пятница, 13 декабря 2013 г.

МЕН КАШФ ЭТГАН ҲИНДИСТОН 3

    Гоа вилоятида бизга Қозондан келган Диана деган ёшгина татар қиз гид (тилмоч, йўл бошловчи) бўлди. Бу ердаги қорамағиз чеҳралар бадимизга урганлигидан бўлса керак, бу сулувни малика Диана деб атайдиган бўлдик. Диана инглиз, ҳинд, рус, ҳатто ўзбек тилида (татарча шевада, албатта) бағоят ифодали қилиб, такаллуф билан гапирар, унинг телефони бот-бот жиринглар ва барига назокат билан жавоб қайтарарди.
Дианадан ҳинд тўйларини кўрсатишни илтимос қилдик. “Ноу проблем”, деди у, ҳинд қизларига хос ишва-ю карашма билан.
Ҳинд океанининг қумоқ соҳилида жой тайёрланганди. Нарироқда эса келин-куёв учун алоҳида шоҳона жой тайёрланиб, у турфа гуллар билан безатилганди. Туташ ресторандан жой танлаб, егуликлар буюрдик. Бирин-кетин меҳмонлар келабошладилар. Мезбонлар бағоят назокат ва эҳтиром ила уларнинг пешонасига ҳинодан хол қўйишарди. Аёллар киядиган сариларнинг турфа бўёқлари қўзингни оларди. Катта ҳушчақчақликлар билан келин-куёв ўз ўринларини эгалладилар. Қавмлар кафтларини жуфтлаб, уларга таъзим бажо келтирдилар. Музика бошланди. Ҳинд халқининг жуда қадимий ва сеҳрли оҳанглари океаннинг бир маромдаги симфониясига жўр бўлабошлади.
Бизнинг авлод, айнан ҳинд фильмлари ва оҳанглари таъсирида вояга етди. Аёл киноюлдузлар орасидан Раж Капур билан рол ижро этган Нартсисга ўхшаганлар меҳри ҳамон юрагимиз тўрида. Тўйхонада ўшаларга ўхшаш куйдирмажон оқсуяклар анчагина эди ва улар дилингда ўзига хос сурур, меҳр ўйғотарди.
Саҳнага хонанда эркак билан соҳибжамол аёл кўтарилдилар. Улар жўровозликда, негадир анчайин ғамгин қўшиқ бошлашди. Дианага ўгирилдим. “Улар қанақа қўшиқ айтишаябди?” Бу жуда қадимий оҳанг, “денгизчилар қўшиғи”, дейишади. Сўзларини ағдарадиган бўлсак, “Сен она эмассан, жаллодсан ҳаёт, Сен она эмассан, жаллодсан уммон!” Ва ҳакозо”.
Гоага келган кунимоқ, Ҳинд уммони ва унга туташ денгизлар миллионлаб ҳиндистонликларни бағоят қаттиққўллик билан боқаётганлигига гувоҳ бўлгандим. Тонгда соҳил сайрига чиққанимда, туни билан балиқ тутган ҳиндулар қирғоққа қайтган бўлишарди. Улар белларигача сувга ботиб, балиқларни (денгиз маҳсулотлари, деса ўринли бўлар. Тўрга кўплаб қисқичбақа, тошбақа, чиғаноқ, криветка ва мен номини билмайдиган жониворлар тушган бўларди. Агар делфин илиниб қолган бўлса, зудлик билан сувга ташлашарди) қирғоққа чиқараётган, уларни саралаётган, узундан-узун тўрларнинг чигалини ёзаётган бўлишарди. Соҳил дарахт танасидан ўйиб ясалган, атиги бир киши сиғадиган қайиқларга тўлиб кетарди. Қайиқ ёнида бот-бот бир бош пайдо бўлар ва у зум ўтмай, тағин сувга шунғиб кетарди. Билсам, булар уммондан чиғаноқ тераётган ҳиндулар экан. Жониворнинг атиги ярим тишлам гўшти учун кўплаб овлашар, савдогарлар шу ернинг ўзида харид қилиб, ресторан, ошхоналарга сотишаркан.
Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, деган нақлни эшитган чиқарсиз. Бу – инкор этиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқат. Аммо, одамлаар ҳам нодон эмас. Улар вақтдан ҳам устунлик қиладиган боқийликлар яратишга қодир. Шулардан бири мусиқадир. “Денгизчилар қўшиғи” тўрт минг йилдан бери куйланаркан. Жафокаш ҳинду бор экан, бу оҳанглар боқий бўлиб қолажак! Қани, вақт қудратли бўлса, уни енгиб кўрсинчи...
Узр, тағин чалғиб кетдим. Тўй ҳақида ҳикоя қилаётгандим. Эндиликда мусиқа гаммаси тағин ҳам кучайган ва эркак хонанда ошиқона қўшиқ айтарди. “ Диана, азизим, у нималар ҳақида куйлаябди?” сўрайман бурро тилмочимдан. “Брахма, Вишна, Шива ва бошқа худоларга илтижо қиламан: улар мени шабадага айлантиришсин ва тонгда зулфларингни силаб, сени уйқудан уйғотай”, деябди”.
Никоҳ маросими тугади ва тўрт йигит тахти равонни кўтариб келиб, келин қаршисига қўйишди. У қимматбаҳо ёғочдан ясалган бўлиб, заррин рангда бўялган, табиий гуллар билан безатилганди. Эндиликда фақат аёл хонанда юракни эзадиган қўшиқ айтабошлади. Келинни эса тахти равонга таклиф этишди. У орқасига ўгирилиб, ота-онасига маҳзун назар ташлади, кўзлари намланди. Қўшиқ авжига чиқди.
Дианага юзландим. Қиз бу гал татарчалаб жавоб берди. “Кўзларимға яш кила, яш кила, яш кила...” Шундай деди-ю, ўзининг ҳам дийдаларидан ёш думалаб кетди. Биз алланечук бўлдик.
Тўйдан кейин Дианага миннатдорчилик билдириб, эртага океан сайрига олиб чиқишини сўрадик. Қиз аллакимларга телефон қилабошлади. Инглизчалаб роса илтимос қилган бўлди. “Бир таниш балиқчи билан гаплашдим, деди у. Қайиғи ҳам елканли, ҳам моторли; яхтага ўхшайди. У сизларни океан бағридаги оролга олиб боради. Балиқ овлайсизлар, чўмиласизлар, кечгача сайр этасизлар. Тушда яхши зиёфат қилади. Аммо, эртагамас, индин вақти бор экан. Киши бошига саксон доллардан сўраябди”.
Бу нархнинг анчайин қимматлигини сезишган бўлишса ҳамки, Диананинг гўзаллиги, хушсуханлиги ва биз учун жон куйдираётганини кўриб, индамай қўяқолишди. Кейин Диана Ҳиндистон ҳақида мароқли афсона ва ҳақиқатларни ҳикоя қилди. Менинг ҳам талай саволларимга хуштакаллуфлик ила жавоб қайтарди.
Хайрлашиш олдидан Диана, биз унга жуда ёқиб қолганимизни, ўзи ҳам бирга бориш истаги борлигини ўзига хос ҳаё билан изҳор этди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий