Дунёда элликка яқин мамлакат пахта етиштириш билан шуғулланади. АҚШ, Ҳиндистон, Хитой Халқ республикаси, Покистон, Мексика, Бразилия энг йирик пахтакор давлатлар ҳисобланади. Жаҳон пахтасининг қарийб 70 фоизи ана шу олти мамлакатда тайёрланади.
Мазкур давлатларда ҳосил машиналар ёрдамида териб олинади. АҚШда ҳосилнинг юз фоизи бункерлардан бўшатилади. Пахтанинг ватани бўлмиш Ҳиндистон ва бошқа юртларда бу кўрсатгич андак пастроқдир.
Узоққа бориб нима қилдик. Яқин йилларгача ўзимизда ҳам ҳосилнинг ярмидан кўпроғи “зангори кема”лар ёрдамида йиғиштириб олинарди. “Ташселмаш”заводида ишлаб чиқариладиган пахта териш машиналарига чет мамлакатларда ҳам талаб катта эди.
Начора, олам ҳам ўзгарди,одам ҳам. Бугун пахтакор фермерга бу ҳақда сўз очсангиз, гапни ёқилғи қимматлигидан, харид қилинадиган машинанинг ўзи ҳам йўқлигидан бошлайди. Ёки: “Буни катталар ҳал қилсин” деб қўяқолади. Аслини олганда, биз ҳосилни қачонгача қўлда териб оламиз, деган савол кўндаланг қилиб қўйиладиган вақт етиб келди! Теримга ўқувчилар, студентлар, шаҳар аҳлини жалб қилиш маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қанчага тушаётганлигини ҳисоблаб кўришимиз зарурдан зарур эмасми?!
Бу йил ( 2012 йил) менинг коллежда ўқийдиган 15 ёшли набирам - Ситорани теримга олиб кетишди. Бошқалар йўлини қилиб, болаларини олиб қолишди. Биз ундай қилмадик. Ситора мавсум давомида бир тонна пахта терибди. Теримга ҳақ ҳам тўлашган экан, харажатларга чегириб олишибди.
Келинг, калкуляторни қўлга олиб, ҳисоблаб кўрайлик. Пахта териш машинаси мавсумда ўрта ҳисобда 200 тонна пахта теради. Демак у 200 ўқувчининг юмушини бажариб қўяди. Машинанинг харид нархи, ёнилғи харажатларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам қўл теримидан бир неча баравар арзон тушади. Бу – масаланинг фақат иқтисодий томони.
Ўзимиз ҳам ўқувчилик, студентлик пайтимизда теримга чиққанмиз. Аммо бизнинг бугунги фарзандларимиз, набираларимиз анчайин нозик, бардошсиз, касалванд эканлигини, улар кўпроқ ўқиши зарурлигини, болаларни меҳнатга жалб этиш эса халқаро қонунларга зидлигини ҳисобга олишимиз керак-ку! Энг ёмони, бу йил пахтазорлар дефолиация қилинди. Дефолиантлар эса кучли заҳар ҳисобланади. Бизнинг барча тоат-ибодатларимиз, Худо ҳаққи, болакайларимизнинг бир кун бўлсада тўшакда ётишига арзимайди.
“Ватанга пахта керак”, деган шалдироқ гап эскирмадими. Юртга соғлом, билимли фарзандлар керак, деган гап бош шиоримизга айланиши керак эмасми?
Бундан йигирма беш йиллар муқаддам АҚШлик фермерлар тажрибасини ўрганиб, бир қатор мақолалар эълон қилган эдим. Уларнинг айримларини такрорлаш ортиқчалик қилмас деб ҳисоблайман. Америкалик фермерлар 200 йиллик иш тажрибасига эга. Биз эса энди бошладик. Демак ибратомуз тажрибаларни ўрганиб, ўзлаштириб борсак, ўзимизга фойда.
Техасс штатида яшайдиган кекса фермер Дуэн Виллз 200 гектардан кўпроқ майдонга чигит қадайди. Чигит нормаси гектарига 17 килограмм. ( Бизда бу норма 60 килограмм бўлишига қарамай 100 килограмм атрофида уруғ сарфлаябмиз) Йил давомида деярли ҳамма юмушни ўзи, хотини, ўғли ва набираси уддалашади. Ҳосилни машинада бир марта териб олишади. Қолган 10-15 фоиз пахтани тупроққа қориштириб ташлашади. Чунки у ўз харажатини қопламайди.
Пахтани машинада теришнинг қатор омиллари ҳақида тўхталайлик. Фермернинг даласига экиладиган “Акала Жи Си” нави (ҳозир у истеъмолдан чиқиб кетган, албатта)нинг кўсаклари бирайўла очилади ва ғўза табиий тарзда ( дефолиациясиз) баргини тўкади. Бу мамлакатда пахта навлари ҳам, пахта териш машиналарининг маркалари ҳам кўп. Дуэн Виллзга қарашли пахта териш машинаси шпинделсиз яъни шамол кучи билан ҳосилни сўриб олишга мослашган бўлиб, унга джин аппарати ҳам ўрнатилган. Яъни машина бирайўла пахтани чигитидан ҳам ажратиб, тойлаб беради. Бу ерда пахта заводи ёки қабул пунктига ҳожат қолмайди. Фермер уни истаган харидорга сотиш ҳуқуқига эга. Бу мамлакатда ҳам фермерлар билан шартномалар тузилади ва ортиқча пахтани ҳеч ким қабул қилмайди.
Тан олиш керак, АҚШда пахта териш машиналари жуда қиммат. Шунинг учун айрим штатларда улар давлат томонидан олиб берилади. Бизникига ўхшаш муқобил трактор парклари ихтиёридаги машина гоҳида бир неча фермерга хизмат кўрсатиши мумкин.
АҚШда ерларни мелиорациялаш, ирригация хизматлари давлат томонидан бепул амалга оширилади. Лекин шунга қарамай аксар фермерлар ҳукуматдан норози бўлиб қолишлари менга ғалати бўлиб туюлганди.
Миссисипи штатидаги фермер Фред Баллард лалми ернинг ҳар гектаридан 22-23 центнердан ҳосил олади. Унинг таннархи жуда арзонга тушади. Фермер биринчи экиндан бўшаган майдонларга ғўзани зичлаб (90 сантиметрли қатор ораларига) экади ва тўласинча машинада териб олади. У пахтани қўлда теришни тасаввур қилиб ҳам кўролмайди.
Такрор айтамиз, бу фермерларнинг ота-бобоси ҳам фермер бўлишган ва йиллар давомида ишлари такомиллашган. Фақат ташкилий ишлар эмас, агротехника ҳам, иқтисодий омиллар ҳам мослаштирилган.
Бизда ҳам пахтачилик минг йиллик тарихларга эга. Чоризм ва шўролар даврида ҳам пахта базаси бўлиб келдик. Табиийки, бундан кейин ҳам бюджетимизнинг катта қисмини пахтадан келадиган даромад тўлдиради. Жаҳон бозорида пахтанинг товар сифатидаги салоҳияти ғалла, нефт, олтин билан тенг туради. Аммо шуларнинг барига қарамай, пахта сиёсати, деган маъшум кўланканинг пайдо бўлиши ортга қайтишдан ўзга нарса эмас!
Шу йил октябр ойида Бухорода бўлганимда шаҳардаги дўконлар ва ҳатто бозорлар берк эканлигини кўрдим ва ўша кўланкага гувоҳ бўлдим. Ваҳоланки, барча бозорчи ва дўкончилар мавсум давомида атиги битта машина юмушини бажаришолмайди.
Пахтачилигимизда тағин социалистик хўжасизликка қайтишга йўл қўймаслик керак!
Жойларда пахта сотиш шартномасини бажариш биринчи талабга айланиб, унинг таннархи, сифати эътибордан четда қолаябди. Иқтисодий жиҳатдан фойда бермайдиган ҳосил кимга керак, дейдиган мард топилмайди. Республикамизда пахта сотиш шартномалари бажарилгандан кейин ҳам талай вилоятларда шаҳарликларни кунлик олиб чиқиш давом этди ва бунинг зарари озмунча эмасди!
Тошкентда янги типдаги пахта териш машиналари ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилиши кечиктириб бўлмайдиган заруратдир. Дастлабки пайтларда ҳар бир туманга бир-иккитадан машина берилар ва шу тариқа иш йўлга қўйилар деб умид қиламан.
Бу борада шахсан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг мулоҳазаларини билмоқчи эдим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий