пятница, 18 мая 2018 г.

2. ҚЎЛДА ҚАЛАМ БИЛАН


                     
                          Актёрлик маҳорати
   
   1977 йилнинг ноябр ойи эди. Идорадан  (“Қишлоқ ҳақиқати” таҳририяти)  телефон қилиб, эртага Навоий вилоятидаги ”Нарпай” совхози пахта тайёрлаш мажбуриятини бажаришини, шу муносабат билан у ерга Шароф Рашидов боришини, мен ҳам ўша жойда бўлишим зарурлигини айтишди.
  Етиб келганимда, одамлар тўпланиб бўлган эдилар. Улар идорагача бўлган йўлакнинг икки томонида тартиб билан туришар, олдинги қаторда янги либослар кийиб гул кўтарган ва салқин ҳавода дилдираётган қизалоқлар, ундан кейин бир хил яктак кийган муйсафидлар... Булутли осмондан кўз илғамайдиган ёмғир зарралари ёғарди.  Мен ҳам отахонларнинг ортларида туриб, республика раҳбарини кутабошладим.
   Аммо муйсафидларнинг кайфияти байрамона эмасди. “Амирлик замонида ҳам бунақа азоб беришмасди одамларни,  давом этарди улардан бири, далада бир чаноқ ҳам пахта  йўқ, барибир, терасан, дейди. Пахта сотиб олиш учун ҳар куни пул йиғади золимлар!. Пенсияни қўлга олмасдан, уларга тутқазиб юбордим”  
  Бири тугатмасдан иккинчиси илиб кетди. “ Сигирни оғилга қамай десам ҳам қўймади, бориб, мана яктакни кийиб ўтирасиз,  деди. Энди бузоқ онасини эмиб қўяди; кампир кечаси билан жавраб чиқади. Шунинг сутини сотиб, калиш оламиз, деб тургандик”.  “Ёрдамчиларга раҳмим келади, давом этди тағин бири, шу совуқда саройда ётишибди, улар ҳам бировнинг эркаси. Пахта сиёсати дейди.”
  Шу пайт кортеж кўринди. Ҳамма  меҳмон шарафига қарсак чалди ва зум ўтмай йўл бошида казо-казолар қуршовида Шароф Рашидов кўринди. ҳамда қўлини кўксига қўйганича, тўпланганларга эҳтиром кўрсатиб, келабошлади. Шунда  лабига табассум суртиб турган чолларга хайрихоҳлик кўрсатиш илинжида, ногаҳонда биз томон бурилди ва бобойларга, шу жумладан менга ҳам қўл чўзиб кўришабошлади. Арбоб ҳар биримиз билан кўришганда: “Ҳаёт яхшими?”, “Турмуш яхшими?” деган бир хил саволни такрорларди. Муйсафидлар эса бир-бирига навбат бермай, ҳаёт билан турмушнинг жуда ҳам яхшилигини такрорлашарди. “Биздан нима талаблар бор?” савол берди у киши, ҳамду-санодан безиб ва гарчанд, қандай жавоб берилиши яхши билсада. “Ҳеч қанақа камчилик йўқ, бахтимизга сиз соғ-саломат бўлсангиз бас”,  дейишди худди ўргатиб қўйилгандан бир овозда. Муҳтарам меҳмон ҳамма билан ҳайрлашиб, йўлида давом этди. Муйсафидлар орасида анча зиёли бўлиб кўринган чол менинг нигоҳимдаги истеҳзони пайқаб қолди, шекилли, ўзини оқлаган бўлди: “Ҳа, энди замонасозлик қилмаса ҳам бўлмайди”
   Кейин залга кирдик. Биринчи бўлиб совхоз директори сўз олди. Шароф Рашидовнинг пойқадами билан шарафли мажбурият бажарилганини, халқнинг кайфияти яхшилигини, яна фалон тонна пахта термагунча уларнинг кўнгли жойига тушмаслиги, далада эса ҳосил кўплигини гапирди. Ҳамма қарсак  чалди. Кейин бир муйсафид минбар миниб, замоннинг фаровонлиги, аммо ношукур бандалар учраб туришини айтиб, қолган ҳосилни термаслик увол эканлигини, оиласи билан тағин фалон кило паҳта теришга ваъда беришини айтди. Тағин қарсак чалинди. Яна казо- казолар чиқиб, аввалгилардай ўз ролларини маҳорат билан ижро этдилар, аниқроғи, қолган қутган пахта(ни) қўйдилар. Шароф Рашидов сўз олганда, ҳамма ўрнидан туриб, узоқ қарсак чалди. У киши энг аввало Брежневни улуғлади ва сўзининг охирида совхоз пахтакорлари ваъдаларининг устидан чиқишларига ишонч билдирди.
   Фақат яланғоч ғўзапоялар қолган далалардан ўтар эканман, аввал ўзимга таскин бердим. Бир умр подшоҳлар, амирлар, мингбошиларга таъзим қилиб, фақат уларнинг райига қараб иш тутишга кўниккан халқ  катта-кичик котиб ва саркотибларга бош эгиши табиий ҳол. Толстой топиб айтган: “Биз подшолар қаршисида бош экганимиз учун ҳам  улкан бўлиб кўринишади, агар қоматимизни кўтарсак, улар ҳам ўзимиздай гуноҳкор банда эканлигига ишонч ҳосил қиламиз”. Далада паҳта қолмаганини Шароф Рашидов ҳам кўрди-ку. Наҳотки шундай обрўманд одам ҳам рол ўйнаган бўлса?!
  Зеро, ўзим ҳам актёрлик маҳоратимни ишга солишга мажбур бўлдим. Хўжаликда тантана бўлиб, республика раҳбари ташриф буюрганини, жамоа тағин фалон тонна пахта теришга аҳд қилганини ёзиб юбордим.

                                   
                          Гулгир
  
  Сўзангарон маҳалласида яшайдиган бу гулгир ( тожикча – томоқдан олувчи) ҳақида кўп эшитгандим, унинг авлодлари ҳам шу касб билан шуғулланишганини билардим. Ҳар гал набираларимнинг томоғи оғриб, меъдаси бузилса, келинларим ўша аёлникига йўл олишарди. Қайтиб келишганда, бола анча тетиклашганига гувоҳ  бўлардим. Лекин шунга қарамай, бу аллақандай алдам-қалдамдай бўлиб туюлар, болаларни яхшиси, докторга элтиш зарур деб тайинлардим. Улар эса бош силкиб маъқуллаган бўлишар, аммо ўз билганларидан қолишмасди.
  Бир куни томоқ, қулоқ ва бурун бўйича анча таниқли олимнинг фикри билан қизиқдим.
   “ У гулгир эмас, пулгир, деди, анчайин тутақиб, мана қаранг, давом этди олим, қизилўнгач акс этган плакатни кўрсатиб, томоқ йўли силлиқ. Хўш, унда қандай қилиб овқат қолади. Тағин: нега ўзбек, тожик боласининг томоғига овқат  тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади. Бари савияга, дунёқарашга боғлиқ”.
  Ҳа, олим мени анчайин ишонтирди, аммо пинҳоний шубҳам ҳам сақланиб  қолган эди. Шунинг учун, кунлардан бирида, зоҳирий андишалар билан гулгирнинг уйига йўл олдим. Бу ерда йигирма чоғли оналар ва бувилар жигаргўшаларини овутиш билан овора эдилар. Болакайларнинг аксарияти инжиқлик қилар; зеро бемор боланинг рафтори сизга ҳам бегона эмасдир. Қаторнинг анчайин олдига ўтиб, боласини кўтариб турган келинчакка эски танишлардек, тожикчалаб сўз қотдим.
 “Нима бўлди, бу йигитчага? Қани менга берингчи”...
  Аёл кўзимдаги хайрихоҳликни кўриб, болани  узатди. Бошқалар, каминани шу келинчакнинг одами, деб ўйлашди шекилли, эътибор беришмади.
“ Уч кун аввал нўхатнинг пўчоғини олдириб кетган эдим, тағин бир гап бўлганга ўхшайди...” Бир бор олса, ўрни из бўлиб қолади, деб эшитгандим”,  жим ўтирмадим. У елка қисди.
   Суҳбатимизга  ўрта ёшлардаги аёл аралашди. “Бу – нотўғри”.  “Сиз қаердан биласиз?” сўрадим  унинг суҳбатга аралашганидан мамнун бўлиб. “Мен ўзим, докторман” қисқа қилди у. “Ундай бўлса нега ўзбек билан тожик боласининг томоғига тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади”,  суҳбатга ҳалиги олимнинг давосини суқдим. “Улар докторга олиб боришади ва тузулгунча уч-тўрт кун вақт ўтади. Бизда бу анъана минг йиллардан бери бор.  Билишимча, боланинг ютиш қуввати суст;  шу сабаб унинг томоғига овқат эмасу, ҳар хил пўчоқлар қолади ва ачиб, микроблар медага ўтади, натижада боланинг ичи кетади”.
   Биз анча олдинладик ва гулгирга  яқинлашдик. У одмигина кийинган, ўрта ёшлардаги аёл эди. Бемор боланинг оғзини очдириб қарар, ташқарисидан ҳам пайпаслаб кўрар ва чапдастлик билан кўрсатгич бармоғини унинг буғзига тиқарди. Тўғри, у ҳар гал қўлини совунлаб ювар, тоза сочиқда артарди, аммо шунга қарамай, бу юмуш менга жўн ва санитария талабларига зид бўлиб туюлди. “Болага олма берганмидингиз, сўради бир аёлдан, ва у маъқуллаб бош силкигач давом этди: мана, пўчоғи қолибди, бундан кейин артиб беринг”.
   Бир маҳал ўрта ёшлардаги аёлнинг ориқлаб кетган, касалванд қизалоғинини ( балки набирасидир) кўздан кечиргач, “Бунинг томоғига ҳеч нарса қолмаган,  духтурга олиб боринг”, деди. “Сизга духтурнинг ўзи юборди, деди мени ҳайратга солиб у, бир ҳафтадан бери ҳеч нарса емайди, кечаси билан йиғлаб чиқади”.  “Каттароқ духтурга кўрсатинг”
   Шу пайт гулгирнинг кўзи менга тушди ва аллақандай шубҳа, гумон аралаш, қайтадан синчиклаб тикилди. Кейин, кутилмаганда, тўпланганларга қараб: “Эртага келинглар, бугун қабул қилолмайман”,  деди.  Бу – нохуш ҳол эди. Аёллар  норози оҳангда илтижо қилишга тушдилар. Гулгир менга тағин бир бор сирли нигоҳларини тикиб,  имо-ишора қилди, шекилли, улар сиру-синоатни тубига етиб,  менга бўлган муносабатларини кескин ўзгартиришди. Ҳамсуҳбатим иддао билан, шоша пиша боласини қўлимдан олди.
  Бу ердан тезрок кетишим кераклигини ўзим ҳам ҳис этдим ва курашда мағлуб бўлган ноумид полвондай орқага қайтдим.
   Аёлларнинг пичирлашлари қулоғимга чалиниб турарди. “Милиса” Не мухбир” Налукчи”
   У гулгирми, пулгирми ҳозиргача аниқ тўхтамга келганим йўқ.
       Манба:      https://nusratrahmat.blogspot.com/                    
                                       
  

Комментариев нет:

Отправить комментарий