхонада, беда остида пул бор; бир дастасини олиб, каттароқ каламушларга тутқаз – мени озод қилишсин; чиқиб олсам, уёғи – беҳбудлик!
Эртаси уни озод қилишибди. Бояқиш уйига ҳам кирмай, тўғри тут томон равона бўлибди.
- Эй чумолилар подшоси, - дебди илтижо билан, - садо бер!
- Гапир, шафиқ инсон.
- Мени чумолилар тилини билишдан маҳрум эт, - дебди зорланиб, - бошимга беҳисоб маломатлар ёғилди.
- Айтганинг келсин, - дебди чумолилар шоҳи.
Муаллим дафъатан енгил тортиб, ажабтовур табассум қилибди.







МАҲВ БЎЛГАН ШАҲАР
Душман маҳв этган шаҳар ор-номуси топталган қизга ўхшайди.
Лев Толстой

Урушни ҳамиша ёмон одамлар бошлашади, аммо унда асл инсонлар нобуд бўлади.
Эрнест Хемингуэй

1868 йилнинг айни тут пишиғи маҳали кекса самарқанд қаттол душман кўланкасидан сесканиб тушди; аниқроғи, титраб кетди. Манфур ёғиш аллақачон Зарафшон дарёсидан ўтган, Чўпонота ёнбағирларида чодир тиккан эди.ҳамма қатори сокингина рўзгурзонлик қилиб келаётган аҳли Самарқанд дилига ғулғула солган ҳолда гармон чалишар, қийқириб, рақсга тутшишарди. Илло, кўнгилхушлик билан қон тўкиш истаги бир-бирига батамом зид, ғайри-ғайри тушунча бўлса ҳамки, бундай нлхуш арафа, таассуфки рўй бериб бўлган эди.
Қочган ҳам Худо дейди, қувган ҳам. Ўрислар гоҳ-гоҳида чўқиниб, Исо Масиҳ алайҳиссаломдан, яратганнинг ўзидан ҳидоят, мадад сўрашар; минглаб чақириқ масофаларни умид билан босиб келган, ўз иборалари билан айтганда: содиқ проваславларни бенасиб қолдирмаслигини илтижо қилиб сўрашар, бу серҳосил замин, илиқ дарёлар, шовуллаган боғлар ўзлариники бўлишини қумсашар; шаҳаншоҳ ва қўмондонлари, ўт очар замбараклари, чапдаст қиличвоз казаклари билан зоҳиран фахрланишарди, албатта. Шу билан бирга ҳар бир жангчида талош қилишга рухсат бериладими, йўқми, барибир, уйга қуруқ йўл билан қайтмаслик, бирор нимарсалик бўлиб боришдек зоҳирий истак ҳам йўқ эмасди. Мусулмонлар олтин тақинчоқларга, қимматбаҳо буюмларга ўч бўлишини кўпроқ тилга олишиб, шу мавзуда эзмалик билан ҳазиллашишларининг боиси ҳам мазкур ҳирснинг намоён бўлишидан ўзга нарса эмасди.
Рус зиёлиларининг катта бир қисми эса, инчунин, бу ердаги командирлар мазкур урушни тарихий зарурат деб билишар, бунга ўзгаларни ҳамишонтирмоқчи бўлишарди. Боиси: сартлар қолоқ, оми одамлар – уларга кимдир маънавият, маърифат эшигини очиши керак; бу миссияни Худо биз – русларга раво кўрган, деган тушунчада эдилар. Шу билан бирга айрим нописандларда: сатрларнинг ҳозирги тариқа илмсиз бўлгани маъқул, дегна мужмал менсимаслик ҳам йўқ эмасди. Самарқанд – денгизга чиқишимиздаги бир бекат бўлиб қолади, деб ўйлашарди бундай тоифадагилар.
Хуллас, сабаб, моҳиятини ўша замон одами ҳам ҳам, ҳозиргилар ҳам тушунавериши қийин бўлган фикрлар, муносабатлар мақсадлар.
Йўқ, фотиҳларнинг шаҳар остонасига келиб қолиши дафъатан рўй берган ёҳуд кутилмаган тасодиф эмасди: Самарқанд бозорларида олтин буюмлар, қурол-аслаҳа, от-арава қимматлашиб, ҳовли-жой, рўзғор ашёлари, кийим-кечак арзонлашганига бир неча ойлар чамаси бўлганди. Буларнинг бари эл-улуснинг анчайин нотинчлигидан далолат берарди.
Руслар йўл-йўлакай шаҳар-қишлоқларни хароб этиб келишаётганлиги, оламни даҳшатга соладиган замбараклари билан қалъалар, қадимий обидаларни ҳоки-туроб қилиб, қаршиларидан чиққан кишини – у болами, аёлми, чолми –авсиз қириб, олға силжишаётганидан шаҳар аҳли бохабар эди, албатта. Чунки бу халқ турли низо-ю урушлардан жуда-жуда зада бўлиб кетган эди.
Ёғий бостириб келаётган шаҳарнинг руҳини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўпкаси тўлиб турган қиз болага ўхшайди у. Бундай маҳзун дамларда киндик қонинг томган тупроқ, ватан тушунчаси теранлашади; ёвга, энг аввало, унинг подшоси, қумондонига ўлим тилашади; ор-номуси бўлган эркак қўлига қурол олади; шу билан бирга хотин-халаж, бола-чақа тақдирини хавотирона ўйлашади, уларни қутқариш ташвишида бўлишади.
Хўжаи Абду Дарун масжидининг мударриси, имом хатиби Беҳбудхўжа чандон хавотир тортди: душман Панжакент йўлини тўсиб қўйса, хотин-халажни Бахшитепага – қайнонасиникига қочириш нияти рўёбга чиқмай қоларди.
Анчайин таҳликали пешин намозидан кейин у амри маъруф қилмади, ўрнига Парвардигорга илтижо этди: “Ё Халлоқи Карим! Раҳм-шафқатингни дариғ тутма! Афу эт, биз инсонларни, ҳидоят эт. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсин зулм! Кофирлар дин-у диёнатимизни, азизу авлиёларимизни оёқ ости қилмоқчи. Ишончимизни комил эт, токи ғаёри динларни тупроғимизга оёқ бостирмайлик! Душман оёғимиз остига йиқилсин! Омин!”
Ногаҳонда Беҳбудхўжа намозхонлар ва мулловаччалар нигоҳидаги мўминлик зоҳирий интиқом билан алмашганини ҳис этди, бир неча дақиқалик каловланишдан кейин уларни беихтиёр Чўпонотага даъват этди. Одамлар йўл-йўлакай ўроқ, болта, пичоқ хуллас, қўлга илинганини олдилар.
Самарқанднинг тошфарч кўчалари ҳам, тупроқ йўллари ҳам биз ҳозир “қочоқлар” деб атайдиган муслиму муслималарга тўлиб кетган эди. Қўқон араваларининг тақир-туқури, отларнинг безовта кишнаши, муйсафидларнинг нигоҳларидаги серғусса саросималик, боласини кўтариб олган аёлларнинг мунгли йиғлашлари жуда-жуда нохуш фалокат содир бўлаётганидан далолат берарди.
Булар, беихтиёр тинчлик деб аталадиган маънавиё неъмат Ҳувайдо бўлган жойларни: кимдир Боғдод ёки Балхни; тағин кимдир Шаҳрисабз ёҳуд Термиздаги қариндошларни ёки шунчаки, инсон инсонга тиғ кўтармайдиган тоғу тошлар қўйнини мўлжаллаб, йўлга отлангандилар. Чумоли инини сув босса, энг аввало, болаларини тишида кўтариб қочганидек, булар ҳам зурриётни сақлаб қолиш инстинкти билан йўл босардилар.
Хайр, алвидо, Ватан!
Сени қайтиб кўроламизми йўқми Худо билади.
Аммо шу билан бирга бир тоифа одамлар, гўёки шарққа отланганларга қасдма-қасд ўлароқ тескари томон шошилардилар. Булар, асосан, йигит ёшидаги эркаклар, суворийлар, мулловаччалар ... Муштини тугиб олган бу одамларнинг нигоҳларида қасос, интиқом ўти ёнарди. Аслида булар ҳам тинчлик учун қўлга қурол олишганди. Юрт осойишта бўлиши, аёллар, болалар мусофирликдан қайтиб келиши учун душманни йўқ қилиши талаб этиларди.
Чўпонотадаги қирларнинг ёнбағирлари одамга тўлиб кетган эди. Фақат сарбозлар эмас, турли тоифа ва ёшдаги кишилар, ҳатто аёллар ҳам бор эди бу ерда. Кимлардан пилта милтиқ, қилич, найза ҳам кўринарди.
Олдинги қаторда Амир Музаффарнинг қуролланган сарбозлари жангга шай эдилар. Тағин нарироқда эса шаҳар ҳокими ва қозикалонига қарашли жангчилар тизилишганди. Бу азаматларни кўриб, оломоннинг дили жилла таскин топарди.
Беҳбудхўжа бир амаллаб тепаликка чиқди-ю, кўзи қамашиб кетди: дарёнинг икки соҳилидаги душман сон-саноқсиз эди. Суворалар, тўп ортилган аравалар, саф тортган отрядлар тартиб билан турар; фармон кутишарди.
- Даюслар! – дилидагиси тилига чиқди унинг.
- Эй, Оллоҳи азим, - илтижо қиларди бир муйсафид, - муте бандаларингдан лутфу-карамингни аяма! Тараҳҳум айла! ЭЙ, нажоткори олам, эйтаборак ва таоло! Бизга музаффарият ато эт! Эй, азизу-авлиёлар, ўзингиз қўлланг!
- Шумо дар кужо, - зорланарди бир аёл, - эй соҳибқирони олам ...
Ҳа, бундан таҳликали лаҳзаларда Амир Темурнинг ҳам ҳам ёдга олиниши бежиз эмасд, ахир Жаҳонгир севган шаҳарга, унинг пойтахтига ҳужам қилиш шаккоклик эмасми?! Амир Темур тириклигида шундай бўлармиди?! Ҳеч ҳам!
Ўз раиятининг осойишталигини сақлаган, уларга тинчлик ато этган юрт эгаларига Худодан раҳматлар ёғилсин!

Дурбин билан бу ҳолатни синчков кузатаётган генерал фон К%;ауфман зоҳирий хавотир аралаш мамнунлигини яширмай, адъютанти – офицер казакка юзланди.
- Форма, қара, сартлар кўпайишаяпти, -деди соф рус тилида.
- Кузатаяпман, Константин Петрович; уюшмаган тарқоқдек, - деди у казак лаҳжасида ва қўшиб қўйди: - замбараклари ҳам кўринмайди.
Гарчанд озроқ ва эскироқ бўлса-да, тўплар бор эди. Адъютант бу гапни душманнинг анчайин ожизлигидан мамнунлигини изҳор этиш учун айтганди. Зеро, хўжасига қанақа гаплар ёқишини биларди у.
Генерал Кауфман бунгача Туркистон генерал губернатори эди ва расмий жиҳатдан Бухоро амирлигига тобе бўлган бу шаҳарни буйсундиришдан олдин талайгина маълумот тўплаганди. Жумладан, шаҳар ҳокими Шерали Иноқ амирга буйсунмай қўйганлиги, ораларида ихтилоф борлиги, қозикалон ҳам шу кайфиятда эканлигини биларди. Булар бари айни муддао эди, чунки душман ҳамиша қалъанинг омонат жойларини излайди.
- Аъло ҳазратари, командирлар дилтанг бўлишяпти, эҳтимол команда берилар, - сўради ўринбосарлардан бири.
Генерал жавоб бермади. Унинг назарида, рақиб томондан оқ байроқ кўтариб, элчи келадигандай, шаҳарни жангсиз топширишга рози бўлишадигандай эди. Бундай тахмин асоссиз эмасди: унинг тасаввурича, рус империясига қарши турадиган куч йўқлигини ҳамда тузкроқ қурол-аслаҳага эга бўлмаган армия, ёхуд чўмич, ўроқ кўтариб чиққан оломон тўпга ем бўлишдан ўзгасига ярамаслигини юрт эгалари идрок этишлари зарур, деб биларди. Ахир, ҳар қандай шароитда ҳам мантиқни мададга чақириш керак-ку!
Шу билан бирга, генерал ўзини яхши тарбия кўрган киши, деб ҳисобларди ва магарам, шаҳар қаршиликсиз таслим бўлса, камроқ қон тўкиларди, деган мужмал ниятда эди. Тағин: Инжилда ёзилган – “Сенга нафрат билан қарайдиганни, ҳатто душманингни ҳам сев”, деган фатводан хабардор эди; бу ҳалқнинг ҳам урф одатлари, диний эътиқодлари, асрий обидаларини эътирофу эҳтиром қилишимиз зарур, деган унчалик қатъий бўлмаган зоҳирий фикрдан узоқ эмасди.
- Аъло Ҳазратлари, талошга рухсат берилар, - сўраб қолди кимдир, - солдатлар анча йўлни босиб келишди ...
- Йўқ, - кескин жавоб берди Кауфман, - шаънимизга доғ туширманглар! Қадларингни ғани тутинглар!
Эртаси ҳам оқ байроқ кўтарган элчидан дарак бўлмади, жангчилар ва оломоннинг сони ва ғазаби ошиб борарди.
“Майли, ўзларидан кўришсин; мадомики, сулҳга унашмас экан, рус замбаракларининг қудратини кўриб қўйишсин”, надомат ила кўнглидан ўтказди у. Надомат чекканинг боиси шундаки, унинг зоҳирий тактикасига кўра, бу шаҳар таслим бўлса, навбатда турган Қўқон хонлиги, Хоразм давлатидагилар ҳам ўйлаб кўришарди – самарқандликлардан ибрат олишарди.
Ҳадемай, бир неча чақиримга чўзилган тўплар олдида ҳаракатлар тезлашди; кўп ўтмай сарҳадлар оша команда янгради:
- Огонь! Огонь! Огонь!
Замбараклар нилидан бирин-кетин, аввал оппоқ тутун чиқар, сўнг қарсиллаган овоз қулоқни қоматга келтирарди; ловуллаб ёнаётган ўқлар дуч келган жойни хоку туробга айлантирарди.
Жавобан, аввал амир жангчилари тўп, милтиқларини ишга солдилар, сўнг шаҳар ҳокимига қарашли кучлар душманни мўлжалга ола бошладилар.
Уруш бошланди!
Уруш! Инсоният бунёд бўлибдики, уни қоралайди. Лекин барибир, одамлар бир-бирларининг қонларини тўкаверадилар. Руслар ўз иборалари билан айтганда: сартлар ёки мусулмонлар ўлдириш учун бир неча минг чақирим масофани отда ёки пиёда босиб келганликлари боисини тушуниш, изоҳлаш мушкул.
Уруш! Нима учун? Очкўзликми, табиий эҳтиёжми, тарихий заруратми? Эҳтимол, моҳиятан, биз баримиз тарих қўлидаги қуролдирмиз ва унинг йўриғидан чиқолмаганимиз учун жанг қилармиз?!
Йўқ,йўқ, менимча, бу энг аввало, маърифат ва жаҳолатнинг тўқнашуви аниқроғи, чап елкадаги юк (жаҳолат) вазнининг нисбатан ошиб кетиши оқибатидир.
Жами динлар одам ўлдиришни қоралашади, аммо черковда чўқиниб олганнасроний ҳам, мачитда саждага бош қўйган мусулмон ҳам қон тўкишдан ўзини тиёлмайди. Адолатсизлик устига – адолатсизлик: арзимас жиноятга қўл урган киши қамоққа тушади, аммо урушни бошлаб, минглаб кишиларнинг ўлимига, ногирон, ватангадо бўлишига сабаб бўладиган жиноятчи, кўпинча тарихда қолади.
Ҳа, майли ... Нима бўлса ҳамки, урушни ҳеч қачон яхши одамлар бошлашмаган!
Зум ўтмай қиличларини ўйнатиб, казаклар ҳам етиб келишди. Фронт чизиғидан (таъбир жоиз бўлса) ўтган рус жангчиларининг бир қисми ўнг қанотдаги сарвозлар билан қиличбозликни бошлаб юборди, оломон устига от солганлари эса ночор одамларнинг бошлари, қўлларини худди полиздаги карамни чопиб олаётгандай кесиб ташлай бошлашди. Атрофни отларнинг безовта кишнаши, ўқ ва шамшир овозлари, ярадорларнинг фарёди қоплади; чанг ва тўзон аралашмаси нафасларни буға бошлади. Олмон нима қилишини, қаёққа қочишини ҳам билмай қолди.
Беҳбудхўжа беихтиёр орқага чекина туриб, узула тушиб ётган отни кўрди. Унинги ичак-човоғи чиқиб ётар, илтижоли инграрди. Ахир, Беҳбудхўжа энг аввало, мударрис яъни муаллим эди: у фақат болалрнигина эмас, жониворларни ҳам яхши кўрарди. Урушнинг бу илк қурбони русларга тегишли эканлигини унинг ғайриоддий эгаридан билди. Шу қисматни деб минг чақирим масофа босганлигидан надомат чекди.
Буниси холва экан: сал нарироыда беҳуш ётган кишини таниб қолди у ўз ҳамкасби қўшни мачитда ишлайдиган мударрис бўлиб, бағоят мўмин ҳалол одам эди. Замбарак ўқими, ногаҳоний қиличми бир оёғини тиззасидан батамом узиб ташлаганди. Узилган оёқ нарироқда турар, ҳамон қон сизарди. Беҳбудхўжа ёрдам бериш илинжида ўша томонга интилган эди., аммо қўй подасига ўхшаб, бу даҳшатдан қочаётган оломон уни анча нарига суриб кетди. Бояги чанг, тўзон, тутун ҳидига қон ҳиди ҳам қўшилиб, нафаси қисилди ва ўзини бир чеккага оламан, деб инсон хуни қалқиб турган бир чуқурликда мурдалар айқайиб ётганини кўрди.
Кўп ўтмай бу мудҳишликларнинг бари уни карахт бир ҳолатга туширди: Беҳбудхўжа атрофдаги воқеаларни кўрар, эшитар аммо нима бўлаётганини обдон идрок этолмай қолганди. Зеро қон кечган кишининг девонавор ҳолатини тасаввур қилиб кўриш унча жўн иш эмас. Назарида Азроилнинг нохуш нигоҳи унга бот-бот қадалаётгандай ва бу табиийдай, аҳамиятсиздай эди. Негадир чекингиси ҳам келмас, ҳаётнинг мазмуни пучга айлангандай эди. Кимдир “Тақсир қочинг!” – деди (талабалардан бирортаси бўлса керак). Ҳалиги овоз унинг ёдига ўзи билан келагн талаба намозхонларни солди: нима бўлди экан шўрликларга?
Беҳбудхўжа боши оққан томонга кетавериб, Чўпонотага туташ бўлган Работиғозиён қишлоғига келиб қолди. Бу ерда кўпгина уйлар ёнар, аммо ҳеч ким ўчирай демасди. Одамлар қочардилар – уй-жойдан, мол-мулкдан ҳам зарур бўлган тинчлик томонга – Шарққа шошардилар.
Уруш тақдири кечгача ҳал бўлди. Амир Музаффарнинг ишонган лашкарбошиси Усмонбек чекиниш ҳақида буйруқ беришга мажбур эди. Улар Бухоро йўлини олдилар. Лашкарбоши бир томондан қўлдан кетган Самарқанд учун изтироб чекар, Бухорои шарифда хушхабар кутиб ўтирган амир бу ҳолдан қаҳрга минишини билар ва шу билан бирга ўзини овутарди: “Самарқандликлар яхшиликларимизни билишмади – энди жазоларини тортишсин! Биз она шаҳримиз –Бухорони ҳимоя қиламиз – душманни Зирабулоқдан нарига ўтказмаймиз!”
Казакларнинг собиқ атамани Кауфман кутган ташриф эртаси амалга ошди: шаҳар ҳокими ва қозикалонидан элчи келди. Номада қон тўкишнинг ҳожати йўқлиги баён этилиб, анча нисбий шартлар ҳам қўйилганди. Жумладан, Самарқандда азиз авлиёлар кўплиги шунинг учун шаҳарга киришда отдан тушиб, пиёда юриш кераклиги; шундай қилинганда бу юрт аҳли рус халқининг буюк подшоси Александр ҳазрат олийларига ҳамда уларнинг ботир саркардаси Константин Петрович Кауфман жанобларига садоқатли бўлиб қолиши узундан-узун, анчайин ғализ, кўтара носамимий тарзда ёзилганди.
Генерал мийиғида кулди. Таржимонга истеҳзо билан буюрди.
- Элчига тушунтир ва ёзиб бер – биз сулҳга розимиз! Аммо бизнинг ҳам шартларимиз бор: ҳоким билан қозикалон бизни рус таомилига кўра нон, туз билан пешвоз олиши керак. Чунки бу юртга яхши ният билан келганмиз. Подшоҳ ҳазратлари сартларга маърифат ва тинчлик ато этишга бел боғлаганлар. Мактаблар, касалхоналар очамиз, бу тупроққа бирорта душманни йўлатмаймиз ва ҳакозо.
Шундай кейин ҳам сиёсатнинг ғирром ўйинлигига ишонмасангиз, ихтиёр ўзингизда. Маърифат ва тинчлик каби буюк маънавий неъматлар номидан жиноят қилиш мунофиқлик, жаҳолатдан ўзга нарса эмас! Зеро бу неъматлар замбаракларга ортиб келинмайди!
Хўжаи Хизир масжиди олдида душман нон ва туз билан пешвоз олинганига Беҳбудхўжанинг ўзи гувоҳ бўлди.
- Мусулмонлар, қаранглар, - мурожаат этди қозикалон аввал туркий сўнг форсийда, - Кауфман (у шундай талаффуз қилди) ҳазратларининг бир елкаларида Хўжаи Хизир, иккинчи елкаларида Хусан ибн Аббос руҳи; бу – Худонинг ҳоҳиши!
Биз сиёсатни ғирромлик деймиз. Агар дин ҳам сиёсатлашса, алдам-қалдамга айланиб қолади. Шунинг учун кўпгина мамлакатларнинг конституцияларидан дин сиёсатдан айри эканлиги алоҳида таъкидланади. Инсоният: сиёсатлашган дин анархияга олиб келганига бот-бот гувоҳ бўлган.
Аммо Беҳбудхўжа батамом ўзига келолмагни учун бу гапларнинг моҳиятига унча эътибор беролмади, мушоҳада қилолмади. Фақат русларнинг байроғидаги икки бошли бургут ва уларнинг халақиб чиққан беўхшов тилларни кўрди. Тилини ўйнаётган икки бошли илонга ўхшаб кетди улар назарида. Унинг бир боши Хўжаи Хизир, иккинчси эса Қусам ибн Аббос ётган Шоҳизиндага қараб тургандай эди.
Кўп ўтмай Темурбек қурдирган ҳашаматли арк дарвозасига ҳам байроқ ўрнатилди. Бургутнинг бир боши хақиқатан ҳам Бўстонсаройга, иккинчиси Кўксаройга қараб турарди.
Байроқ дегани шунчаки ёғочга илинтирилган латта эмас, у зафар ва тобелик, ғурур ва ўксирлик ва яна алланималардан дарак берадиган рамз ҳам.
Эй, таҳқирланган ватан!
Эй, топталган қадрият!
Қайдасиз: спитаменлар, темурмаликлар, сарбадорлар!!!
Русларнинг мазкур зафту зафари ҳақида ўша давр зиёлилари ҳам, бугунги сиёсатчи-ю тарихчилар ҳам турфа фикр-мулоҳазаларни айтишади ва табиийки, бундай мубоҳасалар келажакда ҳам давом этади. Агар амир Музаффар билан Шерали Иноқ иноқ бўлишганда ёхуд Бухоро амиролиги билан Қўқон, Хива хонлиги кучларни бирлаштирганда ё душманга қарши Сирдарё бўйларида жанг олиб борилганда, бу ҳол рўй бермасди, дейишади. Бир гуруҳ равшанфикрлар (ҳа, айнан улар) қозикалон билан ҳоким ортиқча қон тўкмаслик учун тўғри йўлни тутишди, деган фикрлардан файтишмайди. Тағин бир гуруҳ зиёлилар: душманга қарши сўнгги дамгача курашиш зарур эканлигини таъкидлашдан чарчашмайди. Ким билсин, Кичик балиқлар ҳамиша катталарига ем бўлганидек, Россия ўз атрофидаги юртларни бирлаштириши тарихий зарурат эди, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.
Ўзи шундай бўлади: у ёки бу тарихий жараёнга, ижтимоий воқеликка баҳо беришда, кўп ҳолларда. Шахсий манфаатлар назарда тутилади. Аммо тарих ва тақдир дейиладиган барҳақ бир қудрат борки, уни инкор этиб бўлмайди!
Яшириб нима қилдик: бир замонлар бизнинг саркардаларимиз ҳам ўзга юртлар, шаҳарларни худди шу тариқа маҳв этишмаганми, бегуноҳ бандаларнинг қонини тўкишмаганми, ўша юрт бойликларини ташиб келишмаганми, фотеҳлик қилишмаганми?! Зеро, жамиики қилмишлар учун ҳатто ногаҳоний шуҳрат, зафар учун ҳам у дунёдагина эмас, шу ернинг ўзидаёқ жавоб беришга тўғри келади. Отаси оламдан ўтса, ўғли унинг қарзини тўлаши шарт қилиб қўйилгани сингари ўтган авлодлар учун фарзандларнинг товон тўлагани шу эмасми?!
Боболаримиз инкор этган салтанатни бешафқат тарих ва тақдир инкор этгани, эҳтимол шудир!
Буни тан олиш учун майда манфаатлардан андак устун бўлишимиз талаб этилади.
Магарам инкорни инкор этиш қонунига таянадиган бўлсак, бу оламда бошланган ҳамма нарса: кун, тун, ой, йил, аср; тузум, салтанат тугашига иқрор бўлсак, қачонлардиррус империяси ҳам барбод бўлишига ишонмоғимиз лозим эди.
Хўш, бунга ҳам ишониб яшадими?
Йўқ, аслида менинг ҳам хулосаларим нисбий. “Илдизига қара”, - дейди Арасту. Мен буни ўзгача талқин этардим: ҳар қандай ижтимоий воқеликнинг сабабигина эмас, сабабининг сабабига қарши тақозо этилади. Бунга эса менинг ҳам қувваи ҳофизам қосирлик қилади. Чунки бу илдизлар жуда чуқурликда.
Душман маҳв этган шаҳар ор-номуси топталган қизга ўхшайди, деб ёзгандик.
1868 йилнинг сарвида Самарқанд шу куйга тушди.
Бу ибтидо эди!
Унинг интиҳоси қачон келишини ёлғиз Яратувчининг ўзи биларди.
Асаларичиликда: оилани кучайтириш, деганибора бор. Бирор уяда подшоҳ нобуд бўлса, ношуд чиқса, ёхуд кексайиб, раҳнамолик қуввати сусайса, асаларини уни кучлироқ оила билан бирлаштиради. Аммо бу жараён осон кечмайди. Асаларичи қатор тадбирларни кўришига қарамай, жанжал бошланади: икки томондан ҳам анча-мунча ари нобуд бўлади. Бундай пайтда ожиз оилада тирик қолганлар олдида уч йўл бўлади: ўлиш, оиладан чиқиб кетиш ёки янги подшоҳга хизмат қилиш.
Самарқандликлар ҳам шу ҳолатда қолдилар. Кимдир қурбон бўлди, кимдир келгиндиларга қараб, юзига табассум суртди, талай кишилар эса бошқа юртларга бош олиб кетдилар. Беҳбудхўжа тўртинчи йўлни танлади – узоқроқ қишлоққа, аниқроғи, Бахшитепага бориб яшашни афзал билди. Бобокалони Хўжа Аҳмад Яссавийнинг: “Ватанидан ажралган – ҳамма нарсасидан жудо бўлади”, - деган насиҳатини отасидан бир неча бор эшитганди.
Беҳбудхўжанинг бу қарорини эшимтиб, Ҳайдар девкор ҳам унга эргашадиган бўлди.
- Сиз билан бораман: дастурхорнингиздан ушоқ териб, тирикчилик қиламан, - деди у ҳокисорлик билан.
- Майли, - деди Беҳбудхўжа, - ёнимда бўлсанг, елкангга бош қўйиш мумкин.
Ҳайдар девкор деганимиз аслида шаҳарга туташ Бадал қишлоғидан. Унинг отаси мачитнинг намозхонларидан эди.
- Тақсир, - деди у бир куни намоздан олдин, - арзим бор: бизнинг авлоддан ҳам бирорта хат-саводли киши чиқса дегандим ... Дадам болалигимда мударрисга олиб борган эдилар, аммо уруш бошланиб кетди: бесавод бўлиб қолдим. Шунинг учун ўғлимни олиб келдим: гўшти сизники, суяги бизники. Аммо-лекин зеҳни жуда тез.
Миттигина бола келиб, таъзим бажо келтирди.
- Бунинг оти Ҳайдар девкор, - деди отаси.
Аммо у зеҳнли бўлиб чиқмади. Болага ўтин ёриш, ер ағдаришни буюрсангиз, завқ-шавқ билан ишларди-ю, имло ўрганишга келганда ... Ҳар ҳолда у завқли, одобли эди. Аммо тасодифни қаранг-ки, тақдири отасиникига менгзаб кетди: саводи чиқмай, уруш бошланди.
Бахшитепаликлар Дарёвот деб атайдиган бу қияликлар дарёга яқин бўлса ҳамки, сувдан бенасиб эди. Бунинг устига қайроққум мўллигидан кетмон уриб бўлмасди. Беҳбудхўжа Ҳайдар девкор билан ана шу қаровсиз заминда боғ қилишга киришдилар.
Вақт – буюк ҳакамгина эмас, доно ҳаким ҳам. Фурсат ўтиши билан бошқа зиёлилар сингари Беҳбудхўжанинг дилидаги яралар ҳам бирин-кетин бита бошлади. Ўшанда, гарчанд Самарқандга қайтиб келмаслик – кофирлар юзини кўрмасликка аҳд қилган бўлса-да, бундай қилолмади. Ёмини Тошканди маҳалласидаги қавмлар, дўстлар дийдори тортди уни. Ҳар гал шаҳарга тушганда, рўй бераётган ўзгаришлар билан ҳам қизиқди у. Урушда кўплаб яхши одамларнинг нобуд бўлганлиги ёки ватанни тарк этганлиги, Амир Темур аркининг, аниқроғи Кўксарой билан Бўстонсаройнинг вайрон этилганлиги изтиробли дард эди, албатта. Аммо дилафрўз муждалар ҳам йўқ эмасди. Самарқандда тузем мактаблар очиб, жумладан мусулмон болаларини ҳам ўқитишаётганлиги, уларга жаҳоний фанлардан ҳам сабоқ берилаётганлиги қувончли эди. Шунингдек, шифохоналар, кутубхоналар очишаётганлиги, шаҳарга забардаст олимлар, муаллимлар келишаётганлиги ҳар қандай равшан фикрли кишини мамнун этарди.
Тўғри, уларнинг янги шаҳарда фоҳишахона очишгани ҳақида ҳам гап-сўз юрарди. Аммо начора ...
Беҳбудхўжа боғда қолиб кетмади. Дарёвотдаги юмушларни Ҳайдар девкорга юклаб, Дорами масжидида мударрис бўлди. Болакайларга аввалгидек “Ҳафтияк”, “Чоркитоб”, “Қуръони Карим”дан сабоқ беришга киришди.
Руслар босқинидан нақ етти йил ўтиб, Дарёвотдаги ниҳоллар ҳосилга кирган йили Худо Беҳбудхўжага ўғил берди.
Унга Маҳмудхўжа деб ном бердилар.
Бола ашраф, диловар эди! Тийран кўзларида закийлик нури мунаввар эди унинг. Чақалоқнинг қулоғига азон айтган ота Яратганга шундай илтижо қилди.
“Эй, Тангри таоло! Сен мағфиратингни дариғ тутмайдиган меҳрибонимизсан! Афу эт бизни, ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умуми ато айла! Бу гўдакни бобокалонимиз ҳазрат Аҳмад Яссавий руҳлари бир умр қўлласин! Уни ногаҳоний туҳматлардан асра! Ўғлимиз ўлғайиб, ҳақ сўз билан одамларни маърифат ва нажот йўлига чорлайдиган аллома бўлсин!”
Ёз кунларининг бирида Ҳайдар девкор болани отга миндирди. От қимирламай, жим турдию “Демак, бола қобил-мўмин бўлади”, - деди отаси. Кўп ўтмай, саман бир тепсиниб олди-ю, олдинги оёғи билан бир маромда чизиқ торта бошлади. Бу ҳорл анча давом этгандан кейин Ҳайдар девкор қувончини яширолмади.
- Маҳмудхўжа соҳиби қалам бўладиганга ўхшаяптилар.
Беҳбудхўжа ички бир қониқиш билан, мамнун бош силкиди.

Бу орада талай сувлар оқиб ўтда, анча-мунча гаплар бўлди. Аммо бу гапларнинг воқеалар ривожига, аниқроғи, асаримизга алоқаси бўлмагани сабаб эътибордан соқи қилиб, қаҳрамонимиз Маҳмудхўжа ибн Беҳбудийнинг мўйлови эндигина сабза урган кезларда тоғаси, нуфузли қози Муҳаммад Сиддиқ билан отаси Беҳбудхўжаораларида бўлиб ўтган гапдан воқиф этамиз сизни.
- Муллопочча, - деди қози истиҳола, эҳтиром ила, - Маҳмудхонни ихтиёримга берсангиз – мирзо қилиб олур эдим. Бир мирзомиз бор эди, саводи тумтоқ бўлгани устига андак таъмагир чиқиб қолди. Биласиз: бунақаси менга тўғри келмайди.
Ота тамкинлик ила сукут сақлади.
- Мирзоликни удда қилурму? Ёш ...
- Ақл ёшдаму? Қуръони Каримни туширди; туркий, форсий, арабийни шаррос билур, ўрисчага ҳам фаҳми етур. Зеҳну заковати қозиликни ҳам олиб кетадурғон. Ахир, ўрнимга жонишин ҳам тайёрламоғим керак-ку!
- Дуруст, аммо орзу этиб эдимки, ўғлим мударрис бўлса, аҳли муслимга илму-урфон ўргатса, маърифат, адолатдан дарс берса ...
- Зарур келганда мударрислик ҳам қилур – имкон яратурман. Зеро қозихона ҳам маърифат, адолат уйидир, -деди тоға иштибоҳ билан.
Шундай қилиб, ёш Маҳмудхўжа ўз фаолиятини қозихонада мирзолик қилишдан бошлаб юборди.
Ота Қуръон тиловат қилиб, дуолар ила ўғлининг ишига кушойишлар тилади.
Илоҳо, дуолар мустажо бўлсин

Комментариев нет:

Отправить комментарий