Рўзи шанбе дўконлар аралаб борур эрдим, деволда Кличконинг суратига кўзум тушди. Камина бу ажимжусса полвонни Қиличбек атайдурман ва ўзумга бисёр дўст-у рафиқ билурман.
Анинг рўбарўсинда ҳўкуздак бир ҳабашнинг ҳам акси муҳайё эрди. Хатни ўқудум. Якшанба Московда аларнинг жанги бўлмоғини битган эрдилар.
Неча санаки, тилвизордан Қиличбек жангини кўруб келурман. Бу азамат ҳар сафар жангга чиқса, дилим завқ-у шавққа тўлур ва Яратгандан анга фатҳ-у зафарлар тилар эрдим. Солба сол орзу қилардимки, анинг ўзуни ҳам кўрсам, илож бўлса кўрушсам, деб.
Бо ин боис зудлик бирла тамошогоҳга равона ўлдим. Аммо дедиларки, чипта тамом бўлди, бугун отлиққа ҳам йўқдур. Олиб-сотарларни дарак қилдим. Валек...
Эмди қандоқ қилдим? Вақти шом хобгоҳга қайтиб, танишлардан нажот ахтармоқни фикр қилдим. Аввол маймунбоз Дўсбекка сим қоқдим. Ул дедики: “ Мазкур мушкулотни Московда фақат бир ҳамюртимиз ечмоққа қодир. Шаҳрда ани трутен, яъни ору асалнинг эркаги, деб атарлар. Ўйноши бисёр бой бир бевазандур.” “Балани оти Қўчқорбойми?” шошиб савол айладим. “Шундоқ.” “Ўша - ҳолигиси бирла пул топадурғон ҳангими? Бўлди, бас у мани жияним. Радной. Ўзум кўтариб катта қилғонман ул к...хўрни. Аммо нопок қадами боис лат берган эрдим.” “Чакки қилғонсиз. Ул бала самарқандлик деганнинг пушти- паноҳи. Бошимизга не ташвиш тушди, анга айтармиз ва муаммони бо зуд ҳал қилур. Москов мэри бирлан ҳам жўрадур.”
Нўмур тердим - жавоб бўлди. “Қўчқоржон, ўзунгми, асал, шакаргуфторлик қилдим.” “Ким бу,” савол айлади, андак нописанд. “ О, ман Калвак тағонг бўламан, сани кўтариб юрур эрдим...” “Иби, тағо саломат борсизму?” “Тузук, тузук, тўқмоқчадак. Манга қара, арзимга қулоқ бер”, дедим ва муддаога ўтдум. “Хуп, хайр, жавоб қилди у, эрта тамошогоҳда туринг, ман хоним бирла борурман ва белат тутқазурман.
Эмди шодлигим беҳад. Барвақтроқ бориб, аларнинг йўлига кўз тикдим. Бир маҳал тўрт тансоқчи муҳофазасинда жиян бирла бевазан пайдо ўлдилар. Икавлон виқор бирла қадам ташлар эрдилар, халойиқ сарбасар йўл бўшатур эрди. Заифанинг либослари зебо, зебу зийнатлари бисёр бўлса ҳам, ўзи қоқсуяк, боз бинниси катта эрди ва фикр қилдимки, Марямхон бу заифадан чандон хушрўдур. Жиян у ён-бу ён алангламоғи билан, ўзумни намоён қилдим. Бала пақир салом йўқ, алек йўқ, қўлумга чиптани қистириб, ўтуб кетди. Бисёр сарафроз ўлдум.
Аммо бандаси ношукрдур. Бо нима сабаб, ман бирла кўрушмади, пурси пос қилмади ул жинқарча, деб ўзумча гина ҳам қилдим. Белатни ҳам гадойга пул узотғондек қилиб қисдирди. Ҳа, майли. Уруслар айтадурларки: “Это не главний”.
Ичкари кирдук. Одам тирбанд. Қий-чув. Театруда мардум жим ултурур эрди. Бо жойда баракс, шавқун-сурон авж эрди.
Бир маҳал денг, ўн беш чамаси оқ-у қаро одам ҳабашни ўртага олиб кирдилар. Гарданлари буқаникидак ғафс эрди, қадди атрофдагилардан хийла чиқиб турарди. Анга микрафон тутдилар: “ Кличконинг вақти эмди ўтди, деди каллаварам, ўйун ярмига ҳам бормайдур. Уни занбарга солиб чиқсалар не ажаб...”
Во, занғар! Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапурма” деган ҳикматдан бехабарму дейман бу қарамашоқ. Зорингни сани... Кўрурмиз.
Даме ўтмай Қиличбек ҳам юз кўрсатди. Мардум туруб, анга олқиш билдирдилар. Мани ҳам кўзумга ёш келди. Анинг қадрдон, хушфеъл чеҳраси инчунин тоғдак қоматидан дилим ифтихорга тўлди.
Қиличбекка ҳам сухан бердилар: ”Пешонада борини кўрурмиз, тамошобинлар шод бўлсалар бас” деди у. “Ҳа, бу башқа гап,” дедим ўзумча.
Ҳар экки муштзанни халойиққа шинос қилдилар. Фалон бор жанг қилган, фалон бор уруб йиқитган ва дигар. Ўртадаги ҳакам: “Босс!. деди ва алар жангга кирдилар. Илкинда қизиқ бўлмади. Душман қўрғоннинг амонат жойини ахтарадур, дегонларидак, рақиблар бир-бирларини ўргандилар. Бадаз танаффус бўлса жанг авж топти. Ногоҳ занги Қиличбекнинг юзига мушт солғон эрди, мардум ваҳмга тушдилар ва Қиличбекка далда бермоққа киришдилар: “Биқинига сол, ярамасни!” “Ур, йиқит!” “Биз сан билан!”
Учунчи танаффус ўтуб, шавқун боз авж олди. Билдимки, аксар бу ерга дод солғони, дарди дилини тўккони келғон экан. Ёнимда ўтурғон тожик бала милисаларни сўкур эрди: “Милисая занаша... Зан кафон к...фуруша!” Даме кечмай, каминанинг ҳам дилимдаги тилимга кўчди: “ Марямхон, қайлардасан? Нечун паҳлўйимда йўқсан? Сан жиянимнинг ўйношидан чандан хушрўсан!”...
Ўрталарга бориб, жанг авжига чиқди. Қиличбек чап қўли бирла вужудини муҳофаза қилар, рост қўли ўқланган думиладак шай турур эрди. Бир маҳал денг, ҳабаш уни арқонга қисиб борди. Шу маҳал Қиличбек рост қўлини ишга тушуруб, рақибнинг жоғи, қаншарига мушт тушурди. Ҳабаш йиқилди. Жойимиздан туруб кетдик ва дод солдук. Аммо занги боз турди ва дағи мушлашмоқ бўлди. Аммо лекин эмди у авволгидак илгариламас, чўчуб муштзанлик қилур эрди. Фикри ожизимча, Қиличбек бу галварсни шу даме уриб йиқитмоққа қодир эрди, аммо лекин раҳм қилдиму ё тамошобинлар завқ олсунлар дедиму, боз давом берди. Уруслар як авоз бирла бақирур ва такрор этар эрдилар:” Кличко, бей! Витя, заканчивай! Хватит!”
Қиличбек шундоқ қилди. Бозарба экки мушт тушуруб, зангини йиқитди. Ҳазорон мардум нигоҳи олдинда ҳабаш якчанд дақиқа чўзулиб ётди ва шавқун-у олқиш бисёр авжига чиқди. Бадазон унга кўмак бердилар ва шу бирлан жанг барҳам топди.
Ҳа, қизталоқ ҳабаш, дейман ўзумча. Ҳолинг шунча экан, намоқул қиласанми бизни қадрдонга рўбару бўлуб, боз катта гапурганинг зиёд. Ҳе, сани тарбиялаганни зорини кўрай!
Қиличбекни кўрмоқ, зора қўлини қисмоқ ниятинда харне урунушлар қилдим, имкон-у илож бўлмади. Локинда юртга қайтсам, “Анинг қўлини қисдим, боҳамро гапзанон қилдук,” демоғим муқаррар.
Калвак МАХСУМЗОДА
Комментариев нет:
Отправить комментарий