четверг, 10 мая 2012 г.

24. ЯШАШ УЧУН КУРАШ



          "Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"
                                                 туркумидан 


Бугун – 1978 йилнинг 12 ноябри. Бувижонимнинг иборалари билан айтганда, шом қўняпти. Мен телевизор қаршисида узала тушиб ётганимча, иккала муштимни жағимга тираб, экранга термул-и-иб ўтирибман. Кўзойнак таққан бир барваста амаки техникани сақлаш қоидалари хусусида куйиб-пишиб маслаҳат беряпти. Бу эзма насиҳатгўйликнинг каминага заррача кераги йўқ. Лекин сеҳрли қути рўпарасидан жилмай вақт ўтишини кутишим керак. Чунки ҳадемай «В мире животных» деган ғаройиб кўрсатув бошланади.
Талай ноҳушлигу норозиликларга қарамай ана шу кўрсатув билан «Ну, погоди»ни канда қилмай кўраман. Дастурдан бу шавқовар кўрсатувларнинг остини қизил қалам билан чизиб қўяман. Турфа эртаклар, урушлар ҳақидаги фильмлар, спорт мусобақаларига бағишланган кўрсатувларни эса қора қалам билан белгилаб, сўроқ (?) белгисини қўяман. Чунки уларни кўриш каминага ҳамиша ҳам насиб этавермайди. «Муаллим» билан «Муаллима»нинг кайфиятлари жойида бўлганда ёки бирор ёққа кетишганда, томоша қилиш мумкин бўлади. Акс ҳолда сийқаси чиққан буйруқ оҳангидаги таъна калламга бот-бот зарб билан урилаверади: «Тур, дарсингни тайёрла!», «Сенга айтяпмиз!».

Начора дангалроқ гапирганда, уларнинг ташвиш тортишлари ҳам бежиз эмас. Оилавий бўлиб зўр беришимиз, куйди пишдиларимизга қарамай лаънати «уч» кўпайиб кетяпти. Хатим ҳам дадамнинг таъбирлари билан айтганда, сиёҳдондан чиққан чумолининг изига ўхшаш. Бу йил табиатшунослик деган фан ҳам қўшилди. Ҳар қалай ундан мақтов эшитиб турибман. Муаллим жавобларимдан қувониб «беш» қўяяпти. Математика деган зиқна фандан ўнглаб кетишим амри маҳолга ўхшайди. Яқинда дафтаримдаги «уч» ни кўриб, дадам одатдагидек тутақиб кетдилар. Озмунча дилсиёҳлик бўлмади. Кейин (ўпкани босиб олгач) ёнларига ўтқазиб мисолларни ишлаб бердилар, ўзларича кўп сонли касрларни кўпайтириш ҳийлаларини ўргатган бўлдилар.
Эртаси муаллим дафтаримни «лолазор» қилиб ташлади-ю, одатдагидек каллалироқ қилиб «икки» қўйди.
– Шунга ҳам фаҳму фаросатинг етмадими, Улуғ?!– деди надомат билан, – яримни-яримга зарб уролмабсан-а!
Мен дадамни «сотиб» қўймадим. Бор айбни гарданимга олиб, гуноҳкорона бош  эгиб турдим. Лекин шу топда ички бир қониқиш билан дадамни ноўнғай аҳволга солиб қўйишни хаёлдан ўтказардим. Тили қисиқ одам эса беҳудага бақиравермайди.
– Дада, яримни-яримга кўпайтирса неча бўлади,– сўрадим киноямуз, уйга қайтгач.
– Би-и-ир, – хавотирона жавоб бердилар у киши.
– Қўшса бир бўлади, кўпайтирса...
– Икки, – хатони яна чуқурлаштирдилар улар.
–   Нотўғри! – дедим, тантанавор, – ноль бутун юздан йигирма беш бўлади.
Дадам алланима деб ғулдираган бўлдилар.
Мен боксчиларга ўхшаб зарба устига зарба туширдим: ҳалиги хумкалла иккини қўлларига тутқаздим. Кейин ғолибона кузатиб турдим. Киши кўнглини ногаҳоний ғуссага тўлдирадиган нохуш баҳога дадам узоқ тикилиб қолдилар. Икки эканлигига шубҳалангандай, дафтаримни у ёқ-бу ёққа ағдариб ҳам кўрдилар. Қизариб, бўзариб муаллимимни, шу китобни ёзганни роса айбладилар.
– Улуғжон, – дедилар ниҳоят, ўзларини каминага имкон қадар яқин олиб, – бўлар иш бўлди, энди ойингга гапириб юрма. Биз эркаклармиз.
– Агар Штирлицни кўрсам, – дедим фурсатдан фойдаланиб.
Ҳа, майли, майли, бирга томоша қиламиз, – очилиб кетдилар у киши саховатпешалик билан.
Ноўнғайлик. У одамни гоҳида саросимага солади, гоҳида бачканалаштириб қўяди. Дадам кинони ҳам хотиржамгина кўролмадилар. Дарду ҳасратни кимгадир изҳор этиш эҳтиёжи ғолиб келабошлади. Ниҳоят ўртоқларидан бирига телефон қилдилар.
– Сало-о-ом! Ҳаёт қалай? Ҳа, ҳа... Штирлицни томоша қиляпмиз. Ничево, ничево. Идорангиздаги  Борман отпускага чиқиб кетибди. Табриклаймиз! Ҳа... Ҳм-м... Бизни табриклашингиз мумкин. «Икки» олдик. Учинчи синфдан–а! Чунонам алам қиляптики.. Ие, ўзлари ҳамми? Табриклаймиз. Тўртинчи синфдан? Ҳа, яхши...
Шу пайт ойим пайдо бўлдилар ва гапнинг оҳанги бошқа ўзангга бурилди.
Ҳа, ҳа, у ярамасда пул кўп. Самарқандни хор қилишди.
Шу-шу телевизор кўришим анча эмин-эркин бўлиб қолди. Гоҳида ўзлари ҳам таклиф қиладиган одат чиқаришди.
Ниҳоят, турналарнинг дилни  ўртантирувчи дилкаш хониши садо берди. Кейин уларнинг шўх-шодон рақс қилаётган силуетлари намоён бўлди. Таниш чорловни эшитган катталар ҳам келиб, диванда ёстаниб олдилар. Николай Дроздов деган қадрдон амакининг табассумига тўла таниш чеҳраси экранни тўлдирди. Беҳудуд қувончдан энтикиб кетдим.
– Бугунги суҳбатимиз, – деди у (рус тилида, албатта) одатдаги сокинлик билан, – табиатнинг яшаш учун кураш, деб аталадиган буюк ва бешафқат қонуни ҳусусида бўлади. Ҳар бир тирик мавжудот яшашга, зурриёт қолдиришга ҳаракат қилишини яхши биласиз. Бу қонун жониворларнинг бардошли, тадбиркор, курашчан бўлишини тақозо этади. Бугун сутэмизувчи ҳайвонлар ва умуртқасизларнинг айрим вакиллари мисолида бунга ишонч ҳосил қиласиз.
Экранда аввал дарёга туташиб кетган тўқайзор кўринди. Кўп ўтмай унинг ўрнини атрофни виқор билан кузтаётган баҳайбат бўри эгаллади. Дроздов шарҳлашда давом этди.
– Бу йиртқич сизга таниш. Дарҳақиқат, у итга ўхшайди. Гоҳида бўрини айрим немис овчаркаларидан фарқлаш қийин бўлади. Ит билан бўрини думига қараб фарқлаш осонроқ. Жамики ит зотлари думларини маълум даражада кўтариб юришади. Бўрининг эса думи қисилган бўлади. Фақат тез югургандагина танасига ҳамоҳанг ҳолда тикланиши мумкин. Чунки бундай пайт­да дум мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
Мен бўрининг кўзларига тикилдим. Жониворнинг нигоҳлари андак ўксиган, аразлаган боланинг қарашларини эслатди менга. Дроздов давом этди. – Ҳа, унинг кўзларида надомат-у афсуслар бор. Эҳтимолки, уни «йиртқич», деганим қаттиқроқ ботгандир. Бу каломни ёмон ниятда ишлатганим йўқ. Зоологияда шунақа атама бор. Тирик ўлжа билан озиқланадиганлар йирт­қичлар гуруҳига киради. Биз, жумладан бургутни ҳам йиртқич қуш деб ҳисоблаймиз. Чунки унинг емиши қуён, тулки сингари жониворлар. Йиртқичлар ҳашоратлар орасида ҳам бир талай: бешиктебратарлар, ниначилар...
Оператор амаки қаҳрамонимизнинг кенг ўмровлари, йўғон тўпиқларини номоён қилди. Сўнг, эътиборимизни унинг саросар юрган шерикларига қаратди.
– Бўрилар, кўп ҳолларда гала-гала бўлиб юришади. Энг кучли тадбиркор қашқир тўда сардори яъни ҳокими мутлақ ҳисобланади. Сиз кўриб турган йиртқич ана шу тўданинг раҳнамоси. У барча шериклари тақдирига ҳам маъсул. Яшаш учун курашнинг қаттол қонуни улардан бирлашиб курашишни ёки ҳимоя қилишни тақозо этади.
Шунда бўрилардан бири олачалпак қорни бот-бот ҳидлаб кўриб, безовталана бошлади. Қолганлари ҳам беихтиёр унинг атрофини ўраб ўз тилларида алланималар дегандай бўлишди. Бу ногоҳоний саросималик қор устидан аллақандай ўлжалар ўтиб кетганлигидан далолат беради.
Буғи чиқиб турган луқма. Қаерда у? Меъдалари ҳувиллаб ётган бу очофотларнинг сўлаклари оқиб, баднафс иштаҳалари ошқозонларини баттарроқ таталай бошлади. Сардор эса хотиржамдай эди. Шериклари унинг атрофида айланиб, аллақандай даъваткор имо-ишоралар қилишса ҳам эътибор бермасди, вазмин сукут сақларди.
– Бу хотиржамлик ёки лоқайдлик эмас, – изоҳ берди. Дроздов, – балки саркарданинг ўзига хос тактикасидир. Дарҳақиқат, ҳовлиқиш чикора?! Узоқ йиллик машаққатли умри давомида кекса қашқир бунақа изларнинг озмунчасини кўрмаган, озмунчасини ортидан тушмаган. Лекин не-не умидлар саробга айланган; тўдани ҳолдан тойдиргани, иштаҳаларининг исён қилгани қолган, холос. Луқмаи ҳалолга етиш учун мавҳум изларнинг ўзи кифоя қилмайди. Умидбахш асослар, аниқ ҳисоб-китоблар, кўз етадиган режаларга эга бўлмай йўлга тушиш, меровликдан бошқа нарса эмас!
Сардор бошини осмонга кўтариб, ҳавони ҳуморона ҳидлаб кўрди. Шарқдан эсаётган элас-элас шабада узиб-узиб бўлса ҳамки, сайғоқ ҳидларини олиб келди. Улар бир неча соат муқаддам саҳрога қараб йўл олишган бўлиши мумкин. Сув ичгани, тўқайларда ўтлагани келишган бўлишса ажаб эмас.
Хуллас, қароқчилар йўлбошчиси изларни ҳидлаб-ҳидлаб олдинга тушди. Тўда унга итоаткорона эргашди. Демак, маршрут аниқ, энди эса ҳаракат, аниқроғи, марофонча пойга керак!
– Бу сўқмоқ бағоят олис, машаққатли ва мав­ҳум,– давом этарди Дроздов амаки, – сайғоқлар изини ёки ҳидини йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Кутилмаган фалокатларни айтмай қўяқолайлик. Сайғоқ деган маҳлуқ дарё-ю қўллардан шитоб билан ўтаверади. Бўрилар бундай қалтисликдан чўчишади. Йўлдан лоп этиб милтиқ тутган жоҳил овчи чиқиб қолиши ҳам мумкин. Лекин ноумид – шайтон. Қапишиб кетган қоринларини тўлдириш иштиёқи умид билан оёқларга зўр беришни тақозо этади.
Ниҳоят, уфқларга туташ жойларда ғимирлашаётган аллақандай нуқталар кўзга ташланди. Бу сайғоқлар подаси эди. Уларнинг бири қумтепа устига чиқиб атрофни кузатяпти. Қолганлари эса анчайин ўтлаб юрибди. Ажал деган боқий ва машъул куч яқинлашаётганидан саҳро маликалари батамом бехабар.
Қашқирлар ҳамон йўртиб боришарди. Ўтлоқлар сийраклашиб, яккам-дукка саксовуллар, қайрауқлар пайдо бўлишгач, қадамларини жадаллаштирдилар. Улар овоз чиқаришмас, аксинча мушукка ўхшаб андак писиб югуришарди. Кулранг таналари тупроққа, гиёҳларга, кўчма қумларга ҳамранг эди. Орадаги масофа дақиқа сайин қисқарарди.
Ниҳоят сардор таққа тўхтади ва ерга қапишиб олди. Қолганлари ҳам қумга сингиб кетгудай бўлиб бошларини ҳам қилишди. Ана улар – сайғоқлар! Баданларининг ялтираши жуда-жуда жозибали. Лоақал биттаси, биттагинаси қўлга тушса бас!
Кескин ҳужумга ўтишдан олдин нафасларини рост­лаб олишди, ҳужум тактикаси, стратегиясини чамалаб кўришди ўзларича. Кейин старт тўппончаси отилгандай, олдинга ташланишди. Ҳадемай бояги манзилгоҳлар ортда қолиб кетди.
Баднафс йиртқичлар андак ёйилиб олган ҳолда йўлнинг танобини тортишар, чунки ҳар бир дақиқанинг ҳар бир сонияси ғаниматдан ғанимат эди.
Баландликда турган соқчи сайғоқ оёғини шиддат билан ерга урди ва ўқ теккандек сапчиди. Қолганлари қуюндай бўлиб унинг ортидан эргашдилар. Олдинда сарҳадсиз уфқлар, ортда эса совуқ ўлим. Ўаёт-мамот жанги. Кимнинг мускуллари бақувват, кўзлари тийран бўлса, омад ўшанга ёр бўлиши муқаррар!
– Етолмайди, – ҳукм чиқардилар дадам, ўзларини билимдон кўрсатиб, – сайғоқ соатига етмиш-саксон километр югуради. Бунинг устига тез чарчамайди. Жайронми, оҳуми бўлса бошқа гап эди.
– Етиб олиши мумкин, – эътироз билдирди Дроздов, дадамнинг сўзларини эшитгандай, – чунки ҳар подада кексайиб қолганлар, касалланган ёки тажрибасиз жониворлар ҳам бўлади. Бунинг устига тасодифлар, хатолар...
Шавқовар, аммо қалтис пойга давом этарди. Ҳуркак сайғоқлар ягона вужудга айлангандай жипс бўлиб югуришар, ажал деб аталган машъум қора кучдан йироқлашишдан ўзгасини ўйламасдан, сарҳадсиз саҳрони ўқдек кесиб кетишарди. Чўл калтакесаклари, тўрғайлар жон талвасасида ўзларини чеккага олиб улгуришарди.
Бўрилар ҳам ер бағирлаб учиб бораётган калхатларни эслатишарди. Думлари андак кўтарилгани учун таналари узайиб кетгандай бўлиб туюлар, ритмни бузмай, бир маромда саҳро танобини тортишарди. Ҳар гал орқа оёқларнинг мушаклари пружинадай сиқилар, пайлар пўлат симдай букилар ва зилдай оғир гавдани олдинга итқитарди. Олдинги икки оёқ панжаларига қумга ботар-ботмас гавда яна ва яна зарб билан отиларди.
Олдинда кўзни ўйнатадиган мазали луқма, ортда эса ажалга ўхшаш очлик таъқиб этиб келаётгандай эди уларни.
– Нақадар гўзал ва мардона кураш, – давом этди Дроздов, – саҳро - сарҳадсиз, яшаш учун кураш – беаёв бўлгани учун биз бу тенгсиз пойгани томоша қилиш имконига эгамиз. Ўрмонда кучлилар яшайди, деган гапда жон бор. Табиатда кучлилар ва эпчиллар ҳамиша ғолиб бўлиб келишган, зотан ҳаётнинг ўзи ҳам мана шу саҳродаги боқий курашга ўхшаб кетади. Сайғоқлар бу қаттол қумликларда қорин тўйғазолмай, сув тополмай, дарё томон энишган. Ризқ излаб бориб, ажални эргаштириб келишларини қаердан билишсин, бояқишлар?! Албатта, бўриларнинг ҳам душманлари йўқ эмас. Бу жониворлар бир умр овчилардан чўчиб яшашади. Фақатгина инсон – ғолиб! Уни ҳеч ким таъқиб этолмайди!
– Нотўғри! – тағин қўшилмадилар дадам, – одамни ҳам турфа микробу бактериялар таъқиб қилиб юради.
Орадаги масофа андак қисқаргандай бўлди. Шунда ғуж бўлиб чопаётган сайғоқлар бироз ёйилиб олишди. Чунки бу алпозда орқадагилар йўлни яхши кўролмай, қоқиниб қолиши мумкин эди. Бўрилар ҳам ички бир инстинктга бўйсуниб, андак ёйилиб ва қониқиш, ишонч билан югуришда давом этишди. Уларнинг қанча йўл босишганини билмайман – бир маҳал қашқирлар саркардаси тўдадан чеккароққа чиқиб қолган сайғоқни мўлжалга олди. Ҳамроҳларидан йироқлаб кетиши тажрибасизлигини кўрсатиб қўйганди унинг.
Қумликлар, шувоқзорлар ҳамон шиддат билан ортга чекингандай бўлар, сайғоқлар бўлса уфқларни мўлжалга олиб, оёқларига зўр беришарди. Саҳро қароқчилари ҳалиги сайғоққа яқинлашиб қолишди. Аммо яқинлашиш, ҳатто тенглашиб олиш ҳам ҳали ғалаба деган гап эмас! Ажимжусса ва бақувват ўлжани қулатиш учун куч-қувватдан ташқари турфа ҳийлаю, найрангларни ҳам ишга солишга тўғри келади. Яна бир неча сониялик пойгадан кейин вазият ўзгарабошлади. Сардор ўз ўрнига бошқа бўрини қолдириб, ўзи ўлжасининг ўнг томонига ўтиб олди. Чунки уни аввал подадан батамом ажратиб олиб, яккалатиб, саросимада қолдириш талаб этиларди.
Рақиблар ҳамон бошларини адл кўтарганча уфқларни кўзлаб югуришарди.
Сайғоқ тўдага қўшилишдан умидини узиб, чапга қараб қочмоқчи бўлди, аммо бу томонда ҳам тиллари осилган бир ҳунрез йиртқичнинг қонли кўзларини кўрди. Нақадар қалтис, нохуш вазият. Энди бу ярамас жаллодлар уни исканжага олиши мумкин.
Сайғоқ жонини гаровга қуйиб бўлса ҳамки, энг сўнги чорани ишга солди: тезликни андак сусайтирдию, бор қувватини кейинги оёқларига тўплаб, мушукдай сакради. Кейин яна ва яна шундай қилди. Баттол рақиблар ортда қолиб кетишди. Шу тариқа шерикларига ҳам яқинлашиб қолди у. Энди... ҳудди шу лаҳза тажрибасизлиги тағин панд берди: ҳаяжонни босолмай, кичик хатога йўл қўйди – навбатдаги сакрашда мўлжални йўқотиб, қаршисидаги шеригига бориб урилди ва мувозанатни тиклолмай, қулади. Табиатда кичик хато ҳамиша катта қисматга сабаб бўлади. Эҳ, сўқир тақдир! Наҳотки сарҳадсиз саҳрони шу сержило ва сербўёқ оламни қуришдан бир умр маҳрум бўлиб қолса?!
У жон талвасасида ўрнидан ирғиб турди, аммо қувват тўплаш тезликни ошириш учун вақт керак эди. У бўлса кечикди. Атига бир сония кечикди. Қўймичига урилган ногаҳоний зарба уни учириб юборди. Яна турмоқчи бўлганда, кекирдагига ногаҳоний оғриқ ва бўйнидаги зилдай юк монелик қилди. Кейин, кейин тақдирга тан берди. Қизилўнгачидан отилаётган қонни, атрофдаги изғиб юрган очофат қашқирларни кузатиб турди. Нигоҳлари ҳам хиралашди, аммо қулоқлари бўриларни ғижирлашини, унинг этларини лахта-лахта қилиб узаётгани ва тапил-тапил ютинишаётганини эшитиб турди. Сўнг, сўнг кўз ўнгида майсалари барра бўлиб ётган ям-яшил ўтлоқлар, чўққилардан отилаётган шалола кўриниб кетди. Кейин боқий зулмат чўкди.
Сайғоқ шаҳид бўлган жойда, хадемай бир уюмгина суяк қолди , холос.
Биз таассуротларимизни сарҳисоб қилишга улгурмай экранда Николай амаки пайдо бўлди. Кўз ўнгимизда содир бўлган фожеани шарҳлаб, шўрлик сайғоққа ачинганини, аммо бўриларни ҳам тушунишимиз зарурлигини, табиатнинг яшаш учун кураш қонуни уларни ана шундай жиноят қилишга мажбур этишини уқтирди.
Ҳар бир бўри, – деди у, – суткасига беш килограмм атрофида гўшт ейиши керак. Бугунги рацион бор. Эртага тағин бир гап бўлар...
Бу гал экранда заҳматкаш чумоли пайдо бўлади. Дроздов ўзгача оҳангда давом этди.
– Энди, дўстлар, ҳашоратлар оламига сайёҳат уюштирамиз. Аниқроғи, чумолиларнинг тирикчилик тарзи билан танишамиз.
Чумоли омбори. Токчаларга турли гиёҳларнинг донлари тартиб билан териб қўйилган, омбор йўлаклари сарамжон-саришта. Бу даргоҳнинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини яхши билиши ва уни ситқидилдан бажариши сезилиб турибди.
Ундан кейин калтакесаклар хаёти ҳақида суҳбат бўлди. Дроздов бир қарич чамаси келадиган калтакесакни қўлига олганича, уни силаб-сийпаб, таърифлашга тушиб кетди. Ойим чўчиб кетдилар. Бу ҳол негадир дадамга ҳам ўтиришмади.
– Калтакалас, қурбақа, тошбақани қўлга олиш – ножоиз, – дедилар у киши, – табиатнинг ўзи инсон қалбига шунақа инстинктни солган, уларни эъзозлаш билан бирга орада маълум масофа ҳам сақлашимиз шарт!
– Нега?
– Буни кўрган болакайлар жониворларни тутишади, тирик бурчак ташкил этишади. Уларнинг қўлиги тушган ҳар қандай парранда ё дарранданинг ҳаётий тарзи бузилади, кўпинча нобуд ҳам бўлади. Чунки улар хали хонакилаштирилмаган.
– Сиз Дроздовга ҳасад қиляпсиз, – қўшилмадилар ойим.
Ҳа, ҳасад қиляпман! Биз ҳозир экранда мириқиб кўрган ғаройиб томошаларни қайсидир захматкаш оператор не-не уқибатларда лентага туширган. Эҳтимол, саҳрода ойлаб кезган, чодирда тонглар оттиргандир. Мен ўша одамни танигим, унинг ҳаяжонлариига шерик бўлгим келади.
Улар шу тариқа баҳслашиб олишди. Мен бошқа каналларга ҳам бураб, қизиқроқ кўрсатув йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, токни уздим.
Тушимда: бир талай микроб, бактериялар...
Майли у ёғини айтмай қўяқолай...
Бувижоним нохуш тушлар гапиришни ман қилганлар!


Комментариев нет:

Отправить комментарий