Ҳарҳолда, Самарқанд, нисбатан катта шаҳар эмас. Бу ерда содир бўлган муҳимроқ воқеа оғзаки тарзда анчайин тез тарқалади ва ҳамшаҳарлар шу тариқа тафсилотлардан бохабар бўлишади.
Май ойининг охирида маҳаллий ТВ қонуншунослик
коллежида ўқийдиган Ардашер Раҳматов деган ўн саккиз ёшли йигит йўқолганини
эълон қилиши билан масалага равшанлик киритиш, тўлдириш, тахминлар тўқиш авж олиб кетди.
Шахсан ўзим бу йигитчанинг
отаси ва ҳатто бобосини ҳам билардим. Отаси Фурқат Раҳматов шаҳардаги йириккина
бизнесменлардан бўлиб, Регистон яқинида хусусий
меҳмонхонаси, янги шаҳарда дўконлари борлигидан хабардорман. Дадасидан
пул ўндириш илинжида Ардашерни гаровга олишмадимикин, мабодо шундай бўлса, дараги чиқиб қолади, деб
тахминладим ўзимча.
Қарийб бир ой давомида
эълонлар такрорланиб турди, йигитчанинг суврати эълон тахталарида пайдо бўлди.
Отаси уни топганларга катта мукофот ваъда берди. Аммо...
Ниҳоят бир ойдан кейин милиция
йигитчанинг жасадини Иштихондаги бир муаллимнинг ҳовлисидан топди. Бола пақир,
дарҳақиқат гаровга олинган экан.
Жиноят тафсилоти эса
қуйидагича. У ўқийдиган коллежнинг информатика фанидан дарс берадиган
ўқитувчиси Ардашерни квартирасига олиб боради ва икки шериги билан қийноққа
солишади. Аниқроғи, отасига телефон қилиб, 60 минг доллар сўрашини, акс ҳолда
ўлдиришларини айтишади. Йигитча кўнмагач, оёқ−қўлини боғлашади ва овози чиқмаслиги учун
оғзига скотч ўраб қийноққа солишади. Бир маҳал қарашса, бола бечора ўлиб
қолибди. Аён бўлишича, боя шошиб, унинг бурнини ҳам ўраб ташлашган ва йигитча
нафас ололмай нобуд бўлган экан.
Табиийки, кутилмаган бу ҳолдан
қўрқиб кетишади. Кейин тунда такси тутиб, латтага ўралган жасадни Иштихонга – муаллимнинг ҳовлисига олиб кетишади. Ҳайдовчига яхши пул тўлашади.
Аммо шунга қарамай, таксичининг виждони жунбўшга келаверади, хавотири ҳам ошади.
У милицияга бориб, шубҳаларини айтиб беради.
Жасадни қазиб олишади. Бола
бечора таниб бўлмас даражада ўзгариб
кетибди. Қарангки, таниш стоматолог унга
тиш қўйган экан ва шу асосда мурдани танишади. Айбдорлар зудлик билан қўлга
олинади, албатта.
Бор гап шу. Аммо қиссадан
ҳисса деганларидек, масаланинг илдизига қараш,
хулоса чиқариш, сабоқ олиш зарурдир.
Тўғри, ҳали тергов тугагани йўқ ва кўпгина
ҳолатлар бизга қоронғу. Аммо шуниси аёнки, муаллимнинг узоқни кўрабилмаслиги ва тасодифий киши
эканлигига шубҳа йўқ. Назаримда, у пулга жуда муҳтож бўлиб қолган. Эшитишимча,
ижарада яшаш жонига тегиб кетган. Пулсизлик эса дўзах азобидан ҳам қаттолроқдир.
Аммо унинг нодонлигини қарангки, магарам
гаров пули олинганда ҳам, қўлга тушиши
муқарар эди−ку ва бу хусусда нечун ўйлаб кўрмади экан?!
Ҳарҳолда, бойваччаларни ҳам
ҳушёр, эҳтиёткор қилиб вояга етказиш, уларни назорат ва назардан қочирмасликка
тўғри келади. Ардашернинг соддалиги
шундаки, у дадасига телефон қилганда,
жони омон қоларди. Аслида, инсон учун яшашдан кўра азизроқ нарса борми.
Болакайларнинг миясига бу ҳақиқатни қуйиш керак. Морозов бўлиб, кўксини амбразурага
қўйган қаҳрамондан кўра, дунё лаззатини тотган, бола− чақа орттирган, инсонларга яхшиликлар қилган банда азизроқдир.
Хуллас, шунақа гаплар.
Журналист дўстим Тошпўлат Раҳматуллаев бу ҳақда Интернет сайтларига хабар
берди.
У билан судда қатнашишга келишиб
қўйганман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий