"Буни ҳаёт дебдилар"
Тоққа борамиз! Тамара опамникига!
Бу хушхабар хонадонимизда қанот қоқиб юрганига ўн кундан ошди. Катталар сўз бериб қўйишди-ю, кейин турфа баҳоналарни қалаштирадиган бўлишди. «Дарёда сув кўп», «Ҳали лола очилганмас»...
Моҳинбону иккаламиз бўлсак уларнинг ваъдаларини бот-бот ёдларига солишдан чарчамасдик. Ниҳоят, якшанба куни жўнашимиз аниқроққа ўхшаб қолди. Амаким бир кун аввал анча-мунча ширинликлар харид қилиб келдилар.
– Сиз ҳам майда-чуйда олинг, – ойимга тайинладилар бувим, – тоғлик қизимнинг бола-чақаси кўп, ўзи камбағалроқ. Бевачилик қийин...
Шу билан қаноатланмай, ўзлари ҳам анча-мунча кийим-кечаклар танладилар (булар орасида бизга унчалик ўтиришмай қолганлари ҳам бор эди).
Якшанба куни Мону иккаламиз саҳармардондан уйғониб олдик. Дилафруз ҳам уйғонди. Аммо катталар жуда имиллашар, сусткашлик қилишарди. Мен бир нарсадан: улар фикрларидан айниб қолишларидан чўчирдим.
Амаким машиналарини тағин бир бор кўздан кечириб чиққач, Мону иккаламиз орқа ўриндиқдан жой олдик. Бувим олдинга ўтириб олиб, сафаримиз бехатар ўтиши учун дуо ўқидилар. Ойим билан аммам ёнимизга тиқилишди.
Аввал гавжум қишлоқлар, сўнг яккам-дуккам уйлар ортда қола бошлади. Кейин чўл бошланди. Лекин ана шу сарҳадсиз текисликда ҳам баҳорий бир уйғониш, нозик бир тароват мужассам эди. Бир лаҳза тушиб, лолақизғалдоқдан гулдаста ясагим келди. Лекин бу таклифим катталарга томдан тараша тушгандай бўлиб туюлишини ҳисобга олиб, индамадим.
Ҳадемай рўпарамизда мунғайиб турган тоғлар пайдо бўлди. Мен авваллари уларни нуқул узоқдан кўргандим. Шунинг учун пурвиқор салобати, сирли улуғворлигидан ҳайрат, ҳаяжоним ҳаприқиб кетди. «Нега қуёшга яқин бўлса ҳам қори эриган эмас? Нега улар беўхшов?». Бунга ўхшаш бир талай саволларимга табиат ҳақида китоб ёзган дадам ҳам дудмал, мавҳум жавоблар қайтарардилар. Ниҳоят, асфальт кўчадан ўнг томонга бурилдик ва баландликка ўрлаган ўнқир-чўнқир йўлга тушдик. Амаким йўлдаги чуқурлар, тошларни имкон қадар четлаб ўтишга ҳаракат қила бошладилар. Бир маҳал йўлимиз дарёнинг ёйилиб оқаётган соҳилига келиб тақалди. Амаким тормозни босдилар-у, пастга тушиб энсаларини қашлай бошладилар. Бувим хавотирга тушиб, дуо ўқидилар. Дадам бўлса, одатдагидек, амакимга ақл ўргатишга киришдилар.
– Мана шу ердан ҳайдасанг, ўтиб кетади. Қара, биздан олдин ҳам чорчархалар ўтган экан.
Мен катталар фикрларидан қайтишларидан чўчирдим. Шунинг учун жим ўтирмай, айни пайтдаги раҳнамомиз – амакимга ҳамду-санолар ўқий бошладим.
– Сиз бундан ёмон жойлардан ҳам ҳайдаб ўта оласиз! Бу нима бўпти?! Қўрқманг, амаки. Армияда танка ҳайдагансиз-ку!
У киши ўринларига чаққон ўтирдилару газни босдилар.
Дадам далда бердилар.
– Давай, газни бос! Моторга сув тегмасин!
Бир-бирини сарбасар қувиб келаётган тўлқинлар машинамизга келиб урилар, бизни итқитиб юбормоқчи бўларди. Лекин биз ҳам ожизмасдик. Бувимнинг илоҳий ишончлари, амакимнинг дадиллиги, дадамнинг далдакор ҳайбаракаллачилиги, ойим билан аммамнинг сукути, мен, Мону ва Дилафрўзнинг умидимиз... ҳаммаси, ҳаммаси жамулжам бўлиб, аллақандай қудратга айланганди. Гарчанд кабинамизга сув кириб, андак саросимага тушган бўлсак ҳамки, ўша куч мадад берди ва биз қирғоққа чиқиб олдик.
Эҳ, қариндошларимизнинг қувончларини кўрсангиз эди. Узун пахталик камзул кийиб, бошларига катта рўмолни беўхшов боғлаб олган хотин-халаж бизни ўраб олиб, ўпаверди, ўпаверди. Зум ўтмай туманот одам тўпланди. Ҳаммадан ҳам момомга кўпроқ таъзиму тавозе қилишарди улар. Сочларини тарашлаб олдирган, оёқларига қўпол кирза этик кийган болакайлар бир-бирларига бизни кўрсатиб шивирлашарди, кулишарди, завқланишарди. Мен бу одамлар орасида фақат Тамара опани танидим. Лекин у киши ҳам кўпчилик қатори бувимнинг теграларида гиргиттон эди. Аёллар момомнинг қўлтиқларидан суяб, айвоннинг тўрига ўтқазишди. Тамара опанинг ойиси негадир бувимнинг этакларидан ўпиб, кўз ёш тўкди. Момом ҳам атрофдагиларнинг бу итоаткорлиги, таърифу таъзимлари, тавозеларидан зарра хижолат чекмай, худи шундай бўлиши зарурдай аллақандай ғурур билан тасбеҳ қайтаришга киришдилар. Ўзларини тутишларида бекзодаларга, зодагонларга хос киборлик зоҳир бўлиб кетди. Ё тавба! Ё тавба!!
Айвондан давра бўлиб жой олдик. Зум ўтмай қий-чувурлар тинди, сукунат чўкди. Чунки Момом одатдагидек кўзларини юмиб, қўлларини дуога кўтаргандилар. Қулоғимга тоғ дарёсининг тошдан-тошга урилиб оқиши, зарғалдоқ овози эшитилди. Сўнг тағин қий-чув бошланди. Мону иккаламиз зерика бошладик, аниқроғи, тоққа чиқишга шошилардик. Мен Тамара опанинг укалари билан танишиб, ўшалар билан чиқишни режаладим. Лекин болакайларнинг кўзидаги бегонасирашми, ийманишми буларнинг барига монелик қилаётганини уқиб олдим. Ўар қалай, чой ичиб олганимиздан кейин дадам таклиф киритиб қолдилар:
– Бу ерда ўтирмаймиз – дайровотга борамиз. Сизлар майда-чуйдани ўша ёққа олиб боринглар. Унгача биз тоққа чиқиб келамиз.
Ура! Рози бўлишди! Молодец, папаша!
Дадам, ойим, аммам, амаким билан йўлга тушдик. Тамара опа билан укаси ҳам бизга ҳамроҳ бўлди. Ёлғизоёқ йўлдан қатор бўлиб кетар эканмиз, дадам одатдагидек зукколикларини намойиш қилмоқчи бўлдилар.
– Мана, бу ўт – қичитқи. Огоҳ бўлинглар. Буниси – пудина. Ҳидлаб кўринглар-а, қандай хушбўй. Буниси совунак. Совуннинг ўрнини босади. Ана у отқулоқ. Тузлаб есанг...
– Тоға, бу совунак эмасдир, – кутилмаганда одобу эҳтиром ила гапга аралашди Тамара опа, – марварак бўлса керак. Униси зубтурум. Тўғри, отқулоққа ўхшаб кетади.
Ойим қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. Бу ҳузурбахш кулгида анча-мунча заҳарханда, киноялар зоҳир эди.
– Муаллим, андак адашдингизми, – шу ёғи етмагандай тағин ниш санчиб қўйдилар ойим.
Аммам дадамнинг тарафларини олиб, алланима дедилар. Сўқмоқ тағин бояги дарёга келиб тақалдию, мавзу тугади. Бу ерда сув ёйилиб оқмас, аксинча анчайин энсиз аммо шиддаткор эди. Ёлғизоёқлар ўтиши учун дарё устига терак қулатиб қўйилганди.
– Бу ердан ўтмайман, – дедилар ойим,– сувга оқиб ўлиб кетмайин.
Галалашиб у кишини овутишга, кўндиришга киришдик. Ниҳоят мойиллик пайдо бўлди. Ҳаммадан кейинда дадам икковлари қолишди. Сўнг бир-бирларининг қўлларини ушлаб олиб, ҳаваскор дорвоздай аста-секин қадам ташлай бошладилар. Ўртага келганда, дадам бармоқларини астагина чиқариб олиб, ўзларича интиқом олишга киришдилар.
– Хўш, муаллима, арзимас камчиликларимни тағин юзимга соласизми?
– Муаллим, тавба қилдим, намоқул қилибман!
– Мен...
– Сиз зўрсиз! Ботаникани, зоологияни яхши биласиз. Катта гапирмайсиз, олифталик қилмайсиз! Менга жуда меҳрибонсиз, сахийсиз...
– Бўлди, қўлни беринг, – ёқиб тушди дадамга ҳамду сано.
Қил кўприкдан ўтиш билан эса ойим тўнларини тағин тескари кийиб олдилар.
– Ўтакетган бағритош, қурумсоқ одамсиз!
– Қайтишимиз ҳам бор, – кўприк томон имладилар дадам.
– Сизга ялингандан кўра шу тоғларда қолиб кетаман! Мауглига айланаман! Сиз билан яшагандан кўра, бўрилар билан кун кўрган яхши!
Шўх кулгилар, ҳазил-мутойибалар билан ёнбағирга етиб келдик. Сандалдай-сандалдай харсанглар тепамизда осилиб тургандай эди. Асрий чўққилар сукут сақлар, унинг тўшидаги қорлар қуёшда ялтирар, кўзни қамаштирарди. Анча нарида шалола шовқин солар, баландликдан отилаётган сув ғалаён қиларди. Мен номларини билмайдиган қушлар, ҳашаротлар қўшиқ айтишар, умумий оҳангга жўр бўлишарди. Биз эса буларнинг баридан завқ олиб, юқорига тирмашардик.
Ҳадемай ойим чарчаб қолдилар. Моҳинбону иккаламиз ҳам қорлар ҳали жуда баландда эканлигига ишонч ҳосил қила бошладик. Дадам эса жуда сархуш эдилар. Чучмома-ю гулсафсарларни ҳидлаб, бошларини мастона тебратишдан, ҳовучлаб сув ичишдан чарчамасдилар.
– Тамара, нега тоғларда лола йўқ, а? – сўрадилар у киши бир маҳал надомат билан.
– Тоға, бу йил сув кам бўлди, – ҳозиржавоблик қилди опамиз.
– Сув кўп-ку, – ажабландилар дадам.
– Йўқ, дарёда сув оз. Авваллари кўп бўларди – шаҳарликлар ўтолмасди. Энди ўтиб лола билан ровочни ташиб кетишяпти.
Дадам яна алланималарни суриштирдилар. Ҳадемай қорнимиз очиб, кучимиз қочиб бораётганини ҳис қила бошладик.
Булоқ бўйида жой қилишибди. Дастурхон усти ноз-неъматга тўла. Бувим билан мезбонларнинг саволларига ҳам жавоб қайтармай ўзимизни овқатга урдик.
Қорнимиз-тўйгач, олам мунаввар бўлиб кетди. Ва деярли ҳаммамиз аллақандай дилкаш, қадрдон оҳангга эҳтиёж сеза бошладик. Бу талаб дақиқа сайин ошиб бораверди. Дадам атрофга аланглаб, магнитафон ёки радио излагай бўлдилар. Ойим Жўрабек Муродов, Шерали Жўраев каби ҳофизларни эслаб қолдилар. Шунда бизнинг дилимизни топиш учун гиргиттон бўлаётган Тамара опанинг ойиси жонимизга ора кириб қолди.
– Ҳозир қизим сизларга чанқовуз чалиб беради.
– Давай, давай, – қувониб кетдилар дадам.
– Би-и-ир эшитайлик, – эшилиб кетдилар ойим.
– Кўп йилдан бери эшитганим йўқ, – дедилар бувим, – авваллари...
Тамара опа тоғли қизларга хос ийманди, негадир ёноқларига шафақ ранги кўчди. Нигоҳларида баҳорий безовталик, ногаҳоний интизорлик ва менга унчалик таниш бўлмаган туйғулар, аломатлар зоҳир бўлди. Кейин синглисининг жамалагидан миттигина чолғуни ечиб олди. Баримизнинг интиқлик ва интизорлигимиз ошиб бораётганига қарамай, опамиз алламаҳалгача иккиланиб турди. Сўнг чолғуни лабига босди. «Биё-ё-ё-ё, Би-ё-ё-ё». Жуда тиниқ ва сеҳрли садодан қушлар, сайроқи ҳашаротлар ҳам тин олгандай, ҳатто шалолар бир лаҳза сукут сақлагандай бўлди. Оҳанг осмонларга қадалган пурвиқор чўққилардан садо қайтараётгандай эди. Дадам кўзларини юмиб олиб, бошларини бир маромда тебрата бошладилар. У киши жуда қадрлайдиган бир оҳанг бор. «Би-ё-ёки зулфи кажу, чашми сурмасо инжост, Нигоҳи гарму адою, ки муддао инжост ай». Худди ўшани эшитаётгандай ҳузурбахш ҳаловат оғушида эдилар у киши.
Чанқовуз оҳангини андак ўзгартирди, шўхроқ лаҳжада сирли бир туйғу ҳакида ҳикоя қила бошлади. Аниқроғи, Тамара опамнинг орзу надоматларини таржима этишга киришди у. Дил тўла ҳаяжон ила боқий тоғлар ва улардан абадий муҳаббатни тараннум этарди чанқовуз. Гарчанд бу туйғу менга бир оз қоронғироқ бўлса ҳамки, унинг муқаддаслиги, баҳорийлиги, бағоят эзгулигига ишонч ҳосил қилдим. Титроқ симлар Тамара опамизнинг бедор тунлари, ҳаловатсиз кунлари, роҳатбахш лаҳзалари ҳақида сўзларди бизга.
У ногаҳонда тин олди. Ҳали куйга қониқмаган ташна дилларимиз мунғайиб қолгандай бўлди.
– Чал, чал, чал...
– Давай, давай...
Тамара опам чалмади. Ширин туйғуларининг қолганини сир тутишга аҳд қилганди: лекин бизни ҳам ранжишимизни истамасди.
– Энди энам чалалла.
У кишининг онаси алланечук бўлиб, эътироз билдирди. Бувим даъват этдилар.
– Ёшлигингда яхши чалардинг...
Орага сукунат чўкди.
– Майли, бибижон, сиз учун чалиб бераман...
Бу гал аллақандай машаққатли тоғ йўлини эсга соладиган куй янгради. Чеки кўринмас бу сўқмоқ йўловчининг мадорини, наинки мадорини, жонини оладиган қисматдай аччиқ. Оҳангда кураш ва надоматлар қат-қат эди. Тирикчилик деган боқий ташвиш ҳақида ҳикоя қиларди чолғу. Қизи бўйга етгани, болакайлари улғайиб қолгани ва ота деган улкан такягоҳнинг йўқлиги тобора кўпроқ аён бўлаётганлиги, болаларини итга қоптирмай, туяга тептирмай ўстирганини, рўзғор тебратиш оғир, анча оғир эканлигини дил тўла дард билан изҳор этар, такрорларди. Тоғлар залворли, дарёлар асов, одамларда эса саҳоват, мурувват аввалгидай эмас. Улар тоғларни топташади, дарёларни бўғишади. Оқибатдан эса чўчишмайди.
Мунаввар ва дилафрўз баҳор келди. Одамлар кўнгил очадилар, гул саралайдилар. Мен шўрлик бўлсам, келаси қиш ташвишидаман. Ризқи рўз учун дон, болаларим учун либос, молларим учун емиш ташвишини тортаман.
Эҳ тақдир, ҳеч бир остонани эркаксиз қолдирма! Чанқовуз тин олди. Биз ҳам тин олдик. Аччиқроқ эди бу оҳанг.
-–Энди сиз чалинг, бибижон, – чанқовузни бувимга тутқазди у киши хаёлчан.
Бувим сал хижолат чеккандай бўлдилар. Алланималарни баҳона қилдилар.
– Чалинг, чалинг...
– Давай, давай...
Чанқовуз аввал дудуқланди, сўнг кишини овутадиган, далда берадиган лаҳжада алланималар дегандай бўлди. Кейин қўшиқ бўлиб қуюлди.
Шабнамларга, шалолага омонлик
Гулсафсарга, гуллолага омонлик,
Ҳурриятга, зурриётга омонлик,
Яхши-ёмон сулолага омонлик,
Омонлик-о
Омонлик-о
Омонлик...
Боқийликда чўққиларга тараф йўқ,
Тиниқликда чашма эрур ягона
Етмиш – кетмиш, кечир гуноҳларимни
Яхши-ёмон кунларимга шукрона
Шукрона-ю
Шукрона-ю
Шукрона...
Биз тоғ сайридан кеч қайтдик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий