Бугун – 2012 йилнинг
15−апрели. Буюк адиб Садриддин Айний туғилган кун.
Қалам аҳли эрталабданоқ ва бирин−кетин унинг уй−музейига жам бўлишади. Кечагина қўлига қалам олган
ҳаваскордан тортиб, бир неча китоблар нашр эттирган кекса ёзувчигача. Булар
ўзбек ва тожик тилида ёзадиган ижодкорлар бўлиб, 45 йилдан буён, яъни музей
ташкил этилгандан бери ичкари ва ташқари ҳовлилардан иборат бу даргоҳга жам бўлиб, шеър ўқишади, суҳбат
қуришади. Уй−музей мудири Абдукарим ака
дастурхон ёзади, ош тортади. Мен ҳам мазкур анжуманга иштирок этиб тураман.
“Большая Советская энциклопедия”да Садриддин Айнийга
кенг ўрин ажратилган. Бу шариф инсоннинг
фотосуратлари Чингиз Айтматов билан ёнма−ён жойлаштирилган ва Садриддин
Айнийга қирғиз адибидан кўра икки баравар кўпроқ ўрин берилган. Мазкур қомусда, жумладан қуйидагиларни ўқиш
мумкин.”Основоположник таджикской и один из зачинателей узбекский сов.
Литературы”, «Учился в бухарских медресе.
После революции 1905−07 примкнул к
левому крылу джадидизма».
Ўзбекистонда нашр этилган қомусларда
Садриддин Айний Ўзбекистон Фанлар Академиясининг фахрий аъзоси, Тожикистон
Фанлар Академиясининг биринчи президенти эканлиги, ўзбек тилида ёзилган
“Қуллар”, “Судхўрнинг ўлими” асарлари катта бадиий қимматга эга бўлганлиги
ёзилади.
Садриддин Айний Бухорода
дунёга келди, Самарқандда яшаб, ижод этди ва умрининг охирида Душанбеда
рўзгурзонлик қилиб, ўша ерда дафн этилди. Бу ашраф инсон ўз ҳаёти ва ижоди
билан, том маънода, икки халқ орасидаги
кўприк ролини бажарди. У Марказий Осиё ижодкорларидан биринчи бўлиб, СССР
Давлат мукофотига сазовор бўлганди.
Истеъдодли адибнинг 30дан ортиқ
асари хорижий тилларга таржима қилинди. Луис Арагон ёзувчининг “Судхўрнинг
ўлими” асарини француз тилига таржима қилгач, Европа ва Америка қитъасида устоз
асарларига эътибор янада кучайди. У кишининг асарлари немис, инглиз, болгар,
хуллас ўттизга яқин тилларга ағдарилди ва миллионлаб нусхада чоп этилди.
ЮНЕСКО 1978 йилни Садриддин Айний йили деб
атаган эди. Мустақилллик эълон қилингач, Душанбеда у кишига “Тожикистон
қаҳрамони”унвони берилди, Ўзбекистонда эса “Буюк хизматлари учун” ордени билан
тақдирланди.
Хуллас, Садриддин Айний номини
билмаслик маънавий қосирлик ҳисобланиб
келди ва назаримда, ҳозир ҳам шундай бўлса керак.
Хўш, энди айтингчи, мана бу ном сизга танишми? Ўктам Барноев. Йўқ, уни ҳеч ким танимайди.
2009 йилда шу шахс Самарқанд
вилоятининг ҳокими эди. Ўша йилнинг 26−август
куни эрталаб у икки тошкентлик нуфузли
меҳмон билан Айний бобо уй−музейи
қаршисида пайдо бўлди ва ҳа йўқ, бе йўқ, зудлик билан музейни бузиб ташлаш ҳақида фармойиш берди. Бу жойни текислаб, гул экиш учун, атиги икки соат вақт ажратди.
Бу –жаҳолат, бу –қабоҳат эди, албатта. Шунда китоб ўқиган, маънавиятдан хабардор одамлар,
китоб кўрмаган бу катта амалдорга қарши чиқдилар. Булар орасида
уй−музей директори А.Ғаниев, вилоят музей−қўриқхонасининг директори Н.Мирзаев, маданий мерос объектларини қўриқлашнинг масъул ходими М. Набераева, журналист
З.Ҳасанзода ва бошқалар бор эдилар. Улар Садриддин Айний кимлигини ҳалигиларга
уқдиришдан ташқари, турли халқаро ташкилотларга телеграммалар юбордилар, ўзларини
булдозер тагига ташлаяжакларини аён қилдилар.
Шундай қилиб жаҳолат бандалари чекиндилар ва ҳайкал
қўпорилди−ю, локинда уй−музей сақлаб
қолинди.
Бечора жадидлар. Бухоро амири
уларни ўлимга маҳкум этди, шўролар ҳукумати қамоқларга ташлади, мустақиллик
арбоблари эса булдозер етаклаб келишди. “Ватандошлар, саводсиз бўлиб
қолманглар”, дейишгани, мустақиллик ғояларини тарғиб этишгани учун бу
боболаримиз шу кўргилик ва қисматларга рўбарў бўлдилар. Лекин, кўриб
турганингиздек, саводсиз бўлиб қолган
бедаво амалдорлар ҳам йўқ эмас экан. Кўп ўтмай, бу ҳокимни айнан бесаводлиги
учун ишдан олиб ташлашди.
Бугун ҳам ўзбек ва тожик ижодкорлар жўшқин
мушоира ўтказишди ва адиб руҳини шод этишди.
Тан олмоқ керак, Самарқандда
ўзбек ва тожик муносабатлари анчайин мураккаб. Миллий ғурур билан миллий
маҳдудликни фарқлайбилмаган жоҳиллар, бефарасот кишилар турли давраларда
бефаҳмлик қилиб қўйишларига ўзим ҳам бот−бот гувоҳ бўлиб тураман.
Аслида оддий халқ миллатчи бўлмайди. Кўп ҳолларда, давлат
арбоблари, амалдорлар, айрим олимлар бу яқинликка рахна солиб қўядилар.
Ўзбекистон−Тожикистон муносабатларининг совуши бу ердаги тожиклар ва у
томондаги ўзбекларни анчайин хавотирга солиб қўйди. Чунки бу ҳол турли
ғийбатлар ва таҳдидларнинг ошишига олиб келди. Бунинг устига айрим тарихчи
олимлар у ёки бу миллат устига мағзаварезлик қилдилар. Ваҳоланки, бу масалада
ҳаммабоп ҳақиқат бўлмайди. Ва тарихий реалликни ҳам ялтироқ қоғозга ўраб
узатишга тўғри келади. Ў. Барноевга ўхшаган амалдорларнинг ҳаракати эса дард
устига чипқон бўлиши мумкин.
Миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик
борасида Садриддин Айнийга ўхшаш даҳоларга кўпроқ таянишга тўғри келади. Шукурки,
ўзбек ва тожикда бундай буюклар оз эмас.
Комментариев нет:
Отправить комментарий