2011 йилнинг сўнгги куни.
Ўтган йил етмиш ёшга кирдим. Юбилей қилдик. Баракали йил бўлди – бир набирам мединститутга, иккитаси коллежга кирди, Улуғбекнинг бизнесида ривож бор. “Калвак махсум номалари”га нуқта қўйдим. Ўз сайтимда ва “Замондош”да пешма-пеш эълон қилинди. Соғлиғим ҳам тузук. Қон босим фақат бир бор 200 га чиқди. Уни назорат қилиб бораман. Эрталаб бадантарбияни, кечки сайрни канда қилмайман, вазнимни нормал тутаман.
Аммо етмиш ёшнинг ўзига хос руҳиятини фаҳмлагандай бўлаябман. Амалга ошмай қолган ниятлардан надоматлар, хатолардан изтироб чекишлар, фарзандлар ва набиралар тақдиридан ташвишнинг ошиши дилни ғаш қилади. Бот-бот ўлим ҳақида ўйлайсан, бу дунёни дарк этган дўстлар, қариндошларни хотирлайсан...
Бултур Интернет сайтларида анчайин дадил чиқишлар қилдим. Қавмлар бу рафторимни аллақандай хавотирлик билан оқлашмаябди. Янги йилда уларга қулоқ тутаман!
Қишлоқларда ҳаёт оғирлашди. Газ бермай қўйишди, свет ҳам дудмал. Кичик ўғлим билан Гагарин кўчасидаги домга кўчиб келдик. Бу ерда шароит тузук.
Бу уйлар ўтган асрнинг етмишинчи йилларида қурилган ва фақат русларга берилган экан. Баъзи домлардагина амалдор ўзбек, тожиклар оз миқдорда яшашган. Эндиликда улар кетиб ёлғиз чол кампирлари, қашшоқлари, алкашларигина қолган.
Қаердадир ўқиган эдим: “Ҳар қандай империя ниҳоясига етади ва унинг ўша юртда қолган фуқаролари ғарибга айланади,” деб. Бу ерда қолган русларга ҳавас қилиб бўлмайди. Россияга кўчиб кетган руслар ўрнига ўзбек, тожиклар келишган ва улар ғарибларга ғамхўрлик қилишади.
Мен Евразияга катта умид билан қарайман. Назаримда фақат шу бирлашма бизни сақлаб қоладигандай. Аммо тағин рус диктатураси қайтиб келишидан хавотир тортаман.
Тағин қувончли гап. Йил охирида тўққизинчи набирам ( улар, жами бўлиб ўн олти кишига етишди) тўққиз ёшли Фотима “Янги авлод” конкурсида фортопиана чалиш бўйича республикада биринчи ўринни эгаллади.
Шундай шоуни ташкил этгани учун Гулнора Каримовага ғойибона раҳматлар айтдик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий