Ёзувчи ватан байроғини ҳар қандай спортчидан баландроқ, давомлироқ кўтариши мумкин. Шундай бўлиб келган ҳам!
Яқинда Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган йиғилишда тўпланганларнинг аксари шундай фикрга келди, десам адашмаган бўламан. Адабиётга кўрсатиладиган ғамхўрлик маънавиятга, келажакка кўрсатилган ғамхўрлик эканлиги нотиқлар нутқида бот-бот такрорланди.
Аслида адабиётга кўрсатиладиган энг катта кўмак унга эркинлик бериш, қанотини қирқмасликдир. Ҳақиқий адабиётнинг шавкати ва қисмати шундаки, у бир умр ўз замонасига мухолиф бўлган ва шу сабаб унинг энг пешқадам қаламкашлари йўқ қилинган. Машраб, Беҳбудий, Қодирий, Чўлпон сингари не-не оташнафас истеъдодлар яшашганда адабий хазинамиз нақадар бойиган бўларди.
СССР қулагандан кейин унга тобе бўлиб келган барча республикаларда, шу жумладан бизда ҳам адабиёт гуриллаб тараққий этиш ўрнига дебсиниб қолди. Бунинг боиси шундаки, адабиёт газетадан фарқли ўлароқ, янги муҳитга тез мослашолмайди, воқеа, жараёнларни синтезлаш учун вақт керак бўлади. Муқаддас жой эса бўш турмайди, у ерда турли туман алафлар ўсиши табиий.
Адабиёт ҳам инсонга ўхшаш. У гоҳида баланд парвозлар қилади, гоҳида омад унга чап қўлини чўзади. ХХ асрнинг ўттизинчи йилларида ҳам ҳақиқий ижодга, шу жумладан мумтоз адабиётга нафратомуз бир муносабат пайдо бўлганлигини биламиз. Халқнинг асрий дурдоналари бўлган ноёб асарлар зарарли деб эълон қилинган, йўқотилган. Унинг ўрнини коллективлаштиришнинг афзаллигига бахшида асарлар эгаллаган. Йиллар ўтиб, тағин мумтоз адабиётга талаб ошаборган. Чунки ҳақиқий адабиётни ўқиш ва уқиш учун инсон ижтимоий-иқтисодий зилзилалардан холи бўлиши ҳам керак.
“Даракчи” газетасининг 2004 йил 5 август сонида шундай деб ёзган эканман. …” Янги адабиёт бугун-эрта эшик қоқади. Назаримда яқин вақтда адабиётимизга ёш бир даҳо кириб келади. У ҳар йили ўнлаб ўткир сюжетли роман, қисса, телесценарий, шеърлар ва янгидан-янги жанрларда муъжизавий асарлар битади. Унинг китобларини ўзимизда ва чет элда юз минглаб нусхаларда чоп этишади ҳамда қўлма-қўл бўлиб кетади. Йўқ, бу менинг хом хаёлим, ҳавойи орзуларим эмас, тарихий зарурат, ижтимоий қонуниятдир. Адабиёт тарихига назар солинг: энг оғир дамларда, Аллоҳнинг иродаси билан Алишер Навоий, Огаҳий, Қодирий, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар ташриф буюриб, адабиётимизни ашраф чўққиларга кўтардилар, биз биримиз уларнинг ортидан эргашдик.”
Бу табаррук ташрифдан ҳали ҳам умидимни узганим йўқ. Ана шу жараённи тезлаштириш учун эса истеъдодли ёшларни бугун адабиёт байроғини баланд кўтариб турган АҚШ, Япония, Франция, Туркия мамлакатларига юбориш керак деб ҳисоблайман. Биз ҳатто боксчиларни ҳам тараққий этган мамлакатларга юбораябмиз-ку. Бу ўринда шуни эслатиб ўтиш жоизки, Туркия адабиётига ана шундай навқирон даҳо кириб келди. Унинг номи Урхан Памук. Бу йигит туркий халқлар вакиллари орасидан биринчи бўлиб, 2006 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлди. Унинг асарлари айни пайтда қирқдан ортиқ мамлакатда таржима қилинган. Янги истеъдод билан дўст турк халқини чин қалбдан табриклагиси келади кишининг. Урхан Памук ҳам бир неча йил умрини АҚШда ўтказганлигини эслатиб ўтиш ортиқчалик қилмас.
Шуни унутмаслик керакки, истеъдод эгаси кўп ҳолларда қусурсиз бўлмайди. Буни тушуниш, кечиришга тўғри келади. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам, рус мақолида айтилганидек, сувга чўкаётганни қутқариш унинг ўз қўлида.
Дарҳақиқат, вазият ижодкор олдида қатор муҳим вазифаларни кўндаланг қилиб қўяди. Мазкур йиғилишда қайта-қайта таъкидланганидек, энг аввало қалам аҳлининг ўзи фаол бўлиши, фуқаролик позициясини намоён қилиши шарт. Газета журналларимиз кўп. Аммо уларнинг саҳифаларида ёзувчи, шоирларнинг номларини камдан-кам учратамиз. Энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни айнан улар кўтариб чиқишлари керак эмасми?! Беҳбудий, Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор энг аввало ҳозиржавоб публицистлар эдилар. Ўша пайтдаги гезета журналларни варақласангиз, бу устозлар турли мавзуларга бағишланган очерк, мақолалар ёзганликларига гувоҳ бўласиз. Публицистика ҳаётни ўрганиш учун ҳам ўзига хос мактабдир. Наҳотки бугун ёзувчи, шоирнинг тинчлиги олган муаммолар бўлмаса.
Бу ўринда айрим қаламкаш дўстлардан гилаласам, мени тўғри тушунишар деб ўйлайман. Сўнгги йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳамда “Ҳуррият” газеталари саҳифаларида қатор ижодкорларга у ёки бу мавзудаги очиқ хатларим эълон қилинди. Раҳматли Шукур Холмирзаевга битилган мактуб янги адабиёт муаммолари, Дадахон Нурийга табиат муҳофазаси, Иброҳим Ғафуровга Нитшенинг ижоди, унинг таржимаси, Хуршид Давронга сайт очиш ва Интернетдан фойдаланиш муаммоларига бағишланганди. Худо ҳақи, бу мактубларни куйиб-пишиб, анчайин жонсўзлик билан ёзгандим. Тўғри Шукур Холмирзаеқ сим қоқиб, адабиёт газетасига жавоб хати ёзаётганини маълум қилганди. Аммо шу орада операция бўлди, соғлиги ёмонлашди ва бунга улгуролмади. Қолган дўстлар эса телефон қилишни ҳам эп кўришмади. Сен салом берсанг-у алик олишмаса, камситилгандай сезаркансан ўзингни.
Ёдингизда бўлса бир вақтлар газетада Шукур Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими” деган мақоласи босилиб, қизғин муҳокама қилинганди. Бу борада менинг фикрим шундай: агар адабиёт курашмаса, у муқаррар нобуд бўлади. Буни табиатнинг яшаш учун кураш қонуни, дейишади. Ҳар қандай тирик организм сингари ижтимоий субъект ҳам яшаш учун курашишга мажбур. Адабиёт инсон ахлоқи, маънавияти ва Конституцияга зид бўлган ҳар қандай иллатга қарши курашиш миссияси билан келган. Шунингдек у ўз йўлидаги ғовлар билан ҳам яккама-якка жангга чиққан.
Талай газета, журнал, нашриётлар мутасаддилари дилида ўша шўролар давридан қолган қўрқув вируслари ҳамон турганга ўхшайди. Цензура йўқолиб, айрим жойларда уч бошли илон пайдо бўлгангандай. Булар - муассис, бош муҳаррир ва муҳаррир. Уларнинг бири сармоясидан, иккинчиси курсисидан, учинчиси арзимаган маошидан қўрқиб, ҳарқандай эркин фикр, ошкоралик куртакларини чилпишдан тойишмайди.
Қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол келтирмоқчиман. “Фожиа” ва “Нохуш хаёллар” деб номланган ҳикояларимни журнал ( Шарқ юлдузи) ҳам, нашриёт ( Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи) ҳам: қалтис, воқеа мунгли, деб қайтаришди. Ҳар икки жойда ҳам кўрсатгич бармоқларини юқори кўтариб сирлигина ишора қилишди. Мен эса ҳамон бу даволарга қўшилганим йўқ ва муҳтарам ўқувчилар уни сайтимдан ўқиб, фикр билдиришларини жуда-жуда истаб қолардим.
Шу муносабат билан тағин бир мулоҳазани айтмоқчиман. Шўролар даврида ва ундан олдин ҳам замонасозлик руҳидаги ҳамду сано асарлар озмунча ёзилмаган. Бугун эса улар ҳеч кимга керак эмас! Одамларнинг изтироблари, ноҳақликларга қарши курашлари акс этган асарларигина яшаб қолдики, бунга мисол келтириш ортиқчадир.
Йиғилишда ҳар бир ижодкорнинг ўз сайти бўлиши таъкидланди. Бугунги кунда у зарурдан зарурдир. Тасаввур қилинг, сиз бугун битган асарни шу соатнинг ўзида ер шарининг исталган қитъасида ўқишлари мумкин бўлади. Америка ёки Ҳиндистондаги ўзбек китобингизни қўлга киритолмайди, аммо сайтингизни варақлаш имконига эга. Ёки фараз қилайлик, сиз ўтган йил Нобел мукофотига сазовор бўлган француз Жан – Мари Гюстав Лаклехзио ижоди билан ёхуд Габриель Гарсиа Маркеснинг янги асарлари билан танишмоқчисиз. Марҳамат, “сичқонча”нинг елкасини силашни ўрганинг, бари муҳайё бўлади. Хуллас, компьютер ва Интернет хислатларини бирма-бир санасам, жуда кўп вақт керак.
Йиғилишда танқидчи Умарали Норматов кўплаб зўр асарлар яратилаётганлиги аммо бошқалар сингари ёзувчилар ҳам ўқимай қўйишганини танқид қилди. Аслида эса адабий танқид худди ана шунинг сабабларини тадқиқ қилиши керак эди. Бугун сабабинигина эмас, сабабининг сабабини очиб ташлаш керак. Бу борада ўзим микротадқиқотлар ўтказганман ва одамларнинг китоб ўқимай қўйганига икки буюм… сабабчи, деган хулосага келганман. Майли, бу ҳақда кейин…
Аввал “зўр” асарлар ҳақида, Афсуски, бундай асарлар деярли яратилмаябди. Аслида кучли асарни тарғиб-у ташвиқ қилишга ҳожат ҳам қолмайди. Уни ўқиган киши эҳтиросларини жиловлолмай, атрофдагиларга тавсия қилади ва шу тариқа асар тилга тушади. Биз турли даврларда ёзилган Мирзакалон Исмоилийнинг “ Фарғона тонг отгунча”, Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” Тоҳир Малик “Шайтанати”нинг биринчи китоби талашиб - тортишиб ўқилганини, улар бозорга чиққанини, бир неча баробар қиммат сотилганини биламиз. Бу рўйхатга Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров романларини ҳам киритиш мумкин.Чунки бу китоблар том маънода зўр эди. Ҳозир бадиий асарга бўлган талаб нисбатан чандон устун. Чунки бу – рақобатлар замони. Ҳар қандай китобхоннинг ўқишига монелик қиладиган ва мен юқорида тилга олган икки буюм пайдо бўлди. Бунинг биринчиси ТВнинг пульти, иккинчиси компьютернинг “сичқончаси”дир. Эндиликда сиз диванда ястаниб ўтирган ҳолда юзлаб!!! ҳа, юзлаб каналларни томоша қилиш имконига эгасиз. Баҳри уммондаги акулалар ҳаётими, оғир вазнли боксчилар курашими, оташин муҳаббатми, дунё воқеаларими, футболми… Компьютер эса ундан ҳам мароқлироқ. Шайтонга эрк бериб, “танишув” деган сайтга кириб қолсангиз, не-не нозанинлар сизга кўз сузиб, иштибоҳ билан пичирлайверади ва алламаҳалгача улар қуршовида қолиб кетасиз. Бу муъжизавий экрандан истаган хонандани тинглашингиз, ҳоҳлаган кино ёки спектаклни кўришингиз мумкин. Бунинг устига хусусий сайт ёки блогингиз бўлса, шавқовар юмушларингиз тағин ҳам ошиб кетади.
Назаримда биз ёзаётган бадиий асарларда умумий қусурлар анчагина. Шўролар даврига нисбатан зўрма-зўраки ва ясама нафратангезлик, сўз қашшоқлиги, гуманистик ғоялардан чекиниш, воқеанавислик, адабиётнинг фош қилиш қудратини ишга солмаслик, ўзбек тилини яхши билмаслик, миллий ғурур билан миллий маҳдудликни, дин билан хурофотни фарқламаслик… Булар бари мен айтган қусурларнинг бир қисми, холос. Вақт пулга айланган замонда ўзини билган киши бундай китобларни ўқимайди ва тўғри қилади. Бугун адабиётга хизматкорлар (менга ўхшаш) эмас, ҳақиқий хўжайинлар керак!
Ижод аҳли бошқалардан кам ўқиябди, десам ажабланманг. Кузатишимча, китобхонлар рўйхатида ёзувчи ва шоир қоровул, сотувчи, асаларичи, бемор, сайёҳдан ҳам кейинда турар экан. Аммо масаланинг тағин бир томони бор: ёзувчи қоровул ва сотувчи ўқийдиган матоларга вақт сарфлаши шарт эмас. Аммо у жаҳон адабиётидан бехабар қолса, Интернетга кириб турмаса, ойлаб бирор нимарса қораламаса ва энг муҳими курашмаса омад ҳам унинг манзилини ёддан чиқариб юборади.
Бугун ижодкор фақат ёзишнимас, ўчиришни, дилга ўтиришмаган саҳифалардан воз кечишни ҳам билиши шарт!
Бу борада бошимдан ўтган бир жараён ҳақида гапирмоқчиман. Бундан ўн йиллар муқаддам жадидлар, аниқроғи Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти фикру зикримни чулғаб олди. Беихтиёр у кишининг асарларини ўқишга киришдим. Шу билан бирга жадидлар сардорининг шаҳримизда яшайдиган авлодлари, жадидшунослар билан яқинлашдим. Ва Беҳбудий тўғрисида роман қоралашга киришдим. Менинг энг катта хатом эса бу ҳақда мақтаниб қўйганим бўлганлигини кейин фаҳмладим.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаб юрган пайтларимда устоз Асқад Мухторга радио мухбири шундай савол берганига гувоҳ бўлганман. “Янги роман ёзаётган экансиз деб эшитдим.” “ Роман ёзаябман, дейишга журъат этолмайман” деб жавоб берганди у киши. Бу жавоб менга сабоқ бўлмаганидан ҳамон надомат чекаман. Асарни қарийб тугатиш арафасида бир ҳақиқатни англаб қолдим яъни китобхон менинг романимни ўқигандан кўра Беҳбудий ҳазратларининг Самарқанддан Маккаи Мадинагача бўлган саёҳат хотираларини ўқиса, кўпроқ маълумот ва маънавий озиқ олишига ишондим. Ва ёзганларимдан воз кечдим. Бугун тарихий шахслар ҳақида ёзилган талай асарлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин, деб ҳисоблайман.
