среда, 8 августа 2012 г.

31. НОГОҲ БОЛТА БОТДИ...





Тошкентга кўчиб келганимиздан кейин бизни биринчи бўлиб йўқлаб келган киши – дадамнинг ўртоқлари Садриддин амаки бўлдилар. У киши умр йўлдошлари билан бир талай майда-чуйда (Самарқанднинг пўлоти нони, шўрданак ва ҳоказо) кўтариб келдилар. Бир кеча меҳмон бўлишди, тирикчилигимиз, қўшниларимиз, кайфиятимиз билан қизиқишди. Улардан ке­йин дадамнинг собиқ ҳамкурслари Мўмин амаки Шерқулов келдилар. Сўнг амаким, тоғам, қариндошлар, қўшнилар... хуллас, ёлғизлатиб қўйишмади.
Шу орада ўзимиз ҳам дадамнинг ишхонадагилари ва бошқа ўртоқларини меҳмонга чақирдик. Одил Ёқубов, Машраб Бобоев, Неъмат Аминов сингари казо-казо ёзувчилар меҳмонимиз бўлишди.

Самарқанддаги  ҳовлимизда меҳмондорчилик учун жамики шароитлр бўлса-да, одамлар аҳён-аҳёнда келишарди. Бу ерда эса аксинча: шароит кўнгилдагидай эмас-у, турли жойлардан келадиган хуштакаллуф меҳмонларнинг кети узилмайди.
Бугун дадам эргаштириб келган меҳмон – амаким тенги, йўқ, у кишидан ҳам ёшроқ – тахминан йигирма тўрт-йигирма беш ёшларда эди. Меҳмонни таърифламоқчи бўлсам, унинг қорачадан келганлиги, новчалигини алоҳида таъкидлаб ўтишга тўғри келади. Темир (кумуш) тишлари йирик-йирик бўлиб, қоп-қора мўйловчаси остида яққол кўзга чалиниб туради. У ҳақда тағин нима десам бўларкан ?! Кийимлари  уринганлиги, эскирганлигиданми ёки бошқа сабабданми хижолат  чеккан,  ҳадиксираб  турганга  ўхшаб  кетарди. Бошқа меҳмонларга ўхшаб қорачиқларида севинч нурлари жилоланмас, аксинча, атрофга дардчил ва маҳзунроқ боқарди.
Дадамнинг – ойимга берган қисқа ва андак мавҳумроқ ахборотидан менга шу нарса аён бўлдики, унинг номи – Ҳожимурод (дадам шунчаки, Ҳожи дардилар) экан. У тўғри қамоқдан чиқиб келаётганини эшитгач, ойим нимадандир хавотирлангандай бўлдилар. Менинг эса қизиқишим чандон ошиб кетди. Негадир бизнинг замонамизда одамларни тиканли сим ортида тутиш тасаввуримга сира ҳам сиғмасди. Бунинг устига Ҳожимурод дегани қотилга, хоинга ёки жосусга ўхшамас, зотан, ёмон ниятли одам бўлса, дадам сира ҳам эргаштириб келмаган бўлардилар. Кўз ўнгимдан эса, киноларда кўрганим – қутурган овчаркаларга эргашиб юрадиган ва ўзлари ҳам ана шу кўппаклардай қопоғон фашистлар, концлагер деб аталадиган машъум қисматгоҳда очликдан силласи қуриган, қоқсуяк одамлар гавдаланаверди. Не-не уқубатларни бошдан кечирган бувим замонага шукроналар ўқиганда, дадам хорижий юртларни ёмонлаганда, муаллимларим бизга берилган бахтдан энтикиб яшашимиз зарурлигини бот-бот такрорлаб турганда, шундай навқирон кишининг қамалишини тасаввур қилиш жўн иш эмас, албатта. Демакки, ё бу одам жуда ёмон, ёки уни қамаганлар ўша фашистлардек тошбағир.
Талай саволларимга  жавоб топиш илинжида нуқул дадам билан меҳмон атрофларида парвона бўлиб юравердим, устма-уст чой дамлаб келдим, бир чеккада дарс тайёрлаган киши бўлиб, зимдан меҳмонни кузатдим, унинг гапларига қулоқ тутдим.
Дастурхон бошида кўп гапирилмади. Меҳмон дадамнинг устма-уст ва шу билан бирга андак пайдар-пай саволларига мухтасаргина жавоб қайтарар, тафсилотларни гапиришни эп кўрмас ёки нохуш хотираларни эслашни хушламасди. Дилидаги аллақандай беҳудуд нафратми, армонми очилиб гапиришга, табассум қилишга монелик қилар, гоҳида бир нуқтага узоқ тикилиб қолар, бошини билинар-билинмас тебратиб, надомат чеккандай бўларди.
– Беш йил, – деди у сиқиққина қилиб, дадамнинг: «Кўришмаганимизга неча йил бўлди», деган саволига жавобан.
– Ўшанда мактабда ишлардингиз-а?
Ҳа, пионервожатий эдим.
– Эсимда, эсимда: газетада босилган мақолангизни ҳам кўрсатгандингиз.
– Шеърларимни ҳам.
– Бир шеърингизни ёдлаб ҳам олгандим.
Дадам аввал андак эслаб олдилар, сўнг бир оз тутилиб, гоҳида меҳмоннинг мададига суяниб, шеър ўқидилар.

Ҳаётда рўй берар ғаройиб ишлар:
Воажаб, воажаб нечун кишилар
Бурро тўтиқушни, ҳассос булбулни
Қафасга солишар,
Аммо ҳеч қачон
Маъшум бойқуш,
Ё шум зағизғон
Қафасга солинмай, озод юради,
Даврон суради.

Меҳмон билинар-билинмас жилмайди. Шунда унинг кўзларида нури мунаввар йилтиллаб кетди. Бу нур меҳмонга шоҳисталик ва шафиқлик ато этгандай бўлди. Шу тариқа Ҳожи (мурод) ўз сардафтарини бирин-кетин варақлашга киришди. Йўқ, у кўпроқ ўша пайтда ёзган ҳаётбахш, қувноқ шеърлари, ҳамду сано билан йўғрилган мақолаларини тилга олиб, ўзининг ношуд, нотавонлигидан надомат чеккан бўлди. Ўтган йиллар давомида бошидан кечирган мусибатлари кўзини мошдай очиб қўйганини таъкидлади.
Алламаҳалдан кейин меҳмонхонада дадамга ва Ҳожи акага ўрин солмоқчи бўлаётганда, ўзим учун ҳам кўрпа олиб кирдим. «Майли, дедилар ойим ҳам, – эркаклар бир уйда ёта қолишсин.»
Лекин биз ярим тунгача ухламадик.
– Ярамас терговчи креслога ўтқазди-ю, давом этарди меҳмон, икки билагимдан унинг суянчиғига, тўпиғимдан оёғига зичлаб боғлади. Қимирлолмай қолдим. Кейин бошимни қучоғига олиб, бор кучи билан чапга буради. Азбаройи шакартомирим узилгандай бўлиб кетди. «Бўйнингга ол, деяпман, бўйнингга ол», дерди нуқул.  Ўзим тенги ўзбек бола-я! Ўйлаб ўйимга етолмайман: бу даражада ваҳшийлашишга қачон улгурди экан?! Қачон? Наҳотки мунис оналаримизнинг дилкаш аллаларини, хушовоз ҳофизларимизнинг дилбар қўшиқларини тингламаган; Қодирийни, Айнийни, Ойбекни ўқимаган бўлса, бу йиртқич?! Унгача биқинимга роса тепишган, уриб тишларимни синдиришганди, фашистлар! Хуллас, ўлиб қолишдан қўрқдим-у, бўйнимга олдим.
– Барибир, хато қилибсиз, – унинг сўзини бўлдилар дадам.
Меҳмон ҳам андак жимиб қолди. Сўнг ўзгача оҳангда давом этди.
– Домла, кечирасиз, аччиғингиз келмасин: юмшоққина ўринга чўзилиб олиб, бу гапни айтиш осон. Баданингизга озгина игна суқилса, қанча азият чекасиз. Ҳатто ари чақишидан ҳам чўчийсиз. Менга дўзах азобини рўпара қилишди, дедим-ку! Инсон улар учун азбаройи май қўнғизидек гап эди. Истаса, товони остига олиб, эзғилаб кетаверарди, олчоқлар! Ҳибсга олган кунлари кэпэзэга ётқизишди. Ишонасизми: беш кишилик хонага ўн олти кишини тиқиштиришди. Аш-шу ўпкамиз учун ҳаво етишмай қолди. Деразани очиб қўйишни илтимос қилдим, аммо-лекин кўнишмади. Ҳавони, табиат бериб қўйган ҳавони раво кўришмади-я! Тасаввур қиляпсизми? Шундай одамлардан мурувват ва адолат кутиш мумкинми? Ҳеч қачон! Йўқ, мен ўшанда ҳам мурувват ва адолатдан умидимни узмаган эдим: судга ишонардим. Ўша ерда монолог ўқиб, ҳақиқатнинг бешафқат зарбаси билан уларни мажақлаб ташламоқчи бўлгандим.
– Хўш, кейинчи? – давомини эшитишга шошилдилар дадам.
