пятница, 10 июня 2011 г.

ФАҚАТ ХЎРОЗ ҲАҚИДАМАС

"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан


Ўзбек тили ва адабиёти фанидан конспект дафтаримни варақлаб, завқовар саҳифаларни топишингиз амри маҳол. Грамматиканинг чигал қоидалари, жўн диктантлар, турфа мавзулардаги баён ҳамда иншолар... Исҳоқхононинг анчайин талабчан муаллим эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Масалан, Артур бир амаллаб диктант қораласа, қувониб «беш» қўядию, мен нисбатан мураккаб мақолаларни таржима қилганимда ҳам бу баҳони кўзи қиймагандай бўлиб тураверади. Аммо бундан заррача ўкинмайман, баръакс ҳазил аралаш хасислигига шаъма қилиб, айтганини дафтарга тушириб келавераман.
– Агар, – деди бир куни очилиб, – бирорта парранда ёки жониворнинг ҳаётини кузатиб, дафтарга тушириб келсангиз, чўнтагимда олиб юрган ягона «беш»¬ни сизга тақдим этардим.
Мен баҳога унчалик қизиққаним йўқ, аммо вазифа қизиқарли бўлиб туюлди. Зоологиядан фенологик назорат ўтказиб, қалдирғочнинг ин қуриш жараёнини кузатгандим. Нар ва мода қалдирғоч соатига неча бор лой ташиди-ю уни қай тариқа ёпиштириб кетганини қоғозга туширгандим. Аввалига ана шу жараённи жилла кенгайтириб, чуқурлаштириб, домлага тақдим этмоқччи бўлдим. Кейин фикримдан қайтдим – шундай самимий одамга нисбатан алдам-қалдам иш тутгим келмади. Кейин эса ўйлаб-ўйлаб ҳамқишлоғимиз Рофе амакининг даканча лақабли бахтиқаро хўрозининг қаламга оладиган бўлдим.
Мазкур воқеани дафтарга туширишдан олдин уни бор бутунлиги билан ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Аввало шуни ёдовар қилиб қўйишим жоизки, бу саргузашт фақат хўроз ҳақидамас. Шунинг учун гапни унинг соҳиби – Рофе амакидан бошлаганим ўринли.
У киши Самарқанддаги «Красный двигатель» заводида ишлайди; билишимча, тракторлар учун поршенлар ясайди. Рофе амаки хушфеъл ва муте одам. Муте одамлар хоксор бўлишади, аммо шуниси ёмонки, дуч келган қаланғи-қасанғи уларни оёқости қилиб кетгиси келаверади. «Бизнинг заводдай яхши корхона йўқ, дейди кулибгина Рофе амаки эрталаб ушлаб кетишади, кечқурун келтириб, қўйиб юборишади». Автобусда олиб бориб, олиб келишларини таъкидлаш яхши, албатта. Аммо киши ўзини бу оҳангда ерга уриб гапиришига не ҳожат?!
Камбағал бўлса ҳамки, бундан зиғирча дилғаш бўладиганлардан эмас у киши.
Рофе амаки яшайдиган ҳовли катакдайгина бўлиш билан бирга учбурчак ҳам. Сабаби: ота-она вафотидан кейин даргоҳ учга бўлиниб, мазкур оилага теккани шу бўлиб қолган. Тўғри, тақсимот пайтида анча-мунча дилсиёҳликлар ҳам бўлиб ўтган. Рофе амаки-ку ўз вазминлигида турган, аммо хотинлар бир-бирларини роса балчиққа булашган. Девордармиён акасининг хотини Офият (қўшнилар Офат келин дейишади. Унга худонинг ўзи тенг келсин). Рофе амакининг гадодай қашшоқлигини, хотинининг бозорчилигини ( у жияк тўқиб сотади) юзига солган. Аммо гап Рофе амакида ёки унинг ночор аҳволи, катакдай (учбурчак) ҳовлиси хусусида эмас, балки бирданига кўпчиликнинг оғзига тушган... дакан хўрозида.
Биз таърифламоқчи бўлган жангари хўрозни Рофе амакининг хотини Панжакент бозоридан харид қилганида чий-чийлаб юрадиган жўжа бўлган. Жияк сотгани борган аёл оловдек товланаётган жўжаларни кўриб, ҳаваси келади ва бештасини сотиб олади. Унинг биттаси йўлда нобуд бўлади, қолганларининг иккитаси хўроз, иккитаси макиён бўлиб чиқади.
Кунлардан бирида амакининг еттинчи синфда ўқийдиган ўғли икки жўжахўрознинг жиққамушт бўлиб уришаётганини кузатиб туради-ю, ғолиб чиққанига меҳр пайдо қилади.
Тағин бир куни ҳалиги бола даканчанинг ўз акси билан уришаётганидан воқиф бўлади. Кимдир деворга суяб қўйган тошойнадаги акси билан чинакамига жанг қилиши уни қизиқтириб қолади. Сўнг бу шавқовар спетаклни бот-бот такрорлаб, хўрозча шижоатини дадасига, дўстларига ҳам кўрсатади.
