воскресенье, 8 июля 2012 г.

САРҲИСОБ 20

                          

   Ногоҳ,  катта ўғлим Улуғбек вилоят ҳокимига киришимни таклиф қилиб қолди.
    Қайси масалада киришим зарур  бўлганлигини кейинроқ айтаман. Аммо аввал шуни аён этишим лозимки,  Мустақиллик эълон қилингандан бери вилоят  ҳокими  етти бор ўзгарди. Ва ҳеч ким мени уларнинг қабулхонасида кўргани йўқ. Бу раҳбарларнинг бирортаси мен билан қизиқмади ва мен ҳам улардан узоқроқ  юришни маъқул деб билдим.
    Ёлғон бўлмасин,  Маҳмуджўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташвиши билан 2005 йилда бу бинога киришга мажбур бўлганман. Боиси, ҳайкал қуриш учун ҳокимликнинг қарори зарур эди. Ўшанда ҳам ҳоким мени қабул қилмади, аммо у ердаги танишим менга мадад кўрсатди.
Ҳоким ва ҳокимчалар  атрофида эса, кўп ҳолларда маддоҳ шоир ва адабиётчиларни кўрганман.
   Мазкур ҳокимларнинг аксари эса икки−уч йил ишлаб, шармандаларча ишдан ҳайдалганига, айримлари узоқ муддатда қамалиб кетганига гувоҳман. Шунинг ўзи ҳам уларнинг ички дунёси, савияси ва нопоклиги, умуман маънавиятидан далолат эди. Бугунги амалдорларнинг аксари китоб ўқимаслиги, театрга бормаслиги, Интернетнинг  фаҳмига бормаслигини айтган эдим. Бундан ташқари,  уларнинг кўпчилиги алланималардан чўчиб, шубҳаланиб ишлаётгандай бўлиб туюлади. Ҳозиргизамон ҳокимлари  ижодкорлар, ҳур фикрлилар, радикаллар, демократлар билан мулоқотдан қочишни маъқул деб билишади.
   Вилоятнинг айни пайтдаги ҳокими узоқ йиллар шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган  инсон. Бошқа талай ҳокимлардан фарқли ўлароқ  у  бир бор аҳоли  билан телемулоқот ҳам  ўтказди. Одамлар газ ва светдан шикоят қилишди. У мазкур нуқсонларни бартараф этишга сўз берган бўлса ҳамки, тез орада муаммоларни ҳал қилиш қўлидан келмаслиги  аён бўлиб қолди.
   Майли энди, ана шу кириш сўзидан кейин нима учун ҳокимга учрашишим  зарур бўлиб қолганлигини гапирай.
   Ўтган йил ҳокимлик қишлоқда яшайдиган  оилаларнинг катта қисмига  элликтадан бройлер жўжалар олиб берди. Бепул эмас, албатта. Ҳар бир оилага банкдан қарз олиб берилди ва шунинг ҳисобига жўжа тарқатиладиган бўлди. Исроил ва АҚШдан келтирилган наслли тухумлар шу ерда инкубаторларга қўйиб очилди ва оилаларга тарқатилди ҳам.
   Аслида бу яхши ният эди. Бу жўжалар   тўғри парвариш қилинса, нақ ўттиз кунда бир килограмм оғирликка етиши мумкин, Бу парҳез гўштнинг харидори эса етарли. Қолаверса оила  қозони ҳам ундан бебаҳра қолмайди.
  Аммо жўжалар тарқатилгандан кейин иккита  қўпол хатога йўл қўйилганлиги аён бўлиб қолди. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди, деганларидек, бу жониворларни вояга етказишнинг ўзига хос қоидалари мавжуд бўлиб, уни  одамларга обдон уқдириш керак экан. Чунки, одатдагидек далага ҳайдаб юбориш ёки рўзғордан ортган  егуликлар билан денгиз ва океанлардан ошиб келган нозиктаъб  меҳмонларни сийлаш уларнинг табиатига зид экан.  Бройлер жўжаларга махсус омухта ем тайёрланиши, унинг т аркибида буғдой, маккажухори, соя ёрмаси, оҳактош ва бошқа талай витаминлар бўлиши зарур экан. Бу  қоидаларни ҳар бир кишига уқдириш билан бирга, ўша омухта емни топиб ҳам бериш керак экан.
   Хуллас, бир ойга етмай  бройлер жўжаларнинг кўпчилиги нобуд бўлди.  Яхши ният билан бошланган ташаббус барбод қилинди.
   Шундан кейин Улуғбек Хитойдан кунига 15 тоннагача омухта ем тайёрлайдиган линия олиб келиб ўрнатди ва ишга туширди. Эндиликда эса бу емга харидор йўқ. “Ҳокимият аҳолига тағин жўжа олиб бермоқчи бўлаябди. Бизда  сифатли ем борлигини билишса ва эълон қилишса, ҳаммамиз фойда кўрардик”,  деди ўғлим.
   Мен дарҳол жавоб бермадим. Биринчидан, ҳокимнинг қабулхонасида узоқ кутиб қолсам, қон босимим ошиб кетмасмикин деган хавотир бўлса, иккинчидан, шунча вақтдан бери кирмаган даргоҳга боришга оёғим ҳам тортмаётган эди. “Майли, ўйлардим ўзимча, мен жуда шахсий масала билан кираётганим йўқ. Бунинг устига,   ҳоким деганлари вилоятда мендан бир ёзувчи яшаётганлигини билиб қўйса нима қилибди. Эҳтимол суҳбатлашиб қолармиз ва мен экология, қишлоқ хўжалиги, миллий масалаларда айрим таклиф−мулоҳазаларимни айтарман...
   Эртаси Улуғбек телефон қилиб қолди. “Дада, ҳокимга кириш масаласи атпадает”.   “Нега”,  қизиқдим. “Шундай маслаҳат беришди”,  деди у дудмал қилиб.  “Сабабини айт”.  “Одамларда пул йўқ. Шунинг учун ҳоким насияга беришимни талаб қилиши аниқ. Унда мен катта зарар кўраман. Яхшиси,  телевидение ва газеталарга реклама берамиз”,  деди.  “Яхши,  реклама ташвишини гарданимга оламан”,  дедим ва енгил тортдим.

1 комментарий:

  1. Ассалому алейкум! Устоз зик нашавед! Мы все надеемся на лучшее! Надеюсь это время - наше время - наступит! К БОЛЬШОМУ СОЖАЛЕНИЮ сегодня время этих низких умом и нищих духом людей. Пусть пропадут они пропадом!!!
    Бо хурмат Шогирд

    ОтветитьУдалить