Мен 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилганман. Бошланғич маълумотни эса Ургутнинг Қўзичи қишлоғидаги мактабда олганман.
Бу жуғрофий номувофиқликка изоҳ берадиган бўлсак, жилла бўлсада, ўша йиллардаги ҳолатни кўз олдимизга келтиришга тўғри келади. Дадам ҳайдовчи эдилар ва у пайтларда шоферлар жуда озчилик бўлишгани сабаб уларни қадрлашарди. Ҳукумат фронтдан бўшаган юк автомашиналарини илғор колхозларга тақсимлаётган пайт эди. Ургутдаги машъал “Қизил шарқ” колхозига теккан “политурка”ни бошқаришни дадамдан сўрашганди.
Биринчи синф пайтимда мактаб директорининг йиғилишда газета ўқиб бергани ёдимда михланиб қолган. “Улуғ доҳиймиз Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз ғамхўрлиги билан “Қизил шарқ” колхозига ҳам машина берилди. Районимизда машиналар сони учтага етди. Шофер Жумаев Раҳматдан ҳамма мамнун.
Муаллимлар орасида фронтдан ярадор бўлиб келганлар ҳам анчагина эди. Орадан йиллар ўтиб, уларга бағишланган туркум шеърлар битганман.
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин-
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
“Мен садақайрағоч эдим бир замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун, одамни-одам!?”
Йиллар ўтиб, ўша пайтдаги маориф ишларини андак сифатласам, каминани шўропарастликка айбламассиз, деб ўйлайман.
Муаллимлар жон-жаҳдлари билан бизга билим бериш пайида бўлишарди. Россиянинг турли шаҳарларида ўқишни битириб келган сулув ва шоҳиста кийинган рус, татар қизлари билим билан бирга жадид маънавият ҳам келтиришганди. Аксариятнинг руҳиятида ғалабадан кейинги сурур, келажакка ишонч, ғояларга садоқат мана-ман деб турарди.
Шу орада ҳукуматнинг қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш ҳақида қарори чиқди ва талай тоғли қишлоқлар сингари қўзичиликларни ҳам янги ерларга кўчирадиган бўлишди. Биз янги ерларга кўчмадик – қўшни хўжаликка машина тегиб қолган экан – дадам ўша ерга ишга ўтдилар.
Эллигинчи йилларнинг бошида бутун қишлоқда биз билан раиснинг уйида “Родина-49” деган радиоприёмник бор эди. Учта оғир батареяси бўларди. Одамлар радио эшитгани келишарди. 1953 йилнинг баҳорига келиб, ундаги дилкаш қўшиқлар ўрнини биз учун бегона ва мунгли мусиқалар эгалади. Диктор эса бот-бот ғамзада овозда ўртоқ Сталиннинг касаллигини такрорлайдиган бўлди. Шунда мактаб ўқитувчилари навбат билан келиб, тинглайдиган бўлишди. Мен бу кунни, яъни 1953 йилнинг 5 март кунини яхши эслаб қолганман. Ўша куни Россиядан келган ёшгина муаллима навбатда турганди. У ҳунграб йиғлаб юборди. Бошқалар ҳам дийдаларини тийишолмади. Сталин ўлган эди!
Қишлоқда Емирамид бобо деган солиҳ татар чол бор эди. 1945 йили Қримдан зўрлаб кўчирилган ва уч қизи билан бу ердаги ташландик кулбада яшарди. Жумладан, шу одамнинг кўзларида ҳам ёш кўриб, жуда ёмон веқеа бўлганлигини ҳис этгандим.
Йиллар ўтиб ўйлаб қоламан: оилам билан ногаҳонда етти ёт бегона юртга мажбуран кўчириб юборган золим шоҳни кечирармидим, у ўлганда хафа бўлармидим?
Буларни ўйлашнинг ўзи ҳам ваҳимали. Эҳтимол, ҳарқандай тарихий жараённи ўша давр нигоҳи билан баҳолаш керакдир.
Саккизинчи синфда ўқиб юрганимда газетада “загс ёши” деган тўрт қатор шеърим босилди.
Дилим безовтадир ҳар қарошига,
Тасаддуқ бўлгум бор қалам қошига.
Дўстларим нетайин, уйланай десам,
Сал етмай турибман загс ёшига.
Ва унинг учун уч сўм қалам пули ҳам олганман. Бу пул билан эса бир неча кун яшаш мумкин эди.
Мен филология факултетига киролмадим. Бир қишлоқдошим агрофакда ўқирди. “ Филфакни битирсанг, муаллим бўласан, селхозни битирганларнинг бари раис” деди ва мисоллар келтирди.
Мен шоир бўлишдан ноилож умидимни узиб, агрофакка ҳужжат топширдим.
Агрофакнинг ўзбек гуруҳига тарих ва фалсафадан ташқари ҳамма фанлар рус тилида ўтиларди. Айнан рус тилидан нўноқликда айбланиб, ҳар йили ўнлаб болалар ўқишдан ҳайдаларди. Биринчи курс пайтимда, кутилмаганда мен ҳам ана шу машъум руйхатга тушиб қолганман. Новча бир армани жисмоний тарбиядан дарс берарди. У имтиҳон пайтида ўн километрга югуришни талаб қилиб қолди. Айтилган муддатда етиб келиш учун ботинкамни ҳам ечиб қўйдим. Аммо йўлнинг ярмига ҳам бормай оёғимнинг ости қавариб чиқди ва мен югуролмай қолдим. Қарасам ҳамкурсларимнинг қарийб ярми имтиҳондан ўтишолмаган экан.
У пайтларда домлалар пора олишмасди. Аммо бу найнов болаларни ўзи, таниш-билишларининг ҳовли-жойига элтиб ишлатишни хуш кўраркан. Юқори курсдагилардан шундай маълумотни олгач, беш ҳамкурс унга юзма-юз бўлиб, ҳар қанақа юмуш бўлса бажаришга тайёрлигимизни маълум қилдик.
Бир ҳафтадан кейин у бизни бир миллатдошининг ҳовлисига олиб борди. Улар уйда буханка пиширишаркан. Биз бир неча йиллик кўмир аралашмаларини сим каравот тўридан ўтказишимиз керак экан. Кечгача меҳнат қилдик. Иссиқ ноннинг ҳиди димоғимизни беаёв қитиқлашига қарамай, бераҳм новвой бир бурда нон бермаганини ўйласам, ҳамон хўрлигим келади.
Кишининг ўз юртида ватансиз бўлгани, камситилгани шу эмасми ахир?!
Эртаси муаллим баримизга “беш” қўйди. “Югуриш буйича жаҳон рекордини ёздим” деб кўнглимизни кўтарган бўлди.
Бу гапни ёдимиздан чиқариб юборган эдик. Баҳорда, ногаҳонда бешаламизни ректоратга таклиф қилиб қолишди. Институт раҳбари биз билан кутилмаган даражада илиқ ва ашрафона муомалада бўлди. “ Институтнинг обрўйини кўтарадиган, аслида спортчи, деди, сизлардан эса умидимиз катта. Эртага узоққа югуриш бўйича мусобақага борасизлар. Бошқа вилоятлардан ҳам чемпионлар келишган. Нима бўлса ҳам биринчиликни олишимиз керак.”
Биз кўмир элаб баҳо олганимизни айтишдан чўчидик ва мусобақада қатнашиб, табиийки, ҳаммадан кейинги ўринни эгалладик. Деканат масаланинг тубига етди ва баримизни ўқишдан четлаштириш ҳақида фармойиш чиқарди.
Вилоят газетасига институтдаги янгиликлар ҳақида ёзиб турардим. Шу орада ректор кимлигим билан қизиқиб қолган шекилли, бор ҳақиқатни эшитгандан кейин: “ Бу ҳалиги мухбирми?” деб сўрабди. Тасдиқдан кейин бизнинг ўрнимизга муаллимни четлатиб юборишди.
Бешинчи курсда ҳам ҳайдалишимга бир баҳя қолганди. Бу гал адабиётга дўстлигим жонимга оро кирди.
Биз учун энг ваҳималиси – давлат имтиҳони эди. Имтиҳон раиси, одатда Россиядан келарди. Фанни билишдан ташқари рус тилида бурро гапирмаганларни тутдай тўкишарди, бераҳмлар. Шунда бир аспирант далдакор маслаҳат бериб қолди. “ Агар диплом иши ёзсангиз, давлат имтиҳонига киришингиз шарт бўлмай қолади.” Тушунтиришига қараганда, у гипсли майдонларда ток етиштириш бўйича илмий иш қилаётган экан. Агар ишига кўмаклашсам, унинг илмий ишини қисқартирилган шаклда ёзиб олишим ва ёқлашим мумкин экан. Таклифнинг тагида шахсий манфаат ётгани сезиб, декан ўринбосаридан рухсат сўрашни лозим деб топдим. Бу одам рус яҳудийси эди ва ўзбек, тожикларга нисбатан нафратини яширолмасди. Рус тилида яхши гапирмасангиз, рўйи-рост: “Ни навижу этих узбеков”, деярди. Йиллар ўтиб ўйлайман: нечун бу ҳақорат миллий ғуруримизга тегмасди. Чунки биз мустақил эмасдик.
Майли мавзудан чекинмайлик. Хуллас, бу одамнинг ҳузурига киришдан олдин рус тилида гапиришни роса машқ қилдим ва фикримни қийналмай баён этдим. У рухсат берган бўлди ва қўшиб қўйди: “У ҳўкизга мардикор керак бўлиб қолибди-да...”.
Худонинг қаҳрига учраган бунақа заминни олдин кўрмагандим, кейин ҳам учратмадим. Тупроқни бирор қарич кавласангиз, кетмон тақирлаб, бетонга ўхшаш оппоқ гипс қатламига урилади. Мисрон билан уни тешиб, ток кўчати ўтқазардик. Аспирантнинг ўзи ҳам, қавмлари ҳам тиним билишмасди. Фан йўли бағоят машаққатли эканлигини теран ҳис қилгандим ўшанда.
Иккинчи куни бир жиккак чол пайдо бўлиб, бизга жонсўзлик ила маслаҳат бергани ёдимдан чиқмайди.
- Берга так бўмайди. Маккайими, буғдайма экса бўлади.
Жавобан аспирант унга алланималарни роса тушунтирди.
Диссертация ёқланаётганда ўзим ҳам иштирок этдим. У гипсли ерларда ток ўтқазиш тажрибаси, унинг иқтисодий самаралари, агротехникаси ҳақида обдон гапиргач, марказдан келган профессор савол берди.
- Вилоятда шунақа ерлар неча гектар?
- Эллик гектардан кам эмас, жавоб берди аспирант.
Орага мавҳум, вазмин, шубҳали жимлик чукди. Сўнг меҳмон давом этди.
- Мен ўлкаларингни роса томоша қилдим ва афсуски, тоғ ёнбағирларининг яланғочлигидан надомат чекдим, ачиндим. Бу ерларга ток ўтқазиш буйича илмий ишлар қилинган, тажрибалар ўтказиб, исботланган экан. Айрим юртларнинг тупроғи экинга умуман ярамайди: тошлоқ, тўласинча гипсли, шўр, ботқоқ... Сизларники олтинга тенг. Лекин шундай унумли тупроқни қўйиб, ўша Худо урган гипсли ерга кўчат қадаганингизнинг боисини тушунолмайман! Уч йилдан берия! Жуда зарур бўлганда маккажўхорими, буғдойми, тариқми экса бўлар, аммо ҳар қанча уринманг, у ердан узум олишингизга ишонмайман. Трактор ағдаролмайдиган, жўяк олинмайдиган, ўғит солинмайдиган расво ер! Ачинаман сизга. Аслида буни илгарироқ илмий раҳбарингиз, шу мавзуни тасдиқлаган илмий кенгашдаги лакаловлар ўйлаб кўриши керак эди. Орага тағин одамни эзадиган жимлик чўкди. Сўнг меҳмон куйинганича тутақиб кетди:
- Падарига лаънат, падарига лаънат, барининг!
Диссертация қайтарилди ва табиийки, менинг ёзилажак диплом ишим ҳам чипакка чиқди. Бунинг устига давлат имтиҳонига ҳам тайёр эмасдим. Аспирантнинг акаси кимлардандир қарз кўтариб, институт ошхонасида зиёфат ташкил қилганди. Бу нохушликдан кейин бирор киши у ерга кирмади. Буларнинг барига ўзим айбдордай, бир неча ойгача аспирант билан акасидан ўзимни чеккага олиб юрдим.
Давлат имтиҳонига Москвадан келган профессор раислик қиларди. Ҳар эҳтимолга қарши, хавотирона ичкари кириб, бир чекадан жой олдим. Ветеринария факултетидан Сергей деган битирувчи биринчи бўлиб чиқди. Аслида у бошданоқ аъло баҳо билан ўқиб келаётгани, ташкилотчи, одобли бўлганлиги учун ҳаммадан олдин чиқаришганди. Сергей саволларга тин олмай, бурролик билан жавоб қайтарарди. Ниҳоят раис уни мамнун кайфиятда тўхтатди.
- Довольно! Ну молодец! Отлично знаете и экономику, и скотоводство, и механизацию… Короче, как я вижу, все предметы вам по зубам... Но мне интересно узнать: как вы разбираетесь в литературе и искусстве. Вы же, будущий руководитель. Скажите, пожалуйста, кто такой Вальтер Скотт?
Сергей бир зум ўйлаб турди-ю, жавоб берди:
- Мы такого скота не изучали,- деди.
Ўзимни тўхтатолмай, баралла кулиб юбордим. Ҳамма ажабланиб менга юзланди.
Кўпчилик орасида қаттиқ кулиш одобдан эмаслигини биламан. Аммо гоҳида... Ва бунинг учун озмунча дашномлар эшитмаганман.
Декан ўринбосари ўрнидан туриб дағ-даға килакетди.
- Сан нимага кирдинг? Чиқиб кет бу ердан!
Мен Худога ботиний тавалло қилдим: шу яҳудийнинг кўнглига шафқат солишини сўрадим. Ахир беш йиллим умрим, изланиш-у изтиробларимнинг хоку туроб бўлиш хавфи пайдо бўлганди. У бағритош, золим ҳамон тик турганича жўнаб қолишимни кутарди. Жуда кўнмасам, лаганбардор студентларга имлаб юборадиган важоҳатда эди. Ўпкам тўлиб, эшикка яқинлашганда, москвалик профессорнинг овози янграб қолди.
- Бир дақиқа,- деди русчалаб.
Мен шубҳалар оғушида ортга ўгирилдим.
- Сиз нега бунча қаттиқ кулдингиз,- сўради жилла қизиқувчан, эмин оҳангда.
- Вальтер Скотт буюк инглиз ёзувчиси, деёлдим овозим қалтираб.
Орага вазмин сукунат чўкди. Раис фамилиямни сўради ва журнални варақлаб, баҳоларим билан қизиқди. Алланималарни қайд этгач, менга хай рихоҳ юзланди.
- Майли чиқиб кетаверинг, мен сизга “беш” қўйдим.
Совхозда олти ойлар чамаси агроном-энтомолог бўлиб ишладим. Ҳукумат тепасига Брежнев келган пайтлар эди. У катта пленум ўтказди ва қишлоқ хўжалик нашрларида бу соҳани биладиган бирорта мутахассис йўқлигини танқид қилди. Саркотибнинг бу надомати менинг тақдиримда бурилиш ясашини ўйламаган эдим. Ҳафта ўтмай каминани вилоят “Ленин йўли” газетасига ишга таклиф этишди.
Бу газетада етти йил ишладим. Сўнг тағин етти йил “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири бўлдим. Кейин Тошкентга кўчиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “ Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш кўмитасида хизмат қилдим.
Таржимаи ҳолимнинг ана шу салмоқли йиллари ҳақида тўхталишимнинг ҳожати йўқ. 1987 йили нашр этилган “Мен редакцияданман” китобимда бу хусусда батафсил ёзганман.
Оилам, беш фарзандим, набираларим бор.
“Буни ҳаёт дебдилар” романимда ҳаётим, шу жумладан оилам ҳақида маълумотлар сероб.
Энди ижодим тўғрисида. “Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчам 1975 йили нашр этилди. Кейин “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “ Селекция муъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалар чиқардим.
Аммо каминани андак танитган “Мен редакцияданман”деган китоб бўлди. У катта тиражда босилди ва қалам пулига янги “Жигули” автомашинаси харид қилганим билан ҳозиргача мақтаниб юраман. Шунингдек Абу Али ибн Синонинг “Пирўзинома” деб номланган кичик аммо ғани бир асарини форс-тожик тилидан таржима қилгандим. Унинг таъсирида ёзилган “Фарзандга ўгитлар” китобчам саккиз бор нашр этилди.
"Шу тийран кўзлар" деган шеърим оммавийлашиб кетган.
Мазкур шеърга боғлиқ бир воқеа.1982 йили Тошкентга кўчиб борган кунларимиз эди. Пастда тўй бўлаётганди. Танишишмагани сабаб бўлса керак, бизни хабар қилишмади. Тўртинчи қаватдан базмни томоша қилиб ўтирганимизда, даврани олиб борувчи йигит шу шеърни жуда таъсирли қилиб ўқиди.Хотиним ўғлимдан хат юбориб, муаллиф тўртинчи қаватда эканлигини маълум қилибди. Тўй эгалари ҳижолат бўлиб, бизни тўйга олиб тушишди.
Мустақиллик эълон қилингандан кейин романим, “Тақдимот” шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўпламим, шунингдек, “Мен мухбирман”, “Я из редакции”, “Энг ашаддий каллакесар“, ”Асқад Мухтор дедилар” сингари китобларим; газета, журнал ва Интернет сайтларида юздан ортиқ мақолаларим чиқди.
2006 йили Самарқандда буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан чиққанимни айтсам, мени мақтанчоқликка чиқармассиз, деб ўйлайман.
Шунингдек, ўша йили Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаб, матбуот ва Интернетда эълон қилганман.
Жаҳон халқларининг ёғоч қошиқларини коллекция қилишни хуш кўраман.
Ўзимнинг шахсий сайт-блогимга (nusratrahmat.blogspot.com) эгаман. Янги мақола ёки бошқа асарни ёзишим биланоқ сайтда эълон қиламан. 2010 йилнинг саккиз ойи давомида унга 18 мамлакатдан мингга яқин ўқувчи кирди. Ўқувчилар сони жиҳатидн АҚШ Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринда туради.
Материаллар асосан, ўзбек ва рус тилларида эълон қилинади. АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон сингари мамлакатларнинг расмий сайтлари ундан бир неча материалларни кўчириб босишди.
2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини беришди.
Ҳозир Самарқанд туманидаги Кўтарма қишлоғида яшайман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий