"Буни хаёт дебдилар" туркумидан
Бугун – 1978 йилнинг 1 сентябри! Камина иккинчи синф толиби.
Китоб-дафтарларимни шайлаб қўйишганига ҳам бир неча кун бўлди. «Букварь» билан «Ўқиш китоби»ни қайта-қайта варақлаб чиқдим. Ёз бўйи боғларда дайдиб, мактабни, дўстларимни қумсаб қолгандим ўзим ҳам.
Биз одатдагидан барвақтроқ уйғондик. Нонуштадан кейин ойим янги либосларимни кийгиздилар, ўзлари ҳам башанг кийиниб, атрлар септилар. Биз йўлга тушдик. Бувижоним бизни мамнунгина кузатиб қолдилар. Ойижонимнинг кайфиятлари жуда яхши эди. Йўлда учраган кишилар билан ҳазил-мутоиба қилиб кулиб борардилар. Аммо мактабга бир неча қадам қолганда, у киши каттиқ ҳафа бўлдилар, руҳлари тушиб кетди. Мактаб дарвозахонасида латта этик кийиб олган, ўрта ёшлардаги чайир бир киши мактабимиз қоровули Баҳри бобо билан сану манга бориб қолганди.
– Йўқ бригадир, ўзингиз бундоқ ўйлаб кўринг, –деди Баҳри бобо ҳассасига таяниб, – ахир, бугун –биринчи сентябрь! Байрам! Шу бугун болакайларни ишга олиб чиқиш инсофданми?! Фронтда ҳам байрам кунлари биз ўйин-кулги қилардик. Ахир...
– Баҳри ака, – деди ҳалиги киши калондимоғлик билан кесатиб, – сиз мактабни қўриқланг, бу масалани раҳбарлар ҳал қилади. Директори бор, ўринбосари бор...
Ойим ўзларини тутиб туролмадилар.
– Биринчидан, Баҳри акага пўписа қилишдан уялинг, зарур бўлганда у киши Ватанни қўриқлаганлар! Сиз билан мени ҳимоя қилганлар! Иккинчидан, инсоф ҳам керак! Ахир, бугун биринчи сентябр-ку! Болаларни қаранг, бари янги либосларини кийиб безаниб келяпти.
– Муаллима, – деди бригадир ҳам аллақандай заҳарҳандалик билан, – мен болаларни томорқамга олиб бормоқчи эмасман! Пайкалда помидор чириб кетяпти! План бор, мажбурият бор!
– Чириб кетса ҳам бугун чиқишмайди, – дедилар кескинроқ қилиб ойим.
Бригадир бир оз жим турди. Жўнаб кетар экан ғунғиллади.
– Майли, раис бор, райком бор – бир гап қилишар. Унинг гап оҳангида кимгадир ишонч ва аллақандай интиқом ёки пўписага ўхшаш маъно яширин эди. Мен дарсда негадир ойимдан ҳавотир тортиб ўтирдим. Шунинг учун ҳам танаффус пайти химия кабинетига югурдим. Ойимни районга олиб кетишганини эшитгач, дилимни ғусса босди. Уйга бориб, бувимни огоҳ этмоқчи бўлдим. Аммо улгуролмадим. Дарсда муаллим нималар ҳакида гапирганини билмайман. Қўнғироқ чалиниши билан ойимнинг кабинетларига қараб ўқдек югурдим. Ойижоним эшик олдида ўтириб олганча ўксиб-ўксиб йиғларди. Ўқитувчилар у кишига далда беришар, овутишарди.
Ўша куни юзга якин ўқувчи байрамона либослари билан помидор теришга жўнатилди.
* * *
Баҳри бобо менга меҳрибон бўлиб қолдилар. Мен ҳам эрталаб саломни канда қилмайман. У киши хурсанд бўлиб, роса алқайдилар. Мактабдан қайтишда ҳам қанақа баҳо олганим билан қизиқадилар, дадамга, бувимга салом айтишни қайта-қайта уқтирадилар.
Бир куни байрам муносабати билан у кишига сўз беришди. Баҳри бобо бир оз саросималаниб турдилар-у, кайвонича қилиб гап бошлаб юбордилар.
– Мен кўп ўлимлардан қолганман. Шунинг биттасини айтиб бераман.
