Худога шукур! Шукри беадад! Наврўз!
Табиат даъфатан юмшади. Қуёш кўринди, ҳарорат кўтарилди. Бардавом келган қаҳратон қишдан эсон−омон чиққан мардумнинг қувончи беҳад эрди. “Суҳбат айлайлик келинглар, жўралар, ўртоқлар!” деб беҳудага тўлиб−тошмаган мавлоно Муқимий. “Бугунги шодли кунда кечаги ғамдир гапурманглар”, дейди шоир. Дарҳақиқат, дунё ҳасратларидан не фойда...
Тошкентдаги Навоий номли боғда ҳар йили байрам тантаналари юксак завқу−шавқ билан ўтади. Бу йил ҳам ташкилотчилар дилдан ишлаган кўринади. Оиламиз ТВ қаршисидай жилмай томоша қилдик. Дастлаб президент тўпланганларни баҳор айёми билан муборакбод этди. Янги йилга устивор умидлар боғлади. Ҳукумат халқ фаровонлигини ошириш учун барча тадбирларни кўришини гапирди. Айниқса, ёшларга катта умидлар билан қарашини таъкидлади. Кейин олдинги сафга бориб ўтирди. Минглаб томошабинлар президент билан бир томошагоҳда ўтиришганидан зоҳиран фахрланишар, шериклари, болаларига у кишини кўрсатиб, алланималарни тушунтиришарди.
Нуқул амалдорларнинг порахўрлиги, ишхоналарининг совуқлиги, кўчаларнинг вайроналигидан нолиб юрадиган, катта қизим Моҳинбону ( у шифохонада ишлайди)нинг ҳам рафтори бугун наврўзона эди “Қаранглар, Каримовнинг кайфиятлари яхши. Лекин молодец, Ўзбекистондай катта мамлакатга йигирма йил раҳбарлик қилиш осон эмас. Кимгаки кўп ҳуқуқ берилган бўлса, ундан кўп талаб ҳам қилинади−да. Бизни қийин довонлардан урушсиз, жанжалсиз олиб ўтдилар. Тўғри, камчиликлар ҳам бор. Аммо бари бирайўла ҳал бўлмайди−ку...Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти сифатида тарихларда қолишлари аниқ. Маҳаллаларидаги ҳовлиларини жиҳозлаб қўйишибди. Кейин музей бўлса ажаб эмас!” “Нуқул шикоят қилиб юрардинг...” унинг монологига эътироз билдирди ойиси. “Бандаси ношукур, давом этди у, чунки инсоннинг талаб−эҳтиёжлари ҳар қандай тараққиётдан олдинда туради. Бошқа президент келганда ҳам гуллатиб юбормайди. Ўзи халқимизнинг савияси ҳаминқадар. Честний эмас! Газ деймиз, свет деймиз. Барига одамларимизнинг ўзи айбдор. Тўрт юз−беш юз кишига тўй беришади, иккиталаб машина харид қилишади−ю, газ билан светнинг пулини тўлашмайди. Қўшимча сим тортиб, труба ўтказиб, ўғирлашдан уялишмайди”. “Бунақалар оз бўлса керак”, фикримни яширмадим. “Йўқ, оз эмас! андак кескин жавоб қайтарди у. Намойишга рухсат беришса, шиор кўтариб эмас, тош олиб чиқишади. Ҳарқандай шароитда ҳам тараққиётда эришишимизга камида қирқ йиллар керак бўлади...” “Сиёсат билан шуғулланмайман, дегандинг−ку”, жим ўтирмадим. “Сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз, сиёсат сиз билан, албатта шуғулланаркан. Мен шунга амин бўлдим...”
Шу пайт болалар, набиралар кириб келишди ва қизимнинг монологи сингари бизнинг диалогимиз ҳам узилиб қолди. Уларнинг соғлом қоматларини кўриб, Рухсора иккаламиз дилдан фахр қилдик.
Ҳарҳолда, ўтган йил омадли келди. 70 ёшимни нишонладик. Табрик ва тантаналар бўлди. Бир набирам СамМИга ўқишга кирди, иккитаси коллежга.
Тўққиз ёшли набирам − Фотима “Янги авлод” конкурсида фортепяна чалиш бўйича республика ғолиби бўлди. “ТВда: “Раҳматова Фотима − Самарқанд!” деб эълон қилинганда, кўзимиздан ёш чиқиб кетди. Рус ва ўзбек тилида берган интервюсини ҳам тингладик. Хотиним Гулнора Каримова сайтига кириб, шундай конкурс ўтказгани учун, негадир тожикчалаб миннатдорчилик изҳор қилди. “Қизим, мен сизни бир умр дуо қиламан”, деб ёзди у. Менинг эса ёдимга Нитшенинг: “Ҳамма нарса манфаатга бориб тақалади”, деган гапи тушди.
Ижодим ҳам ёмон бўлмади. “Калвак махсум номалари”ни ёздим. Уни “Замондош” сайти тўла эълон қилди. Талай газеталар ва “Муштум” журнали парчалар берди.
Хуллас, шунақа гаплар.
Янги йилда худо ҳаммамизнинг мададкоримиз бўлсин!
Комментариев нет:
Отправить комментарий