"Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"
Бундоқ
ўйлаб қарасам, мен сизга бувим, ўртоқларим, ҳатто муаллимларим ҳақида анча
батафсил ҳикоя қилибман-у, бу ёруғ оламдаги энг яқин кишим – ойим хусусида узуқ-юлуқ
гаплар билан чегараланиб қолибман.
Биз
Тошкент (аниқроғи, Калинин райони)га кўчиб келгунимизча мен меҳрибон моможонимнинг
бағрларида вояга етдим. Шу туфайли бўлса керак, ойимнинг меҳрига зориққанимни
эслолмайман. Фақат жонажон Самарқандни тарк этганимиздан кейингина, она меҳри,
деган муқаддас туйғуни чуқурроқ, теранроқ туя бошладим. Оила, деб аталадиган
мукаммал вужудни ойимсиз тасаввур қилиш мудҳиш эди. Чунки, у киши ана шу соғлом
вужуднинг уриб турган юраги эдилар. Лекин надоматлар бўлсинким, бизни дея ўз
юракларини анча эрта хасталантириб қўйдилар у киши.
Ойимнинг
фақат биз – фарзандларгагина эмас, дадамга, қариндошларга, ҳатто қўни-қўшниларга
ҳам борлигини бахшида этадиган жонсўз сиймо эканлигини анча кейин тушундим. Йўқ,
буни шунчаки ҳамду сано, деб ўйламанг. У кишининг жонфидолигига ўнлаб мисоллар
келтиришим мумкин. Бир воқеа хусусида гапириб берсам, ўзингиз ҳам бунга ишонч
ҳосил қилишингиз турган гап.
Аниқ
ёдимда: 1 Май байрами (1983 йил) арафаси. Айвонда ўтириб олиб, дарс
тайёрлаётган эдим. Ойим ромдан бошларини чиқариб, одатдагидек енгилгина хавотир
билан укаларимни кузатиб ўтирган эдилар. Бир маҳал у киши зорланиб, менга
мурожаат қилиб қолдилар.
–
Улуғжон, қўлимни тут, ўғлим...
Мен
картдан ирғиб пастга тушдим. У кишининг ранглари докадай оқарган, вужудлари
ҳолсизланиб қолганди. Ойимни суябгина картга ўтқазганимдан кейин, юракларини
ушлаб, кўзларини юмдилар.
–
Нима бўлди, – сўрадим билинар-билинмас қалтираётган бармоқларидан ушлаб.
«Ҳеч
нима», дегандай бош тебратдилар бийим. Укаларимга бирор кор-хол бўлганидан
хавотирга тушиб, дарҳол пастга қарадим. Йўқ, Моҳинбону Фирўзни кўтариб юрар,
Дилафрўз билан Мирзо болакайлар даврасида эдилар. Одатда, ойим – қаттиқ қўрққан,
дафъатан ҳаяжонланган пайтдагина шу куйга тушарди. Ён-атрофларга ҳам аланглаб
назар ташладим, лекин дилга дард бўлиб ботадиган бирорта нохушликни кўрмадим.
Бэла муаллима болаларга озорбойжончалаб хотиржамгина дашном берар, тўғримиздаги
уйнинг йўлаги олдида таниш амаки эски «Москвич» моторига уннарди. Фақатгина бир
аёлни ҳисобга олмаганда, бу ердагилар деярли таниш эдилар. Мен нотаниш аёлга
разм солди ва эътиборимни, энг аввал унинг соябони ўзига тортди. Бу соябон
(кейин билсам, японча экан) гулсафсарнинг оч бинафша рангида бўлиб, соҳибасини қуёшдан
тўсиб турарди. Аслида қуёш ҳам унчалик куйдирадиган даражада эмасди. Лекин бу қотмагина
хоним сохти-сумбати, рангпарлиги андак бўлса ҳам бузилишини хуш кўрмайдиганларга
ўхшарди.
Дарвоқе,
гап соябонда ҳам эмас. Бу аёлдан ойим нега бунчалик ваҳимга тушиши, жон
ҳовучлаши керак?! Бизнинг микрорайонда бегона одамларнинг бот-бот пайдо бўлиб
туриши янгилик эмас-ку!
–
Бийижон, нимадан қўрқдингиз-а? – ажабланиб сўрадим.
Ойим
такроран сарак-сарак бош тебратди.
Йўқ,
у кишини унчалик қуён юрак деб бўлмасди. Самарқанддаги мактабимизда болакайлар
зир қақшашарди ойимдан. Қимор ўйнаётган ёки бирор ножўя иш қилаётган бебош
шатрамаларга «Шаропова (ойимнинг фамилияси шунақа) келяптилар!» – дейишса бас –
бари тум-тарақай бўларди. Дадам ҳафталаб командировкага кетганда ҳам ҳайҳотдай,
бунинг устига дару деворсиз ҳовлида бизни она бургутдай зийраклик ҳамда
меҳрибонлик билан қўриқлаб ётардилар. Ойижоним туфайли мен мактабда кўкрак
кериб юрардим.
Янги
манзилгоҳга кўчиб келганимиздан сўнг турфа нохушликлар сабаб бўлиб, ойим зиғирча
кўнгилсизликдан ҳам ҳадиксирайдиган, чўчийдиган, гоҳо тунлари нохуш тушлардан
фарёд чекиб уйғонадиган бўлиб қолдилар. У кишининг илк юрак-дардларига ўзим
сабаб бўлдим ва бу хусусда алоҳида тўхталишга тўғри келади.
Кўчиб
келганимиздан икки кун ўтгач, ойим мен билан Моҳинбонуни эргаштириб, ҳовлисида
терак, акация ва эманлар айқашиб ўсиб ётган мактабга (унинг пештоқига «Ойбек
номидаги 14-ўрта мактаб» деб ёзилганди) олиб бордилар. Мактаб директори Ҳалима Турдиева хушбичимгина аёл экан. У бизни иссиқ қарши
олди.
–
Мен ўқитувчиман – дедилар ойим салом-аликдан кейин, – кексалар айтгандай, нону
насиба тортиб, шу юртларга келиб қолдик.
–
Ҳечқиси йўқ – гапни илиб кетди директор ҳам табассум
билан тасалли берган бўлиб, – мен ҳам, масалан қашқадарёликман.
–
Мени ташвишга соладиган нарса, – давом этдилар ойим, – болаларимнинг тақдири.
Дадаси иккаламиз уларни ростгўй, ғурурли қилиб тарбиялашга ҳаракат қилганмиз.
Янги жойда бирор киши уларни андак бўлса ҳам камситиши, иззат-нафсига тегиб қўйишидан
жуда-жуда қўрқаман.
–
Бу гапларни хаёлингизга ҳам келтирманг, – деди директор кулиб, – мактабимиз
намунали ўқув даргоҳи ҳисобланади. Яқинда биринчининг ўзлари байроқ
топширдилар.
Ўша
куни синф раҳбаримиз – рус тили ўқитувчиси Светлана Петровна мени болалар билан
таништириб, ўзаро иноқ бўлишимизни тайинлади ва олдинги партага ўтқизди. Ойим қайта-қайта
хайрлашиб чиқиб кетар экан, томоғимга шўртаккина туйғу тиқилгандай бўлди. Лекин
бу бегона болалар мени йиғлоқига чиқаришмасин, деб хаёлимни бошқа томонга чалғитдим.
Орадан
бирор ҳафта ўтгач ойимга ҳам қўшни 45-мактабдан ўз таъбирлари билан айтганда
«озгина иш» топиб беришди. Кейин синглим Дилафрўзни ҳам ўша мактабга ўқишга
олиб кетдилар.
Тан
олишим керак, дастлаб синфдошлар (айниқса, қизлар)
каминани анчайин эъзозлашди. Табиийки, мен ҳам муҳитга мумкин қадар тезроқ
сингишиб кетиш учун ўзимни эркин, хушмуомала тутишга ҳаракат қилдим. Аммо, айниқса,
дарсда жавоб бераётганимда айрим болалар ўзаро шивирлашиб нутқимни, аниқроғи,
самарқандча шевамни мазах қилаётганини фаҳмлаб қолдим. Бора-бора эса улар
устимдн куладиган, очиқчасига мазах қилдиган одат чиқаришди. Бу ҳол эса мени
жуда тутақтириб юборарди. Табиатан андак
баджаҳллигимни ҳам тан олишим керак, албатта. Шунинг учун уйда қаҳрга миниб қолсам,
дадам таниш мақолни такрорлаб қоладилар: «Қоранинг қони чиққунча, сариқнинг
жони чиқади». Хуллас, бир куни катта танаффус пайтида А. деган бола билан худди
шу хусусда ғижиллашиб қолдик. «Бу опасини бийи деб чақиради», деди-ю, қаҳ-қаҳ
отиб кулди у. «Онани «опа» дейиш – бориб
турган бефаҳмлик», дедим жаҳлга миниб. Иккаламиз шу тариқа санлашиб турганда,
бир новча бола рақибимни киш-кишлаб қолди. «Пачакилашиб ўтирасанми – сол
башарасига, тожикнинг!» Мен чидаб туролмадим: ҳалиги новчанинг нақ башарасини
мўлжаллаб зарб билан мушт туширдим. У дод деди. Худди шу пайт кимдир
гирибонимдан тутди ва гугурт чўпи учидаги фосфор солиб отиладиган ясама
тўппончани юзимни ўнглаб, резинани босди. У гумбирлаб кетди, ўнг кўзим чимиллаб
оғриди ва икки қўлим билан уни беркитдим. Ҳадемай ўқитувчилар, завучимиз Мария Ғаффоровна етиб келишди.
Мен
шу топда ўзимдан кўра ойимдан кўпроқ хавотир торта бошладим. Мени бу ҳолда
кўрса, не кўйга тушаркин, бояқиш?! «Тез ёрдам» мени шифохонага олиб кетди.
Докторларнинг бири қўйиб, иккинчиси кўзимни текшираётганда, ойим пайдо
бўлдилар. Врачлар йўл бўшатишди.
Ойижоним худди гўдакни қучоқлагандай, мени бағриларига босдилар, киприклари
орасидан симоб томчисидай ёш сизиб чиқди. Кейин эса биринчи бор ҳаво
етишмаётгандай оғизларини каппа-каппа очиб нафас олдилар, беихтиёр юракларини
чангалладилар. Докторлар мени қўйиб ойимга дори ичиришди, муолажа қилишга
киришишди, қайта-қайта далда беришди.
Йўқ,
қорачиғим зарарланмаган экан, фақат мижжаларимга аллақандай заррачалар қадалибди,
холос. Лекин менинг қорачиқларимни четлаб ўтган сочмалар ойимнинг юрагини тешиб
ўтганини анча кейин ҳис қилдим. У киши бир умрга хастадил бўлиб қолишларини
ўшанда хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Ойимнинг
иккинчи бор юрак тутқаноғига Аббос муаллимнинг кичик ўғли Иоска (Юсуф), аниқроғи,
уни машина нўқиб кетиши сабаб бўлди. Бу нохуш ҳол шундайгина йўлагимиз олдида
юз берди. Қизил «Жигули» Иоскани уриб кетди-ю, бир неча қадамгача сургаб борди.
Болакайни биринчи бўлиб ойим ердан кўтариб олдилар. Шўрлик Иоска халоскорини
топгандай, икки қўли билан ойимнинг бўйнига чирмашди. Унинг юзидан сизаётган қон
ойимнинг елкаси бўйлаб оқишда давом этди. Ҳадемай Бэла муаллима фарёд чекканича югуриб келди.
Аммо қалт-қалт учиб тушаётган Иоска карахт қўллари билан бийижонимни тағин ҳам қаттиқроқ
қучоқлаб олди. Мен унинг бу ҳаракатидан: «Нечун мени бу куйга солиб қўйдинг,
ойижон?!» – деган дашномни уқиб олгандай бўлдим.
«Тез
ёрдам» уни олиб кетди. Ранги докадай оқарган ойижоним менга мажолсизгина
суяндилар. Миллиард кишиларнинг ўпкаси учун етиб ортадиган ҳаво – ойимга
келганда, тағин камлик қила бошлади ва бу жуда ачинарли эди.
Хуллас,
шунақа гаплар. Мана ойим бугун тағин юрак чангаллаб ўтирибдилар. Ўқ отилган
эмас, ҳеч кимни машина ҳам ургани йўқ. Демак, шу фалокатларга тенг келадиган
бир нохушлик яқин.
Мен
зудлик билан ойимга сув, дори бердим. Алламаҳалдан кейин масала андак
равшанлашгандай бўлди.
–
Улуғжон, – дедилар у киши, – пастга қара-чи, укаларинг ўйнаб юришибдими?
–
Ўйнаб юришибди, – дедим ҳозиржавоблик билан.
–
Анову аёл кетдими?
–
Қайси? Соябонлими? Ҳа, кетди!
Бийим
енгил тортгандай бўлди. Демак, ҳамма гап арвоҳга ўхшаган ўша хонимда. Балки, у
ёвуз ниятли кишидир: укаларимни ўлдирмоқчи бўлгандир? Эҳтимол, уларни ўғирлаш
пайидадир?! Балки, ашаддий жосусдир... Хуллас, ўйлаб ўйимнинг тубига
етолмасдим.
Шундай
қилиб, бу жумбоқ сирлигича қолди.
Мен
аёлни қарийб ёддан чиқарган эдим. Ўша куни мактабдан қайтаётиб, уни ногаҳонда
автобус бекатида учратиб қолдим ва беихтиёр сесканиб тушдим. Чўчиб кетишимнинг
боиси сизга равшан бўлса керак: мабодо ойим унинг бехосият шарпасини сезиб қолса,
не ҳолга тушади, деб хавотир тортгандим-да. Мен соябонли аёлни зимдан кузатмоқчи
бўлдим. Аммо у шиддат билан келаётган «Волга»ни тўхтатиб, орқа ўриндиғига
ястанганича ўтириб олди-ю, жўнаб кетди. Менинг эса хаёлларим паришон бўлиб қолди.
Кейин уни учратиб қолганимдан ойимни воқиф этиб қўйгим келди-ю, тағин
мулоҳазага бориб қолдим.
Эрталаб
дадам ойимга дашном бердилар:
–
Тушингизда нола чекдингиз! Нимадан қўрқасиз?...
У
кишининг узилиб қолган каломидан: «...ахир, ёнингизда мен борман-ку», деган
мазмунни ўқиб олиш қийин эмасди.
Ғалати. Ўша тун ўзим ҳам нохуш тушдан уйғониб кетдим.
Эмишки... уйимизга чипор илон кириб қолибди. Ойим жон талвасасида қичқириб,
ўрнимиздан жилмай туришни тайинлабдилар. Атрофга ҳар қанча алангласам ҳамки
газандани учратолмасмишман. «У зонтикнинг ичига кириб кетди», дермишлар ойим
ташвишланиб.
Эҳ,
ланъат! Лаънат бўлсин барига!
Тасаввуримда
мудҳиш қора кучга айланиб қолган соябонли хонимни учинчи бор новвойхона олдида
учратиб қолдим. У ёлғиз эмасди: ойим раҳбар бўлган IX «Б» синфида ўқийдиган
бола билан бирга эди. (Айрим андишаларга кўра бу боланинг номини шартли равишда
Меҳрож деб атамоқчиман). Сафсар гулли зонтик кўтарган аёл яккам-дуккам
томчилаётган ёмғирдан ҳимоя қилиш учун Меҳрожни ўз пинжига тортиб олганди.
Ногаҳонда онам пайдо бўлишидан чўчиб, атрофга аланглаб қўйдим. Кейин ўзимни
босиб олиб, уларни кузатдим. Аёл Меҳрожнинг костюмдаги чангларни қоққан бўлар,
тугмаларини назокат билан ушлаб қўяр ва нималар ҳақидадир эҳтирос билан
гапирарди. Меҳрож эса аёлнинг сеҳрли кўзларига тикилиб қолганди. Гарчанд,
одамларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ тутиш одобсизлик ҳисобланса ҳамки, ўша
томонга қараб силжий бошладим. Аммо соябонли аёл навқирон суҳбатдошининг
пешонасидан ўпиб, у билан хайрлашди-ю, жўнаб қолди. Меҳрож ҳам нон харид қилиб,
хаёллар оғушида уйига жўнади. Мен эса аллақандай ғулғулали, васвасали ўйлар
исканжасида қолгандим. «Нима жин уриб Меҳрож унинг домига тушиб қолдийкин?» «Бу
Ёсуман аёл ойимнинг ўқувчисини нималар деб авради экан?» «Ойим булардан воқиф
бўлса, ҳоли нима кечади?» Хуллас, сарҳисобсиз, сарҳадсиз эди ўйларим.
Ана
шу учрашувни ҳам онамдан сир тутишга аҳд қилдим, аммо хато қилган эканман. Буни
эса кейинроқ фаҳладим. Мазкур хато хусусида сўз юритишдан олдин сизни Меҳрож ва
унинг оиласи билан таништиришга тўғри келади.
Меҳрожлар
қаршимиздаги уйнинг биринчи қаватида яшашади. Биз уларникига бир неча бор
меҳмон бўлиб ҳам борганмиз. Тўғри, дастлаб Меҳрожнинг ойиси – Махфират хола
меҳмон бўлиб келгандилар бизникига. У киши олиб келган «Сказка» деган тортни
укаларим билан бир зумда паққос туширгандик. Бу аёл ойим билан асосан ўғли
хусусида гаплашганди. Унга алоҳида эътибор беришни, назоратга олиб, яхши ўқитишни
илтимос қилганди ўшанда.
–
Меҳрож ўзимнинг ўғлимдай гап, – дедилар ойим ўшанда, – айтмасангиз ҳам, бор
меҳрим – бахшида.
Аёл
– Меҳрож оиладаги ягона фарзанд эканлигини таъкидлаб, у ота-онанинг ёруғ
оламдаги ягона умидлари эканлигини аллақандай шикастта оҳангида гапирди.
Негадир раҳмим келди у кишига.
Махфират
хола иккинчи гал келганда, бизни ҳам уйига таклиф қилди. Дадам бир-икки кун
иккиланиб юрдилар-у, ниҳоят ойимнинг қистови билан рози бўлдилар.
Илк
меҳмондорчиликда менга аён бўлган нарсалар ҳақида сўз юритадиган бўлсам, гапни
Махфират холанинг меҳмоннавозлиги, пазандалигидан бошлашга тўғри келади. Стол
шунақа ҳафсала билан безатилгандики, ҳайратга тушмай иложингиз йўқ эди. Синги қилиб
пиширилган қатлама, сомсалар; ранго-ранг винегредлар, салатлар; кейинроқ
сузилган шўрва, манти... буларнинг бари уй бекасининг юксак дидидан далолат
берарди. Махфират хола атрофимизда гиргиттон бўлар, турфа неъматлар билан
сийларди.
Меҳрожнинг
дадаси архитектор экан. У киши ҳам дадам билан улфатлашиб қолди. Улар аслида
Ленинободдан бўлиб, бир неча йил Чимкентда ва бошқа жойларда ҳам яшашибди. Тўрт
йил муқаддам шу районга кўчиб келишган экан.
–
Нону насиба, нону насиба, – дедилар дадам бу гапни эшитиб, – мана биз ҳам...
Шу
тариқа улар билан борди-келди қиладиган бўлиб қолдик. Ҳар сафар ҳамнишин бўлганимизда, аёл ўғлидан гап очар,
унинг табиатидаги заррача ўзгаришдан ҳам
ташвишга тушаверади. Махфират холани тушуниш қийин эмасди. Менинг ойим беш
фарзандига тақсимлаган меҳр-муҳаббатини у яккаю-ягона жигаргўшасига бахшида
этганди. Бу аёл таърифга сиғмайдиган даражада оилапарвар эди.
–
Мен шу аёлнинг бир фазилатига тан берганман, – дедилар бир куни дадам,
уларникидан қайтиб келгач, – ҳар гал борганимизда бу аёл диван билан шкафни ёки
телевизор билан китоб жавонининг ўрнини алмаштириб қўйган бўлади. Шу билан уйга
файз киргандай, гўёки бошқа хонадонга кириб қолгандай бўласиз.
–
Мен Махфират опадан энг аввал пазандаликни, дастурхон безашни ўрганишим керак,
– тан олдилар ойим, грузинча дейсизми, арманча дейсизми – қотириб қўяди.
Мавзудан
тағин чекиниб кетганим учун узр. Гоҳида шунақа йўл тутишга мажбур бўларкан
киши. Футболчи ҳам дарвозани мўлжалга олган ҳолда, тўпни ёнга, орқага ошириб
туради-ку.
Хуллас,
соябонли аёл билан Меҳрожнинг суҳбат қуриши менга батамом тинчлик бермай қўйганди.
Орадан бирор ҳафта ўтгач, бу мулоқотдан ойимни воқиф қилиб қўйишга қарор қилдим.
–
Бийи, – дедим бир куни у киши хотиржам ўтирганда, – ҳалиги аёл Меҳрожларнинг қариндошими?
Ойим
сергак тортди, аниқроғи, сесканиб тушди. Саволимга савол қайтарди.
–
Сен уни кўрдингми?
–
Ҳа.
Ойимнинг
авзойи ўзгарди. Жиддийлашиб, савол беришда давом этди. Барини батафсил гапириб
берганимдан кейин мени уришишга киришди.
–
Гўсала! Шунча вақтдан бери оғзингга талқон солиб юрибсанми?! Хумбош!
Мен
бошимни ҳам қилиб ўтирдим. У киши ўзини босиб олгач, менга буюрди.
–
Югуриб бор, Меҳрож акангни чақириб кел! Бийим чақиряптилар, химиядан
консултация ўтказармишлар, дегин.
Афсуски, Меҳрож билан ойимнинг мулоқотларини
тинглашнинг иложи бўлмади. Ойим уни меҳмонхонага олиб кириб, роса
койиётганлари, изза қилаётганларини ҳис қилиб турдим. Гоҳида қулоғимга узуқ-юлуқ
гаплар ҳам чалиниб қоларди. «Мен сенга айтгандим-ку, ўша жодугар билан
гаплашмагин», деб. Меҳрож алламаҳалгача жим турар, сўнг ғўлдираб қўярди. Ойим овозларини
пасайтириб, уни койирдилар. «Махфират опа эшитса, ўлиб қолади-ку!»
Кейин Меҳрож уйдан қизариб-бўзариб чиқди-ю, бошини ҳам
қилганича жўнаб қолди. Назаримда хавф-хатарнинг машъум шарпаси чекингандай
бўлди. Бу дилсиёҳликлар, нохушликларнинг барига ўша соябонли аёл сабаб
эканлигини ҳис қилсам ҳамки, масаланинг туб моҳиятига етолмай, азият чекардим.
Ўша аёлнинг машъум арвоҳи қайта пайдо бўлмаслигини жуда-жуда истардим. Лекин
надоматлар бўлсинким, ундай бўлиб чиқмади.
Орадан қанча вақт ўтганини аниқ эслолмайман. Бир куни
эшигимиз қўнғироғи узиб-узиб жиринглади. Мен одатдагидек, шошилинч илгакни
туширдим ва кутилмаганда, қаршимда турган... соябонли аёлни кўрдим. Қўрқиб
кетдим, ҳеч нима демай, эшикни қарсиллатиб беркитдим.
– Ким у? – сўрадилар ойим.
– Соябонли аёл, – дедим гуноҳ иш қилиб қўйгандай
писиниб.
Ойим бир лаҳза қотиб қолдилар, кейин эса ўктамлик
билан бизга кўрсатма бера бошладилар.
– Моҳинбону, столни беза, Улуғ, чой қўй!
Дадамга эса илтимосу илтижо оҳангида буюрдилар.
– Муаллим, сиз кетиб қолманг! Дилимга қувват бўлинг!
Чақирилмаган меҳмонга ойимнинг ўзлари пешвоз чиқдилар.
Уларнинг юзма-юз келишлари мен кутгандек-нохушлик билан бошланмади. Аксинча,
икковлари ҳам дилларидаги ҳад-ҳудудсиз ғазаб ва нафратларини жиловлаб, сохта
табассум билан анча қуюқ ҳол-аҳвол сўрашишди.
– Раҳмат, Рухсора Шароповна, – деди назокат билан
соябонли аёл, – мен сизни худди шундай тасаввур этгандим. Туйғуларим зарра
бўлса ҳам алдамаганини қаранг-а!
Ойим бош силкиб маъқулладилар ва уни меҳмонхонага
таклиф этдилар. Мен чой олиб кирдим. Аёл ҳамон сўзида давом этарди.
– Шу ҳам ҳаво бўлдими? Эрталаб осмон очиқ эди, зум
ўтмай ёмғир қўйиб берди.
– Баҳор ҳавоси-да, нима дея оламиз, – кулиб елка қисдилар
ойим, – деҳқонларга ҳам қийин бўлди.
Мен эса ажабланардим. Наҳотки бу аёл ана шу мужмал
гапларни муҳокама қилиш учун келган бўлса?!
Наҳотки, онамнинг, бутун оиламизнинг таҳлика-ю,
ташвишлари замирида ана шу жўн гаплар ётган бўлса?!
Йўқ, ундай эмас! Уларнинг икковлари ҳам ролларини
боплаб ижро этаётган актёрларга ўхшашарди шу тобда. Уларнинг юракларидаги гапни
мен тахминан қуйидагича изоҳлаган бўлардим:
Ойим. Сен –
ярамас илонга кўзим учиб турган эмасди. Тезроқ дардингни айтгин-у тўёғингни шиқиллат!
Соябонли аёл.
Сен – ипирисқи муаллима йўлимга тўғаноқ бўляпсан. Ҳали совунимга кир ювмабсан!
Ойим.
Ёмонлигингдан ҳам худо сен – гўрсўхтани ана шунақа бахтсиз қилиб яратган!
Соябонли аёл.
Илоҳо, у сани ҳам бахтиқаро қилсин!
Ойим. Сан
гуноҳларга ботган бандасан – қарғишинг ўзгагамас, ўзингга уради.
Йўқ, улар ҳамон табассум ила, сокин гаплашишар, Орол
денгизининг қуриётганлиги, Афғонистондаги воқеаларни сўзлаб, надомат билан бош
тебратишарди.
Эҳ, макри минг туяга юк бўладиган аёллар!
Энг зукко дипломатлар ҳам ип эшолмайди сизнинг
олдингизда!
– Мен бир бахтсиз аёлман, – мақсадга андак яқинлашмоқчи
бўлди меҳмон.
Лекин ойим, кутилмаганда унга нохушроқ зарба бериб
юборди.
– Ўзини қоралаган ва бахтидан нолиган кимсалар
ўзгаларни ҳам ёмонлаш, бахтсизлигини юзига солиш мақсадида шундай йўлни
танлашади.
– Қўрқманг, сизни ёмонламайман, – заҳарханда қилди
меҳмон.
– Ҳарҳолда, мақтагани
келмаган бўлсангиз керак, – истеҳзоли кулди ойим.
– Ҳа, тўғри лекин
рост гап ҳам совуқ бир нафрат ва ғазаб билан айтилса, туҳматга ўхшаб кетар
экан. Биз аёллармиз – назокатдан ўзи маҳрум этмасин!
– Узр. Бунинг устига сиз менинг меҳмонимсиз, – икки қадам
орқага чекинган боксчиларга ўхшаб, гап ўзанини ўзга ёққа бурдилар ойим.
Улар тағин бош мавзудан чиқиб, гўшт ва сутнинг
ноёблиги, қимматлигидан нолиб кетишди.
– ...картошка деганнинг ўзи нима, – давом этарди
меҳмон, – бир килосини тўрт сўм деб ўтирибди, сўхтаси совуқлар! Гўштдан қиммат-а,
гўштдан!
– Ойлик олиб яшайдиганлар қийин, – қўшилдилар ойим, –
амалдорларга эса барибир: уйларига келтириб ташлашади.
Рақиблар ҳамон асосий масалага яқинлашишдан чўчишарди.
Шунинг ўзи ҳам бош мавзу оловдек лов этиб ёниб кетадиган эканлигидан далолат
берарди. Аммо муддао теграсида от суриб юриш билан иш битмасди ахир! Шунинг
учун ойим мақсадга ўтдилар.
– Мен ҳақимда сизга Меҳрож гапирган бўлса керак-а?
– Ҳа, ҳа ҳурмати
жуда баланд экан сизга.
– Меҳрож – мўмин-қобил бола, жавоб бердилар ойим, –
андак соддалиги бор, холос. Бўлмаса ўзи
онасига ўхшаб тиришқоқ.
– Лоақал тиришқоқлигимни эътироф этганингиз учун қуллуқ!
Синчков экансиз! Начора: олма остига тушади-да!
Ойим андак ҳушёр тортиб, давом этдилар.
– Мен сизни эмас, Махфират опани назарда тутяпман.
Орага сукунат чўкди. Пружина юмшаш ўрнига баттар
таранглашгандай бўлди. Меҳмон ғазаб ва ҳаяжонларини имкон қадар жиловлаб,
аввалгидан ҳам пастроқ пардада давом этди. У овозига ёқимлилик беришга
уринса-да, зарда ҳамда кесатиқ оҳанглари сезилиб турарди.
– Унинг ҳақиқий онаси – мен эканлигимни бинойидай
биласиз!
У ойимнинг юзига бир лаҳза синчков назар ташлаб,
фикридаги ўзгаришларни уқиб олишга ҳаракат қилди. Сўнг овозини кўтариб, давом
этди:
– Шунинг учун ҳам соямдан сесканасиз!
– Овозингизни кўтаряпсиз, демак, сиз ноҳақсиз, –
дедилар ойим.
– Йўқ, ҳақиқат именна баланд овоз билан айтилиши
керак! Токи у ғофил бандаларни уйғотсин! Бу – менинг шиорим! Бошқасини тан
олмайман! Тан олмайман! Меҳрожни тўққиз ой вужудимда олиб юрганим – ҳақиқат!
– Халқимизда бир мақол бор, – фикр айтмоқчи бўлдилар
ойим. Лекин суҳбатдоши у кишининг гапини лабидан юлқиб олди.
– Вой, мақолга бало борми?! Меҳрожнинг томирларида
менинг қоним оқаётганлигини тан оласизми? Зеро бу ҳақиқат ҳар қандай мақол-у
афоризмдан қудратли-ку!
– Биз жазавага тушиб кетяпмиз!
Меҳмон тағин алланима балоларни гапирди. Надомат
чекиб, кўзига ёш олди. Бу курашда ойим бой бериб қўйишидан чўчиган дадам
ниманидир баҳона қилиб, ичкари кирдилар. Ҳалиги аёл вазиятни батамом ўзгартирди, ўзини хору
хасдай забун кўрсатиб, дадамга илтижо қилишга киришди.
– Домла, лоақал сиз мени тушунинг! Сизни
журналист-ёзувчи дейишди. Суриштириб келса, қонун ҳам мен томонда. Наҳотки,
мавжуд қонунни, адолатни ҳимоя қилмасангиз?!
Дадам каловланиб қолдилар. Сўнг савол бердилар.
– Боланинг кўнгли ким билан бўлишда?
– Гап худди ана шу ерда, – бурролик қилди аёл, –
эндигина кўндираман, деганда, Рухсора Шароповна уни йўлдан уряптилар!
– Йўқ, сиз уни йўлдан ураётганда, мен болага ҳақиқатни
айтдим, – дедилар ойим. – Агар Махфират опа оналик қилолмаган бўлса кетавер,
дедим! Ёки нотўғри айтибманми?!
– Нима кераги бор эди бу гапларнинг?! Нечун бу зуғумлар,
ситамлар?! Тушунсаларинг-чи, ахир, мен ўшанда уни болалар уйига топширишга
мажбур эдим. Гўрингда тўнғиз қўпгур қайнонам билан ярамас эрим...
– Биз учун бу тафсилотларнинг кераги йўқ – унинг
сўзини бўлдилар ойим. – Ҳамма гап
шундаки, Махфират опа уни ўн олти йил бағрида эъзозлаган.
– Лекин, – тағин ойимнинг сўзини кесди суҳбатдоши ва
чап маммасини икки қўллаб ҳовучлаганча, давом этди, – мана бундай қилиб сут
эмизгани йўқ!
– Сутингизни сиз ҳам болангиздан дариғ тутгансиз. У
аёл бўлса, чақалоқнинг иштончаларини ювган, тушларида чўчимасин, деб бағрига
босиб ётган, ўгайлигини бирор нокас айтиб қўймасин деб, шаҳарма-шаҳар кўчиб
юрган! Бу ҳазилакам жасорат эмас! Бундай пайтда бағритош одам ҳам шафқат қилади,
инсоний туйғулари жунбушга келади.
Орага мавҳумгина сукунат чўкди. Монологлар гуёки тугаб
қолгандай эди. Лекин соябонли хоним овозини пасайтириб, киноялигина давом этди.
– Ҳа, шафқат
керак! Фақат у аёлга эмас, мен ҳам раҳму шафқатга муҳтож ва дахлдор одамман!
Келинглар, бундай қиламиз: сиз менга болаларингиздан бирини беринг – олиб
кетавераман! Махфират хола ҳам жабр кўрмайди, мен ҳам. Ахир, сизларда беш
фарзанд-ку! Бунинг устига сизлар замоннинг пешқадам, гуманист кишилари.
Коммунист бўлсаларинг ҳам ажабмас?!
Балконда бу гапни эшитиб ўтирган Моҳинбону иккаламиз
чўчиб кетдик. Синглим бегона бир аёлга эргашиб кетишни кўз олдига келтирди,
шекилли, дил тўла дард билан йиғлаб юборди. Шукурким, ойим шиддат ила қарши
зарбага ўтдилар.
– Сиз жўжаларини ҳимоя қилиш учун ўзидан неча чандон
кучли калхатга ташланган товуқни кўрганмисиз? Ёки ини бузилган мушук ҳали кўзи
очилмаган боласини авайлабгина тишлаб, ўзи билан олиб кетганини кузатганмисиз?
