среда, 1 февраля 2012 г.

САРҲИСОБ - 2



  

    Ҳаётимдаги муҳим воқеалардан бири Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон давлати, Ҳинд океани соҳиллари бўйлаб ўтказган сайёҳатим бўлди. У ўлкалардан катта таассурот билан қайтдим.
   Дубай шаҳри мени ҳайратга солди. Саҳрода қисқа  муддатда шундай шаҳар барпо этганларга тасаннолар бўлсин!  Эҳтимол, ҳамма гап нефтда ҳам эмасдир. Бу ерда қазиб олинадиган нефт, масалан Туркманистондан анча кам. Аслида  бир ҳовуч тиллоси бўлган довдирдан қўлида ҳунари бўлган уддабурро тадбиркор афзал.
   Бу ерда туризм ва савдо яхши ривожланган. Ҳозир одамларни тарихий обидалардан кўра савдо кўпроқ жалб қиладиганга ўхшайди. 163 қаватли осмонўпар Бурж Халифа биносининг 145 қаватига тезюрар лифтлар билан чиқдик ва шаҳар Форс кўрфази билан саҳро орасида жойлашганига гувоҳ бўлдик.
    Ёзда ҳаво ҳарорати 60 даражага кўтариладиган, қор нималигини билмайдиган юртда усти ёпиқ, сунъий тоғ чанғиси мажмуаси  яратишганичи?
   Намоз вақти шаҳарни муаззин овози тутиб кетади. Мачитлар кўп, обод, гавжум.  Уларнинг айримларига кириб, Беҳбудий ҳазратларининг муножотларини сидқидилдан такрорладим.
   “Эй Оллоҳи азим уш-шон! Авф эт, биз инсонларни. Ҳидоят эт!  Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин!”
    Шаҳардаги аквариумнинг эса дунёда қиёси йўққа ўхшади.
   Йўллар, йўллар... Нечун  кўчалар бу қадар текис, равон, тоза. Нега шундай баланд ҳароратда улар “гармошка” бўлиб қолмайди, ўйдим-чуқур жойини эса излаб ҳам тополмайсиз?
   Қайси юртда бўлсам, қишлоқ ҳаёти билан ҳам қизиқаман. Икки қаватли сайёҳ кемамиз Тинч океанининг Уммон денгизи ва  мамлакати қирғоғига лангар ташлади. Одамлар қайиқ билан соҳилга чиқиб, чўмилдилар, балиқ тутдилар. Менинг эътиборимни эса фақат тошлардан иборат тоғ ҳамда океан оралиғидаги тор ва узунгина масофадан иборат бўлган қишлоқ тортди. Бу ерда балиқчи араблар яшар эканлар. Улар биздан, негадир шубҳаланишди, лекин шунга қарамай,  эҳтиром кўрсатишди. Қоп-қора миллий либосга ўранган ва фақат юзининг бир қисми кўриниб турадиган, дастпанжалари ёғочга ўхшаш  кампир бизни қовурилган криветка билан сийлади.
    Дарахтдан фақат палма, чорвадан эчкини кўрдим, холос.
     Шу ўринда, адабиётчилар тили  билан айтганда бир лирик чекиниш. Бизнинг ТВда турли тоифадаги кишилар: “ Биз энг меҳмондўст халқ” деган иборани бот-бот такрорлашни хуш кўришади. Назаримда дунёда меҳмондўст бўлмаган халқ ёки миллат бўлмаса керак. Ҳарҳолда дунёнинг талай мамлакатларида бўлиб, шундай хулосага келганман. Шунинг учун бизнинг меҳмондўстлигимизни ўзимиз эмас,  ўзгалар эътироф этгани маъқул деб ўйладим.
   Бу одамларнинг ҳаётлари анчайин қашшоққа ўхшади. Машина йўли йўқ экан. Занглаган велосипедларини кўтариб, тоғдан ўтишар ва шаҳарга қатнашаркан. Велосипедлар ва қайиқлар эски, занглаб кетган. Айримлардагина моторли  қайиқ бор. Аҳоли балиқ овлаб, қайиқ билан шаҳарга элтиб сотишаркан.
   Шундай бой мамлакатда қишлоқ аҳлининг хароблигини кўриб, фикрлаб қолдим. Бозор иқтисоди, яъни капиталистик тузумда қишлоқ ўз ҳолига ташлаб қўйилар экан. Социализм замонида қишлоққа дотация бериларди. Ўша даврда бизда қишлоқлар элекрлаштирилди, газлаштирилди, асфалт йўллар ётқизилди, одамлар иш билан таъминланди. Эндиликда бу имтиёзлар йўқ. Қишлоқларимиз келажаги қандай бўлишини ўйлаб қоладиган бўлганман.
   Майли, таассуротлар ҳақида тағин батафсилроқ ёзарман.
  Ўғлим Улуғбек бу ердан менга наубук олиб берди ва Интернетда  қалтис гаплар ёзмаслигимни тағин бир бор тайинлади.
  Дарвоқе, ойнинг бошида “ЦенрАзия”да “Президентам необходимо встретиться” деган мақолам  эълон қилинганди. У анчайин шов- шувларга сабаб бўлди. Кўп мактуб олдим. Тожикистон парламенти томонидан бизнинг Парламентга учрашиш ҳақида таклиф тушди. Аммо  ҳозирча жавоб йўқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий