Ассаломалайкум!
Ёғоч
қошиқлар инсониятнинг қадимий ашёларидан
бири бўлиб, нафақат ошхона ёки дастурхон зарурати, балки ўзига хос санъат асари
ҳамдир. Бир қатор халқлар уни ризқ-рўз рамзи деб билишган ва турфа дуолар, нақшлар, гуллар билан
безатишган. Талай юртларда ёғоч қошиқ мусиқа асбоби ва рақс элементига айланган. Усталар уларни,
кўп ҳолларда, мевали дарахтлардан
ясашган ва чўмич, ош қошиқ, чой қошиқларнинг ҳажмига қараб, ўймакор нақшлар
билан зеб беришган. Бундай қошиқлар насиба улашиш билан бирга, эстетик завқ ҳам ато этган.
Каминанинг ёғоч қошиқларни келажак авлод учун
сақлаб қолишдан умидим ҳам ана шу омилдир. Қирқ йил давомида, қайбир юртда
бўлсам, бозорлар, антиквар ҳамда совға дўконларидан ёғоч қошиқ излаганман.
Кейинчалик қавмларим ҳам қошиқ совға қиладиган бўлишди. Бу ерда яҳудийлар,
ҳиндлар, гуржиларнинг бир неча асрлик қошиқлари, шунингдек, Чингиз Айтматов,
Миршариф Хўжаев, Ошиқ Эркин, Машраб Бобоев ва бошқаларнинг совғалари бор.
Ҳозир, деярли
ҳамма жойда темир ва пластик
қошиқлардан фойдаланишади. Аммо, ёғоч қошиқ табиийлиги билан инсон организмига
эш ва экологик жиҳатдан тоза эканлигини унутмаслик керак.
Мазкур музейда тўрт қитъага тегишли бўлган икки
юзга яқин қошиқ бор. Уларнинг нақшлари бир-бирини такрорламайди; ҳажми, шакли ҳам турли-туман.
Бир замонлар дастурхонингизга зеб бериб
турган ҳамда қадрдонингизга айланган
қошиқларни ногоҳ шу жойда учратиб, қувончга тўлишингизни ва умуман, кўргазмадан
сархуш бўлишингизни Худодан тилаб қолардим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий