четверг, 6 января 2011 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 9

Ғайридинлар театрусини ҳам бир кўриб қўймоқ илинжи ва ниятинда вақти бегоҳ марказ тамон йўл ихтиёр этдим. Кўрдумки, аларда театруга иштиёқ чандон баланд. Тамошобин тирбанд эрди ва ман чиптани бир савдогардан фалон пулга харид қилмоқликдан дигар чора топмадим.
Театру ибратхонадур, дейдулар ҳазрат Беҳбудий. Бу гап ростдур – алар жуфт-жуфт бўлуб, зебо либосларини кийиб келғон эрдилар, бу салобатли иморатға. Бир-бирлариға тавозе, эҳтиром изҳор этур эрдиларки, тенги йўқдур ва таъриф-у, тасаннога лойиқ.
Саҳнада Отелло отлиғ қаро араб пайдо ўлди. Бисёр боғурур, серзарда, бадфеъл ва бадрашклиғи мана-ман деб турур эрди анинг. Нимарса савдолар кечди-ю, исму-шарифи Дездемона бўлғон завжасидан ноҳақ гумон пайдо қилди. Қисса кўтоҳ, анга дедики, фалон рўмолчамни топиб бер. Боиси, ул рўмолчани дигар бир нохуш мардак қўлида кўргон эрди. Аёл ҳарчандки қилди, сабил қолгур рўмолчани пайдо қилолмади. Бадазон бу бадрашк мардак хотунини буғуб, ўлдуруб ташлади.
Одамлар бисёр ва бисёр надоматлар тортдилар.
Ўзум ҳам андуҳ чекдим ва ногоҳ Марямхон хаёлимға рўё ўлди. Боиси, Дездемона дегонлари ҳам Марямхондан сариқ соч, бўйун ва елкалари аппоқ, нозук бир ҳилқат эрдики, таққоси йўқдур. Ҳай баччағар Отелло, дедим фикран, бир рўмолча деб шундоқ нозанинни қурбон қиладурсанми?! Ҳай-ҳай-ҳай...О ачош қилиб ёт, елкаларидан муччи ол, ножинс. У яққа юмалат, ҳолиги ишни қил, бу яққа юмалат, ҳолиги ишни қил...
Фикри ожизимча, бизнинг замонга келиб, бадрашклик хийла камайди. Бунинг боиси бандага қаронғу.
Ҳамсоя деҳада бир галварснинг хотуни араб юртига пул топмоқ илинжи бирла равона бўлғон эрди. Бадаз якчанд сана заифа тарафдан доллар оқиб келадурғон ўлди. Нобарор эр денг, ўзидан кетиб, баланд иморатлар солди, мошинларни қатор қилди. Бунисига тоқат қилса бўлур эрди, аммо бадмаст бўлуб, чору-ночорларға нописандлиғ намоён қилиб, аларни ҳақорат қиладурғон нобоп қилиқлар пайдо қилди.
Бир хоксор муаллимимизнинг ихтиёрига хориж жаридаси тушуб қолғон экан. Бундоқ варақ очса, анда араб бойнинг тўрт хотуни бирла тушган суврати муҳайё. “Иби, о мана буниси бизнинг янга-ку,” дебди, заифалардан бирига бармоқ ниқтаб. Андоқ демоғининг боиси, кундошлар арасиндан бояги галварснинг хотунчасини таниб қолғони экан, денг...
Элнинг оғзига элак тутуб бўлмас. Сухан тарқалди. Галварс дебдики, ман ўша аёқяланг муаллимни йўқ қилмасам, номимни дигар қўюрман. Бадазон бечорани қаматмоқ фикри бирла кўп пул тўкди, аммо муаллим ҳам анди эмас эрди ва тукига озор етмади. Адолат нусрат кўрсатди.
Дағи бир гап. Ҳиккаси баланд бир амалдорни билур эрдим. Бир куни Тошкан учаман, деб чиқибдур, аммо тайёра тайёр бўлмагани боис ният амалга ошмабдур. Илож топмай, хонасига қайтса, хотунчаси шофири бирла...
Амалдор жаҳл отига миниб: “Бу қандоқ намоқулчилик,- дебди, боз хотунига авоз кўтариб: Магарам жорий йил аёллар санаси аталмаганда, тарсаки бирла башарангга тушурур эрдим.”
Аммо шофирини жазолади: нақ экки ойлик моянадан маҳрум қилди, шўрликни..
Шуноқа гаплар. Ҳар замонга – бир замон, дейдилар машойихлар. Дағе алар дейдуларки: ҳар кимда бир феълу хўй.
Ўзи инсоф ато этсун: мардга ҳам, заифага ҳам.

Калвак Махсумов

Комментариев нет:

Отправить комментарий