Аммо драматургия ва публицистикамиз асосчиси руҳи олдида қарздор бўлиб қолиш ҳам гуноҳ эди. Самарқандда у кишига ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан чиққанман. Бунга туртки бўлган ҳолга эътиборингизни қаратмоқчиман. 2000 йилда ҳазрат таваллудининг 125 йиллигини нишонлаш пайтида даста-даста гуллар кўтариб келишди. Аммо уларни қўядиган қабр ҳам ҳайкал ҳам йўқ эди. Жадидлар сардорининг қавмлари сингари ўзимнинг ҳам хўрлигим келди. Ўшанда мен ҳайкал тиклашга рухсат олиш учун аризам ва бошқа ҳужжатларни аввал шаҳар, кейин вилоят ва пиравордида республикада кўриб тасдиқланиши кераклигини билмасдим. Шунинг учун ҳам нақ бир йил югурганим, не-не жипириқ амалдорларга ялинганимни эсласам ҳамон ўксиб кетаман. Ниҳоят ҳайкални шаҳар марказида эмас, Вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳовлисида тиклашга рухсат берилди. Бу гал амалдорлар ёки ишбилармонларга маблағ сўраб бормадим. Харажатларни ўғилларим кўтаришди. Институт ректори А. Аминов чинакамига қўллаб-қувватлади ва ҳайкалтарош Эргашхон Қаҳҳоров устознинг сўнгги фотосуратига қараб ҳайкални тайёрлади. 2006 йилнинг баҳорида уни очиш маросими бўлиб ўтди. Шундай кўп гуллар кўтариб келишдики… Ҳайкал пойида айнан гул қўйиш учун супача ясатгандим. Гуллар у ерга сиғмай кетди ва худди шу лаҳзада ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим.
Бу воқеага уч йил бўлди, аммо хотиним бот-бот ўша ожизлигимни эслаб, ҳазил мутойиба қилади. Ҳар йил Беҳбудий туғилган куни ( 19 январ) бу ерга ижодкорлар тўпланадилар, ҳайкал пойига гуллар қўямиз, дуои фотиҳа қиламиз ва янги адабиётимизга асос солган буюк зотни хотирлаганимиздан енгил тортамиз.
Муҳтарам ўқувчи! Худо ҳақи, бу гапларни мақтаниш учун айтаётганим йўқ. Марказдан анчайин узоқда яшасам ҳамки, адабиётга бевосита ёки билвосита хизмат қилаётганимдан фахрлангим келди холос.
Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишда вилоятда яшайдиган ижодкорларга эътибор камлиги айтилди. Уларнинг республика телевидениси, нашриётлари ва газета журналларида, адабий анжуманларда қатнашиш имконияти чекланганлиги ва энг муҳими, марказдаги дўстларнинг уларга нисбатан нописанд қарашлари танқид қилинди. Аслида, марказда яшайдиган истеъдодларнинг аксари вилоятлардан, аниқроғи узоқ қишлоқлардан келган кишилар. Бу ўринда фарангларнинг: шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўлади, деган мақоли ёдга тушади. Ўзим вилоятда яшайман ва марказдан меҳмон бўлиб келадиган шоир, ёзувчиларни кузатаман. Улар энг аввало ҳоким ёки бошқа бирор амалдорга учрашиш, унинг эътиборини қозониш ташвишида бўлишади. Бу ердаги ҳамкасблар эса ёдларидан чиқиб кетади. Шахсан мен ҳақиқий ижодкор билан амалдорнинг суҳбати самимий бўлишига ишонмайман. Бундай давраларда халқнинг кайфияти жуда яхшилиги, мазкур ҳудудда ободончилик ишлари авж олганлиги ва шунга ўхшаш ҳамду санолар такрорланиб туриши шарт. Хуллас, ҳар иккала томон ҳам рол ижро этишга мажбур. Ҳақиқий ижодкор кўпроқ одамларнинг ғам-ташвишлари, изтироблари, қолаверса мазкур вилоятдаги ижодкорлар, уларнинг янги асарлари билан қизиқиши жоиз, деб биламан.. Бу ҳолатни кузатиб, бухоролик истеъдодли шоир Самандар Воҳидовнинг “ Самолётда зилган шеър”и ёдга тушади.
Бу дунё ажиб яралганда…
Юқоридан туриб қаралганда:
Тоғ – култепа,
Дарё – энсиз камар,
Саҳро – тарам-тарам кафт,
Одамлар ғивир-ғивир чумоли –
Ёлғиз тирикчилик хаёли…
Юқоридан туриб боқсанг оламга -
Шундай туюларкан одамга..
Бу дунёга бермоқ-чун баҳо
Юқоридан кўз солма,
Бўлсанг ҳам даҳо!
Ҳарҳолда бир ҳақиқатни ёддан чиқармаслик керак. Бир донишманд айтганидек, ижод аҳли нопок амалдорларни тиғ остига олмас экан, улар ижодкорларни оёқ остига олиши турган гап.
Айрим қишлоқларимизга Оролнинг қисмати тушишидан хавотир тортади киши. Ёшлар Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетмоқдалар. Қишлоқларга бериладиган электр энергия, табиий газ миқдори йил сайин камайиб бораябди. Ичимлик суви, йўл муаммолари ҳал этилмаябди. Тупроқларимизнинг шўрланиш даражаси ошмоқда, ҳаво ва сув ифлосланмоқда. Коррупция ва порахўрлик камаймаябди. Наҳотки бу муаммолар ўз юртини яхши кўрадиган ижодкорни ташвиш-таҳликага солмаса.
Шукурки Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган йиғилишда “ ундай ёзиш керак, бундай ёзиш керак ёки у ҳақда қалам тебратиб, бу ҳақда индамаслик лозим,” маъносидаги номаъқул гаплар бўлмади. Шўролар даврида Уюшмада бўладиган йиғилишларда социалистик реализмдан чекинмаслик, коммунист образини яратиш зарурати қайта-қайта такрорланарди.
Аммо мазкур анжуманда дилимга ўтиришмагн ҳолатлар ҳақида ҳам гапирмасам бўлмас. Йиғилишда иштирок этганларнинг ўртача ёши 60 дан кам эмас эди. Ёшлар кўринмади, уларнинг овози ҳам эшитилмади. Ёш авлод номидан сўзга чиққан Иқбол Мирзонинг гапида олов ҳам, тутун ҳам танқис эди. Тағин: мен бу йиғилишда адабиётимиз дарғалари Одил Ёқубов,Тоҳир Малик, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст каби яловбардор ёзувчиларни, Омон Матчон, Жамол Камол, Ҳалима Худойбердиева, Гулчеҳра Нуриллаева, Фарида Афрўзга ўхшаш оташнафас шоир-у шоираларни, Шароф Бошбеков сингари драматургларни, Қозоқбой Йўлдошев каби танқидчиларни, вилоятларда яшайдигапн талай истеъдодли ижодкорларни кўрмади ва бунинг сири қишлоқда яшайдиган мендек ижодкор учун қоронғу бўлиб қолмоқда.
Йиғилишда танқидчилар фаоллик кўрсатиб, кўпроқ гапирдилар. Ёзувчи пойгакда қолиб, танқидчи тўрга чиққан жойларда мантиқ ва мувозанат бузилмасмикин, деб ўйладим ўшанда.
Хуллас, умр ўтаябди. Соат миллари бизнинг фойдамизга айланаябдими, йўқми? Бу борада худбин бўлиш керак! Қирқ ёшида қариб қолган авлодга ўхшасак, бизни кечиришмайди. Қаламимиз учида турган энг инжу фикрларни қоғозга туширишга шошилайлик!
Комментариев нет:
Отправить комментарий