– Барини рад этдим судда: ичганим ҳам йўқ, ҳеч кимга қўл ҳам кўтарганим йўқ, бари туҳмат! – деб туриб олдим. Бу ерда биқинимга тепишмади, тишимни синдиришмади, кекиртагимни ҳам тоблашмади. Ҳатто «сиз-сизлаб» муомала қилишди. Аммо-лекин рад этиб бўлмайдиган уйдирма фактлар, далиллар билан ҳиқилдоғимдан тутишди улар. Сўзни биринчи бўлиб ярамас Т.га беришганди, у раис билан партком ўргатган ўша гапларни худди тўтиқушдек такрорлади: «...бир касалванд одамман. Тўй-маърака ҳам камдан-кам бораман! Желудка чатоқ. Правления мени гражданской оборонага бошлиқ қилиб қўйгандан бери,  ичкиликни оғзимга олганим йўқ. Ўша куни жин урди-ю, бир борай, дедим. Энди қишлоқчилик. Хизмат қилиб юрган эдим, бир маҳал укамиз – Ҳожимуроджонни кўриб кўриб қолдим. Сал кайфи бор эканми, ҳар хил пичинг гаплар қилаверди. Текинхўр ҳам деди, нон емас ҳам. Аввал индамадим – бир касалванд одам бўлсам... Кейин: «Укажон уйинга бориб ёт, кайфинг ошиб қолибди», дедим «Сен – ипирисқи манга ақл ўргатасанми?» – деб гирибонимдан олди. «Ман мухбирман, ёзувчиман, уруғингни қуритаман, сан иблисни!» – деди. Укамиз ҳазиллашдими, чиндан қилдими – билолмадим. Бир маҳал денг, итариб юборди, бошим бориб бетонга тегди. Ўлдириб қўймасин деб, дод солдим. Одамлар етиб келишди. Мен бир касалванд одамман. Шундан бери бош оғрийди денг. Докторлар сатресение, дейишяпти».
Ҳа, чечанлик қилибди, – тан олдилар дадам, – эгри мўридан эгри тутун чиқади, деб бежиз айтишмаган.
– Кейин сўзни гувоҳларга беришди. – давом этди Ҳожи ака, – улар ҳам «жабрдийда»нинг гапини тўла-тўкис маъқуллаб чиқишди. Охирида сўзга чиқиб, барини рад этдим: мен хизмат қилиб юрганда, аблаҳ Т. маст ҳолда гирибонимдан олгани, зўрға қочиб қутулганимни гапирдим. «Лекин суд ҳайъатидан илтимос, балки, талабим шуки, – дедим, – аш-шу спектаклни бош режиссёрини топиш шарт. Булар – учаласи ўшанинг кўрсатмаси билан ўқувсизгина рол ўйнаётган артистлар! Модомики шундай қилинмас экан, сизлар – қонунларимиз ҳимоячиларидан ихлосу эътиқодларим бир умрга сўнади». Адвокатим ҳам роса чираниб кўрди, аммо бизда адвокатнинг гапи сариқ чақага олинмаслигини ўшанда қаердан ҳам билай?! Қарангки, врачларимиз ҳам сотилган экан: медэкспертиза мутасаддилари Т. жиддий жароҳатланганлиги, бунинг устига менинг қонимда анча-мунча алкогол борлиги хусусида ҳужжат беришибди. Муҳрида илоннинг расми акс этган бу увада қоғозларни рад этишга қудратим етмасди, албатта: саксон саккизинчи моддани қўйиб, нақ тўрт йилга кесиб юборишди, ножинслар!
– Ярамаслар! – жаҳлга миндилр дадам ва бир оз сукутдан кейин давом этдилар. – Лекин, барибир раиснинг сиздан бунчалик қасос олиши сабабларини тушунолмадим.
– Сабаблари кўп бўлса керак, газетада ҳаммаси бўлиб беш қатор шеърим босилганди.

Порахўр читтакни тутиб, зағизғон,
Деди: бу одатдан кеч, текинтомоқ.
Сенга айтавериб, йиртилди томоқ.
Читтак ҳам порани узатиб шу он
Деди: бу йиртилган томоққа – ямоқ!

Раиснинг порахўрлигини билардим, аммо лақаби зағизғон эканлигини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Умуман бу шеърни ёзишда ҳеч кимни назарда тутган эмасман. Аммо-лекин раисга қаттиқ ботган экан. Ундан кейин бир мақоламиз чиқиб қолди. Районимизда ресторанлар, маишатгоҳлар кўп қурилаётганлиги, лекин поликлиника, мактабларга кам эътибор берилаётганлигини ёзган эдим. Бунга колхозимиздан ҳам мисоллар келтиргандим. Бир куни раис чақириб қолди. Қарасам, авзои чатоқ. Гапни ҳам чувалаштириб ташлаяпти денг. «Ҳожимурод, мақоланг чиққан экан, тасдиқланмай турибди-ку. Район раҳбарлари дарғазаб... Бу мақолангга неча сўм беради ўзи? Ҳа, майли, гап бунда эмас. Энди рестораннинг очилиш маросимига ким келганини биласан-а? Шахсан ўзлари... Шунинг учун бир нарса ёзсанг, аввал сўрашинг керак». Раис билан бўлган мулоқотимизни редакциядагиларга айтгандим: «Ноъмақул қилибди, сўраш шартмас!» де­йишди. Бу гал қишлоқ магазинларида арақ жуда кўплиги, китоб эса умуман йўқлигини ёздим. Бир ҳафта ўтмай тўйхонада мана шу мунофиқликни уюштиришди.
– Бу ҳақда редакциядагиларга хабар бердингизми?
– Район газетасидан тортиб – Бирлашган Миллатлар Ташкилотигача такрор-такрор ёздим. Тариқча нафи бўлмади. Илоннинг ёғини ялаган раисимиз қилгиликни қилиб қўйиб, дадамга далда ҳам берибди: «Бўлган иш бўлди, бирор йилдан кейин ўзим чиқариб оламан.» Отамиз ҳам содда-да, туллакнинг шу гапига лаққа тушибди. Колхозимизга Шароф Рашидов келганда, арзга кираман, деган экан, умуман яқинлаштиришмабди. Кейин оғайнилардан пул тўплаб, Москвага йўл олаётганда: «Ундай қила кўрманг, айб ўзимдан ўтган эди», деган мазмунда мактуб йўлладим.
– Нега ундай қилдингиз? – ажабландилар дадам.
– Зукко одамлар ашшундай маслаҳат беришди, – деди ва бир лаҳза сукутдан кейин давом этди, – Емел деган шефимиз бор эди, казармада. Лақаби шунақа эди унинг.
– Русми, – сўрадилар дадам.
– Миллатини билмайман, эҳтимол метис бўлса, аммо-лекин ўзбекча ҳам, тожикча ҳам гапираверарди. Русчани-ку қийиб қўярди. Ўша айтдики, ҳозирги амалдорлар орасида зармасти кўп, улар отангни бир кориҳол қилиб қўйишдан ҳам қайтишмайди. Фаррух, Ато амаки деган шерикларим ҳам буни маъқуллашди.
– Да, бу гапда жон бор, – қўшилдилар дадам ва беихтиёр сўрадилар: – Емель дегани қанақа шеф эди? Назоратчими?
– Йўқ, ўзимизнинг маҳбуслардан.
– Нима жиноят қилган?
– Эй, бу катта тарих.
– Одам ўлдирганми? – қизиқишлари сўнмади дадамнинг.
– Йўқ, мусичага ҳам озор бермайдиган одам. Гаплари ҳам тагдор, жўяли. Улар шунчаки битиб кетган амалдорлар, порахўрларнинг бойлигини тортиб олишган. Пугачёвга ўхшаб...
Ғалати, – қизиқишлари ортди дадамнинг, – олганларини булар ҳам ночор кишиларга тақсимлаб берганми?
– Назаримда ундай қилишмаган, барини жамғаришган. Лекин жа-а тадбиркорлик билан иш кўришган улар. Бўрига ўхшаб, нуқул изларини йўқотиб юришган. Бугун Тошкентда бирорта ҳаромхўрни тунашса, эртаси Бухоро ёки Қаршида бошқа бир муттаҳамни қон қақшатишган.
– Да, қизиқ, – суҳбатдошларини тергаб қўйдилар дадам. Менинг кўз ўнгимда эса «Капитан қизи» фильмидаги воқеалар узуқ-юлуқ бўлиб гавдаланди. Бойлигидан ажралиб, хонавайрон бўлган ҳокимлар, қасоскор казаклар ва уларнинг тадбиркор саркори.
– Емелнинг одамларидан тўрт-бештаси фақат разведка билан шуғулланган. Аш-шу пати юлинадиган товуқ қаердан қўшимча даромад қилади, жамғармани қаерга қўяди, уйида қачон, ким бўлади – барини аниқлашган. Гоҳида телефон қилишган, монтёр, страхование агенти бўлиб уйларига киришган, қаерда нима борлигини чамалаб кўришган. Ҳамма нарса аён бўлгач, Емел юзига ниқоб кийиб, икки шериги билан бостириб кирган. Кўп хоналардан эллик, юз минг сўмлаб пул ёки бойлик ўмариб чиқишган. Шуниси қизиқки, жабрдийдаларнинг аксарияти шикоят қилишмаган.
– Бош ёрилса, дўппи остида, – дедилар дадам.
– Йўқ, милиция аш-шу бойликларни қаердан топганини суриштириб қолиши мумкин-да.
– Пул кетса кетсин, обрў кетмасин.
– Партбилет ҳам, – қўшиб қўйди Ҳожи ака ва сўзида давом этди, – лекин бу дунёда бир умр чап бериб яшаб бўлмайди-ку! Улар Навоий шаҳрида қўлга тушишган. Операциянинг обдон пухта тузатилмаганлиги чап берган, бояқишларга.
– Хўш, қизиқишлари тағин ошди дадамнинг. Ўзимнинг ҳам вужудим қулоққа айланиб, меҳмонни тингладим.
– Йўқ, операцияни ҳам жа-а хом, деб бўлмайди. Ашаддий бир порахўр терговчининг изига тушишган, улар ўшанда. Ҳамма нарса аён бўлгач, Емелнинг шерикларидан бири терговчига ички ишлар министрлиги номидан телеграмма йўллаб, зудлик билан Тошкент­га етиб келишини тайинлайди. Терговчи учиб кетгач, тунда Емел ҳалиги уйнинг сигнал тугмачасини босади. «Хўжайинингиздан телеграмма келди», дейди ичкаридан овоз берган бекага ва у эшикни қия очиши билан суқулиб ичкари киришади-ю, тўппончани тўғрилашади. Тасодифни қаранг-ки, ҳалиги аёл эрини кузатиб қўйиб, ўйнашини таклиф этган экан.
Шу ерга келганда, дадам кулиб юбордилар: меҳмон бир лаҳза жимиб тургач, давом этди.
Ҳалиги ўйнаш буларни терговчининг одамлари, деб ўйлайди, шекилли, қўрқиб кетиб, ярим яланғоч ҳолда иккинчи қаватдан сирғаниб тушади-ю, ўзининг Емелнинг шериклари ўтирган машинага уради. Ҳайдашни буюради. Табиийки, улар кўнишмайди. Шунда прокурорлигини айтиб, пўписа қилади. Шу тариқа саннашиб турганда, одамлар тўпланадилар, милиция пайдо бўлади. Уларни олиб кетишади.
– Емел-чи, – сўрадилар дадам. Дарҳақиқат, шу топда мени ҳам қароқчиларнинг ўша сардори қизиқтираётган эди.
– У ўзини чеккароққа олади. Ҳар қалай пулига ишонади. Аммо-лекин ҳалиги ўйнаш ҳақиқатан ҳам прокурор бўлиб чиққандан кейин дўстларни қўтқаришнинг иложи бўлмай қолади. Бунинг устига ишнинг рафтори ҳам ўзгача тус олади. Ножинс прокурор қуйи­даги мазмунда тушунтириш хати ёзади: дўстимни кузатгани келсам, андак кечиккан эканман, шунда бека дастурхон ёзиб, анор, анжир қўйди. Мен энди улардан танаввул қиламан, деб турганда, бу қароқчилар бостириб киришди.
– Вой корчалон-ей, – дедилар дадам.
– Судда, – давом этди меҳмон, баҳсу мунозара авж олиб, масала чигаллашиб турганда, орқада ўтирган Емел ўрнидан туради. «Хўш айтинг-чи, дейди у прокурорга, – анору-анжир еб ўтирган бўлсангиз, нега ташқарига ярим яланғоч ҳолда югуриб чиқдингиз?»
Прокурор саросималаниб қолганда, судья Емелнинг кимлиги билан қизиқади. «Мен уйга бостириб кирган ўша қароқчи бўламан»! – дейди у. «Буни исботлаш керак», дейди судья. «Мен йўл қўйган хато – бунинг исботи, дейди Емел, – ўшанда ўйнашлар қучоқлашиб ётиши мумкинлигини ҳисобга олмаганман». Хуллас, ҳужжатлар қайта терговга оширилди ва бир неча ойдан сўнг суд Емелни етти йил муддатга озодликдан маҳрум этади.
– Шерикларини-чи, – қизиқдилар дадам.
– Гап шунда-да, Емел бор айбни бўйнига олиб, уларни қутқариб қолади. Аммо-лекин Емел дегани қамоқда ҳам шоҳона яшади. Чунки шериклари дуч келган итнинг оғзига пул билан уришарди. Баракда туғилган кунини нишонлади, денг, маҳоват эмас-у, юз шишалар арақ билан коньяк қуйиб берди.
– Қамоқда ичимликни қаердан топишади, – қизиқиб қолдилар дадам.
– Назоратчиларнинг ўзлари олиб келишади. Аш-шу турма бошлиғи ҳам Емел билан соз эди. Зиёфатга казо-казолар келишди. Мен ўшанда «Тушкунлик» деган шеъримни ўқиб бергандим, Емелнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
– Демак, яхши шеър экан-да, – унинг сўзини бўлдилар дадам, – қани эшитайлик-чи.
Орага мавҳумгина сукунат чўкди. Ҳожи ака паст ва маҳзун оҳангида шеър бошлаб юборди:

Бу тун бобожоним кирмиш тушимга
Эркалаб сўзламиш марҳум мўйсафид:
Қўйгин, кеча қолгин золим дунёдан
У дунё – бебақо
Сердард, ноумид.
Бу дунё ғуссасиз, ғамсиз, жигарим.
Пулга зориқмайсан – пулсиз бу олам.
Буйруқ бермас бунда одамга одам
Ташвишдан, ғийбатдан қутулгун абад...
Бу ерда асаблар эркиндир бирам...
Бу ерда, бу ерда ҳатто йўқ ўлим
Келақол бўтам!

Улар тағин жимиб қолишди. Сўнг меҳмон давом этди.
– Шу-шу бўлди-ю Емел билан ака-ука бўлиб қолдик. «Истасанг, – деди у, – мен шерикларимга айтиб, раисингни гумдон қилишим мумкин.»
– Да, – ажабланардилар дадам.
– Кўнмадим. Аммо-лекин қўли узун эди, шоввознинг. Пул бор эди-да! Жини ёқтирмаган тийиқсиз назоратчиларни танобини тортиб қўяр ёки умуман ишдан бўшатиб юборарди. Орада уч-тўрт кунлаб бедарак бўлиб ҳам кетарди. Лекин жамғарган пули бир умрга етса керак! Ўзи ҳам айш-ишратнинг гадоси эди.
– Пул одамни бахтли қилиши мумкин эмас, – ўз ақидаларини айтдилар дадам. Айниқса, қинғир йўл билан топилгани.
– Мен панжара ортида шунга ишонч ҳосил қилдимки, – деди Ҳожи босиқлик билан, – бизда пул деган нарса, истаган эшигингни очадиган сеҳрли калит экан. Пулинг бўлса, қамоқхонада ҳам жаннатдагидай кун кўрсанг, пул бўлса, йўлингдаги ғовни, нохуш рақибни олиб ташласанг, пул бўлса, ўқишга кирсанг, шифохонага жойлашсанг... Пулсиз маҳбусларнинг қадри – қумурсқадан ҳам паст эди.
– Фақат маҳбусларникигина эмас, – дедилар дадам бу гал хайрихоҳ оҳангда.
– Энди у ерда инсон қадри – сариқ чақага тенгда. Шунчалик хўрлашдики..
– Хафа бўлманг, тақдим, – далда берган бўлдилар дадам.
– Йўқ, хафа бўлмайман! Кўзим мошдай очилди. Қамоқ сабоқ бўлди. Қисматга қасдма-қасд яшашни ўргандим.
Бу билан меҳмон нима демоқчи бўлганини англолмадим. У бир лаҳза сукут сақлагач, сўзида давом этди:
– Пул топиш керак, пул! Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам.
– Қамоқ сабоқ бўлди, дегандингиз, демак, ундай эмас эканда, – надомат билдирдилар дадам.
Меҳмон тағин жимиди. Мен уни ухлаб қолди, деб ўйлагандим. У эса хотираларини мушоҳада тарозисига солиб кўраётган экан.
– Лагерда Фаррух деган рассом бола билан дўстлашиб қолдик. Олтин йигит эди. Шу айтардики, ҳаётда ҳар ким ўз дидига яраша сабоқ олади. Мадомики мен олган сабоқ сизга ўтиришмаган экан, начора, домла?!
У ўзини оқладими, дадамни айбламоқчи бўлдими, ҳайтовур яхши тушунолмадим. Шу топда мени Фаррух деган рассом йигит кўпроқ қизиқтириб қолганди. Не гуноҳ қилиб ҳибсга тушиб қолдийкин, шўрлик?! Ҳар қалай дадам жонимга ора кирдилар.
– Бу, рассом қанақа ножўя иш қилиб қўйган?
– Эй, бир фалокат! Ўзи рассомларнинг табиати ғалати бўлади. Болага ўхшаб кетишади улар. Тушуниш керак, бояқишларни. Фаррух ҳам тасодифан тушган.
– Қандай? – шошилдилар дадам.
– Бола пақир дарё бўйидаги бир теракни яхши кўриб қолган.
Дадам кулдилар.
– Одам итни, мушукни, какликни яхши кўриб қолиши мумкиндир, аммо...
– Аш-шуда, ишонишмайди, – деди Ҳожи ака, – Фаррух ўша азимжусса теракни таърифлашга тушса, ўзингиз ҳам меҳр пайдо қиласиз унга. Танасига икки кишининг қулочи зўрға етарди, дейди. Сағриси жимирлаб турадиган оппоқ дулдуллар бўлади-ку. Теракнинг бадани ҳам шунга ўхшаркан. Ҳатто шамол бўлмаганда ҳам барглари бир маромда дилкаш хониш қилиб ётаркан. Мен аш-шу таърифлардан кейин «Бойсундаги оқбадан терак», деган шеър ёздим. Ҳоҳишингиз бўлса, ўқиб бераман, аммо лекин узунроқ.
– Майли, кейин ўқирсиз, – дедилар дадам, – аввал Фаррухни гапиринг: нима жин уриб қамалиб қолди?
– Фаррух бора-бора ўша теракни ҳар куни соатлаб томоша қиладиган, бошқа ёқларга кетганда, соғиниб қоладиган бўлади.
– Хўш?!
– Кейин зўр ҳафсала билан унинг расмини чизишга киришади. Бир куни эрталаб бўёқ-мўёқларини кўтариб келса, терак одам бўйи баландликдан арраланиб, шохлари ерда хоку туроб бўлиб ётган эмиш. Табиийки, Фаррух тутақиб кетибди, оташин бўлибди: «Мен хун оламан, унинг кушандасидан!» – дебди. Бир донишманд айтган экан: «оғзимдан чиққан сўз – менинг ҳокимим, бўғзимда қолган калом эса қулим». Жаҳл билан Фаррухнинг оғзидан чиққан ўша сўз – кейинроқ кишанга айланишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган албатта. Маълум бўлишича, бир ҳамқишлоқларининг асалариси кўчиб, шу терак кавагига жойлашган экан. Асаларичи ҳарчанд қилса ҳамки, ариларни чиқариб ололмабди; кейин азимжусса теракка арра солибди. Бўлган гап шу! Орадан бир неча ой ўтгандан кейин – Фаррух дарёдан ток билан балиқ овлаётганда...
Негадир меҳмоннинг каломи узилиб қолди. Ва дадамга савол билан мурожаат қилди:
– Кўрганмисиз, шунақа балиқ овлашни?
– Ўзим овлаганман, – ҳозиржавоблик қилдилар дадам ва сўзларини далиллаш учун бўлса керак, тафсилотини ҳам ҳикоя қилишга киришдилар.
– Симнинг бир учини илгак қилиб, симёғочдаги токка уладигу бўёғини сувга ботирдик. Зум ўтмай балиқлар, қурбақалар чалқанча бўлиб чиқаверишди.
– Фаррух ҳам шундай қилган-да, – давом этди Ҳожи ака, – қирғоқдаги болалардан бири балиқлар оқиб кетишидан чўчиб, ўзини сувга отади ва зум ўтмай қалқиб чиқади. Уни ток урган бўлади. Яна тасодифни қарангки, ҳалиги бола асаларичининг ўғли экан. Фаррухнинг бундан бир неча ой олдин айтган ҳалиги гапи ўзгача маъно билан протоколларга қайд этилади. Шундай қилиб, қамаб юборишади.
Меҳмон жимиди. Дадам ҳам индамадилар. Мени эса уйқу боса бошлади. Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман, бир маҳал уларнинг ғўнғиллаб гаплашишларидан уйғониб кетдим.
– ...тожик эди-ю, паспортига «ўзбек» деб ёзилганди, Ато амакининг. Ўзи – асли бухоролик. Икки марта партиядан ўчирилиб, уч марта қамоққа тушган эди, шўрлик.
Ҳа, демак...
– Йўқ, йўқ, у ерда қотиллар ҳам, безорилар ҳам бор эди, аммо Ато амакининг қип-қизил пролетарлиги билиниб турарди. Биз қомоқхоналар билан бирга комсомол комитети учун маъмурий бино қурдик. Эрталаб солдатлар қуршовида ишга жўнардик. Қутурган овчаркалар, вишкадаги сўхтаси совуқ соқчилар, ранги заҳил назоратчиларга биз кўникиб кетдик, лекин Ато амаки нафрат билан қарарди буларнинг барига. «Сен ана шу газандаларнинг расмини чиз, – дерди Фаррухга, – токи келажак авлод биз комсомол штабларини қай тарзда қурганимиздан воқиф бўлсин!» Фаррух бўлса аш-шу Ато амакини расмини чизди. Бўйи баравар қилиб... худди тирикдай. Емел: «Менинг портретимни шунақа қилиб чизсанг, минг сўм бераман,» деди. «Мени кечирасиз, Емел ака, – деди Фаррух, – сизнинг расмингизни чизолмайман.» У ерда Ато амакидан бошқа ҳеч ким ёлчитиб ишламасди ҳам. Чунки жон куйдириб ишлаганни занғар маҳбуслар хуш кўришмасди. Шунга қарамай Ато амаки баримиздан илгарилаб кетарди.
Уйқу киприкларимни қаттиқроқ исканжага ола бошлади. Меҳмоннинг гапи қулоғимга узуқ-юлуқ бўлиб кирарди. Ора-чурада тушимга ҳам ана шундай чала-чулпа воқеалар кириб, хотираларим билан чалкашиб, чувалашиб кета бошлади. Концлагер, инсонни ғажиб ташлайдиган даражада қонга ташна овчаркалар тушимга кирдими ёки хотирамда чарх урдими – ўзим ҳам эслолмай қолдим. Итдай вафодор жониворни одамхўр йиртқичга айлантирган кишилар ким эканлигини ўйладим, улардан зоҳиран нафратландим.
– ...Эллигинчи йили пахта заводини кўтаради, Ўзбекистон бўйича биринчи ўринга чиқаради. Шунда унга орден беришади. Тошкентда орденни тантана билан тақиб қўйгач, бир пиёла чой узатишади. Ато амаки одати бўйича чойни ичиб, унинг шаммасини деразадан ташқарига итқитиб юборади.
– Хўш, хўш, – тергаб қўйдилар дадам суҳбатдошларини.
– Кўриниб турибдики, бу ҳаракатда бирорта бадбинлик ёки ғайритабиийлик йўқ. Аммо чойнинг юқини ташқарига отиб юбориш унга ўн йилга тушишини ўзи ҳам, суҳбатдошлари ҳам ўшанда хаёлларига келтиришмаган, албатта. Чунки чой юқи дераза ортида ўрнатилган Сталин бюстининг бошига бориб тўкилишини тасаввур қилиб ҳам кўришмаган-да, улар.
Уйқум баттар хуруж қилди. Аммо Ато амакининг тақдирини билиш истаги ундан устун келиб, иккала тирсагимга суяниб олдим. Оқланиб келгандан кейин, – давом этди меҳмон, шаҳар яқинидаги колхозга ҳисобчи, бригадир бўлади. Кейин раисликка кўтаришади. Ато амакининг айтишича, олтмишинчи йилларнинг ўрталарида гўшт тайёрлашни кўпайтириш ҳақида қарор чиққан экан.
Ҳа, Хрушчёв пайти эди, – маъқулладилар дадам, – шахсий моллар билан отларга қирон келганди.
– Ато амакининг колхозида икки юз бош зотли қорабайир бор экан. Отахон аш-шуларни гўштга топширилган қилиб расмийлаштиради-ю, барини Қизилқумга ҳайдаттиради. Олти ойдан кейин келган ревизия эса бу найрангни англаб қолади. Ато амакини бу гал кўзбўямачиликда айблашади: партиядан ўчириб, ишини терговга оширишади.
– Бечора, бечора...
– Билмадим неча йил ҳам ётиб келгандан кейин Бухородаги пахта заводига ишчи бўлиб киради. Энди боши шунча деворга теккан одам қобил-мўмин бўлиб юриши керак-ку. Йўқ, отахон ундай қилмайди. Етмиш тўққизинчи йили шахсан Брежневга хат ёзиб, обкомнинг биринчи секретари билан унинг ҳомийлари пул-у олтин тўплашда Бухоро амиридан ўзиб кетишганини маълум қилади. Улар хатни негадир текшириш учун обкомга қайтаришди. Албатта, партия раҳбарини амирга таққослаш – гуноҳи азим. Бунинг устига, табиийки, текшириш пайтида, саркотибнинг пора олганини кўрдим, деган мард топилмайди. Шундай қилиб, шўрлик Ато амакини туҳматчи сифатида етти йилга қаматишади.
Орага бир лаҳза сукунат чўкди. Ҳадемай тушимга дарё соҳилидги азимжусса терак кирди. Унинг устида ўтирган Ато амаки қўлида илондек тўлғанаётган симнинг учини сувга ташлаб юборибди. Аммо балиқ тугул қурбақа ҳам қалқиб чиқмабди. Ато амаки аламдан йиғлай бошлабди.
– ...чол йиғлаб юборди, – тағин Ҳожи аканинг овозидан уйғониб кетдим. «Обком котиби қамоққа тушса ҳам сенга ўхшаб ёвғон ичиб ўтирмайди, – деди Емел, – у бутун авлодини пул билан таъминлаб қўйган». «Йўқ, Емел, – деди Ато амаки, – сен билан мен бошқа олам, бошқа давр одамларимиз. Менга илк бор партия билети беришганда йиғлаб юборгандим. Чунки у менинг эътиқодим эди!» «Улар эса сенинг аслида сароб бўлган эътиқодингга тупуришди: ярамас билетни икки бор бериб, икки бор ҳам қайтариб олишди, уч бор турмага ташлашди». «Бу гал, – деди отахон, – қамоқдан чиқсам, арбобларга ёзиб юрмайман. Халққа мурожаат қиламан! Фарзандларнинг насибасини қирқиб,  бойлик жамғараётган нафси ўпқонларга қарши бош кўтариб чиқинглар, дейман! Ҳафлатда ётманглар, ўз халқини, миллатини талаётган амалдорларни тошбўрон қилинглар, дейман»... «Сени тутиб, тағин қамашади», деди Емел. Отахон жимиб қолди. Кейин йиғлади. Дард билан, хазин ва беадад умидсизлик билан йиғлади.
Меҳмон тин олди. Дадам алланима дедилар. Мен гапни охиригача эшитолмай ухлаб қолибман. Уйғониб кетганимда, меҳмон шеър ўқирди.

Болта ботди, ногоҳ чинор жисмига
Бир ингради дарахт, тўкди аччиқ ёш.
Ажаб, ўт кетса ҳам бор вужудига
Йиғламас эди-ку, берарди бардош?!
Болта сопин таниб, чекканди қайғу,
Ахир, ўз шохидан бўлган эди у.

Ҳожи ака бошқа бир шеърни бошлаганда, уйқу кучлилик қилди-ю, буларнинг бари тушимга улашиб кетди. Атрофи тиканли сим билан ўралган пахта заводи эмиш. Бунт устига чиқиб олган Ҳожи ака муштини ҳавода серпиб шеър ўқирмиш. Синчиклаб қарасам, у Ҳожи ака эмас, Ато амаки бўлиб чиқибди. Кейин Ато амаки ҳам Ҳамзага айланиб қолибди. У эса икки қатор шеърни такрорлармиш:

Уйғон, уйғон, уйғон...
Ётма ғофил бандалар!!!


Комментариев нет:

Отправить комментарий