Орадан бир йил ўтиб, даканча таниб бўлмас даражада ўлғаяди. Ана паҳлавонларга хос виқор билан қадам босишлар-у, амалдорларга хос дўқ-пўписалар! Оёқлар йўғон, узун; панжалар темирдек бақувват, нигоҳлар қарчиғайникидек ўткир, тирноқлар шамширдек тез. Дўриллаган овозларда зардаю важоҳат! Қўшни ҳовлилардаги хўрозларгина эмас, итлар ҳам зириллаб қолишади ундан.
Даканчанинг қўшни ҳовлидги рақиби хусусида сўзлашдан аввал бу даргоҳдаги одамлар ҳақида тағин бир бор тўхталиб ўтишга тўғри келади. Мазкур ҳовлида Рофе амакининг акаси жангари хотини билан яшашини айтиб ўтган эдик. Ўшанда – овсини жўжа харид қилганини эшитиб, бу аёл бирайўла ўнта оқ жўжа олиб келади. Улар ҳам балоғатга етиб, олди тухумга кирганини айтиб ўтишим керак, албатта.
Даканча ўшанда илк бор баланд деворга сапчиб чиқди-ю, чиннидай оппоқ товуқни кўриб, юраги ҳипқириб кетди. Томирларида шимол қони гупираётган бу оқтомоқнинг кўкраклари бағоят бўлиқ, дудоқлари силлиқ, оёқлари жажжи эди. Даканчанинг хўрозларга хос шаҳвоний ҳирси кўпириб турганда бошқа товуқлар ҳам пайдо бўлиб қолишди. Бу ойимтиллаларнинг ҳам бари оқ либосда бўлиб, ўзлари сервиқор-у серноз эдилар. Наҳотки шунча таннозни қўриқлайдиган, уларнинг эҳтиросини қондирадиган хўроз бўлмаса?! Йўқ, бор экан, аммо шуниси ғалатики, уни расман товуқлардан фарқлаш мушкул эди: ранги оқ, бўйни, оёғи қисқа. Фақат шалпайган тожи, осилган бақ-бақасига қараб ажратса бўларди. Даканча бир лаҳза иккиланиб қолди. Унинг пастга тушгиси, ўша оппоқ паризодга мавҳум туйғуларини изҳор этгиси, донлар топиб бериб, кейин бебош эҳтиросларини қондиргиси келди, аммо табиат ато этган инстинкт, хавотир бунга йўл бермади.
Ҳовли поёни пастак тутчазорга туташиб кетган. Пилла қурти учун экилган тутчазор товуқларнинг энг мақбул сайргоҳи. Даканча мазкур хилватгоҳда юрган оқ товуқларни учратиб қолди-ю, ички бир қумсаш билан илк бор учратгани – оқтомоқни излади. У чеккароқда ёлғизгина сайр қилиб юрарди. Даканчанинг шаҳвоний туйғулари гупириб кетди. Бориб андак хушомадгўйлик, шакаргуфторлик қилмоқчи бўлганда, ҳалиги оқ хўроз қоматини ғоз тутиб, қа-қалаб қўйди: аниқроғи, даканчани сўкди, падарқусур! Гарчанд бу пўписа табиий ҳол бўлса-да, даканчага ботиб тушди. Ҳа, у ҳақорат эшитиб кетаверадиган лакалов, ҳезалаклардан эмасди: жавобан зардалироқ овоз чиқарди ва икки хўроз дуэлга чоғланаётган рақиблардай беҳудуд ғазаб билан бир-бирларига юзма-юз бўлдилар; бўйин патларини ҳурпайтириб, ваҳму важоҳатларини намоён этдилар. Улар ғазабнок нигоҳларини бир-бирларига қадаганча тикилиб қолишди. Йўқ агар рақиби бирини бўлиб ташланмаса, даканча, мухбирлар тили билан айтганда, низони тинч йўл билан бартараф этишга тайёр эди. Модомики, оқлар томон ҳамжиҳат бўлиб яшашга рози бўлмас, киборлик қилар экан, унинг ҳам хўрозлик ғурури жунбўшга келиши табиий. Рақиб унинг нақ тожини мўлжалга олиб, ҳужум қилабошлади. Аммо табиат дакан хўрозлар тожини қисқа, қаттиқ қилиб яратганини ҳисобга олмаганди у. Зум ўтмай ўзининг шапалоқдай тожи қонаб, курашишга халақит берабошлади. Кейин эса оқларнинг мағрур саркардаси ўз қаршисида навқирон ва анча-мунча курашларда чиниққан хўроз пайдо бўлганини ич-ичдан туйди, шекилли чекиниб қўяқолди. Таомил талабига кўра: даканча уни нарироққанча таъқиб қилиб борди-ю сўнг ҳеч гап бўлмагандай барини унутди. Аввал ўша оқтомоқ соҳибжамолга яқинлашиб, унга алланималар топиб берди, хушомадлар қилди. Сўнг... начора, хўрозчилик. Кечгача эса бошқа ойимтиллалар билан ҳам «шўхлик» қилиб қўйди.
Эртаси эса оқтомоқ тутзорга чиқавермагани сабаб боғ эшикдан кириб борди. Шундай бўлиши табиий ҳолдай оқ хўроз ҳам ўзини бир чеккага олди. Бевафо товуқлар хўжаларидан кўра даканчага кўпроқ ҳабиб бўлиб, мойилликларини изҳор этишган бўлишса ҳамки, у кўпроқ ўз малаги билан бўлди.
Шу тариқа даканчага тегишли ҳудуд сарҳади кенгайиб, у мазкур музофотнинг ҳокими мутлақи бўлиб бораверди. Эндиликда тутчазорни четлаб ўтадиган Обидашт ариғигача бўлган катта империя унинг тасарруфига ўтган эди. Ариқнинг нарёғида ҳам аллақандай хўрозлар овозини бот-бот эшитар, уларни зоҳиран хушламас, барини буйсундиргиси келарди. Ўа, бу атрофдаги талай хўрозлр у билан муросаю мадора қилишдан ўзга йўл йўқлигига ишонч ҳосил қилгандилар. Ана шу забту зафарларнинг бари унга куч ва ғурур ато этар; маҳорати ҳам такомиллашиб, тўлишиб борарди.
Бир куни даканча тутзор оралаб ҳарбий саркардаларга хос виқор билан юрганда, Обидашт томондан азимжусса хўроз нописандлик билан бостириб келаётганини кўриб қолди. У ўз авлодидан, яъни даканлар сулоласидан бўлса ҳамки жуда серсавлат, оёқлари ғайритабиий узун, йўғон; овозида оқсуякларга хос зарда, худписандлик, ашрафлик зоҳир эди.
Кутилмаган кибор меҳмон (балки босқинчи деса ўринли бўлармиди) Обидашт ариғининг нарёғидаги дан¬ғиллама ҳовлида яшашини, Қиём қимор деган бойваччанинг эркатойи эканлигини, лағат1 лақаби билан бутун воҳага донг таратганини, ҳар якшанба Афросиёбда бўладиган хўроз жангларида иштирок этиб, соҳибининг ҳамёнини қаппайтиришини; хўжаси бу арзандани канакунжут, қони сизиб турган тузланмаган гўшт билан боқишини даканча билмасди, албатта. Лекин мулкини топтаб келаётган бу худписанд кучли ва маккор эканлигини ҳис этиб, дили хуфтон бўлди. Табиат ато этган азалий таомилга кўра қоматини адл тутиб, акбарона қақиллаб қўйди: бу ерларни сўрайдиган заминдор борлигини аён қилди. Лаънати лағат бўлса шавкати ва нописандлигини атайин ошкорароқ намоён этиб, ҳирс тўла нигоҳларини товуқлардан узмаганича қадамини тезлаштирди. Вой, ғаркўз! Сурбет! Сендақа задагоннинг зорини!... Бу ердагилар чумолимидики, оёғинг остига алиб, эзғилаб кетаверасан?! Даканча макиёнлар орасидан яккакифт бўлиб чиқди-ю, рингга тушган боксчидай чоғланиб турди. Ногаҳоний келгинди саросималанмай, ортиқча ҳаракат қилмай, бошини жилла ҳам қилиб, босиқлик билан кузатиб турди. Даканча андак шошқалоқлик, қизиққонлик ва жаҳл билан унга ташланди ҳамда илк зарбдаёқ кўксига санчилган тиғдан жони зирқираб кетди. Ўа, лағат фақат чўқиб олишнигинамас, бирайўла оёғи билан тепиб, ханжардек ўткир тирноқларини ғанимининг кўксига санчишнинг кифтини келтириб қўярди. Нав¬батдаги ҳужумдан сўнг даканча гангиб кетиб, орқаси билан йиқилди, лекин чапдастлик билан ўрнидан туриб, беомон ва тенгсиз жангни давом эттирди. Қаршисидаги куч раҳм-шафқатсиз бўлиш билан бирга оғир вазнли эди. Даканча рўпарасида чандон устун ғаним турганини ҳис қилди ва ноилож, умрида биринчи бор чекинди. Лекин дилидаги беҳудуд бир интиқом, ғазаб ёлқинланиб қолаверди. Начора, ал-қасосул минал ҳақ, деган талаб фақат жамиятда эмас, табиатда ҳам ҳувайдодир.
Шундан кейин даканча бирор ҳафтагача тутчазорга қадам қўймади. Бу муддатда у учбурчак ҳовлига ҳам чиқмади, десак ноўрин бўларди – бот-бот қўшниникига ҳатлаб, оқтомоқ билан учрашиб турди. Аммо ҳалиги мустабид золим билан юзма-юз бўлишга ҳамон юраги дов бермасди.
Чекиниш ҳамиша ҳам мутлақ мағлубият эмас. Чунки, йиқилган курашдан тўймас деган қоида амал қилиб туради-да. Шунинг учун, гарчанд, юзи андак шувит, юраги зоҳиран зириллаган бўлса ҳамки, эрталаб деворнинг устига чиқиб, бир икки бор зардали қичқирди-ю, ўзини тутчазор томонга отди. Ўар қалай куни билан лаънати муштумзўрдан дарак бўлмади. Шунга қарамай, дилининг аллақаеридаги хавотир уни сергакликка даъват этиб турарди. Лекин кўп ўтмай яккаҳокимлик иштиёқи устун келиб, қанотларини қоққанича дағдаға қилиб қўйди: кейин соҳибжамоллар даврасида айш-ишрат қилиб юраверди.
Эртаси тушга яқин устига девдай бўлиб бостириб келаётган лағатни кўриб чўчиб кетди у; чекинмоқчи ҳам бўлди-ю, аммо макиёнлардан, айниқса, оқтомоқдан ҳижолат чекдими ёки умуман ғурури йўл бермадими – жангга ҳозирланди. Энди даканча ўткир тумшуқларини ишга солиш билан бирга иккала оёғини ҳам шашт билан олдинга чўзарди. Тўғри, у кўпинча мўлжални аниқ ололмас, аммо бу билан ўз вужудини ногаҳоний зарбалардан ҳимоя қилишга улгурарди. Золим ёв унинг бақбақаси ёки тожини мўлжалга олаётганини фаҳмлаб, маневрлар (таъбир жоиз бўлса) билан бошини олиб қочишни ўрганди. Бечора даканчанинг кўкси, бўйнидаги патлар юлиниб, бот-бот боши ва кўксига тиғ санчилгандай бўлар, аммо буларнинг барига сабот билан чидаб берар, ҳар бир зарбдан сабоқ чиқаришга ҳаракат қиларди. Зум ўтмай даққоқ ва бераҳм рақибидан, ҳарбийлар ибораси билан айтганда, талай тактика ва стратегияларни; ҳийла-найрангларни ўрганди. Аммо шуларнинг барига қарамай ҳар зарбдан кейин у орқага сурилиб кетар, чунки бундай пайтда лағатнинг оғир вазни иш бериб қоларди. Даканча тағин чекинди. Чунки лағат уни тобора деворга қисиб бораётганди.
Бокс ва футболда: муҳофазанинг мақбул усули – ҳужум, деган ҳикмат бор. Эртаси даканча кураш майдонига дадил чиқди-ю, ҳеч иккиланмай зилдай оғир, илондай маккор ғанимига ташланди. Икки томони тутлар билан тўсилган ўтлоқ устига талай заррин патлар тўкилди, нозик майсалар топталди. Бу гал даканча шунга ишонч ҳосил қилдики, агар у оёқларини ерга маҳкамроқ тираб, гавдасини олдинга зарб билан ташласа, чекинмаслиги мумкин экан. Энди оёқларини ишга солиш, бошини муҳофаза қилиш билан бирга рақибининг оғир зарбига ҳам туриб беришни ўрганиб олди. Тағин: қараса, лағат икки қанотини андак ёзиб жанг қилар экан. Бу билан тана мувозанатини сақлаб қолади ва даканчадай йиқилиб кетмайди.
Учинчи раундга келиб, ҳолдан батамом тойган бокс¬чиларни кузатганмисиз? Улар ашаддий рақибликларини ҳам унутиб, бир-бирларига осилганича нафасларини ростлаб олишади. Қирпичоқ бўлиб ўришаётган хўрозлар шу ҳолга тушишди: бир-бирларига елкама-елка суяниб қолишди. Худди шу лаҳзада лағат тағин бир пинҳоний макрини ишга солди: даканчанинг тожидан тишлаб, уни ерга босди. Оғриқ азобидан бечоранинг кўз ўнги қоронғулашиб кетди; ўлиб қолишдан чўчиди. Шунинг учун ҳам аввал жон талвасасида фар¬ёд чекди, кейин эса золимнинг чангалидан чиқиб бадар қочди. Лағат уни қувмай қўяқолди, чунки ўзи ҳаддан ташқари чарчаган эди.
Даканча жаъми ҳийла-ю найрангларни ўрганиш билан бирга муҳим, ҳа, жуда муҳим бир ҳақиқатни англаб олди: ғаним унга қараганда кексароқ эди – унга нисбатан тезроқ чарчаб қоларди. Ўалатида: тажриба-ю савлатдан ташқари куч ҳам бор, аммо ана шу қувват сарфлангач, уни тиклаб олиш қийинроқ кечади. Буни унинг ўзи ҳам яхши билади. Шунинг учун қувватни бағоят хасислик билан харжлайди, ўзини у ёқ бу ёққа ташламай, турган жойида жанг қилади.
Даканча бу гал узлуксиз ҳужум уюштирди. Ёвлашиб қолган бу икки вужуд энди бир-бирларига умуман тикилиб туришмас, аниқ маром, шиддат билан ташланишар, чекинишни эса ҳеч ким хаёлига келтирмасди.
Ўйлаб қоласан киши: нега табиат жаъми мавжудотларнинг эркак зотини бир-бирига ўчакиштириб қўяди? Нечун бу азоблар – мардликнинг машаққат синовлари?! Мулк учунми? Ор-номус учунми? Жуфти ҳалол учунми? Ахир, биз уларни онгсиз мавжудот деб биламиз-ку! Бу ҳаракатларнинг бари авлоддан авлодга ўтиб келаётган инстинкт деб ҳисоблаймиз. Гоҳ-гоҳида бу илмий хулосага шубҳа билан қараб қолади киши. Наҳотки бу ҳаяжонли, саботли ва гўзал кураш онгсиз олишув бўлса ?! Наҳотки тафаккур зарраси бўлмаса: бу ҳийлалар, шижоатлар ва тағин алланималарда?!
Майли. Биз табиат қонунлари ҳақида нимани ҳам билардик. Кўп ҳақиқатларни билмаслигимизни биламиз, холос. Билмаганимиз учун ҳам инкор этиб қўяқоламиз. Чунки бу усул жўн, осон.
Узоқ олишувлардан сўнг батамом ҳолдан тойиб, оёқ босишга ҳам мажоли қолмаган бу эркаклар оғизларини каппа-каппа очганларича икки томонга бабаравар чекинишди. Мазкур ҳолни шарҳлайдиган бўлсак, табиатнинг яшаш учун кураш деб аталадиган қонунини ёдга олишимиз, унинг мантиқини мададга чақиришимиз зарур бўлиб қолади. Мазкур қонуният талабига кўра тирик мавжудот ўз авлодидан бўлган душманини ўлдириши мумкин эмас! Кучлар тенг келганда, низоларга чек қўйилиши шарт!
Тўғри, қайсар одамлар бу талабни оёғости қилишди, улар бир-бирларини ўлдириш учун не-не маккорликлар, ёвузликларни ишга солишмади?! Майли чал¬ғиб кетмайлик: гап одамлр ҳақидамас, жониворлар хусусида кетяпти-ку!
Лағат шу даражада чарчадики, айни пайтда қочишга ҳам мажоли қолмаганди. У чекинди – рақиби Обидашт ариғигача қувиб борди.
Афсуски. Бу ҳам ҳали тўла маънодаги зафар эмасди. Ўанимни нақ катагигача қувиб бормай хотиржам бўлиш ясама тантана ҳисобланарди.
Ўтган кунлар давомида жароҳатлар битиб, курашга бўлган ташналиклари ошди ва душанба куни тушга яқин юзма-юз бўлдилар улар. Якшанбада эса лағат Афросиёбдаги даврага тушиб, Арабхона ҳамда Панжакентдан келтирилган икки номдор хўрозни қочиргани, Қиём қиморни тағин бир ярим минг сўмлик ютуқ соҳиби қилганини; зафарнинг тотли нашидаси фақат хўжасини эмас, хўрозни ҳам сарафроз этганини даканча билмасди, албатта.
Ўакам: «бокс» дея беомон ва бешафқат курашга фатво берганидек, иккала хўроз ички бир ҳукму даъват билан кураша тушдилар. Бугун сўнгги жанг бўлиши, тутчалар орасида бошланган интиқом ё учбурчак ҳовлида ёки Обидашт ариғининг нарёғидаги серҳашам даргоҳда якун топмоғи мантиқ тақозоси эди. Қонли машмашаларга барҳам бериб, зафар замзамасини суриш пайти келганди.
Жанг давом этарди!
Табиатнинг тағин бир жумбоғи хусусида хаёл суриб қоласан киши. Атрофдаги товуқлар, ҳатто хўрозлар ҳам ор-номус, ҳаёт-мамот жангига ўта бефарқ, беъэтибор эдилар. Одамлар бўлганда, бир-бирларини ажратиб қўйишарди. Йўқ, ажратишдан олдин аллақандай манфаатларни кўзда тутиб, тарафкашлик қилишарди ва зиддият жиддиятга айланиб кетарди. Табиатда эса буларнинг ҳеч бирига ҳожат йўқ. Ўрмонда кучлилар яшайди, деган қонуниятни эшитган чиқарсиз?! Табиат кучлиларни сийлайди. Мадомики шундай экан, улар ўз қудратларини мардона намоён этмоқлари шарт!
Даканча чекинди. Аммо бу ҳийла эди. Икки қадам ортга, бир қадам олдинга деганларидек, лағат уни озроқ бўлса ҳам қувиб борса, ҳолдан тезроқ тойиши эҳтимолдан узоқ эмасди-да! Лағат қувди, чунки умр бўйи шон-шавкатларга, олқиш-у саноларга сазовор бўлиб келган бу азамат учун чекиниш ўлим билан баробар эди. Аммо кутилмаганда рақаби ортга бурилди ва аввалгидан ҳам шиддатлироқ ҳужумга ўтди. Ногаҳонда гангитиб қўядиган устма-уст зарбалар ўз кучини кўрсатабошлади. Кураш уйига яқин жойда бўлаётгани учун ҳаттоки қадрдон девор ҳам дилига мадад эди унинг. Лағат қочишга мажбур эди. Обидашт ариғидан ўтиб олса, уёғи рўшноликдай бўлиб туюларди.
Йўқ, навқирон ёв учун Обидашт ариғи марра чизиғи эмас экан. Даканча ариқдан қандай зарб билан ўтган бўлса, ўша шашт билан қувиб бораверди. Бундай бўлишини кутмаган лағат тағин тўхтаб, ортига ўгирилди, аммо бечора шу даражада ҳолдан тойган эдики, рақибининг биринчи зарбасиданоқ умбалоқ ошиб кетди. Кейин эса патлари сийраклашган кўкраги, ча¬йир бўйнига тушаётган беҳисоб зарбалардан халос бўлиш илинжида нажот қалъасига қараб қочди. Жонларига тегиб кетган эди – буларнинг бари!
Ўовли ўртасида баланд, ҳашамдор шийпон қурилган бўлиб, унда уч шермаст забту зафарлари ҳақида сершавқ суҳбат қуришарди. Буларнинг андак сарбаланди, сармаст ва зармасти Қиём қимор бўлиб, меҳмонлар (иккаласининг ҳам номи – Ҳасан) савдо ҳамда чайқов билан шуғулланадиган, гоҳи-гоҳида хўроз уриштирадиган, аммо бу борада омадлари унчалик чопмай юрган бойваччалар эди. Қиём қимор такрорларди.
– Генага айтдим: ўша мақтаган итингни олиб кел, агар хўрозим бир чўқишда қочирмаса ноль олтимни1 олиб кетавер!
Бу гапдан (гарчанд такрор бўлса ҳамки) меҳмонлар қаҳ-қаҳ этиб кулишади, лағатга ҳамду санолар ўқишади.
– Йўқ, арабни айтаман, арабни, – сарафроз бўлиб, овозини тағин баландроқ пардага кўтаради мезбон, – етти юзни санаб берди-ю, хўрозининг бўйнини шарт узиб ташлади, даюс! Ай, баччағар, жониворда нима гуноҳ?! Жаллод!!
Ҳовлида қувишиб юрган хўрозларни Қиём қимор дастлаб илғамадими ёки эътибор бергиси келмадими – буни айтиш қийин. Кейин эса ногаҳонда шапалоқ егандай ёки устига совуқ сув сепилгандай қотиб қолди.
Уни шуҳратларга эш қилаётган, шарақ-шарақ пулларга кўмаётган хўрозини (гарчанд афтодоҳол бўлса ҳамки) таниб қолганди. Ўа, туйғулари уни алдамаганди: оғизни каппа-каппа очиб, қаноатларини беҳол ёзганича, рамақдажон бўлиб қочаётган хўроз, афсуски, унинг арзандаси эди.
Қиём қиморнинг кўз ўнги қоронғулашиб кетди. Кемаси ҳалокатга учраб, ноумид қолган кишидай руҳи тушди; иснод ва номусдан вужудига титроқ кирди. Кейин эса лоп этиб ёдига деворда илиқлик думила милтиғи тушди.
Йўқ, у ҳалиги арабдай жўмард эмасди – мана шу баланд айвон, пишиқ ғиштдан тикланган иморатлар, дарвозахонада ялтираб турган «Жигули»; қолаверса қанчадан қанча завқли, ғурурли дақиқаларни ато этган лағатни отиб ташлолмасди. Иззат-нафси, ғурурини оёқости қилган лаънати даканчани аспаласопинга жўнатишга аҳд қилганди у. Шундагина қасосга ўч дили бироз таскин топиши мумкин эди.
У шашт билан қуролни олиб чиққач, Ҳасан (биринчиси) жуда вазминлик билан унинг қўлини тутди.
– Тўхта, жўра, жаҳл келса, ақл қочади. Сен ҳалиги баччағар арабдай қизиққон бўлма! Жониворда нима гуноҳ?!
– Қўйвор...
– Йўқ, ногаҳонда милтиқ отиш бехосият иш!
Жўяли гаплар! Шундай эмасми?! Аммо бу одам дўстини инсофга чақирганда, ана шу ишнинг фақат «гуноҳ эканлиги», «бехосиятлигини» назарда тутди, десак бирқёламалик бўлур эди. Ўасан ҳам узоқни кўрабиладиган, маккор корчалонлардан эди. Лағатдек донғи кетган хўрозни олдига солиб келаётгн қаҳрли куч, доимо ғолиб, НАВҚИРОНЛИК эканлигини тирноғининг учигача ҳис этганди у. Бу навқирон қудрат тасодифий эмаслигини туйиш билан бирга, ички бир ҳирс юрагини таталаб, ана шу ғолибни қўлга киритишга даъват этабошлаганди. У лағатнинг бу мағлубиятидан зоҳиран мамнун эди; бир вақтлар унга харидор бўлганлиги, аммо беш минг сўмни тилга олганда ҳам қайсар Қиём кўнмаганлигини эслади. Энди эса худо, ол қўлим, деса.. Ким бўлди экан – бу зафарбахш хўрознинг нусрат соҳиби???
Қиём тепкини босмади. Йўқ, бунга фақат дўстининг мантиқли маслаҳати сабаб бўлгани йўқ. Ногаҳонда унинг ҳам худбин дилида ана шу қиличдай кескир хўрозни қўлга киритиш нияти пайдо бўлганди. Лекин у бўғзига тиқилиб келган қаҳру заҳрини кимгадир сочиши керак эди. Овозини ғайритабиий кўтариб, ўғлини чақирди, лағатни кўздан қочириб қўйгани учун бешарм гаплар билан сўкди уни. Бола йиғлаб юборди.
Фақат янги манзилгоҳни эмас, улфатларнинг харис дилларини ҳам забт этган бу зафар соҳиби Рофе камбағалга тегишли эканлигини аён бўлгач, дўстлари сингари иккинчи Ўасан ҳам дафъатан енгил тортди. Сабаби: Рофе амакининг хотини билан узоқ қариндошлиги бор эди. Аёлининг гапини эри икки қилолмаслигидан ҳам воқиф эди у. Нима қилиб бўлса ҳам хўрозни қўлга киритиш керак!
Табиийки, даврадошларнинг мастликлари тарқалди, гурунгга совуқлик тушди. Улар бир-бирларига ясама илтифотлар, ноўрин тавозелар қилиб тарқалишди.
Биринчи Ҳасан такси тутиб, тўғри «Красный двигатель» заводига йўл олди. Рофе амакини ноўнғай бир ҳайратга солиб, дастгоҳи ёнидан четга олиб чиқди. Йўл-йўлакай режалаштириб келган мўлжалларини ишга солди.
– Бемаҳалда излаб келганимдан ажабланманг, – деди ясама ҳазил-мутойибалардан кейин, шу уйингиздаги товуқларни бизга совға қиласиз. Ҳавасим келди.
Рофе амаки бу одамнинг нагоҳоний ташрифидан қанчалик ажабланган бўлса, томдан тушган тарашадай таклифидан тағин ҳам анграйиб қолди. Нима дейишини билмай энсасини қашлади, дудуқланди. Суҳбатдоши уни ноўнғай вазиятдан чиқарди.
– Менга айтинг: уйда нечта товуқ бор?
– Хўроз-у макиён – тўртта. Хотин бултур Панжакентдан...
– Шу тўртталасига неча пул берай, – унинг сўзини кесди Ҳасан, – Эркакчасига дангал қилиб айтаверинг!
– ...?!
– Хотинингиз нари борса икки сўмдан олгандир. Шундайми? Мен тўртталасига юз сўм бераман. Бўптими?
– Майли.
– Кам бўлса айтинг...
Бу валламатлик эмас, қитмирона занчалишлик эди, албатта. Рофе амаки кўнгач, харидини кечқурун олиб кетишга сўз берди. Аммо ишдан қайтган Рофе амаки остонасидан ҳатламаёқ уни интиқлик билан кутиб ўтирган Қиём қимор жону ҳолига қўймай «бир пиёла чой»га таклиф қилиб қолди. Рофе амаки рад этмади, лекин тўкин дастурхон атрофида қимтиниб ўтирганича коса тагида қанақа нимкоса борлигини тахминлар, нафс деган оч юҳо инсон боласининг қадр-қийматини тупроққа қориштиришини хаёлига ҳам келтирмасди.
– Сизга ишим тушиб қолди, – хўрозингизга ҳавасим келиб қолди. Тарбияласа бўладиган жўжага ўхшайди.
– Боя Ўасан...
Уёғини айтолмади. Суҳбатдоши устма-уст, пайдар-пай саволлар бериб, заводда бўлган гуфтигу тафсилотларини сўраб олди.
– У юз сўм деган бўлса, мен минг бераман!
Рофе амаки енгилгина сесканди, кейин эса нима дейишини билмай сукут сақлади. Машшойихлар эса: сукут – аломати ризо, деб қўйишган.
Бояқиш Рофе амаки бугунги саргузаштларини тўлиб-тошиб ҳикоя қилаётганда, хотини уни тўхтатди.
– Унисига ҳам, бунисига ҳам сотмаймиз. Ҳасан (иккинчиси, албатта) икки минг берадиган бўлди.
Қашшоқлик! У инсоннинг оловланадиган орзулари устига сепиб туриладиган совуқ сув; у мақсад куртакларини чилпиб турадиган занглаган қайчи; у нафасни буғадиган илон; у юрагингни санчиб турадиган мустабид оғриқ! Бу офатдан кимнинг холос бўлгиси келмайди дейсиз? Умр бўйи қўлига икки минг сўм пул тутмаган рўзғор учун бу омад барча эшикларни очадиган саодат калити бўлиб туюлди! Эҳ, эр хотиннинг гапзанонлари нақадар латофатли, сершавқ бўлиб кетганини кузатганингизда эди ўшанда! Орзулар сароби уларни юксакликларга кўтарар; бийрон ва бир-бирларига меҳрибон қилиб қўйганди.
– Беш юзини шундай бригадирга тутқазиб, тутчазордан тўрт сотих ер оламиз, – деди аёл, – шундан кейин ҳовлимизга кирган кишининг кулгиси келмайди, у чоркунжак бўлади. Кейин тўйлар қиламиз.
– Билганингни қил, – рози бўлди эри, – менга икки юзини берсанг, санаторияга бориб келардим – зора шу оёқ оғриқдан қутулсам...
Аёл аллақандай бисотларни тилга олаётганда, биринчи Ўасан кириб келди. Эр-хотин ноўнғай ҳолга тушишди. Меҳмон гапнинг индаллосиданоқ кеч қолганини тушунди. Вале умидини узмай дангалчилик қилди.
– Одамнинг лафзи ҳалол бўлиши керак. Аслида биринчи савдо ҳисоб. Мадомики ким ошди бўлса, бунисидан ҳам қайтадиганлардан эмасмиз. Икки ярим минг бераман. Маъқул бўлса, ўғлингиз хўрозни элтиб берсин.
У чиқиб кетиши билан даканчани олиб кетиш учун Қиём кирди ва воқеа ривожини эшитиб, ғазабланди; орқага тисарилмай, тағин минг сўм қўшадиган бўлди.
Оила мавҳум бир фалокатдан, ногаҳоний омадсизликдан хавотирга тушди, эҳтиёткорликни оширди. Хўрозларини назардан қочирмаслик билан бирга унинг баҳоси тағин ошишига илҳақ бўлиб ўтиришди. Лекин ногаҳонда тилга тушган даканчага аниқ нарх белгилашолмас, бунга қувваи ҳафизалари ожизлик қилар, фалон минг сўм пул ҳам уларни аврашдек, йўлдан уришдек бўлиб туюларди; қатъийлик етишмасди, бояқишларда.
– Мен охирги марта келяпман, – деди бир куни Ўасан зарда билан, – минг қўйлининг иши бир қўйлига тушибди: яхшилаб ўйлаб олинглар – ноль олти «Жигули»мни номларингга ўтказиб бераман.
Улар тағин сукут сақладилар. Вале бу сукут аломати ризо эмасди, балки туманли бир дудмаллик эди. – Рофе ака, ўзингиз ўйлаб кўринг, – давом этарди харидор, – шунча йил заводда ишлаб, бирингиз икки бўлмади. Бу мошин билан икки кунда бир ойлик маошингизни ишлаб оласиз!
У машинасининг нархи бозорда йигирма минг эканлигини таъкидлаб, бундай омад кишининг эшигини фақат бир марта қоқиши мумкинлигини ҳам қистирди.
– «Жигули» бўлса «жигули», – деди ундан кейин келган Қиём, – меникининг мотори уникидай ноль учникимас. Ранги ҳам молочный. Ҳозир десангиз ҳам калитни тутқазиб кетавераман.
Рофе амаки хотинига қаради, аммо аёл ҳам бундай катта масъулиятни гарданига ололмасди. Буни ҳис қилган Қиём қимор ўйлаб ўйлаб кўриш учун бир ҳафта муддат белгилади.
Дафъатан катта бойликка эришган қашшоқ киши нимаси биландир ногаҳонда занжирини узган қулни эслатади. Бу қулни ҳали озод ҳам, бахтли ҳам деёлмайсиз. Чунки у тайёр эмас буларнинг барига.
Даканчанинг ҳаёти мушкуллашиб қолганди. Уни кўпинча қамаб қўйишар, аҳён-аҳёндагина озодликка чиқаришарди. Жонивор эса биқиқ катакка кўниколмас, оқрухсор нозанинини, бирёғи Обидашт ариғигача чўзилиб кетган ўтлоқларни дард билан қумсарди.
Бир куни катакдан чиқди-ю, ички интиқлик билан қўшни ҳовлига ўтди. Шукурки, оқтомоқ шу ерда экан. Улар бағоят хушдиллик ва дилафрўзлик билан донлашиб юрган пайтда қайданам ҳовли соҳибаси пайдо бўлди, даканчага ҳасад билан узоқ тикилиб қолди. Ахир, бу қандай бедодлик – унинг овсини «Жигули»да юрса-ю... Барига мана шу хўроз сабаб. У эса ҳаммаси бўлиб икки қадам нарида юрибди.
Офият (Офат) катакка дон сепиб товуқларини қамади, ҳатто оқтомоқ ҳам кирди. Аммо даканча сергакланиб, бегона катакка кирмади. Йўқ, аёлнинг ҳали аниқ режаси йўқ эди. Бу машъум мўлжал кейин пайдо бўлди. Нима бўлса ҳамки, даканчани гумдон қилиш керак! Шундагина овсини ундан устун бўлолмайди. Ўамма тенг бўлиши лозим!
Эртаси у бир нечта маккажўхори донини бигиз билан тешиб (эҳ, макри минг туяга юк бўладиган аёллар!) ип ўтказиб қўйди. Бошқа товуқларни қамаб, фақат оқтомоғни ёлғиз қолдирди. Мўлжалдаги вақтда даканча келиб, сайр қилиб юрганда, чиркин ниятини амалга оширишга киришди: уларга оз-оздан дон сепиб, ўзига кўниктирабошлади. Кейин аёл навбатдаги қадамни қўйди: бир ҳовуч маккажўхорини сепиб юборди. Даканча шоша-пиша ўшалардан бирини ютиб юборди. Устидан бир нечта дон егач, ҳиқилдоғидаги ногаҳоний оғриқни, аллақандай куч уни силтаганини ҳис қилди. Чунки аёл ипнинг нариги учини тортаётган эди. У қичқирмоқчи бўлганди, овози ҳам чиқмади.
Офият ўлжасини ҳовлиққанича ошхонага олиб кирди, аммо қандай қилиб унинг жонини олишни режалаштирмагани сабаб, бир лаҳза каловланди. Сўнг бир оёғини хўрознинг кекирдагига, иккинчисини кўкрагига қўйиб, жониворнинг устига чиқди. Даканча нола чекиб, ғийқиллади, оғзидан қон келди. Аёл алламаҳалгача оёғи остидаги вужуд жон талвасасида қалтираётганини ҳис қилиб турди. Тағин бир неча дақиқадан сўнг гардани шалвираб қолган ўлжасини эски дастурхонга ўраб, катта пақирга солди. Шундан кейингина дафъатан енгил тортди, аммо аллақандай хавотир ҳам уни муттасил таъқиб этарди. Машъум қилмишига ҳеч ким гувоҳ бўлмаганига ишониш учун, бошини деразадан чиқариб, атрофга аланглаб олди.
Кўп ўтмай Обидашт ариғининг тезоб тўлқинлари устида лопиллаб оқиб кетаётган дастурхонга деярли ҳеч ким эътибор бергани йўқ. Унинг ичида бахтиқаро даканчанинг жасади борлигини ким ҳам ҳаёлига келтирибди дейсиз?!
Ўа, маккор аёл жиноятини яшириш учун шу ўнғай йўлни танлаганди

Комментариев нет:

Отправить комментарий