суббота, 12 мая 2018 г.

НОМАЪЛУМ ОДАМ МОНОЛОГИ


                                




                 

 

 

                                                          1    
  Кўз ўнгингизга  қирқ  ёшнинг нари-берисидаги, анча одми кийинган, ўрта бўй,  ўйчан, андак асабий ва зумроқ   эркакни келтираоласизми?
    Ана шу одам,  менман.  Исм-шарифим билан қизиқмай қўяқолинг. Уни айтишга хоҳишим йўқ. Ўзим ҳам жамиятдаги  ўртача одам бўлсам керак-ки,  ҳозиргача қўним топганим йўқ. Дастлаб  судяга шогирд бўлдим,   кейин  уч йил Москвада ишлаб келдим, аниқроғи, мардикорлик қилдим,  сўнг  Самарқандга  қайтиб,  киракашлик билан банд бўлдим.
    Ҳозир уйимда интернет-клуб ва компьютер курси очганман. Маҳалламиз болаларига турли томошалар кўрсатаман, кейин компьютерда ишлашдан сабоқ бераман. Клуб − пулли,  курслар эса бепул.
    Менга ўхшаб,  узлатга чекинган кишиларнинг  улфатлари, дўстлари ҳам кам бўлади. Агар Самандар акани ҳисобга олмаса, бақамти ўтириб гаплашадиган танишим  йўқ ҳисоби.

     Аслида, компьютерга меҳр қўйишимга ҳам шу ростгўй, ориф одам сабаб бўлганди.
   Исм-шарифимни айтмаганимдан ранжимаслигингизни сўрардим. Аммо муҳим бир маълумотни  яширмайман. Мен,  Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг эваралари бўламан. Менга бобокаланимнинг номини беришдан аввал роса мунозара қилишган, хавотирга тушишган. Бу гапни ҳам, зада бўлган жабрдийдалардай, имкон қадар пинҳон тутиш пайида бўлиб юраман. Жуда зарур бўлганда айтаман. Бизнинг қавмлар,  айнан ана шу маърифат дарғасининг  авлодлари бўлгани сабаб не-не уқубатларга дучор бўлишганидан хабардорман. Сталин қатағони йиллари уларнинг аксари паноҳ излаб, ўзга юртларга,  жумладан  Тожикистон томонларга кетиб қолишган. Бу қўрқув ва хавотир ҳали ҳам авлодимизни батамом тарк этгани йўқ.
  Бобокалонимни бағоят қадрлайман. Сўнгги  йилларда, у киши тўғриларида анчайин нарсаларни ўргандим. Масалан, профессор Бегали Қосимов тартиб берган китобни деярли ёдлаб олдим. Анчайин беҳбудийшунос олимлар билан танишиб, айримлари билан дўстлашганман. Ҳарқандай юмушни бошлашдан олдин, ўз ўзимга “Хуш, бобом бунга қандай муносабатда бўлардилар,”деб савол  беришни ва шунга қараб иш тутишни одат қилганман.
                                    *  *  *
      Ўрта мактабни битириб, ҳужжатларимни юрфакка топширган  эдим. Чунки уйдагилар судья ёки прокурор бўлишимни исташар, бу тоифадагиларнинг пичоғи мой устида эканлигини бот-бот такрорлашдан чарчашмасди. Ва энг муҳими, бобом ҳам фаолиятларини, айнан қозихонада мирзолик қилишдан бошлаганликларига урғу беришарди..
   Аммо каминани қабул қилишмади. Қавмларнинг дилида (менда ҳам) қабул комиссияси ёки имтиҳон олувчи домлаларга исм-у  шарифим, аниқроғи  фамилиям бирор ҳидояткорона туйғуни эслатар,  шафқат томирчалари ўйғонар деган, ботиний умидворлик ҳам йўқ эмасди. Аммо ундай бўлмади. Фақат ҳужжатларимни қайтариб бераётган рус аёлигина бу нуқтага қизиқиб қолди.
   − Сизлар Беҳбудийга...
   Ёнимда турган амаким ҳушёр тортиб, хайрихоҳ жилмайган бўлди. Аёл очилиб кетди; одатдагидек,  русчалаб давом этди.
   − Мен Қаршида дунёга келганман. Метрикамда “Беҳбудий шаҳрида туғилган”,  деб ёзишган.
     Кейин энтикканича, иштибоҳ билан монолог ўқишга киришди:  бобокалоним ҳақида ўқиган, эшитган гапларини қалаштирди. Отаси ҳам маърифатпарвар олим бўлганлиги, аммо ноҳақликка учраб, “халқ душмани”га айлангани; ундан кейинги мусофирчилик,  хўрликлар...
   − Сизга маслаҳат,- деди охирида амакимга  қараб, эминлик ила,−йигитчани судгами, милициягами кичикроқ ишга  қўйиб туринглар – келаси йил сиртқи бўлимга киришга кўмаклашаман. Ректоримиз ажойиб инсон – Беҳбудий авлодларидан десам...
   Биз бу шафиқона эътироф,  эҳтиромдан сарафроз бўлиб қайтдик.
                         
                                    *  *  *

   Халқ суди биноси тасаввур қилганимдай,  ҳашаматли, кўркли бўлмай, пастак,  кўримсизлиги билан менда нохуш таассурот қолдирганини айтиб ўтишим керак. Инсон тақдири пойдеворлари шўрланиб кетган шундай  афтодаҳол жойда ҳал этилиши дилимга ўтиришмас, бу ҳолни ҳазм этолмасдим.
   Амаким билан тўрдаги хонага кирдик. Кўринишидан анча ёшга бориб қолган, симобий либослари ёшига ярашиқ, салобатли, хушбичим аёл телефонда кимгадир сўз уқдирар,  бу рафтор қонунга хилоф эканлигини, қўлидан келмаслигини ўзига хос оҳанг,  қатъиятлик билан таъкидлар, шу билан бирга  овозида хавотирона шоҳисталик ҳам сезилиб турарди. “Ҳамма нарсага ақли етадиган киши ҳамма нарсани кечиради”, деди у охирида.
   Бу аёл – бобокалонимнинг сафдошлари, ўз замонасининг ғани жадиди Саидризо  Ализоданинг набираси эканлигини амаким  шипшиган эдилар.
   Таъкидлаш жоизки,  орадан бир неча йиллар ўтган, турфа мафкура-ю  сиёсатлар забту-занам этган бўлсада, жадидлар сулоласи орасидаги зоҳирий яқинлик дарз кетмаган эди: тўй-ю  тантаналар  уларни бот-бот бирлаштирар, ҳамжиҳат  доираларда эминлик билан бир-бирларини сийлашар, ўзларини “жадидзодалар” дейишдан чўчишмасди. Зарур бўлганда,  бир-бирларини қўллашар, мадад-у маслаҳатларини дариғ тутишмасди. Уйимизда тўй, марака бўлганда Саидризо Ализода, Ҳожи Муин, Абдуқодир Шакурий, Садриддин Айний, Раҳматулло Исматулло, Абдуқаюм Қурбий, Саидаҳмад Васлий, Қўқонбек Абдухолиқзода,  Кенжа Ҳомидий зоти олийларининг  яқинлари ташриф буюриб қолишар; дадам, амаким уларга ўзгача илтифот кўрсатишарди. Ашраф боболаримизнинг хотираи поклари, руҳлари ҳамжиҳат, ҳамдард бўлишга чорларди чамаси бизни.
 
   Опа дастакни ўрнига қўйгач, амаким билан қўл бериб кўришди, менга бошини хайрихоҳ  силкиб қўяқолди.
   − Кеча айтган жияним – шу, ойтимулло,-  мен томон имлаб, мўмингина гап бошлади амаким,-  бир мураббийлик қилиб беринг. Стаж дегани ҳам зарур экан.
   Ойтимулло деганимиз  жилмайди; ҳамма гап ўзимга боғлиқ эканлигини закийлик ила таъкидлагач, бобокалонимни  эслади: у киши ҳам ишни қозига мирзолик қилишдан бошлаб, катта мартабаларга эришганликларини такрорлади.  Охирида негадир:
   − Қирол билан қаролнинг фарқи – битта ҳарф,-  деб қўйди.

     Шундай қилиб, каминанинг ҳаёт йўлига старт берилди. Ҳаёт эса, бир қўшиқда куйланганидек, ўтмиш билан келажак орасидаги оний вақтдир. Бу фурсатни қандай ўтказиш, эса катталар таъкидлаганидек, фақат  ўзимга эмас, жамиятга ҳам вобастадир.
  Дастлабки кунларданоқ, бу кўримсиз жойда ишнинг бунчалик кўплиги, жиддийлиги мени ҳайратга солганини айтиб ўтишим керак. Ҳар куни талай ҳужжатларни машинкадан чиқаришим,  прокуратурадан делоларни олиб келишим ёки элтиб беришим, у ёки бу масалада милиция билан  боғланиб туришим, энг ёмони, ойтимулло тушликка чиқмагани сабаб, унга сархил таомлар келтириб беришим керак эди.
   Бу даргоҳга келадиган кишилар билан муомала  қилиш ҳам жўн иш эмасди. Суд раиси фақат душанба ва чоршанба кунлари қабул қилиши ўқлоғдай қилиб ёзилган бўлсада, эрталабданоқ эшик олдини тирбанд тўсиб олишади. Ёпирай, илжайган башарани учратмайсиз:  ҳамманинг, ҳатто ўзимизнинг иш юритувчилар, суд ижрочиларининг ҳам қовоғидан қор ёғади, ёлғондан бўлса ҳам тиржаймайди. Иши ўнгидан келмаганлар бизни рўйи-рост муттаҳамлик, порахўрликка айблайверади.
     Назаримда, бу даъволар анчайин ўринсиз. Гарчанд, дастлаб бу  маҳкамада ишлайдиганлар ўзимга ҳам кибор, шубҳалироқ кўринган бўлишса ҳамки, тезда улар аравага қўшилган отдай тинимсиз ишлайдиган ва бунинг устига ойтимуллодан тортиб фаррошгача алланималардан ҳамиша ҳадик тортиб турадиган бандалар эканлигига ишонч ҳосил қилгандим.
   Тўғри, баъзан кулгига сабаб бўладиган ҳангомалар   ҳам  бўлар ва бир неча кун уни эслаб юрардик.
   Душанба куни эрталаб ташқарида шовқун кўтарилди. Чиқсам,  саксонларга бориб қолган отахон кимнидир сўкар, биз томон талпинар, аммо икки  қўлтиғидан ушлаб олган эркаклар уни овутишар, орқага тортишарди.
   − Қўлимни қўй-е, онангни... ажраламан дедимми – гап битта!
   Нарироқда бир кампир жаврарди.
   − Чол қариб, мияси кирди-чиқди бўлиб қолган. Ёшига уйланмоқчи...
   Фаҳмласам, чол-кампир уришиб қолиб, ажралишга келишган, отахонни қўлтиғидан тутганлар унинг  ўғиллари  экан.  Ҳаттоки,  тишининг оқини кўрсатмайдиган ходимларимиз ҳам бу ҳолдан  лабларининг бир чеки билан илжайган бўлишди.
   − Кеч бўлиб қолибди-ку, мени кузатиб қўймайсизми, - сўради  ойтимулло бир куни, − хўжайин ҳам хавотир тортиб ўтиргандирлар.
   Иккаламиз ҳам анча толиққанимиз учун бўлса керак, йўл-йўлакай жимгина кетавердик. Анчагина  йўл босгач, бир “Жигули” ёнимизга келиб, “жик” этди, ҳайдовчи бошини ойнадан чиқариб, ойтимуллога тавозе билан салом берди, эшикни очиб, тожикчалаб таклиф этган бўлди.
  − Бир оз пиёда юрайлик, кун бўйи ўтиради киши,-  унамади опа.
   Шофер тағин бир бор таклиф қилган бўлди-ю, жўнаб кетди. Мен ажабландим, опа изоҳ берди.
   − Касбимиз шунақа: эҳтимол бу одамни суд қилгандирман ёки суд қиларман.
   Унинг одамларга ишонқирамагани, ҳадик билан қараши менга ғайритабиий бўлиб туюлди. Аммо сабабини сўрашга андиша қилдим.
  Темир дарвозадан  торгина ҳовлига кирдик; истиқболимизга  сочларига оқ оралаган эркак чиқди. Бу киши опаниннг турмуш ўртоғи эканлигини таъкидлашим зарур эмасдир. Биз эски танишлардек кўришдик.
   − Бу йигитча – янги мирзом,- ҳазиломўз таништирди опа,−Беҳбудий ҳазратларининг эваралари.
  Ташрифимдан  қувонган амаки,  бу гапни аввалроқ эшитганини таъкидлади ва ўзи ҳақида маълумот берди: муаллимлик қиларкан, жадидлар ҳаётини ўрганган экан. Худди ойтимуллодай у киши ҳам уч – ўзбек, тожик, рус тилларида равон гапиришини фаҳмлаш қийин эмасди.
   − Беҳбудий домланинг ўзларини кўргандай бўлдим,- деди у. –Бобонгиз бағоят жиддий, сипо, камгап бўлганлар. Садриддин Айний  у кишининг салобатидан андишага бориб қолганини ёзади. Жадид боболаримиз  тамаддунимиз  тараққиётига қанчалик улкан қувват ато этганларини ҳали тушунолмай, қадрлолмай  турибмиз.
   Кейин Саидризо Ализода ҳақида гапирди. Владимир шаҳридан ул зотнинг хоки табуррукини келтириб, қабристонга қўйишгани, мактабда ҳайкал тиклашганини гапирди.
   Бу гаплардан кейин мен ички, мавҳум бир дарддан ўртангандай бўлдим:  бобокалонимнинг қабрлари топилмаганлиги, у кишига ҳайкал ўрнатилмаганлиги  дилимни зимдан эзабошлади. Ахир, биз Беҳбудийзодалар қайси қабрга Қуръон тиловат қилишимиз, туғилган кунларида қайбир ҳайкал пойига гулчамбар қўйишимиз керак?!
   Эҳ, сўқир қисмат!
   Мен уйга кеч ва маҳзун ҳолатда қайтдим.
   Боз: опаникида бўлганимда, тақдир бояқишларни зурриётдан ҳам қисганига гувоҳ бўлиб, ўксидим ва уйимдагилар судяликнинг нимасига ҳавас билан қарашларини ўйлаб қолдим.
   Эрталаб ойтимуллога чой дамлаб бердим ва энди ўрнимга ўтиришим билан бола кўтарган аёл шовқун солиб кирди: бизни золимлик, шавқатсизликда айблайбошлади; ҳай-ҳайлашимга қарамай, опанинг олдига кириб кетди – мен унинг ортидан эргашдим. Опа ўқиб турган делосини бир чеккага суриб, аёлга юзланди.
    – Хўш, нима гап?
    – Эримни чиқариб берасиз!
    Опа ўша совуққонлик билан тортмадан бир делони олди, уни варақлайтуриб, гап бошлади. – Эрингизни мен эмас, ўзингиз қаматгансиз! У маст бўлиб, сизга қўл кўтарган: прокурорга, медэкспертизага боргансиз. Шундайми? 
  − ...
  – Бир ой ўтмай айнидингизми? Прокурор қўйган статяга биноан беш йил кетиши керак эди, мен андишаларга бориб, уч йилга олиб келдим. Нима, эркак бўлиб туғилгани учун гуноҳкормиди у? Сиз норози бўлиб, устимдан ёздингиз. Шундайми?
    – Жаҳл устида...
    − Энди на илож?!
     − Унинг бола-чақасини ким боқади,-  ўдағайлади аёл.
      – Буни аввал ўйлаш керак эди. Боқолмаётган бўлсангиз, болалар уйига топширишингиз мумкин.
    – Детдомга топширадиган болам йўқ! Одамлар унинг тирноғига зор,- билибми-билмайми опанинг нозик ва ожиз туйғусини оёқости қилди аёл. – Эрим қамоқдан чиқмас экан, ўзимга ўт қўяман!
    – Бир шундай қилинг, ўргилай – зора мен бир жанжалкашдан халос бўлсам!
    – Йўқ, мен ёзаман! Шахсан ....га ёзаман!
   – Бир шундай қилинг, айланай, зора мени шу ғалва ишдан озод этишса.
  Сўнг опа ўзини тутолмай, русчалаб кетди. Инсон ҳайвондан ўзини ўлдириши ёки шундай деб таҳдид солиши билан фарқ қилишини, буларнинг бари жаҳолатдан ўзга нарса эмаслигини  гапирди.
   Аёл ҳовридан тушиб, чиқиб кетди. Мен ўрнимга ўтиб, “шу ғалва ишдан озод” бўлишни ўйлайбошдим. Аммо рўзгурзонлик кундан-кун қийинлашиб бораётган, иш тополмай юрганлар лак-лак эканлигини  кўриб, ўйлаб қолардим. Ҳарҳолда, ҳукумат  бу маҳкамада ойда бир бор бўлса ҳамки, оғзингга эмизак солиб туради ва у кўзингга саодат сароби бўлиб туюлади,  рўзғорнинг бирор кемтигини тўлдиришга ярайди.
   Бир куни эрталаб ишга борсам,  маҳкама олдида туман одам, ҳатто эшик олди ҳам тирбанд. Булар қайбирам судланувчининг қавмлари эканлигини тахминлаганча, ораларидан яккакифт бўлиб ўтаётганимда, башанг кийинган бир амаки елкамга нуқиб қолди.
   − Бир минутга мумкинми?
   Биз беихтиёр бир чеккага ўтдик. Шошаётган ва бу ҳолдан хавотирланаётган  бўлишимга қарамай,  тавозе ва эзмалик билан ҳол-аҳвол сўради.
   − Билишимча,  сиз опанинг шогирдларисиз-а?
   − Шундай...
   − Илтимос, у кишига етказсангиз, нима десалар, қанча десалар – розимиз...
   Чўчиб кетдим ва юлқиниб хонамга кирдим.
   Энди мазкур жиноий иш ҳақида гапирай.
   Икки бойвачча ўсмир ўзларича овга чиқишади. Таъкидлаш жоизки, улар ўзаро иноқ бўлишади. Аммо тўқликка – шўхлик, деганларидек, милтиқли ўпкавой ( ҳазиллашиб, албатта) дўстини қўрқитиш учун,  аввалданоқ бир патроннинг сочмаларини олиб, фақат порох билан қоғоз жойлайди, кейин овлоқроқ  жойга келганда, милтиқ милини дўстига тўғрилайди.
   − Мен сени бу ерга отиб ташлагани олиб келдим, - дейди бағоят жиддий туриб,-  чунки сен сотқинсан! Сўнгги сўзингни гапириб қол!
   − Милтиқ билан ҳазиллашма,− дейди униси кайфи учиб.
   − Бу – ҳазил эмас! Номардларнинг жазоси − ўлим! Гапир! Учгача санайман...
   − Тўхта, тушунтир...
   − Бир, икки, уч...
   У тепкини босади – олам гумбурлаб кетгандай бўлади. Отилган, бизнинг таъбиримиз билан айтганда, жабрдийда сапчиб,  йиқилади. Буни кўриб, милтиқ ўқтаган довдир: “адашиб, бошқа патронни жойлабман”, деган фикрга боради ва у ҳам ҳушидан кетади. Одамлар югуриб келишса, ҳалигидақа аҳвол: жўралар икки томонда чўзилиб ётибди.
   Албатта, сув-пув сепишади: отган ўзига келади, аммо отилган...  Кийимларини ечиб кўришади – бирорта жароҳат, қон изи топишолмайди. Судмедэкспертиза ҳам, дарҳақиқат, унинг вужудида ҳеч қанақа жароҳат йўқлиги, аниқроғи, отилмаганлиги,  фақат юрак функцияси бузилганини қайд этади. Шундан кейин ҳар иккала ўсмирнинг казо-казо қавмлари икки адоватли гуруҳга бўлиниб, бири жазони кучайтириш, иккинчиси,  енгиллаштириш пайига тушишади; ор-номус йўлида ҳеч нимарсани аямайдиган бўлишади; шу жумладан,  донғи кетган адвокатларни ёллашади, нуфузли шахс-у,  идораларга шикоятлар йўллашади; тергов  такрор ўтказилади, қабр қайта очилади ва ҳакозо...
   Тажрибадан шу нарса аёнки, бундай пайтда энг адолатли ҳукм ҳам тарафларни қаноатлантирмайди. Чунки ҳаммабоп ҳақиқат бўлмайди-да.  Шуни ўйлаб, опага ачиндим  ва тугунни  қандай  ечар экан, деб кутабошладим.
   Ҳар қандай вазиятдан  ҳам ўнғайгина чиқиб кетадиган опа бу гал ҳам тадбир қўллади : икки томондан ҳам  казо-казоларни ( алоҳида-алоҳида, албатта) хонасига чақирди; улар билан алламаҳалгача  нима тўғрисида, қай оҳангда гаплашгани менга қоронғу. Аммо ҳар иккала томон ҳам хонадан чиқиб, суднинг бу ерда ўтказилишига моне  бўлиб қолишди.
   Биз улардан шу хусусда  тилхат ёздириб олдик.
   Ҳамма жўнаб кетгач,  ойтимулло  суд ижрочиси билан мени хонасига таклиф этди,  анча босиқлик билан гап бошлади.
   − Ошириб юборилган сифат – хушомадга, дори – заҳарга, меҳр – қаҳрга, ҳазил – зилга, танқид ҳақоратга айланади. Бу дунёда ошириб юборадиганлар – мухбирлар. Улар билан камроқ мулоқотда бўлинглар! Сизлар баҳона ўзларини тарғиб қилишади  улар. Бу гапни аввал ҳам айтган эдим-а, сизларга?
   Биз итоаткорона бош тебратиб,  тасдиқладик.
   − Ундай бўлса, нега мухбирга интервью бердингиз,− ижрочи томон ўгирилди у.  Ҳали суд бўлмасдан, шу серғалва  масалада оламга жар  солиш керакми?! Нельзя так!
   Кейин менга юзланди.
   − Сиз ҳалиги одам билан бир чеккага чиқиб гаплашдингиз.Что это такое?! Ишласаларинг, тузукроқ ишланглар!
   Уйга қайтгач, биринчи бор опанинг инжиқлиги,  ҳар нарсадан ҳадиксираб яшашидан шикоят қилдим. Бу рафторим ойим,  дадам, амакимга ўтиришмади. Андак сукунатдан кейин, дадам босиқлик билан гап бошлади.
   − Унга осон эмас: замон зулмидан дилига қўрқув кириб, қолган. Ўша лаин куч уни бир умр  таъқиб этаверади. Зада бўлиб қолганда, шўрлик. Ўзинг тасаввур қил: бобоси “халқ душмани” деб эълон қилингач, бутун оилани Кавказ томонга сургун қилишди. Ҳаммалари ўша томонларда нобуд бўлишди. Кейин қариндошлари бориб, қизчани топиб келишганди. Биз – жадидзодалар қанотимиз остига олдик, акам унга нон карточкаси олиб бердилар.
   Шу гаплардан кейин тағин икки ойча сабр-тоқат билан ишладим. Сўнг ариза ёзиб, опа бўлмаган пайтда столига қўйиб, чиқиб кетдим.
   Гоҳида  ўйлаб қоламан: хуш, бобом шундай йўл тутармидилар? Биринчидан,  у киши ўз тоғаларига мирзо бўлганлар ва ўша пайтдаёқ анчайин мавқе эгаси бўлиб, у киши билан ҳисоблашишган. Сабр тоқат билан ишлаганликлари боис кейин,  қози  бўлганлар.
     Мени эса, у ердан кетганимдан кейин ҳеч ерда ишлагим, ўқигим келмасди. Шундай кунларнинг бирида ҳамсинф  дўстим  Москвага, ойисининг олдига ишга бораётганини, истасам мени ҳам олиб боришини гапириб қолди.
   − Ойинг у ерда нима иш қиладилар,- қизиқдим.
   Ойиси катта магазинда ишлашини гапириб, анча мақтаниб ҳам қўйди. Менда  эса, пул топиш билан бирга Москвани кўриш иштиёқи ҳам баланд эди.
   − Аввал ойингдан сўраб кўрчи, менга ҳам иш топилармикан,- дедим.
   − Бирорта жўранг билан кел, дегандилар деди у. −Шерик тополмаганим учун боролмай юрибман.
     Бобом эса ёзиб қўйибдилар:
   “Ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиратға маълум бўлур.  Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур. Эй қодир худо, мусофир бандаларингни тингла, уларни муродга еткур”
   Зеро,   юртни фақат байрамлардагина севиш, том маънодаги ватанпарварлик эмас!  Бобом таъкидлагандек, у: “Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур”. Дарҳақиқат, фақат ватандагина қувонч ва  некбахтликлар,   сенга икки қўлини чўзган гўдакдек талпиниши мумкин!
   Лекин шундай табаррук ўгитга риоя қилмай, Россияга йўл олдим. Менинг  саргардонликларим кимларгадир сабоқ бўлар деган умидда сардафтаримни батафсилроқ гапириб бермоқчиман,
                                   2
    Дўстимнинг ойиси бизни вокзалда ҳаяжон оғушида кутиб олди, каминага ҳам самарқандликларга хос илтифотлар кўрсатди.
    Бу ерда бир неча  аёллар сабзавот, мева ва ширинликларни саралаб, тарозига тортишар ва  махсус целлофон халтачаларга  солиб, пештахталарга теришар экан.   
    Яшаш шароитлари эса мақтагулик эмасди. Катта магазиннинг усти қаватидаги хона парда билан иккига бўлинган бўлиб, буёғида аёллар,  нари томонда эркаклар ётишаркан. Кечаси булар ётган  тўшакка эрталаб бошқа сменада ишлаганлар келиб ухлашаркан.
    Эртаси магазиннинг  хўжайини ( уни Босс дейишаркан. Бу,  унинг номими, лақабими – англолмай қолдим) кабинетига кирганимизда, эътиборимни, энг аввало,  деворга илиб қўйилган боксчиларнинг бир жуфт  қўлқопи тортганини айтиб ўтишим керак. Бошлиқнинг қорувли  гавдасини кўриб, спорт билан шуғулланса керак, деб ўйладим.
   У мен билан кўп гаплашмади. Қаерда  ўқиганим, ишлаганимни сўриштирди;  судда ишлаганимни эшитиб, мамнун жилмайди.
   − Русчани тузук биларкансан:  сотувчи  бўласан,-  деди ва ёрдамчисига алланимларни тайинлади. Униси  мени  пастга эргаштириб  тушиши билан тағин қайтариб юборишди.
   − Янги келган  гастарбайтерни олиб, Боссга бораркансан,-деди бу ердаги амаки ҳамроҳимга.
    − Мен сенга бошқа иш топдим,−деди бошлиқ  бу гал. Ҳозир мен билан кетасан. Бир жойга борамиз...
   Биз тағин пастга тушдик ва машинага миндик.
   − Дачага ҳайда,-буюрди у шоферга ва менга дала ҳовлисига  қоровуллик қилишимни, у ердаги жониворларга қарашишимни айтди.
   Биз дарёлардан ўтиб, ўрмонлар оралаб, анча йўл юрдик. Унинг дала ҳовлисида қанақа жониворлар борлиги билан жуда қизиқаётган бўлсам ҳамки, сўрашга ботинолмадим. Қаршимизда  паст-баланд ва тартибсиз қурилган дала ҳовлилар пайдо бўлди ҳамда биз улардан бирининг олдида тўхтадик.  Босс дарвозани очиши билан,  бир маймун югуриб келиб, унга хушқилиқлар  қилабошлади ва алланималардан хавотирона огоҳлантираётгандай,  чийиллаб,  хўжайиннинг  елкасига миниб олди.
   Робинзон, мени соғиндингми,- шакаргуфторликлар қилди,  ўз навбатида хўжайин ҳам  жониворга.
   Маймун эса нуқул чийиллар,  хўжасини кўрганидан сарафрозлигини  изҳор этишдан чарчамас, гоҳида уни ўпиб  олар, либосидаги чангларни  қоққан бўларди.
   − Буни Африкадан олиб келишган. Сен билан бир хонада яшайди, нима есанг, бунга ҳам ўшандан берасан, − менга  уқдирган бўлди Босс деганимиз. − Бу гал келганимда уни домга олиб кетаман.
   Кейин, чўчиб турганимга қарамай хўжайин  Робинзонни менинг елкамга қўйди ва ола-була рангдаги   итини қафасидан  чиқариб, қучоқлаб олди уни аллақандай егуликлар билан сийлади. Итнинг лақаби Казбек, зоти долматин эканлигини эса кейин билиб олдим.
     Кейин эса менга уқдирди:
    − Буларга яхши қарайсан, эҳтиёт бўласан... Илондан қўрқмайсанми,− сўради ўша оҳангда ва давом этди:  − Мен сени Наполеон билан ҳам таништираман. Бу анакондани Америка қитъасидан олиб келишган.
   Рости гапки, бунақа катта илонни умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Сесканиб тушдим ва нари кетдим. Кейин  қуёнлар боқилаётган катакка бордик. Босс бир қуённи тутиб олди-ю,   келтириб  илонга ташлади.  Наполеон жониворни қай тариқа ямлаб-ютишини кўришга қизиққан эдим, аммо у ўлжасига қайрилиб ҳам қарамади.
  Хўжайин  Робинзон билан ётадиган хонамизни,  кўрсатди. Эгаси яқиндагина анчайин шошиб кўчиб кетгандай,  чорпоя ва диван устида турли либослар, жиҳозлар сочилиб  ётарди. Нариги  хонада эса  музлатгич,  газ плитаси, егуликлар анча-мунча эди.
    Ҳозирча ҳамма нарса етади,- деди Босс жўнаш олдидан − Мен бирор ҳафтада келаман.  Наполеонга овқат берма – ўша қуён унга бир ойга етади. Овқат берсанг ҳам, барибир емайди.
    Мен тинч жойни топганимдан қувониб, чорпояга чўзилдим.  Ҳадемай, Робинзон ҳам  менга кўникиб  қолди. У гоҳида ташқарига чиқиб келиб, ташвишли чийиллар, алланималарни уқдиргиси келарди. Чиқиб қарасам, атрофда бирор одам ёки ит  юрганлигига гувоҳ бўлардим.
   Эртаси қизиқиш билан Наполеоннинг хонасига қарасам, шўрлик қуёндан ном-нишон йўқ.  Бу очофат  уни паққос туширганини билиб олиш қийин эмасди. Кейин Казбек билан Робинзонни эргаштириб, сайрга чиқдим. Атрофда талай дала ҳовлилар  қурилган бўлиб, айримларидагина одам кўринарди. Салқин тушабошлаши билан   кўплар кўчиб кетганга ўхшарди.
   Дарҳақиқат, фароғатли кунлар  бошланганди. Истаган таомимни пиширардим, овқатдан кейин маймун билан итни эргаштириб, ўрмонларни кезардим.  Осмон-у фалакка бўй чўзган  улкан қрим қарағайлари, эман ва шумтоллар орасида сайр қилиш  гаштини айтмай қўяқолай.
   Учинчи куни илондан хабар олдим-у,  бу очофат ҳалиги  қуённи  қандай  қилиб еганлиги билан тағин қизиқиб қолдим, бу ҳолни ўз кўзим билан кўрмаганимга ачиндим. Кейин,  анчайин мулоҳазалардан сўнг ўша  катакдан бир қуёнчани тутиб,  газандага ташлашга қарор қилдим. Жониворни  тутиб,  илоннинг террарийсига олиб бораётганимда, одатдагидек  маймун югуриб келди-ю, елкамга миниб, мени аллақандай хатардан огоҳлантирган бўлди.  Назаримда у қуёнчани ажал комига отмаслигимни  сўраётгандай  эди.
     Мен маймуннинг имо-ишорасини тушуна туриб, унга қулоқ тутмаганимга кейин  итдай  пушаймон бўлганлигимни айтиб ўтишим керак.  Шўринг қурғур қуёнчани  анаконданинг олдига итқитиб юборишим билан, Робинзон ҳам бир сакраб, қуённинг олдига кирди ва уни ажал оғзидан зудлик билан  чиқишга даъват этабошлади.  Бу ҳам етмагандек, важоҳатга кириб,  баҳайбат анакондага таҳдид ҳам қилди.  Газанда эса бундан чўчиб, андак нарига чекинди.  Шунга қарамай, бадбахт маймун ажал комидан чиқмас, уни кириб олишга эса юрагим сира дов бермасди. Зорланиб роса чақирдим, локинда тариқча натижа  чиқмади.  Кечки овқатга қозон илиб, олов ёққан эдим, қайсар Робинзонни кейинроқ келиб чиқариб олишни мўлжаллаб,  эшикни хўжайин айтгандай қилиб беркитдим.   Бирор соатдан кейин келиб қарасам, илоннинг бўйни ҳайратомуз бўлиб дўппайган, оғзидан эса ниманингдир думи чиқиб турибди. Мени даҳшат босди: бу − бечора маймуннинг думи эканлигини таниб қолгандим.  Қуёнча эса, ҳеч гап бўлмагандек, ўйнаб юрарди. Очофат Наполеон  Робинзонни  ямлаб ютишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, зеро бунга ақл бовар қилмас эди.
     Жума, шанба кунлари томоғимдан овқат ўтмади, оқибат нима бўлишини билмай,  гоҳида уйқум келмасди.
   Босс якшанба куни чошгоҳ маҳалида кириб келди ва маймун югуриб келиб, одатдагидек,  елкасига минишидан умидвор бўлиб турди.  Сўнг хавотирга тушиб,  мен томон ўгирилди.
    – Қани у?
     – Йўқ.
     – Нима бўлди?
    Мен йиғламсираб ва тутила-тутила  бўлиб ўтган нохушликни  гапираётганимда, елкам-бўйним аралаш мушт туширди.  Йиқилдим ва  ўрнимдан туриб, жон ваҳимасида қочмоқчи бўлгандим, бир ҳакалашдаёқ етиб олди, ёқамдан маҳкам тутиб, судрайбошлади.
   − Йўқ, осонлик билан қутулиб кетолмайсан! Мен сени
ўлдириб  хумордан чиқмасам бўлмайди.   Сен ярамас осиёликларни  барингни қириб юбориш керак!  Сенга ўхшаганларнинг юзтаси  ҳам Робинзонга арзимайди! Аблаҳ қулваччалар! Мен буни кечирмайман!  Қонингни ичаман!
    Мен юлқинганим сари, у ножинс маҳкамроқ тутар, зорланишларимга умуман қулоқ солмасди.  Куч билан судраб, илоннинг террарийсигача олиб келгач, муддаосини тушундим: у мени Наполеонга ем қилишни мўлжаллаганди. Аммо ажалим етмаган эканми,  зорим  худога етдими – ғалати тасодиф рўй берди. Мени итариб симтўр ичига  тиқмоқчи бўлганда, ўзимни имкон қадар четга олдим ва эшикка бориб урилдим. Эшик қўпорилиб, ичкарига қулаб тушди.  Аноканда  тилини ўйнатиб, биз томон келаётганда, жаллод хўжайин мени қўйиб юбориб, Наполеоннинг йўлини тўсишга мажбур бўлди.  Оний фурсатдан фойдаланиб, ўзимни дарахтзорга урдим.
    Азроил таъқибидан  қўрқиб,  қочавердим, қочавердим. Юзим  бута ва дарахт шохларига урилар, оёғим ногаҳоний чуқурларга тушиб қолар, лекин мен ортимга қарамай қочардим. 
     Қанча чопганимни билмайман.  Бир лаҳза тин олиб, ортимга қараганимда,  ажал шарпаси ортда қолгандай бўлиб туюлди.  Энди дуч келган томонга қараб,  ҳансираганча,  яёв кетабошладим. Бирор соат чамаси йўл босганимдан сўнг эса, мени тағин ваҳима босабошлади. Гўё бир ажалдан қутулиб, иккинчисига рўбарў бўлгандай эдим. Бу кимсасиз ўрмонда чарчоқ ва очликдан силлам қуриб жон беришим ёки бирорта ваҳший ҳайвонга ем бўлишим ҳеч гап эмасди. Кейин бир сўқмоқ эътиборимни тортди. Бобомнинг: “Сўқмоқлар  катта кўчаларга олиб чиқади,” деган гапларини эслаб,  ундан чиқмай кетавердим. Бир маҳал қаршимдан каттагина анҳор чиқди. Унинг соҳилига кимдир қайиқ боғлаб қўйганди. Демак, шу  атрофда инсон зоти бор, деган умиддан энтикиб кетдим ва ўзимни тўхтатолмай йиғлаб юбордим. Увотга ўтириб олиб,  ўпкамни бўшатиб олгунча  йиғлайвердим, йиғлайвердим. Ҳалиги Босснинг қўлида ёки ўрмонда ўлим кетсам, бечора онам зор-зор  йиғлаши кўз ўнгимга келар ва батарроқ   ўксирдим.
   Бир маҳал қайиқ олдида букчайиб юрадиган чол пайдо бўлди.  У нажот чароғи бўлиб кўринди кўзимга ва беҳад қувониб, унинг олдига югурдим, қуюқ салом бердим. Муйсафид  алик олгач, адашиб қолганимни тан олиб, Москвага борадиган йўлни суриштирдим.
  − Сен осиёликмисан, гастарбайтермисан,-  саволимга жавобан савол қайтарди чол.
   Мен  маъқуллаб,  бош силкидим...
   Шукурки, бу дунёда яхши одамлар кўп.  Бу одам анҳорнинг нари томонидаги йўл посёлкага олиб боришини, у ердан автобусларга миниб, шаҳарга етиб олиш мумкинлигини тушунтириб бериш билан қаноатланмай, мени қайиғига миндириб, сувдан ўтказиб ҳам қўйди .
   Кечга яқин шаҳарга етиб келдим ва вокзалнинг юк туширадиган станциясини суриштирдим. Бунинг сабаби шундаки,   мазкур станцияда ҳамиша иш,  ётоқ топилиши қулоғимга чалинган эди.
                                                        3
Станцияда бир неча юк поездлари турар,  одамлар  уларга алланималарни ортишар ёки  туширишарди. Булар −  ўзимизнинг ўзбеклар эканлигини дарҳол фаҳмладим ва қувондим.
   Ишбоши қўнғиз мўйловли,  пакана,  жиккакроқ, аммо узиб-узиб гапирадиган,  сохту сумботидан андак бадфеъл ва бадгирлиги манаман деб турадиган   Аветик Исаевич деган пакана киши экан.
     Одатда, бундай тоифадаги паканалар ўз ишларига жуда пухта бўлишади, илк мулоқотдаёқ, суҳбатдоши ҳақида хулоса чиқаришади.
    У эшиги олдида    интиқ ўтирган ўзбек, тожик болаларга бот-бот иш йўқлигини такрорлашига қарамай, ҳеч ким жўнаб кетмас эди. 
   − Аветик  Исаевич,- мурожаат қилдим, илтижоли оҳангда палтосининг ёқасини кўтариб, жўнаб кетаётганда, менга раҳмингиз келсин. Нима юмуш бўлса бажараман. Узоқдан келдим,  ёрдам беринг!
   Ўзимни дадил тутишим ва рус тилида бурро гапиришим унинг эътиборини тортмай қолмади.
   − Сен шаҳар боласига ўхшайсан-ку − бизда иш оғир...
  − Энг оғир ишга қўйиб кўринг...
  − Рома, чақирди у ёрдамчисини, − мана бу болани элтиб, цемент туширувчиларга қўшиб қўй. Паспортини олиш ёдингдан чиқмасин!
   Бу ерда,  ўндан зиёд хоразмлик ва бухороликлар вагондаги  цементни  трактор тележкаларига ортишарди. Мен беихтиёр уларга қўшилдим.  Вагонда турган икки киши қирқ килолик цементни  елкангга ортиб юборар, биз уни андак наридаги тележкага ортардик.  Цемент оғир бўлиши устига  у  ҳали совуб улгурмагани сабаб елкангни куйдирарди.  
   Кеч бўлиб қолгани боис ишни тўхтатишди.
   Биринчи куни бухоролик тенгдошим – Акобир  билан иноқлашиб қолдим ва у менга янги манзилдаги тартиб-қоидаларни айтиш билан бирга, кечқурун ёнидан жой ажратишга ҳам сўз берди. Биз чала-чулпа ювиниб, ошхона томон йўл олдик.
   
     Акобир кўп гапирар, ўз ибораси билан айтганда, “саҳройи” бўлса ҳамки,  нутқида шаҳарликлар лаҳжаси сингиб қолганди.
   Кирган заҳотингиз карамшўрванинг ачимсиқ  ҳиди димоғингизга   уриладиган бу ошхонада бизга нон, сувда қайнатилган пшено  беришди.  Ётоқ ҳам ошхона ертўласида экан. Бу ерга киришим билан сасиган пайпоқ ва тернинг бадбўй ҳиди анқиди.
   − Қанчадан маош беришади,- сўрадим шеригимдан.
   − Беш юз доллар деб ваъда  бералла-ю,  аммо қўлга тегадигани уч юздан ошмайди,- жавоб берди у. − Овқат, ётоқ учун кўп қайтаралла.  Аветик деганлари бориб турган буржуй! Гоҳида қурилишга ҳам олиб кетишади. Лекин маош ўша-ўша. Шунисига ҳам шукур. Сотиб олган бўлса,  биттен ҳам бермайди.
   − Шунақаси ҳам бўладими?
   − Ҳа, земляклари келтириб соталла... О, кўпларнинг бала-чақаси бор. Санга яхши – уйланмагансан.
   − Билишимча, ўзинг ҳам бўйдоқсан-ку...
   − Ҳа,- деди, анча маюс овозда. Бу масалада хато қилганман. Бу ерга келишимга ҳам шу сабаб бўлди. Худо мени жазолади.
   У тағин андак сукут сақлади-ю, давом этди. – Онам ҳамсоя қишлоқдан қиз топган эди. Бизлар чорвадор – анча орқада қолган  cаҳройимиз. Қизни кўрай десам, дадам ўшқириб берди. Шунга қарамай, кўрдим-у, тузук гаплашолмадим. Загс пайти узук тақай десам, келиннинг бармоғи йўқ. Жоним чиқиб кетди − узукни ерга отиб ташлаб, бу ёққа йўл олганман. Кейин билсам, қиз бир пайтлар босмахонада ишлаган ва чимчалоғи билан номсиз бармоғини қоғоз кесадиган аппарат олиб кетган экан...
   − Бечора қизга жабр қилган экансанда,- фикримни яширмади.
    – Москвадан яхши иш ҳам топгандим, аммо хунхўр Аветик паспортимни бермади,-  негадир гап ўзанини бошқа томонга бурди суҳбатдошим.
   Ертўламиз картон билан иккига ажратилган бўлиб, нари томонда тожикистонликлар ётишарди.
   − Аввал бирга ётардик, - изоҳ берди шеригим, аммо жанжал чиқди.
  – Нимадан,- қизиқдим.
    У елка қисди. Суҳбатимизни эшитиб турган, бот-бот йўтал тутадиган, занги заҳил бола гапга аралашди.
  – Биттаси бизнинг ҳарбийларни “фашистлар” деб сўкди. Отаси ревоч тераман деб тоққа чиққан экан, минага дуч келиб, портлаб кетибди. Чегарачилар жасадни олиб беришдан қўрқишибди. “Тошкентдан махсус одамлар келиб, олиб чиқади”,  дейишибди. Аммо улар келмабди.
   Жавобан, бизникилар ҳам жим ўтиришмабди.
   – Биз – буюк миллат вакили, дебди у ва юртбошисини мақтабди.
  – Йўқ, биз буюк миллатмиз, дебди бизники, президентни улуғлаб. Шу тариқа масала анча жиддийлашибди.
   Шеригимнинг айтишича, бу ҳолдан хабар топган Аветик,  қаҳрга миниб, ётоқни иккига бўлган экан. Сўнг ҳаммани йиғиб: “ Президентларинг зўр бўлганда, бу ерларда хор бўлиб юрмасдиларинг! Бу ерда президент менман!  Бирортанг йўриғимдан чиқсанг, жанжаллашсанг, она зорингни, ўзбекча қилиб айтганда, Учқўрғондан кўрсатаман!”  дебди.
   Кечаси билан уйқум келмади. Саҳар чоғи алқаш чалкаш туш кўрдим. Бобокалоним ҳайкалдай қотиб турган эмишлар. Мен, негадир русчалаб у кишидан мадад сўрабман. Бобом ҳамон жим туравергач, “назаримда ўзингиз ҳам мададга муҳтожга ўхшайсиз” дебман.
  Эртаси ҳам, индини ҳам цемент туширдик.  Бу − жуда оғир ва машаққатли эди, бунинг устига шароитга ҳам тоқат қилиб бўлмасди.  Ҳожатхона ва ювиниш хонаси ифлос бўлиб, уни ҳеч ким тозаламас, эрталаб ва кечқурун бу ерларда навбат кутиб ўтиришга тўғри келарди. Аммо начора: осмон – узоқ, ер − қаттиқ  деганларидек... Аслида чидаш ва ҳатто шукур қилишга тўғри келарди. Чунки ишга жойлашолмаган айрим ҳамюртларимиз полда ғужанак бўлиб  тонг оттиришарди.   Бу юртда одам боласининг  қадр-қиймати  шу қадар забунлиги дилингни хуфтон этарди.
   Омад, кўп ҳолларда ёшларнинг эшигини қоқади, деб ўқиган эдим қаердадир. Аммо ўша қайсар омад бу ердаги ёшларнинг манзилини унутиб қўйганга ўхшарди.
   – Бунақа жойда  яшаб ишлаш, итимга – ор, мушугимга – номус, деярди  Акобир бот-бот, аммо начора...
   Шеригим бир фожиа ҳақида гапирганди.  Хоразмлик шериклардан бир нечтаси Аветикдан иш ҳақи билан паспортларини талаб қилиб боришган экан.   “Мен сизларни хоразмлик тадбиркордан минг долларга сотиб олганман”,  дебди, у бадбинлик билан.  Шунда йигитлардан бири қаҳр устида Аветикка ножўяроқ гапирибди.
    – О, шу бала ўнинчи этаждан йиқилиб, ўлди,− деди шеригим надомат билан.
    Шу орада совуқ кунлар ҳам бошланди ва биринчи қор ёғди. Бизнинг сарой иситилмасди, аммо дастлабки кунлар қўшимча кўрпалар беришди. Шунга қарамай тахта ва брезент орасидан  кирган изғирин туни билан уйқу бермасди.Мен гоҳида ўтириб олиб, мазкур уқубатларимиз, ҳуқуқсизлигимиз ҳақида  ўйлаб қолардим, бунинг сабабларини излардим. Россияда бундай забун қисматга дучор бўлганлар, асосан ўзбек ва тожик болалар эди. Масалан,  орамизда  бирорта гуржи, армани, озарбайжон йўқ эди ва уларнинг ана шундай ғайриинсоний шароитда ишлашларини тасаввур қилиб бўлмасди. Аслини олганда эса, биз яқингача бир мамлакат фуқаролари эдик, ҳамма жойда ҳуқуқларимиз баробар эди. Нега энди, атайин биз қулга,  улар эса хўжайинга айланиб қолди?!
   Москвада чеченлар, доғистонликлар, татарлар ҳам ўзларини юрт соҳиби деб билишар, ҳатто русларга ҳам нописандлик қилишарди.  Биз эса...
   Балки барига жаҳолат ва илмсизлигимиз сабабдир. “...дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга паймол бўлур”, деган эдилар бобокалоним бундан бир аср муқаддам. Нахотки биз юз йил давомида бир жойда депсиниб қолган бўлсак...
     Нега паймол бўлдик?
    Нега? Нега?
    Ахир биз ҳам ўзга миллатлардай, мактаб кўрдик, тил ўргандик-ку!  Биз ҳам худонинг бандаси-ку!  Нега энди банданинг бандасига айланиб қолишимиз керак?!
  Шундай кунлардан бирида телефоним жиринлаб қолди. Дадам ҳол- аҳволимни сўрадилар.  Мен лабимга табассум суртган ҳолда, ёлғон-яшиқ тўқиб, ўзимни бағоят бахтиёрлигимни таърифладим. Кабутарни қирғий қувганда, ўз инигамас тескари томонга учганини кўрганман. Гўшаси ва полапонларидан   душман воқиф бўлмаслиги учун шундай йўл тутганди у. Мантиқ менинг ҳам шундай йўл тутишимни тақозо этарди.
  – Шанба кунигача етиб кел,- дедилар дадам,- бобонг ҳайкалини очиш маросими бўлади.
   – Албатта, етиб бораман,- ваъда бердим.
   Ва шу дақиқадан эътиборан, ярамас Аветикдан паспортимни олиш режаларини тузабошладим. Бобомнинг улуғ инсон бўлганликларини, у кишига ҳайкал ўрнатилаётганлигини ётиғи билан айтсам, юраги тош бўлса ҳам  эрийдику, ўйлардим ўзимча. Бунинг учун эса, энг аввало, унинг қабулига кириш талаб этиларди.
   Эртаси тушгача ундан дарак бўлмади. Тушдан сўнг “кайфи бор” дейишди, ҳатто ёрдамчилари ҳам кирмабди. Эртаси келди, аммо котибаси бирор кишини киритмади. Тушликдан сўнг у қайтиб келмади. Кечки овқат маҳали тўғримда ўтириб қолган, қўшни республикадан келган танишимга  ҳасратимни айтгим келиб қолди.
  – Менинг бобом чор Россиясининг Туркистон бўйича сўнгги губернатори генерал Курапаткинга, болшевиклар томонидан тайинланган Туркистон ҳукуматининг раиси Тобулин қабулига осонликча кирган.
  – Хўш?
  – Куропаткинга мусулмонлар учун ҳам суд ишини жорий қилиш масаласини  қўйган. Чунки унгача бизда қўлни кесиш, дорга осиш каби чоралар амал қилганда.
 – Кейинчи?
 – Генерал рози бўлган. Тобулинга эса мусулмон болаларини ҳозирча армияга олмаслик, ғалла бозорини очиқ қўйиш, деҳқонга имкон бериш масаласини қўйганлар ва ҳал қилганлар.
  – Демак, бобонг катта обрўга эга бўлган...
  – Мен шўрлик эса икки кундан бери жипириқ Аветикка киролмайман. Ҳайкал очилишидан қолиб кетдим.
   
  У кулди ва савол берди.
 – Айтчи, ҳозир ҳам сизларда ҳукумат раҳбарига кириб, халқнинг дардини, бобонгдай очиқ айтаоладиганлар ботир  борми?
  – Билмайман,- тан олдим, Тошкендан узоқдаманку, балки бордир... Муқимий ёзадиларку:
                     Шерсиз эмасдур бешалар,
                     Бордур саховатпешалар,
                     Қилманг ёмон андишалар,
                    Яхшилари ҳам бор экан.
  – Балки сизларда бордир, аммо бизда йўқ,- давом этди шеригим. Буни аниқ биламан. Аслида мен яхши одамнимас,  халқ дардини айтаоладиган, жўмард инсонни сўрагандим. Бир буюк инсон бўлса-ю, президентга кириб, бизни бу юртларда хор бўлиб юрганимизни айтса, мамлакатда коррупция авж олиб кетганини гапирса дейман. Ишонасанми, бизда пора бермасанг, ўқишга киролмайсан.
   У узоқ гапирди. Қаердадир давлат раҳбарининг қизи бир самолёт олтинни олиб чиқиб кетганини, ўнлаб мамлакатларда қимматбаҳо виллалар харид қилиб қўйганлигини, чет эл банкаларидаги пуллари миллиард доллаврга етганлигини ва шунга ўхшаш чинлиги ёки ғийбатлигини аниқлаб бўлмайдиган гапларни гапирди.
   – Давлатни бошқараоладиган халқ керак,- деди у  андак тантана оҳангида,- зарур бўлганда, кўчага чиқиб, конституцияни ҳимоя қилишга қодир бўлган замон жадидлари керак!
 – Нима бўлганда ҳам, ватанни севмоқ керак,- гапни асосий томонга бурмоқчи бўлдим.
 – Ахир, ватан ҳам биз – ғарибларни севиши керак-ку!
 – Сен ватан билан давлатни бир­-биридан фарқлолмаяпсан,- хулосамни айтдим.
   У жимиб қолди.
    Инсон табиати диктатни ҳазм қилолмайди. Гастербайтерлар орасида норозиликлар кучаяборди, хоразмликлар паспортларини талаб қилабошладилар. Мен ҳам уларга қўшилдим.
   Шундай кунларнинг бирида, кечқурун ётоғимизга Аветик кириб келди.
   − Диққат қилинглар, ҳов тилбилмаслар,-  деди қовоғини очмай.
    Баримиз жимидик.   – Мен − сизларнинг президентларинг, деганим ёдларингдами?  Шуни билиб қўйинглар, мен сизларнинг атаманларинг ҳам! Менинг бир қўлимда қамчи, бир қўлимда қанд бор. Циркда ҳайвонларни қўлга ўргатганман. Врач ҳам ўзим,  палач (жаллод) ҳам ўзимман!   Бўтқани егандан кейин косани синдириш – ахмоқлик. Шохидан узилган барг ҳам, мен озодлим,  эришдим деркан. Буни ёддан чиқарманглар!  Мен сизлар томонларда бўлганман. Биламан: ҳар қандай озодлик, маърифат, демократияга даъват этган ҳурфикр ҳамюртларингни нуқул йўқ қилган, жаҳон тамаддунидан ортда қолган  халқсизлар. Худо сизларни шунинг учун ҳам ана шундай жазоларга мустаҳиқ этган! Сизларни илғор ғоя ҳам, маърифат ҳам бирлаштиролмайди, фақатгина ошга бирлашаоладиган одамларсизлар! Оч баччағардан, қоч, баччағар, дейди-ку... Сенга ўхшаган фалокатлардан нарироқ юрмоқ керак. Бундан кейин бирортанг қулоғингни қимирлатсанг...
   Падарқусур бизни очиқчасига таҳқирлади.
   Эҳтимол, гапида жон бордир...
      Баҳорга чиқиб, Аветик каминани, ўз таъбири билан айтганда,  “қанд билан сийлади”. 
     Ўша куни туш маҳали у мени чақиртириб қолди. Етиб борганимда, хонасида тўладан келган, ўрта ёшлардаги хушбичим бир аёл билан гаплашаётган экан.
     − Валя, сен шу бола билан гаплашиб кўр,-  деди, -  маъқул бўлса олиб кетасан. У русчани яхши билади, ичмайди, чекмайди, ҳалол...
  Мен бу тарифнинг сабаблари   тўғрисида фикр юритаётганима,  аёл менга анча синчков кўз югуртириб чиқди  ва қўшни хонага таклиф қилди.  Стулларга жойлашиб олганимиздан кейин,  турфа саволлар  берабошлади.   Аниқроғи, қаерданлигим,   ўқиган, ишлаган жойларим,  қанақа оилада вояга етганим ва ҳакозо. Кейин муддаога ўтди.
  − Дадам − уруш ногирони. Шу кишига қарашадиган дастёр дараклаб юрибман.  Аветик Исаевич сени  тавсия этганди... 
   Мен дарҳол жавоб бермадим.  Боиси: ёмғирдан қочиб, қорга тутилиш хавфидан хавотирда эдим.  Аёл давом этди:
    − Кексайиб, касалланиб қолган,  қўлтиқтаёқ билан оз-моз юрадилар.  Бир аёлни  ёллаган эдик, унга оғирлик қилди. Дадам  ўғил бола топишимни сўраябди.
   − Бўбди,- дедим,-  Сиз Аветикдан паспортимни олинг.
   Дарҳақиқат, паспортимни қўлга киритиш ҳаммасидан муҳим эди ва  қийналиб қолсам, истаган вақтда жуфтакни ростласа бўларди.
  Кейин дўстлар, ҳамкорлар билан  хайрлашиб чиқдим ва  аёлнинг машинасига  миндим.
   − Паспортимни олдингизми, - сўрадим йўлга тушгач, хавотирона.
   − Ҳа, олдим, ма − паспортинг ўзингда турсин,- деди аёл, саодат саробига айланган ҳужжатимни қўлимга тутқазар экан. Уни чўнтагимга солдим-у,  енгил тортдим. Энди аёл билан жилла ўзгача оҳангда гаплашабошладим. Жумладан, иш ҳақим қанча, шароитим қанақа бўлишини сўрадим.  Аёлнинг жавоблари мени қаноатлантирди. Энг муҳими, менга ишониб, паспортимни қўлимга бергани эди. Бу – унинг дилкаш феъл-атворидан дарак  берарди.
    Аёлнинг диққат-эътибори йўлда бўлгани сабаб, бошқа савол  бермади ва биз анчагина йўл юргач, кўп қаватли бино подъезди олдида тўхтадик.  Иккинчи қаватга кўтарилиб, хонага кирганимизда, энг аввало, қаршимизда каттагина сержун ва узунтумшуқ ит пайдо бўлди. Менинг кир ва жулдур либосларим унинг дилига ўтиришмади шекилли, ириллаб қўйди.
     Ўнг томондаги хонада  ранглари қонсиз, мушттеккина бўлиб қолган, қоқсуяк муйсафид ётарди. Илк бор дилимда нохуш ҳислар уйғонди, ўзимни камситилгандек сездим,  аммо унинг  нигоҳларида том маънодаги зиёлиларда  ҳувайдо бўладиган  нур дилимда зоҳирий  умидлар уйғотди. Чолга салом бердим.
   − Мен сенга ўзбекни олиб келдим, қарачи, тўғри келадими,-  деди аёл ва қўшиб қўйди. – Яхши оилада тарбия топган...
  Бемор чол менга енгилгина нигоҳ ташлади ва бош силкиб қўяқолди.
   Ота-бола   каминани Саша деб атайдиган бўлишди. Аёлнинг исму шарифи − Валентина  Сергеевна, чолники − Сергей  Митрафонович эканлигини билиб олдим.  Итнинг лақабини  колли  дейишди.
    Аёл  менга хонамни кўрсатгач,  ҳар хил либослар топиб  берди ва чўмилиб чиқишимни  буюрди. Ювиниб,  кийиниб чиқсам, овқат пишириб қўйган экан. Бу эътибордан  ўзимни  инсондай сезиб, кўзимга ёш келди. Кейин ётоғимдаги оппоқ чойшаблар  тўшалган  каравотга чўзилиб,  ухлаб қолибман. Бир маҳал уйғонсам, ташқарига қоронғулик тушганди. Биринчи кунданоқ боқибеғамликка йўл қўйганимдан ҳижолат чекиб, муйсафиднинг хонасига кирдим.
   − Сергей Митрофанович,  кечиринг,  ухлаб қолибман.
   − Зарари йўқ деди у, - вокзалда оғир меҳнат қилгансан. Чарчоқларинг чиқиб кетиши керак эди. У ерда ярамаслар сизларни эзиб ишлатишларини эшитганман.  Жамиятда Аветикка ўхшаган,   раҳм-шафқат нималигини билмайдиган сўхтаси совуқлар кўпайиб кетди. Эксплуатация дегани, аслида ана шу! 
   Мен ишни нимадан бошлашимни сўрадим.
     − Бугун дам ол. Валя кечки овқатимизни ҳам пишириб  қўйган эди. Столни тайёрла, мен ҳам бораман. Ўзи ҳам келиб қолар.
  Мен столни қўлдан келгунча безадим, кейин муйсафидни суяб турғиздим.
    − Энди ановини олиб бер,- деди қўлтиқ таёғи томон имлаб.
   Муйсафид унчалик қийналмай, стол атрофидан жой олди. Кейин қизи ҳам кириб келди ва уччаламиз андак эҳтиёткорлик билан гаплашиб, овқатландик.
    − Бу ерда телефон бор,- деди аёл,− истаган пайтингда уйингга сим қоқишинг мумкин. Бўш вақтинг меҳмонхонадаги телевизор  томоша қил, китобларни
ўқи.
  Гарчанд аёлнинг алоҳида уй-жойи, оиласи бўлса ҳамки, ўша тун  шу ерда қолди ва эрталабки нонуштадан кейингина жўнаб кетди. Кетиш олдидан эса менга ўзи ҳамда ҳамширанинг телефон номерини берди. Отаси оғирлашиб қолса, зудлик билан чақиришимни тайинлади.
   Аёлнинг отасига бўлган эҳтиром-у  эътиборига ҳавасим келди.
   − Сиз ташвиш тортманг,-  тинчлантирдим уни, -  отахонни ранжитиб қўймайман. Бизда ҳам кексаларни ҳурмат қилишади.
    Шунга қарамай, ҳар икки-уч соатда отасига сим қоқиб, ҳол-аҳвол суриштириб турди.
   Эртаси тушки овқатдан кейин сайрга чиқадиган бўлдик. Муйсафидни оҳиста аравачасига миндириб, ташқари чиқардим. Лифтга ҳам қийналмай кирдик. Пастга тушгач, аравачани чеккароққа қўйишни буюрди.
   − Саша, энди юқори чиқиб, колли билан қўлтиқ таёқларимни олиб кел,- буюрди у.
   Мен итнинг занжирини қўлдан қўймай,  зинадан олиб тушдим. Сергей Митрафонович унинг занжирини аравачасига боғлаб, қўлтиқтаёқларини ёнига жойлаштиргач,  хиёбон томон ҳайдашни буюрди. Мен саросималанмай, меҳр ва ихлос билан эндигина қиш уйқусидан турган каштан, акас, оқ қайин дарахтлари оралаб   йўлга тушдим.   Колли ҳам итоаткорона бизга эргашди.
   − Берлингача  мотоцикл ҳайдаб борганман,-   ўшанда оёғимни совуқ олган. Оғриқ анча кейин бошланди.
   Гарчанд бу гапларни қизи аввал айтган бўлса ҳамки, ҳидояткорона маъқуллаб турдим.   Аёл, жумладан, отаси кейин Россия тарихини тадқиқ  қилиш бўйича илмий иш қилганлиги,  профессор бўлганлигини ҳам айтганди. 
   − Энди коллини ечиб юбор, у ичини бўшатиб келади,− деди жанг таассуротларини ҳикоя қилаётган суҳбатдошим ногаҳонда ва қўшиб қўйди.
    − Бу - тоза  қонли шотланд коллиси. Куёвим ўша ёқдан олиб келганди.
   Мен қийналмай занжирни ечдим. Ит ғизиллаб пана жойга ўтиб кетди. У қайтиб келгунча отахон  гапирмай, нафас ютмай турди. Колли  қайтиб келгач, хотиржам бўлиб, ҳикоясини  узилиб қолган жойидан давом эттирди.
   − Бизнинг ўқчи дивизиямизда ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар ҳам бор эди. Айрим тадқиқотчилар фашизмни Россия совуғи енгди, дейишади. Бу – нотўғри. Гитлер солдатлари бизникидай юпун эмас, қалин кийинган эди. Душманни бизнинг дўстлигимиз енгди. Халқлар дўстлиги, байналминалчилик сингари эзгу ғоялар энди одамларнинг қулоғига ўтиришмай қолди. Ҳар бир миллат ўз ботқоғи билан фахрланишга ўтиб олди.   Натижада  бугунги инжиқ ва жиззаки авлод  буюкмиллатчилик дардига мубтало бўлди.  Бунинг оқибати эса вабодан ҳам баттар бўлади. Просто кашмар.
   Муйсафид бу каломни бот-бот  такрорлашга одатланиб қолган эди. Лекинда,  умри давомида бир неча бор бешафқат ҳақиқатларга юзма-юз бўлган, аммо руҳини туширмаган, ҳар гал дадил туриб, олға интилган  музаффар ва ҳақиқатгўй  инсон эканлигига ишонч ҳосил қилабошлаган эдим унинг.
        Биз сайрдан анча кеч қайтдик.
   Кейин ҳар куни шу сценарий  (таъбир жоиз бўлса) такрорланиб турди. Тўғри, жузъий дигаргунликлар ҳам бўлиб турарди.  Бир куни сайрдан қайтсак, лифт ишламаётган экан.
   − Шу ерда бироз турайлик, ишлаб қолар,- деди муйсафид.
   Ярим соатча турганимиздан кейин,  у кишига мурожаат қилдим.
   − Сергей Митрофанович,  елкамга мининг,  сизни опичлаб олиб чиқаман.
   − Қўйсанчи,- унамади,- ҳадемай ишлаб қолар.
   Тағин бироз турганимиздан кейин ҳийла қўлладим.
   − Мен сизни кўтараоламанми, йўқми – шуни билмоқчиман, -  ўзи неча килосиз?
   Кейин жону ҳолига қўймай, опичиб олдим-у, ғизиллаб юқорига  йўл олдим. Охирги зиналарга келганда, чарчадим ва мени ваҳима босди. Кейин суянчиқни тутиб, чиқиб олдим ва отахонни бирайўла  элтиб каравотига ётқиздим.
   − Саша, кел ўғлим, пешонангдан бир ўпай,- деди кўзига  ёш олиб.
    Мен шу тариқа оиланинг ишончли аъзоси, муйсафиднинг содиқ  дастёрига айланиб қолдим. Энди менга батамом ишонган қизи ҳам  аҳён-аҳёнда келадиган, аммо  кунора менга ёки отасига телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўраб турадиган  бўлди. Дўкондан егуликлар, дорихонадан таблеткалар  харид қилиш, овқат пишириш сингари талай  юмушларни бажаришга кўникиб қолгандим. У кишининг оёғи бот-бот қақшаб оғрир ва бундай пайтда қон босими ҳам ошиб кетарди.  Мен эса зудлик билан  танометр тасмасини у кишининг тирсагидан юқорироққа ўраб, босим даражасини ўлчардим ва агар у 160 дан ошган бўлса, ўша пайтларда жуда ҳам ноёб бўлган аdelfan  билан оғриқ қолдирувчи таблеткаларни  ичирардим. Бу ҳам иш бермаганда, таниш докторга телефон қилардим. У мен ҳамда бемор билан бақамти гаплашиб олгач,  укол қилиб кетарди.
   Бир куни сайрдан кейин муйсафид  бир талай орден, медалларини кўрсатди.
   − Мана  буниси биринчи даражали орден,- деди у  устки қисмига “1941− 1945” рақамлари ёзилиб, беш қиррали юлдуз устига “Отечественная война” деб битилган орденни қўлга олиб ўпар экан.  Кейин “Красная звезда”, “Победа” деб ёзилган орденларини кўрсатиб, уларни қайси йили, қаерда олганлигини гапирди.
  Қалин қор ёғиб, совуқлар бошлангач,  ташқарида камроқ сайр қиладиган бўлдик.
    − Саша, бери кел, ёнимга ўтир,- буюриб қоларди у гоҳида ва хотираларини ҳикоя қилишдан чарчамасди. – Буни кўр,- деди у бир куни,- менинг партбилетим, фронтда олганман! Мен учун муқаддас ёрлиқ.
   Кейин ана шу тафсилотларни бирма-бир гапирарди. Бу одамнинг  коммунизмга  бўлган эътиқоди заррача сусаймаганди,  ана шу хаёлий жамият тантанасига чинакамига ишонарди.
   − Россияни ҳароб қилишди, ярамаслар!  Иқтисодни ҳам, маънавиятни ҳам барбод қилишди  булар. Аветикка ўхшаган эксплуататорлар кўпайди. Инсон боласи қаршиларида  қалтираб туришини истайдиган,  маънавияти оқсоқ авлод юзага келди. Булар – капитализмнинг аччиқ мевалари. Просто, кашмар. Коммунизм ҳам  биздамас, моддий ва маънавий жиҳатдан тараққий этган мамлакатларда бошланади. Масалан, Франция, Германия,  Швеция, Швецария сингари юртларда. Жаъми мамлакатлар бирлашади, чегаралар,  армия, пул керак бўлмай қолади. Чунки инсоният маърифат ва адолат йўлидан тоймайди, у тағин  ғорларга қайтмайди! Бу кунларни мен кўролмайман, аммо сен кўрасан!
   Бир куни тарихий шахслар ҳақида гапираётган маҳали савол бердим.
   − Сиз жадидларни биласизми?
   Суҳбатдошим  Гаспринский ҳақида анчайин батафсил ҳикоя қилди,  аммо бобокалонимнинг номини тилга олмади. Мен бундан ранжимадим.
    Унинг суҳбатларига диққат,  эҳтиром билан қулоқ солишимдан сарафроз бўлиб кетарди  у гоҳида. Зеро, бундан тоифа, ҳолатдаги кишиларга тузукроқ тингловчи  нақадар зарурлигини тасаввур қилиш қийин эмас.  Бир куни   газетага ўралган пулни менга узатиб илтимос қилиб қолди.
   − Саша,  сизларда аҳвол ҳозир яхшимаслигини биламан. Аммо ҳали бой бўлиб кетасизлар. Шу пулни уйингга юбор.
   − Буни ололмайман. Қизингиз берган пул етарли,- дедим.
   Кейин ҳарчанд қилса ҳам олишга унамадим. Бундан олдинроқ ҳам шунга ўхшаш ҳолат такрорланганди.  Сергей амаки телефонда аллакимлар билан гаплашиб олгач:
   − Саша, сенга бироз пул бераман – борасолиб, магазиндан ўзингга  костюм-шим сотиб ол,- деб қолди ўшанда. − Кечқурун  меҳмондорчиликка борамиз.
   − Пул ўзимда бор,- унамадим.
   Роса илтимос қилавергач,  ярмини олиб,  костюм-шим харид қилиб келдим-у,   кийиб олдим.
  − Миша деган дўстим саксонга кирди,- деди шундан кейин.  − Урушда  бир ротада хизмат қилганмиз. Бошқалар ҳам келар...
    Кейин  кўчага чиқдик.  Мен аравачани тратуар бўйлаб ҳайдадим. Аввал гул дўконига бориб, бир даста гладиолус харид  қилдик ва қўшни кварталдаги уйга кирдик.
  Хонадон соҳиблари бизни кўриб, беҳад қувонишди . Стол атрофида орден ва медаллар тақиб олган муйсафидлар билан бирга ўсмирлар, аёллар ҳам бор эди. Бу одамларнинг менга ҳам эҳтиром кўрсатишлари дилимга илиқлиқ уйғотди.
   Батамом бошқача, яъни эмин,  устиворроқ маънавият ва тамаддун соҳиблари  даврасига тушиб қолгандек эдим.  Шу кунгача ўзим  мулоқотда бўлган  руслардан  бу даврадагиларнинг фарқи мана-ман деб турарди. Улар марҳум дўстларини хотирлаш,  ватан туйғусини қадрлаш билан бирга, бугунги ҳукумат,  жамиятдан норозиликларини яширмадилар. Шу билан бирга...  яхшигина ичишди ҳам.
   Аммо айримларининг кайфи ошиб, ҳукуматни, мусулмонларни, инчунин, ўз иборалари билан айтганда, “осиёлик дарбадарларни”  ҳақорат қилиши дилимга ўтиришмаганини ҳам айтиб ўтишим керак, албатта.
  Бу даврада эсга олинган хотиралардан айрим ёдимда михланиб қолганларини сўзлаб берсам, ортиқчалик қилмас.
   “ Берлинга яқин қишлоқда  катта бир саройга жойлашдик. Бир маҳал болалар сувсаб, девордаги кранни очишди. Фашиллаб ҳаво  чиқабошлади  денг, аммо сувдан дарак йўқ. Анча кутганимиздан кейин бир солдат тамаки чекмоқчи бўлганди,  лопиллаб ёниб кетди. Аланганинг тили эшикдан ҳам ташқарига чиқиб кетди. Саросималаниб қолдик,  ўзимизни эшик, деразаларга урдик. Кейин билсак, бу газ экан. Қаранг: ўша пайтлардаёқ немис ҳукумати  шаҳар-қишлоқларини газлаштириб қўйган экан. Ҳозир бизда Москвадан сал нари чиқинг, на газ бор ва на тоза сув. Падарига лаънат буларни:  газни ўз халқига бермай, Европага сотиб ётибди”.
   Бу – Сергей амакининг ҳикояси эди.
    Энди Миша амакининг  саргузаштларини  тингланг.
     Сталиннинг буйруғи бор эди:  “Мабодо ўқ тегса, орқага эмас,  олдингга қараб йиқил,  шунда ватанннг бир неча қаричини душмандан тортиб олган бўласан”,  дейилганди. Менга  Москва яқинида ўқ тегди. Нақ йигирма қадамгача югуриб бориб, кейин  йиқилдим. Госпиталдан чиққанимдан сўнг, Эронга жўнатишди. Бу ерда бутун бир дивизия мутлақо махфий ҳолатда запасда турган экан. Агар душман Москвани олса,  булар Туркманистонга кириши ва урушни давом эттириши мўлжалланган,  албатта.  Ғалабадан кейин ҳам икки йил турдик.  Пенсияга чиқиш пайтида эса, биз роса овора бўлганмиз:  Эрондаги хизматимиз бирорта ҳужжатда ҳам қайд этилмагани боис, стажимизни ҳисобга олишмади, занғарлар”.
   Геннадий  Дмитриевич деган меҳмоннинг ишқий саргузаштлари  эса анча давомли, локинда мароқли эди.
   “ Урушга жўнатишганда, уйланганимга  атиги олти ой бўлганди. Лариса билан мактабда бирга ўқигандик. У  асли туркийлардан бўлган княз Юсуповларнинг авлоди бўлиб, бағоят сулув эди, бир кўрган киши муқаррар тарзда  ошиқ бўлиб қоларди. Қош-кўзлари қорачадан келган бўлиб,  дудоқлари ва  яноқлари оппоқ эди. Бир тутамгина хипча белига қоматига ярашиқ тасма  боғлаб юрарди. Қизнинг феъл-атвори ҳам қадимий рус князларига хос эди: кескин гапирар, эркаклардай иш тутарди.
   Лариса ошиқлари  орасидан мени танлагани учун беҳад мамнун эдим, чунки уни ҳаммадан кўпроқ, мажнунона севардим.
    Ҳар гал ёзган мактубида менга содиқлиги, бир умр хиёнат қилмасликка қасам ичарди.  Йил ўтиб эса  хат келмай қолди. Ёзганларимга ҳам жавоб ололмас эдим.  Қисматнинг қалтис ўйинини қарангки,  Лариса  бир студентга  тегиб ва у билан Калугага жўнаб кетган экан. Ҳеч ишонмайман, денг. Чунки бир-биримизни ҳаддан ташқари севардик;  бутун борлиғи,  латофати, жозибаси билан   кўз ўнгимдан кетмасди.
   Фашистларни қувиб бориб,  аввал Полшада, кейин Германияда туриб қолдик ва қаердаки бирорта қиз- жувонни учратсам,  ундан Ларисадаги бетакрор  жозиба-ю, хислатларни излардим ва дилим ғуссага тўларди. Кейин  эса бора-бора ана шу беҳудуд муҳаббатим нафрат ва ғазабга айланаборди. Қайтиб борсам, бевафолиги учун ундан интиқом олишга аҳд қилдим, бунинг режаларини тузабошладим.
   Ғалабадан кейин,  қирқ саккизинчи  йилгача Германияда қолдиришди. Қайтиб келиб, бомбалардан вайрон бўлган уй-жойларни тикладим, ҳарбий комиссариатга ишга жойлашдим.
   Бир куни бошлиқдан Калугага  командировка қилишини сўрадим. У монелик қилмади. Бориб, адреслар бюросига мурожаат қилдим. Қарангки, шаҳарда Лариса Юсупова деганлари бир нечта экан. Барининг манзилини ёзиб олиб, уни дараклашга тушдим. Бу ишни бамисоли ўғри мушукдай, бағоят эҳтиёткорлик билан амалга оширишга тўғри келарди. Мўлжалланган манзилга боргач,  қўни-қўшнилардан Лариса деганларининг ёши, қиёфаларини суриштирардим.
    Баҳор ўтиб, ёз келганда уни топдим. Мен тахминлаган уйнинг пастидаги болалар майдончасида газета  ўқиб ўтирарди у. Юрагим гупиллаб урабошлади. Лариса деярли ўзгармаганди.  Белига зичлаб  қизил тасма тортилган, хушбичим, адлқомат,  оқбадан. Ўша лаҳзадаги ҳолатим ва  ички кечинмаларимни сўзлаб беришга тилим ожиз. Кейин ўзимни тутиб ва нималар дейишимни  чамалаб, ёнига бориб ўтирдим.  Табийки, у мени танимади,  эътибор ҳам бермади. “Лариса, дедим анча танаффусдан кейин, танимадинг-а?!”  У юзимга бироз қараб турди-ю, анграйиб, қолди ва  ўрнидан илкис  турди. Кейин саросимага тушиб, тағин ўтирди,  зум ўтмай тағин турди. Ўта  қаҳрга минган ёки ҳаяжонланган киши билан гаплашмай туриш зарурлигини билардим. Шунинг учун ўзимни бағоят лоқайд, бепарво тутишга ҳаракат қилдим. Шунга қарамай, у шоша-пиша жўнаб кетди.
   Мен энди унинг уйдан чиқмаслиги, чиққанда ҳам бу жойга келиб ўтиришдан қўрқишини  билардим.  Бу гал келиб, унинг уйи атрофида арвоҳдек изғиб юрганимда,  озиқ-овқат дўконида  учратиб қолдим. Қўлидаги  целлофон халтада харид  қилган егуликлари бор эди. “Лариса, бер мен ёрдам бераман”, дедим жуда хотиржам оҳангда. Худди етти ёт бегоналардек, озгина гаплашдик. Назаримда мутлақо бекорчи гапларни гапирдик. Сўнг шошилинч жўнаб кетди.
   Дилимда туғён урган фикрлар бот-бот дигаргун бўлиб турар, уларни эплолмай, бошқаролмай қолардим гоҳида. Менга бевафолик қилган ва бошқа бир эркакнинг қучоғида тўлғанадиган  бир  аёлнинг ортидан нега юрибман – мақсад-муддаом нима? Қасос олишми ёки васлига етишишми? Ахир, буларнинг бари батамом бекорчи ишлар-ку...
    Бу гал учрашганимизда, унда менга нисбатан, аллақандай мойиллик пайдо бўлганлигини сездим, ҳатто  телефон  номерини ҳам ёзиб берди. Эндиликда телефонда гаплашиш, истаган  пайтда чақириб олиш имкони юзага келганди. Эри архитекторлиги, унинг иши жуда кўплиги,   фарзандлари йўқлигини  аввалроқ айтган эди.
    Бу орада Ларисадан қасд олиш ёки унга уйланиш фикридан   воз кечиб, Калугага қайта бормадим ҳам. Аммо кунлардан бирида у менга телефон қилиб қолди ва  роса гилалади. Бу ҳам етмагандек, Москвага меҳмон бўлиб ҳам келди.  Гарчанд, кийим-бош харид қилгани келганини такрорласа ҳамки, мени кўриш истаги бу томонга етаклаганини фаҳмлаш қийин эмасди.
     Ларисанинг бевафолик  қилганини шу кунгача тилга олмаган, аниқроғи, юзига солишдан андиша қилиб келгандим, ўзи ҳам бу хусусда гапиришга номус қиларди чамамда.  Бу гал эса, меҳмонхонага жойлаштириб, у ердан чиқиб кетаётганимда, “Гена, тўхта!” деди ва кутилмаганда  кўксимга бош қўйиб йиғлайбошлади. “Гена, мени кечир, кечир! Мен билан қол, ёлғиз ташлаб кетма”, деб зорланарди нуқул.  Кейин эса қарийб бир ҳафта давомида эр-хотинлардай яшадик. У эрининг бевафолиги, лоқайдлигидан нолиди. Мен бу гапларни анча  бепарво туриб  эшитдим. Боиси: дилимдаги аввалги эҳтирос ва орзулар алангаси у билан бўлган  бир ҳафталик висолдан кейин, негадир  сусайган эди.
   Орадан  йил ўтмай, у эри билан ажралишди. Мен бу ҳолдан унчалик қувонмадим. Кейин Москвага – менинг олдимга келди.  Мен жуда иккиланиб,  у билан қандай муносабатда бўлишни билмай юрардим. Дилимда унга бўлган меҳр муҳаббат ҳам,  қасд олиш туйғуси ҳам сусайган эди.
   Хонамга бу гал кириб келганда,  ёқинқирамай ва даб-дурустдан:  “Лариса, дедим,  сен менга бевафолик  қилдинг, мен эса қасос олиш учун сени шу куйга солгандим. Сендан нафратланаман!  Энди жўна – тўрт томонинг қибла! Мен сени севмайман ҳам, уйланмайман ҳам!”
     Шу гапимдан кейин у тиз чўкиб йиғлайди, ёлвориб кечирим сўрайди деб ўйлагандим, аммо ундай бўлмади, бирдан  ташқарига отилди.  Мен бундай қўпол ва қалтис  гапирганимдан надомат тортиб, апил-тапил кийиндим-у ортидан югурдим.
    Қарасам, катта кўча бўйида одам гавжум,  саросар... Кимнидир машина уриб кетганини сезиб, ваҳимам тағин ошди. Бориб қарасам, жабрдийданинг устига оқ  чойшаб ёпиб, “тез ёрдам” машинасини кутишаётган экан. “Бу аёлга бир гап бўлган, милиционерга  уқдиришга ҳаракат қиларди юк машинасининг ҳайдовчиси. − Югуриб келди-ю, ўзини ғилдиракнинг тагига ташлади. “Тез ёрдам” машинасига ортишаётганда, белидаги қизил тасмага кўзим тушди ва барини тушунгандай бўлдим.
   Аёл оламдан ўтса, ўзи билан оламни олиб кетади, дейишади. Менинг бутун дунём, борлиғим ҳувиллаб қолган эди.
   Шифохонага етиб борганимда, у йўлда жон таслим қилганини айтишди. Кейин қишлоқдан қавмлари келиб, жасадини моргдан олиб кетишди.
   Кўмиш маросимига ҳам қатнашдим. Эри ҳам етиб келди. Бахтиқаро Ларисани тупроққа топширдик. Аммо бу ерда тўпланганларнинг бирортаси бу фожианинг асл сабабчиси мен эканлигимни хаёлига ҳам келтиролмасди.
   Қиз болани алдаб, номусига тегиш – ёш бола ёки кекса кишини ўлдиришдай оғир гуноҳ, деб ўқигандим. Хўш, аёлни  алдаш-чи?  Бу ҳам ҳазилакам гуноҳ эмасдир?! Гуноҳ эса бир умр пистирмада туриб, нақ юрагингни мўлжалга оладиган овчига айланаркан.
 Кейин мен умуман  уйланмадим...”      
  
     Бу ишқий саргузаштни ҳаммамиз  берилиб тинглагандик, даврадаги ёшлар талай саволлар ҳам беришганди. Меҳмондорчиликдан кеч ва сархуш бўлиб қайтгандик.
    Шу тариқа икки йил юрдим.
     Россиянинг жонга тегадиган давомли қиши тугаб, баҳорнинг илиқ шабадалари эсадиган  кунлар бошланганди ўшанда. Хиёбондаги кўкатлар найзабарг бўлиши билан биз тағин сайрга чиқабошлагандик. 
     Ўша куни уни кўргани қизи, куёви билан келишган эди. Муйсафиднинг қон босими бирдан ошиб кетди ва ҳарчанд уринишларга қарамай пасаймади.  Бир неча соатдан кейин эса,  миясига қон қуйилиб,   қизининг  қўлида жон берди.
   Шундан кейин Самарқандга қайтишга қарор қилдим. Марҳумни сўнгги йўлга узатдиг-у, қароримни унинг қизига айтдим.  Бу хушфеъл аёл  Москвада  қолсам, тузукроқ  иш топишга кўмаклашишини ҳам айтди. Аммо юрт ва қавмлар, айниқса отам, онам соғинчи устун келди.   Безовта бир илҳақлик билан Ватанга қайтдим!
                                  




                                                            4
   Самарқандда  ҳали ўзгаришлар оз эди. Аксар одамлар нон топиш, рўзғор тебратишдан бошқасини ўйлашмас; ишсизликдан бўлса керак, бу ердан олиб, нарироққа элтиб сотиш билан банд эдилар.  
    Уйда бирор ҳафта меҳмон бўлгач,  эски “Жигули”мни созлашга киришдим. Тўрттала  ғилдирак  ва айрим  зарур қисмларини янгилаб, киракашликка чиқдим.
  Шу ҳисобдан ҳар эрталаб бир даста гул олиб, бобомнинг ҳайкаллари пойига қўйиш ҳам кунлик одатимга айланиб қолди. Шаҳримиз ободонлашиб, ҳаётимиз ҳам анчайин тўкис бўлаборди. Тағин уч йилдан сўнг “Жигули”ни сотиб, “Neхia” ҳарид қилдим. Бу билан киракашлик қилиш ҳам анча ишончли эди. Тошкент, Бухоро, Қарши сингари шаҳарларга турли тоифадаги кишиларни таширдим ва уларни гапга солардим. Бу одамларнинг аксари савдогарлар бўлиб чиқарди ва суҳбатимиз узоқ давом этмасди. Аммо машинамга зиёлилар ҳам меҳмон бўлиб туришарди.
  Машинамнинг олд кузгуси устига бобомнинг анчайин катта салла ўраган, узун соқол қўйган   шапалоқдай расмларини ҳам ёпиштириб қўйдим ва  қизиқиб қолган кишиларга у киши ҳақларида гапириб берардим.

   Ҳаётимда муҳим бурилишга сабаб бўлган ана шундай учрашувлардан бири ҳақида гапирмоқчиман.
   Ўша куни эрталаб бош автобекат ёнидан ўтиб кетаётганимда, хушфеългина бир амаки қўл кўтариб қолди. Анчайин ўтинч билан Жиззах шаҳригача олиб боришимни сўради.
    − Жиззахми? Йўқ, олис,- бош тортдим.
    − Нимаси олис? Текис асфальт бўлса...Рози қиламиз...     
    У иккиланиб турганимда, аниқ жавобимни ҳам кутмай, “Волга” машинаси ёнида турган шеригини чақирди. “Мирҳоди ака, келинг!”
  Улар камина билан енгилгина саломлашиб, орқа ўриндиққа ўрнашиб олишлари билан,  иккиланмай машина рулини Жиззах томон бурдим. Уларнинг ўзаро суҳбатлари ва рафторларидан илк хулосаларим шу бўлдики,  Мирҳоди домла дегани олтмишнинг нари-берисида бўлса ҳамки, умрида пешана тери ёки кўз ёши таъмини татиб  кўрмаганиданми ёки ирсий хислат боисими анча навқирон кўринарди. Қомати тик, қоп-қора сочи орқага қараб силлиқ таралган, либослари бежирим, оҳорли. Ундан  қимматбаҳо аdonis атрининг хушбўй ҳиди таралади. Ўтмиш ҳақида иштиёқ билан гапириш, уни улуғлаш, бир пайтлардаги хизматларини пеш қилишни хуш кўрадиган; ўзгалар ҳам буни эътироф этишларини жуда-жуда истайдиган замон зиёлиси. Эҳтимол, булар бари кексаяборишнинг ўзига хос аломати бўлса. Бу одам: “Улуғ бўлсанг, улуғларни улуғла”, деган нақлни бот-бот тилга олади ва бундан зоҳирий манфаат кўзлайди, аниқроғи, ўзини улуғлар сафида деб билади. Шу билан бирга собиқ арбоб-у,  амалдорларга ҳамду-сано ўқишни хуш кўради, ҳозирги казо-казолар ҳақида ҳам нохуш гап гапирмайди, фақат ўрни келганда, улардан гилалайди ёки беўхшов киноя қилади. Хуллас, мустақиллик эълон қилингандан кейинги йиллар ўзбек аристократиясининг аросатда қолган қатлами.
   Гап-гаштакдан каминага тағин шу сирлар  аён бўлдики, Мирҳоди домла шўролар даврида институт ректори бўлган экан. Унинг қандай ишлагани менга ноаён. Аммо ўша пайтларда, юртимизда демократия шамоллари эсиши туфайли одамлар ўзгарганми, домланинг ўзи ўзгарганми, ҳайтовур зоҳирий зиддиятлар пайдо бўлган ва у жиддиятга айланган. Шу тариқа диалектик тараққиётнинг бешафқат тўлқини уни бир чеккага суриб қўяқолган экан.
   Аслида, мен аввало, машинамга қўл кўтариб, Мирҳоди домлани таклиф этган кишига таъриф беришим керак эди. Унинг номи Мирбақо экан. Назаримда Мирҳоди домла билан тенгдош; бақалоқ, сертавозе, сертакаллуф, лаббайгўй ва ҳоказо. Кечаги кунга ҳам,  бугунги дамларга ҳам бот-бот шукрона айтишни канда қилмайдиган, аксар масалаларда дўстига тақлид қиладиган, эски одатига содиқ қолиб, унинг кўнглини овлашни хуш кўрадиган одам эди. Ўзаро муносабатлардан каминага аён бўлишича, Мирҳоди домла  ректор бўлганда, бу одамни ўзига биринчи ўринбосар қилиб олган экан. Назаримда тўғри қилган: тақдирнинг ўзи  Мирбақо домлани ўринбосарлик учун яратгандай  − садоқатли, анчайин лаганбардор.
     Начора, биров худонинг бандаси, биров бандасининг... Бу одам тарих ёки ҳуқуқшунослик фанидан ( унчалик тушунолмай қолдим) дарс берган экан.
   Жомбойдан ўтаётганимизда, Мирҳоди домла яланғоч ғўзапояларни кўриб, талабаларни теримга олиб чиққан дамларини эслади.
    − Ҳар йили биринчиликни олардик. Бўлмаса, Самарқандда институт-у техникум озмиди?!
     − Коммунизм бўлиб, ўтиб кетган экан-у, билмай қолибмиз,- қувватлади шериги, худо берган куни зиёфат эди; пахта теримидан семириб, тўлишиб қайтардик.
   Анчайин сукунатдан кейин, улар ногаҳонда Самандар деган кишини эслаб қолишди ва уни ғийбат қилишга ўтишди.
     Бориб турган ўпка, якрав, деди Мирҳоди домла, қанча яхшиликлар қилганман, аммо қадримни билмади у − бедаво башара. Ҳеч кимни тан олмай, нигилистлик қилганини айтмай қўяқолай .
     − Арақни кўрса, ўзини томдан ташлайди, хумбош,  улаб кетди шериги, - а, калласи ишласа, жадидлардан тема олармиди? Эсесер даврида-я...
  – Буниси ҳам майли,- иштиёқ билан уни қўллади собиқ ректор,- ўзича жадидчилик ҳаракатини қайта бошламоқчи бўлди. Студентларни тўплаб, уларнинг онгини бузабошлади. Кейин олдини олдим...
   Мен ногаҳонда  сергак тортдим. Демак, жадидлар ҳақида гап бўлдими, булар бобокаломимни ҳам ёмонлаб қўйиши мумкин. Бу тахминимдан дилим андак ғашлик тортди. Ҳарқалай улар Самандар деганни роса балчиққа ботиргач, бошқа ҳамкорларини ғийбат қилишга ўтишди.
   Тўйга қўярда-қўймай мени ҳам олиб  киришди. Юртда анчайин танглик, ночорлик бўлишига  қарамай, бу ердаги ҳашам,  дабдаба дигаргун эди. Маҳоват эмас-у, камида беш юзга яқин меҳмон тўпланганди. Дастурхондаги ноз-неъматларнинг айримларини биринчи бор кўриб турган эдим. Меҳмонларнинг аксари башанг кийинган, нуфузталаб кишилар эканлигини фаҳмлаб олиш қийин эмасди, ўзимга ўхшаган бирор ночорроқ кишини учратолмаганим сабабли ўзимни хору хасдай беқадр билиб, ноўнғай бўлиб ўтирдим ва бобомнинг аср бошида ёзган мақолалари ёдимга тушди. Унда исрофгарчилик ўрнига болаларни яхши ўқитишга, мактаб, мадрасалар учун сарфлашга даъват этилганди. Орадан юз йил ўтиб, ҳамон ўша жойда депсиниб ётишимиз нохуш ва хавотирли эди, албатта.
   Тўйдан қайтишда бизга  ўттиз беш ёшлардаги, жиккак, анчайинг кўримсиз киши ҳамроҳ бўлди. Чап қўлининг сунъийлиги, юзидаги чандиқ дилимда дафъатан нохуш туйғу  ўйғотганини ҳам айтиб ўтишим керак. Аммо овози жарангдор, гаплари дадил, мантиқли эди.
   Унга менинг ёнимдан жой беришди. Кабинага ҳийла қийналиб кирди ва бағоят эҳтиёткорлик билан жойлашиб олди.  Чап қўлидаги  ҳиссиз бармоқларига чарм қўлқоп кийгизиб қўйилганди унинг.
    − Кеча автобус билан келгандим, - деди у, -  Самарқанддан бирор савобталаб келиб қолса, мени ҳам олиб кетар, деган умидда ўтиргандим – худо сизларни  етказди.
    − Самандархон, энди сиз назаркарда одамсиз-да,- деди Мирбақо домла енгил тилёғламачилик билан.
   Боя йўлда роса  ғийбат қилинган Самандар шу одам бўлса керак, деб фикрладим ўзимча.
   Кутилмаганда, у биринчи бўлиб менга мурожаат қилиб қолди.
 – Менга қаранг, ука, мана буни олиб қўйинг,- деди бобомнинг расмларига ишора қилиб.
  Мен ғазабимни жиловлаб, гапнинг давомини эшитмоқчи бўлдим.
   – Бу Беҳбудий домланинг ҳақиқий расмлари эмас,- давом этди у,- қайбир чаласавод рассом у кишининг қиёфаларини бузиб қўйган. Салобатли, нуроний қиламан деб саллани катта, соқолни узун қилган. Ва энг ёмони, бу расм оммавийлашиб кетди. Ваҳоланки, бу – мантиққа зид. Жадидлар, айнан соқолларининг қисқалиги, саллаларининг ихчамлиги билан ажралиб туришган. Уламо шунинг учун уларни “жадид” деб атаган. Ўша пайтларда “жадид” худди биз “экстремист” “демократ”ни камситиб ёки заҳарханда қилиб тилга олганимиздек, киноя маъносида қўлланган.
  Гарчанд, жадидлар ва бобом тўғриларида анчагина маълумотга эга бўлсамда, бу гаплар мен учун мутлақ янгилик эди. Самандар деганлари ҳақида фикрим андак ўзгарди. Фикрларимни жамлаб, тағин унга қулоқ солдим. Самандар эндиликда бошқа мавзуда гапирарди.
       − Афғонистонга жўнатиш олдидан Термез яқинида уч ой машқ ўтказдик, -  давом этарди янги танишим, ҳарбий ҳийла-ю,  асрорларни ўргандик. Рус, украин, молдаван... ҳаммасидан  бор эди. Дастлаб миллатчилик, маҳаллийчилик ҳеч кимнинг хаёлига келгани йўқ. Тартиб-интизом қаттиқ эди – Совет Иттифоқидай қудратли мамлакатнинг тенг ҳуқуқли аскарлари эдик, ахир! Вақт ўтиши билан бошланди. Мен ўшанда миллатчилик, маҳаллийчилик −  ожизлар, худбинлар, нотавонлар иши,  деган хулосага келганман. Орамизда Тошкентдан келган Руслан деган бола бор эди. Отаси –ўзбек, онаси – татар, дейишди. У бир куни биз – ўзбекларни тўплаб, биз – буюк миллат эканлигимизни, ана шу шарафга иснод келтирмаслик учун бирлашишимиз зарурлигини уқдирди. Шундан кейин уни шериги туриб, Русланни ўзбек болаларининг атамани деб эълон қилди. Тўпланганлар қарсак чалишди. Аслида ҳали ҳеч ким бизни яккалаш, қадр-қийматимизни ерга уришни хаёлига ҳам  келтирмаганди. Ахир, ўзга миллат болаларидан чандон кўп бўлсак, буёғи эса ўз юртимиз. Шунга қарамай денг, ҳалиги таклиф кўпчиликка ўтиришди ва Руслан деганнинг атрофида тўпланабошладик. Тан оламан, мен ҳам кўпчиликдан четда  қолишни ўзимга эп кўрмадим. Кўп ўтмай, ўзгаларни тергаш, таҳдид қилиш бошланди.
 Мирҳоди домла билан шериги қаҳ-қаҳ отиб кулишди.
  – Ўзлари ҳам қовун ташириб қўйган эканларда деди,- Мирбақо домла.   Самандар жавоб ҳам қайтармай сўзида давом этди.
  Бора-бора атаманимизга командирлар ҳам қаттиқ гапирмайдиган бўлиб қолишди, − давом этарди  у,− машқларга истаган пайтда қатнашар,        сўрамай-нетмай шаҳарга кетиб қоларди. “Биз билан бўлмаганлар – бизнинг душманимиз”, деган иборани такрорлашни хуш кўрарди. Шу тариқа ёлғизланиб қолган татар, қирғиз болалар ҳам сафимизга  қўшилиб, ўзгача рафтор қиладиган бўлдилар. Ўттиз кишидан ортиб қолгандик биз. Шундай кунлардан бирида горнизонимизда уч чечен пайдо бўлди...
    − Ҳа-ҳа-ҳа,- қаҳқаҳа отиб юборди Мирбақо домла шу ерга келганда, - тутганини қўйиб юбормайдиган, жанжалкаш халқ.
   Самандар бу гапдан дафъатан жиддий тортди.
    − Домла, халқ, миллат ҳақида шундай дейиш мумкинми?! Бунга мен билан сизнинг маънавий ҳаққимиз борми?!
   Мирбақо домлага бу дашном ўтиришмади, шекилли жавобан чайналди, унинг дудмал гапидан бирор мазмун тополмадим.
   − Хуллас, ғалати эди ҳалиги чеченлар,- давом этди у. Андак жиддийроқ ишга қўл урадиган бўлишса, чўнқайиб олиб, тиловат қилишарди. “Биз фақат худодан қўрқамиз”, дейишарди бот-бот. Ҳатто бизга ҳам мойил эмасди улар. Бу ҳол бора-бора Русланга  оғир ботабошлади. Дастлаб, улар очиқ жойда уччовлашиб намоз ўқишаётганда,  баримизнинг диққатимизни ўша  томон қаратиб, устларидан куладиган бўлди.  Бу ҳам етмагандек, оёғи майишиброқ юрадиган чеченга “запорожец” деб лақаб қўйди. Бир куни ўша чеченга: “Ҳей “запорожец” намозхон жўраларингни олиб, ҳузуримга киринглар, гап бор”деди фармойиш оҳангида. “Нима гап?” зарда ва нописандлик билан сўради чечен. “Бу ернинг ўз қонун-қоидалари бор: шуни уқдириб қўймоқчиман”.  “Кўрамиз”, деди чечен ўша иддао билан. “Кўр – кўрамиз, дейди, кар – эшитамиз дейди, қўрқоқ – енгамиз, дейди”, сўз ўйини қилди атаманимиз. Уёғи нима бўлганидан бехабарман. Тонг билан ёнимдаги тожик бола туртиб ўйғотди. “Тур, о бу чеченла Русланни осиб кетибдула...”
   Ётоқ билан ҳожатхона оралиғида катта тут дарахти бўларди. Ваҳм билан бориб қарасам, шўрлик Русланнинг бўйнига  сиртмоқ солиб, арқоннинг учини шохга боғлаб қўйишибди. Сардоримизнинг оёғи ердан батамом узилмаган, аммо гавдаси дарахтга чирмаб ўраб ташланган, оғзига қўпол қилиб, кир латта тиқилганди. Туни билан шу алпозда турган бўлса керак, кўзида ҳаёт аломати кўринмасди. Кўкрагидаги бир парча қоғозга русчалаб: “Ким ечиб олса, ўрнига ўзи осилади”,  деб ёзилганди. Биз, яъни ўзбек болалар юрак довлаб боролмадик. Ўрис болалар келиб, арқонни кесишди: Руслан шилқ этиб, ерга йиқилди. Ўн кунча госпиталда ётиб келди-ю, бинойидан одам бўлиб қолди. Табиийки, биздан гилалади, аммо ҳамма билан саломлашадиган, кеккаймайдиган бўлиб қолди.
   Афғонлар, аниқроғи, Руслан ва чеченлар ҳақидаги ҳикояни фақат мен эмас, орқада ўтирганлар ҳам нафас ютиб тинглашди. Кейин қизғин муҳокама  қилишга киришишди.
    − Ҳе, ўзи чечен жанжалкаш халқ,-  деди Мирбақо домла, бу гал жилла андиша билан.  Мирҳоди домла иккиланиб, чайналди. 
   − Чеченлар боплабди, аммо сизлар ўттиз киши бўлатуриб, учта чечендан қўрққанларинг жуда ҳам кулгили гап,  Самандархон! Масалан, ман сизни анча жасур одам деб ўйлагандим, − деди аммо атаманингизни сиз ҳам сотиб қўйибсиз.
    − Домла, ҳакам ҳуштак чалмасдан олдин тепилган тўп ҳисобга олинмаслигини биласизми? Зеро гап бунда ҳам эмас. Инсоннинг қалбида ҳамиша адолатсизликка қарши исён кечиб туради. Шахсан мен Русланнинг адолатсизлик қилаётганини ич-ичимдан ҳис қилгандим, яккаланиб қолмаслик учун, шунчаки аралашиб турардим. Кейин шундай хулосага келдимки, бошқалар ҳам худди мендан фикрлашган экан. Назаримда, бунинг илдизини бошқа ёқдан, Руслан ва унга ўхшаб, маърифатдан бебаҳра қолганлардан  излаш керак. Жадид боболаримиз нега ўтган асрнинг бошидаёқ миллатни маърифатли қилиш учун курашишди. “Ўқи, болангни ҳам ўқит” дейишди ва ана шу даъватлари учун шўрпешана шўролар уларни ваҳшиёна тарзда жазолашди. Энг ёмони,   айрим зиёлиларимиз ҳозиргача жадид боболаримизни қоралашдан андиша қилишмайди.
   Ҳамма жимиб қолди. Мирбақо домла алланима деб ғулдиради, аммо гапининг мазмунини тушунолмай қолдим. Улар бу гапдан ноўнғай аҳволга тушиб, бирданига жимиб қолишди ва мен ҳарчанд қилсам ҳам бунинг сабабини тушуниб етолмадим.
   Ноўнғай сукунатни Самандар аканинг ўзи бузди.
    − Шу ерда бир дақиқа тўхтаймиз, - деб қолди у,  Амир Темур дарвозасига етиб келганимизда. Мен машинани бир чеккага олиб, тормозни босдим.
    − Бу дарадан бот-бот ўтиб тураман, гоҳида қумсаб,  атайин келиб кетаман,  деди шеригим, шунга қарамай, ҳар гал ҳаяжондан юрагим ҳаприқиб кетади. Катта кўча, дарё, темир йўл торгина дарага тиқилиб бораётгандай, ҳадемай нимадир юз бериши муқаррардай бўлиб туюлаверади. Киши андак саросимага тушади: аввал бу ҳолат ва ҳаракатларнинг қайбирини кузатишни билмай қоласан.
  Самандар  ака иккаламиз машинадан тушдик. У уч-тўрт қадам босди-ю, атрофга суқ билан боққанича қотиб қолди. Бу ерга илк бор келган ажнабий меҳмондай бошини сарак-сарак тебратди. Сўнг бир харсанг устида турган қушга узоқ термулди.
    − Қаранг, деди ҳаяжони тағин ҳам ошиб, миққий! Бу қуш йўқолиб кетган, деб юрардим. Шукур, бор экан! 
   − У бургут эмасми? - шубҳаландим  найзага ўхшаш тик қояда мағрур турган нодир паррандага қараб.  
   − Йўқ, ука,  бу - миққий деган ноёб қуш. Жуфти ҳалолига бир умр хиёнат қилмайдиган, қузғунларга қирон келтирадиган парранда, илонни ҳам илиб кетади. Аммо камайиб кетишининг сабаблари ҳамон маълум эмас.
   У қушдан кўзини узмаган ҳолда, бошини мастона тебратганича давом этди.
    − Мен Афғонистонда  ўлиб кетсам, бу азиз жойни қайта кўролмайман, деб армон билан йиғлардим. Шукур! Дунёнинг бирор қитъасида бунақа серасрор масканни учратолмайсиз. Ҳар гал келганимда, ўпкам тўлиб кетаверади.
  Унинг овози титраб кетди. Бир лаҳза тин олгач, бошини мастона тебратиб, қўшиб қўйди: “Ватан! Ватан!! Ватан!!!”
   Ҳамон кабинада ўтирган шерикларимиз танг бўлиб, бизни устма-уст  чақирабошлашди. Тағин йўлга тушдик.
    − Хўш, мулло Самандар, Афғонистондан гапираётган эдингиз...-  тергаб қўйишди шеригимни.
    − Шўролар ҳукумати Афғонистон билан дипломатик муносабатларни тиклашда ҳам жадидлардан фойдаланган. Илк бор Абдулла Авлонийни элчи қилиб юборган.. Авлоний ҳазратлари буларнинг барини ёзиб қолдирганлар. Бебаҳо хазина... Эҳ, жадид боболаримизга муносиб авлод бўлолмадикда... У киши ҳам Тошкентда катта мавқега  эга бўлганлар. Беҳбудийдай илк газеталар чиқарган, “Турон” театр труппасини ташкил этган ва унда илк бор “Падаркуш”ни қўйган  ва ҳоказо. Эҳтимол, у кишидан қутулиш учун Афғонистонга жўнатишгандир.
  – Бу гапларни қўйинг, чеченларни гапиринг,- деди Мирбақо домла
  – Машқлар тугагандан кейин бизни Афғонистоннинг турли вилоятларига тақсимлашди,  давом этди у, гуруҳимизда ўндан зиёд ўзбек; тожиклар, руслар, ўша маймоқ чечен тушди.  Бир куни туш маҳали ўша чечен баримизга мурожаат қилиб қолди.
     − Мусулмонлар, калима қайтаришни биласизларми? Бизнинг жавобларимиз узуқ-юлуқ, алдам-қалдам бўлиб чиқди.
   Суҳбат шу ерга келганда, орқада  ўтирган домлалар кулиб юборишди.
    − Бошқаларга майли-ю, аммо сиз, эшонзода бўлатуриб билмасангиз...- киноя қилди Мирҳоди домла.
    Самандарнинг нозик жойидан тутгани боис Мирбақо домла мириқиб кулди.
    − Мен у вақтлар ўн тўққиз ёшда эдим, давом этди Самандар, атеизмдан аъло баҳо олардим. Лекин мана сизлар – олтмишвойлар, бунинг устига мустақиллик, эркинлик, қани калима  қайтариб, маъносини айтиб берингларчи.
   Домлалар бундай рафторни кутишмаганлари боис, уларнинг ҳам жавоблари узуқ-юлуқ, алдам-қалдам чиқди. Мирбақо домла калима қайтарди-ю, мазмунини айтиб беролмади.
    − Тилимни қичитмангда, домла,-  деди шеригим, сиз атеизмдан дарс берардингиз, мустақилликдан кейин ўзингизни батамом инкор этиб, дин тарихини  ўқита бошладингиз. Лекин элементар нарсани тушунтириб беролмайсиз.
   Бу ноўнғайликдан зудроқ қутулиш илинжида Мирҳоди домла гапни аввалги ўзанга бурди.
    − Хўш, давомини гапиринг, давомини чеченнинг ўзи биларканми?
    − Биларкан,  “Балхда, деди у, десантчиларимиз қўлга тушишибди. Калима қайтарганларини озод қилиб, қолганларини отиб ташлашибди”. Рости гапки, бу гапдан кейин дилимизга ўт тушди. Чечен дўстимизга  илтижо билан тикилиб қолдик. Умидвор нигоҳларимизда: “Биз бадбахтларга калима қайтаришни ўргат”,  деган зорланиш зоҳир эди. “Дафтар-қалам олинглар”, деди у босиқлик билан. Фикридан қайтиб қолмасин, деб зудлик билан айтганларини ҳозирладик. “Ёзинглар! Ло илоҳа иллолоҳу Муҳаммадин Расуллулоҳ. Яъни: Оллоҳ – ягона, Муҳаммад – унинг Расули”.
   Шу ерга келганда,  Самандар ака бир неча лаҳза тин олди. Орқада ўтирганлар сингари ўзим ҳам овозсиз калима қайтариб, уни ёдда сақлаш ҳаракатида бўлдим. Домлалар бир зумда тўнларини тескари кийиб, шўролар даврини, унинг динга бўлган муносабатини ёмонлаб кетишди. Талай мисоллар келтиришди.
    − Бу эски гап, минг йиллик сақични чайнамаслик керак,- эътироз билдирди  Самандар ака, − хитойликлар бировни қарғамоқчи бўлса: “Илоҳим, ўтиш даврида яша”, деркан. Чунки бу давр осон кечмайди. Биз ҳам ўтиш  даврини бошдан кечираябмиз.  Лекин аксаримиз   оғма одамлармиз. Мустақиллик эълон қилинди. Аммо қандай оламшумул воқеа содир бўлганини ҳанузгача идрок этолмай юрибмиз. Ўта лақмалик билан “Коммунизм бўлиб ўтган экан-у, билмай қолибмиз”, деган бағоят варсоқи ва  бемантиқ каломни қайтаришдан уялмаймиз. Ғилдирак ичидаги олмахонга ўхшаймиз. Шу боис, тарихимиз бой бўлса ҳамки,  ўзимиз қашшоқ бўлиб қолаверамиз!  Ўтган аср бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий, ўша сизлар китобларингда танқид қилган, яъни “буржуа миллатчиси” деб атаган буюк ва беназир инсон...
   Бобокалонимнинг номларини эшитишим билан сесканиб тушдим. Бошқарувни йўқотишдан хавотир тортиб, тезликни сусайтирдим. Шу билан бирга вужудим қулоққа айланиб, шеригимни тингладим:  “... мустақилликни ана шундай қон тўкмай, тинч йўл билан амалга ошириш ҳақида ёзган эдилар. Туркистон Мухторияти эълон қилинишидан қувониб, бу музофотдаги барча миллатларни ҳушёрликка,  бирдамликка чорлагандилар.  “Бовурлар, деб ёзган эди у киши қозоқ биродарларга ёзган мактубида, билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун Мухторият  эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас! Инчунин мухторият олинур, лекин берилмас...”
   У адашмай, тутилмай бобокалонимнинг гапларини охиригача айтди. Кейин жимиди. Биз ҳам сукут сақладик. Сукунатни унинг ўзи бузди:
  − Ўйлайман ва охирига етолмайман: бобомиз идрок этган ҳақиқатни тушуниш учун нечун етмиш  йил керак бўлди? Юртимизга оёқ қўймаган немис иқтисодчиси Карл Марксга, пролетар доҳийси Ленинга маҳобатли ҳайкаллар ўрнатдик, сиғиндик, аммо октябр инқилобини зўравонлик деб эълон қилган бобомизни ҳозиргача таҳқирлаб келаётирмиз... Начора, бўйин бўлса, бўйинтуруқ топилар экан-да...
   Инграб юбормаслик учун лабимни қаттиқроқ тишладим, тилим шўртак  таъмни сезди. Фикримни чалғитиш учун йўлга эътиборимни оширдим.
   − Бир Октябр инқилобини қоралашга унчалик шошилмаслигимиз керак, - бу гал анча босиқлик билан гап бошлади Мирбақо домла. − Шу инқилоб туфайли жуда кўп нарсага эришдик. Йиллар ўтган сари унинг қадрини ҳис этаверамиз. Таққослаб кўрамиз-да. Ҳозирданоқ бошланди: қашшоқлик, адолатсизлик...
    − Ҳали бу бошланиши, унинг каломини илиб кетди Мирҳоди домла, -  мен докторлик диссертациямда  деталма-детал киритганман – бепул ўқитиш, бепул медицина, тараққий этган саноат, қишлоқ хўжалиги...
   Ҳа, домлаларнинг фикрини ҳам инкор этиб бўлмасди. Узоқ давом этган мубоҳасалардан шу нарса аён бўлдики, Самандар ака жадидлар ҳаракати ҳақида кандидатлик диссертацияси ёзаётганда, Мирҳоди домла ўтган аср бошларида маорифни тараққий эттиришда болшевикларнинг роли мавзуида  докторлик иши қилибди.
    − Сиз айнан октябрь инқилобини шарафлаб, профессор бўлдингиз,- деди Самандар ака,- шунинг учун ҳам уни алқашга мажбурсиз. Ваҳоланки, имонли инсон диктатни ҳеч қачон  ҳазм қилолмайди!
   − Сиз эса жадидларни мақтаб, лоақал кандидат ҳам бўлолмадингиз,-  деди у жавобан, заҳарли зарда билан овозини андак кўтариб.
     Тан оламан, тақдир менга нуқул чап қўлини чўзди. Аммо сизлар ҳар қандай инқилоб,  ишни ўз болаларини ейишдан бошлайди, деган гапни эшитганмисиз?  Сиз ана шу ваҳшийлик ва зўравонликни ёқлаб ғолиб бўлдингиз! Бунга жавобан  улар  ҳам оғзингизга тўйгунингизча эмизак тутишди. Жадид боболаримиз эшигимизни қия очиб: “Сизлар – одам”, дейишди, аммо бу хитобни эшитмадиларинг...
   Бу гапдан чўчиб тушдим: аниқроғи, домлалар ғазабга миниб, улар жанжаллашиб қолишларидан хавотирим чандон ошди. Аммо ундай бўлмади. Самандар аканинг ана шундай аччиқ кесатишларига иммунитет пайдо қилишга улгурганга ўхшашди улар. Ҳамма жимиб қолди. Мен эса бобокалонимни ўйлардим. Мадомики, жамиятда Самандар акага ўхшаган ростгўй, жўмард кишилар бор экан, у кишининг номи ҳеч қачон унутилмаслигига имон келтирдим. Дастлаб кўзимга нохушгина  кўринган бу одам  бояги миққий қушдай ноёб ва сарбаланд бўлиб қолганди.
    − Умар Хайём бизнинг кунларда яшаганда, зиёлиларимиз тўғрисида тахминан шундай деб ёзарди, давом этарди у.
                   Бир қўлда “Капитал”, бир қўлда Қуръон,
                   Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром,
                   Феруза гумбазли осмон остида
 На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.
Баримиз беихтиёр кулиб юбордик. Кабинадаги анча жиддий, мунозарали муҳит жилла юмшагандай бўлди. Самандар акадан тағин Афғонистон ҳақидаги  ҳикояни давом эттишини сўрашди.
    − Йўқ, биз мужоҳидлар қўлига тушмадик,- давом этди у заррача эътироз билдирмай, улар билан ҳатто юзма-юз ҳам бўлмадик. Бир куни  машинамиз Саланг  довонидан ошаётганда, шоферимизнинг нақ пешанасидан отишди. Бухоролик эди, бояқиш. Калима қайтаришни ҳам, афғонларнинг тилини ҳам яхши биларди, ўзи ҳам уларга ўхшаб кетарди. Машинамиз орқага тисланиб борди-ю, ағанаб кетди. Кўзимни очсам, госпиталда ётибман. Бир қўлим йўқ, тишларим синиб, юзим маматалоқ бўлиб кетган. Бир рус, ҳалиги чечен, икки ўзбек ўлиб, қолганлар ярадор бўлишган экан. Ҳа, манфур ажал эътиқод, миллат танламас экан. Шунда ўлиб кетмаганимга кўпроқ надомат чекдим. Йўқ, гап бир қўл билан яшашда эмас, ҳаётим мазмунсиздай эди. Нима учун туғилдим, улғайдим ва бировнинг юртида мажруҳ бўлдим, сафдошларимдан ажралдим, дея азият чекардим. “Булар бари ватан учун!” дейишарди командирларимиз. Энди ўйлаб кўрсам, ватан номи билан жиноят қилаётган кишилар экан, улар! Ёдларингда бўлса, Эсесесер  Халқ депутатлари съездида академик Сахаров сўз олиб: “Афғонистондан болаларимизни тезда олиб чиқиш шарт, улар нобоп сиёсат қурбони бўлишаябди...” деди. Шунда илк бор мен аллақандай сирли, аммо муқаддас ҳақиқатни туйгандай бўлдим. Ҳаяжонланиб кетдим. Аммо интиқлигимга  қарамай, шўрлик академик сўзини давом эттиролмади: депутатлар бирин-кетин унга тош отабошладилар. Бизнинг вакилларимиз ҳам Сахаровдай буюк олимни калтабинликка айблашди, роса танқид қилишди шўрликни. У индамади, лақма ва лакалов комунистларга муносабатини  ҳам билдирмади. Жадид оталаримиздай, жаҳолатни манфур сиёсатни лаънатлади, холос. Мен туйган ҳақиқат шу бўлдики, халқ номидан ўзини минбарга урадиган найрангвоз сиёсатдонларнинг муддаоси кўпроқ ўзини намойиш қилиш, устунлигини кўрсатиш, аниқроғи очко ишлашдан ўзга нарса эмас экан. Надомат чекаман: ўшанда Сахаровнинг сўзини қўполлик билан тўхтатишмаганда, кўзимиз каттароқ очилган бўлармиди?!  Жафокаш афғонлар инглизларга қарши неча йил курашишди: қирилди, ярадор бўлди, аммо бўйин эгмади. Кейин биз нотавонлар бостириб кирдик. Бир неча йил чандон кучли рақиб билан мардонавор курашишди, лекин кишан киймади, бўйин эгмади! Озодлик деган муқаддас сўзнинг моҳиятига етиш учун афғон ва чечен бўлиш шарт эмас! Дунёбинлик, савия керак! Бизнинг кўп зиёлиларимиз шу ҳақиқатнинг моҳиятига етмаябдилар. Ўша чечен айтарди: “Бизнинг юрт, албатта мустақил бўлади, болаларимиз ўзга юртларда қурбон бўлишмайди, бойликларимизни ҳеч ким ташиб кетмайди, заминимиз топталмайди! Лекин сизлар озод бўлолмайсизлар: одамларингиз аҳил эмас. Мустақиллик уларнинг эҳтиёжига айлангани йўқ!”   Мен тутақиб кетдим: “Бизда бир мақол бор, дедим: ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил!” Оллоҳнинг иродасини қарангки, биз озод бўлдик, улар эса ҳамон жон олиб, жон беришаябди.
    − Тушунарли,- деди Мирбақо домла.
    − Лекин мен дунё кездим, қон кўрдим ва озодликнинг нима эканлигини обдон ҳис этдим, уни зоҳиран қумсайдиган бўлдим. Илинж излаб жадид боболаримизга мурожаат этдим ва улар ҳам ўз навбатида  собитқадамлик билан йўл кўрсатдилар, ибрат бўлдилар, даъват этдилар. Жаҳолатга қарши  − заковат билан, қабоҳатга қарши − адолат билан курашиш йўлини  айтдилар.
   Мен бу мароқли суҳбатнинг давомини интиқлик билан кутгандим, аммо у негадир, мавзуни бошқа  томонга  буриб юборди. 
    − Диссертациямни қайтаришгач, замондан ихлосим батамом қайтди ва ўзимни компьютер оламига урдим. Болакайларни тўплаб, уларга томошалар кўрсатардим, виртуал олам асрорларини ўргатардим. Чунки келажак Интернет олами бўлишини, бу борада биз бошқалардан ортда қолиб кетмаслигимизни истардим. Ахир,  биз ҳам ҳеч кимдан кам эмасмиз-ку!  Аммо  ҳаёт оғирлашди, институтда ҳам  штатлар қисқартирилди.  Азбаройи рўзғоримни тебратиш учун Россияга жўнадим. Бўёқчилик қилдим. Жамоамиз билан бир йирик компания хоналарини бўяб беришни гарданга олдик. Деворларни бир қўлим билан грунтовка қилаётганимда, яъни текислаётганимда, корхонага Япониядан янги компьютер олиб келишди. Аммо ҳарчанд қилишса ҳамки, уни ишга туширишолмади. “Рухсат берсаларинг, мен уни ишлатиб берардим”,  дедим ийманиб. Мухахассислар ажабланиб, бир-бирларига қараб олишди. Бир қўлли бўёқчи гастарбайтернинг  таклифи томдан тараша тушгандай бўлиб туюлди уларга. Ноилож, кўнишди ва мен зум ўтмай ҳамда қийналмай уни ишга туширдим. Қарангки, бу ердаги мутахассислар янги программалар жойлаштириш, Интернетга уланиш ва керакли сайтларни топиш,  вирусга қалқон қўйишни ҳам билишмас экан. У вақтларда руслар учун ҳам бу муъжиза, янги олам эди-да... Кейин бошлиқ мени компьютерчи қилиб олди, яшашим учун хона ажратди, янги либос ва заруратлар харид  қилиш учун пул берди.   Йил ўтмай, мен компьютер бюросининг бошлиғи бўлдим. Раҳбарларнинг илтимоси билан  уларнинг  болаларига ҳам  “ўргимчак тўри” деб аталадиган олам сирларини ўргатабошладим. Пул топдим ва хотинимга юбордим. Аммо кўп ўтмай, мен бедавони бошқа бир дард ўртайбошлади. “Мен Ўзбекистонга керакман-ку! Шундай оғир кунларда, бу ерларда юриб, ўзга юрт болаларига сабоқ бергунча, ўзимизнинг қоракўзларни янги замонга тайёрлаш, уларни бу борада саводли қилиш фарзандлик бурчим эмасми”,  деган  фикр менга тинчлик бермай қўйди. Ахир,  Беҳбудий, Авлоний, Ҳамза сингари маърифатпарвар жадидлар нечун ўз ҳисобларидан мактаб очишган, дарсликлар ёзишган? Чунки улар халқни саводли қилмай туриб, ҳеч нимарсага эришиш мумкин эмаслигини обдон ҳис этишган.
    − Сиз ҳам эндиликда одамларга компьютерни ўргатмай, тараққиётга эришиш мумкин эмаслигини сезгансиз, -  киноя қилди Мирҳоди домла.
    − Шунинг учун ҳам қабулингизга кирдим. Талабаларга компьютер ўргатмоқчи эканлигимни айтдим.
    − Мен сизни дарҳол тушундим, - улаб кетди Мирҳоди домла, - янги компьютер харид қилиб, хона ажратиб бердим, сизга маош белгиладим.
    − Мен ихлос,  садоқат билан иш бошладим. Тинмадим; уйим, оилам ҳам ана шу сирли олам эди. Касалванд хотинимга қарашиш, шакаргуфторлик қилишга вақтим бўлмасди, мен нодоннинг!
    − Тўғри!
   Орага сирли сукунат чўкди. Уни Самандар ака бузди.
    − Тўғри бўлса,  нега мени ишдан бўшатиб юбордингиз?- сўради у дардли оҳангда. Бу − мусулмон болаларини ўқитгани учун жадидларни қамоқларда чиритишдай гап-ку!
   Мирҳоди домла  ногаҳоний сўроқнинг бундай кўндаланг  қўйилишини кутмаган экан, шекилли, тутилиб қолди. Унинг ўрнига Мирбақо домла ясама илтифот, зўраки мутойиба билан вазиятни юмшатмоқчи бўлди. Аммо савол жуда дангал қўйилгани учун ҳам, хаспўшлаб ёки чап бериб кетиш жўн иш эмасди. Суҳбатдошлари ноўнғай  аҳволга  қолганликларидан фойдаланиб, Самандар ака давом этди: 
   − Хотиним  мендан пинҳона  икки бор қабулингизга кириб, ишга тиклашингизни зорланиб  сўрабди. Бу хатоси учун у марҳумани ҳеч қачон кечирмайман! Сиз бўлсангиз, у бояқишга, менга ўхшаш тили заҳар одамлар билан ишламаслигингизни айтибсиз. Нақадар тошбағирлик ва худбинлик! Тўғри,  инсонга, инсон боласининг арзу-додига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган кунлар эди ўшанда. Эътибор берганмисизлар, кўп юртларда ит, мушук, айиқларнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилишади. Бизда эса гоҳида...  
    − Тўғри,-  тонмади буниси ҳам жавобан,-  мен  ўзимнинг янги командамни тузишим керак эди. Тариғи пишган одамнинг товуғи бўл, деган нақлни эшитганмисиз. Сиз эса, ҳатто сиёсий хатоларга ҳам йўл қўйдингиз. Жадидчилик ҳаракатини тиклаймиз, дедингиз...
    – Домла, сизга ҳаракат дастурини тутқарган эдим. Унда мазкур ҳаракат иштирокчилари қонунларга таяниб, тўй-маракаларнинг харажатларини камайтириш, урф-одатларимизни эъзозлаш ва ёппасига компютер саводхонлигига ўтишга даъват этадиган демократик ҳарака эканлиги таъкидланганди. Сиз “демократик” деган сўздан чўчиб кетдингиз ва зум ўтмай менинг душманимга айланиб қолдингиз. Чунки сизга ўзингиз таъкидлагандек, товуқмижоз одамлар керак эди.  Нақадар бачкана фалсафа,  ахир, биз бирга ишлардик, синашта бўлгандик-ку! Демак, ё сиз ўзгардингиз ёки биз...
    − Вазият ўзгарди,- аралашди Мирбақо домла.
    − Майли. Шундай ҳам дейлик. Аслида мен кимман?!  Бирор илмий даражам бўлмаса, бунинг устига мажруҳман. Энг ёмони, одамларнинг иллатларини хаспўшлаёлмайман. Бундай киши сизларга ҳамтовоқ бўлолмаслиги аниқ. Аммо, сизлар икковлашиб, лавозимларни очиқдан-очиқ пуллашга ўтдиларинг, бечора  студентларга солиқ солабошладиларинг. Таъмали  рўйхатларингга тушмаган бола имтиҳондан ўтолмасди; адолатсизликка дуч келиб, ноумид кетган не-не истеъдодли навниҳолларни биламан. Биз очкўзлигимиз, иккиюзламачилигимиз билан уларни таҳқирладик. Ҳўкиз бўлса ҳам пул берган ўқирди! Қаранг энди,  жадид боболаримиз ёнларидан пул тўлаб, парта, доска, глобус сотиб олишган;  болалардан ёки уларнинг ота-оналаридан бир тийин олишмаган. Йўқ, биз уларга муносиб ворис бўлолмадик! Пора олишни – сигарет сўрашдай жўн, одатий юмушга айлантирдик.  
     − Асосингиз йўқ!- баббаравар овоз кўтаришди орқадагилар.
    − Ҳа, сизлар порани улуғворлигимиз, олижаноблигимиз, хуллас фазилатларимиз учун беришади, деб ўйлардиларинг. Албатта, уни менга кўрсатиб олмасдиларинг!  Бу ҳаром пулнинг бир бўлагини “юқорига” чўзардиларинг. Шу билан улар ҳам тинч бўларди. Мен боя Руслан деган атаманимиз ҳақида гапиргандим. “Атаман – отаман, дегани уқдирарди у. Бу сўзнинг ҳам маъноси икки хил: биринчидан, оталарингман; иккинчидан, измимдан чиқсаларинг – отаман!” Сизлар шунақа атаманга айлангандиларинг. Мустақиллик эълон қилинди ва у худди мен айтган уч чечендай сизларни жазолади. Энг яхши дўст ҳам, энг манфур душман ҳам ўзингни асабинг экан. Менинг асабларим Афғонда дабдала бўлиб келган эди, қолган-қутганини сизлар емирдиларинг!
   Бу гап иккала домланинг ҳам иззат-нафсига тегди. Собиқ ректорнинг овозида зардами, ғазабми пайдо бўлди.
    − Сиз  кузгуга қараб, аввал ундаги доғни кўрадиган нотавонсиз! Ёмонлигингиздан ҳам худо сизни шунақа қилиб қўйган!
   Орага мавҳум сукунат чўкди. Вазиятнинг ўзи қаҳр-ғазабни саришталаб олишни тақозо этарди. Мен тезликни оширдим.
    − Мана шу уйларда турклар яшарди, - ниҳоят гап ўзанини бошқа томонга бурди собиқ ректор  Булунғурдан ўтаётганимизда. Яхши одамлар эди...
    Бошқалар ҳам чалғиб, суҳбатга қўшилиб кетишди, Ўзларича Москвани айблаган бўлишди.
    − Икки киши жанжаллашса,-  сўз бошлади Самандар ака  бироз танаффусдан кейин, айб – ақллисида, икки миллат муштлашса, айб − зиёлиларда. Демак, ўшанда зиёлиларимиз фарзандлари, ўқувчилари, талабаларини инсон - инсонга дўст, биродар, деган руҳда тарбиялашмаган;  демак, уларнинг ўзлари ҳам миллатчилик оғуси билан заҳарланган бўлган. Бизнинг миллат янгиликдан, эврилишдан худодан қўрққандай қўрқади. Халқимиз тарихи қадимий, аммо маданиятимиз тарихи янги: уни жадидлар бошлаб беришди.
   – Сиз тағин нигилистлик қилябсиз,- эътироз билдирди собиқ ректор, халқ тарихи, бу – маданиятимиз тарихи ҳам. Тўғри, орада танаффуслар бўлди, аммо Амир  Темур замони, Алишер Навоий даврида яратилган маданият дурдоналарини инкор  этиш мумкин эмас! Ўзбек халқи...
 – Домла қўйинг, жонимни халқумимга келтирманг: миллатни кўкка кўтариб мақташдан, миллий маҳдудликдан наф йўқ.  Машраб айтадику: “Агар аслингни билсанг, қатраи оби ҳаромдурсан”,  деб.  Ҳамма миллат ҳам шу... Ҳақиқат ва адолатдан гапирайлик. Юртимизга юнон, араб, муғул, рус бостириб кирди, биз уларнинг баридан енгилдик ва уйимиз тўридан жой беришга мажбур бўлдик. Бугун артерияларимизда уларнинг омихта қони оқаётганлигини рад этиш бефойда. Йигитларимиз Россияда мардикор, аёлларимиз Туркияда,  Исроилда, Дубайда...
   Сиз ўзбекка ўхшамайсиз...
       Мен туғилган маҳалланинг номи – Найманча. Билсанг, найманингман, билмасанг...
  Мирбақо домла мавзуни бошқа ўзанга йўналтирмоқчи бўлдими ёки заруратданми, чап томондаги чўққи томон имлаб деди:
  – Бир жиянимизнинг ўлигини яқинда ана шу баландликдан олиб тушдикда, Ҳарбий эди.
 – Нима бўлибди?
 – Минага дуч келиб...Чегарачи эди. Нари томондан бир ҳаннот, юқоридан тош юмалатиб, йўлдаги миналарни зарарсизлантирган экан. Кейин ана шу  йўлакдан қишлоқ подасини ҳайдаб ўтиб кетибди. У томонга ўтиб, излаш, даво  қилишнинг йўли бўлмагани боис, одамлар чегарачилардан гумонсирашибди, ўша ўғриларнинг  шериги деб ўйлашибди. Жавобан бизникилар ҳам ўша жойдан ўтиб, бир пода қўйни ҳайдаб келишибди. Аммо жониворлар орқага қараб қочмоқчи бўлганда, жиян уларни қайтараман деб...Тошкентдан мина изловчилар келиб, жасадни олиб беришди. Бечора келинимизнинг қорнида етти ойлик боласи бор эди.
  – Менинг ҳам бир геолог дўстим шу томонда нобуд бўлди,- давом эттирди Самандар ака,- аввал олдинда кетаётган шериги минага дуч келибди, унга ёрдам бераман деб бу ҳам...Суриштириб кўрдим: саксондан кўпроқ одам ўлди, дейишди. Асосан чўпонлар, сайёҳлар, меҳмонлар...“Қизил китоб”га кирган жониворлар, чорва моллари ҳам. Лекин бирорта террорчи ёки нашапуруш ўлмаган экан.

  Худди команда берилгандай,  ҳамма бирдан жимиб қолди. Гаплар тугадими, баҳсларнинг оқибатидан хавотир тортишдими, Жомбойгача жим бордик. Чорраҳага келганимизда йўл ёқасида гул кўтарган болалар, оқ яктак кийган муйсафидлар саф тортиб туришганини кўрдик.
    − Булар қандайдир бошлиқни кутиб олишга чиқишган, деди Самандар, ярамасга пешвоз чиқиш учун шунча одам овора...
     − Раҳбарни кутиб олиш, ҳурмат қилиш – қадимий анъанамиз, - эътироз билдирган бўлди Мирҳоди домла. Улуғ бўлсанг, улуғларни улуғла, деган нақл бор.
   Кутилмаганда баҳс-мунозара тағин авж олиб кетди.
    − Домла, қонимни қайнатманг, деди асабий ҳолатда Самандар ака. Бу – бориб турган ғирромлик! Улуғ инсон, деганда, жипириқ амалдор назарда тутилмайди-ку! Ана шу бошлиқ ким бўлишидан қатъий назар, мен айтган Русландай, ўзини атаман деб биладиганлардан. Амалдорнинг наздида одамлар эгилиб турганлари учун унинг бўйи баланд бўлиб туюлади. Тик туриб гаплашсангиз, ўзингиз қатори бир  гуноҳкор банда эканлигига ишонч ҳосил қиласиз!  Айниқса, ишдан олингандан кейин гаплашиб кўрсангиз, бир тийинга қиммат  одам эканлигига амин бўласиз. Яшириб нима қилдим,  ёмон кўрсангиз ҳам айтаман:  сизни ҳам эрталаб ўринбосарлар, деканлар, кафедра мудирлари қўл қовуштириб кутиб олишарди. Кечқурун шу алпозда ҳамду-сано билан кузатиб қўйишарди. Ҳурмат қилишганиданмас, қўрққанларидан шундай қилишарди, шўрликлар. Йўқ, улар ёмон одамлар эмасди, аммо шаклланиб улгурмаган, шўрпешаналар эди, холос. Ишимиздан, маошимиздан маҳрум этмасин, деб қалтираб туришарди. Лекин иш жойларига  қайтгандан кейин сизни ғийбат қилишарди. Диссертациянгизни ўзгалар ёзиб берганини, нафсингиз наҳангга айланганини гапиришар, латифалар тўқишарди. Худо ҳаққи, мен буларнинг баридан хабардор эдим.
  Жилла жимликдан сўнг у андак юмшоқ оҳангда давом этди: 
   − Сизни яхши кўраман, домла. Ишонинг. Ўжарлик ва бадбинлик кишини хор қилади. Ёшликдаги қусурлардан холи бўлабориш керак, чунки кексаликнинг ўз иллатлари бўлади!
  Энди ҳеч ким унинг сўзини бўлмай, эътироз билдирмай қўйганди. Назаримда, бу маълум даражада домлаларнинг мағлубияти ҳам эди. Шоҳи Зиндага яқинлашганимизда, Самандар ака ўзгача оҳангда давом этди
    − Биз қишлоқдан шаҳарга қўрқа-писа келамиз. Кейин амал, пул соҳиби бўлгач, Самарқандни маҳв этиш истаги ўйғонади. Бизнинг нописандлигимиз  авж пардага кўтарилади: миллатчилик, маҳаллийчилик қиламиз, одамлар, жумладан шаҳарликлар наздимизда қалтираб  туришини истаб қоламиз. Охир-оқибатда эса тегадигани  бир қулоч ер бўлади, холос.  Хоразмлик Паҳлавон Маҳмуд тили билан айтганда:
                   Эй хожа, чаро аз ин жаҳон бехабари?
                   Рўзону шабон дар талаби симу зари
Дастмояи ту аз ин жаҳон як кафан аст,
Он ҳам дар гумон аст,  бари ё набари.
 Яъни:  “Эй хожа! Сен бу дунё асрорларидан бехабарсан Тун-у кун мол-у дунё ҳирсидасан.  Бу дунёдан сенга тегадигани бир газ кафандир. Уни ҳам олиб кетоласанми, йўқми – гумон...”
  


– Тожиксиз-да,- деди Мирғани домла, аллақандай надомат, истеҳзо билан.
   Йўқ, домла, ўзбекман, паспортимни ҳам кўрсатишим мумкин. Мана кўзларимга қаранг: қопқоқчаси бор. Шайбонийлар келганда, боболарим тоғларга қочиб кетишган. Тахминан юз йиллардан кейин отам, қўрқа-писа қайтиб келган.
   Тағин ҳеч ким индамади. Баландликдан тушгач, таксилар тургач, жойда машинага тормоз бердим. Биз етиб келган эдик. Домлалар мен билан ҳисоб-китоб қилиб, такси тутишгач, ҳали кабинадан тушишга улгурмаган Самандар акага мурожаат қилдим.
      − Самандар ака, сиз тушмай қўяқолинг, уйингизгача олиб бораман.
    У мендан бундай эминлик,  меҳрибонлик кутмагани боис, ажабланиб юзимга тикилди. 
   − Ўтиринг, ўтиринг,  йўлимиз бир,- андак ҳийла ишлатдим. Биз домлалар билан  тағин бир бор хайрлашиб йўлга тушдик. Лекин бироз йўл юргач, савол беришга мажбур бўлдим.
  − Уйингиз...?   
   − Хўжа Аҳрор томонда.
  − Мен ҳам ўша томонда яшайман,- дедим. Катта кўчага  чиқиб олгач, у сўз қотди. 
   −Танишиб ҳам олмадик...
   Жилла иккиланиб тургач, ҳаяжонимни босиб жавоб бердим.
  − Мен ҳазрат Беҳбудийнинг эваралари бўламан!
  − Кимнинг?- қулоқларига ишонмади у чамаси.
  Жавобимни такрорлагач, ўтинч аралаш сўради.  − Шу ерда тўхтанг!  Мен машинани тағин чеккага олдим. У ҳеч нима демай, мен  томон энгашди, сўнг  бағрига босди, бўйним, юзим аралаш ўпакетди.  Кўзидан ёш  чиқиб кетди. Бу ҳолдан ўзи ҳижолат чекди, шекилли,  овози қалтираб, гапиролмай қолди. Мен нима қилишимни билмай саросималандим. У кўз ёшларини артиб олиб, имо қилгач, йўлга тушдим.
    − Энди ўнгга ҳайданг,- деди бу гал.
    Мен рулни ўнг томонга бурдим. Биз очиқ темир дарвоза олдида тўхтадик.
 − Самандар ака,  телефонингизни ёзиб олсам майлими, меҳмон бўлиб келаман,- дедим. У киши индамай визитка берди. Тағин бир бор хайр-хушлашиб орқага қайтдим.
   Чамаси уч кунлардан кейин сим қоқиб, бормоқчи бўлганлигимни айтгандим, у уйда эмаслигини, тахминан тўрт соатлардан кейин қайтишини,  мени кутишини гапирди.
   Бу гал менга аён бўлган нарсалар шу бўлдики, бу катта дарвоза ва ҳовли ўзиники бўлмай, бир неча оила яшайдиган, русчасига айтганда, “обший двор” экан.
     − Эски шаҳарда яшардим, Москвада ишлаб, топган пулларим ҳисобига раҳматли  аёлим  шу кулбани харид қилган,− деди Самандар ака. Аввал рус, корейс, татар қўшнилар бор эди, барилари Россияга кетиб қолишди. Бу ҳовлида мен билан қишлоқдан кўчиб келган икки оила яшайди. Биз қаерга ҳам борамиз?  Ватанимиз шу ер бўлса! Шахсан ўзимнинг бобо-ю,  бобокалонларим шу шаҳарда яшашган, уларнинг қабрлари Шоҳи Зиндада. Бобокалонингиз ёзадилар: 
   “Ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиратға маълум бўлур.  Ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур. Эй қодир худо, мусофир бандаларингни тингла, уларни муродга еткур”
  Москвада ишлаганимда бир шеригим бот-бот ички бир ваҳима билан илтижо қилиб қоларди: “Самандар, бандаси умид билан яшайди, аммо мабодо ўлиб қолсам, мени қишлоғимнинг мозорига кўмишсин.” “Сен отдай соғломсан, ҳали вери ўлмайсан” деб овутардим. Ҳақиқатан ҳеч балога гирифтор бўлмай қайтиб келди. Ёзда қишлоққа кўчиб чиқардик. У ерда Мирғиёс деган сандиқсоз бўларди. Шунинг лора лақабли тўтиси бор эди, ранглари камалакни эслатарди. У кўрган кишисига “здрррасти” деб салом берарди. Бу жониворни кўрган кишининг дили равшанлик топарди; чунки табиат  бор маҳоратини ишга солиб, зеб берганди унга. Бир кун нима бўладию, жонивор қафасдан чиқиб, учиб кетади. Бечора сандиқсоз ўша куниёқ уйма-уй юриб, тўтисини дараклайди, аммо тополмайди. Эртаси лора қишлоқ гўрковининг айвонига қўниб, қайта-қайта салом бераверади. Дарҳол сандиқсозга одам юборишади, ҳангоматалаб  қўни-қўшни тўпланади. Мирғиёс деганимиз қафасни кўтариб  келади, ерга дон сепади, ялиниб, ёлвориб, пастга тушишини сўрайди. Шу маҳал денг, гўрковнинг ўғли армиядан келиб қолади: қий-чув бўлиб кетади ва парранда ҳуркиб учиб кетади. Эртаси денг лора сартарошимизнинг айвонига қўниб, қайта-қайта салом бераверади. Дарҳол сандиқсозга одам юборишади. У етиб келади, одамлар тўпланадилар. Яна хушомадлар, илтижолар, ширинзабонликлар... Тасодифни қарангки, сартарошнинг хотини ҳомиладор экан, шу пайт аёлни дард тутиб қолади; саросималик бошланади, ҳадемай сигналини варанглатиб “тез ёрдам” келади ва лора учиб кетади. Шунда қишлоқда гап тарқалади: “Бу оддий тўти эмас, жаннатнинг некқадам қуши; жониворда аллақандай ҳикмат бор; у қайси хонадонга бориб салом берса,  хушбахтлик рўй беради. Бу ҳам худонинг бир инояти” ва ҳакозо. Одамлар,  бу тўтиқушнинг ташрифини зоҳиран илҳақлик билан кутадиган бўладилар.  Аммо бирор ҳафтадан кейин бечора  сандиқсоз ўз айвонидан унинг ўлигини топиб олади. У очликдан жон узган экан, боиси: бир умр қафасда яшаган жонивор ёввойи табиатга мослашолмаскан. Лекин, нима бўлганда ҳам, сўнгги мадорини тўплаб, қадрдон гўшасига учиб келади ва...
                                          *  *  *
   Самандар ака,  хотини оламдан ўтганини аввал айтган эди. Уч хонали уйда ёлғиз ўзи яшаркан. Уйга киришингиз билан девор тўрига илинган бобомнинг портретларига кўзингиз тушади. Бу ерда компьютер ва андак сочилиб ётган китоб-журналларни кўрасиз.
    Мезбон мени иккинчи хонага ҳам олиб кирди, бу уйча китоб ва эски компьютерлар билан тўлган эди.
     − Менда компьютерларнинг коллекцияси бор. Мана буни қаранг, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида чиқарилган компьютер. У вақтларда электрон-ҳисоблаш машинаси, дейишган. Бунинг экрани кичик, процессори сандиққа ўхшайди. Мана буниси шу кеча-кундуздаги − ноутбук. Мен барча  жадидларнинг таржимаи ҳоллари, асарлари, улар ҳақида ёзилган мақола, китобларни алоҳида сайтга тўплаганман.  Сайтимга юздан кўпроқ мамлакат байроқчаларини кўриш мумкин. Уларнинг аксари жадидлар ҳаёти билан қизиқади. Япония, Америка, Россиядан олимлар  келиб, бу борада мен билан гаплашиб кетишди. Биласизми, экспертлар яқин ўттиз йилда газета, журнал, китоб нашр этиш охирига етади, деб ҳисоблашишмоқда. Мен бунга ишонаман!  Ана шу хизматларнинг барини  Интернет ўз зиммасига олиши аниқ. Бунга ишониб яшамоқ ва шу истиқболга қараб иш тутмоқ керак! Ахир, қўлингиздаги телефонда дунёнинг бор  хабарлари яққол акс этиб турган бўлса, газета излаш чикора. Ёки сайтлардан истаган шоир, ёзувчининг асарини топсангиз, китоб харид қилишга ҳожат қолмайди. Бу ҳақиқат ҳеч кимга эриш туюлмаслиги керак. Республикада жадидлар ҳаракатини қайта тиклашни ўйлаб қоламан гоҳида.
   − Улар нима иш қилишади?- унинг  монологини бўлиб, савол беришга мажбур бўламан.  
  − Замон жадидлари уйма-уй юриб, болакайларга компьютер асрорларини ўргатишлари,  ҳамма жойда – мактаблар, чойхоналар, маҳаллаларда курслар ташкил этишлари, ўз чўнтаклари ва ҳомийлар ҳисобидан ночор оилаларга компьютер топиб беришлари лозим. Эски компьютерларни йиғиб, қишлоқларга элтишлари, қобилиятли болаларга тақсимлашларини истайман! Мен шундай ҳаракат бошламоқчиман!  Ёмон кўришса, жазолашса ҳам майли! Чунки жадидлар ҳаракати давом этмаса, жамиятда тараққиёт бўлишига ишонмай қолдим. Тўғри, биз улардай оламшумул вазифани бажаролмаймиз,  аммо  маънавиятимиз  тараққиёти учун  улуш қўшган бўламиз.  Одамларни кимдир  уйғотиши керак-ку! Йўқ, баландпарвоз гаплар керак эмас! Масалан, мен бирор кишига компьютерни ўргатсам, у ҳам лоақал болаларига ўргатса, юрт тараққиётига ҳисса қўшган бўламан. Боболаримиз асрлар давомида тиклаган маънавий обидага биз ҳам бирорта ғишт қўймасак, тараққиёт тўхтаб қолади-ку...
   У бир лаҳза  тин олиб, уйга чўмди. Сўнг савол берди.
       Ҳовлиларинг Қўшҳовуз маҳалласида-а?
    Мен маъқуллаб бош тебратгач, давом этди:  − Борганман у ерга. Жадидлар  ҳақида  анчагина қўшимча маълумот олгандим, тоғаларингиз кўп гаплардан воқиф қилгандилар. Бобонгизнинг ягона қизлари Парвин опа билан суҳбатимиз охирига етмасди. Француз тили бўйича мутахассис эди. Фаранг тилидан тўғридан - тўғри ўзбекчага ағдарарди.  Мен у кишини бобурзода Зебунисога ўхшатардим.  “Зебунисо, кексайди-ю, унга харидор топилмади”,  деб куйинади шоира бир шеърида... Дарҳақиқат, ҳинд юртида у ёлғиз эди. Сизнинг аммангиз эса ўз юртида ёлғиз бўлиб қолди. У турмушга чиқмади. Лекин у киши мени жадидлар ва жадидзодалар ҳақидаги энг нодир маълумотлардан воқиф этди. Хуллас, аммангиз туфайли  мен тўплагандай бой манба ҳеч кимда бўлмаса керак. Жадид боболарнинг  аччиқ қисматларини ўйлаб, бот-бот жуда хўрлигим,  бўкириб йиғлагим келади.
     − Домлаларни анча изза қилдингиз,− дедим,  бир пиёла чой ичгач, йўлдаги ҳангомаларни хотирлаб. 
  − Ҳали ҳам уларни аядим.  Қаранг, иккаласи ҳам профессор, аммо замон, вазият ўзгарганини ҳис қилишолмайди. Уялмай-нетмай: “Коммунизм бўлиб ўтган экан-у  сезмай қолибмиз”,  дейишади. Сизга бир ғалати гапни айтиб берай.  Бизнинг ижрокомда  Марк Аверенович деган  амалдор бўларди.  Билмадим: арманими, яҳудийми, грекмиди...  Қўли узун эди, баччағарнинг: истаган кишисига навбатсиз уй ёки машина олиб берарди. У пайтларда уйга эгалик қилиш ёки машина сотиб олиш учун икки-уч йил навбатда туришга тўғри келарди-да, ахир. Ҳатто ғишт, шифер олиш учун ҳам ижроком  рухсати талаб этиларди. Хуллас, у корчаллон керакли кишиларга давлат ҳисобидан яхшилик қилиб, баланд мавқега эришганди. Тошкент,  Москвадаги казо-казо катта итлар  билан дўстлиги бор эди, хумпарнинг. Мустақиллик эълон қилингандан кейин Голландияга кетиб қолди. Ит эгасини, мушук бекасини танимайдиган ўша ғалвали кунларнинг бирида ижрокомга кирдим-у,  Марк Авереновичнинг қабулхонаси бурчагида бетартиб қалашиб ётган китобларга кўзим тушди. Орасида кераклиси бордир, деган умидда олиб қарасам, ҳаммасига дастхат ёзилган экан. Яъни муалифлар томонидан тақдим этилган. Булар Марк Авереновичга керак бўлмай қолган, албатта. Шунинг учун ташлаб кетган экан. Шу китоблардан бир дастасини олиб келганман. Ўқиб кўринг, айрим дастхатларга у  туллак ўз муносабатини ҳам билдирган.
    Илк бор қўлимга икки муаллифнинг сигирларни сунъий қочириш ҳақидаги юпқа китобчаси тушди. Дастхат русчалаб ёзилганди ва таржимаси бутурур:
   “... сиз Самарқанд олимларининг меҳрибон дўстисиз. Ўзбек ҳалқи учун азиз ва қадрдонсиз. Ушбу рисолада биз биринчи бор Голландия буқаларидан фойдаланиш афзалликларини очиб бердик”.
    Буқалар юртига кетиб қолган  Марк Аверенович китобни варақлаб ҳам кўрмаган, лекин шунга қарамай муносабатини  аямаганди. Дастхатнинг  қуйи қисмига :”Дураки” деб ёзганди у.
   Дарҳақиқат, Самандар ака айтгандай,  китоблардан кўра дастхатлар мени кўпроқ қизиқтириб қолди. Уларда хушомад-у  илинж, таъма-ю тавозелар жамулжам-у,  жобажо эди. Муаллифларнинг  китобдек муқаддас неъматга самимият ўрнига қўшиб берилган қаллоблик ва носамимийликларини  ўқиш,  ҳижолат чекадиган даражада аянчли эди.
   Бир шоиранинг дастхатини ўқиб, рости гапки ўксиб кетдим.
    “Марк Аверенович, бегим!  Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз...”
   Қандайдир қаллобга Кумушбиби каломи билан илтижо этиш,  бориб турган мунофиқликнинг ўзи эмасми?! Хатнинг давомида буқалар юртига кетиб қолган бу одамни гоҳида Отабекка, гоҳида Улуғбекка ёки Амир Темурга тенглаштирган ўринлари ҳам бор эдики, буларни тилга олиш аянчлидир.
   Марк Аверенович шоиранинг дастхати пастига бир оғиз сўз ёзибди. “Шлюха!” (Бузуқ)
   Анча номдор шоирларнинг ҳам дастхатларини ўқиб, хафсалам  пир бўлиб кетди. Шоир ёки шоира ҳам шунчалик забунлашиб кетиши мумкинми, ахир?! Қани буларда Машраб, Нодирабегим, Беҳбудий бобом, Чўлпон жасорати?! Насл-насаби ноаён бир жипириқ кимсага арзимас сўнгак учун дум тебратиб турган, унинг  пайтавасини ялаётган  мазкур қаламкашларнинг халқ, миллат, мустақилликни улуғлаб ёзган шалдироқ ашъорларига ишониш мумкинми?!
    “Марк Аверенович, деб ёзибди тағин бир шоир, Бобур ва Улуғбек ҳақида достон битганман. Навбат – сизга...”
   “Буқалар юртига кетиб қолган” одам эса ўз қайдида нафратини яширмабди: “Шоирлар ва масхарабозларни кўрарга кўзим йўқ!”
     Сиз мана буни кўринг, ялтоқона хушомадларга эътибор беринг, - Самандар ака тагроқда  турган китобга имлади. “Маорифимиз тарихидан лавҳалар” деган китобнинг тепасига қарасам, муаллифлари таниш: Мирҳоди  ва Мирбақо домлаларнинг фамилиялари ёзилган. Китобни очиб, варақламоқчи бўлгандим, Самандар ака эътироз билдирди.
    − Нима қиласиз шу ғалчаларни  ўқиб, бу ярамаслар бобонгизга тош отишган. Сутсиз сигир сузағон келади, деб эшитганмисиз. Асабингизни  бузилади.  Дастхатни ўқисангиз кифоя.  “Муҳтарам ва азиз...Шахсан сизнинг раҳбарлигингиз ва саховатингиз  туфайли вилоятимиз маорифи юксак даражаларга кўтарилди. Ўзбек халқи бу хизматларингизни жуда ҳам қадрлайди...” ва ҳакозо.
   Марк Аверенович қизил қалам билан дастхатдаги орфографик хатолар ва мантиқсиз жумлаларни тузатиб чиққач: русчалаб:”Чаласавод профессорларни  осиш керак!” деб ёзибди.
   Гарчанд Самандар ака эътироз билдирган бўлсада, китобни  варақлаб кўрдим ва у киши тагига чизиқ тортган мисраларни ўқишга киришдим.
   “Беҳбудий ҳамма масалаларда миллий буржуазия ва жадидизмнинг ташвиқотчиси бўлди. Жадидлар очган мактабларда подшоларни ағдариш эмас, уларни ҳурмат қилишга ўргатишарди. Зеро Беҳбудий  ва унинг сафдошлари буржуа миллатчиларининг вакиллари ва ашаддий пантуркистлар эдилар”.
   Самандар ака китобни  қўлимдан назокат билан олиб, бояги  фикрини такрорлади. “Ўқиманг дедим-ку...Дарё тошиб оқса ҳам,  ит ялаб ичади, деб эшитганмисиз?  Марк Авереновичнинг калласи ишлаган   у   беҳудага, чаласавод олимларни осиш керак, деб ёзмаган. Чунки чаласаводлар инсониятга жуда катта зарар етказади. Шаклланиб улгурмаган бу бандалар хаёлпараст утопиячиларга ҳам,  қонга ташна гуруҳларга ҳам осонгина эргашиб кетаверади. Бобонгиз ёки бошқа жадидларни миллатчи дейишдан олдин заррача ўйлаб, мушоҳада қилиб кўриш керак-да.  Миллатчи бўлса, нега уларнинг мактабларида туркий, форсий ва русий тилда дарс ўтилди. Нега Беҳбудий ҳазратлари “Тўрт тилни ўрганмоқ лозим” деган мақола ёздилар. Нега улар уч-тўрт тилда равон гапирардилар. Болшевиклар  ҳам уларни ашаддий миллатчиликда айблашди ва  шунинг учун жазолашди. Чунки жамиятда чаласаводлар бисёр эди. Кўрдингизми, чаласаводлик бу, жаҳолат ўчоғи. Бундай  жамият зиндонга ўхшайди:  қаёққа юрма, деворга бориб уриласан! Мен ҳазрат ҳақларида шундай туҳмат ва ғаразларни ўқиганманки, теппа сочим тикка бўлиб кетган”.
   Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.  Шу тобда  ёдимга Москвадаги ишбошимиз  Аветик Исаевич тушди. У хумпар биз − мардикорларни камситар, эзарди. Марк Аверенович деган ханнот  эса,  ўз юртимизда зиёлиларимиз олдига суяк ташлаб, уларни масхаралаган экан, деган фикрга келдим.
   Мен  Самандар аканинг уйидан анча кеч ва аралаш қуралаш фикрлар оғушида чиқдим. Бобомга ва унинг сафдошларига жуда ҳам ачиндим,  Самандар аканинг, уларнинг қисматини ўйлаб, гоҳида йиғлаб оламан,  деган гапи ёдимга тушиб, ўзим ҳам ўксиб кетдим.
   Бу даргоҳга тез-тез келадиган,  ҳар гал янги таассурот ва маълумотлар билан бойиб  қайтадиган бўлдим. Бора-бора Самандар ака билан оға-ини бўлиб қолгандик. У киши уйида Интернет-клуб ва компьютер курси  очган бўлиб, ҳафтада икки кун болалар билан машғулот ўтказаркан. Мен ҳам  курсга қатнаб, компьютер асрорларини ўрганабошладим. Бу уддабурро одамнинг компьютер клавишларга умуман назар ташламаган ҳолда, бир қўли билан бағоят чаққон ёзишига тан берардик ҳар гал.
    − Компьютерни билган кишига ҳамма жойда – Самарқандда ҳам, Москвада ҳам иш бор,- такрорларди у киши бот-бот,- ишонмасаларинг,  эълонларни ўқинглар −  талабни билиб оласизлар.  Курсга  кирса, икки ойда ўрганиб олиш мумкин. Ахир, Россияга бориб, қул бўлгандан кўра,  бу билим, касб минг бор афзал эмасми?! Арқон ингичка жойидан узилади, душман қалъанинг омонат жойини излайди. Фақат билим ва касбга эга бўлган одамгина ўзи, оиласи ва жамиятни ҳимоя қилаолади!
    У киши “Ёшлар маркази”да ҳам курс очганини, институтдан кетгандан бери ўзини шу ишга бағишлагани ва бу борадаги айрим саргузаштларини ҳам гапирганди. Хоҳишингиз бўлса, шулардан бирини ҳикоя қилиб бермоқчиман.
   “Ёшлар маркази”да қўшработлик Минҳожидин деган шогирдим бор эди. Бир куни тўйига хабар қилди, бориб меҳмон бўлишимни ўтиниб сўради.  Борсам-борай, дедим. Бир томони сайхонликларга, уёғи  қирликларга туташиб кетган катта қишлоқда яшашар экан.   Сойликда денг,  камида минг кишига жой қилишган. Ҳар  қишлоқдан келадиган меҳмонлар учун алоҳида ўрин ажратишган. Ўзбекистон халқ артисти  ...ев денг,  радиокарнайларни зириллатиб қўшиқ айтаябди. Ўйинчиси тўртта. Пулни тўкиб ташлашаябди. Ҳалиги артист тўрт минг долларга келган экан. Мен борган куни уч новвос, тўрт қўй сўйилганини  айтишди.  Арақни қутиси билан кўтариб, ўртага қўйишади денг. Тўй шу алпозда уч кун давом  этди. Ўзим ҳам роса кайф қилдим. Минҳожнинг отаси жуда хушфеъл одам экан, каминага ҳам тўн кийгизди,  тағин уч-тўрт кун меҳмон бўлишимни илтимос қилиб қолди. “Майли дедим, мен ўн кунлардан кейин келаман, аммо иккита шартим бор”. “Хуш”, сергак тортди у.  Мастлик – ростлик, дейди-ку, андак кайфим  бор эди:  “Айбга буюрмайсиз, дедим, ҳожатхонангизнинг эшиги йўқ экан, уни эпақага келтирасиз. Иккинчидан, ўғлингизга битта компьютер олиб берасиз”. “Буларни шу бугуноқ ҳал қиламан”,  деди. Ваъданинг устидан  чиқишганини эшитиб,   тағин бордим. Амаки жуда хурсанд бўлди. Кейин қишлоқнинг иқтидорли  болаларини тўплаб, компьютер ўргатишга киришдим.  Бу ердаги янги мактабга ўнта компьютер олиб беришган экан.   Аммо муаллим йўқлиги учун уларни қулфлаб қўйишганини айтишди.   Мактабда ҳам дарс берабошладим. Кейин Минҳожиддинни муаллим қилиб олишларига кўндирдим.
    Ҳозир шогирдларим  бошқа қишлоқларда ҳам клублар, курслар очишган.  Компьютер технологиясини ўзлаштирмаган миллат тараққиётдан ортда қолиб, бало-ю қазоларга мубтало бўлиши турган гап.
  
                                                    *  *  *
       Самарқандда бобомнинг юбилейлари муносабати билан илмий анжуман ўтказиладиган бўлди. Тошкентдан меҳмонлар келишди, ўзимизникилар ҳам пайдо бўлдилар.
  Мен сўнгги йилларда бу ориф одамларнинг аксари билан танишиб олгандим. Улар бобомни ҳақиқатан ҳам яхши кўрадиган, хизматларини кўкка кўтарадиган ва айримлари шу мавзуда илмий иш қиладиган камтарин, захматкаш кишилар.
   Эрталаб ҳайкал пойига гулчамбрлар қўйишди ва  раислик қилувчи: “Азиз биродарлар! Беҳбудий ҳазратларининг қабрлари йўқ эди, туғилган кунлари гулни қаерга  қўйишни-ю,  қаерга тиловат қилишни билмасдик. Энди шундай тавоф қиладиган жой бор.” деди, тағин бир бор ҳайкалга тикилиб.
    Конференцияга Самандар акани ҳам таклиф этгандим. У киши етиб келиши билан дилимда аллақандай хавотир ҳам ўйғонди. Аниқроғи, бу беандиша одам меҳмонларга ўрлик қилиб, уларни ранжитиб қўйишидан чўчидим.
   Раислик қилувчи йиғилишни очиб, бобомнинг маърифатимиз йўлидаги хизматлари ҳақида анчайин батафсил гапирди. Аммо янги гап айтмади. Ундан кейин сўз олган нотиқ “Саёҳатнома”ни “Бобурнома”га тенглаштирди, аммо асарнинг тили ҳаммабоп бўлмаганлиги боис, ҳозирги адабий тилда нашр этишни таклиф этди.
  Аммо чинакам баҳсу мунозаралар бобомнинг Қаршига бориши ва ўлими сабаблари масаласида авж олиб кетди. Бу борада диссертация ёқлаган таниш олим у кишининг ўлимига кўпроқ болшевикларни айбдор қилиб кўрсатди. Қўлида аниқроқ ҳужжат бўлмаса ҳамки, турли тахминлар билан гапини исботлашга ҳаракат қилди. Шундан кейин Самандар ака қўл кўтариб қолди ва енгилгина йўталиб олиб сўз бошлади.
  Талайгина тадқиқотчиларимиз, Беҳбудий ҳазратларининг ўлимига болшевиклар сабабчи, деган даъвога кўпроқ урғу бериб, бошқа зарур қирраларни четга суриб қўйаётганга ўхшашади. Мен эса,  бу иддаолар ва тахминларга ҳамон гумонсираб қарайман.
  Тарихий жараёнларга назар солсангиз, ҳар қандай янги тузум ёки ҳукумат, дастлабки пайтда ўз рақиблари ёки бетарафлар билан мароса-ю мадора йўлини тутади; кучланиб олгандан кейингина, улар билан ўзгача оҳангда гаплашади. Устоз Қарши шаҳрида қатл этилган 1919 йилда болшевиклар ҳали ожиз эдилар, душман излаш васвасасидан кўра зарурроқ юмушлари бисёр эди. Чунки мамлакатда фуқоралар уруши давом этаётганди, иқтисод издан чиққанди. Ўша пайтда қабул қилинган тинчлик, озиқ-овқат, ер ҳақидаги Декретларда;  Ленинниг “Пролетариат диктатураси  пайтида иқтисодиёт ва сиёсат” деган асарида ўртаҳол деҳқонлар ва маҳаллий зиёлиларга таяниш, уларни сафга қўшиш зарурлигига такрор ва такрор урғу берилади.
     Зеро, улар, дастлабки пайтларда шундай йўл тутишди ҳам. Маҳмудхўжа Беҳбудийни  Маориф комиссари (вазири) вазифасига тайинланиши ва у киши билан қатор масалаларда маслаҳатлашиб иш тутишгани бунинг исботидир. Мадомики, шундай экан,  йил ўтмай унинг жонига қасд қилишлари мантиққа тўғри келмайди. Бу борада бирорта ҳужжат ёки гувоҳ ҳам йўқ.
   Борингки, шундай бўлганда ҳам, орадан олти йил ўтиб, 1926 йилда Қаршидек қадимий, йирик шаҳарга у кишининг номини беришмасди, деб ўйлаб қоламан.
   Садриддин Айнийнинг “Бухоро жаллодлари” асарида айнан 1919 йил воқеалари қаламга олинган. Адибнинг ёзишича, худди ўша пайтда амир жадидларни аёвсиз таъқиб қилиш ҳақида фармон берган экан. Ҳаттоки, боласини янгича мактабда ўқитган, газета ўқийдиган, ўзгача кийинган кишилар ҳам арк  қаршисида қўйдек бўғизланганини, инсон қони ариқдаги сувдек оққанини ёзади.
   Мадомики шундай экан, жадидлар сардорининг амирлик тупроғига қадам қўйишидан унинг айғоқчилари бехабар қолиши мумкин эмас эди. Масаланинг айнан ана шу жиҳатига эътибор қаратиб айтиш мумкинки , амир  болшевиклар билан тил бириктирган ва уларнинг айғоқчиларидан фойдаланган,  деган даъволарга ишониб бўлмайди. Чунки, Амир Олимхон чоризмни қанчалик нафрат билан ёмон кўрса, болшевикларни ҳам ўзининг ашаддий душмани деб билган. Шунинг ўзи ҳам, унинг Беҳбудийни  қатл этиш учун ленинчилар билан ҳамкорлик қилиши эҳтимолини инкор этади.
   1936 йилга келиб, болшевиклар ҳақиқатан ҳам марҳум Маҳмудхўжа Беҳбудий, аниқроғи, унинг руҳи-хотирасига қарши ҳужум бошладилар. Бир замонлар “болшевиклар партияси мусулмонлар учун зарарли”  деб ёзган иборасини асосий дастак қилиб олишди, Беҳбудий номини тарих саҳифаларидан батамом ўчириб ташлаш учун у кишини “халқ душмани” “пантуркист”деб эълон қилишди. Тан олмоқ керак, жадидлар анчайин туркпараст эдилар. Туркий тил мақомини ўз жойига қўйиш учун шундай йўл тутишга мажбур бўлгандилар улар.
   Айрим танқидчилар,  Беҳбудий ҳазратларининг муқаддас  васиятномаларига ҳам шубҳа билан қарашганлиги, ундан болшевикларнинг  ҳидини излашганлиги,  булардан ҳам ошиб тушябди.
   Бугун жамиятда, кечаги кунни қоралашга бўлган кайфият жилла устундай. Начора, ўзимизни ношоиста тутамиз ва воқелик ҳақидаги тасаввуримиз воқеликнинг ўзига тўғри келмай қолади. Кечаги кун эса, ўзининг барча иллатлари ва ютуқлари билан бизнинг ёшлигимиз, тақдиримиз эди. Энг муҳими, тарихни ўрганишнигина эмас, уни ҳимоя қилишни ҳам уддалашимиз;   ҳар қандай шахсий ва ҳатто миллий манфаатларимиздан унинг эминлиги,  устиворлигини устун қўябилишимиз шарт деб биламан.
   Жавобан, таниш олим анчайин зарда билан Қарши шаҳрига устоз номини берилиши болшевикларнинг  одамларни чалғитиш учун қилинган навбатдаги ҳийласи, қаллоблиги эканлигини гапирди.
    Раислик қилувчи икки томонни ҳам муросага чақирди.  Кўп ўтмай, бобомнинг дўстлари билан Бухоро тупроғига яъни Қаршига бориш сабаблари тағин мунозараларга сабаб бўлди. Нотиқлардан бири уларнинг ҳаж сафарига чиққанлигини исботлашга зўр берса, иккинчиси уни инкор этиб, Парижга ёки Лондонга йўл олган бўлиши эҳтимолини ёқлаб чиқишди. Шундан кейин  Самандар ака тағин сўз сўради.
  – Агар ҳаж сафарига, Франция ёки Англияга йўл олишган бўлишса, Қарши орқали боришмасди. Темир йўл бекатлари Самарқанд, Тошкентда-ку. Бошқа йўл йўқ.
  – Ҳамма нарсани инкор этувчиларни нигилистлар деб аташади. Мадомики бу тахминларга қўшилмас экансиз, фикрингизни, яъни ўз версиянгизни гапиринг,- деди раислик қилувчи.
   Самандар ака, негадим, тожикча нақлни қўллади: “Мо ин кор намекунем, лек инкор намекунем ( Биз бу ишни қилмаймиз, лекин уни инкор ҳам этмаймиз.) Менинг тахминимча, ўша йили устознинг яқин дўсти, маслакдоши Абдулла Авлоний Совет ҳукуматининг Афғонистондаги мухтор элчиси қилиб тайинланганди ва у киши дўстларни таклиф қилган бўлиши эҳтимолга яқин. Термиздан эса Афғонистонга ўтиш  ўнғай.
   Раислик қилувчи ҳам, нотиқлар ҳам жимиб қолишди. Чунки бу мутлақ  янги ва мушоҳадага чорлайдиган фикр эди.
 – Бирорта ҳужжат борми?
   Йўқ. Аммо Афғонга бориб, топиб келишни мўлжаллаб юрибман.
   Шу билан йиғилиш тугади. Раислик қилувчи мен томон юзланиб
   – Охирги сўз Маҳмудхўжа Беҳбудий жанобларига,- деди
   Ўтирганлар ажабланиб, бир-бирларига савол назари билан қарадилар. Ўрнимдан туришим билан  ҳамманинг нигоҳи менга қадалди.
 – Муҳтарам бобомга шу қадар эҳтиром кўрсатганларинг учун Худо сизларни ҳурмат қилсин!  Бир замонлар Туркиялик башоратчи аёл  у кишига:  “Сен узоқ яшайсан, мабодо ўлдиришса, тағин тирилиб яшайверасан”,  деган экан. Бобомни биринчи бор, қирқ тўрт ёшларида амир жаллодлари; иккинчи бор, пайғамбар ёшига етганларида, болшевикларнинг хунхўрлари ўлдиришди. Энди Беҳбудий ҳазратларини ҳеч ким ўлдиролмайди! Чунки у кишининг енгилмас ва мустақил ватани бор, сизлардек жигарлари  бор!
  Ўпкам тўлиб, давомини гапиролмай қолдим.
  Ҳамма қарсак чалиб юборди.
                                                                       

Комментариев нет:

Отправить комментарий