Шу араб балиқчининг хотини инглиз тилини билиб, менинг соқов бўлиб туришим аламли эди, албатта. Уни ўрганишга аҳд қилдим. Аммо менинг ёшимда зарурмикин шу азоб, деган мешчан ва даққоқ фалсафа халақит берганди. Бугун тағин шу аҳволга тушгандим.
Республикамизда биринчи синфдан бошлаб инглиз тили дарслари ўқитилаётганлиги қувончли ҳол. Буни ўн йил илгари бошлаш лозим экан, деб ўйлаб қоламан гоҳида. Набираларим бир-бирининг туғилган кунида шам ёқиб, мана бу инглизча қўшиқни куйлашганда, зоҳиран қувонадиган бўлганман.
Happy Birthday to you,
Happy Birthday to you,
Happy Birthday dear (name),
Happy Birthday to you.
Демак, улар мендан кўра бурро ва доно бўладилар. Ҳиндистонга келиб қолишса, Ўзбекистон ҳақида тўлиб-тошиб гапирадиган бўлишади. Бобурнинг: “Ҳинд сори юзландим, юзи қаролиғ бўлди” ёки Зебуннисонинг: “Зебуннисо пир шуд, ба ў харидоре нашуд...” деган дардли мисраларининг моҳиятини гапириб беришади.
Бир вақтлар боболари ( яъни, мен) бу ерга келиб, оташнафас шоиранинг қабрини тополмаганимни надомат билан ҳикоя қилишади. Ҳа, мен бунга ишонаман!
Колумб Америка қитъсини очганда, бу хушфеъл ва ҳовлиқма сайёҳ нима деб ҳайқирганини биласизми? “Ура! Мен Ҳиндистонни кашф этдим!” Ана шу хато ҳайқириқ оқибатида бу қитъа аборигенларини ҳозиргача индеецлар дейишади.
Аслида, ҳар бир сайёҳ Ҳиндистонни ўзича кашф этади. Ҳиндистонни том маънода кашф этган буюк инсон, Берунийдир. Бу бобарака бобомиз минг йил!!! илгари бу юртнинг тоғу тошлари, шаҳар қишлоқларини яёв кезиб, араб тилида “Ҳиндистон” деган китоб ёзганлар. Бу фақат биз учун эмас, Ҳинд юрти, дунё олимлари учун ҳам қимматбаҳо илмий манбаъдир.
Ана шу китоб учун мен Берунийнинг чориғи боғичини боғлаб, чангини артиб қўйишга тайёрман!
Бундай дейишимнинг боисига эътибор беринг.
Уммон соҳиллари бўйлаб ёстанган Гоа вилоятини орол деб ҳисоблашаркан ва бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Бутун Ҳиндистон Буюк Британия тасарруфига ўтганда, бу вилоят Португалия мустамлакаси бўлиб қолган экан. Аҳоли гавжум яшайдиган жойларда католикларнинг ҳашаматли ибодатхоналари қад кўтариб турибди. Бу динга эътиқод қўйган ҳиндуларни ҳам учратдик. Католик, ҳиндуизм ва исломга эътиқод қўйган ҳиндуларнинг аҳил яшаши бизни қувонтирди.
Йўл бўйларида эса сон-саноқсиз дўконлар. Ҳинд аёллари эшик олдида туриб, сизни дўконларига даъват этишдан чарчашмайди. Улар заруратдан рус тилини чала-чулпа ўрганиб олишган.
Ўша куни бир аёлнинг зорланишидан кейин унинг дўконига кирдим. Ичкарида бир эркак билан бўй етган қиз ҳам бор эди. “Жаноб, менга мурожаат қилди аёл, менинг номим Мали, бу − эрим, буниси − қизим”.
Қиз курси қўйди, мен ўтирдим. “Бу ерда ҳаво иссиқ, сиз енгил пойафзал кийишингиз керак”, деди аёл ва бир неча ёзлик пойафзалларни олдимга териб қўйди. Ўзи эса, шундайгина оёғим олдига ўтириб, ботинкамни ечди ва басаночкани кийдирабошлади. Унинг боғичларини боғлаб қўйди. Жуда ноўнғай бўлдим. “Ўзим, ўзим”, дейишимга қарамай, уни қайта ечиб олди ва бошқасини кийгизди, ўрнидан туриб, нарироқ бориб қаради ва шунисини харид қилишни маслаҳат берди. Ботинкамни эса нам латта блан артди, целлофон халтага солиб, қўлимга тутқазди. Мен ноўнғайликдан қутулиш учун айтганини тўлаб, ташқарига шошилдим. “Жаноб тўхтанг, бир дам тўхтанг”, тағин илтижо қилабошлади у. “Биламан, сизнинг хотинингиз жуда чиройли, сиз унга мана шу ҳиндча кўйлакни олиб борсангиз, беҳад қувонади”. “Биз ҳали шу ерда бўламиз, кириб оламан”, ваъда бердим.
Кечқурун Улуғбекка ҳинду аёлнинг менга кўрсатган эҳтиромидан ҳижолат тортганимда айтганда, у савол берди: “Нитше нима деган?” Мен бу немис файласуфининг: “Ҳамма нарса манфаатга бориб тақалади, ҳамма нарсага шубҳа билан қара”, деганини такрорлаб турардим. Ўғлим шуни назарда тутганди. “У сизни, албатта, алдаган. Бу ерни Ҳиндистон дейишади!” Гарчанд, бу жавоб дилимга ўтиришмаган бўлсада, индамай қўяқолдим.
Нравится · · Поделиться
- Dadaxon O'zbek, A'zam Obidov, Dilnoza Olimova и 18 другим это нравится.
Комментариев нет:
Отправить комментарий