пятница, 13 декабря 2013 г.

МЕН КАШФ ЭТГАН ҲИНДИСТОН 7



Берунийнинг минг йил аввал бу ерларни пиёда кезиб, китоб ёзиб қолдирганининг аҳамиятини англаш учун инсон бағоят солиҳ ва равшанфикр бўлмоғи керак. Бизнинг ашраф боболаримиз сайру саёҳат қилиш ва кўрганлирини қоғозга тушириш зарурлигини биздан кўра чуқурроқ ҳис этишган. Шайхур раис (Ибн Сино) ёзадилар: “Менинг номим, тирикдир, бедорнинг ўғлиман. Жаҳондаги ҳамма ҳолатларни билиш учун саёҳат қилмоғим, олам бўйлаб юрмоғим керак”.
Зеро, юрган − дарё, ўтирган − бўйро.
Агар сиз саёҳатда бўлсангиз-у, таассуротларингизни гапириб бермасангиз, демак, беҳуда юргансиз!
Агар сиз қалам соҳиби бўлсангиз-у, кўрганларингизни қоғозга туширмасангиз, касбу-корингизга хиёнат қилибсиз!
Мен Пекин кўчалари, Тожикистон тоғларида; Қизилқум саҳроси, Бухоро жин кўчаларида; Қора денгиз пляжлари, Украина заповедникларида; Гуржистон чой плантатсиялари, Булғория чорвачилик фермаларида бўлдим.
Қўлда қалам ва блокнот билан, албатта!
Гоҳида, ёлғиз қолганимда, оёқларимни меҳрибонона силаб, уларга сўз қотаман:
”Қарийб етмиш килолик юкни етмиш йилдан бери кўтариб юрганларинг учун, сизларга раҳмат! Буёғи кўп қолмади, чамамда. Худо сизларни менга кўп кўрмаса бўлгани...”
Берунийнинг пойафзалини тозалаб қўйишни ўзимга шараф деб билишимнинг боиси энди сизга аён бўлгандир!
Бу дунёнинг остига ё кезма етади ё эзма. Мен умр бўйи ҳам кезма, ҳам эзма бўлдим, аммо дунё жумбоқларининг охири кўринмайди.
Сиз “Қишлоқ ҳақиқати”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Зарафшон”, газеталари; “Гулистон”, “Саодат” журналларининг 1970 − 1980 йиллардаги тахламларини варақлаб кўринг-а. Эҳ-ҳе, нималар ҳақида қалам тебратмадим мен...
Шунинг учун ҳам ўзимни ёзувчидан кўра кўпроқ журналист, мухбир деб ҳисоблайман. Ҳозир ҳам бирор шаҳар, қишлоққа борсам, Американи очган Колумбдай қувонаман. Бу янги масканни батамом кашф этиш учун ўзимга суҳбатдош излайман ва албатта, топаман.
Гоада менинг суҳбатдошларимдан бири – ўша дастлабки кун пойафзалим боғичини меҳрибонлик билан ўтказиб, ботинкамни нам латта билан артиб берган Мали бўлишини билмаган эдим.
Кўчанинг нари бетидан ўтиб кетаётганимда, чорлаб қолди у. “Жаноб! Жаноб! Кираман дегандингиз...” Мен иккиланиб, дўконга кирдим. “Кирмадингиз-а, у чин юракдан гилалаётганини сезиб сўрадим. “Нима гапинг бор эди?” “Хотинингизга сирға олиб қўйганман. Арзон... Бурунга тақадиган...” “Хотиним бурнига сирға тақмайди. Биз, мусулмонмиз”. “Мен ҳам мусулмонман, тақаман-ку!” “Ундан бўлса, нега номинг Мали?” “Аслида Малоҳат, аммо Мали дейишади. Майли, мен сизнинг хотинингизга бошқа зарур нарса топиб берман. Мана жуда ажойиб. Ҳижоб учун”. “Менинг хотиним ҳижоб ҳам олмайди, лекин майли харид қилганим бўлсин”.
У қувониб кетади, тағин ҳасрат қилишга тушади.
“Жаноб, биз бу ерда атиги уч ойгина савдо қиламиз. Кейин ёмғирлар бошланади, турист келмай қўяди. Тағин иш излашга тўғри келади”.
“Сен, Мали, хотиржам бўл. Мен жўнаш олдидан қизларим, келинларим, набираларим учун кўплаб ҳиндча сари кўйлак сотиб оламан. Ўша, ҳинд фильмларида Нартсис кийиб чиққанларидан топиб берасан...” Унинг қувонганини кўриб, мақсадга ўтаман. “Сен ҳозирча менга ҳиндлар, тирикчилик, урф-одатлар, оиланг тўғрисида гапир” “Жаноб, нимасини гапирай? Барини кўриб турибсиз. Ёппасига қашшоқлик, ночорлик... Бизнинг халқимиз, инглизлардан қутулиб, мустақил бўлсак, бойиб кетамиз, деб орзу қилишган. Лекин, кўриб турибсиз − ҳеч нимарса ўзгармади. Худонинг қаҳрига учраган ҳалқмиз. Мана сиз Россиядан келиб, (унинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури ҳаминқадар эди) Тож Маҳални зиёрат қилдингиз. Мен неча йилдан бери орзу қилиб, боролмайман у ерга. Рўзғордан орттиролмайман”.
Мали шундай деди-ю, кўзига ёш олди. Эрига алланималар деди ва сўзида давом этди.
“Ўзим коллежни битириб, болаларга дарс берганман. Аммо у хусусий мактаб эди, ёпилди ва мен кўчада қолдим.. Қизим математикани яхши кўради. Коллежга кирди. Атиги бир йил ўқиди. Тасаввур қиласизми: 2500 долларга тушади, бир йиллик ўқув. Чиқариб олдик. Сизларда коллежда ўқиш бепул дейишадику”, савол назари билан қарайди.
“ Ҳа, шундай”, унинг фикрини маъқуллайман ва: бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, деган нақлни эслайман. Ҳинд учун ҳаёт ҳам, уммон ҳам ҳақиқий она бўлолмаганидан надомат чекаман.
Мен дўкондан чиқиш олдидан майда-чуйда харид қилган бўламан, қайтимини олмайман. “Жаноб, бирор ерга борадиган бўлсангиз, эрим мотореллор билан олиб боради, қизим кийимларингизни дазмоллаб беради”.
Хонага боргач, нималар сотиб олганимни ўғлимдан пинҳон тутаман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий