вторник, 10 декабря 2013 г.

МЕН КАШФ ЭТГАН ҲИНДИСТОН 2

Ҳиндистон мен учун Тошкент ҳалқаро аэропортидан бошланди. Самолётимизга, асосан Ўзбекистонда ишлайдиган ҳиндулар минишганди. Шунингдек, бир неча беморлар ва уларнинг кузатувчилари ҳамда савдогар аёллар ҳам ўрин олишди.
Тож Маҳал сайригача биз Деҳли, Агра шаҳарларини ҳам томоша қилган эдик. Лекин Тож Маҳални кўрмай кетиш Ҳиндистонни кўрмай орқага қайтиш билан баробар эканлигини билардик.
“Муғуллардан ( улар Бобурийларни шундай деб аташади) бизни боқадиган Тож Маҳал, инглизлардан тил қолди”, деди, тилмочимиз Феру (аслида Феруз) деган мусулмон ҳинду. Дарҳақиқат, Аграга, умуман Ҳиндистонга Тож Маҳални кўргани келадиганлар мамлакат иқтисодига озмунча фойда келтиришмайди. Инглиз тилининг эса аҳамиятини гапирмаса ҳам бўлади. Бу ерда Бобурийлар ҳақида ҳам, инглизлар тўғрисида ҳам илиқ гапларни гапиришга одатланишган экан. Бу ҳолни кўриб шерикларимиздан бири: “Руслар ҳам бизга университетлар, заводлар билан бирга буюк тилни мерос қилиб қолдиришди”, деди ва у ҳақ эди.
Буюк шоир надомат ила: “Бошимни олибон Бобур, оёқ етгунча кетгайман”, дейди ва шундай қилади ҳам. Кейин эса “Ҳинд сори юзландим, юзи қаролиғ бўлди”, деб ёзади. “Юзи қаролиғ” бўлганлигининг маъно, моҳиятини изладим ва алланималарни топгандек бўлдим.
Майли, бу хусусда йўл−йўлакай гаплашармиз...
Аграда бизнинг Самарқанддагидай тарихий обидалар кўп. Уларнинг аксариятини эса Бобурий шаҳзодалар барпо этишган. Жумладан, муҳташам Агра қасри қурилишини Акбаршоҳ бошлаган бўлса, Жаҳонгир ва Шоҳжаҳон давом эттиришган. Шахсан мен жаҳоннинг талай мамлакатларида бўлиб, бундай ҳашамдор обидани кўрмаганман. Бинодаги бетакрор ўймакорликлар ва ҳовли саҳнидаги анвойи гулларни кўриб, беихтиёр шоира Зебуннисони эсладим. У ана шу саройда яшаган, уй қамоғида ётган бобосига егуликлар ташиган бўлса ажаб эмас. Эҳтимол, бу ерга шоираларни тўплаб, мушоиралар ҳам уюштиргандир.
Интернетда Зебуннисони ҳинд шоираси деб ёзишибди. Тожик энциклопедиясида форс-тожик шоираси дейилган. Биз эса уни ўзимизники ҳисоблаймиз. Майли, талашишнинг ҳожати йўқ. У ҳамма халқларники бўлақолсин. Аммо аламлиси шуки, қабрини зиёрат қилмоқчи бўлгандим, таржимонимиз ҳам, қаср ходимлари ҳам Зебуннисо деган шоирани танишмаслигини айтишди.
Агра ва Деҳлида 63 йил яшаган шоира: “ Зебуннисо пир шуд, ба ў харидоре нашуд” деб ўкинади. Зеро, шоҳ қизига, оташнафас қалам соҳибасига ким ҳам харидор бўларди?! Аниқроғи, ким бунга журъат этарди. Унинг отаси Аврангзеб эса 200 йиллик империяни инглизларга ютқазиб қўйди. “Юзи қаролиғ”бўлганлиги шу эмасми ахир.
Зебунисо, эҳтимолки, Самарқанд қизларини таърифлаб, “Гажак зулфлар ҳам, сурма тортилган қора қошлар ҳам шу ерда”, эканлигини битгандир. Эҳтимол, олис ва бегона Ҳиндистондан кўра Самарқанд қизлари даврасида бўлишни орзу қилгандир шўрлик. Унинг шеърига куй басталаган Ҳожи Абдулазиз шунинг учун бу боқий ашулани "Самарқанд ушшоғи" деб атагандир.
Тенгини топсанг, текин бер, дейишади. Ўз қизларини муносиб куёвларга чиқарган оталар, дарҳақиқат бахтлидирлар.
Бунга эришолмаганларнинг дилини бир умрлик армон кемиражак.
Беҳбудий ҳазратларининг ягона қизлари Парвин опани кўрган эдим. Бу бағоят жиддий ва сипо аёл 82 ёшида вафот этди. Француз тили бўйича катта мутахассис эди. У кишининнг ҳам тенги топилмай, ёлғиз ўтди.
Узр, чалғиб кетаябман. Одатда, бундай пайтда “ўтлаб кетма” дейишади. Демак қўй, эчкига ўхшаб қолма, деб тўғри дашном беришади.
Аграга қайтамиз. Магарам, тарихий обидаларга бой бўлса-да, бу шаҳар дилимга ўтиришмади. Кўчаларда сигирлар, маймунлар, итлар, тиланчилар, бизнинг лўлиларга ўхшаб тақинчоқ сотадиганлар ҳаддан ташқари кўп эди. Тож Маҳалга олиб борадиган тор кўчанинг тротуари бўлмагани устига тор кўча мотореллор, арава тортадиган туялар, рикшаларга тўлиб кетган эди. Атрофга бадбўй ҳид тараларди. Бобур таърифлаган Жамна дарёсига туташ ариқлардан нохуш ҳид келарди. Одамлар асосан, мотоцикл, мотореллорда юришар, унга тўрт-бештагача бўлиб тиқилишиб олишарди. Айрим автобусларнинг эшиги йўқ эди; йўловчилар ҳаракатдаги машинага илашиб олишар ёки тушиб қолишарди.
Шаҳарда икки миллион киши яшашини айтишди. Бу Самарқанд ёки Бухорога нисбатан тўрт баравар кўп эди. Имкониятлар эса миллион киши учун ҳам етмасди. Қашшоқлар маҳалласида минглаб одамлар, шундайгина чодир тагида туғилиб, шу ерда умргурзонлик қилишларига гувоҳ бўлдик.

Комментариев нет:

Отправить комментарий