среда, 15 февраля 2012 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ



                              УЧИНЧИ ҚИСМ

                               Тўққизинчи боб

                Ҳар ўн икки ойда келар бир таноб,
                Ўзгаларга роҳат-у, менга азоб...
       дейдилар мавлоно Муқимий,
    Ҳозир, яъни 2011 йилнинг декабр ойида мен шу аҳволдаман, Назаримда, ўзгалар ўзига тинч, мен эса азобдаман.
     Йўқ, ҳеч қанақа танобчи ёки солиқчидан озор чекканим ҳам йўқ. Гап шундаки,  тадбиркорлик ва умуман тирикчилик масаласида  қатор муаммолар билан юзма-юз бўлиб турибман.
   Ўтган йиллар давомида табиий газ танқислигига аста-аста кўникаборган эдик. Уч йилдан буён газ фақат ёзда берилар, қишда эса ўтин, кўмир ёқишга мослашган эдик. Бу йилга келиб, ёзда ҳам газ бўлмади.
Бунисига чидаса бўлади. Электр таъминоти масаласи ҳам оқсаб қолди. Худо буни ҳам қисди. Эндиликда электр лампаларимиз эрталаб уч, кечқурун уч соат ёнади. Тирикчилигимиз, яъни  бизнесимиз омили бўлган инкубатор учун эса доимий ток керак. Акс ҳолда, тухумлар палағда бўлиб қолаверади.

 Тўғри, бензин билан ишлайдиган генераторим ҳам бор. Аммо шаҳарда, ишонасизми-йўқми,  бензин – анқонинг уруғи.. Йўқ ва йўқ! Тамом, васаллом! Бунинг устига, машинамиз билан киракашлик қилиш ҳам қийинлашди. Ўғлимиз – Найимбек ёқилғи  қуйиш шохобчасида кечаси билан навбатда туриб, зўрға ўн-йигирма литр бензин олади.
 Шундан кейин ҳам фиғонингиз кўкка ўрламасинми?
 Хотиним эса нуқул мендан хавотирда. Қаҳр устида катталар шаънига ножўя гап айтмасин деб, мени овутгани овутган. “Шукур қилиш керак! Замон тинч, Тўйларни қаранг, уйларни қаранг! Мана мен рассийский шам олиб келдим” ва ҳакозо.
Кечқурун чойхонага чорлашди. Телевизорда ҳоким билан мулоқот бўлармиш, савол ё шикоятлар бўлса, айтиш керак эмиш.
Бу ерда анча-мунча одам тўпланганди. Менга ўхшаб тажанг бўлиб турганлар ҳам оз эмасди.  Уларнинг аксари ҳокимга газ, электр таъминоти, кўчалар масаласини кўндаланг қилиб қўйишга шайланишганди. Жумладан, Мурод муаллимнинг баримизга  таъкидлаб айтган гапи менга маъқул бўлди.  “Амалдорлар жуда пихини ёрган бўлади. Ҳокимнинг ўзи ҳам аҳвол анчайин ночорлигини яхши билади, аммо қалтис саволдан қочабошлайди. Шунинг учун ҳам унинг тўғридан-тўғри мулоқот қилишига ишонмай турибман. Ҳарқалай, уни нозик жойидан тутиш, гангитиб қўядиган саволлар бериш керак. Масалан, газ масаласида у бор айбни одамларнинг ўзига тўнкаши яъни, қарзларинг фалон сўм бўлган, шуни тўласаларинг, газни оласизлар, дейиши мумкин. Шунда биз қўшни Қўшмачит қишлоғини мисол қилиб кўрсатамиз. Булар газ идораси билан келишиб, аввал жами қарзларни тўлашди ва катта маблағ эвазига бош магистралдан алоҳида қувур тортиб келишди. Бир йилдан кейин у ерда ҳам газ бериш тўхтатилди. Қани, бунга нима деб жавоб бераркан. Электр масаласида ҳам  айбни ўзимизга ағдарса, хуш ундай бўлса нечун шифохона, болалар боғчаларида свет йўқ,  беморни шам нурида операция қилишганига ўзимиз гувоҳ, деймиз.  Ёки кўчалар масаласини олайлик. Кўча ҳақини ҳамма тўлашга мажбур - буни  бензин нархи устига қўйишган. Хўш, нега ундай бўлса бизнинг кўчалар бомба тушгандек бўлиб ётибди, деймиз.”  
Бу гаплардан маҳалламиз оқсоқоли Илҳом милисанинг хавотири ошди. “Сиёсат билан ўйнашманглар, деди, борига шукур қилиш керак. Тирикчиликларинг ёмон эмас. Ҳамма уйда машина бор, иморатлар...”
Ниҳоят сухандон ўрта бўйли тепакал киши томон ишора қилиб, ҳоким халқ билан бевосита мулоқот қилмоқчи, жойлардаги аҳволни билмоқчи, қобилида гап қилди.  Шу билан бирга  телефон номерларини ҳам аён этди.
Вилоят раҳбари анчайин босиқлик билан гап бошлаб, аввал республикамиз, сўнг вилоятимизда қўлга киритилган ютуқларни бирма-бир санайбошлади. Ўтган йиллардан кўра электрлаштириш фалон, йўллар таъмири фалон, умрнинг узунлиги фалон  фоизга ошганлигини; пахта, чорва, саноат маҳсулоталир ишлаб чиқиш эса икки-уч ҳисса кўпайганлигини таъкидлади.
Тезда бу  статистик рақамвозликдан зерикабошладик, боиси:  дардимизни айтишга шошилардик.
 Саволларни қизлар телефон орқали  ёзиб олиб, ҳокимга берабошлашди. Лекин нафсиламбирини айтганда, бу унчалик ҳам бевосита мулоқот эмасди. Бошлиқ, асосан, ўнғайроқ  саволларга жавоб қайтарарди. Биз ҳам шоша-пиша бояги талабларимизни йўллашга шошилдик. Аммо телефонлар банд эди. Шунга қарамай, айрим дардларимизни айтишга улгурдик.  У эса фақат йўллар ҳақидаги саволимизга жавоб қайтарди. “Маҳаллаликлар  кўчаларимизнинг аҳволи хароб, дебди. Ҳамма ўз кўчасига қараб хулоса чиқармаслиги керак. Шаҳар кўчаларини кўринг, магистрал йўлларни қаранг! Буларнинг бари икки уч йилда бўлди. Қолганлари ҳам аста секин бўлади.”
Фақат газ таъминоти масаласида ҳоким ҳақиқатга андак яқинлашганга ўхшади.  “ Бу йилдан эътиборан, деди у,  қишки мавсумда иссиқхоналар, ғишт заводлари, ошхоналарга табиий газ берилмайди. Шаҳарнинг фалон ва фалон маҳаллалари ҳам кўмир сотиб олсин. Газ йўқ!”
Аммо бунинг сабаблари ҳақида оғиз очмади.
Мулоқотдан кейин бир муйсафидга сўз беришди. Отахон ўтган замонда чеккан уқубатларини ҳикоя қилди. Ўн бола битта сандали атрофида катта бўлишгани, нон карточкасини йўқотиб қўйиб, азоб чеккани, шўролар даврида кўрган адолатсизликларни санади. Баримизни шукур қилишга, сабр-тоқатли бўлишга чорлади. “Телевизорни кўринг, деди у, бир мамлакатни сув босаябди, бошқасида ер қимирлаябди,  учинчисида  ака билан ука бир-бирига милтиқ ўқталаябди. Биз эса андак етишмовчилик қаршисида ҳархил нохуш  фикрларга борадиган бўлганмиз. Уят бўлади-я!”
Мен уйга ўзгача кайфият билан қайтдим.  Шу отахон, Илҳом милиса, қолаверса,  хотиним менинг душманим эмас-ку! Шулар, бошни хам қилиб, шакрона айтиб юришга даъват этишаётган экан, демак,  бир гап бор!
Мавлоно Муқимийнинг шеърларини ўзгача оҳангда куйлайбошладим.
      Ҳар ўн икки ойда келар бир таноб,
       Ўзгаларга роҳат-у, менга кабоб!



      

Комментариев нет:

Отправить комментарий