пятница, 14 января 2011 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 10

Тилвизор тамошо қилиб ўтуриб эдим, бир маҳал тоғлар, дарёларни намоён қилдилар. Дилим андак жиз қилди – боиси алар зоҳиран шинос эрдилар. Дарё илкиндаги чашмалар намоён ўлди ва дедиларки, Зарафшон шу манзилдан йўл олур. Бадаз якчанд муддат дарёнинг Тожикистондан ўтуб, Ўзбакистонга равона бўлмоғини тамошо қилдим ва қадрдонлиқдан сарафроз ўлдум..
Локинда тоғ-у, дарёларни мадҳ қилган чўққисақол, унинг яқосиндаги мардумларни бисёр қашшоқ ва ночор, деди. Истиқлол бўлғонидан илгари тузук эрди: ҳар экки жумҳурда ёқилғи, рўшноилик, таълим ва шифо текин эрди, эмди ундоқ йўқ. Мояналар учма-учдур, иш йўқдур.
Қишлоқларни намоён этди: ўйлар пастак, балаларнинг либослари йиртиқ-ямоқ. Боз икки жумҳур шу кунларда ит-мушук бўлғонини, бунга катта амал соҳиблари сабаб эконлиғига урғу берди. Қисса кўтоҳ, кўп иллатларни намоён этди, ямонлади, баччағар.

Бадазон Москов атрофиндаги деҳаларни кўрдук. Биздан афзал эмас эрди. Газ йўқ, сувни қудуқдан тортур эрдилар. Деюрларким, аввол ўзингга боқ, бад ноғора қоқ. “Фарқ шундаки, деди чўққисақол, биз ростидан тонмаймиз, аларнинг газитлари бўлса, тириклик оғирлашгани баробаринда, ҳукуматга ҳамду сано айтмоқликни авж олдирурлар.”
Башқа каналга ўтдум. Зино қилган бир мардни суд қилур эрдилар. Ўйда ҳам қозихона жанжолларини завқу шавқ бирла, бисёр тамошо қилар эрдим ва ҳар сафар адолат нусратидан мамнунлиқ топар эрдим.
Шу фурсат эшикни оҳиста қоқдилар. Навбатчи хотун ташқари чиқишимни, тилвизорчилар ташриф буюргонини хабар қилди.
Бизнинг қабатда рўзгурзонлик қиладурғонлардан чамаси йигирма чоғли банда жам бўлғон эрди. Бир жиккак заифа аввол диққат талаб қилди ва бад сўроқ айлади. “Тилвизорда бот-бот гуноҳкорларни суд қилурлар. Ани тамошо қиладурғонлар қўл кўтарсун.” Якчанд заифу мард бирла камина ҳам қўл баланд қилдим. “Бир бузург одам айтғонки, давом берди хотунча, ҳаёт саҳнадур ва биз боримиз анда тақлид этмоқ бирла бандмиз.” Билиб қўюнг: сиз тамошо қиладурғон ўша жиноятчи, шикоятчи, гувоҳ, оқловчи, қаралавчилар сохтадурлар, яъни сиз монандлар ижро этурлар. Магарам айнан шундоқ воқе содир бўлғонми йўқ – худо билур.”
Иби, ҳайрон-у лол қолдим. Калвак Махсум, дедим ўзумга ўзум, чандон йил анга ишониб, анди бўлғон экансиз-да. О, мардумни лаққилатмоқ чикора, морбозлар? “Бугун янги қисмини расмга олурмиз, ким хоҳиш билдирса келсун, ақча ҳам берурмиз.” “Биз нима юмуш қилмоғимиз керак, савол айлади бир тотор.” Гувоҳ бўлғонсилар: ул адолат мажлисинда ўн беш-йигирма чамаси одам ҳеч нимарса қилмай ўлтурур. Сизлар ўша тамошобинга тақлид этурсизлар. Хоҳиш билдирғонлар юрсун, қолғон савдо идорада.”
Аларнинг идорасинда мардум бисёр эди ва банда тилвизирда аввал кўргоним - қози, оқловчи, қаралавчиларни тирик шамойилда кўруб завқ олдим. Бад янги келғонларнинг исм-шарифи, не юмуш қилиши ва инчунин тилифонини хатга тушурдилар.
Жилла савоб-жавоблар ўлди ва биздан диққат талаб этиб, гўёки бўлуб ўтғон нохуш воқеани ўқуб бердилар.
Анга кўра бир деҳада экки ҳамсоя рўзгурзонлиқ қилур эрканлар. Неча сана ўтуб, меҳрибон, аҳл бўлибдурлар. Аммо-локин бу ҳамжиҳатлиққа кўз тегибдур. Исму шарифи Авдеев ( асли Абдиев бўлса ажаб йўқ) бўлғоннинг бўрибосар кучуги воқе бўлуб, ҳамсояи қадрдон Бабаев ( бу ҳам Бобоюфдур)нинг якчанд тавуғини еб қўюбдур. Бу нохушлик такрор ўлғач, ул шикоят айлаб дебдики, “Жондан азиз ҳамсоя, кучукни боғлаб қўймоқ жоиз.” Абдиев бу заруратни қилғонми-йўқми, бизга қаронғу, аммо бўрибосар боз паррандаларга қирон келтирибдур. Бобоюф дегонларининг тоқати тоқ ўлуб, кучук офтобда ётқат маҳали, золимлик ила жаниворға карасин тўкуб, алав берибдур. Иттифоқо Бобоюфнинг бостурмаси бор экан: хас-у хошок, чўп-у, чарх деганларидак. Алав олған кучук аввол ўзини бостирма тагига урибдур ва ёнғин содир бўлибдур. Бадаз шавқун-сурон жанивор у жойдан қочиб, соҳибининг ҳавлисига кирадур ва жон талвасаси бирла, бир давра айланиб чиқиб қочадур. Воқеанд, соҳиби кучук, яъни Абдиюф, якчанд дақиқа пеш, жанжол бирла хотунини бир шапалоқ урган экан. Ёнған итни кўруб, “Оҳ, аёлим ўзига алав берди,” фикри бирла, анинг ортидан чопадур.
Қисса кўтоҳ, ушбу машваратда кучукнинг соҳиби Абдиев гўё давогар, Бобоев жавобгар бўлуб тақлид қилмоқлари жоиз эрди.
Боз бисёр фикр-у маслаҳатлар баён этилди ва дедиларки: эмди машқ қилурмиз. Боре одамлар жой-жойларини банд қилдилар. Либослариға зеб бериб, диққатни ошурдилар. Нозук бир аёлгина авоз кўтарди: “Турунглар, суд келаябди.” Боя арамизда бўлғон амаки башқа либос кийиб, виқор бирла кириб келди ва жаҳл бирла болға ўрди. Ва якчанд дақиқа ўтуб, қаралавчи гўё содир бўлғон нохушликни гапириб, Бобоевга ўхшаганларни жазоламоқ зарурлигини изҳор айлади. Бадазон Бобоюфга сухан бердилар. У эзмалик бирла такрор қилур маҳали, жиккак заифа: “Стоп, стоп,” деб фармойиш қилди.” Биз сукут қилдук. Во-первий, деди аёл, эзмалик чикора? Сухан оз-у соз бўлсун. Эккинчидан, кучукни ёниб кетадурғонни кўрган гувоҳ зарур.”
Казо-казолар заифани маъқулладилар. Бадазон ул аёл манга юз бурди: “Калвак Махсумович, бу юмушни сиз бажарурсиз. Илтимос, инкор этманг. Баён қиладурсизки, йўл юруб борур эрдим, ёниб келадурғони нимарсани кўрдум. Бад арқадан мана бу мардак пайдо бўлуб: “Ҳов, янгангни тут” дедилар. Хаёл қилдимки, заифалари ўзига алав берган: “Ўзингни сувга от, ўзингни сувга от”, дедим кўлга ишора қилиб. У ёнимдан шиддат бирла ўтуб кетди”, дейсиз. Ладнами?”
“ Хай ана, ладна,” дедим. “Эмди чиқиб турунг, зарур маҳал чорлаймиз”, дедилар. Итоат қилдим. Бир маҳал карнайдан: “Гувоҳ Калвак Махсумович таклиф этилсунлар” деган садо чиқди. Кириб, одоб ила салом бердим. Тартиб-қоидани фаҳмлатдилар ва ман бомисли тўти, ўша суханларни такрор айладим. Бир маҳал пракурор ” Сиз Ўзбакистонлик ўлсангиз, не боис бу жойларда юриб эдингиз,” дея савол айлади. Ман сукут қилдим, боиси қоғозга биноан бундоқ демасликлари лозим эрди. Шу маҳл денг, оқловчи жонимга оро кирди: “ Бундоқ савол бермоқ қонунга зиддур. Бу - анинг шахсий юмуши. Эҳтимолки, ўйношиникига келгандур”. Каминани муҳофаза қилди ўзича. “ Ҳа рост ўйношиникига бот-бот келадур,” луқма қилди, мани ямон кўриб қолган тавуқни эгаси.
Бу суханларни борича тасмага тушурдилар. Бадазон қозилар маслаҳатга кетдилар ва даме ўтмай ҳукм ҳам ўқулди. Унга кўра, кучукка алав берган бераҳм Бобоевга фалон рубл жарима солинди.
Бор гап шу. Аммо хобгоҳга қайтиб, надоматлар тортдим. Эрта бу тамошони намоён қилса, танишлар, хешу ақраболар кўруб маломат қилмасму?! Шу ёшда Маскавда ўйнош зиёд қилибдур, десалар қандоқ қилурман? Маҳаллада хотун, Московда Марямхон бохабар бўлсаларчи...Ҳай. хомкалла, хомкалла...
Эмди на чора? Фикр қилдимки, каминани лаққи қилдилар. Ё маҳаллалик бўлғонимдан бохабар эканму, бу ҳамширағарлар?
Гап бундоқки, деҳамизни Маҳалла деюрлар ва шаҳарликлар мардумларимиз хусусинда латифа тўқумоқни хуш кўрурлар. Бирор анди бандани афанди қиладурғон ўлсалар суханни: “Бир маҳаллалик...”деб бошлайдурлар.
Тан олмоқ даркор, мардумларимиз ҳам андак лакалав ва ханда харишга тобе.
Фақат бизнинг деҳада газ жумрагини очиб қўюб, бад гўгурт ахтаргани кетарлар.
Фақат бизнинг деҳада ҳавлиларига девол тиклашдан муқаддам дарвоза қурурлар ва неча сана кечаси анга танба қўюб ётурлар..
Хай энди нима қилдим, манам бу гапларни фош қилиб. Ўзумнинг ҳам қавун тушуруб турган жойимку.
О, камина ҳам маҳаллаликда.

Калвак МАХСУМОВИЧ

Комментариев нет:

Отправить комментарий