Белоруссия ўрмонларида отишма пайтида мина ёрилди-ю, бир неча газ нарига учиб кетдим. Би-и-ир маҳал кўзимни очсам, тепамда тип-тиниқ осмон. Замин бир томонга қараб сурилиб кетаётгандай. Ёпирай, дедим. Қарасам, чанада кетаётган эканман. «Ким бор?» сўрадим аранг овоз чиқариб. Садо бўлмади. Яна сўрадим. Индашмади. Бошимни андак кўтариб қарасам, чанани бир овчарка судраб кетяпти.
Шу ерга келганда болалар гуриллаб кулишди. Баҳри бобо ҳам уларга қўшилиб кулдилар. Муаллимлар эса салгина жилмайишди. Баҳри бобо давом этдилар.
– Ўша пайтларда жуда гавдали эдим, сал кам юз кило чиқардим. Жонивор денг, увотлардан, ариқлардан ўтишида азоб чекиб, роса ғингшийди. Йиғлагандай бўлади. Ўзимнинг ҳам раҳмим келиб кетади. Кетавердик, кетавердик. Қанча йўл юрдик – худо билади. Бир маҳал госпиталга етиб келдик. Ҳамширалар мени тушириб олишди. Жонивор денг орқага қайтиб, ўқдай учиб кетди. Госпиталдан чиқиб ўша итни изладим. Аммо қайтиб кўролмадим – ярамас фашистлар отиб ташлашибди. Шундай итни-я! Эҳ! Эҳ!
– Сиз болаларга қандай қилиб ғалабага эришганимизни гапириб беринг, – у кишининг ҳаяжонли хотираларини бўлди муаллимлардан бири.
– Германияга киришимиз билан гражданларга озор бермаслик ҳақида Сталиннинг буйруғи чиқди. Лекин бизнинг ғазабимиз, интиқом олиш хиссимиз беҳудуд эди. Мен истеъфога чиққан бир немисни қундоқ билан туширдим. Командирим роса олиб бориб олиб келди. «Нега ундай қилдинг?» деди. «Ўша овчарка учун урдим» дедим.
Болалар тағин гуриллаб кулишди. Ҳалиги ўқитувчи тағин ғалаба омиллари ҳакида гапиришни эслатиб ўтди.
– Ҳа, энди айтдик-ку, ғазабимиз беҳудуд эди деб. Кўрдикда барини! Эҳ! Эҳ!
– Майли, майли, шу ёғи бўлади, – унинг сўзини бўлди мактабимиз директори.
Баҳри бобонинг уйлари ҳам шундоққина мактабга туташ. Пастаккина бир уй, бир даҳлиз. У кишининг умр йулдошлари ҳам мактабимизда фаррош. Жуда хушсуҳан аёл. Улар икковлашиб мактаб гулзорларини суғорадилар, ниҳолларни чилпийдилар. Баҳри бобо билан умр йўлдошлари бир-бирларига шунчалик меҳрибонки, асти қўяверасиз. Бир куни уйда ойим бу ҳакда ҳавас билан гапиргандилар, бувим ҳам у кишини маъқулладилар.
– Ҳа, Баҳрини кўп кутди у аёл. Қирқ еттинчи йили кириб келди. Ўша ёққа олиб қолишган экан. Кечикиб, мажруҳ бўлиб келди. Лекин укам...
Мен ҳарчанд қилсам ҳам бир жумбоққа фаҳмим етмайди. Мактабимиздан сал нарироқда бир терговчи яшайди. Унинг уйи икки қаватли. Бари пишиқ ғиштдан. «Волга»си ҳам бор. Нега энди Баҳри амакининг уйлари бир қаватли, пастаккина-ю... Ҳатто мактабимиз ҳам бир қаватли. Терговчининг дарвозасига ҳовлида қопонғич ит борлиги ёзиб қўйилган. Ҳатто итнинг расми ҳам бор. Аммо Қобилнинг уриб-енгишига қараганда бу ерда хеч қанақа ит йўқ эмиш. ғалати. Мен жуда ажабландим. Бир куни дадамдан сўрадим.
– Балки терговчи ўзининг расмини ёпиштириб қўйгандир, – дедилар дадам кулиб.
– Йўқ, итники, – дедим ҳеч нарсага тушунмай.
– Ҳа, майли, – дедилар у киши, – улғайсанг, барини тушуниб оласан!
Қачон улғаярканман-а ?!
Комментариев нет:
Отправить комментарий