Ахир, биз инсонлармиз-ку!
– Катта ҳарф билан ёзиладиган, – гап суқдилар дадам.
– Мен жигаргўшаларимни ана шу она товуқдай бало-қазолардан
ҳимоя қилдим, мушукдай авайлаб олиб юрдим. Сизга ўхшаб, туғасолиб, етимхонага
топшириб юбормадим!
Молодец, мамаша!!!
– Қисматимни юзимга соласиз, деб ўйламагандим, – андак
бўшашди аёл, – лекин бизнинг ҳар биримизни қандай кўргиликлар кутаётганидан
бехабармиз.
– Мени тушунмадингиз, – давом эттирмоқчи бўлдилар
ойим, аммо суҳбатдошлари бунга имкон бермади.
– Гапни айтиб қўйиб, «мени тушунмадингиз, ундай демоқчи
эмасдим», дейиш бориб турган мунофиқликдир!
Ойим ҳам овозларини кўтариб, аллақандай чигал иборалар
билан рақибларининг ножинслигига шаъма қилдилар. Машмаша авжга чиқа бошлади.
Боядан бери сукут сақлаб ўтирган дадам фалсафа суқдилар.
– Бир донишманд айтган экан: икки киши жанжаллашаётган
бўлса, билки, айб ақллисидадир. Ваҳоланки, икковларингни ҳам ақлли аёллар деб
биламан. Бир пиёладан чой ичиб, ўзларингни босиб олинглар.
Дадам бунга ҳам қаноат қилмай, пиёлаларга чой қуйиб
баҳсгўйларга узатдилар. Мавзуни бошқа ёққа буриш, вазиятни мўътадиллаштириш
илинжида боягина газетадан ўқиган хабарларини ҳикоя қилишга киришдилар.
– Капитализм ҳақиқатан ҳам инқирозга учради. Англияда
сигарет, наша чекувчилар орасида ўн олти-ўн етти ёшли ўсмирлар ҳам бор экан.
Эрондаги пахта плантацияларида ҳатто ўн тўрт ёшли болаларни ҳам ишлатишаркан.
Американи айтмай қўяқолай: негр автомашина харид қилса, ҳафталаб қозонни қантариб
қўйишга тўғри келаркан.
Бу топда халқаро аҳволга бало бормиди?! Дадамнинг
ўзлари ҳам буни ҳис этдилар, шекилли, сирғаниб чиқиб кетдилар. Аёллар баҳсни қолган
жойидан давом эттиришди. Аввал аста-секин, кейин эса анча жиддий мунозара
бошланиб кетди. Соябонли аёл ойимдан Меҳрожга йўл кўрсатмасликни сўрар, гоҳида
пўписага ўтар, аммо нуқул рад жавобини оларди. Машмаша авж пардаларида
кўтарилганда, Моҳинбону иккаламиз тағин хавотирга тушдик. Бу гал дадам уларнинг
олдига анча жаҳл билан кирдилар.
– Энди бундай, синглим, – анча салмоқ билан
зардалигина гап бошладилар у киши, – хотинимнинг юраги ҳаста. Бунақа қилсангиз,
касал бўлиб қолади. У ҳали бизга керак!
– Хўш, менчи? Мен ҳам инсонман! Онам бахтли бўлсин,
деб туққан! Ёзувчи экансиз – маслаҳат беринг, йўл кўрсатинг!
У ўзига хос сўзамоллик билан жабрдийда ва жафокаш
эканлигини исботлашга киришди.
– Ҳукуматимиз ғамхўр,
– далда бердилар дадам,– бизнинг жамиятда бахт учун курашган одам бенасиб қолмайди.
Сиз ҳам детдомдан бирорта бола олиб, вояга етказинг! Ҳа, энди...
Бу холис маслаҳат аёлга мутлақо ўтиришмаганини унинг
авзойидан уқиб олиш қийин эмасди.
– Менинг ўрнимда бўлганингизда, именно шундай қилармидингиз?
– сўради у истеҳзо билан.
Дадам нима дейишни билмай андак дудуқландилар, сўнг
иддао аралаш овозларини кўтардилар.
– Шу, бизни тинч қўйинг, илтимос! Дилсиёликка ҳеч
тобим йўқ!
– Мен ҳеч нима демайман, – деди аёл тағин бир оз давом
этган нохуш гуфтигўдан кейин, – ўзига ҳавола қилдим: қизларингиз мендек бахтиқаро
бўлсин!
Дадам тутақиб кетдилар. Кўзлари ола-кула бўлиб, юзлари
таниб бўлмас даражада ўзгарди. Кейин ҳалиги аёлга қараб бақириб юбордилар.
– Тур-ей, жипириқ!
– Маданиятсиз!
Чақирилмаган меҳмон ташқарига чиқиши билан соябонини
олдиму, ғизиллатиб бориб, қўлига тутқиздим ва эшикни ёпдим.
Ойим дадамнинг кўкракларига бош қўйиб, йиғлашга
тушдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий