Театрнинг собиқ икки актёри билан тасодифан учрашиб қолдим ва жилла суҳбатлашдик.
Улардан бири, шўролар даврида талай бош
ролларни маҳорат билан ижро этиб, анчайин шуҳрат қозонган, кейин эса мавқеидан
фойдаланиб, амал курсисини эгаллаган
эди. Ҳокимларга актёрона лаганбардорлик
қилишнинг кифтини келтирадиган, таъмагир,
калондимоғ ва мақтанчоқ чол. Бир неча
йил муқаддам эса давлатнинг етим−есирларга
ажратган каттагина маблағни ўзлаштиргани очилиб қолди. Бош айбдор айнан унинг ўзи
бўлишига қарамай, идорадаги бегуноҳ одамлар қамалиб кетди. Гапларга қараганда,
ўзи катта жарима тўлашидан ташқари,
кимларгадир кириб, кўз ёши қилгани боис қутулиб қолган. Бунинг устига, унвонлари борлигини ҳам
ҳисобга олишди чамаси.
Иккинчиси ҳам етмишдан ошган,
поэзиянинг элементар талабларини билмаган ҳолда нуқул шеърий драмалар ёзадиган
ва саҳнага олиб чиқадиган, бошқа муаллифларга очиқдан−очиқ қаршилик қиладиган
одам.
Таажжубки, улар бир−бирларига
навбат бермай, мақтанишга тушдилар. Амалдор актёр зарра ҳижолат чекмай, раҳбарлик пайтидаги
“жасоратлари”, ҳақиқат ва адолат учун курашгани тўғрисида, сценарист эса фалон асари саҳнага юз бор
қўйилганлиги билан мақтанабошлади.
Аслида бундай тоифаларга
тингловчи керак эди. Сен бош тебратиб, маъқуллаб турсанг, соатлаб монолог ўқишга тайёр тоифалар. Мен эса,
бу носамимийликлардан қон босимим кўтари лишидан хавотир
олабошладим ва бир баҳонани рўкач қилиб хайрлашдим.
Кейин эса ёдимда бир замонлар
ўқиганим − А. Куприннинг “На покое”
деган ҳикояси тушди. Уйга келиб, мазкур китобни топдим ва ҳикояни қайта ўқишга
киришдим.
1899 йили Овсянников деган
савдогар эски ҳовлисида қаровсиз
қолган, кекса артистлар учун саховат уйи
очади. У ерга беш нафар собиқ артист жойлашади. Табиийки, савдогар уларга егулик, ичкуликлар
ва хизматкор ҳам ажратади. (Қадимги бойларни беҳудага мақташмайди).
Аммо хизматкор эрталаб собиқ артистлар
хонасига нонушта олиб кириши билан уни
ҳам, Овсянниковни ҳам лаънатлаш, ҳақорат
қилишга киришишади. Овқатнинг сифатсизлиги, ҳамиша бир хиллиги, чойнинг тамсизлигидан
нолишади. Чой ичиб олгандан кейин хотиралар дафтарини варақлашади ва уларнинг
ҳар бири очиқдан−очиқ гариллай бошлайди. Айрим латифаларни бир неча бор
такрорлашдан зерикишмайди. Аёллар ҳақида
гап кетганда эса кексаликлари, ночорликларига қарамай, уйдирма ва беҳаё саргузаштлар тўқишни хуш кўришади. Бундай лаҳзаларда аёл − она, сингил, севимли
жуфти ҳалол ҳам эканлигини батамом
унутиб юборишади. Бу бандалар бот−бот бир−бирлари билан гапга бориб қолишади,
даҳанаки жанг ҳақоратларга ўтади. Мабодо
имкони бўлиб, ароқ топиб ичишса, ёввойи феллари тағин авж олади ва ҳакозо.
Албатта, бадиий асарни сўзлаб бериб бўлмайди. Уни ўқиш
керак. Муаллиф бу чолларнинг характери,
ички дунёсини маҳорат билан очганлиги боис ҳам асарни нафас ютмай ўқиб чиқасиз.
Магарам бу кексаларнинг тақдири ва қисмати бир хил бўлсада, ҳар бири ўзига хос
фел−у атворга эга эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Куприн бу ҳикояни ёзганига
юз йилдан ошган бўлса ҳамки, артист зоти ( кўп ҳолларда) унчалик ўзгармай қолгани мени таажжубга
солди.
Бу − биринчи хулосам, албатта.
Иккинчи идрок этганим шу
бўлдики, сўнгги йилларда компютер билан ошно
тутиниб, бадиий асар завқи ва сеҳридан андак йироқлашиб қолган эканман.
Мазкур адибнинг талай асарларини қайта
ўқишга киришдим. Сўнг Чеховнинг қадрдон
китобларини қўлга олдим. Унинг
“Олтинчи палата”, “Номаълум одам ҳикояси”, “Қора монах” “Менинг ҳаётим”,
“Мужиклар”, “Лайча эргаштирган хоним”
сингари ҳикояларини бундан ўн−ўн беш йил аввалгидай ташналик ва иштиёқ билан ўқидим. Ва бу асарлардан бехабарлик
каттагина маънавий йўқотиш эканлигига тағин бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Тан олмоқ керак, бугун жамиятда бадиий сўзнинг мавқеи ва
салмоғи аввалгидай эмас. Ваҳоланки, инсон онгига бадиий асар ином этадиган
маънавий озиқни бошқа соҳадан топиб бўлмайди.
Эндиликда “роман” ёзиб, ўз ҳисобидан чоп эттираётганлар сони кўпаймоқда.
Уларнинг аксари мен тилга олган асарларни ўқимаган, ўқиганда ҳам фаҳмига
етмайдиган кишилардир. Бундай тоифалар учун “Роман ёздим”, деган сохта обрў зарур холос.
Майли, булар янги гаплар эмас.
Ҳарҳолда, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Қанақа
китоб ўқийди ёки ёзади, унга кўрсатма
бериш ножоиз.
Комментариев нет:
Отправить комментарий