среда, 16 февраля 2011 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 12

Ҳолпурплик қилмоқ яъне сиҳатини сўрамоқ хоҳиши бирла Дўсбек маймунбозга сим қоққон эрдим, бадаз салом-алек, дедики: “Духтурхонадаман”. “Ҳа, дедим, нима гап, бахайрми”? “Ғиёсбойтойни уруб, майиб қилибдурлар, падарлаънатлар. Беҳуш ётибдур”. “Ким у? Нима боис”? Дўсбек изҳор айлади, локинда фаҳмим қосирлик қилди ва шу сабаб етиб бормоқни ихтиёр айладим.
Бу жойга йигирма чоғлик самарқандлик ўзбек, тожик мусофирлар жам бўлғон эрдилар. Баён қилдиларки, шаҳри Московда сочи поку билан қиртиш қилингон якчанд худобезорлар ( алар скинхед деюрлар) мусулмонларни ва дигар мусофирларни тутиб урмоқлик, то ҳатто ўлдурмоқликни касби қасос қилибдур. Бу бор бўрибаччалар гала бўлуб, деҳқон бозор кирибдурлар ва рўбарў бўлғонни уруб, майиб қилибдурлар. Бир озорбойжон балани ўлдурубдурлар ҳам. Бечора Ғиёсбойтойни рост қўли бирла қавурғасини синдирубдурлар.
Ана санга намоқулчилик! О, ҳукумат қаёнга қарайдур? Не боис тартибга солмайдур, бу газанда, ҳаромиларни?! Ўзбакистонда шундоқ қилсун, милисамиз онайи зорини Учқўрғондан кўрсатиб қўймоғи тайин - буноқа сакфел, сакбаччаларни. Ҳе, сани тарбия қилганни ҳамширайи зорини кўрай! Қўлинг синсун! Оғуз-биннингдан қон келсун!
Дўсбек дедики: “Ғиёсбойтой шу ҳолинда Самарқандга жўнатмоқни илтижо бирла сўрайдур. Боиси Московда духтурлар катта пул олурлар. Боз ўлиб қолмоқдин хавотир тортур. Жумбоқни қандоқ ҳал қилмоқни фикр қиладурмиз”.
Шу фурсат: “Келди, келди” бўлди ва роҳ бўшатдилар. Даврага Қўчқорбой, яъне ҳов ўша бадавлат бевазан бирла дилхушлик қиладурғон, ору асалнинг эркаги деб ном олғон жиянимиз пайдо бўлди. Бадаз саломалек ва андак саволу жавоб, жиян бирла боҳамро ичкари кирдук. Бечора Ғиёсбойтой дока бирла печон қилинғон эрди. Ҳамватанларни кўруб, ашки шашқатор ўлди. “ Отажон, зорланди жиянга қараб, ман ғарибни юртга жўнат. Ўлугум ўзга тупроққа қолмасун”.
Даме кечмай Қўчқорбой катта духтур хонасига кирди ва ҳаял ўтмай чиқиб дедики: “Амак, шу жойда ётурсиз, даво топурсиз, нимаки харажот бор – ман тўлайдурман. Ватанга авволгидак соғлом бўлиб борурсиз. Сардухтур бирла шундоқ шарт туздук”.
Бадаз бу гап Ғиёсбойтой авоз қўйиб йиғлади. Биз уни авутдик, ширинзабонликлар қилдук, мусофир шаҳарда ялғуз қолдирмай, хабар олиб турмоққа паймон айладук.
Жиян чорчархасига минмоқ арафасинда манга бетланди. “ Тағо, Масковда кўп турурсизми”? Жавобе қилмоқни билмадим. “ Камхаржлик тортсангиз, сим қоқинг, ҳижолат бўладурғон жойи йўқдур. О, ман радной жиянингиз бўладурман.” Баланинг бу суханидан чандон сарафроз ўлдумки, ҳадди йўқдур. Ва боре гуноҳларини, яъни бегона заифа бирла зино қилғонини зоҳиран авф этдим.
Хобгоҳга келсам, Марямхон жойида санамдек бўлуб ўлтурубдур. Ул нозанин, соҳибжамолни кўруб, дилимдаги ғуссалар чекиндилар ва қандоқ суханлар ила анинг кўнглини топмоқни режа қилдим. Каминанинг ҳисобига кўра, ул парипайкар эрта келмоғи лозим эрди. Бир кун барвақт келибдур, демаккки, мани соғунган. Беҳудага “ Раҳматли эримга бисёр ўхшашдурсиз”, демаган эрди-ку.
Табассум ила анга рўбарў ўлдум. “ Марямхон, дедим, бадаз салом-алик сизни бисёр ва бисёр қумсадим. Қачон келурсиз, деб бармоқ санадим, уч бор тушумга кирдингиз. ( Ялғонни худо кечирсун – аслан бир бор эрди). Хонамга ташриф қилинг, борини айтиб берурман”.
Бозуд хонамга кириб, ани саришта қилдим, оҳори либосларимни кийдим, сақолимни тарошладим, атр сепдим. Авволгидак чой кўтариб келур деб, хонтахтага ширинликлар қўйдум. Худонинг ногоҳ ман мусофирга инъом қилган ушбу жонон неъмати дилини топмоқ илинжи бирла, уруслар ибораси бирла айтғонда - падход қилмоққа режа тузур эрдим. Агар ундоқ сухан қилса, бундоқ деб жавоб айламоқни фикр қилур эрдим. Зеро дейдиларки, агарни магарга куяв қилсалар, бир ўғул туғилгай оти кошки. Кошки эмди тезроқ келса-ю, режалар жомаи амал кийса, деб танг бўлур эрдим. Аммо лаҳзалар, фурсатлар ўтур, валек ул ҳурилиқо юз кўрсатмас эрди. Дилим бетоқат бўлуб, чиқиб назар ташлар эрдим, ҳамон жойидан қимирламасди. Боз бир муддат сабру қаноат қилурман ва бесабр чиқиб қарайдурман. Воқеанд, ҳазрат Навоий битгонларидек:
Лаҳза-лаҳза чиқдим-у боқдим йўлиға интизор.
Келди жон оғзимаю ул феъли бадхў келмади.
Бад фикр қилдим – не боис келмоқдин бош тортди, валек жавоб йўқ эрди, жумбоқ эрди. Тожиклар айтурларки: “Ё асп пеши бор, ё бор пеши асп”. Яънеки, отни юкнинг олдиға келмоғи душвор экан, юкни анинг олдиға элтмоқ жоиз. Магарамки, Марямхон келишга тархашлик қилур эрканлар, ўзум ул зоти олиянинг истиқболлариға борурман.
Ул париваш кимларгадур калит тутқозар, бир нимарсаларни уқдурар эрди ва ман ғарибга эътибор қилмасди. Дағе ҳолпурсликлар қилдим ва имкор руй кўрсатгач, ўша кўрган тушумни гапурдим. “Сиз тоғнинг устида, хотуним пастида, ман ўртада турубман. Хотуним жоғ урар эрди. Ўзи беҳад сержоғ...”
Шу маҳал бир заифа келиб, мулоқотнинг белига тепди, Марямхон бирла савол-жавоб айлади.
“Оҳангаронда дунёга келган ўлсангиз, даркорки, ўзбекини обдон билурсиз, савол айладим”, заифа кетгач. “Тузук билурман, жавоб айлади ул, Тошканда ўқуб, ул шаҳарда руси газитда ишладим. Кўп гапларни ўзбекидан урусига оғдарар эрдим”, “Андоқ ўлса, ижозатингиз бирла ўзбеки шеър ўқуйдурман, дедим. Хоним сукут сақлади. Сукут эса аломати ризо, деюрлар машойихлар. Камина ҳазрат Лутфийдан қироат бошладим:
Мани шайдо қиладурғон бу кангулдур бу кангул,
Хору расво қиладурғон бу кангулдур, бу кангул”...
“Акои Калвак, ногоҳ қироатимни кесди ул заифа, бегона хотунга рўбарў бўлғонда, ўз заифасини ямонлайдурғон ёхуд шеърхонлик қиладурғон мардакларга қойил қолмасман ва ишонмасман! Илло, аларнинг фикри зикри андак бузуқ бўлур. Мандан маслаҳат: сиз тоғнинг белига турманг, бо зуд хотунингиз истиқболига тушунг. Чорак аср сиз бирла рўзгурзонлик қилғон экан, демакки, у дурри бебаҳо. Бундоқ заифанинг қадрига бормаслик уволдур, гуноҳдур! Ҳозир бисёр хотунлар йил ўтмай ажралурлар”.
Ман нафас ютдим. Мария, яъне Марямхон устимга бир сатил савуқ сув сепгондак бўлди. Ҳижолатдан андоқ хомуш тортдим, ҳадди йўқдур.
Бади танаффус ул давом берди. “Самарқанди азимда бир ҳамкасб дугонам бўлур эрди. Калла зўр эрди: ўзбеки, руси, тожики қалам юрғизарди. Бисёр хушрў, боодоб ва саводнок заифа эрди ўзиям. Ул дугонам “Бир маҳаллалик”... деб отланған китобча битди. Рисоладан манга аён ўлдики, Самарқанд илкинда Маҳалла отлиқ деҳа зоҳир ўлуб, анинг фуқаролари жилла афандинамо ва ҳардамхаёл эрканлар. Аёл шулар хусусинда боре рост-у тўқималарни жамлағон эрди. Шул фурсат андаги бир латифа ёдовар ўлди. Бир маҳаллалик духтурга рўбарў бўлғон заҳоти, ул шифокор дебду: “Сизни экки касалингиз бор: бири – паришонхотирлик ( алар склероз деюрлар) дигари қанд касал”. “Илло, рост, ҳайрон-у лол қолибдур маҳаллалик, аммо буни қандоқ билдингиз”? Шимни кийибсиз-у – туммани қадамабсиз, Демакки, хотири ҳофизангиз оқсоқ. Бу – бир. Ул очиқ жойга тўда пашшалар кириб чиқурлар. Демак, пешобингизда қанд моддаси бисёр,” жавоб берибдур духтур.
Ҳижолатдан замин ёрилмадики, кириб ёшурунсам. Нахот, маҳаллалик бўлғонимни фаҳмлади, бу шайтон заифа? Аммо қандоқ қилиб...
Шу бирла суҳбат савуди ва умедлар барбод ўлуб, бори охирига етди. Хотирингиз панд бермаса, азамат Қиличбек, яъне Кличко уруб, дабдала қилғон барзанги ҳабаш хусусинда сухан қилғон эдим. Айни санадаги ҳолатим ўша ҳабашникидан устун эмас эрди.
Хонага қайтиб, фикр-у зикрим, қувваи ҳофизамни сафарбар этардимки, бояд жумбоқни очсам, Марям не боис бу латифани гапурганини англасам деб.
Либосимни янгилаш фурсати кўрсам, саросима бирла шимнинг тугмасини қадамоқни фаромуш қилган эканман ва ичкариги нохуш ҳолат намоён бўлуб турур эрди. “Ҳай каллаварам Калвак, дедим ўзумга ўзум, шу қадар ҳам лакалав бўласанму?! Маҳалалик қилдинда, гўсала! Шундоқ гаранглик ила дилхушлик қилмоққа бало борму?! Сичқон сиғмас инига..деюрлар. Кўрпангга қараб пой дароз қилсанг, ўласанму, ҳувори, бадбахт чукча... Маҳаллани ҳам пазор қилдинг, лапух”!
Начора, машойихлар демишларки, (аларга жаннат эшиги очилғон ўлсин) баъзи кунларнинг қурбони бўлсанг, айрим кунларни қуволаб урсанг.
Бугун чап тамоним бирла турғон, яъне қуволаб урадурғон рўз бўлғонини тан олмоғим жойиздур.

КАЛВАК МАХСУМИ МАҲАЛЛА

Комментариев нет:

Отправить комментарий