четверг, 26 апреля 2012 г.

23. БИР ЧИМДИМ ТУПРОҚ



       Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги

Қўшмачит. Катта Ўзбек тракти деб аталадиган шоҳ кўча бу қишлоқни нақ иккига бўлиб ўтади. Азимжусса машиналар бу ёғи Термизу Афғонистон, уёғи Тошкенту Москвага қараб қатнагани қатнаган. Қишлоқнинг қоқ марказида салобатли мачит бор. Унинг жимжима гулли ўймакор устунлари бағоят ҳашамдор ва ҳайратомуз. Бувимнинг нақл қилишларича, бу қадамжо бир замонлар жуда гавжум, обод жой бўлган экан. Зотан ҳозир (1978) ҳам одамларнинг қадамлари канда бўлгани йўқ. Чунки қишлоқ кутубхонаси билан маданият уйи ана шу собиқ мачитда жойлашган.
Аммо бугун гап Қўшмачит қишлоғи, ундаги мачит ҳақида эмас...

Ёдингиздами: бир маҳаллар Нури яъни Нуриддин ака деган ўсмир ҳақида гапиргандим. Биринчи қўнғироқ чалинганда менга китоб инъом этгани, кейинроқ безори болалар қуршовга олганда, барини тирқиратиб қувиб юборганини ёзгандим. Ана шу ердаги мўъжизагина ҳовлида яшарди у. Эътибор беряпсизми, «яшарди» деб ўтган замон феълини қўллаяпман.
У киши... Эҳ! Тили бормайди кишининг!
Биз ҳам бордик. Директоримиз – Убайдийнинг ўзлари айримларимизга гулдасталар тутқазиб чиқдилар-у, икки саф қилиб олиб бордилар. Дарвозанинг олди  тўс-тўполон эди. Менинг кўзимга илк бор сирти руҳланган темир тобут, унинг теграсида қаққайиб турган икки аскар ташланди. Бир аёл (Нури аканинг ойижони бўлса керак) сочларини юлиб, йиғлар, душманларни лаънатлар, темир сандиқни очинглар, деб зорланарди. Соқчилар совуқроқдай эди.
Халойиқ алламаҳалгача Самарқанд ҳарбий комиссариатидан бирор кишининг келишини кутишди, аммо улардан дарак бўлмагач, митинг очилди. Бир амаки сўз олиб, Нуриддин Ҳасанов қўшни Афғонистонда ўз бурчини адо этаётганда ҳалок бўлганини билдирди. Бошқалар ҳам сўз олиб, Нури аканинг ажойиб хислатларини тилга олдилар, ота-онасига сабру бардош тиладилар. Охирида мулла  ўртага чиқди – ҳаммаёқ сув қуйгандек жимиди.
– Муҳтарам жамоа, аҳли ислом! Бу бегуноҳ ўсмир мусофир юртларда, жангда нобуд бўлди. Буни ўша ёққа юборганлар ва жонига қасд қилганлар дўзахийдирлар. Иншооллоҳ...
Кейин қироат ила дуо ўқиди. Бизни мавҳум салобат босди. Кўп нарсаларга фаҳмим етмай қолди:
шундай  ажойиб одамнинг жонига қайси олчоқ қасд қилди;
нега бундай қабиҳлик, қотилликка қўл урди;
нечун  бошқалар ваъз айтганда ғала-ғовур тинмади-ю, мулла қироат бошлаганда сукунат чўкди? Нега? Нега?
Катталарнинг жавоблари дудмал, узуқ-юлуқ эди.
Мактабимизда шу воқеага бағишланган митинг бўлди. Котиб анча бурролик билан нутқ ирод қилган бўлса ҳам янги гап айтмади. Фақатгина дружинамизга Нуриддин Ҳасанов номи берилганини англадим, холос.
Сўнг шавкатли бурчак ташкил этиб, Нури аканинг суратини, унинг онасига, Баҳри амакига (мактабимиз қоровули) ва бошқаларга ёзган хатларини, айрим ашёларни қўйдик. Хоҳишингиз бўлса мактубларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.
«Соғинчлик салом!
Ҳурматли ва меҳрибон онажон! Ушбу тилсиз номани Афғонистонда солдатлик бурчини адо этиб юрган  ўғлингиз Нуриддиндан  деб билгайсиз.
Мен соғ-саломатман, ҳеч нимадан зориққаним йўқ. Биргина камчилик мусофирчиликдир.  Дўстларим, командирларим ҳам соғ-саломат. Мендан заррача хавотир тортманг. «Тушимда: аввалги жойингдан кўчган эмишсан», деб ёзибсиз. Дарҳақиқат, бизни Ҳирот шаҳрига олиб келишди.
Ҳирот жуда қадимий манзилгоҳ экан. Бизнинг Регистондаги манзилгоҳларга монанд обидалар бу ерда анчагина. Аммо улар хароб, қаровсиз. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий (бу ерда у кишини Мир Алишер дейишади) қабрларини ҳам бориб кўрдим. Қабр атрофида чордона қуриб ўтирган тиланчиларнинг оҳу зори дилимни  ўртантирди. Улардан бирининг сердард байти хотирамга  ўрнашиб қолди:
... най ўзи андоқ ҳикоятлар қилур,
ва жудоликдан шикоятлар қилур.
Мусофир бўлса ажаб эмас, бояқиш.
Ойижон! Ҳиротда бир танишимизни учратиб қолдим. Ҳа, ҳайрон бўлманг. Ғалати бўлди.
Бозор йўлида қатор устахоналар, дўконлар бор. Темирчилик, заргарлик, тароқсозлик... Ўша куни мисгарлик дўконида илиб қўйилган ғаройиб чойжўш, чойкаш, офтобаларни тамоша қилаётганимда, ичкарида чой дамлаётган аёл аллақандай ийманиш била сўраб қолди.
– Эй сарбоз, ту Самарқанди нести?
Мен ҳушёр тортдим, Самарқандлик, аниқроғи, қўшмачитлик эканлигимни айтдим. Ҳалиги аёл ҳам, эри ҳам ҳаяжонланиб кетишди. Кейин илтифот билан бир пиёла чойга таклиф этишди. Андак иккиланиб турдим-у остона ҳатладим.
Маълум бўлишича, булар аслида қўшни – Мўлиён қишлоғидан бўлиб, колхозлаштириш йиллари оталари билан шу ёқларга келиб қолишган экан. Мисгар амаки энг аввал бобомнинг кимлигини суриштирди. Исмларини айтган эдим, қувониб кетди. Оламдан ўтганларига ўн йилча бўлганини айтгандим, у кишининг руҳларига дуолар ўқиди.  Кейин бошқа мўйсафидларни ҳам бирма-бир суриштирди. Алламаҳалгача суҳбатлашиб қолдик. Ҳалиги амакининг исмлари Исрофил, хотинларининг исми эса Зулхумор хола экан.
Ваъда бериб қўйганим учун эртаси кечқурун уйларига ҳам бордим. Жоме масжидининг ёнгинасида экан кулбалари. Ойижон. Исрофил амаки билан Зулхумор холага ҳавасим ҳам келди, ачиндим ҳам. Улар бир-бирларига шунчалик суяниб қолишган, шунчалик меҳрибонки, аста қўяверасиз. Афғонистонда кўпгина эркакларнинг уч-тўрттадан хотини бор ва аёлларни камситишдан ҳижолат чекишмайди, баръакс буни табиий ҳол деб билишади. Исрофил амаки бўлса, хотинларини сиз-сизлаб гапирадилар, ширинзабонлик билан ҳазил-мутойибалар қиладилар. Умр йўлдошларини кўпинча  ўғилларининг номи билан (Исроил) атайдилар. Зулхумор ая ҳам такаллуф ва таомилни жойига қўядилар. Исрофил амакига бегим, деб мурожаат қиладилар. Тушликда бир коса ёвғонми, кўча ошими пишириб, дўконга олиб борадилар. Сўнг чой қуйиб, дастурхон ёзадилар. Исрофил амакининг қўлларига сув қуйиб, сочиқ тутадилар. Чой қуйиб узатадилар. Эҳ, яхши... Исрофил амаки ишдан қайтганча, бирорта хушхабар топиб қўядилар. Фалончи  ўғлимизни учратиб қолибди, фалончининг хотини  ўғил туғибди ва ҳакозо. Ҳеч бўлмаса хонада бирор янгилик «яратиб» қўядилар. Жумладан чинни идишларни бу токчадан олиб, наригисига териб қўядилар, дарпардаларнинг  ўрнини алмаштирадилар.
Уларнинг кўп фарзандлари нобуд бўлган экан. Ҳар куни дастурхон бошида ягона  ўғиллари Исроилни эслаб, дуо қилишади. «Урушга кетган» деганларига қараб, уни афғон армиясига хизмат қилади, деб ўйлагандим. У бўлса аксилинқилобчилар билан кетиб қолган экан. Исрофил амаки билан Зулхумор ая  ўғиллари ҳақида, ҳунармандчилик, нарх-наво, яқинлашиб келаётган Наврўз байрами (бу ерда у ўзгача нишонланади) ҳақида гапиришади. Сиёсат масаласида эса оғиз очишмайди. Самарқанддек мукаррам Ватандан жудо бўлиб қолганликлари, ягона фарзандларининг саргардонлиги бари-барига негадир сиёсатни сабабкор деб билишади. Гоҳида уларга мамлакатимиз сиёсати хусусида ҳам гапириб бераман. Улар бўлишса гапимни бўлиб, Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Хўжаи Хизир обидалари; одамларнинг тирикчилиги, миллат, урф-одатлар ҳақида суриштираверишади. Намоз маҳалигача саволлари тугамайди. Сўнг икковлари тоат-ибодатни бошлаб юборишади.
Ойижон! Исрофил амаки билан Зулхумор ая сизларга, қўни-қўшниларга кўпдан-кўп дуойи саломлар йўллашимни ўтиниб сўрадилар. Яна илтимос: дадам Мўлиён қишлоғига бориб, Ҳожи бобо деган киши билан учрашсинлар. Исрофил амаки билан Зулхумор аянинг сиҳатлигини билдирсинлар. Ойижон, Исрофил амаки кейинги пайтларда Мўлиён тупроғи билан Зарафшон сувини жуда қўмсаб қоладиган бўляптилар. Дадамга айтинг, иложи бўлса, бир чимдим тупроқ билан бирор шиша сув юборсинлар.
Ҳурмат ила,  ўғлингиз Нури».
*  *  *
«Ҳурматли Баҳри амаки!
Саломатмисиз, кайфиятларингиз яхшими?
Сизни ҳеч ким ранжитмаяптими?
Мендан ҳол-аҳвол сўрасангиз, шукур, яхши! Ҳеч қандай камчилик йўқ. Ҳамон таржимонлик қиляпман.
Бизнинг ҳарбий хизматимиз сизнинг жасоратингиздан батамом фарқ қилади. Сиз душманни олдингизга солиб, тўқайлар,  ўрмонлар оралатиб қувгансиз. Бу ерда эса дўсту душманни фарқ қилолмай хуноб бўлади киши. Бугун сиз билан оғиз-бурун ўпишган меров эртага пичоқ ўқталиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бағоят тадбиркор ва ҳушёр бўлишга тўғри келади.
Баҳри амаки! Бир фрицни асирга олганингизни гапириб берганингиз ёдимда. Уруш охирлаб қолганига қарамай жуда нописандлик қилганини, сал танобини тортганингиздан кейин бурро бўлиб кетганини гапиргандингиз.
Яқинда бизда ҳам шунга ўхшаш ҳол рўй берди. Бир душман танкимизни портлатмоқчи бўлаётганда қўлга тушган экан. Ўшани сўроқ қилдик. Мен тенги-ю жуда зукко: Саъдию Ҳофиздан шеърлар қўшиб гапиради денг.
«Кимсан»? сўради офицеримиз. Мен ҳам ўша таҳдидона оҳангда таржима қилдим. «Қасоскорман» деди у нуфузталаблик, нописандлик билан. «Кимдан қасос олмоқчисан»? «Сизлардан!»
Хуллас, у десак бу деди, бу десак у. Кейин конвойга имлаб юбордик. Улар пўстагини сал қоқиб, олиб киришди. «Кимсан» сўрадик тағин. «Исроилман», деди у. Мен сесканиб тушдим. Исрофил амакини  ўғли бўлса... Жуда ноўнғай аҳволда қолдим. Кейин ўзимни тутиб олдим, асир билан ўзгача оҳангда алланималарни гаплашдим-у, офицерларга ёлғон гапирдим. Асир сўроқни эртага қолдиришимизни сўраяпти, дедим.
Горнизондан чиқдим-у, дадам юборган бир сиқим тупроқ билан шишадаги сувни олиб, Жоме масжиди томон йўл олдим. Гавжум номозхонлар орасидан яккакифт бўлиб ўтиб, тор кўчага бурилдим. Таниш боғдоди эшикни тақиллатишим билан рўпарамда Зулхумор хола пайдо бўлди. Унинг дийдалари шашқатор, ҳасрати ҳудудсиз эди. «Демак,  ўғли қўлга тушганини эшитган, бояқиш», ўйладим ўзимча. Шу пайт айвонда мўйлов қўйган новча йигит пайдо бўлди, менга нохуш (ҳатто совуқроқ) назар ташлади.
– Исроилжон, бу Самарқандлик жўранг, Нури, деди Зулхумор хола йиғидан  тўхтаб. Мен янглишганимга ишонч ҳосил қилдим. Демак, ўғли шу йигит экан. Ундай бўлса нечун бокира аёлнинг кўзларида ёш? Нега оила саросимада?
«Амакингиз жон беролмаяптилар, – саволимни тушунгандай давом этди Зулхумор хола, – ватан тупроғи, деб чунонам  тўлғанаяптиларки...»
«Мана!» дедим целлофан халтачадаги тупроқни узатиб. Ҳалиги бола гавҳари шамчироқни кўриб қолгандай, уни қўлимдан юлиб олдию, ичкарига отилди. Биз ҳам унга эргашдик. Исрофил амаки  ўртада чалқанча ётганича, нуқул  тўлғанарди.
«Дадажон, мана, мана Мўлиён тупроғи!» деди  ўғли.
«Мана – сув. Зарафшонники!» қўшимча қилдим.
Исрофил амаки бир лаҳза тин олди. Назаримда табассум қилгандай бўлди. Заиф овоз билан  ўғлига васият қилди. «Чироғимни  ўчирма!  Дўкон... хор...» Кейин ҳовучидаги тупроққа лабини босди-ю, бошини қайта кўтаролмади. Зулхумор хола зудлик билан шишадаги сувдан оғзига томизди. Исрофил амаки бир марта ютинди, холос. Кейин сув ўтмади. Оила фарёд чекишга тушди.
– Во бегам!
– Во кўҳи баландам, қиблагоҳам, падаржонам!...

Комментариев нет:

Отправить комментарий