Уни беҳудага жаҳон иқтисодий инқирози дейишмайди. Бу ногаҳоний ижтимоий офат энг аввало қудратли мамлакатларнинг шаштини қайтариш, не-не миллиардерларнинг иштаҳасини буғиш билан ўзининг нималарга қодир эканлигини намойиш этди. АҚШдан кейин Германия, Франция, Буюк Британия сингари тараққий этган мамлакатларда корхоналар ёпилиб, минглаб одамлар кўчада қолабошладилар? Анча-бунча магнатлар хомуш тортдилар.
Ҳа, у ҳеч кимни четлаб ўтмаслиги турган гап. Ўзимизда ҳам сотувчилар савдо оқсаб қолганидан шикоят қилабошладилар. Нақ пул камайганлиги сабаб айрим ҳолатларда маош ва нафақалар кеч берилаябди. Кимнингдир штати қисқартирилди, бошқа бировнинг боласи чет элдан қайтиб келди. Дунёдаги пахта заводлари толани мўлжалдагидан анча арзон сотишга мажбур. Табиийки, фермер оладиган улуш ҳам шунга яраша бўлади.
Аммо дилга таскин берадигани шуки, бизда инқироз зарбаси унчалик ҳалокатли бўлмайдиганга ўхшайди. Биринчидан, биз кўп қийинчиликларни бошдан кечирган, сабр-бардошли халқмиз, иккинчидан ХХ1 аср газ асри деб аталмоқда ва Орол денгизининг суви қочган жойларида каттагина газ запаслари борлиги дилимизга қувват ато этади. Шунингдек, Ҳукуматнинг инқирозга қарши кураш чоралари ҳам ўз вақтида амалга оширилмоқда ва ҳакозо.
Интернет сайтлари ва Россия оммавий-ахборот воситаларида Карл Маркснинг номи аллақандай қумсаш билан тилга олинмоқда, социалистик планлаштиришга қайтишга даъватлар бор.
Аммо бундай пайтда бир ҳолат ҳисобга олинмаётганга ўхшайди. Замон ўзгарди, энди жаҳон иқтисодий риштлари бирлашди ва улар бир-бири билан жуда ҳам боғлиқ. Социализм йўлидан бораётган Шимолий Корея, Куба, Албанияда ҳам кризис қўшниларникидан кам бўлмаябди. Аммо бугун сиёсат ҳақидамас иқтисод ҳақида кўпроқ фикр юритиш, резерв ва имкониятларни ишга тушириш ташвишига тушишга тўғри келади.
Биз анчайин бой ва қудратли мамлакатда яшаймиз. Ота-боболаримиз тежамкор, тадбиркор бўлишган. Шу анъаналарни тиклаш инқирозга қарши энг қудратли тўсиқдир. Шу билан бирга пешқадам мамлакатлар тажрибасига таяниб иш кўриш бугуннинг зарур шартидир.
Бундан уч йил муқаддам Хитой Халқ республикасида бўлгандим. Ўйлаб кўрсам, бугунги иқтисодий буҳрон зарбаларини камайтириш учун уларнинг айрим тажрибалари ва анъаналарини жорий этишимиз фойдадан холи бўлмас экан. Зотан бу мамлакат дунёвий инқирозга қасдма-қасд ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда ва жаҳонда биринчи ўринга чиқишга даъвогарлик қилаябди.
Пекин аэропортидан ташқарига чиқиш билан эшик олдида табассум билан визит карточкаларини узатиб турган кишиларни кўрасиз. Қўлингиз ва фикрингиз анчайин банд бўлганлиги сабаб, карточкаларнинг айримларинигина олиб чўнтагингизги солишга улгурасиз ва андак нафасингизни ростлагач, уларга кўз югуртирасиз. Карточкаларга атиги бир сўз ва телефон номери ёзилган бўлади: “Таржимон”, “Шофер”, “Меҳмонхона” ва ҳакозо. Сиз энг аввало таржимонга телефон қиласиз. У зум етмай етиб келади ва муаммоларингизни ҳал қилиш осонлашади.
Бу узоқ йиллар давомида шаклланган сервис хизмати, албатта.
Биз бу тариқа пул топишга кўникмаганмиз ёки ор қиламиз.
Тағин бир ҳолат: Буюк Хитой девори устида юрганимизда бир киши автомобил калитига осилтириб қўядиган “брилок”ни олишимни тавсия қилиб қолди. “ Йўқ, керак эмас” рад этдим. “ Ўртоқ, деди у қўлингизга олиб кўринг, у сизга маъқул бўлади.” Олиб кўрсам, нарироқдан суратимни олиб, ҳалигининг ичига жойлаштирган экан. Бундай ҳолатда харид қилмай иложингиз бўлмайди, албатта.
“ Сизга совға қилмоқчиман”, деди у. Аммо чўнтагига пул суқиб қўйишдан ўзга чорам йўқ эди.
Самарқандга қайтгач, Регистондаги таниш суратчига бу ҳолни айтиб бердим, аниқроғи тавсия этдим. Аммо бу хизматни у уддалолмади. Сайёҳларга ҳалол, зарур хизмат кўрсатиб, уларнинг пулини олабилиш учун унда журъат ва забон етишмади.
Хитой аҳолиси бир миллиард уч юз миллион кишидан ошди. Тасаввур қилинг, миллиарддан буёғи ҳам Россия аҳолисидан кўп. Давлат бунча одамни қандай қилиб боқади, дейишади гоҳида. Аслида олганда эса бу мамлакатда боқимондалик йўқ, ҳар бир киши ўзи ва оиласини нолимай, зорланмай боқади. Таржимон айтган бир латифа ёдимдан чиқмайди. “Ўзбекистондан келган киши гариллабди: бизда аҳоли сони йигирма етти миллионга етди. Хитойлик ажабланиб сурармиш: “Ундай бўлса, ҳаммаларинг бир-бирларингни танисаларинг керак?” Аслини олганда, аҳолиси бир миллион атрофида бўлган давлатлар кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, йигирма етти миллион ҳам ҳазилакам рақам эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз.
Эртаси меҳмонхонадан чиққанимизда, велосипедини рикшага айлантириб олган ўсмир қиз-йигитчалар эътиборимни тортди. Уловини роса безаган, икки кишига мўлжалланган орқа ўриндиққа бахмал кўрпачалар тўшаган қиз менга яқинлашиб алланималар деди. Мен нажот билан таржимон томон ўгирилдим. “ Ўртоқ, келинг шаҳримизни айлантирман, пул бермасангиз ҳам майли” деяётган экан. Набирам тенги бир қизнинг аравачасида сўлжайиб ўтириш табиатимга зид эди албатта. “ Яхшиси сен ўтириб ол, мен ҳайдайин” дедим. Таржимадан кейин ҳалиги қиз мазза қилиб кулди. Хуллас, уёқ-буёққа қараб, таниш-билишлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, таржимон иккаламиз орқага ўтиб ястаниб олдик. Рикша серқатнов машиналар оралаб олдинлаб кетди. Енгилгина хавотир аралаш шаҳарни томоша қилабошладик.
Йўлда тағин бир ибратли ҳол рўй берганини таъкидлаб ўтишим керак. Кўчанинг нариги бетида иккита рикша тўқнашиб кетди. Рикшачилар бир-бири билан зиддиятга бормай, тушасолиб бир-бирининг велосипедини тузатишга киришишди. Бизнинг рикшачимиз ҳам велосипедини тўхтатиб, ёрдамга шошилди.
Шаҳарни айланиб, меҳмонхонага келгач, ҳалиги қизга уч доллар узатдим. У жону ҳолимга қўймай икки долларини қайтариб берди.
Саёҳат давомида кўпроқ қишлоқ ҳаёти билан қизиқдим. Пекиндан Буюк Хитой деворигача бўлган масофа миллий боққа айлантирилган экан. Ана шу дарахтзорлар орасида бир неча уйларни кўриб, ўша томонга бурилдик. Бу ерни қишлоқ деб ҳам бўлмасди. Ҳамаси бўлиб ўнга яқин хўжалик истиқомат қиларкан. Асосий юмушлари боққа қоровуллик қилиш экан. Уйлар ёғочдан қурилган, пастак. Ҳовли сатҳи ҳам каттароқ хона ҳажмида. Бирорта уйда автомашина кўринмайди, ҳамма велосипед минаркан. Биз кирган хонадон соҳиби қоровулликдан ташқари бедана тухуми ҳам етиштираркан. Аллақандай ресторанга олиб кетишаркан. Мезбон, гарчанд Ўзбекистон деган юртни эшитмаган бўлсада, жону-ҳолимизга қўймай бедана тухуми қовуриб келди, соя қайнатмаси билан силади.
Ҳамроҳларим ветеринария дори-дармонлари савдоси билан шуғулланадиган кишилар эди. Улар сабаб бўлиб, шаҳар чеккасидаги формацевтика корхонасига ҳам бордик. Бу ерда асосан йигит-қизлар ишлашаркан. Тушлик пайти бўлганлиги учун бизни ошхонага таклиф қилишди. Ишчилар вақтдан қизғаниб бўлса керак, тикка туриб, тушлик қилишарди. Бизни эса стол безатилган алоҳида хонага олиб киришди.
Шу ўринда мавзудан андак чекинишимга ижозат берсангиз. Мен дунёнинг анча мамлакатларида бўлдим ва дунёда меҳмондўст бўлмаган халқ йўқ экан, деган хулосага келганман. Аммо ҳар бир халқнинг меҳмондорчилик таомиллари ўзига яраша. Шунинг учун ҳам “Биз дунёдаги энг меҳмондўст халқ”, дейишдан тийилишимиз керак. Бу гапни бошқалар айтгани маъқул.
Формацевтика корхонасининг раҳбари ўрта ёшлардаги аёл экан. Журналист эканлигимни эшитиб, мен билан кўпроқ гурунглашди. У Самарқанд, Бухорода бўлган экан. Обидаларимиз ва одамларимиз ҳақида илиқ гапларни айтди. Мени эса унинг тадбиркор ва ишбилармонларимиз ҳақидаги фикр-мулоҳазалари кўпроқ қизиқтирарди. Айтишича, у Самарқанд ё Бухорода чорва моллари учун дори-дармон ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этмоқчи бўлган экан, аммо қўллаб-қувватлашмабди. Аммо бу ташаббусга ким монелик қилганини айтгиси келмади.
- Кўпгина тадбиркорлар топган маблағларига аввал чет машинасини олиш, ҳашамдор иморат қуришга сарфлашаркан.- деди у,- аммо энг аввало ишлаб чиқаришни кенгайтириш керак. Қолгани кейин ҳам бўлади.
Ибратомуз гап. Шундай эмасми? Самарқандда шу тариқа иш юритиб, синган ёки қамалган анча-мунча тадбиркорларни биламан.
- Фарзандингиз нечта, сўраб қолди у бир маҳал.
- Бешта. Уч ўғил, икки қиз,- жавоб бердим.
Аммо шундан кейин суҳбатимиз қовушмай қолди. Чунки аёл ногаҳонда кўзига ёш олди. Маълум бўлишича, атиги бир қизи бўлиб, у ҳам касал экан. Ачиниб кетдим бояқиш аёлга ва бизда инсон ҳуқуқларини чеклайдиган ана шундай қонунлар йўқлигидан ички бир мамнуният туйгандай бўлдим.
ХХРдан бир тажрибани ўрганиб келиб, авввало, ўз уйимда жорий этганим ва эндиликда таниш билишларни тарғиб қилиб юрганимни, бугун сизни ҳам шунга даъват этиш ниятим борлигини айтиб ўтишим керак. Бу ерда корхона, идора ва хонадонлардан 100-200 Вт кучланишга эга бўлган волфрамли лампалар аллақачон истеъмолдан чиқиб кетган, унинг ўрнига беш-олти баравар кам энергия талаб қиладиган спиралсимон неон лампочкаларга ўтишган экан.
Муҳтарам газетхон! Гарчанд зерикарли бўлса ҳамки, андак батафсил гапирсам, мени эзмага чиқармассиз? Бу дунёнинг тагига ё эзма етади ё кезма, деган нақлни эшитган чиқарсиз.
Атиги бир лампа ҳисобига электр энергиясини 5-6 бор тежаш мумкинлиги ва бу оила бюджетига, мамлакатга қанчалик фойда келтиришини ўйлаб кўрганмисиз?
Республикамизда электр энергиясининг танқислиги сезилиб қолди. Шахсан ўзим ўтган қиш бир неча қишлоқларда бўлиб, мактаб ва коллежларга давлат томонидан катта маблағлар сарфланиб олиб берилган компьютерлар ишлатилмаётганини кўрдим ва ўксиб кетдим. Чунки электр энергияси танқислиги сабаб айрим туман ва қишлоқларга суткасига атиги 2-3 соат давомида электр энергияси берилаётган экан. Бизда янги ГРЭСлар қурилмаябди. Агар ёппасига кам энергия талаб қиладиган лампаларга ўтсак, ҳамманинг уйида чироқ ёнади, болаларимиз компьютерни мукаммал ўрганишади.
Бошқа жойларни билмайман, аммо Самарқанддаги дўконларга Хитой ва Туркиядан келтирилган 15-25 Вт кучланишли замонавий спиралсимон лампалар кўплаб сотилмоқда. Шахсан менинг хонадонимда улар икки-уч йилдан бери куймай нур сочаябди. Биз Ильич чироқлари деб атайдиган лампалар ўрта ҳисобда 100 Вт қувват талаб қилишини биламиз. Мана сизга оддий арифметика: атиги бир дона лампани алмаштириш билан қанча маблағни тежар эканмиз.
Бу улкан имкониятни ишга солиш учун соҳа мутасаддилари чинакамига кураш олиб боришмаётганлиги мени таажжубга солади. Хомаки ҳисоб-китобларимга кўра Республика энергетика ва электрлаштириш вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари ўз ҳисобларидан бўлса ҳамки, барча корхона, муассаса, хонадонларга кам қувват талаб қиладиган лампалар ўрнатиб чиқишса, бу харажатни атиги уч-тўрт ойда қоплашлари мумкин экан. Шундай қилинганда қанчадан-қанча табиий газ, мазут, кўмир тежалишини улар ҳам ҳисоблаб кўришган бўлишса керак. Аммо бу ташвишга қўл уришларига ишонқирамай турибман. Юмушлари бошдан ошиб ётганлигини важ қилишар, эҳтимол, буни майда-чуйда деб ҳисоблашар. Аслида эса майда-чуйдаларга эътибор берилмаган жойда уни катта жойлардан ҳам изламаслик керак. Ҳукуматнинг инқирозга қарши кураш чораларининг бири эса: “ Элекроэнергитика тизимини модернизация қилиш, энергия истеъмолини камайтириш ва энергияни тежашнинг самарали тизимини жорий этиш” деб аталади.
Бу тадбирни амалга оширишимизга ўзимиз, аниқроғи, ҳар биримиз бугунданоқ киришишимиз зарурдан-зарур. Аниқроғи, ишдан қайтишда дўкондан иккита спирал лампа харид қилсак бўлгани. Унинг ёруғлиги, тежамкорлиги, қизиб кетмаслигини, хуллас, ҳар томонлма афзаллигини ҳис этамиз… Кейин тағин харид қиламиз. Қўшниларга, қавмларга мақтаймиз, тарғиб қиламиз..
Чалғиб кетдим, узр! Хитойлик бир тадбиркор Самарқанд бозоридан икки жуфт жияк харид қилган экан. Аёллар уйда қўлда тўқийдиган, лозимини жозибадор қиладиган жўн жияк. Йўқ, хотини учун ёки ёдгорлик учун эмас. Юртига қайтгач, жияк тўқийдиган станокни ишга тушириб, бозорларимизни арзон, сифатли, чидамли қоқмага тўлдириб ташлади. Минглаб аёлларимиз бекор қолишди. Кейин ўша тадбиркор ишбилармонларимизга жияк тўқийдиган станокларни сотди, Аммо бизникилар уни кўнгилдагидек ишлатишолмади. Маҳсулотлари сифатсиз бўлиши устига таннархи қимматга тушди.
Хитойдан жияк олиб келиш давом этаябди.
Булар яшириниб ётган имкониятларимизнинг бир қисми, холос. Экин майдонларидан ярим-ёрти фойдаланишимиз, мева-сабзавотни қайта ишлашни йўлга қўймаганлигимиз, кичик ва ўрта бизнеснинг оқсоқлиги…
Бу ва бошқа имкониятларни ишга солиб, инқироздан зудроқ, покланиб, тежамкор, ишбилармон ва сарбаланд бўлиб чиқишимиз шарт.
Бу борада Худо мададкоримиз бўлсин!
Комментариев нет:
Отправить комментарий